
Картина ўлчами 140\150.
Рассом: Анвар Бобоқулов
Парвардигор инсонни доим ҳайратлар дунёсига етаклайди. Рассомлар бу ҳайратларни чизиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Бола илк бор рангларни ажрата бошлаганда табиат манзараларидан ҳайратланади. Табиатни ўзига яраша ҳодисалари кўп, жараёнлари кўп…
Ҳут кирса ерда қор турмас дейдилар. Худди шундай, феврални ўртасидан ер қизий бошлайди. Зах кўтарилади. Қор қуёш тафтида эмас ер ҳароратида эрий бошлайди. Қаршингда турган картинада шу ҳолат юксак маҳорат билан очиб берилган. Рассом ер ҳароратига қалб ҳароратини қўшиб меҳр билан ишлаган. Картинани номи “Кундаижувоз”. Сурхондарё вилояти Кундаижувоз қишлоғидаги кичик дара тасвирланган. Эътибор билан қарасанг лўппи-лўппи қорлар қуёш тафтида, дарахтларни шохларида осилиб турибди.Тупроқ уза тўшалган оппоқ қорлар ер ҳароратидан қизиб эрияпти. Бир қарашда қорни бир кечалик ёки бир кунлик қорлигини биласан. Бир кун зўр ёғиб иккинчи кун эриб битадиган қор бир йилда, қиш фаслида бир-марта ё икки марта ёғади, ўша ҳодиса рўй беради. Рассом Анвар Бобоқулов шу ҳолатни ушлаб қола билган. Бу ҳолат рассомнинг бахти. Рассом кўра олган.
Табиат уйғониш тараддудидалигини олисда элас-элас кўзга ташланадиган уй тирикликнинг шакли бўлиб йўлсиз йўл босиб кетаётган ёлғиз ит очиб берган. Асосий нишонда учта дарахт гўё ерни чангаллаб бўртиб турибди. Дарахтларнинг кунга тобон кўксида эса юмшоқ ва лўппи қорлар. Қўлга олинса тезда эрийдиган қорлар. Айнан ўша қорлар орқали ҳавонинг илиқ ва юмшоқлиги, ердан кўтарилаётган ҳарорат эслатилган. Биринчи дарахт ортидаги қирга қуёш нури яққол ёйилган. Дарахт ва дарахтдаги қорлар қуёш нуридан ажратиб берилган. Иккинчи дарахт ва дарахт ортида нурлар уйқашиб ранглар жилоси ўйнатилган. Баланд чўққилардаги қорлар эса ферузарангга кириб фалакка уйқашган. Бу билан табиат кўриниши ва одамнинг табиатга назари ўз қандай бўлса шундай кўчирилган. Қуёш нуридан оқ чўққидаги оқ ранглар феруза рангга уйқашиб кетиши гўзал очиб берилган.
Бошини қуйи солиб қайгадир йўл олган ит олдинга дара оралаб кетаяпти. Бу ит Герасимнинг Му-Муси эмас, Машҳур “Хатико” эмас, турк кангали, туркман алабайи, немис афчаркаси эмас. Ўзимизни оддий чўпон ит. Шу ит сени картина ичига оҳиста, эҳтиёткорлик билан етаклаб боради. Эҳтиёткорлик билан қадам ташлаётган ит. Ит эриган қорларга, халқобларга, муздек сувга панжалари кирмай эҳтиёткорлик билан қадам босаётганини ҳис қиласан, буни табиатга уйғун равишда рассом тасвирлар олган.
Бу ер итга азиз гўша, қадрли, барча сўқмоқлари ёд. Шу йўлдан кетаётган бўлса, шу йўлдан қайтишини билади. Шу йўлдан келаётган бўлса, шу йўлдан яна кетишини билади. Бу йўл. Айнан шу ит орқали суратдаги сув тўла сой, сой эмас йўл эканлигини англайсан. Эриган қорлар йўлни тўлдириб пастга томон энаяпти. Тоғ йўллари шундай бўлади. Икки томон қир ўртасидан, сув изидан йўллар босилган бўлади.
Манзара шунчалик гўзал чизилганки, гўё оппоқ гуллаган водий томон чўққилардан сирли чойшаб ёйилгандек туюлади. Жигарранг ер ва қор чегарасидаги нозик чизгилар, дарахт ва қор чегарасидаги чизмалар, дарахтларнинг кўкка бўй чўзган шохлари, дара томон уйқашиб кетгани, ухлаётган чўққилар, уйғонишга тараддуд кўраётган табиат ранглар ўйини орқали бир-бирига мослаштирилган. Қорлар дарахт шохларида гўё мевалардек осилган.
Суратдан кўз узсанг ҳам истайсанми йўқми бу манзарага қўшилиб боши қуйи солинган ит хотирангда яшай бошлайди. Инсон онгида бирор кўринишнинг яшовчанлигини бера олиш фақатгина истеъдодли рассомларга юқтирилган бўлади. Яшашнинг шакли шамойили кўп. Бу ердаги ит ҳам яшашнинг бир шакли аслида. Итнинг ҳаётда қанча яшаши эмас, унинг қай ҳолатда, қандай яшаши яшаш шаклидир.
Рассомнинг кўз ёши ҳам, бахти ҳам, ҳаётдаги завқи ва шавқи ҳам рангларга сингади. Рассомнинг яшаш шакли ҳам ранглар жилосида бўлади. Асосан манзара йўналишида ижод қиладиган Анвар Бобоқулов табиат рангларига уйқаш қилиб юрак туйғуларини бемалол, эркин ифода эта олган. Юрагини, туйғуларини рангларга қийналмай юқтира олган. Сурат ақл билан чизилмайди. Инсондан ақлини айирса ўлмайди. Инсондан юраги айрилса у ўлади. Юраксиз инсон тирик эмас, у ўлик ҳисобланади. Ўликнинг туйғулиси ё тириги бўлмайди. Агар шу ракурсда қаралса Анвар Бобоқулов тирик рассом. У картинада яшай олган рассом.
Учта дарахтдан сўнг дарахтзор тобора қуюқлашиб чакалакка айланиб кетган. Тоғда баландлашганинг сари аслида ҳам набодот олами 7қуюқлашиб боради. Инсон қадами камроқ етган бўлади.
Манзарага ит орқали яна чуқурроқ кира бошлайсан.
Ҳут. Қиш сўнги. Кундаижувоз. Сурхондарёнинг олис бир қишлоғи. Ёғочдан ясалган жувозхона бўлгани учун “Кундаижувоз” деб ном қўйилган қишлоқ. Иссиқ сув, совуқ сув эртак… Газу аспалт афсона у қишлоқларда. Бир қишни чиқариш учун ўтин йиғишга камида эллик марта тоққа чиқиб тушилган бўлади. Дарахтлар пастлашган сари сийраклашган. Дарахтлар юқорида тобора баландлашган, қуюқлашган. Дарахтлар кесилади, пастга ташилади. Одамлар бу йўлларда йиқилади, туради. Қишда бу дарахтлар ўтиндир. Қор кечиб судраб келинади. Ўтин орқалаган одамларнинг елкаси эмас, тиззалари тошларга туртиниб пишиб кетган бўлади. Ит эса неча бор эгасига эргашиб бу йўллардан ўтиб қайтган бўлади. Ит кетаётган бу йўлдан селлар одамлар учун ўтин оқизиб келган бўлади. Инсонлар бетиним меҳнат эвазига яшашади. Оловнинг тафти узра, ўша олов теграсида ҳў олис, элас-элас кўриниб турган уй ичида, қиш ичида, баҳор бўсағасидадир у одамлар. Кунлар исисагина жойидан қўзғалиб қолади… Ўшанда ташқарига чиқасан; гўзал, фусункор табиат. Шабада эсади, қушлар чуғурлайди. Жилғалар шилдираб оқади. Шовуллаши қулоққа хуш ёқади. Барчасида оҳанг бор, куй бор, тил бор ва унгача бирозгина вақт бор. Ўша вақтгача бўлган оралиқни рассом ушлаб қолиб гўзал чизиб берган… Итнинг оёқлари остида Кундаижувоз тупроғи. Шу тупроқдан картинага кириш бошланади. Тупроқ ичида эса ҳарорат бор. Итдан қаерга кетаётганлиги сўралмайди. Ундан йўл сўралмайди. Бу йўл итни фақат Кундаижувоз қишлоғи ичра Кундаижувоз қишлоғига олиб боради. Атрофга, тупроққа қарайди, босаётган қадамига қарайди. Эҳтиёткорлик билан қадам босади. Йўл узра оқиб келаётган сувлар ҳам тоғлар кўксини ёриб пастга энаяпти. Эриётган қорлардан чак-чак томоётган сув оҳангини эшитасан. Бундан бўлак бирор куй эшита олмайсан. Қоронғу қишнинг бўрону шамоллари орқада қолган. Икки томон ёйдай ёйинлаб кетган адирлар. Ит сув тўла халқоблардан айланиб ўтишини ҳис қиласан. У жим кетаверади. Осмонга қаралмайди қуёш нурлари қорда жилваланиб кўзини қамаштиради.
Рассом сени итга эргаштириб ҳам картина ичига етаклай оладиган инсондир аслида. Сурат бўёқларга бўялади, аммо чин рассом юраги ўз рангини картиналарда бера олади. Картинага қараб туриб рассом тоза ва буюк қалб эгаси бўлиши керак эканлигини, бу қалбда зиғирча риё ва муғамбирлик бўлмаслигини сенга уқдиради. Дунёга ҳавас ва ҳайрат билан боқишни ўргатади. Бундан милён йиллар олдин ҳам инсон учун ҳайратлар бўлган, ҳозир ҳам инсонда ўша ҳайрат яшайди. Бу ҳайратни фақатгина рассом нигоҳи кўра олади ва кўрсатиб бера олади.
Картинадаги дара эса қадимий сув йўлидир аслида. Милён йиллар олдин ҳам шу сув йўлларидан йўл сифатида ибтидоий одамлар ит каби ўз манзиллари томон энган…
Бу дара ичра ит қийналиб бир тошдан иккинчисига сакраб ўз йўлида кетаверади. Кета-кетгунча машаққатли йўл. Бехос нотўғри қадам ташлаб ё тошларга туртиниб мувозанатини йўқотмаслиги учун жуда эҳтиёт бўлиб қадам ташлаб бораверади. Бу йўлда босилаётган қадамлар ҳам машаққат ичра ўтади.
Босилаётган қор ҳам итнинг тана аъзоси кабидир. Мувозанатни сақлаб ҳаракат қила олиши керак. Ҳатто панжалари остидаги қорни тўғри ҳаракатлантириши керак сирпаниб, тойиб йиқилмаслиги учун. Ит манзилига етгунича ҳали қанча машаққат бор, қайтгунича қанча… Ҳар қадамига сезги керак бўлади. Бу ёлғиз унинг йўлидир, бировнинг этагига осилиб бу йўлдан юриб бўлмайди. Ҳайратлар дунёси ичра итни ҳам Парвардигор севиб яратганини яна бир бор ҳис қиласан…
Ҳайратлар дунёси. Ранглар жилоси. Дарахтга мингашган паға қорлар. Қирларга ёндашган қор гупчаклари… Остида эса шивирлаётган баҳор. Уйғонмоқчи бўлган, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлган баҳор… Асрлар ўзгариши таъсир ҳам қилмаган, фарқ ҳам қилмаган… Она табиат. Шаҳар шовқини ўз аҳамиятини йўқотган.
Табиатнинг тириклигини шу манзарада кўрасан.
Худонинг яратган мўъжизаларини шу манзарада кўрасан.
Худонинг борлигини шу манзарада ҳис қиласан.
Талант ТОЛЕРАНТ.
31.03.2025