Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

АСЛИ ХАЛҚОНИЙ ШОИР Сўна Аббосали қизининг “Сўз хоқони”романи ҳақида

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ – филология фанлари доктори, профессор. 1954 йилда
туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Унинг
“Юлдузнинг беш қирраси”, “Латиф шеърият”, “Билиб айтилган сўз” монографиялари,
“Турк адабиёти хрестоматияси”, “Турк адабиёти тарихи” (ХIII–ХVIII асрлар) ўқув
қўлланмалари, “Ишқ асири бўлган жон” рисоласи нашр этилган.


Миллатини севган, унинг камолотини истаган ёзувчи тарихий мавзуга қўл
ураркан, ўтмишдаги воқеаларни бадиий ҳақиқатга айлантириб, замондошларини
ўша давр муҳити, улуғ тарихий шахслар ҳаёти билан таништиришга ҳаракат қилади
ва бу ишга катта масъулият билан қарайди, кўплаб тарихий манбалар, фактларни
ўрганади ва бу далилларни имкон қадар бузмай, юксак бадиий савияда ўқувчига
етказишга ҳаракат қилади.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2024 йилдаги 6-7-сонларида эълон қилинган,
таниқли ижодкор Дилором Абдураҳмон қизи томонидан озарбайжончадан ўзбек
тилига муваффақиятли ўгирилган “Сўз хоқони” тарихий романида ҳам бу ҳаракат
ва масъулиятни, энг муҳими – тарихий ўтмишга нисбатан юксак эҳтиромни англаш
мумкин.
“Сўз хоқони” асари мутолааси давомида роман муаллифи – озарбайжон ёзувчиси
Сўна Аббосали қизи (Исмоилова)нинг тарихий ҳақиқатларни теран ҳис этганини
кўриш мумкин. Озарбайжон мумтоз шеъриятининг атоқли намояндаларидан бири
бўлган шоир Хоқоний ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур асар ўз бадиий
ҳақиқати билан ҳам эътиборга лойиқ.
Хоқоний Ширвоний ХII асрдаги ширвоншоҳлар даврида юзага келган ўзига хос
адабий муҳит – Шарқ адабиёти тарихида анчайин машҳур Aбул Aъло Ганжавий
(1096–1159), Фалаки Ширвоний (1107–1157), Хоқоний Ширвоний (1120–1199),
Низомий Ганжавий (1141–1202), Меҳсети Ганжавий (1089–1183) каби забардаст
шоирлар томонидан шакллантирилган адабий муҳитнинг ёрқин намояндаларидан
бири бўлган. Шоирнинг замондоши Имом Халил Хоқоний Ширвонийни бекорга
“Сўз ўлкаларининг валиаҳд шаҳзодаси” дея таърифламаган. Эронлик олим
Б.Фурузунфар эса Хоқоний Ширвонийни: “У шундай шоирки, ўзининг буюк
истеъдоди, кучли тафаккури, теран салоҳияти билан ҳар қандай маънода, бизга
таниш ва нотаниш, биз ўрганган ва ўрганмаган мазмунни сўз либосида ифода
этиш қобилиятига эга эди. Унинг қудратини ҳар бир қасидасидаги теша тегмаган
мазмунларни ифодалаши ва турфа маъноларни ўзига бўйсундира олишидан билиш
мумкин”, дея таърифлайди.
Хоқоний номи билан танилган Иброҳим Афзалиддин Озарбайжоннинг Ширвон
ўлкасида дунёга келган. Отаси оддий дурадгор бўлиб, ёш Иброҳимдаги қобилиятни
амакиси Мирзо Кофиуддин пайқаб қолгач, унинг тарбиясига алоҳида эътибор
беради. Шоир сифатида танила бошлаган Иброҳимни Ширвоншоҳ саройига таклиф
қилиб, олиб кетадилар.
“Сўз хоқони” романида ўн саккиз ёшида саройга келган Иброҳимнинг ҳаёт йўли
тизимли баён қилинади. Саройда унинг ғазалларидан мамнун бўлган Ширвоншоҳ
Манучеҳр “Ҳақойиқий” номи билан шеърлар ёзиб танилган шоирга “Хоқоний”
тахаллусини беради.
Асар бошланишида Иброҳим Афзалиддин – Хоқонийни саройга кузатаётган
амакиси билан ўрталарида кечган суҳбатда шоир тийнатидаги ҳақиқатпарастлик ўз
аксини топган. Амакисининг “Ширвоншоҳга мадҳиялар битишда ўз маҳоратингни
намоён қиласан деб ўйлайман”, деган сўзларига жавобан у: “Аммо мен ҳар ҳолда,
ножоиз мукофотдан кўра, адолатли жазо афзал деб биламан. Қолаверса, қилич аҳли
билан қалам аҳли ўртасидаги муносабатларда самимийлик кўприги устунлари ҳар
лаҳза қулаб тушиши мумкин… Худди чаён ва тошбақа қиссасидаги каби…” дейди.
Ва ҳақиқатдан ҳам кейинчалик “қилич ва қалам аҳли ўртасидаги” муносабат
бошқача тус олади. Хоқонийга сарой торлик қилади, унинг кўнгли эрк истайди.
Бекорга у, “Озодликдан гўзал неъмат йўқ”, деб ёзмаган.
Асарда Хоқонийнинг ибн Сино фалсафасига қизиққани, камолотга эришиш
йўлидаги сўфиёна изланишлари изчиллик билан тасвирланади, китобхонда Ширвон
адабий муҳити ҳақида ёрқин тасаввур уйғотади. Хоқонийнинг устози – давр
“Малик уш-шуаро”си Абу Аъло Ганжавий, дўсти Фалакий Ширвоний ва бошқа
сарой аҳли билан муносабатида ҳам шоирнинг характери яхши очиб берилган.
Унинг атрофидагиларга гоҳида кескин муносабатда бўлиши, муҳитнинг таъсирида
ҳар хил вазиятларга тушиши ва буларнинг барчасидан қай даражада руҳан
таъсирланишлари ишонарли тасвирланган.
Романда Хоқоний ғазалларидан ҳам ўринли фойдаланилган. Шоирнинг руҳий
ҳолати, шеърлари ёзилишига сабаб бўлган воқеалар муваффақиятли берилган,
яъни Хоқоний сийрати унинг асарлари орқали янада тиниқлаштирилган.
Битикларида даврнинг ижтимоий муаммолари акс этган Хоқоний инсон
кўнглидаги турфа туйғуларни теран ифодалаган, жамиятдаги иллатларни кўрсата
олган. Романни ўқиш давомида буни ҳис қилиш мумкин. Масалан:
Мен ҳеч қачон ўз номидан фахр этмаган Хоқонийман,
Оч-юпунлар ичра жойим, мен аслида халқонийман.
Ана шундай мисраларда зуҳур этган шоир сиймосини яратган ёзувчи жойини
топиб, ўша вақтда туркий тилга, яъни она тилига муносабат қандай бўлганлигини
билдиради: “Ҳа, қара, Олчечак асл туркча исм. Лекин минг афсуски, бизлар
Ширвоннинг марказида ҳали-ҳануз ўз она тилимизда ёзиб, ижод қилолмаймиз…”
Фалакийнинг бу сўзлари собиқ шўроларнинг мустабид тузуми давридаги айрим
ҳолатларни ёдга солади, тил софлиги учун кураш ҳамишалигини яна бир бор
эслатгандек бўлади.
Романда шоирдан идеал қаҳрамон ясалмаган, унинг инсон сифатидаги
камчиликлари кўрсатиб берилган. Айниқса, қайнотаси Абу Аъло Ганжавий ва
хотини билан айрим саҳналар шундан далолат. Хоқонийнинг умр йўлдоши ва
ўғлидан айрилган вақтидаги ҳолати, уларнинг бевақт вафотидан қанчалик азоб
тортгани эса китобхон қалбини ларзага солади.
“Сўз хоқони”да Хоқонийнинг юрт кезиши тасвирлари орқали ўша замондаги
ижтимоий муҳит бадиий ифодаланган. Бу эса асарнинг яна бир ютуғи бўла олган.
Табиат тасвирларидан тортиб руҳий кечинмаларгача теран назар солинган ушбу
асар шу сабабдан янада ўқишли бўла олган.
Хоқонийдек шоирнинг барча фазилатлари ва ҳаётини ҳажман унча катта
бўлмаган бир романда тўлиқ акс эттириш мушкул, албатта. Шунинг учун ёзувчи
гоҳида ифодага, гоҳида баёнга ўрин бериб, ўқувчига кўпроқ маълумот етказишни
истаганини пайқаш мумкин. Бу каби айрим камчиликларига қарамай, роман
Хоқоний сиймосини тўлақонли гавдалантира олган.
“Сўз хоқони” юртимиз ўқирманларини Хоқоний ҳаёти ва ижоди билан
таништирибгина қолмай, ўзбек адабиётини яна бир янги таржима асар билан
бойитгани қувонарли ва бу жиҳат ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари изчил
кечаётганидан далолатдир.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil