
Жалолиддин САЙИД – 1990 йилда туғилган. Тошкент амалий фанлар
университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети талабаси. Ижодкорнинг
“Чўққи”, “Ҳуққабоз” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
…Эртак айтсанг болангга,
Ухлатмаслик учун айт.
Аъзам Ўктам
Нега бизга ҳеч ким эртак айтмаган?
Она, бу саволга ким берар жавоб?
Дадам рўзғор деган, ишдан ортмаган,
Момом ўтиб кетган, бобом-чи бетоб.
Ўзимиз ўқирдик қайдандир топиб,
Асли шу сабабдан, қўрқаётганим.
Сиз учун ҳеч қизиқ бўлмаган менинг,
Қандайин эртаклар ўқиётганим.
Ҳолбуки, жавобгар эдингиз бунга,
Оппоқ қоғоз монанд онгу юрагим.
Билмайсиз ёзилиб қолганин унда,
Қай мақсад эртагин, қай бир бўлаги.
Вақт-ку ўтмай қолмас,
тағин елмоқда,
Фақат ваҳм босар кўнглимни, ҳайҳот.
Дунёнинг бошига чиқиб келмоқда,
Эртак эшитмасдан улғайган авлод.
Ҳуққабоз
Томоша қўямиз, сиз билан дўстим,
Одамларни чорланг, тўпланг майдонга.
Бир оғиз “томоша” десангиз басдур,
Бу сўз болдек ёқар зоти инсонга.
Каттароқ шляпа олинг атайин,
Ўйлаб қўйдим анча янгиларини.
Мен томоша қўйиб турган маҳалим,
Сиз йиғиб чиқасиз тангаларини.
Тўғри, бироз кўзни бойлаймиз, нима?
Хоҳ афсун десинлар, хоҳи мўъжиза.
Уларга керакмас ҳақиқат, ростлик,
Ростини айтсангиз қилишар изза.
Қулоғимдан қоғоз чиқарсамми, а?
Ё қўлим кесайми, ё ханжар ютай?
Улар алданишни шундай истарки,
Ўзлари қўймаса, мен шўрлик нетай?
Ҳаммани алдайман,
ҳаммани,
тамом,
Олқиш ёғдиришар, қий-чув солишар.
Ҳа, мен ёлғончиман…
лек улар мендан,
Ёлғонни ақчага сотиб олишар.
Менга нима дейсиз?
Бундай қараманг,
Ўйинчи бўлмаса куйим чалмасдим.
Кўриб турибсиз-ку,
ростини айтиб,
Бу қадар шоҳона яшай олмасдим.
Боринг, бораверинг, хижолат чекманг,
Бу майдон ёлғонни соғинар, суяр.
Сизу биз бўлмасак, барибир, эрта
Бошқаси бошқа бир томоша қўяр.
Сўзланг.
Ишонтиринг.
Ва сиз доим ҳақ,
Хоҳ жимит бўлсангиз, хоҳи эр келбат.
Қайдаки кўпайса томошабин халқ,
Томоша қўйгучи топилар албат.
Зулматдаги сароб
Шарпалар юрибди, шарпалар,
Соядек айланиб теграмда.
(Кўзимда титилган пардалар…)
Сирпанчиқ учишиб елкамда,
Шарпалар юрибди, шарпалар.
Одамга ўхшайди юриши,
Оёғи бор вале изи йўқ.
Танимоқ бўламан тиришиб,
Ажабки ҳеч бирин юзи йўқ.
Шарпалар юрибди, шарпалар.
Ортимдан эргашар беизн,
Не истар, билмам, не даъвода.
Тутмоққа чоғлангум қўл чўзиб…
Тутунми, туманми, ҳавода
Шарпалар юрибди, шарпалар.
Гоҳ дўстдек,
уйқумни қочириб,
Гоҳ эса кўрингай душмандек.
Тушларим эшиги очилиб,
Ўнгимга тўкилиб тушгандек
Шарпалар юрибди, шарпалар.
…Ё Худо, дегайман, беҳузур,
Солма бу сўнгги йўқ савашга.
Тоқатим етмайди, бир умр,
Шарпалар ичинда яшашга…
Шарпалар юрибди, шарпалар!
Ваҳима
Дадамнинг сабоқлари
Тун. Ёлғиз бораркан тутқатор йўлдан,
«Шипп» этган сас кирар ногоҳ қулоққа,
Тўхтайсан,
бир совуқ ўй ўтар дилдан,
Биров эргашгандек
Йўғ-е,
Шу чоғда…
Орқага қарама!!!
Қадаминг тезлайди,
ўзинг билмасдан,
Эслайсан «Қўрққанга…» деган мақолни.
Шу лаҳза ён тараф, ариқдан пастда,
Кўзинг илғаб қолар,
Нима?
Шоқолми..?
Орқага қарама!!!
Қағиллаб учади дарахтдан қарға,
Масхара қилгандай.
Пайтини кутиб.
Сўкиниб қўясан, пичирлаб, зўрға,
Иложинг бўлса-ку, занғарни тутиб…
Орқага қарама!!!
Шошма, ким бўлди у?
Ҳувв дарахт орти,
(Ўзингни тиясан базўр йиғидан)
Юрагинг кетади орқага тортиб,
Кимдир мўлжал олар,
Ов милтиғида…
Орқага қарама!
Ёдингни ёндирар ногоҳон, арвоҳ
Ва жинлар ҳақдаги минг турли достон.
Сезмайсан,
дўппайиб бўларкан пайдо,
Бир чўчиб тушасан…
Эски қабристон…
Орқага қарама!!!
…Тўхтама,
Кетавер,
Қайтма қадамдан,
Йўл тайин,
ишончга туширма ғубор.
Қулоғинг чиппа-чип беркитгин, ҳамда
Қалбингни осмонга учириб юбор.
Ўлсанг ҳозир ўлгин, ваҳмингга чўкиб
Ер сенсиз бўш қолмас,
сен-ла тўлмайди.
Фақат кун қарғама, соянгдан чўчиб,
Бир умр бу тахлит яшаб бўлмайди…
Бир лаҳза бўлсада Ўзи(нг)га қайтиб,
Бир лаҳза мардликни ҳис этгин бунда.
…Эртага ортингга қараган пайтинг,
Юзинг қизармасин…
Ҳамма гап шунда!!!
* * *
Борди-ю, фалон сўм олган ҳувв тўнинг,
Барига озгина тегар бўлса гард.
Расво бўлишин ҳам ўйламай қўлинг,
Эринмай қоқилаб ташлагайсан, шарт.
Аммо нима учун қизармас бетинг?
Беҳузур бўлмайсан диққатинг ортиб.
Ахир лой бўлди-ку қалбнинг бир чети,
Нега уни дарров олмайсан артиб.
***
Оғриқ тишни суғуриб отгач,
Бирам ҳузур қиласан киши.
Барча дардинг, барча азобинг,
Бўлган каби шу тишнинг иши.
Ўҳ, сен мени бунча қийнадинг,
Бунча бердинг юракка зарба.
Сени қалбдан юлиб отган сўнг,
Шундай роҳат қилдим мен…
Тавба…
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1- сон