Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ПАРОДИЯ ҚАНДАЙ ҚИБ ЁЗАЙ?


Абдураззоқ ОБРЎЙ – 1956 йилда туғилган. Москва давлат университетининг
журналистика факультетини битирган. Унинг “Ҳўплам-тўплам”, “Ҳуринг-ҳиринг”,
“Тухумнинг қудрати”, “Аёлнинг қулоғи”, “Рухсат беринг шеър ўқийман”, “Сен авайла,
асра Ўзбекистонни”, “Афандининг афандилари” номли китоблари нашр этилган.

Зўровон ошиқ

Бегонага кулиб қараса,
Кўзларингни ўйиб кетаман.

Яҳё Тоға, “Ошиқ”


Ўзга билан кўришса қўлинг,
Қўлларингни кесиб кетаман.
Ўзга билан топишса тилинг,
Тилларингни кесиб кетаман.
Ўзга билан ўпишса лабинг,
Лабларингни ёриб кетаман.
Туқиштирсанг калланг ўзга-ла,
Сабчадайин узиб кетаман.
Сўнг аламдан ёзиб бир гала,
Даҳшат шеърлар битиб кетаман!


Ўхшашлик


Ҳаётда кимдир гуруч, ким кўрмакка ўхшайди,
Кимларгадир умр ҳам бир эрмакка ўхшайди.

Ойдин Мамадалиева, “Ўхшайди”


Ҳаётда кимдир кепак, ким элакка ўхшайди,
Кимларгадир умр ҳам бир чўпчакка ўхшайди.
Ҳаётда кимдир қалпоқ, ким телпакка ўхшайди,
Кимларгадир умр ҳам кенг чўнтакка ўхшайди.
Ҳаётда кимдир доно, ким тентакка ўхшайди,
Кимларгадир умр ҳам бир қўндоққа ўхшайди.


Ҳаётда кимдир жуфту ким бўйдоққа ўхшайди,
Кимларгадир умр ҳам бир ботқоққа ўхшайди.
Ҳаётда кимдир қаттиқ, ким юмшоққа ўхшайди,
Кимларгадир умр ҳам зўр қатқоққа ўхшайди.
Ойдин ёзган шеър ғазалмас, бармоққа ўхшайди,
Буни сезиб қолган Абдураззоққа ўхшайди.


Чўзмақулоқ


Мен бир сўзни йўқтотиб қўйдим,
Пайдо бўлди эсимда тешик.

Оллаёр Хўжандий, “Бир сўз…”


Мен бир қизни йўқотиб қўйдим,
Пайдо бўлди юракда дарча.
Шунда мен-ай, тўлғандим, куйдим,
Қарсак чалиб туришди барча.


Мен бир кўзни йўқотиб қўйдим,
Иккинчиси сал-пал кўради.
Учқўрғонда холамни кўрдим,
Бир кўз қани дея сўради!


Бир қулоғим йўқотиб қўйдим,
Биттасини чўзса бўлади.
Эшитмоқни ёқтирмай қўйдим,
Бунисин ҳам узса бўлади!


Мен қаердаман


Бир қўзғалиб дардларим,
Эсдан чиқди гапларим,
Қуриб қолган лабларим,
Тунги соат иккида…

Мирзо Озод, “Тунги соат иккида…”


Мен яхши ишлаганман,
Лабимни тишлаганман,
Кўнмасанг, муштлаганман,
Тунги соат иккида…


Кўрпа етмас оёққа,
Қараяпсан қаёққа,
Қолма яна таёққа,
Тунги соат иккида…

Нима танга ботибди,
Дема, мени отибди,
Ким жойимда ётибди,
Тунги соат иккида…


Сафсата


Эплабдими юриб олсин,
Майли, ўйнаб кулиб олсин!

Марҳабо, “Менинг эрим юриб кетди”


Гар бўлмаса эр сўрови,
Гар бўлмаса эр жилови,
Турмайди ҳеч тек мўйлови,
Майли, ўйнаб кулиб олсин!


Эр бермоқ бу жон бермоқ-ку,
Ҳаддан зиёд қон бермоқ-ку,
Сенинг ишинг ён бермоқ-ку,
Майли, ўйнаб кулиб олсин!


Мен кўп кўрдим ербозларни,
Мен кўп кўрдим шеърбозларни,
Сен кўп дебсан эрбозларни,
Майли, ўйнаб кулиб олсин!


Бошқа ёрга сузилса ҳам,
Дил риштаси узилса ҳам,
Эринг ахир бузилса ҳам,
Майли, ўйнаб кулиб олсин!


Пародия


У ёғимга қарайман араз,
Бу ёғимга қарайман ғараз,
Ўртада-чи, турибди мараз,
Пародия қандай қиб ёзай?


Яккам-дукам сўзтаниш шоир,
Қолганлари кўзтаниш шоир,
Ўзларича хўб дониш шоир,
Пародия қандай қиб ёзай?


Феъли кенгли қаламкашлар бор,
Кўзи сузук қаламқошлар бор,
Олтмишвойли ҳали ёшлар бор,
Пародия қандай қиб ёзай?

Андиша – менинг қалбимга жо,
Раҳбар бўлса бугун кампиршо,
Мен нима ҳам дейман, э Худо,
Пародия қандай қиб ёзай?


Қуритаман ёзиб тинкангни,
Босиб олгин ахир ўпкангни,
Шеърга қилгин, қилсанг гинангни,
Пародия қандай қиб ёзмай?!


Кампиримнинг ҳафтаси


Бичувчига боради душанбада,
Тикувчига боради сешанбада.
Чоршанбада гапларига боради,
Пайшанбада даволаниб олади.
Жумада Бек-Барака қаршилайди,
Шанбани Ўрикзорга бағишлайди.
Якшанбада янги дўкон излайди.
Вақтин бекор сарфласинлар не учун?!
Бўш кунини тополмайсиз мен учун!!


Ошиқ бола


Ипни эшиб қилайми арқон,
Тоғни уриб қилмайми талқон.
Ишқдир ахир жонимга қалқон,
Коса-товоқ, қошиқ юваман,
Уйланмаган ошиқ боламан.


Кучга тўлган бақувват билак,
Тинмай дук-дук уради юрак,
Менга фақат битта дард керак,
Коса-товоқ, қошиқ юваман,
Уйланмаган ошиқ боламан.


Мен отамнинг бўйдоқ ўғлиман,
Ёрин излаб юрган чўғлиман,
Қайга бошим олиб кетай тўғри ман,
Коса-товоқ, қошиқ юваман,
Уйланмаган ошиқ боламан.


Маҳалламда қизлар бир талай,
Қўшни уйга зимдан мўралай,
Йигитман-ку мен ҳам, ҳар қалай,
Коса-товоқ қошиқ юваман,
Уйланмаган ошиқ боламан.

Бирам хаёл сураман ширин,
Отам дейди: – Қаранглар бўйин.
Келин топса қиламан тўйин.
Коса-товоқ қошиқ юваман,
Уйланмаган ошиқ боламан.


Қарилик


Бирор тишим қолмади,
Қилар ишим қолмади,
Ақли ҳушим қолмади,
Мана сизга қарилик,
Ана сизга қарилик!


Бир оёғим у ёқда,
Бир оёғим бу ёқда,
Тикка юриш қаёқда,
Мана сизга қарилик,
Ана сизга қарилик!


Ҳеч кимга ёқмас гапим,
Ҳеч кимга тегмас нафим,
Йўқ менинг ўнгу чапим,
Мана сизга қарилик,
Ана сизга қарилик!


Еёлмайман овқатим,
Сўниб қолган тоқатим,
Фақат ётиш одатим,
Мана сизга қарилик,
Ана сизга қарилик!


Қайда деманг кампири,
Қўлда доим капгири,
Абдураззоқ чол қули,
Мана сизга қарилик,
Ана сизга қарилик!

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil