Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

УЛУҒ ВА МАШАҚҚАТЛИ МЕҲНАТ

Иброҳим ҒОФУРОВ – Ўзбекистон Қаҳрамони. Ёзувчи, таржимон, танқидчи. 1937
йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Бир
қанча адабий-танқидий китоблари нашр этилган. Э.Хемингуэй, Ф.Достоевский, Э.По,
У.Фолкнер, Ч.Айтматов, В.Распутин, Г.Маркес, Ж.Жойс асарларини ўзбек тилига ўгирган.


Шоирларимиз бизнинг ҳаётимизда жуда катта ўрин тутади. Биз тўрт-беш
ёшимиздан бошлаб шеърият деб аталган мўъжизалар диёрида қўл ушлашиб
етаклашиб юрамиз.
Шеърият билан бирга ўсамиз, улғаямиз. Ҳаётнинг синовларидан ўтамиз.
Шодланамиз,
Қувонамиз,
Дардлашамиз –
Шеърият билан биргаликда ўзимиз, ўзлигимиз, ким, нима эканимизни намоён
қиламиз.
Шеърият бўлмаса, одамзот бунчалар чиройли бўлмасди.
Аср-асрлардан буён бошига ёғилиб турадиган бало-офатлардан саломат-омон
чиқолмас, ўзини қайта тиклай олмас, қайта-қайта ўзини яна қайта бино қилолмасди.
Шеърият деганда унинг қофия, оҳанг, вазнлардан иборат сўзлар тизимларинигина
эмас, дунёнинг бутун мавзун устуни, кайфияти, хаёлотини, айрилмас жони,
қардош-қариндошлигини мажозан айтмоқчи бўлаётирман. Шеърият деярканмиз,
нега доим унинг ёнбошида унга таянч-суянч бўлиб яшайдиган наср тоғ
тизмалари, уларнинг инсониятга белдор бўлиб кетган чўққиларини нега насрият
демас эканмиз, нега унинг инсоният маданий-ахлоқий ҳаётида аҳамияти чексиз
руҳоният билан жондош, қондош ҳодиса эканлигини ёд этмас эканмиз. Ахир
“Вақт”, “Соғиниш” деган бошимизни меҳрибон сўзлари билан доим силаб келган
илҳом парвозлари бошқа бир илҳом парвози “Ёдгор” деган меҳрсоз парвоз билан
туташ ва тақдирдош-ку! “Наъматак” билан “Навоий”чи?
“Аҳволимиз” билан “Обид кетмон” худди эгизак юлдузлардай-ку!
Мен ҳозиргина моҳир ва тажрибакор адиба Шаҳодат Исахонованинг “Нодираи
даврон” деган китобини қўлимдан қўйдим ва жанридан қатъи назар гўзаллик
поэзиясининг таъсир табиати ҳақида ўйга толдим. Болалигимизда мактабдошим
Эркин Воҳидовнинг “Мен жилғаман” деб ёзиб ўсмирлик завқларидан мастона
гулдираб юрган кезларида мен тўлиб-тошиб “Кунтуғмиш”ни ўқирдим. Оқ юмшоқ
муқовали китобим бор эди, болалик кутубхонамнинг илк намуналаридан. Мен ул
чоғларимда китобларимни овоз чиқариб бўйдоқ томирларим кўксимда титраб
қақшаб ўқирдим. Охири хирқираб қолардим. Қатор кетган ҳурпайган толлар,
ажиб саф тортган бўйчан тераклар ва уларнинг оқиш укпар ёғдуларида чулдироқ
сўлим боғ ариқларнинг бўйларида оёқларимни муздай ёқимли сувга солганча
ўқирдим-да жарангдор сўзларни, қуюқ боғлардан булбуллар ва зарғалдоқларнинг
нолиш оҳанглари “Кунтуғмиш”га жўр бўларди. Шаҳодат Исахонованинг “Нодираи
даврон”ини қўлимга олиб бир неча саҳифадаёқ хаёлим жонон тасвирларга оғди.
Бу китобни айни бизнинг кунларнинг наср намунаси деб, поёнсиз бўзлаган тарих,
поёнсиз кўзёшларига ғарқи азоб бўлган одамзот, поёнсиз алам-қайғулардан фарёд
солган достонга гўё кириб бордим. Адибанинг ўзини ҳам, ёшини ҳам унутиб
қўйдим: гўё беҳад навқирон ва навзод бир қалам қамиш найга айланиб узоқ ва яқин
тарих наволарини қудратли бир зарб билан куйларди. Аввалроқ адибанинг мўғул
босқинлари замонлари дардларини елкасига ортиб Туркон хотун ва Биби хонимни
ёзган қўлёзмаларини ўқигандим. Ўшанда адиба Турон маликалари ҳаёти ҳақида
туркум романлар устида ишлаётганлигини айтган, нолакор қақшатқич тарихда
аёл зоти қандай ўрин ишғол қилгани, дарди-дунёси қандай бўлганини ёритишни
ўз олдига мақсад қилиб қўйганини сўзлаб берганди. Ўшанда адибанинг бу катта
режаларидан таъсирланган, ўзига, ижодига, ижодий кучларига зўр ишонч билан
қараётганига хайрихоҳ бўлиб қараган эдим. У тарихий романчилик лабиринтларига
хийла чуқур ва хийла жиддий кириб бораётганлиги, бунга худди машҳур катта
ижодкорлар каби қатъий азму аҳд билан киришганлиги, улуғ, машаққатли
меҳнатларни тўла бўйнига олганлиги кўриниб турарди. Ўшанда “Бу азим аҳдга
кучи етармикин, кичкина елкаси билан шу поёнсиз юкларни кўтара олармикин,
бозор иқтисоди талабларига мослашган енгил, тезпишар сериялар ортидан
эргашиб кетиб қолмасмикин” деган турли ўринли-ўринсиз иштибоҳларга борган
эдим. Аммо ўйчи ўйлагунча таваккалчи ишини битиради, дегандай, адибанинг
романлари бирин-сирин майдонга чиқа бошлагач, у аҳдининг устидан чиқадиган,
мақсадига ҳеч оғишмай борадиган ижодкор эканлигига ишондим. Унинг Жадий
юлдуз туркумидаги икки чақноқ юлдуздай ўткир нигоҳидан ёғилиб турадиган туб
инсоний маъноларни тушундим. Яна: “Ёнида ахир Нурали Қобул бор-ку!
Хассос, жасур, чақмоқдай Нурали Қобул!”
Шаҳодатнинг кўзлаган режалари ҳаққа айланиб юзага чиқди. Улар чиндан
мустаҳкам заминга қурилган ва обдон пишитилган экан. Шаҳодат аввал ўзига
узоқ ўтириб ёзишга мослашган мустаҳкам ижодий шароит яратди. Бундай шароит
бўлмаса, азим режаларнинг амалга ошиши жуда қийин. Бальзак, Достоевский,
Толстой ўзларига қандай ижодий шароит яратишга ҳаракат қилганларини эсланг.
Катта романлар катта шароит бўлсагина яратилади. Ёлғизлик, ширин жонни
аямаслик, чинакам фидокорлик, кенг кўламли ишга сабот-матонат, ҳеч нарсага
чалғимай, чалғитишга йўл қўймай мақсад сари бориш туфайлигина залворли,
салмоқли катта асарлар майдонга келади. Адиба шундай йўл тутди. “Нодираи
даврон” ва “Гавҳаршод бегим” асарлари шу туфайли ва шундай майдонга келди.
Уларни кўп китобхонлар қидириб топиб мутолаа қилишяпти.
Матбуот медиа индустрияси тўхтамай шиддатли ишлаб маҳсулот талаб қилади.
Индустрия ёзувчи ижодкорларни ғоятда шошириб қўймоқда. Шундай масс
медианинг жуда индустриал йўллари очилганда, Нурали Қобул, Исажон Султон,
Наби Жалолиддин ва улар атрофида бир қатор адибларнинг янгидан янги асарларини
китобхонларига тез тақдим қилаётганликларини яхши тушунса бўлади. Индустрияга
шитоб билан янги асарлар, сценарийлар, ижодий лойиҳалар керак! Маҳсулот керак!
Қани бозорбоп маҳсулот! Мана, маҳсулот! Мана тарих! Мана сценарийлар! Бўл
бўл! Очиқ айтиб қўя қолайлик. Шаҳодат Исахонова ҳам бу индустриал талабларни
жуда теран ҳис қилиб туради. Турли саҳна асарлари, сценарийлар ёзди. Индустрия
талаблари ва эҳтиёжларини ҳисобга олмай кўринг-чи! Реклама асло сизга қарамай
қўяди. У тез ва инжиқлик қилмай ёзадиган журналистнинг олдига чопади.
Аммо Шаҳодат Исахонова бозор босимларига қарамай матонат билан “Турон
маликалари”ни қатъият билан давом эттирди. Ҳаётий фароғатлардан чекилиб, том
маънода “бошин буркаб” олиб ёзди. Ўзини аямади, танаффус қилмади, асосий
мақсадидан сира оғишмади. Шундай қилмаса, “Турон маликалари” яхлит, ярақлаб
чақмоқдай туғилмасди. Айниқса, адиба икки кейинги романини нафасни зое
қилмай завқ-шавқ билан ёзди. Эрта баҳор дарёларидай тўлғин ва тошиб ёзди. Бу
адибанинг завқини асарларни ўқиётган ўқувчи ҳам жуда яхши ҳис қилиб туради.
Ёзувчининг завқ-шавқи ўқувчиларга ҳам юқади. Бу романларни қўлдан қўйгиси
келмайди. Адиб қалами остида тарих воқеалари мисоли селга айланади. Адиба
тасвиридаги барча хону монлар, шаҳзодалар, маликалар, саркардалар, канизаклар,
аъёнлар, чўпонлар, боғбонлар, навкарлар мана шу айқирган-ҳайқирган селовар
ваҳший талотум ичида! Ҳаддан ортиқ талончилик солиқларини кўтаролмай охирги
чора болта-кетмон билан қуролланиб чиққан хонавайрон деҳқонлар, ҳунармандлар
ҳам завол-увол ичида!
Одамкушлик, ақл бовар қилмас биродаркушлик, қирғин-қаҳат ҳам шу сел
ичида! Эҳтирослар жунбушга келган қирғин-қаҳатлар ҳаммаси шу қутурган
сел ичида! Адиба тарихий воқеалар, ўта нажотсиз ҳиссиётлар ичида худди
сулҳ қидириб оқ байроқ кўтариб юргандай бўлади, Қайси жайрон кўзга мадад
беришини билмагандай воқеадан воқеага кўчади. Нажот йўқ, Сулҳ байроғи қонга
ботади. Нодира ўткир ақл-идрок заковат кучи билан адолат учун талашади. Унинг
матонати, фикр, жонбозлик фасоҳатининг худди чеки йўқдай. Аммо у қутурган
феодал қўшин, қутурган феодал хон Насрулло олдида нотавон ожиз қолади. Ўзи
ва авлоди қатли ом балоси ичида барбод бўлади. Шаҳодат Исахонова романлари
сюжетларини ғоятда қизиқарли қилиб қуради. Ўқувчида асарни бир зум тўхтамай
пайсалга солмай, кечикмай ўқиш иштиёқи жўш уради. Персонажлар тақдирларига
ўзида йўқ берилиб кетади.Ва баъзан воқеаларда худди ўзи иштирок этаётгандай
ҳолга тушади. Малика Нодира ҳақида Туроб Тўла, Комил Ёрматов, Ҳошимжон
Раззоқов драмалар, киноасарлар яратишган. Азиз Қаюмов, Маҳбуба Қодирова
сингари олимлар ҳаққоний тадқиқотлар олиб борганлар. Янги авлод вакили
бўлган Шаҳодат Исахонованинг туркум романлари тарих саҳнасининг фожиали
иштирокчилари қисматларига онги янгича таҳлилларга қобил озод, эркин аёлнинг
тугал ўзига хос ёндашувларини намоён қилади. Шаҳодат Исахонова воқеаларни
моҳирона ва қизиқарли тасвирлаш билан бирга ўта ёрқин инсон характерларини
яратади. Очкўзлик, таъмагирлик, талончилик балосининг туб илдизларини
очади. Маликалар худди қадим юнон трагедияларида иштирок этаётгандай
таассурот қолдирадилар. Баъзан улар худди оламга ўт қўядигандек даҳшатли қасос
алангаларида ёнадилар, баъзан ожиз чумолидек ном-нишонсиз топталадилар. Ҳар
иккала романнинг етти юз саҳифага чўзилган воқеалари таранг тортилган тордек
фарёд саслари бир зум бўлсин сусаймай салқимай давом этади. Муаллиф ҳам андак
бўлсин ўз олдига қўйган мақсаддан ҳеч бир ўринда чалғимайди.
Туркон хотун, Гавҳаршод бегим, Бибихоним, Нодирабегим ўқувчи кўз
ўнгида жонланади. Шундай жаҳон божи-ҳирожига арзийдиган маликалар,
аянчли тарихимизнинг, навоийларини туққан оналари: биз наслларга қарата: Эй
одамийзот фарзандлари, эзгулик йўлларидан юринг, ҳақиқатингизда асло орқага
қайтманг! – деб нола-афғон қилаётгандек бўладилар. Буларнинг тақдирлари ва
ҳаётлари ошомларидан янаги авлодларга ибратлар излаган ва бутун салоҳиятини
шунга фидо қилган адибамизнинг умрлари узоқ бўлсин. Эзгулик йўлида чеккан
барча заҳматлари ялқисин, ердан-кўкдан ҳусну ажрлар ёғилсин. Омин.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil