Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

КЎНГИЛГА САФАР ёхуд юрт кенгликларида кечган икки кун

Сирожиддин РАУФ – “Шуҳрат” медали соҳиби. 1967 йилда туғилган. Тошкент давлат
университетининг журналистика факультети ҳамда Тошкент давлат ҳуқуқшунослик
институтини тугатган. Унинг “Йиғлаётган ой”, “Кўк гумбаз”, “Сиз менга кераксиз”,
“Ташриф”, “Муаллақ чексизлик”, “Нилий нақшлар”, “Мен бир фуқаро” номли шеърий
ҳамда болаларга бағишланган “Ғалати мусобақа” каби китоблари нашр этилган. Шоир
таржимон сифатида таниқли рус шоирларидан Иван Бунин, Евгений Евтушенко,
украин адабиёти вакилларидан Иван Франко, Леся Украинка ва бошқа қардош халқлар
ижодкорлари шеърларидан намуналарни ўзбек тилига ўгирган.


Ўйлаб қарасам, ижодий фаолиятим давомида жуда кўп маротаба юртимиз
бўйлаб турли сафарларда бўлган эканман. Бирда қайси бир соҳа илғорлари
ҳақида очерк ёзган бўлсам, бирда у ёки бу муаммолар ҳақида, журналистлар
тили билан айтганда, “бонг уришимга” тўғри келган. Худога шукр, мени шоир,
ижодкор сифатида чорлаган давраларнинг саноғи йўқ. Гуриллаб ёнган гулханлар
атрофида ёниб ўқилган шеърлар билан умр ҳам гуриллаб ўтаяпти. Аммо бошқа
шоир биродарларим қатори менинг-да битта ожиз жиҳатим бор. Расмиятчиликдан,
расмий давралардан ёмғир ё дўлдан паналагандай қочишга ҳаракат қиламан.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад
Али телефонда боғланганда ҳам, шундай тадбирлардан бирига таклиф қилинаман
чоғи, деган хавотир йўқ эмасди. Устознинг айтишича, Денов тумани ҳокимлиги
ҳамда Денов Тадбиркорлик ва педагогика институти ҳамкорлигида “Буюк Амир
Темур мероси – келажагимиз асоси” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб
ўтиши режалаштирилган экан. Сафарда таниқли адабиётшунос олим Адҳамбек
Алимбеков ва яна бир гуруҳ ижодкорларнинг ҳамроҳ бўлишини эшитгач,
иккиланишни бас қилдим. Эрталаб поезд вокзалининг жанубий вилоятларимиздан
бири Сурхондарёга элтадиган бекатига барвақт етиб бордим.


Йўлда йўл ахтариб


Кун совуқ бўлишига қарамай, кўнгилга яқин ижодкорлар йиғилганимиздан димоғ
чоғ. Сен юр, сен тур дея бир-биримиздан ўзиб, йўл бўшатиб, купеларга жойлашдик.
Кўп ўтмай қаторлар жойидан силжиди. Пойтахтнинг таниш манзаралари секин
ортда қола бошлади.
Ижод аҳли, шогирдлар даврасида яйраб кетадиган устоз Муҳаммад Али бундай
сафарларни кўп кўрган. Унинг ҳиммати билан мўъжаз столчамиз бир зумда безалди.
Купени юмшоққина нон, яхна гўшт, олма-анор ҳиди тутди. Яхшиям, ёши улуғ
адибимизнинг фарзанди аржумардлари Камронбек отасига йўлдош бўлиб чиққан
экан. У бизни иссиқ ва аччиқ чой билан таъминлаб турди. Ахир шонли тарихимиз
борасидаги сермазмун суҳбат, ўткир мулоҳазалар авж олиб улгурган, чой ёки сув
қидириб бу даврадан бир нафасга ажралиш ҳеч биримизга ёқмасди.
Шу ўринда битта эскартма. Дарҳақиқат, ўша куни суҳбатимизда ҳам кўп бор
таъкидланганидек: бу миллат, бу қавм қачонлардир умум дунё тамаддунининг тамал
тошини ўрнатди. Бугунги ёшларимизнинг қон хотирасида боболаридан мерос ўша
тафаккур, яратувчанлик истеъдоди ҳануз жўш уриб турибди. Зеро, бошқача бўлиши
мумкин эмас. “Маънавият карвони”, “Китоб карвони”, “Маърифат улашиб” каби
лойиҳалар, зиёлилар билан учрашувлар, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни
тарғиб қилиш – улар генидаги беркиниб ётган шу ички имкониятларни очиб
юборишга хизмат қилса, ажабмас. Йўл давомида бунинг бошқа йўллари ҳам тилга
олинди, турли фикрлар янгради. Қизғин суҳбат билан бўлиб, ер юзининг сайқали
Самарқанд шаҳрига етиб келганимизни билмай қолибмиз. Вагон кузатувчисининг:
“Самарқанд! Самарқанд! Тезлашамиз, тушиб-чиқадиганлар йўлини тўсмаймиз…”
деган овозидан сергакланиб, бўлма дарчасидан бўйладик. Шунда вокзал
чироқларининг сарғиш ёғдусида кезинаётган лайлак қор парчаларига кўзимиз
тушиб, қувониб кетдик. Қор соғинчидан ичиккан дилларимизга эрк бериб, беихтиёр
болалардек қийқириб юбордик!..


Анойи деманг бизни…


Поезд Денов туманига етиб келганида соат кундузги ўндан ошганди. Йўл,
барибир, йўл, толиқиш бор. Тезроқ меҳмонхонага жойлашсагу, оёқ чигилини ёзсак,
кейин режа бўйича ишга киришамиз, деб турардик. Бизни бекатда Республика
Маънавият ва маърифат марказининг Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Наргиза
Раҳматуллаева ва деновлик машҳур ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими Тоштемир Турдиев бошчилигидаги бир гуруҳ мезбонлар
қарши олди. Шунда Наргизахон режадан ташқари бир таклифни айтиб қолди.
Унда кун тартибини Денов туманидаги 79-умумий ўрта таълим мактабидаги
ёшлар билан учрашувдан бошлашимиз муддаоси бор эди. Ўзаро фикр алмашиб,
Адҳамбек Алимбеков билан иккимиз мактабга, Муҳаммад Али эса конференция
материалларини бир сидра кўздан кечириб олиши учун меҳмонхонага борадиган
бўлдик. Йўл-йўлакай енгил уловда шаҳардаги бунёдкорлик ишларини кузатиб
кетдик. Шахсан ўзим бундан олти-етти йил илгари ҳам бу туманда бўлганман.
Ўтган вақт ичида Денов жуда ўзгариб кетибди. Илгари катта қурилишлар
фақат пойтахт ва вилоят марказларида бўларди. Эндиликда ободонлаштириш,
кўкаламзорлаштириш тадбирлари туман ва қишлоқларга ҳам кўчган. Баланд ва
кўркам бинолар, ҳашаматли иншоотлар чекка ҳудудларда қад ростлаши ажиб бир
намуна бўлгулик…
Мактаб залига йиғилган ўқувчиларнинг қий-чуви узоқданоқ эшитилиб турарди.
Шериклар бир-биримизга маъноли қарашиб олдик. Чунки ҳар биримизнинг
хаёлимизга ўша қадрдон болаликдаги шўхликларимиз, мактабда кечган ўт-олов
йилларимиз келганди. Қачонлардир биз ҳам ўқитувчиларимиз бирор йиғилиш бор
деса, улар каби қочишга баҳона ахтарардик. Лекин у вақтлар шоир ёки ёзувчининг
пойтахтдан чекка мактабларга бориб, ўқувчилар билан суҳбатлашиши камёб ҳол
эди. Мактабга кириб борарканмиз, учрашув, йиғинларда болалар катта иштиёқ
билан кўнгилли бўлиб ўтирмаслигини ўйладим. Худди хаёлимдагини уққандек,
Наргизахон: “Болаларимиз турли феълли. Ораларида ўйинқароқ, насиҳатни
малол оладиганлари ҳам йўқ эмас. Буларнинг баъзилари спортчиларгагина
қизиқади. Шунинг учун…” деди хижолатомуз. “Хотиржам бўлинг, биз асли кўнгил
овчиларимиз. Қолаверса, мен фақат катталарга эмас, болалар учун ҳам шеър
ёзиб тураман” дедим хижолатнинг ўринсизлигига шаъма қилиб. Шундай дедиму,
ўзимнинг кўнглимда ҳам андак хавотир ғимирлаб қолди.
Залга кириб бордик. “Секингина қуённи расмини солишмасин” дегандек, олди
қаторга шўх, “қулоқсиз” болаларни ўтирғизиб қўйишибди. Буни уларнинг ўзини
тутиши ва олазарак назарларидан тезгина пайқадим.
Адҳамбек ака катта ижодкор, олим одам, нафақат адабиёт, тарих, балки бошқа
соҳаларнинг ҳам билимдони. Катта аудиторияларда маъруза ўқиб юрмаганми, сўз
беришлари билан дарров болаларни қизиқтирадиган маълумотларни қалаштириб,
ҳаммани сеҳрлаб олди…
Менга навбат етганда, секин ўрнимдан турдим. Бир-икки оғиз гапдан сўнг,
шеър ўқидим. Адабиётга қизиққан ўқувчилар кўзлари ёниб тинглади, саволлар
беришди. Менинг эса эътиборим кўпроқ олдинги қатордаги алпкелбат, Наргизахон
айтгандек, ўз кучига мафтун, панду насиҳатга тоби йўқ болаларда.
“Мана бу олд қаторда ўтирган ёшларга қаранг! Дунёга донғи кетган Сурхон
полвонларининг давомчилари эмасми булар? Балким уларнинг назарида биз
шоирлар, олимлар сўздан бошқани билмайдиган, спортдан анча узоқ одамлар
бўлиб туюлаётгандирмиз. Бу ёшларимиз эртага ўз йўлини топиб, машҳур инсонлар
қаторидан жой олишларига ишонаман. Ўшанда бир вақтлар кўришганман деб,
фахрланиб юриш учун бир сўрашиб қўяйлик!” деб, минбардан пастга тушдим.
Улар билан бир-бир кўришиб, суяги йирикроқ бирига қўл узатдим. У ҳам каттагина
кафтини кафтимга босди, босди-ю, қўлини маҳкам тутганимдан саросимага
тушди. “Қани, куч синаймизми, қўлимни қайир-чи, полвон” дедим мен. Шу асно
қўл жангида қўлланадиган бир усулни ишлатдим. Бу усулда рақиб қалтис ҳаракат
қилса, қўли синиб кетиши ҳеч гапмас. Йигитча ҳаракат қилиб, оғриқни дарров ҳис
қилди ва ҳайрат билан жилмайди.
Йигитнинг елкасига қоқиб қўйдим. Ва ҳали минбарда бошлаган фикримда
давом этдим: – Болалар, куч ҳаммада бор. Биз ҳам ёшликда спорт билан шуғулланганмиз.
“Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар” дейди халқимиз. Бугун дунё заковат,
билим ва маърифат билан забт этилади. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш
мумкин. Атомнинг кучини ўтин ёришга сарфласак, ҳозирги тезкор, глобал замонда,
айниқса, нодонлик бўлади. Демак, вақтингизни илм олишга, тил ўрганишга,
ахборот коммуникация технологияларини эгаллашга сарф қилинг. Спорт сизни
жисмонан баркамол этса, билим дунё бойликлари қулфини очишга ёрдам беради.
Ижод аҳли орасида ҳам жисмонан кучли инсонлар кўп бўлган, фақат улар
бутун қувватини фойдали ишларга сарф қилганлар. Масалан, жаҳон адабиётининг
буюк намояндаларидан бири Байрон 1810 йилда Геллеспонт бўғозидан сузиб ўтиб,
ҳаммани лол қолдирган. Ёки Хеменгуэй нафақат Америка бўйлаб, балки Африка
сафарларида ҳам шер, буғу, фил овлаган. Бу машғулотдан мақсади табиат билан
сирлашиш бўлган. Ана шу овлар таассуроти тарзида “Африканинг яшил тоғлари”,
“Килиманжаро қорлари” асарларини ёзган. Ёхуд ўзимизнинг Паҳлавон Маҳмуд
бобомиз полвонлик бобида ниҳоятда машҳур эди. Аммо уни бутун дунё пурмаъно
рубоийлари, ҳикматли сўзлари орқали билади. Ҳа, ёшлар, илм ва ижод аҳлини
анойи деманг!..”
Шундан кейин сездимки, болалар билан орамиздаги аллақандай бегоналик
девори қулади. Улар биз билан ўзгача кайфият ва ҳайрат ила мулоқотга киришиб
кетишди, биргаликда суратларга тушиш, дастхат қўйиб беринг дейишлар
бошланди…

“Буюк Амир Темур мероси – келажагимиз асоси”


Мактабдан чиқиб, Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига йўл
олдик. Термиз давлат университети Денов филиали негизида Самарқанд давлат
университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ташкил этилган
экан. Айнан шу йўналишларда ўқишни истаган туман ва қўшни ҳудуд ёшлари энди
вилоят марказига қатнамайдилар. Бу яхши имконият, албатта. Лекин энг қизиғи,
институтга бошқа вилоятдан келиб ўқиётган талабалар ҳам кўп экан.
Соҳибқирон Амир Темур меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва келажак
авлодларга етказиш мақсадида ташкиллаштирилган илмий-амалий конференция,
гап бошида айтганимдек, айнан шу олий ўқув юрти даргоҳида бўлиб ўтди.
Темур шахсини фонд раиси Муҳаммад Алидек ўрганган ва Соҳибқирон ҳаёти,
фаолиятига доир ҳар бир воқеа-ҳодисани рақамлари билан батафсил айтиб бера
оладиган мутахассис кам топилади. Устоздан унча-мунча тарихчилар ҳам ортда
қолади бу борада. Темур ва темурийлар ҳақида кўплаб роман, достон, драмалар
ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчиси буюк аждодимизнинг давлат бошқарувидаги
адолатли тамойиллари, жанг қилиш услубининг ўзиги хослиги, маданият, санъат,
адабиёт соҳаси вакилларига бўлган ғамхўрлиги, бунёдкорлик, ободонлаштириш
ишларига эътибори ҳақидаги мулоҳазаларини шундай қизиқ тарзда ифода этдики,
бу маълумотлар нафақат талаба ёшлар, балки биз конференция қатнашчиларини-да
ром этганди. Айниқса, Соҳибқирон бобомизнинг Чағаниёнда бўлган пайтларида
рўй берган воқеалар ҳаммамизга янгилик бўлди. Адиб шунчаки ўзаро суҳбатлар
чоғида ҳам Темур шахсиятига тааллуқли янги маълумот бера олади. Бу мазкур
конфереренция маърузаси эса жиддий изланишлар самараси сифатида қабул
қилинди. Бу далилларни эсда сақлаш, ҳаёт сабоғи сифатида ҳеч қачон унутмаслик
ҳар биримиз учун ўта муҳим эди…
Сафаримизнинг биринчи кунидаёқ бир олам таассурот олиб, кейинги кун
режасини муҳокама қилдик.


Дилоромнинг жасорати


BBC нашри эълон қилган маълумотда, 2024 йил учун дунёнинг эътиборга молик
юз нафар энг нуфузли ва фаол аёллар рўйхати шакллантирилган. Улар орасида
деновлик Дилором Йўлдошева ҳам бор. Ҳаммамиз унинг Президентимиз томонидан
“Мардлик” ордени билан мукофотланганини эшитганмиз. Сафаримизнинг эртаси
куни мезбонлар мана шундай матонат эгаси бўлмиш юртдошлари билан бизни
яқиндан таништириш, аниқроғи, у билан бироз мақтаниш ниятлари борлигини
айтишди. Дилором Йўлдошева яшайдиган маҳалла кўчасига кириб борарканмиз,
қишлоқ кўчасининг яхши таъмирлангани эътиборимни тортди. Аммо бу асфальт
айнан Дилоромнинг шарафига янгитдан тўшалганини кейинроқ маҳалла фаол
ларидан эшитиб, шахснинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида ўйга толдим.
Кўксида “Мардлик” ордени порлаб турган Дилором Йўлдошева бу эътирофларга
том маънода ўз иродаси, жасорати билан эришди. Бахтсиз тасодиф туфайли икки
оёғидан айрилган муштипар аёл аввалига тушкунликка тушади. Аммо вақт ўтиб, бу
фожиа умр поёни эмаслигини англайди. Янги ҳаёт бошлаш учун ўзида куч топади.
Олти ойлик муолажалардан сўнг қайта оёққа туради ва бир йил ўтмай тикувчилик
ҳунаридан фойдаланиб, мўъжазгина цех очади. Жамиятга машҳур тадбиркор аёл
сифатида қўшилади. Бугунги кунда у ўнлаб ҳамқишлоқ қиз-жувонларни иш билан
банд қилиб, буюртмачиларга турли бичимдаги кийимлар тикиб бермоқда.
Биз Дилоромхон билан елкама-елка ишлаётган хотин-қизларнинг фикри
билан қизиқдик. Уларнинг эртанги кунга бўлган дадил ишончидан руҳландик,
ҳаммаларига омад тиладик. Дастхатларимиз битилган китоб ва журналлардан
совға қилиб, Сариосиёга қараб йўл олар эканмиз, “Ўз матонати билан” юртининг,
қолаверса, ўзбек аёлларининг неларга қодирлигини дунёга кўрсатиб қўйган
Дилоромга дилларимиз хайрихоҳ эди.


Балиқ сайли


Сир эмаски, Сурхондарё мамлакатимизда табиати энг бой вилоятлардан
саналади. Унда тоғу дашт ҳам, дарё ва кўллар ҳам кўп. Қайси бир туманга борманг,
ўзига хос манзарага дуч келасиз. Сариосиё эса вилоятнинг энг чекка туманларидан.
Биз у ерда Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг яна бир факультети
ёшлари билан учрашдик. Ижодий мулоқотимиздан сўнг бир гуруҳ талабалар билан
Себзор маҳалласида ташкил этилган “To‘palang fish” балиқчилик фестивалида
иштирок этдик.
Тўпаланг дарё Ҳисор тоғ тизмасининг жанубий ён бағридан бошланади.
Сурхондарёнинг энг серсув ўнг ирмоғи. Узунлиги 117 километр. Дарё асосан
қор ва музликлар сувидан тўйинади. Энг юқори оқими Сариосиё ёки Қорасув,
сўнгра Талишуш деб аталади. Унга Ғовасой қўшилгандан сўнг Тўпаланг номини
олади. Дарёнинг бир қанча ирмоқлари бор. Дарё водийсида ёнғоқзор, арчазор ва
яйловларни учратасиз. Мана шу гўзалликнинг ўзидан кўз қувнайди. Тоза ҳаводан
тўйиб-тўйиб нафас оласиз.
Йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳларни мафтун этадиган тоғли ҳудудда алпинизм
ва ҳайкинг, этно ва тоғ туризми, от ва эшакда сайр қилиш, квадратциклларда
айланиш каби хизмат турларини ривожлантириш мўлжалланмоқда. Табиат қўйнида
ўтов уйлар барпо этиб, меҳмонларнинг тоғ қўйнида қолиши учун етарли замонавий
шароитлар яралмоқда. Ривожланиб бораётган этно туризм ишқибозлари учун ҳам
Сариосиёда бир қатор қулайликлар мавжуд. Буни гастрономик туризм борасида
ҳам айтиш мумкин. Айни пайтда хонбалиқ етиштириш мақсадида ҳавзалар барпо
этилган. Сайёҳлар ҳавзаларда сузиб юрган балиқларни мириқиб томоша қилиши,
овлаши ва ундан турли таомлар тайёрлаши мумкин.
Балиқчилик фестивалида иштирок этиб қозон бошида ошпазларнинг пазандалик
маҳоратини кузатдик, турли балиқ таомларидан тотиб кўрдик. Халқимиз сайлсевар.
Фестивалга янада шукуҳ бағишлаган фольклор жамоаларининг чиқишларидан
завқландик. Шу асно бизни Тўпаланг дарё соҳиллари бетиним ўзига чорлаб
турарди.


Тўпалангдаги тўпаланг туйғулар


Айқириб оқаётган Тўпаланг дарё. Унинг қишдаги жамоли нақадар гўзал! Соҳил
бўйида давра қурган уч авлод вакиллари – ижодий жамоа, институт профессор
ўқитувчилари ва талаба ёшлар сувнинг шиддат-шаштига тикилган кўйи азим дарё
ҳайбатидан ҳайратланардик. Гарчи ҳаво салқин, аммо юракларда бир ўт, бир олов
гуриллайди. Устоз шеър айтишни бошлади. Сўнг мушоирага талабалар қўшилди.
Бирин-кетин ўқилаётган шеърларда эса юртга ошиқлик, Яратганнинг бетимсол
мусаввирлигига ҳайрат, тинчлик-осойишталикка нисбатан шукроналик туйғулари
алоҳида қабариб турарди…

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil