
Ғиёсиддин ШОДМОНОВ – филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
1988 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини
тамомлаган. Республика матбуотида ва хорижий илмий журналларда мақолалари чоп
қилинган.
Ўзбек адабиёти тарихида диний-маърифий шеърият XIX аср охири ХХ аср
бошларига келиб бир қадар сусайди. Мумтоз шеъриятга хос бўлган рамзийлик,
мураккаблик давр тақозосига кўра ҳам шаклан (мумтоз шеър тизими – аруздан
бармоқ вазнига ўтиб бориши), ҳам мазмунан (илоҳий ишқ ўрнини мажозий ишқ
эгаллай бошлаши) анча соддалашди. Қисқа қилиб айтганда, лирикада ижтимоийлик
руҳи устунлик қила бошлади. Мазкур давр ўзбек шеъриятида Лутфий, Атоий,
Навоий, Фузулий каби туркий шеърият намояндаларининг анъаналарига содиқлик,
уларга издошлик йўлини маҳкам ушлаган шоирлар кам эди. Зокиржон Холмуҳаммад
ўғли Фурқат ана шундай кам сонли ижодкорлар сирасига киради.
Фурқатнинг, айниқса, кўпчилик туркийзабон шоирлар каби Навоийга муҳаббати
ва эҳтироми жуда баланд эди. Устоз олимлар ҳам Фурқатнинг Навоийга муносиб
халафлигини кўп бор эътироф қилганлар. Жумладан, фурқатшунос, профессор
Нурбой Жабборов: “…буюк шоир назмий анъаналарини, муайян поэтик образ ёки
рамзлар воситасида бўлса ҳам, такомилга етказган, ривожлантирган ижодкорлар
кўп эмас. Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат лирикаси ана шундай ноёб ижод
намуналари сирасига кириши билан алоҳида аҳамиятга эга1. Шу мазмундаги
фикрларини адабиётимиз тарихининг етук билимдони, профессор Иброҳим Ҳаққул
билдирган эди: “Фурқат адабий шахсияти ва шеъриятига кучли таъсир ўтказган
устозларнинг устоди, албатта, Алишер Навоий эди. “Чун умрум шоҳиди, – дейди у, –
тўққузларда орқасидин чеҳра кўргузди. Алишернинг туркий девонлариким Навоий
лақабдур, забоним қуши ул хирмандин доначин ўлди…” Абдураҳмон Жомий,
Муҳаммад Фузулий, Сўфи Оллоёр – булар ҳам Фурқатнинг севимли салафлари,
хаёл мусоҳиблари эди”2. Фурқатшуносликда самарали фаолият олиб борган
1Жабборов Нурбой. Маоний аҳлининг соҳибқирони, Монография. – Т.: “Адабиёт”, 2021. Б – 207.
2 https: // kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/ibrohim-haqqul-furqat-armon-va-ayriliq-shoiri.html
Ғиёсиддин ШОДМОНОВ – филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
1988 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини
тамомлаган. Республика матбуотида ва хорижий илмий журналларда мақолалари чоп
қилинган.
адабиётшунос Шариф Юсупов эса ҳазрат Навоий издошлари орасида Фурқатнинг
алоҳида истеъдод соҳиби эканига урғу берган. Қолаверса, олимнинг фикрларидан
унинг улуғ пир – Навоийдан руҳий тарбия олиб, увайсий шоир бўлганига ишора
англашилади: “Зотан, тўққиз ёшлигидаёқ шоирлар султони Навоий ҳазратлари
асарларига мафтун бўлиб, ўша кунларда ҳазратни тушида кўриб, ундан “оқ фотиҳа”
олиб, ўзига хос тиниқ мазмунли мўъжазгина байтини битган Зокиржондан бўлак
ўта иқтидорли шоирни маданиятимиз тарихи билмайди”3.
Фурқат Навоийнинг “Айлаб”, “Айламас” “Айлагач”, “Айлай десам”, “Бор”,
“Иси”, “Келмади”, “Эй сабо”, “Киши”, “Ўлтирғуси”, “Эҳтиёж”, “Кўруб”, “Дўст”
каби қатор радифли ғазалларига татаббуълар ёзгани ва мухаммаслар боғлагани
юқоридаги фикрга аниқ далилдир.
Шоирнинг Навоий ижодидан илҳом олиб, янги поэтик тасвир ва образлар
яратганини қуйидаги ғазал орқали ҳам англаш мумкин. Жумладан, “Наводир уш
шабоб”даги “Айламас” радифли 239-ғазалини кузатамиз:
Ҳар неча куйсам, ул ой кўнглумни пайдо айламас,
Айласа ҳам, ўлсам они ошкоро айламас…4
Яъни кўнглим (ишқ оташида) ҳар қанча куйиб, ўтли оҳ тортсам ҳам, ой каби
маҳбубам буни кўрмасликка олади, майл билдирмайди. Тан олган чоғда ҳам,
менинг ишқда куйиб ўлганимни ошкор қилмайди.
Фурқатда поэтик тасвир сақлашга уринилган. Фақат унда Навоийдаги мазмун
бироз ўзгачароқ йўсинда ифодаланган:
Сен каби бадмеҳрликни ҳеч мусулмон айламас,
Айлағай лекин жафо-у жавр чандон айламас.
Диққат қаратилса, шоир бу ўринда ҳар жиҳатдан буюк салафи – Навоийга
эргашгани равшанлашади. Буни қуйидаги таснифда кузатамиз: биринчидан, ғазал
лар бир хил радифли; иккинчидан, шоирлар ғазаллари тўққиз байтдан иборат;
учинчидан; икки ғазалнинг вазни бир хил (арузнинг рамали мусаммани маҳзуф
(фоилотун) вазнида ёзилган); тўртинчидан, ғазалларнинг умумий мазмуни бир
бирига жуда яқин. Ҳар иккисида ҳам жафокор маъшуқадан озор чеккан ошиқ образи
намоён бўлган; бешинчидан, иккала матлаъда ҳам яққол кўзга ташланувчи бадиий
санъат – тасбеъдан фойдаланилган. Ушбу бадиий санъат тасдирнинг тескарисидир,
яъни тасдирда биринчи мисранинг дастлабки сўзи (ёки сўзлари) иккинчи мисра
охирида такрорланса, тасбеъда биринчи мисра охиридаги сўз кейинги мисра бошида
такрорланади. Мазкур санъатдан шоирлар ўқувчи диққатини фикр юритилаётган
объектга жамлашда фойдаланишади. Чунки биринчи мисра охиридаги сўзнинг
кейинги мисрани бошлаши беихтиёр китобхон онгида таъсир қўзғатади ва бу
таъсир уни шу сўз устида ўйлашга мажбур қилади. Шунинг учун ҳам етук шоирлар
тасбеъ учун байтдаги энг муҳим сўзларни танлайди.
Бундан ташқари, икки шоир байтида умумий ўхшаш яна бир қанча шеърий
санъатлардан моҳирона фойдаланилган.
3
https://n.ziyouz.com/portal-haqida/xarita/matbuot/hozirgi-davr-matbuoti/sharif-yusupov-zabonim
qushi-ul-xirmandin-donachin-o-ldi – 2009
4 Навоий, Алишер. Наводир уш-шабоб. Тўла асарлар тўплами. Ўн жилдлик. II ж. – Тошкент: Ўз
МАА, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2011. Б – 244.
Навоий вариантидаги бадиий санъатлар: – Истиора – Ой;– Тасбеъ – айласа-айласа;– Эпифора – мисраларнинг бир хил сўз билан тугаши;– Тазод – куйсам-пайдо айламас;– Такрир – айламас; – Мутародиф – ҳаракатларнинг кетма-кет келиши (куйсам, ўлсам; пайдо
ошкоро);– Тадриж – куйишдан ўлишгача бўлган ошиқ ҳолати;– Каломи жомеъ – шикоят айлаш; – Илтифот – шахсдан шахсга кўчиш (айласам, куйсам, кўнглимни, ўлсам –
биринчи шахс; пайдо айламас, ошкоро айламас, айласа – учинчи шахс);
Фурқат вариантидаги бадиий санъатлар:– Тасбеъ – айласа-айласа;– Эпифора – мисраларнинг бир хил сўз билан тугаши;– Мукаррар – жафоу жавр (улар бир маънода келгани учун макаррар);– Тадриж – бадмеҳрликнинг чандон бўлиши;– Каломи жомеъ – шикоят айлаш; – Умумий мазмунда тазод ҳам англашилади.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Фурқат Навоийга ҳам радифда, ҳам
вазнда, ҳам бадиий санъатда, умуман, шакл ва мазмунда бирдай татаббуъ қилган.
Ҳар тарафлама буюк шоирга интилган.
Албатта, юқоридаги мисолда биз мазмуний эргашишдан кўра кўпроқ шаклан
издошликка диққат қаратдик. Аслида Фурқат лирикасида маъновий эргашиш
шаклдан кўра анча устун. Шу боис унинг шеъриятида диний-маърифий, тасаввуфий
мавзу ва ғояларнинг етакчилик қилишини ҳар жиҳатдан ҳазрат Навоийга боғлаш
тўғри бўлади.
Шу билан бирга, Фурқат ижодига Фузулийнинг ҳам катта таъсири борлигини
таъкидлаш жоиз. Шоирнинг юқорида зикр этилган “Душти” радифли ғазали
бу фикрни тўлиқ қувватлайди. Унда Ҳақ йўлига тушган соликнинг илоҳий ишқ
оташидан чеккан изтироблари, ҳижронда ўртанган, Ёр висолидан умидвор
ошиқнинг дарду ғамлари, кечинмалари оҳорли тасвир топган:
Ишқ оташи қачонким, ман бемажола душти,
Савдойи дарди ҳижрон бошимға сола душти5.
Тасаввуф таълимотига кўра, талаб босқичидан ўтган солик ишқ мақомига
етади. Қалбида ишқ зуҳур қилган ошиқ Зот ва тажалли орасидаги фарқни англашга
интилади ва асл моҳиятни англагач, унда Зотга интилиш иштиёқи кучайиб кетади.
Байтда айни мазмуннинг ўзига хос бадиий талқини акс этган.
Кейинги байтда эса фалсафий тасаввуфнинг бош ғояси ваҳдату-л-вужудга ишора
кўзга ташланади:
Авроқи дилда жоно жон орасинда эрди,
Қаддинг алиф мисоли ёзилди, вола душти.
5 Фурқат. Муҳаббат йўлида. Шеърлар. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2009. Б – 187.
Яъни: жоно(н), қаддинг кўнгил варағига “жон” сўзида “алиф”дек ёзилган эди,
шунинг учун кўнгилга ҳайрат тушди.
Шоир бу ўринда китобат санъати орқали “жон”
сўзининг араб алифбосида
ёзилишига ва маъшуқанинг алиф мисол қоматига, шунингдек, жон сўзи марказида
икки ҳарфни боғлаб турувчи ришта – “алиф” бўлмаса, жон сўзи ҳам бўлмаганидек,
ошиқ ҳам маъшуқасиз жонсиз бир жисмдек қадрсиз эканига ишора қилган.
Сўфиёна шеъриятда “алиф”нинг икки хил талқини мавжуд. Зоҳирий мазмунда
“алиф” маъшуқанинг тик, сарвдек қоматини англатса, ботиний хоссасига кўра у
тавҳид – бирликни билдиради. Яъни орифона мазмун нуқтаи назаридан ваҳдат
Ҳаққа восил бўлишнинг ягона йўлидир. Ваҳдатга эса фано – фоний бўлиш, йўқлик
босқичи орқали ўтилади. Қуйидаги байтлар айни мазмунни ифодалагани билан
диққатга сазовор:
Лозим билиб ўзина ўлмоқни поймолинг,
Кирдинг чаманга, гуллар ерга уёла душти.
Тасаввуфий истилоҳда байтдаги чаман бутун борлиқни, ундаги гуллар эса
олам махлуқотларини ифодалайди. Ҳақ Таолонинг беқиёс ҳусни зуҳур қилгач
(олам моҳияти ва ҳикматини англаган сўфий борлиқдаги ҳар заррада Аллоҳнинг
тажаллисини кўради), илоҳий маърифат ҳосил қилган солик башарий қиёфасидан
буткул халос бўлишни, яъни ўлишни лозим билади. Моҳиятан аввал йўқлик касб
этмай туриб илоҳий висолга эришиб бўлмайди.
Хизр ичмай оби ҳайвон тарк этти орзусин,
Кўзи қачон хатинг-ла оби зулола душти.
Илоҳий ҳақиқатдан баҳра топган ориф руҳ билан олий мақомга кўтарилиш
мумкинлигини билади. Сўфийлар наздида тан – бир қафас, руҳ эса – қушдир.
Жон қуши тан қафасида экан мақсадга етиб бўлмайди. Шунинг учун комилликка
эришган инсон Ҳақ висоли томон парвоз қилиши учун вужуддан қутулиш чорасига
киришади. Нажмиддин Комилов бу хусусида қуйидагича мулоҳаза юритган эди:
“Чунки вужуд ҳамма вақт дунё молига қараб интилади, нафс ҳукмида бўлади. Вужуд
аждаҳоси фақр ганжининг устида ётади. Нафс билан жангга кириш … даҳшатли
дев билан курашгандай гап. Дунё ҳуснига, неъматига маҳлиё бўлган одам бу девни
енголмайди. Бу девни фақат ваҳдат билан қуролланган солик енгиши мумкин”6.
Қуръони каримга кўра, Одам Ато тупроқдан яратилган ва унга Аллоҳ ўз
руҳини юбориб жон берган (Ҳижр: 29-оят; Сод: 72-оят)7. Шу боисдан ҳам руҳ ўз
маскани – Илоҳ томон ошиқади. Байтда ана шу буюк ғояни абадийлик чашмасидан
баҳра топган Хизр образи орқали тасвирланиши юқори таъсирчанликни
таъминлаган.
Фурқатнинг аксар ишқий-тасаввуфий лирикаси ана шу ғоя билан йўғрилган.
Шоирнинг қуйидаги ғазалига диққат қаратайлик:
Эл ичра ишқ доғин ифшо қилиб бўлурму?
Монанди лола ўзни расво қилиб бўлурму?
6 Комилов Нажмиддин. Тасаввуф. – Тошкент: “MOVAROUNNAHR” – “О‘ZВЕКISТON”, 2009.
Б – 372.
7 https://quronvasunnat.uz/quron?sura=98#gosidebar98
Лола ғунча очиб, ўз гўзаллигини бутун оламга ошкор қилгани учун, ватани – ер
бағридан узуб олиниб поймол этилгани каби ошиқ ҳам ишқини эл орасида ошкор
қилса, камолга етмай пайҳон бўлишга маҳкум.
Шоир назарида чин ошиқлар дарду изтиробларини халқ орасида фош қилмайди.
Ошиқлик кўз-кўз этиладиган туйғу эмас. Аксинча, унинг камолоти омили
пинҳонликда. Шу боис тариқат сулукига кирган зоҳиднинг илоҳий висолдан ўзга
мақсад-муддаоси бўлмайди. Бу йўлда на дунёдан, на унинг молидан, на ундаги
кишилардан манфаатдор бўлиш йўқ. Фурқатнинг ўзи бир шеърида айтади:
Биз истиғно эли, қичқирмағон маъвоға бормасмиз,
Агар чандики хирман айласа дунёға бормасмиз8.
Ориф сўфийлар футувват аҳли ўлароқ дунё ва ундаги нарсаларга муҳтож эмас,
аксинча, дунёнинг ва аҳли дунёнинг уларга эҳтиёжи бор. Соликнинг заррача нафсга
ён бериши, дунёдан тамаъ қилишга олиб келади. Бу эса ундаги ишқ ва эътиқодга
зиддир. Йўлга чиқувчи учун йўл машаққати ва заҳмати маълум. Шу боис ҳазрат
Навоий таъбири билан айтганда: “Элдин тамаъни узгали мардоналиқ керак”.
Фурқат Навоийга издошлик қилиб ёзган бошқа бир ғазалида шундай хулоса
чиқарган:
Сенда гар бўлса таваккул, шоҳлардин уз тамаъ.
Чунки шоҳлар қилғучидир авлиёга эҳтиёж9.
Сўфиёна таълимотга кўра шоҳнинг икки талқини мавжуд:
- шоҳ – тасаввуфий истилоҳда Аллоҳни, шу билан бирга, мутлақ озод, яъни
Азизиддин Насафий таъкидлаган комилликнинг юқори босқичига кўтарилган озод
комил инсонни англатади10 (Машраб тахаллусларидан бирининг Шоҳ Машраб
бўлиши сабаби ҳам айни маънода – Ғ–Ш.). Бу борада Одилжон Авазназаровнинг
“Навоий тимсоллари сўзлиги” луғатида қуйидагича изоҳ келтирилган: Шоҳ – форс. - Подшоҳ, султон. 2. тас. Сўфий, валий, шайх. Илк сўфийлардан Шоҳ Шужо
Кирмоний, кейинчалик шоҳ Машраб каби кўплаб тариқат шайхи ва мутасаввифга
шоҳ унвони берилган. Асосан, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон мутасаввифлари бу
унвонни қўллашган.
Шоҳлар дарвеши-ю дарвешлар шоҳики, бор
Шоҳлиғ суврат анга, дарвешлик сийрат анга.
Алишер Навоий11 - Шоҳ – Подшоҳ. Дунё ва дунёпарастлик рамзи ҳисобланади. Аксар ҳолларда
сўфий шоирлар ана шу иккинчи маънодаги шоҳга урғу берадилар. Фурқат назарда
тутган шоҳ иккинчи талқинга тўғри келади. Дарвеш эса Ҳақ йўлида собит турувчи
8 Зокиржон Фурқат. Ишқингда куюб, жоно… – Тошкент: Адабиёт, 2021. Б – 30.
9 Зокиржон Фурқат. Ишқингда куюб, жоно… – Тошкент: Адабиёт, 2021. Б – 14.
10 Насафий Азизиддин. Комил инсон. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий
уйи, 2021. Б – 12.
11 Одилжон Авазназаров. Навоий тимсоллари созлиги. – Тошкент: “Спетрум Медиа Гроуп”, 2024.
Б – 278.
118
Шарқ юлдузи
Фурқат лирикасида сўфиёна талқинлар
ва дунё, унинг гўзалликларидан юз бурган, маънавий хазинани моддий, ўткинчи
бойликлардан афзал билган комил инсондир.
Бозори ишқа кирса рахти висол ҳаргиз,
Жон нақди қўлға олмай савдо қилиб бўлурму?12
Яъни, ишқ бозоридаги висолга элтувчи йўлда зарур бўладиган асбобу анжомни
фақат жон эвазигагина харид қилиш мумкин.
Ишқ йўли – поклик йўлидир. Ишқ бозорида соликнинг бошига туман савдолар
ёғилиши турган гап. Ўзида маърифат ҳосил қилган, комиллик даражалари билан
юксалган йўловчигина бу савдоларга бардош қила олади.
Илоҳиёт оламига маърифатга эришмай етилмайди. Абу Абдулло Муҳаммад
ибн Али Ҳаким Термизий “Хатму-л-авлиё” асарида солик маърифат даража
мартабаларини эгаллай бориб, илоҳиёт оламига яқинлашиб боради ва инсонга
муяссар бўладиган билимларнинг энг юксаги – илоҳий чароғонлик билан тенглаша
оладиган маърифатга етади. Шу зайлда инсон қалбида илми ғайб, илми ладуний
порлаб, унинг руҳи Яратган қудратига уланади13.
Хулоса қилиб айтганда, Фурқат лирикаси мавзу ва ғоянинг хилма хиллиги
билан алоҳида ажралиб туради. Лекин унинг асосини ишқий-тасаввуфий руҳдаги
шеърлар ташкил қилади. Шоир ижодида илоҳиёт билан, ҳақиқий ишқ билан боғлиқ
юксак ғояларнинг тажассум топиши, юқори даражадаги поэтик тасвирларнинг акс
этиши, тасаввуфий рамз-тимсоллардан моҳирона фойдаланилиши, албатта, юксак
истеъдод сабабидан, қолаверса, ҳазрат Навоийга халафлик натижасида юзага
келган.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон