Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ҒАРБ ТАДҚИҚОТЧИЛИГИДА БОБУР ИЖОДИЙ МЕРОСИ

Иқболой АДИЗОВА – филология фанлари доктори. 1957 йилда туғилган. Тошкент
давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
Унинг “Ўзбек адабиёти тарихи” ўқув қўлланмаси ва дарслиги, “Эл дардини куйлаган
шеърият”, “Сўздин бақолироқ ёдгор йўқдур”, “Сўзумни ўқуб англағайсен ўзумни…”,
“Увайсий шеъриятида жанрлар такомили”, “Увайсий шеъриятида поэтик тафаккурнинг
янгиланиши“, “Thinker poetess of the East”, Бобур тафаккурида мавжланган дарё, Тазкира –
адабий жараён кўзгуси каби монографиялари, Бобур ҳикматлари – Aforisms by Babur ва
юздан ортиқ мақолалари ўзбек ва чет тилларда эълон қилинган.

Тенжу ЎРАЛ СЕЙҲАН – профессор. 1962 йилда туғилган. Истанбул университети
Адабиёт факультетининг турк тили ва адабиёти бўлимини тамомлаган. Темурийлар ва
бобурийлар даври ижоди бўйича филологик тадқиқотлар олиб боради. Ўз соҳасига оид
китоб ва мақолалари чоп этилган.


Заҳириддин Муҳаммад Бобур бадиий ижодидаги теран фалсафийлик,
самимийлик, табиийлик каби ноёб жиҳатлар ҳамиша маърифатга ташна қалбларни
ўзига жалб этиб келган ва унинг асарлари ўз замонасидаёқ кўплаб нусхада дунё
бўйлаб кенг тарқалган. Шоирнинг ижодий мероси инглиз, турк, француз, рус,
немис, япон, испан, италян каби ўттизга яқин тилларга ўгирилиб, улар бўйича
илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Адиб асарларига бўлган қизиқиш ва
иштиёқ ҳозиргача сусайгани йўқ. Унинг ижодини ўрганишга бағишлаб халқаро
миқёсда илмий-назарий конференциялар ўтказилиб, махсус монография, рисола ва
тўпламлар чоп этиб келинмоқда.
Америкалик олим С.М.Беркнинг “Акбаршоҳ – бобурийларнинг энг буюги”
асари ҳам шундай монографиялардан бири ҳисобланади. Унда муаллиф Акбаршоҳ
тарихи ёритилишидан олдин унинг аждодлари, жумладан, Амир Темур, Бобур
ва Ҳумоюн ҳақида маълумот бераркан, Бобуршоҳ ҳақида “…унинг томирларида
Марказий осиёлик машҳур саркардалардан иккитасининг (отаси томонидан Амир
Темурнинг бешинчи ва она томонидан Чингизхоннинг ўн иккинчи авлоди) қони
жўш уриб туриши”ни таъкидлайди.
С.М.Беркнинг мазкур асари Бобур ҳаёти ва ижодининг хорижда ўрганилиши
нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Чунки муаллиф уни яратиш жараёнида
теран тадқиқот олиб борган. Ғарб адабиётшунослигидаги айрим камчиликларни,
нотўғри қарашларни ислоҳ этган. Мазкур сулола тарихига бағишланган
“Бобурнома”, “Ҳумоюннома”, “Тарихи Рашидий”, Абулфазлнинг “Акбарнома”
каби нодир бирламчи манбаларига таяниб, фикр юритган. Берк бобурийлар
сулоласи тарихини мукаммал ўрганиб, дунё бобуршунослигидаги маълумотлар
билан танишади. Уларни бир-бири билан қиёслаб, талқин этади. Айрим баҳсли
масалаларга ойдинлик киритишга ҳаракат
қилади.
Маълумки,
Ҳиндистонда
Заҳириддин
Муҳаммад Бобур асос солган империя “Буюк
мўғуллар империяси” дея номланган. Бу нотўғри
қарашни Ғарб олимининг ўзи “Бобурнома”
асари ва Ҳиндистон тарихини ўрганиб чиқиб,
изоҳлаб, тўғри талқин этиб беради: “Бобуршоҳ
хотираномасида ўзини ва ўз ҳамроҳларини ҳақли
равишда турклар деб атайди. Бироқ XIII–XIV
асрларда бир неча бор мўғуллар ҳужумларини
бошдан кечирган ҳиндистонликлар шимолдан
келадиган барча босқинчиларни “мўғуллар”
деб атаганлар ва ўз навбатида, бу сўзнинг
нафақат талаффузи, балки маъноси ҳам бузилиб,
Бобуршоҳ қўшинига нисбатан ҳам “мўғуллар”
атамаси ишлатилган”. Бу маълумот доимий баҳс-мунозарага сабаб бўлиб келаётган
масалага ишончли ойдинлик киритиши мумкин.
Муаллиф Бобуршоҳ ҳақида сўзлар экан, барча тарихий далилларни “Бобурнома”
асосида шарҳлайди. Унинг юришлари, жангу жадаллари, саркардалик маҳорати,
жанг олиб боришдаги усуллари, қурол-аслаҳалари борасидаги фикрлари, бевосита,
“Бобурнома”га асосланади. Қариндош-уруғларига, оға-иниларига муносабати,
ўғиллари билан ёзишмалари, умуман, инсон ва ижодкор сифатидаги қиёфасини
чизишда бобурийлар сулоласи вакиллари томонидан яратилган кўплаб бирламчи
манбаларга таянади.
Берк бобурийлар сулоласи, уларнинг буюк империяси ҳақида сўзлар экан,
Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсига, ижодкор сифатидаги қиёфасига юксак
баҳо бериб, унинг комил инсон, ноёб истеъдод эгаси эканлигини эҳтиром билан
таъкидлайди. У яратган ободончилик ишлари, масалан, Жамна дарёси бўйидаги
гўзал манзаралар, тартибли боғларни тасвирлайди, бундай мўъжизакор табиат
боғчаларини кўрмаган ҳиндлар Жамна дарёсининг бу қирғоғини “Кобул”
деб атаганларини таъкидлайди. Берк бирламчи манбалар асосида келтирган
маълумотлари орқали Бобурнинг бутун ҳаёти манзарасини мукаммал тасвирлаб
беришга эришсада, айрим чалкашликларга йўл қўйган. Жумладан, “Кўнгли очиқлик
ва саховатпешаликда у тенги йўқ киши эди. Ўз оила аъзоларига, қўл остидаги
амир ва бекларга, сарбозларга, амалдорларга баъзан шунчалик кўп ҳадя ва совға
саломлар қилганки, ҳатто ўзига ҳеч нарса олиб қолмаган. Шу боис уни “қаландар
подшоҳ” деб атаган эдилар” дейилиши мунозарали. Негаки, Бобур ҳақиқатдан ҳам
саховатпеша инсон бўлиб, атрофидагиларни ҳамиша рози қилишга интилган бўлса
да, назаримизда, муаллиф мазкур маълумотни келтиришда хатоликка йўл қўйган.
Чунки бир қанча тазкира ва тарихий асарлардан маълумки, тарихда “Қаландар
Бобур” дея таърифланган подшоҳ ҳам яшаган. Аммо у Заҳириддин Муҳаммад
Бобур эмас.
Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарининг еттинчи мажлисида
ижодкор темурий султонлар, шаҳзодаларнинг йигирма иккитаси ҳақида маълумот
бераркан, жумладан, “Қаландар Бобур”га тўхталиб, шундай дейди: “Бобур
Мирзо – дарвешваш ва фонийсифат ва карим ул-ахлоқ киши эрди. Ҳиммати
олдида олтуннинг дағи кумушнинг тош ва туфроғча ҳисоби йўқ эрди. Тасаввуф
рисолаларидан “Ламаъот” била “Гулшани роз”ға кўп машъуф эрди. Табъи дағи
назмға мулойим эрди. Бу рубоий анингдурким:
Чун бодаву жомро баҳам пайвасти,
Медон, ба яқин ки ринди боло дасти,
Жомаст шариату ҳақиқат бода,
Чун жом шикасти, ба яқин бадмасти”
Алишер Навоий
Навоий тазкирасида “Қаландар Бобур”нинг яна бир туркча байти ҳам берилади.
Асардаги мазкур маълумотлар темурийлар шаҳзодаси, Бойсунғур Мирзонинг
ўғли Ҳиротда 1452–1457 йилларда давлатни бошқарган Абулқосим Бобур ҳақида
эканлиги илмда яхши маълум. Назаримизда, Берк ўз тадқиқотини яратганда,
Фахри Ҳиравийнинг “Равзат ус-салотин” асари билан таниш бўлмаган. Чунки унда
муаллиф фикрини тўғридан-тўғри “Қаландар Бобур” дея бошлайди. Унинг кимлиги,
насл-насаби ҳақида аниқ, мукаммал маълумот беради. Фахри Ҳиравий Навоийнинг
“Мажолис ун-нафоис” асарини “Латойифнома” номи билан форс тилига таржима
қилган. Ундан таъсирланиб “Равзат ус-салотин” (1551–1555) тазкирасини ҳам
яратган. Унда “Қаландар Бобур” ҳақида маълумот берилади: “Бобур Қаландар
Бойсунғур Мирзонинг фарзандидир. Ниҳоятда дарвешсифат, хуштаъб, каримтаъб
ва олиҳиммат подшоҳ эди. Айтишларича, бир куни унинг олдида дейишибди:
“Ҳотам “Ҳотамнома” биносини қурган бўлиб, унинг қирқта эшиги бор эди. Ва агар
тиланчи ҳамма эшикдан тиланса ҳам, Ҳотам унга эҳсонга мулойимлик кўрсатар
эди”. Бобур Мирзо деган эканлар: “Агар биринчи эшикда керагича берилганда эди,
кейинги эшикка эҳтиёж бўлмасди”. У тасаввуфга оид “Ламаъот” ва “Гулшани роз”
китобларини кўп ўқир ва таъби назмга мойил эди. Ва мана бу тасаввуфона рубоий
уникидир”, дея “Мажолис ун-нафоис”даги рубоий келтирилади.
Ушбу тазкирада темурий султонлардан ўттиз олтитасининг ижоди билан
танишиш мумкин. “Равзат ус-салотин”да муаллиф Навоий маълумотларини янада
тўлдириб, Абулқосим ҳақидаги халқ орасида тарқалган турли ривоятлардан ўринли
фойдаланиб, шоир қиёфасини тасвирлайди. Навоийда темурийзода ҳақидаги
маълумот Абулқосим Бобур, дея бошланган бўлса, Ҳиравийда тўғридан-тўғри
“Қаландар Бобур”, дея халқ орасидаги машҳур лақаб тавсифи билан берилади.
Алишер Навоийда унинг форсий рубоийси ва туркий бир байти келтирилса, Фахри
Ҳиравийда унга қўшимча, тўлиқ ғазал ва яна бир ғазалнинг уч байти келтирилади.
Мазкур тазкирада намуна асарлар кўламининг ортиши, Абулқосим қиёфасини
ёритувчи ривоятнинг киритилиши шоир ижоди моҳиятини аниқроқ тасаввур қилиш
имконини яратади. Кўринадики, яратилишида 50–60 йил фарқ бўлса-да, иккала
тазкирадаги маълумот бир-бирини тўлдиради ва тасдиқлайди. Бу эса Абулқосим
Бобур ҳақидаги маълумотнинг аниқ ва ишончли эканлигини кафолатлайди.
Ижодкор темурийлар ҳақида мақола ёзган, таниқли немис олимаси Аннамарие
Шиммел ҳам худди шу масалага тўқнаш келади. Аммо унинг нуқтаи назари
Беркнинг қарашидан тубдан фарқ қилади. Мақоланинг объекти “Равзат ус
салотин” бўлганлиги ва ундаги Абулқосим Бобур, унинг насл-насаби ҳақидаги
маълумотлар анча мукаммаллиги сабабли ҳам, Шиммел бу борада хатоликка
йўл қўймайди. Тўғри нуқтаи назардан туриб баҳолайди: “Ўғли (Бойсунғур
Мирзонинг – И.А.) Абулқосим Бобур (“Бобур Қаландар” ҳам дейишади) яхши
шоир бўлган”. Аммо олима ҳам мақола бошида бунга тўғри ёндашган ҳолда,
охирида яна бироз чалкашиб, ноаниқ хулосаларни баён этади. Суҳуфи Иброҳимий
таъсирида ўзининг тўғри нуқтаи назаридан оғишиб кетади. Натижада, Ғарб
адабиётшунослигидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Абулқосим Бобур билан
алоқадор чалкаш қарашлар охиригача аниқланиб қатъийлашмайди: “Тазкираларда
биз Суҳуфи Иброҳимийнинг бир асарига эътиборимизни жалб қиламиз… Берлин
қўлёзмасида 3263 шоирнинг таржимаи ҳоли мужассамлашган, “Навоб” деб
аталган Иброҳим Алихон томонидан Банорасда 1790 (1205 ҳ.) йилда тузилган
қўлёзма мавжуд. Қўлёзмада кўрсатилишича, Бобур (фикр Заҳириддин Муҳаммад
Бобур ҳақида бормоқда) “Бобуршоҳ Қаландар” сифатида машҳур эди, деб унинг
исмининг ёзилиш тарихи берилган ва Бойсунғур ибн Шоҳрухнинг яқин қариндоши
дейилади”.
Шиммел мазкур мақоласида Фахри Ҳиравийнинг тазкирасидан келиб чиқиб,
ижодкор темурийзодалар ҳақида маълумот беришни мақсад қилади. Хусусан,
Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолиятига нисбатан кенгроқ тўхталади. Унга
тегишли Форс, Европа ва Ғарб адабиётшунослигидаги барча маълумотларни
синчиклаб ўрганиб чиқади. Уларни умумлаштириб, якуний хулосаларини баён
этади. Иккала муаллиф ҳам Бобур ижодий меросини иштиёқ билан муҳокама
этишади. Унинг ҳукмдор сифатидаги салоҳияти, давлат бошқарувидаги ўзига
хос адолатли тизимлари борасида ҳайрат ва ҳавас билан сўзлашади. “Бобурнома”
асарининг инсоният тарихидаги умумбашарий аҳамияти якдиллик билан эътироф
этилади. Шеъриятидаги теран мантиқ ва маҳоратни англашга интилиш кўринади.
Ҳатто, Беркнинг шоир назмининг туркий адабиётдаги ўрнини белгилай туриб,
айтган хулосаси биз учун ниҳоятда муҳим ва қадрлидир: “Бобуршоҳ ўз давридаги
туркийда ижод қилган шоирлар даврасида (Алишер Навоийдан сўнг – тарж.)
иккинчи мавқеда туради”. Мазкур олимлар Бобурнинг диний эътиқоди, тасаввуф,
нақшбандийлик тариқатига муносабати масалаларига ҳам аниқлик киритишга
ҳаракат қилишади. Бу борада ҳам Берк шоир дунёқарашига юксак эҳтиром билан
ёндашади. Тўғри хулосага келади: “Диний эътиқодига кўра, Бобуршоҳ ҳанафия
оқимидаги сунний мазҳабга мансуб мусулмон эди. Қуръони Карим оятларини ёд
билар ва уларни таҳлил қила оларди. У Аллоҳга садоқатли ва иймон-эътиқодли
банда бўлиб, ҳаётидаги яхшилик ва ёмонлик аломатларини Тангри Таолонинг
иноятидан деб биларди”. Кўринадики, Берк хулосаларининг барчасига асосни
“Бобурнома” асаридан олади. Чунки Бобур унда жуда кўп ўринларда Қуръон ва
ҳадислардан иқтибослар келтиради. Уларни шарҳлайди. Ҳаётга татбиқ этади.
Тангри Таолонинг инояти ва тақдирига ризолик ва шукроналик мақомида туради.
Шиммел бу борада Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасидаги
маълумотларга суянади. Унга кўра, Бобур Мирзо тариқат жиҳатдан нақшбандия
йўлида юргани, Хожа Аҳрори Вали ва унинг айрим машҳур аллома издошларини
ўзига пир деб билгани ҳақида сўзлайди. Махдуми Аъзам Хожагий Косоний
эсланади. Бу борадаги форс ва турк адабиётшунослигида мавжуд маълумотлар
умумлаштирилиб, якуний хулосалар баён этилади. Аммо унинг айрим фикрлари
бироз эътироз уйғотади: “Бироқ Бобуршоҳ бундай ишқни, тасаввуфни кўргани кўзи
йўқ эди. …Бобуршоҳ бундайин сохта мистик шеъриятни кўра билди” дейди. Тўғри,
Бобур подшоҳ, дунёвий инсон эди. Аммо унинг ижодини, хусусан, шеъриятини,
“Мубайян”, “Волидия” асарларини кузатсак, олиманинг фикрини рад этувчи
асослар бисёр эканлигини кўрамиз. Хусусан, “Мубайян” асарини Истанбулда 2004
йилда тадқиқ ва нашр эттирган турк олимаси Тенжу Ўрол Сейҳан тадқиқотида ҳам
Шиммел фикрларини инкор этувчи асослар мавжудлигини кузатамиз. Махдуми
Аъзам Бобур асарларини тасаввуф нуқтаи назаридан талқин этиб, “Рисолаи
Бобурия” номли асар ҳам яратган.
“Бобурнома” тарихий асар бўлгани сабабли, унда Бобур сиймоси тарихий
шахс сифатида намоён бўлади. У иштирок этган воқеалар ҳам, фикрлар кўлами
ҳам, асосан, тарихийлик нуқтаи назарида туради. Шундан келиб чиқиб,
адабиётшунослар Бобур шеъриятига баҳо берганда ҳам, асосан, шоир ҳасби ҳоли
билан боғлаш йўлидан боришган. Хорижий бобуршуносликда бу борадаги бир
ёқламаликнинг келиб чиқишига асосни шунда кўрамиз. Аммо Бобур шеърларини
кузатар эканмиз, лирик қаҳрамон табиати биз билгандан кўра мураккаброқ
эканлиги аёнлашади. Шоирнинг фалсафий дунёқараши, олам ва одам моҳиятини
англаш миқёси, ҳодиса ва моҳиятнинг алоқадорлик даражасига муносабати каби
чуқур масалалар унинг шеъриятида ҳам ўз ифодасини топган. Бобурнинг ботиний
олами, руҳий дунёси “Бобурнома”га нисбатан ҳам лирик қаҳрамон табиатида
кўпроқ ойдинлашган. Бобур шеъриятининг тимсоллар олами, уларнинг моҳиятини
синчиклаб ўргансак, Бобур шеърлари фалсафийликдан, орифона ҳикматлардан
холи эмаслигини англаймиз.
Шиммелнинг “Волидия” ва “Мубайян” ҳақидаги асосли талқинларини эътироф
этиш билан бир қаторда, айрим мулоҳазаларига нисбатан эътироз пайдо бўлади:
“Волидия” оддий уч рукнли рамалда ёзилган бўлиб, 243 мисрадан иборат, унча
эътиборга лойиқ бадиий қимматга эга эмас”. Мазкур асарлар илмий рисолалар
ҳисобланади. Бобур бу йўналишда ўзига хос ноёб услуб яратган ижодкор. Уларни
бадииятдан маҳрум, дея баралла хулоса чиқариш нотўғри эканлигини ҳар бир
мутахассис яхши тушунади. Бу асарларни шу нуқтаи назардан чуқур ўрганиш
навбатдаги долзарб масалалардандир. Кўринадики, олима Бобур ижодини, хусусан,
“Бобурнома”ни чуқур ўрганган. Айрим мулоҳазали ўринлар бўлишига қарамасдан,
олиманинг фикрлари, тадқиқотлари бобуршунослик тараққиётига хизмат қилади.
Ўрганилиши долзарб муаммоларга дунё олимлари эътиборини жалб этади.
Айтиш
жоиз,
мамлакатимизнинг
Мустақилликка
эришиши ўзбек
адабиётшунослигига дунё илми билан бевосита боғланиш шарафини улашди. Бу
эса дунё олимларининг умумбашарий тафаккур хазиналарини умумлаштириш,
бирлаштириш имконини беради. Хусусан, бобуршунослик ютуқлари ва
муаммоларини ҳам бир майдонга жамлайди. Шунга мувофиқ Бобур ижоди
ва фаолияти хорижлик олимлар томонидан катта қизиқиш ва эҳтиром билан
ўрганилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, илмнинг мазкур йўналишини янада
ривожлантириб, муаммоларни якдиллик билан ҳал этиш имкониятини яратади.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil