Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Қаҳр

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД – 1951 йилда туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими. Унинг “Ҳовли этагидаги уй”, “Паноҳ”, “Оромкурси”, “Сўроқ”, “Соф
ўзбекча қотиллик”, “Маҳзуна”, “Ибн Муғанний”, “Ёлғизим – Сиз”, “Кўз қорачиғидаги
уй”, “Жажман” асарлари, шунингдек, “Ҳижроним мингдир менинг” қисса ва ҳикоялар
тўплами, “Бозор” романи нашр этилган. “Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари”
хотира-эссеси ва “Журналист бўлмоқчимисиз?” рисоласи, “Чаёнгул” киносценарийси
муаллифи. А. Рюноскенинг “Расёмон дарвозаси” ҳикоясини, Т. Пўлатовнинг “Етти
ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам” романини ўзбек тилига таржима қилган.


Бу қаттол савол кўнглининг нигоҳ етмас пана-пастқамида қачон кўз очганини
сира эслолмади. Қурмағур, тўсатдан аниқ-тиниқ, лўнда савол бўлиб туғилмадида, ўзи. Дастлабига шарпа, кўлага тусида пайдо бўлди – эътибор бермади, ғойиб
бўлганди ҳам, бир енгил тортган жойида тағин қорасини кўрсатиб, бош кўтариб
қолар, қўл-оёғига кишан ургудай важоҳатда исканжага оларди.
Анча вақтгача писанд қилмай юрди, сўнг “ўтар-кетар” деган ўйда кенглик
қилди – арқонни узун ташлади. Бир-икки қур касалхонада даволанди, ўзини яқинсирдош тутиб юрадиган номдор дўхтирлар билан маслаҳатлашди ҳам, буларнинг
натижасида кундалик хапдорилари орасида янгидан-янгилари “болалади”,
ҳамишалик ош-овқатидан, индаллосини айтганда, маза-матраса кетди!
У учига чиққан батартиб-интизомсевар одам эди, отаси темирчи ўтган, ўзи ҳам
отасининг паноҳида улғайган эмасми, иродаси темирдек қаттиқ эди, ўйлаганидек
яшайдиган, яшаганидек ўйлайдиганлар тоифасидан эди, шу боисдан ҳам илмини
сув қилиб ичган профессорлар чизиб берган йўл-йўриққа қаттиқ риоя қилди,
“парво қилманг, бепарво ҳам бўлманг” қабилидаги, “аслида бу ҳеч қандай касаллик
эмас, турмуш тарзи, холос” қабилидаги ярми ҳазил-ярми чин, ярми илмий-ярми
чўпчакнамо ақл-нақллар борасида обдон бош қотирди, обдон мулоҳаза юритди.
Яшаш тарзини ётиш-туришдан тортиб то ёзув-чизув, емак-ичмакка довур тагтугидан ўзгартириш ҳаракатига тушди. Бироқ, кунлар кетидан ҳафталар, ҳафталар
изидан ойлар ўтиб бормоқдаки, бир-биридан нодиру доно неки кори хайр амалларни
адо этмасин, муолажалар эмига тушиши у ёқда қолиб, аҳволи ўнгланмаётгани,
яъни, ичидан ўтаётгани ёлғиз ўзига аёнлаша борди.
Ана шу ўй, шу кайфият тўлқинида кутилмаган, фавқулодда офат юз берди.
Бу офат унинг тасаввур оламида, юрагининг нигоҳ етмас пучмоқларида тўфонга
айланди: бордию, бу инжиқ ва “арзанда” дарднинг тиббиётга, шифокорларга,
хапдорию ош-овқатга мутлақо дахли бўлмаган ўқ илдизлари кўмилиб ётган бўлсачи?! Эҳтимоли йўқ эмас бунинг!
Қаттиқ ўйлади, бошқалар тугул, ўзини заррача аямади, зеро, у нафақат
бошқаларга, ўзига ҳам шафқат қилган одам эмас, ҳақиқат тантанаси учун қаҳр
қиличини ялонғочлаб чиқишдан тоймас эди.
Офатга, тўфонга ўхшатди-я! Бу “кашфиёти” ҳақида ҳеч бир бандага оғиз
очолмаслиги, фақат ўзи, “ўз ёғига ўзи қоврилиш” дегандек аҳволда туғилажак
кўндалангдан-кўндаланг саволларга бир бошдан ўзи, ёлғиз ўзи жавоб топишга
жазм этгани офат ёки тўфон бўлмай, нима?!
Адоқсиз савол, адоқсиз мулоҳаза, адоқсиз жавоблар учун эса фақат ва фақат
ёлғиз қолмоғи… ҳозирги шароитида ёлғиз қолмоғи душвор, у ахир кимсан фалончиписмадончи донгдор адиб, қаерга борса, иззат-ҳурматда, айтгани-айтган, деганидеган, аҳли адабиёт ўхшатиб таърифлаганидек, адабиёт манфаати йўлида қаҳри
мўл, истеъдоди чарақлаган ёшлар ҳимоясида эса меҳри дарё устоз, маслаҳатгўй, ҳар
қандай шароитда жасоратли сўз айтишга қодир ҳақпараст-ҳақгўй инсон! Аммо…
Қизиқ, казо-казо шифокорлар машварат чақириб, не ниятларда уни олис
Масковга йўллашаётганидан кўзда тутилган мақсад-муддао бир тараф, у эса, ўша
ёқларда кўнгли, хаёли ичига уя қуриб олган фақат ўзигагина таниш ва маълум
ўша қаттол савол хуружидан халос бўлармиканман, деган илинж бир тараф бўлиб
турганди.
Тонг саҳарда самолётга минди, ҳатто кузатиш учун отланган аёли – кампиршога
ҳам рухсат бермади, “Чиқмай қўяверсинлар, Масковга жўнаётганимдан ҳар ким
хабар топмасин, ими-жимида кетволай. Ҳамшира ҳамроҳ бўлиб боряпти”, деди унга.
“Ҳар ким” деганда ичидан ўтганини ўзи билади, очиғи, вужудига уя қуриб олган
баттолни, “ими-жимида” деганида ҳам яқин ёр-биродарларнигина эмас, боши
тепасида чўқморга айлана бораётган ўша хира пашша-саволни кўпроқ назарда
тутганди.
Хомтама бўлган экан…
Аввало, унинг учун махсус “брон” ажратилган хос касалхонадан жой
топилмагани таъбини тирриқ қилди. Ҳозирча у ерда бўш жой йўқ, деган важни
пеш қилиб, вақтинча манави палатада ёта туринг, дея овлоқ бир касалхонага
жойлаштиришди. “Манави палата”сига қадам босиб кирди-ю, капалаги учди. Бу
қандай майнавозчилик?! Кимсан, ўзбекнинг машҳурдан-машҳур, довруғи етти
иқлимга таралган пешқадам адибини-я?! У табиатан миннатвозликдан йироқ одам,
илло, гина-кудуратни йиғиштириб қўйиб, очиқчасига айтар бўлса, озмунча хизмат
қилдими? Ҳаёти мобайнида чизган чизиқларидан чиқмади, ахир?!
– Вера, – деди ҳамширага, ўкинч аралаш тутақиб, лекин босиқлик билан, –
мени зудлик билан Тошкентга олиб кетинглар. Айтинг, даволамай қўя қолишсин!
Бугуноқ қайтиб кетамиз!
Атоқли адиб баҳонасида Кремл касалхонасидаги шарт-шароитларни кўриб
қолиш орзусидаги ҳамширанинг шундайига ҳам тарвузи қўлтиғидан тушган, нима
қилишу қандай қарорга келишини билмас, Тошкентдан самолётда ёнма-ён учиб
келишгунга қадар чурқ этмаган адиб, мана, кутилмаган касалхона ва абгор бир
палатага келиб тушганида аччиғини яширолмаётганидан мутаассир эди.
– Хўп, – деди у дами ичига тушиб, – фақат бир қур кўрикдан ўтказмай жавоб
беришмайди. Бу ерда ҳам шифокорлар анча тажрибали…
“Пешқадам адиб” алами ичида, тишини тишига босди, бу етмагандай,
кўрсатилган каравотга узала тушган заҳоти хомтама бўлганини – олис юртга
жуфтакни ростлагани билан ич-этини кемираётган савол исковуч итдек лўкиллаб,
изма-из етиб келганини пайқади. Бу алам олдида яра-чақа-ю суртма дорилар аралашқуралашидан ҳосил бўлган қўланса ис анқиётган палатанинг равиш-рафтори ҳеч
гап бўлмай қолди. Касалларнинг иккитаси нурсиз-мазмунсиз нигоҳини шифтга
қадаганча шалпайиб ётибди, иккитаси ўрин-кўрпаси устида оёғини осилтириб
кавшанибми, кавш қайтарибми, ўтирибди, иккитаси ёстиқдан майдонча ясаб,
қартавозлик билан машғул.
– О, седой друг, распологайся. Мы еще живы! И жить будем долго!1
– деди
қартавозлардан бири ёқимсиз, палағда товушда шанғиллаб.
Адиб бу сингари хашаки луқмаларга жавоб қайтарадиган кайфиятда эмасди. У
оппоқ, момиқ ёстиққа бош қўйган замони қаншаридан бир қарич юқорида узу-ун,
адоғи кўринмас ёлғизоёқ йўл, йўл узра эса булутгами, суви қайнаган човгумнинг
тумшуғидан кўтарилаётган буғгами ўхшаш бир тутам ғубор жилваланиб кўринди.
“Ўша, чалғитолмабман… Наҳотки, жўнаб кетаётганимни ўзим сездириб қўйган
бўлсам?! Ким унга чипта олиб берди?” …Топган “шўртанг” пичинги ўзига ёқиб,
лабининг бир чеккаси билан кулимсиради.
Хира ва баттол савол унинг мусофир юртда якка-ёлғиз қолганини пайқаган
шекилли, “Э-энди сенга кўрсатаман!” дегандек, унинг боши ичига биқиниб олган,
қистовга олиб, уни жавоб топишга ундар эди.
Савол миясига тирғалди дегунча у беихтиёр хотира дарёсига ғарқ бўлар, гўё
саволнинг жавобини (эҳтимол, жавобларини) хотира қатларидан топадигандек дам
бажонидил ўйга толар, дам хуноби чиқиб, жони ўртаниб-ла кетар, аралаш-қуралаш
туйғулар, кечинмалар гирдоби унинг жисми-жонига очиқдан-очиқ зуғум қилишга
ўтаётганди.
“Ҳаёт” деганлари бошдан-охир ғурбатларга тўла саволдан, жумбоқдан иборат
экан: у нима-бу нима? У ким-бу ким? Нега ундай-нега бундай?.. Жавоб топа-топа
умр ўтганини билмай қолди-я! Қуюқ, қора сочи пахтадай оқарди, укпардай майин
тортди-мўртлашди, сийраклашди. Охирги палла қўтир бўлган қари серканинг
жунидай дувва-дувва тўкила бошлади…
Қирқ йил қалам тебратди. Қирқ йил ҳаловат бермаган адиблик қисмати энди ёши
бир жойга етган маҳал унинг ҳаётни тўғри йўлга буриши учун яраб қолар ахир?!
Тўғри яшаш… Бунчалар оддий, бунчалар жўн тушунчага арзирли талқин
тополмаётгани… Шу ёшга етганда-я?! Нима, у эгри яшадими? Ўзганинг тузнамагига кўз олайтирдими? Нафси ҳаккалак отдими?.. Наҳотки, паймонаси тўлган,
ҳисоб-китоб мавриди келган бўлса?!
Кимса борки, паймона тўлмасдан бурун, ақл-ҳушидан айрилмай туриб
очиқчасига, тантилик билан ҳисоб-китоб учун етарли куч-қувват жамғариб қўймоғи
зарур экан! Акс ҳолда…
Нима “Акс ҳолда?!” Неча қайта ўзини тошойнага солиб, назардан ўтказди.
Синчиклаб кузатди. Ботинидаги тетиклик сўнмаган, сийратига тепчиб турибди.
Салобати ўша-ўша, демак, ҳали-вери аллақаёқдаги саркаш ва шаккок саволга таслим
бўладиган анойи-ландовур эмас! Ҳаётнинг ўт-оташ чўғидан узилмаган товасида
қоврилган одам у. Шунчалар қоврилганки, сиртида сезилмаса-да, ичи-вужуди қатқат қорайиб, куйиб кетган. Юмшоқроқ қилиб айтганда, обдан тобланган-пишган.
Ҳа, у ўзи ўхшатиб тасвирлаган Бабар, Қобил бобо ёки бошсиз Фахриддин эмас!
Қаҳҳор – у, Қаҳҳор!
Билак томирига суқилган осма укол дорисининг томчилашидан кўз узмай ётиб,
кўнглига бир шумлик оралади – оромига човут солган бетийиқ саволнинг дам
ўнг-дам сўл биқинидан, дам усти-дам остидан ўтса, уни чалғитса. “Чап бериш”,
“чил бериш” деган гаплар бор-ку, эпи топилар, деди. Шу халқона ҳикмат эпкинида
нажот шарпаси жилва сочгандай кўринди. Афсус, чандон уринмасин, саволнинг
туси ўзгармади, аксинча, туси-турқи ўзгармас савол унинг тусини ўзгартирди.
1
Ў, оқсоч дўстим, яхшилаб жойлашиб олсинлар! Биз ҳали тирикмиз! Ва ҳали узоқ яшаймиз! (Рус.)
У бошини асабий силтади, қадрдон ва садоқатли чамбарак айвонли шляпаси
бошига малол келаётгандек туюлди, бундан чиқди… У табиатан ниҳоятда синчковзийрак эди – айлана соябони кенггина ғарбона “дўппи”нинг вазни бошига
сезилаётгани бежиз-беҳикмат эмас, демак, шу ҳам бир ишора, белги, аломат.
Демак… Ранги қум ўчган, гезарган, юпқа лаблари қимтилган, бироқ шу ҳолида ҳам
ҳовурдан тушмай, тешиб юборгудай важоҳатда бир нуқтага тикилганича… унинг
ўткир нигоҳига дош беролмаётган дарахт япроқлари пистон милтиқда мўлжалга
олингандек “жонланиб”, чирт-чирт узилиб ерга тўшалаётганди…
Узоқ қиш совуғига дош берган япроқлар кўклам бўсағасида дарахт шохларини
тарк этишга маҳкум, бошқа иложи йўқ. Совуқ олдими, бас, япроқ яшил япроқлик
ҳолатидан оёқ остидаги хазонлик ҳолатига ўтади. Хазонга қўшилган япроқнинг
умри тугади ҳисоб, одам эса япроқ сингари йўқлик сари юз тутиб кетаверадиган
жондор ё махлуқ эмас, у тиришади-тармашади, сўнгги лаҳзаларга қадар чиқмаган
жондан умид узмайди…
Бошидан кечяпти, кўряпти. Кўзи илинди дегунча болдири музлайди, буни сезган
заҳоти бармоқларини ишга солиб чимчилашга, кафти билан уқалашга тушади.
Болдири ўрикнинг данагидек-данагидек тош тўлдирилган хотинларнинг пайпоғига
ўхшайди – оғриқнинг зўридан қўл теккизиб бўлмайди, сўнг, ҳаракатлари зое
кетиб, томир тортишади. Оғриққа бас келиш кўйида лабларини тишлайди, тишини
тишига босганида оғзининг ичида бир машина қум-шағал ағдарилгандек шовқин
эшитилади, инграйди, нақ аясини кўргандай бўлади.
Ҳозир эса уйғоқ, касалхона ҳовлисининг чеккасида, қуюқ қайинзорга термилиб,
ғужғон ўйнаётган хаёлларининг жиловини тутолмай ўтирибди. Ватандан, ёрбиродарлар, ижоддошлар, шогирдлардан йироқда. Ёлғиз.
Кўз ўнгида қотган баҳорий совуқ манзарадан кўнгли тубига аллақандай илиқлик
кўчиб ўтди, бироқ алдоқчи-шум илиқлик ўша замони музга айланди. Муз қиличнинг
тиғидек кескир, найзадек учли эди.
“Чўкаётган одам хасга тармашади”… Шу гапни овоз чиқариб айтганди, тишлари
қамашиб, оғзининг бир чеккасидан оқиб тушган сўлагини тутолмай қолди. “Мен
чўкмайман! – деди у енгининг чеккаси билан лабини артиб. – Қаҳҳор чўкадиган,
дуч келган оқар сувда ғарқ бўлиб кетаверадиган анойи эмас!”
Шу пайт, орқадан – палата деразаси томондан эшитилган ҳамшира аёлнинг
мулойим, лекин уч кунда меъдасига тегиб улгурган таниш овози милтиқдан узилган
ўқдек хаёлини тўзғитиб юборди:
– Ўртоқ ёзувчи! Қон топшириш вақти бўлди!..
2
Уйда ҳам шу аҳвол. Касалхонада ҳамширалар ўз ҳолига қўйишмайди, уйда
эса аёли айланиб-ўргилади. Гўё уни еру кўкка ишонмай авайлашади, ўз ҳолига
қолдиришмай, меҳрибонлик кўрсатишади. Ўзининг назарида эса… жонини
эговлашади.
Кампиршо тушмагур уккидан-да сезгир ва ҳушёр эмасми, чоли “иҳ” десаямдемасаям пайқайди, кўкдан тушган фариштадек теграсида пайдо бўлади, бошини
дам ўнг-дам сўл кифтига қийшайтириб, иккала кўзини лўқ қилиб синовчан
термилганича қотади. “Қув бўлмай қол! Жон таслим қилишимни кутяптимикан?”
деган ўй лип этиб ўтади хаёлининг бир чеккасидан, лекин адиб бу хил мағзи пуч
шубҳа-гумонларини зинҳор тилига кўчирмайди – забони тамомила бошқа гапга
айланади:
– Бунча термилиб қолдилар, кампирак?2
2
Кампирча, маъносида. (Тожикча.)
Умр йўлдоши, ёстиқдошига эмас, қалтисроқ расмий идорадаги хизматдошига
мурожаат оҳангида савол қотади. Ўртада фарзанд бўлмагач, йиллар ўтгани сайин,
ёшидан қатъий назар, хотин – кампирга, эр – чолга айланиб қоларканми, бу ҳувуллаган
хонадонда бирини – “кампир”, “кампирак”, “кампиршо” бошқасини эса – “чол”,
“бобой” дея алқаб-ўргилиш уларнинг икковини ҳам ажаблантирмай қўйганди.
Чол кампирининг нимкулгисидан нигоҳини узмай, ўзича эркалаётгандек уни
тавсифлашга берилади: “Бурунги хушрўйлигидан чорак пайса қолмади-я. Қариди,
афти сояки майиздек бужмайди. Ажинлари ҳам майли-я, иягида яккам-дуккам тук
ўсиб чиққани нимаси?! Ўғри мушук!..”
– Хомуш тортмасинлар…
Аёли шундай деб, нигоҳини олиб қочади.
– Сўзсиз… – дея жавоб қилади адиб, синиқ жилмайиб, ясама итоатгўйлик билан,
кампиршонинг мунчоқдек-мунчоқдек кўзларидан тайинли маъно уқмай. – Сўзсиз…
Яқин-яқиндан лапанглаб одим ташлайдиган бўлиб қолган аёли оёқ оғриғини
унутиб, зинадан пилдираб пастга энади, зинапоянинг ярмига етган жойида бир зум
тўхтайди-да, юқорига қулоқ тутади. “Сен шохида, мен баргида” деган нақлни ўзи
учун шиор қилиб олган адиб буни ўтирган жойидан пайқайди, “Ўғри мушуклиги
шу-да!” дея мийиғида жилмаяди ва оғзидан бирон “лутф” чиқиб кетармикан деган
илинжда уни пойлаётган кампирини доғда қолдириб, ич-ичидан тўфондек отилиб,
бўғзига пўртанадек тиқилган сўзларнинг биттаси тугул, яримтасини ҳам тилига
кўчирмайди. Бунинг сабаби чуқур, бениҳоя чуқур, зеро, бу хонадонда, оила барпо
бўлган кундан эмас, дақиқалардан бошлаб ўрнатилган темир интизомга биноан
бирон сония, бирон лаҳза тилга эрк берилмайди – асло, зинҳор, абадулабад пилдир
пис, гулдир гуп! Ҳалалангу лангу лангам, Ҳалалангу лангу лангам3
.
Яхшиям, жавон тўла китоб бор. Китоблар жонига ора киради. Китоблар
ҳошиясидаги ёзувлар – муаллиф ва китоб номининг ўзиёқ хаёлни минг ёққа
олиб қочади. У аста қад ростлайди, бир-бир одим ташлаб, жавонга яқинлашади,
ойнаванд эшикларда ўз аксини кўради – келишган қадди-басти, кўркам қиёфаси,
жиддий нигоҳи, келбати олдида жавонга терилган китоблар тўсатдан мунғаяди,
бир-бирининг пинжига кириб кетгудек талвасага тушади, бир қарашда мулойим,
лекин таг заминига ўзгача бир синчковлик ва таҳдидга бурканган шафқатсиз ва
беҳис нигоҳга дош беролмай, ҳатто бири олиб-бири қўйиб нола чеккандек, инграб
юборгандай туюлади. “Ёздингми – қўрқма, қўрқсанг – ёзма!” дейди пичирлаб ва
шу заҳоти ич-ичидан куч олган заҳарханда кулгини босолмай, деярли сас чиқармай
шивирлайди: “Шундайку-я… Илло, қўрқмай ёзаман!” деганлардан бирортаси омон
қолдими?! Гирдобнинг тубсиз ўпқонида тиғи парронга учраб кетмадими, яхши-ю
ёмони бир гўр бўлиб?!”
Айрим муаллифлар номига нигоҳи тушди дегунча кўз ўнгида бамисоли кино
тасмаси айланади. У айниқса Ёзувчилар уюшмасини бошқарган маҳаллари жамики
шоирман, ёзувчиман деганларининг ижодини синчковлик билан ўрганган, ҳаётиумр йўлинигина эмас, кимлар билан ош-қатиқ бўлган, қандай ва қай тоифадаги
адиблар этагини тутган, қай давраларда нималар деб “ваъзхонлик” қилганигача,
алжиганигача, хуллас, қаерда ва қай тариқа нафас олиб-нафас чиқарганигача,
битта қўймай, миридан-сиригача ўрганган… тафтиш ўтказган, муҳокамага тортган,
тегишли жойларга тақдим этилган тегишли хулосаларга тегишли тартибда имзо
чеккан. Вазифаси, лавозими шу тариқа қалб амрига айланган. Лекин, орадан неча
қовун пишиғи ўтди ахир. Бундайин хос юмушларини йиғиштирганига ўн… ўн икки
йиллардан ошди. Чамалаб кўрса, қарилик, унга қўшилиб манави инжиқ-пандавақи
хасталик аломатлари ўшанда – ўша хизматлари мукофоти ўрнида, ўшалар эвазига
“тортиқ”, “ҳадя”, “эҳсон”, “иона” қилингандек…
3
Ғафур Ғулом мисраси.
Ана, кўриб турибди, жавон ойнасидаги акси кун сайин ўзгармоқда: наҳотки,
бунчалар тез?! Қайда қолди бурунги кўркам салобат, маҳобат, ҳайбат? Қадди
чўкибди, кифти ихчам тортган, кумушдай оппоқ сочи сийраклашган, кўз нури
ҳам ҳаминқадар. Инон-ихтиёрини буткул ишғол этган саволнинг жавобини топса,
бўладиган хулосага кела қолса эди! Ҳа-ҳа, шундагина манави дардисар касаллик
билан муроса йўлини топар, беором кўнгли сокин тортар, поёнига қараб жадал
яқинлашаётган кунларида, улгурганича, чимдим бўлсин, савоб амалларга қўл уриб
қолармиди…
Кулимсиради. Хаёлидан кечган ўйлари ўзига эриш туюлди. Афсуслар беҳуда,
надоматлар беҳуда, зеро, хотирага айланган ҳеч бир воқеани эндиликда ўзгартириб
бўлмас, ўтган ишга саловот, деган тасалли ҳам кўнглини илитмай қўйганди. Зотан,
ўтган ўтди, кетган кетди, дегудек бўлса, мана, ўша ўтган-кетганларнинг бари
унинг бутун жисми-жасадини ҳў-ў-ў, “қайтар дунё” номли тегирмон гирдобида
хазон япроғидек пирпирак қилиб айлантирмоқда, гангитмоқда, энка-тинкасини
қуритмоқда…
…Зинадан лапанглаб тушиб, кўздан ғойиб бўлган кампиршо кўп ҳаялламай,
янаям қаттиқроқ шох ташлаб, инқиллаб-зинқиллаб чиқиб келди. Адиб ҳисобини
олиб қўйган – аёли ўн бир поғонали зинанинг олтинчисига етганида бир зум нафас
ростлашга одатланган, нафас ростлагач эса, зумда пиллапоя тепасида пайдо бўлади.
Ана, тўхтади, тин олди ва бир қўлида финжон тўла қайноқ қаҳва, иккинчисида учтўрт чақмоқ оқ қанд солинган жажжи ликопча тутганча, қораси кўринди.
– Қанча қанд соладилар, ихтиёр ўзларида…
Адиб бир чимдим меҳрибонона лутфни ҳам ўзича талқин қилади: “Қандни кўп
қўшиб, бир балога гирифтор бўлсанг, айб ўзингда” демоқчи…
Айб ўзимда бўлмай, осмонда бўлармиди, туршак, ернинг қаърида бўлармиди!
Бу хусусда шубҳа-гумон ортиқча, илло қаердан, не сабабдан ёпишди менга бу
дарди бедаво?! Шунинг ҳисобини қила оладиган мардум борми, ён-атрофида,
дунёда?! Саломатлиги қачон ва қай тариқа панд еди – бу бир муаммо бўлса,
кейинги муаммо-гумони бундан-да оғир – ҳаёти мобайнида қўл урган нораво
амаллари эвазига товон сифатида раво кўрилдими, унга бунча азоб-уқубат? Қайтар
дунё, тақдири азал деганлари шумикан, ёхуд, ҳой, мардуми доно?! Ҳамма бало… у
ўйини ўйлагунига, кўнглини хушнуд айлагувчи бирор тайинли қарорга келгунига
қадар хасталик зўриқмоқда, бунинг оқибатида бу ёруғ дунёнинг ҳою ҳавасларидан
шунчалар беҳафсала бўла бормоқдаки!..
Беҳафсалалик!..
“Бу касаллик аломатларини қачон пайқадингиз, неча йил бўлди?” Қайси дўхтирга
йўлиқмасин, бари тўтиқушдан тарқаганми, нима бало, шу саволни такрорлайди.
Ичида, “Ҳаммангни оғзингга холвайтар!” деб бир ғудранади-да, сўнг ҳушига
келганини айтади: уч йил, беш йил, ундан кўпроқ, дейди. Аслида, ўша, айтди-ку,
анави хос юмушларни йиғиштирган, одош қилган йиллардан бошланмадимикан,
бари томоша?..
…Қайси қишлоқда қўним топишмасин, дадасининг боши ҳақоратдан чиқмади,
дов-дастгоҳига қўшиб рўзғори – бола-чақасини қувғин қилишди. У гўдаклик
чоғларидан дадасининг юриш-туриши, одамлар билан муомаласини кузатди, уни
тушунганча тушунди, тушунмаган жойлари бўлса ажабмас, лекин унинг учун
дадасидан зўр одам йўқ эди оламда. Айниқса, оила Қўқонда яшаган кезларида
дадаси ҳафталаб бадар кетар, момақалдироқдай гулдураб, туйқусдан пайдо
бўлганида эса қўлидан қўймайдиган милтиғи Абдулланинг эсини оғдириб қўяр
даражада ҳаваслантирарди. Тепаси учли, пешонасида қизил юлдуз тикилган сентр
шапка кийиб келганида аяси шўрлик шайтонлаб қолаёзди, эрини большовойлар
сафида ғазовотчи-босмачиларга қарши қурол кўтаришдан қайтариш умидида яқин
жигарларини бошлаб келди. Дадаси эса гап уқмади, билганидан қайтмади. Аксинча,

“Ҳар куни ёғлиқ-ёғлиқ овқат олиб келганимда ҳайрон бўлмадинг, бу овқатлар
қаёқдан келаётибди, деб бир оғиз сўрамадинг, энди шапкамдан жирканасанми?”
деб хотинининг устидан кулди. Қаҳр аралаш масхаралаб кулди.
Абдулла дадасига ҳаваси келиб яшади, унга ҳаваси келиб улғайди. Дадаси эса
ленинча, большовойча, сталинча эътиқодидан бир одим бўлсин юз ўгирмади.
Дадаси большовойларга қанча ишонса, у дадасига шунчалик ишонди. Дадасининг
айтгани рост, ҳаққи рост, ахир оддий темирчининг оиласини очлик, хўрлик ва
муҳтожликдан большовойлар халос этди. Улардан юз ўгиришни эса нонкўрлик
деб билди, Абдулла. Бироқ, ҳаётнинг сертўлғоқ, тўзонли тўфонлари остида омон
қолиш…
…Саҳармардон эди. Қўққисдан эшик тақиллади. Бехосият тақиллади. Қаҳҳор
чиқди, эшикни очди. Хос хизмат зобити Нурлини кўриб, капалаги учди.
– Уйимиз куйди!
Ҳе йўқ, бе йўқ бу совуқ хабар оёқ-қўлидаги жонни суғуриб олгандай бўлди.
Қайтиб сўрашга тили айланмади. Сўрамай деса, қулоқларига ишонмади. “Нима
гап?” деган маънода кўзларининг ола-куласи чиқди.
Нурлининг оғзидан қўланса ароқ иси гупурди. Афтидан, у заҳри қотилни бош
кўтармай, бўкиб ичган, илло, ҳарчанд ичмасин, маст бўлмаган эди.
– Югур, қоғоз-поғозингни битта қолдирмай ёқ! Ҳозироқ!
Бу гапни эшитган Қаҳҳор турган жойида тиккасига қулаб тушаёзди. У миқ
этмади, тағин “Нима гап?” деган маънода сўлжайиб нигоҳ ташлашдан бошқасига
ярамади.
– Сталин капут!.. Мен келмадим!.. Мени кўрмадинг!.. Мендан эшитмадинг!
Уқдингми, писател-ль?!
Эшик кесакисига елкаси билан беҳол суянган Қаҳҳор суратга айланганди, на
вужудида жони, на бошида ҳуши қолди.
Сталин капу… ўлди?! Бўлиши мумкин эмас, у ўладиган одам эмас!.. Ичган
ароғингга тупурай, Нурли!.. Уйимиз куйдими?! Шу шум хабар чин бўлса,
миллионлаб сталинчилар, минг-минглаб қаҳҳорлар нима қилади? Сенга ўхшаш
ифлослар-чи?! Қандай кун кўради? Қандай нафас олади?!
– Ҳеч ким йўқ, азонлаб кўчада нима қилиб турибсиз?
Қаҳҳорнинг қулоғи том битганди. Аллақаёқдан эшитилган савол такрорланди:
– Ҳеч ким йўқ. Азонлаб… Сут совуб қоляпти, юра қолинг.
Қаҳҳор базўр ортига ўгирилди. Изига қайтаётган Кибриёнинг ортидан қарадида, тилига келган калимани айтишдан ўзини тиёлмади:
– Кўзимдан йўқол, қарға!..
Шу қадар ғазаб ва нафрат билан айтдики, товуши ичига тушиб кетди, зум ўтмай,
овозини чиқариб эмас, ичида айтганини ўйлаб, пича енгил тортди, кифтини эшик
кесакисидан узди, оёғига жон кирди.
Ўша дамда оёғига югурган жон бир йўла унинг қонига йўқ ердаги касалликни
қориштириб юбормадимикан?.. Ҳозир “гуллаб”, “ҳосил”га кира бошлаган дарднинг
чигитлари ўша тонг палласи унинг қонига уруғ бўлиб қадалмадимикан?..
Қаҳҳор шошиб қолди. Ланжликнинг пайти эмас. Уйининг кулга айланишидан
асраб қолишнинг бирдан-бир қалови – қўлига қалам олди. Ёзди: “Доҳийнинг
яна бир марта нафас олиши учун ҳар бир совет кишиси бутун умрини беришга
тайёр”, деган сўзлар битилган марсияномаси “Қизил Ўзбекистон” газетасининг
қўшсаҳифасида босилди. Унда ҳали тупроғи совумаган марҳумни “башар қуёши”га
менгзади.
Дўппи тор келганда қаловини топиш мана шунақа бўлади!
У алкаш зобитни қайтиб кўрмади, кўрмаса, сатқаи сар, асл исмини билмаса-да,
“Исмингга ҳам, кличкангга ҳам, турқингга ҳам!” дея бўралатиб сўкди, сўкингани
сайин енгил тортди, ундан батамом қўлини ювди. Фақат, ўзгаришлар шиддатини
қаранг, ишни дўндирдим, дея қувонч ила осмонга ирғитган дўпписи қўлига қайтиб
тушиб улгурмай, тақдирнинг сертикан таёғи Қаҳҳорни, унга қўшиб жамики
шўровачча қаҳҳорларни қумпарчин қилди-қўйди: комфирқа шу чоққа қадар
замину самода мисли йўқ даҳо сиймо деб ҳисобланган Сталиндек валломатнинг
ғайриинсоний ёвузликларини астар-аврасигача фош қилиб, достон қилиб ташлади!
Тамом! Тамом! Тамом!
Ароқхўр Нурлининг айтгани, мана энди, рост чиқди: ана энди уйига ўт кетиши,
уйининг, уйига қўшилиб ўзининг кули кўкка соврилиши муқаррар!
Қаҳҳор ҳаётда бунчалик каловланмаганди. Энг оғир дамларда ҳам бу қадар
эсанкирамаганди. Инсон ва адиб сифатидаги эътиқоду ақида ва тутумлари
бўладими, мақсаду маслаги бўладими, ҳаммаси суянчиқдан айрилди, кунпаякун
бўлди. Ўзига қўшилиб, қалами, қаламига қўшилиб ўзи синди. Темир деворга
урилган бошидан эмас, боши урилган девордан садо чиқди. Бу бўғиқ садо остида
омон қолиш, мўлжални тўғри олиш уқубати унга ниҳоятда оғир тушди.
…Қонига қадалган офат, хасрат чигитлари ҳеч бир хатосиз бир текисда гуллабяшнаб униб чиқиши ўша кезларга тўғри келмадимикан?..
Э, ана-а, жаноблари, деб юборди адиб тўсатдан ҳушёр тортиб, ўзига ўзи. Топди!
Топилди! Ҳаммаси, ипидан игнасигача маълум бўлди-қўйди!
Гап бу ёқда экан. Хос шифохонада даволаймиз деган чиройли важ билан
ватандош казо-казолар боплаб ўзларидан соқит қилишди, Масковдагилар эса гўё
яхши ниятда Тошкентдан чақириб олишди, “Ўзимизнинг одам, ўзимизнинг бемор,
ордер ҳозирлансин!” деган шошилинч хабарларни ўз қулоғи билан эшитди-да,
шунинг ўзидаёқ кўнгли тоғдек кўтарилди, далда олди, илло… энди, мана, бундан
чиқди, шу тобда ҳисоблаб кўрса, “ўзимизнинг одам” қиёфасидаги хизматларини
йиғиштирганига ўн беш йилга яқинлашаёзибди. “Ўзимизнинг бемор”лар рўйхатирўйхатларидаги исм-шарифининг, хос “тахаллус”ларининг устидан қалин қора
чизиқ тортилганига ҳам шунча вақт ўтибди. Хос касалхонадан бўш жой топилмагани
боиси мана шу! Кимдир алмисоқдан қолган қоғозларга кўзи тушганми, ҳовлиқиб,
“ўзимизнинг одам, ўзимизнинг бемор” деб юборган, самолёт Тошкентдан шўролар
пойтахтига етиб келгунига қадар эса адибимиз аллақачон дов-дастгоҳини
йиғиштиргани – у қалтис даргоҳда тариқча ўзгариш назар-эътибордан четда
қолмайди, шунга биноан, мана ман деганлари ҳам ё у ёқлик-ё бу ёқлик қилинади – у
собиқлар, нокераклар, дахмазалар сафига ўтказилгани аниқлангач, бунинг оқибати
тайин, яъни хос шифохонага қарашли “Тез ёрдам” машинаси “манави палата”ли
касалхона томон бурилган, вассалом!..
– Қанча қанд соладилар, ўртоқ бобой, ихтиёр башумо…
Сукунат кўзга кўринмас устунига айланган хонадонда беозоргина, ҳатто
маҳрамона айтилган қисқа ушбу калом ҳам ғалати эшитилади: жарангламайди,
қулоққа баралла кирмайди, балки айтилган заҳоти жавонни лиқ тўлдирган китоблар
орасига, девордаги адибнинг бундан ўн йил бурунги сурати туширилган чўғдек
қизил гиламчага сингиб-сўрилиб кетади.
– Ихтиёр… Ихтиёр…
Икки бора такрорлаган сўзида нимани назарда тутди – ўзи ҳам билмади,
нотайин аҳвол-руҳияда сўзлар ҳам нотайин чиқар экан-да. Бундайига, дурустроқ
ўйлаб кўрса, айтган сўзида маъно йўқ эмас – “Ихтиёр саволда!” дегани бу. Ҳа,
шундай, унинг бутун инон-ихтиёри бошини дам ўнг-дам сўл, дам тепа-дам пастдан
пармалаётган саволда!
…“Узилди” деган сўз кимнингдир ҳаётдан кўз юмганини англатади, лекин, алкаш
Нурлининг баногоҳ ташрифи оқибатида Қаҳҳор ўлмай туриб ўлди, яъни, узилди,
фақат ўзини ўнглаб олгунига қадар бўлар иш бўлган – саломатлигига тузалмас
иллат уруғи қадалиб улгурганди.
18 Шарқ юлдузи
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
Ҳарчанд уринмасин, хаёлидан ўша хотираларни сиқиб чиқаролмади. Яна ва яна
кўз ўнгидан ароқхўр-алкаш Нурлининг рухсори нари кетмади. Тўғри, у бўш келмади.
Қаловини топди. Газетага босилган таъзияномаси ўша тузалмас иллатнинг уруғини
қуритгандек бўлиб турганди, тўсатдан, кутилмаганда навбатдаги зарбага рўпара
келди. Айтди-ку, мўйловдор мустабиднинг жисман ўлими ҳолва бўлиб қолди, ўша
палладаги Қаҳҳор ва қаҳҳорларнинг ҳолати кўкдаги шамол забтига йўлиққан бир
тутам булутнинг, пиёладан аранг кўтарилаётган чой ҳовурининг умридек туссиз,
омонат ва абгор эди.
– Дардингизни олай…
Адиб ичида кулимсиради. Кампиршо қайси дардни назарда тутаётганини ўзи
яхши билади, илло мана шундай маҳрамона ҳамдардлик замирида ҳам икки хил
маъно пинҳонлигидан ғурбат хаёлларга чўмди.
Лоҳас бўлди, ич-ичидан қизиб, вужудидан кўтарилган ҳарорат бетига тепди, зум
ўтмай бадани жунжикди. Ҳамшира яна чақира бошлади. Унинг ҳар сафар, “Ўртоқ
ёзувчи! Муҳтарам адиб!”лаб шанғиллаши қулоғига кесатиқдек, писандадек оғир
ботар, азбаройи кўксига оғриқ туриб кетар, би-ир ўзбекчасига болохонадор қилиб
тузласа, чакаги ўчади-я!..
Касалхонага жойлашиб, ўз ҳолига қолишга улгурмаган ҳам эдики, икки кун
ўтмай тепасида аёли пайдо бўлди. Мудраб ётган экан, тушми ё ҳушми, дабдурустдан
фарқига бормади, зум ўтмай, чираниб бўлса-да, ўзини ўнглади. Кампирак! Сурат
эмас, аниқ маҳраму меҳрибони сийратининг ўзгинаси!
“Қандай қилиб, домлани ёлғиз жўнатдингиз?! Инжиқлик қилиб, бообрў
дўхтирлар дилини оғритиб қўйсалар, бутун Ўзбекистон хижолатга ботади-я!
Бугуноқ етиб боринг, ёнларида бўлинг!” Шу хилдаги гапларни тайинлаб, самолётга
миндириб юборишибди.
– Ҳим? – деган нидо чиқди бўғзидан. – Келдиларми?
– Қўймай жўнатишди. Ўзим ҳам хавотирландим. Самолёти қурсин, лўкиллаб
учдими, нима бало, мазам қочди…
Аёли касалхона яқинидаги хусусий ижарадор қўналғадан паноҳ топибди, ўша
ерда ётибди, кўнгли кетиб. Сал ўзига келсин, тепасидан нари жилмайди, айланибўргилиб, гиргиттон бўлавериб, баттар тинка-мадорини қуритади.
Шанғи ҳамшира етмаётувди!..
Бармоғининг учидан қон топширса, нима, осмоннинг рафтори ўзгариб
қолармиди?! Жавоб ё ундайроқ-ё бундайроқ чиқади, бошқа гап йўқ, касаллик
шаштидан тушмайди, қайтага кун сайин уни қаттиқроқ, аёвсизроқ ҳолдан
тойдиришда давом этади.
Бу ердагиларни зўр дўхтирлар дейишди, қайдам, зўрлиги қайга борарди?!
“Дардингизни олай” деган кампиршо қайси дардни назарда тутиб айтди? Қанд
касаллигини назарда тутдими?.. Истеҳзо ила кулди у. Сабр қил, кампиршо,
умр бўйи, аниқроғи, мен билан маҳрамликда яшаб, кўрсатган дилдошлигинг,
меҳрибонликларинг мукофоти пусиб-биқиниб кутмоқда, ҳозирча оёғингдан
бошлади, ҳадемай, муқаррар ичингга кўчиб ўтади, бир хуруж қиладики, кўз
очирмайди, кўрасан, дардимни олиш қандай бўлишини… Нима ҳам кўрди, мен
билан яшаб, бояқиш!..
– Ўртоқ бемор! Кутиб қолдик! Қон топширишингиз керак, қон, қон!..
“Товушинг ўчсин! Кутсанг кутибсан-да. Сенлар учун озмунча хизмат қилдимми,
умрим поёнига етаётган бир кунда кутсанг, ўлиб қолмайсан, бачағар!”
Казо-казо дўхтирлар хизматига шай туришибди, дори-дармонлар қатор-қатор,
ҳар қалай, хасталикка кўз-қулоқ бўлаётганлар қанча?! Лекин ич-ичида газак
олаётган, ўқтин-ўқтин бетига, юз-кўзига тепчиб чиқаётган кўринмас дардга
шифо топиш ўзининг қўлида, иродаси-қатъиятида, шахсиятида. Ўзинг ўйла,
№ 1 2025 19
Қаҳр
ўзинг изла, ўзинг топ! Илло шууринг, кўксинг ичида, ботинида кечган бош-кети
кўринмас ўйларингнинг ташқарига чиқишига зинҳор йўл қўймаслигинг керак.
Шарт! Мутлақо! Шуурингда, дарди-дунёингда кўмилиб ётмоқликка маҳкум улар,
тушундингми, ўртоқ бемор, кўмилиб?!
Адиб: “Ичимдаги лаҳадга кўмилган, лаҳадга! – дея хаёлидан кечган ўйларини
ўзича шиббалаб “жойлади” ва толиқдими, бир зум ўтмай бош чайқади: – Фақат,
фақат мана шу лаҳаднинг оғзи очилиб кетмоқда!..”
Ўхшатиши ўзига ёқди, феъли-хўйига, тилига роса мосини топди-да, ўзиям. Мук
тушиб ёзаётган чоғларида ҳеч бир банданинг етти ухлаб тушига кирмаганларидан
топади, қўланса сўзларни. Бигиздек суқиладиган ўхшатишларни топишни
кийворади!..
3
Изтиробга лиммо-лим, лекин мароқли хаёллари тўзғиди, шанғиовоз
ҳамширанинг амрига бўйсуниб ўрнидан қўзғалмоқчи эди, ёнида шарпа пайдо
бўлди. Бетоқат ҳамшира чиқиб келди, ҳозир қўярда-қўймай етовга солади, деган
хаёлда атайин уни кўрмаганликка олди. Бироқ, кутганидек ҳамшира эмас, балки
ёнига ўрнашиб, жойлашиб олган “шарпа” шивирлаб, тилга кирди:
– Мусофир экансан…
У туйқус ўгирилди-ю, ўзига тиккасига мўлтайиб қараб турган бегона
хотиннинг кўзларига тикилганича, гапиролмай қолди. “Бунчалар сулув?! Бунчалар
соҳибжамол?! Нигоҳи… Кўзми, оловми?!” Сарғиш-қирмизи яноқларининг
тиниқлиги, силлиқлиги, айниқса қош-кўзи жодулади-қўйди, ў-ў-ў!..
У тилдан қолдимми деб қўрққанди, қайтиб оёққа туролмайман дея саросимага
тушганди, йўқ, ўзини ўнглади.
– Нима? – деди аранг, ҳушини йиғиб.
– Мусофир, келгиндисан…
“Ўртоқ ёзувчи” бегона хотиннинг тиззасидаги наридан-бери йўргакланган
чақалоқни кейин пайқади. Диққатини жамлолмай қолди. “Соҳибжамол”нинг
эса ғоятда хотиржам, осуда ва босиқ овози қулоғига ҳузурбахш мусиқадай
қуйилаётганди.
– Бир червон қўй, – деди у отасидан пул сўраётган қизалоқдек бийронгина,
мулойим ва тантиқланган товушда, кафтини чўзиб.
Адиб тушунмади.
Туйқус касалхона дарвозаси томонда ғала-ғовур қўпди.
– Пас кетма, червон, дедим, червон…
Қоровул босиб-босиб ҳуштакни чуруллатди. Чўчқадай бақалоқ экан, қўполданқўпол этигини дўпирлатиб, лапанглаб етиб келди-да, “шарпа”га дағдаға қила кетди.
Аёл мутлақо хотиржам, вазмин, ҳатто маҳзун-автода қиёфага кирганди.
– Пулинг мўл… – деди у, янаям босиқлик билан, худди қоровулнинг дағдағаси
унга дахли йўқдек.
– Қаёқдан кириб келдинг?! Ким ўтказди сени бу ёққа?! Чиқ, чиқиб кет, қорангни
ўчир!
– Топганинг ўзингга буюрсин. Ҳой, мужик! Бор-йўғи червон! Кейин…
Чарос кўзлари жодуга тўла лўли хотин ҳамон дарвозабоннинг пўписасига
пинагини бузмади, истар-истамас ўрнидан қўзғалди-да, гўдагини бағрига босиб,
кенг ва гулдор этагини ҳилпиратганча, қоровулнинг олдига тушди.
– Кейин ўзинг афсусланасан, – деди у орқасига ўгирилиб, адибдан суқ нигоҳини
узмай, – аммо мени тополмайсан!
4
– Анализнинг жавоби кўп яхши, дорилар кор қилган-да, – деб палатага кириб
келди опа. – Бирор нарса тотиндиларми?
Дорилар кор қилганми-қилмаганми, сезилганича йўқ, анализ-таҳлилнинг жавоби
яхши чиққанига эса зарача ишонмайди, аёли эса, одатдагидек, далда бўлармикан
деган ўйда, безрайиб туриб лақиллатмоқда.
Йилнинг бошлари эди, эрталаб, ювиниб-таранаётиб тўсатдан чап оёғининг бош
бармоғига кўзи тушди-ю, юраги орқасига тортиб кетди, пайпоқ киймай ҳовлиқиб
чиқди хотинининг ёнига. “Тамом!” деди ўтакаси ёрилаёзганини яширмай, “Мана,
кўриб қўйсинлар, тамом!” деди. Аёли ҳам чўчиб кетди, лекин у ўзини босди,
заррача ҳаяжонланмай шикастлангани яққол кўриниб турган бармоққа атайин
бепарво разм солди.
– Чиба тамом? Нега бунча хавотир? – деди ўзидаги хотиржамликни чолига
юқтириш илинжида, ясама босиқлик билан.
– Матқобиловда ҳам шундай бўлган! Дастлаб бармоғи худди шу хилда шилинган,
аввал қизарган-гезарган, охир-оқибат оёғини тиззасидан…
Кибриё опа гапга топағонликда чолидан қолишмасди.
– Матқобилов қаерда, сиз қаерда?! Кап-катта одам, сиздай ақли расо адиб
шугина бармоқчанинг қизарганидан шунчалар хавотир топдиларми?! Абдужамил
жўрангиз колхозга раис – далама-дала чанг-тўзонда пойи-пиёда юргани-юрган,
сиз уйингизда ўтириб ишлайсиз, бунча хавотир? “Тамом!” дея ваҳима-шовқин
кўтарасиз, уят эмасми?!
Тамомми-тамом эмасми, уятми-уят эмасми, мана, аёлининг ўша кунги ёлғон
тасаллилари эмас, ўзининг фавқулодда хавотири тасдиғини топмоқда. Шунда
ҳам кампирак бўш келмайди, ундай бўлса – бундайига, бундай бўлса – ундайига
алдагани-алдаган: нима бўлса бўлсин, умр йўлдоши – адибнинг кўнглини кўтариш,
унга далда бўларли сўз топиш. Мақсад эса битта – ёлғон бўлса-да, ўхшасаўхшамаса-да, беморга тасалли бериш, уни чалғитиш!..
Ҳозир ҳам одатини канда қилмаяпти – чоли ҳеч вақо тотинмаганини била туриб,
сўраяпти. Ёлғон бўлмасин, бир тишлам юмшоқ нонни тўрт-беш қошиқ сутга ивитиб
ичди. Сут қайноқ, серқаймоқ экан, мойдай ёқди. Шу, холос…
– Ўзларидан сўрасак, кўнгил айниши қолдими? Ухладиларми?
Савол қотишга қотди-ю, лекин бу каби саволларга қайтариладиган жавоб уни
қизиқтирмаётганди. Жавоб бермаса ундан нарига, деб қўйди ичида. У бутун ўйхаёли билан ичига уя қуриб олган, тинмай уни тергаётган саволга жавоб топгиси
келаётган, бунинг учун Тошкентдан шу жойга келиб, ёлғиз қоламан, ҳеч ким билан
гап сотмайман, ўз ёғимга ўзим қоврилиб ётаман, кўпроқ яёв юраман, деб хомчўт
қилганди. Икки кун ўтиб-ўтмай, аёли, аёлига қўшилиб уйдаги аҳвол-шароит кўчиб
келди. Кампири қанчалик астойдил айланиб-ўргилмасин, назарида у чорак асрлик
маҳрамидан қандайдир сир олмоққа уринаётгандек туюла бошлади. Ваҳоланки,
нима сир бор орада, ундан яширадиган? Бўлиши ҳам мумкин эмас! Зеро, оила
барпо бўлган куннинг ўзида темир сулҳ битилган, унга кўра, эр-хотин орасида ҳеч
қандай сир сақланмайди, лекин иккови билган сирдан бошқалар тугул, пашша-ю
хомишак ҳам хабар топмайди!
Ёдида, ҳа, унинг хотираси ниҳоятда пухта, ҳеч нарса ёдидан ўчмайди.
…Театр томошасидан чиқаётиб юзма-юз келишди. Салом-алик, танишув,
билишув. Синашта кунлар, ҳафталар ўтди. Муносабат жиддий тус олди.
– Мен оила кўрганман, – деди Кибриё, навбатдаги учрашув чоғида.
– Менинг икки ўғлим бор, – жавоб қилди Абдулла.
№ 1 2025 21
Қаҳр
Орага оғир сукунат чўкди. Ана шу лаҳзаларда ҳар икки суҳбатдошнинг хаёлидан
озмунча иштибоҳга тўла ўйлар кечдими?! Бирор чимдими тилга кўчгани йўқ.
– Оила кўрган бўлсам, шумо мардак…4
– Бир марта эмас, ўн марта кўрган бўлсангиз ҳам, қарорим қатъий!
Кибриё ялт этиб қаради, йигитга. Унинг тим қора кўзлари тунги гулхан чўғидек
ўтли эди. Ортиқча гап-сўзга ўрин қолмади. Кибриё бошқа сўз очмоқчи эмасди ҳам,
шунга қарамай, аёллик туйғуси зўр келибми, ғудранди:
– Бачалар…
Абдулла чўрт кесди:
– Боланинг ўгайи бўлади, аммо хотиннинг ўгайи бўлмайди!
Бу нима дегани? Икки ўғлимни қўявер, сен мен учун ўгай эмассан, деганими?
Ёки катта ёзувчилар шу тарз тагдор фикрлайдиларми? Қандай талқин қилсанг,
фаросатингдан кўрасан, демоқчими ёки?..
Кибриё хаёлини йиғиб олишга уринар, бироқ, Абдулланинг ҳар бир гапи
унинг ўйларини баттар тўзғитиб юборар, бирор бир тайинли, арзирли жавоб
қайтаролмаётганини сезаётган эди.
– Ўтмишни титкиламаймиз, – деди Абдулла, тўсатдан, – титкиласак… сизга
шуни айтиб қўяй, менинг гуноҳим ниҳоят даражада кўп.
Ана, холос. Турмуш қуриш ниятида танишаётган, аҳдлашаётган эркак шундай
дейдими? Дангаллик, шартакилик ҳам эви билан-да!
Кибриё бир фикрга келиб улгурмай, Абдулла унинг шундайига ҳам пароканда
хаёлларига ўт пуркади:
– Шу қадар кўпки, ёзсам қоғоз қизаради…
Ҳар қандай қиз ё жувон бундай гапни эшитганининг ўзидаёқ орани очди қилиб
қўя қолар, хотинликка кўнган тақдирида ҳам яна ва яна тахмин, хавотир, шубҳагумонлар чангалига чирмалиб кетган бўлур эди. Бироқ Кибриёнинг зуваласи
тамомила ўзгача пишитилгани шу онларда яққол сезилди. Шартакиликда ёнида
турган йигитдан қолишмаслигини, бир қулфи-дили очилса, Душанбедан Тошкентга
беҳуда келиб қолмаганлиги-ю, Самарқандда кимсан Айний домладек мўътабар
зотнинг яқин қуршовида яшаётганини бурро-бурро қилиб тушунтириб қўйишга ҳам
шай, истаса, ўзбакий, тожики-форсий, арабий аралаштириб бийронлигини писанда
этиб қўйишдан тоймасди. Афтидан бўлажак куёв билан учрашувга отланган
бўлажак келиннинг янгалари, “Йигитнинг олдида маҳмадана бўлма, тилингни
тий!” деб уқдиришган чоғи ёхуд Абдулланинг қатъияти, қолаверса, тожикчада
тил-забони дурустгина эканлиги унинг шаштини пасайтиргандай бўлди. Бу ёғи,
орадаги “синов” суҳбат-учрашувлари кифоя қилди ҳисоб, энди ҳар қандай саволжавоблару важ-корсонлар ортиқча, рози-ризоликдан ўзга йўл қолмаган эди. Шулар
боис шекилли, йигитнинг даҳшатга солишга лойиқ иқрори унга мутлақо тескари
таъсир кўрсатди. Шаддодликда, тагдор гапиришда йигитдан қолишмаслигини
кўрсатиб қўймоқчидек, тилига келганини қайтармади:
– Гуноҳларни бирга-бирга ювамиз-да…
…У кўзлари юмуқ, аёли ёнидаги курсида, ундан нигоҳини узмай, синовчанхавотир аралаш термилиб ўтирганини сезиб ётибди. Ҳозиргина хотирасида
жонланган манзараларга якун-хулоса сифатида кампирининг ўша тагдор қочириғига
монанд тагдор мутойиба қилгиси келди, шивирлади:
– Гуноҳларни биргаликда ювиб бўлдикми?..
“Гуноҳларимизни ювиб бўлармикан?” деб илова қилмоқчи эди, афсуски, овози
шу қадар заиф чиқдики, Кибриё опа адибнинг нигоҳлари нурсизлангани, ранги
янаям униққани… анча ҳолсизланганига чалғиди.
4
Сиз эркаксиз. (Тожикча.)

5
“Обход” деган сўзни касалхонада ётган кекса-ю ёшга тушунтиришнинг ҳожати
йўқ. Нонушта вақти тугар-тугамас одатдагидек йўлак томондан паст-баланд ғалағовур эшитилди. Бошланди, ҳозир киришади. Профессор кексайиб қолганига
қарамай, дароз бўйи уни анча кўркам ва бардам кўрсатар, беморларга ниҳоятда
эътиборли, касалнинг тепасидан нари кетишга ошиқмай, ҳасрату шикоятларни
бажонидил тинглаши унга бўлган ҳурматни янада оширган эди. Унга эргашган
беш-олти эркак-аёл кишидан иборат оқ халатли “қуйруқ”дагилар ҳам профессорга
тақлид қилишади.
– Проф…ессор дуруст, аҳвол нодуруст…
Кибриё опа илиқ сувда намланган дока билан Қаҳҳорнинг манглайини,
бетларини шошилмай артди, бармоқлари билан оппоқ сочини, сўнг сочидан-да
оқроқ қошини таради.
– Мен ўзи билан алоҳида гаплашаман.
– Нимани гаплашадилар?..
– Алоҳида палатага олсин, кейин, яхшилаб даволасин… Кучлироқ дориларини
аямасин!
Адиб ётган жойида безовталанди, қўлини аранг кўтариб, ”Йўқ” деган маънода
сермади.
– Ҳожати йўқ, – деди, лабларини қимтиб, – асло. Г-гап палатада эмас… Яхши
даволаяпти, кучли дориси ҳам кор қилмас…
Қаҳҳор бирдан ўнг кафтини тиззасига босди, оғриқнинг зўридан кўзларини чирт
юмди, ўнг оёғини силтаб ташлади. Кибриё опа юпқа кўрпа устидан унинг аввал
ўнг, сўнг чап оёғини авайлаб-эҳтиётлаб уқалади, силади. Шу пайт профессорнинг
таниш чеҳраси, унга эргашган шифокорлар, ҳамширалардан иборат “қуйруқ”
чўзилиб кириб келди. “Ҳаммаси бир бўлиб ажабтовур махлуққа ўхшайди” деган ўй
кечди адибнинг кўнглида.
– Ну как состояние у нашего народного писателя? Творческий дух сильнее чем
любой болезни, не так ли? 5
Бемор аранг кулимсиради, “шундай” деган маънода бош ирғади. Профессор
ўзига ярашган жиддийлик ва салобат билан гапини давом эттирди:
– Если действительно так, вы, ваш творческий дух и мы вместе победим вашу
болезнь! Тем более, милая, заботливая супруга рядом с вами. 6
“Обход”нинг муқаддимаси шу билан тугади, профессор вазифасига киришди. У
дастлаб палата шифокорининг ахборотини диққат билан тинглади, сўнг беморнинг
билагига бармоғини босиб, унинг юрак зарбасига қулоқ солди. Кибриё опа
беморнинг оёғи ўқтин-ўқтин қаттиқ оғриётгани, бармоқ учларидан бошланаётган
зирқираш тиззага етаётганини тушунтирди. Профессор нигоҳини беморнинг
оёқ томонига қадаганича тек туриб қолди, гўё чойшаб устидан ҳам оғриқнинг
манбаини, сабабини топа оладигандек чимирилди. Чойшабнинг бир чеккасини
беморнинг тиззасига довур қайирди, сарғиш-кўкиш-қизғиш суртмалар сурилган
бош ва унга ёндош бармоққа қадалди.
– Ҳовлига чиқяпмизми? Пиёда юряпмизми?
– Чиқяпди, озроқ юряпди ҳам…
Қаҳҳор ўлжасини отишга шайланган мергандек бир кўзини қисиб профессорнинг
4 Халқ ёзувчисининг аҳволлари қандай? Ижодий руҳият ҳар қандай касалликдан кучли, шундай
эмасми? (Рус.) 5 Чиндан ҳам шундай экан, сиздаги ижодий ирода ва биз бирлашиб, хасталикни енгамиз! Қолаверса, куюнчак рафиқангиз ёнингиздалар. (Рус.)
6
№ 1 2025 23
Қаҳр
авзойидан нигоҳини узмади, бироқ шифокорларнинг каттаси (ва назарида муқаррар
тажрибалиси!) чурқ этиш у ёқда турсин, на турқи, на бир туки ўзгарди.
“Тўда” қўшни бемор томон силжиди.
Ҳар сафарги “обход” чоғида Қаҳҳор шифокор дўстлари Наби Мажидни, Шабот
Хўжани кўз олдига келтиради. Беихтиёр масковлик профессор билан ўзбек
профессорларини чоғиштиради. Наби Мажид ёш бўлса-да, кўпни кўрган, илми
пухта шифокор, “Абдуллажон ака, энг таниқли врачлар Кремль касалхонасида,
боринг, даволанинг, отдек бўлиб кетасиз”, деб маслаҳат берганди, руҳлантирганди.
Шаботхўжа эса авзойидан унинг Масковга олиб кетишларидан норозидек кўринди,
лекин фикрини очиқ айтмади. Нега ўшанда уни тайинли жавоб беришга ундамади?
Мажбурламади? Айтарди, ахир!..
Кибриё опа беморнинг кўзига қарамасликка ҳаракат қилиб, Қаҳҳорнинг устидаги
кўрпа-чойшабларни текислашга андармон бўлди, чоли эшитиш-эшитмаслигини
фарқламай, ўзича ғудранди:
– Ҳозир, ташқарига чиқсин, гаплашаман.
Қаҳҳор истар-истамас бош чайқади.
– Ўрис, тилини топиб-топиб гаплашиш керак. Талаб қилсалар қилсинлар, лекин
зинҳор ёлбормасинлар.
– Нега ёлборар эканман?! Ўрус эмас. Афташ ба нигоҳ кунед, 7
жуҳуд-ку!
6
Сўраб-суриштирди: дардисар қанд касаллигига дучор бўлишнинг сабаби сон
мингта. Муттасил хавотир, ҳаддан зиёд эҳтиёткорлик, диққинафаслик, тажанглик,
сурункали қаноатсизлик, бетоқатлик, яна… бу каби туйғуларнинг бирортаси бегона
эмас унга. Неча марталаб бошидан ўтган – жони-қонини вайрон қилган Нурли
алкашнинг “хушхабари”ни эсласа, ҳали-ҳануз қулоғига ишонмайди, ичида ғалаён
қўпади – талвасага тушади. Мўйловдор доҳийнинг ўзидан, таълимотидан, руҳидан
батамом воз кечилгани ҳақидаги илк овозалар эса уни тубсиз чоҳга ағдариб, устидан
тупроқ тортди. Нималар бўляпти, ўзи? Осмон юлдузу булутларга қўшилишиб ер
юзига ағдарилиб тушди, деса, ёхуд курраи арз ўз ўқи теграсидан силжиб, терс
айлана бошлади десалар ишониш мумкин, аммо-лекин ямоқчи косиб Жўгашвили
Виссарионнинг баччағаридек беназир даҳонинг руҳини чирқиратиш! Ҳайҳот, қай
гўрга йўқолдинг, Нурли кўппак?!
Унутиб бўладими?! Қўрқмай бўладими?! “Ўйлагандай яшаш ва яшагандай
ўйлаш” деган гапни айтганнинг падарига ҳазор-ҳазорлар лаънатлар ёғсин!
Буни ўзича кашф қилди, кашф қилди-ю, оғирдан-оғир, адоқсиз ўйлар гирдобига
ғарқ бўлди.
Нақ олтмиш йиллик ҳаёт йўлининг у бошидан кириб, бу бошидан чиқди, тафтиш
қилди.
Инсон ҳаётда йўл қўйган ножўя қадамлари, борингки, қайсидир гуноҳлари
эвазига орттириши ҳам мумкин-ку, не-не бало-ю офатларни. Шундай эмасми?..
Худди шундай!..
“Қайтар дунё” деганлар-ку, машойихлар, тўғрими?
А-айни тўғри!..
Бундан чиқди, нима, у гуноҳкор бандами? Тўғри, ҳеч бир банда фаришта
эмас, беайб – Парвардигор. Шундай бўлса-да, тошу тарозига солиб ўлчаб
кўришнинг иложи йўқми?.. Кибриё билан илк сафарги учрашув-танишувлар
чоғида айтган гапини шунчаки, оғзига келиб қолиб, айтганди. “Гуноҳларим
шунчалар кўпки, ёзсам, қоғоз қизариб кетади” …Ўшанда Кибриё худди жуда7
Афтига қаранг. (Тожик.)
жуда оддий янгиликдан воқиф бўлаётгандек ёки бўлажак куёв бўлмишдан бундай
иқрорни эшитишига аввалдан ҳозирлик кўриб қўйгандек пинагини бузмади ёхуд…
Дарҳақиқат, у Қаҳҳорнинг қоғозни қизартириб юборадиган даражадаги ўша
гуноҳларидан бохабармиди?! Унинг қулоғига шипшитиб қўйишганмиди?! Нима
деб, қай тариқа?! Қолаверса… Кибриёнинг турмуш ўртоғидан пинҳон тутилган
сир-синоатлари йўқмиди? Бу саволга ким, қачон, қандай қилиб, қай тарзда жавоб
топади?!
Аҳён-аҳёнда, хаёл қочиб, Қаҳҳорнинг бутун вужуди шубҳа-гумоннинг инига
айланиб кетар, бу ўзига ҳам малол келар, гумон имондан айиришини ўз танасида,
шуурида ҳис этарди. Малол келадими, ҳис этадими-этмайдими, ҳойнаҳой, сут
билан кирган мана шу расво одат бирон дақиқа бўлсин, уни тарк этмади.
…Тўй ҳам ўтди. Келин-куёвликнинг биринчи куни, намозшом чоғи шекилли,
етти иқлимда бандаси кўрмаган-эшитмаган ғаройиб воқеа юз берди.
– Хоним, – деди адиб, – бундан буён кўчага бирга чиқишга тўғри келади, тўймаърака, деганларидек. Адабиётчилар давраси, тадбирлар, гаштаклар дегандек.
Чорак кунлик келинчак гап оҳангидан ҳеч нарсани англолмай, бош кўтариб,
куёвнинг кўзига боқди. Адиб давом этди:
– Ўшандай давраларда сиз билан саломлашиб сўрашадиган эркак зотининг исмшарифини рўйхатга битиб берсалар.
Кибриё ҳамон куёвтўранинг муддаосини англаёлмади.
– Қандай рўйхат? Қандай эркак зоти?
– Диққат қилсинлар, мен такрорлай: тўй-маъракаларда, йиғину анжуманларда
сизга салом берадиган таниш-билиш эркаклар рўйхатини ёзсалар. Танишиб қўйсак.
Мана қоғоз, мана қалам.
Кибриё ниҳоят ҳали маҳрамлик тўшагига бош қўйиб улгурмаган куёвнинг
мақсадини тушунди ва қўлига қалам-қоғозни олиб, остин-устун қилиб ёза кетди.
– Рақамладингизми? Ҳаммасими? Нечта бўлди? Бирортаси ёддан кўтарилмадими? – дона-дона ва бурро-бурро сўради Қаҳҳор, пихини ёрган терговчилар
сингари, хонада вазмин одимлар экан.
– Ҳаммаси. Ўн саккизта.
“Терговчи” у ёқ-бу ёққа юра туриб, рўйхатга ров кўз югуртирди.
– Ҳаммаси, дедиларми?
– Ҳаммаси, – деди келинчак, айб иш устида қўлга тушган ўйноқи хотиндек
гезариб.
– Н. С.ни ёзмабдилар?..
Кибриё ўрнида ўтиролмай қолди. Шошганидан нимадир деб ғўлдиради.
Ўрнидан тура солиб, адибнинг қўлидан варақни юлиб олди ва ҳозир айтилган исмшарифни рўйхатга тиркади.
Кибриё радиода ишлаб юрган кезлари Н.С. деган ёзувчисифат бир барзанги
ўзининг атрофида парвона бўлганларини эслаб, аъзойи баданидан совуқ тер чиқиб
кетди…
…Адиб қалқиб ўрнидан туриб кетаёзди. Кўзлари олайиб, атрофга аланглади.
Аёли кўринмади. Ўзини босди. Лекин ўй-фикри тин олмади, хаёлида гир-гир
айланаётган хотиралар тўфонини тўхтатолмади.
Тўхтамаса тўхтамасин, хаёл гирдоби уни комига тортса тортсин, истаган кўйига
солсин, у бўш келадиган одам эмас, ҳаётда ҳеч бир лаҳза-вазиятда бўш келган эмас,
бандасининг олдида бош эгган ҳам эмас, шундай экан, нима, ўзининг олдида бош
эгиши керакми?! Ўзига бўш келиши керакми?! Бор-йўғи ўзи ҳаётда йўл қўйган
хато-нуқсонларини аниқлаштириб олишни истамоқда, холос. Ахир уни исканжага
олган, унинг жонига азоб бераётган қаттол савол, кун ўтгани сайин, айниқса,
касалликка қарши кўрилаётган чоралар наф бермаётгани ойдинлашгани сайин
ичидаги тахмину фаразлар баттар аҳволини танг қилаётгани тобора равшан тортиб

бормоқда. Эриш туюлмаяпти, балки болалик, ҳатто гўдаклик чоғларидан бу ёғига
кечирган туриш-турмуши, кечмишларидан излаши тўғридек туюляпти, саволнинг
жавобини.
Эсини танибдики, отаси ва аясига эргашиб яшади. Яшадими?.. “Яшадим”,
“яшадик” деб айтиш мумкинми, ўша сарсону саргардонликларни?! Йўқчилик,
қашшоқлик, қарамликни?!
“Журналда чоп этилган мақоламда ёзгандим. Дадамнинг темирчи экани, шу
сабабли оиламиз бир жойда узоқ вақт турғун бўлиб қолмай, бир қишлоқдан иккинчи
қишлоққа кўчиб юрганимиз. Лекин ўша кўчманчилигимиз фақат дадамнинг касби
билангина боғлиқ бўлиб қолмай, бошқа сабаблари ҳам йўқ эмасди. Ўз кўзим билан
кўрган ўша воқеалар, эсласам, эртакка ўхшайди…
Кўчманчилигимизнинг асл сабабини “Ўтмишдан эртаклар”да ёздим. Биттабитталаб, икир-чикир тафсилотлари билан тасвирладим. Дарҳақиқат, бир жойини
ўйламабман – отам бошлиқ оиламиз тирикчилик кўйида қишлоқма-қишлоқ
кўчиб юрган десам, нима сабабдан бошқа темирчилар бошига тушмади бундай
сарсонгарчилик? Уларнинг ҳаммалари ҳам бизга ўхшаб кўчманчилик, дарбадарлик
азобини тортишмади-ку? Биз эса…”
“Мусофир, келгиндисан!..”
Қаҳҳор ётган жойида ирғиб тушай деди. Ким унга бундай деди? Қачон?!
Бирорта шифокор у билан дилдан сирлашмади, палатадошлари билан-ку, узуқюлуқ луқма ташлашлардан нари ўтмади. У ҳолда ким билан яқиндан гурунглашди?..
Ҳеч кимса унинг мусофирлигини писанда қилмади, бетига солмади… Қулоғининг
остида вазмин, ҳатто ғойибдан келаётгандек меҳрли бир товуш дардли оҳанг янглиғ
такрорланди: “Мусофир, келгиндисан…”
Хотирасининг бир чеккасида йилт этиб ёнган шуъладан вужудига шамолдек
енгиллик таралди, чеҳраси ҳам ёришди. “Жўги, маззанг тушмагур!” деб юборди.
Ҳовлида, қуюқ қайинзор томонда ўриндиқда хаёлга ғарқ бўлиб ўтирган чоғи ёнида
пайдо бўлган лўли хотиннинг жоду тўла шаҳло кўзларини қайта кўргандек бўлди,
кўз қарашларига қўшилиб унинг луқмаси хотира қатларини титиб юборди:
“Мусофир, келгиндисан…”
Қаҳҳорнинг чеҳрасида ўзига ярашган нимтабассум жилва берди: “Ўтмишдан
эртаклар”ни ўқигандек айтди-я!”
…Қизиқ, ўзимиз асли қўқонлик бўлсак-да, Яйпанга кўчиб ўтсак, мусофир
ҳисобланамизми? Қўқон мағрибда, Яйпан машриқдамидики, мусофир
дейишга арзиса?! Арзимай-чи! Ўзим ёзибман-ку, ўз қўлим билан: “…бизнинг
мусофирлигимизга раҳми келса керак… Аямга таскин берган бўларди…” Тошкентдан Масковга келган одамни мусофир деса, лўли хотиннинг айтгани жўяли,
ярашади, лекин Қўқондан Яйпанга борганни?..
Бу ҳам майли, лўли хотин жонни олгудек гўзал кўзларини чақчайтириб яна нима
деди? “Келгиндисан!”
Бу сўз ҳам адибга жуда-жуда таниш. Танишгина эмас, уни умр бўйи таъқиб
этган, энди ўйлаб, мулоҳаза юритиб кўрса, жон-жонига игна бўлиб суқиладиган
ҳақоратли сўзлардан бири шу эди.
Дадаси шайтон аравасини миниб бораётганига бехосдан кўзи тушган Олим
буванинг кампир опаси қўрққанидан шайтонлаб, жон берди. Буни Олим бува Худога
солди, даъво қўзғамади, лекин кўчада бораётган паранжили жувон билан бўлган
кейинги можаро Олим бувадек мўмин мўйсафидни ҳам имонидан айираёзди.
Воқеа қандай бўлган денг?
“…Дадам эрталаб дўконга кетаётганида йўлкада паранжили бир жувонни
кўрибди. Паранжининг орқа этагига бир шох янтоқ илашиб бораётган экан,
дадам аёлга етиб олиб, янтоқни босибди. Янтоқ ерда қолиб, хотин дадамга
қайрилиб қарабди-ю, кетаверибди. Бу жувон Олим буванинг эрга тегиб кетган
26 Шарқ юлдузи
қизи экан, паранжисига илашган янтоқдан бехабар, “уста менга тегишмоқчи
бўлиб паранжимдан тортди”, деган хаёлга борибди-да, бу гапни оқизмай-томизмай
отасига етказибди.
Ана, кўринг, ҳангомани!
Бу сафар Олим бува истиҳолани йиғиштирди, оғзига келганини қайтармади.
“Шайтон арава” деди, “Келгинди ит” деди, “Қайтиб юзингга қарасам хотиним уч
талоқ!” деб қасам ичди. Ҳой мусулмонлар, тушунтирай, деб оғиз очган дадамнинг
сўзига ҳеч ким қулоқ солмади. У ҳолда… дадам айбсиз бўлса, нима сабабдан аям
йиғлай-йиғлай, “Бир мўминнинг хотинига кўз олайтиргани уялинг!” дея таъналар
ёғдирди? Нима-а?! Ўша замонда, қишлоқнинг тупроқ кўчасида-я?! Наҳотки,
дадам?..
Ўша тўполон куни кечки пайт Қўшариқ маҳалласига кўчдик. Таъна-маломатлару,
бадном этишлар, ҳақоратлардан кўчиб кетибгина қутулдик.
Яйпанда, Олим буванинг маҳалласидаги болаларга қўшилиб, анча дадилланиб
қолгандим, шу борада орттирган малакам иш бериб, Қўшариқ болаларининг
ўйинига тортинмай-бегонасирамай, дадил қўшилдим. Бироқ…
Бир бошдан айтай.
Намозгарга яқин кўчада болалар чуғурлашиб қолишди. Чиқдим. Болалар
менинг учун янги “Оқ теракми, кўк терак” ўйнашаётган экан. Бу ўйинда болалар
орада йигирма-ўттиз қадам масофа қолдириб икки сафга тизилишар, қўл ушлашиб
туришар, сафнинг бошлиғи қарши сафга қараб: “Оқ теракми, кўк терак, биздан
сизга ким керак?” деркан; қарши томоннинг бошлиғи “фалончи керак” деганда
номи айтилган бола сафдан чиқар экану югуриб бориб ўзини жон-жаҳди билан
қарши сафга урар экан; шунда сафни узолса ғолиб бола мағлуб сафдан бир болани
етаклаб келар, сафни узолмаса, ўзи шу сафда қолиб кетар экан.
Қанчадан-қанча болалар қарши сафни бузиб бола олиб келди, қанчадан-қанчаси
сафни бузолмай қолиб кетди. Орзиқиб кутдим: мени ҳам “керак” деса, мен ҳам
югуриб бориб сафни бузсам, бола етаклаб келсам… Бироқ мени ҳеч ким “керак”
демади…
Ёмон алам қилди. Шунча бола керак, мен эса нокерак! Алам қилганда-чи!..
Исмимни билишмагани учунми? Йўқ, ундай эмас. Керак бўлганимда, ҳой, янги
бола ёки ҳой, янги қўшни деб айтсалар ҳам бўларди.
Иккала сафдаги болалар, уларга қўшиб маҳалла-кўй, унга қўшиб бутун
дунё кўзимга манфур кўриниб кетди. Аламимдан тишимни тишимга босдим,
қаҳрим тилимга кўчди: “Бу мишиқи зумрашаларга кўрсатиб қўяман, шу-ундай
кўрсатайки!..” дея онтлар ичдим, қасамлар ичдим.
Ўзим аламдан бошим қотиб, нима қилишни билмай турибману, кейинги воқеа
баттар ошиб тушди.
Болалар чарчаб, ўйин бузилганда нариги томоннинг бошлиғи – ҳаммадан кўпроқ
шовқин солиб елиб-югурган бола мени пайқаб олдимга келди, менга бошдан-оёқ
разм солди-ю, бирдан:
– Келгинди! – деб ургани қўл кўтарди.
Ортиқ чидолмадим. Бояги аламга буниси қўшилиб, бўғзимдагини ичимга
ютмай, мен ҳам бақирдим:
– Ўзинг келгиндисан!
Бола бир ирғиб рўпарамда пайдо бўлди-ю, калламга қўйиб юборди. Мен жавоб
қилолмай турганимда бошқа болалар ҳам урмоқчи бўлиб менга яқинлашишди.
Калламга тушган муштдан кўра “Келгинди” деган тавқи лаънатга дош бериш
оғирроқ эди. Ўзимни ниҳоятда якка-ёлғиз ҳис этдим. Кейинги лаҳзада қандай
ҳолатлар юз беришини билмай тараддудланиб турганимда малла тўнли новча чол
пайдо бўлди. Ўша чол жонимга ора кирди.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
№ 1 2025 27
Қаҳр
– Қўйинглар, болалар, тегманглар, келгинди бўлса ўзи бўлибдими, Худо
қилган, – деди.
Чол ўртага тушиб, мени калтакланишдан асраб қолганими бу, ёхуд?.. Олим
буванинг “Келгинди ит!” дегани… ҳақорати ҳамон қулоғимда… Бундан чиқди,
вақтида рад этилмаган, жавоби қайтарилмаган ҳақорат умр бўйи сени таъқиб
этаркан. Қулоғинг остида қўнғироғини жаранглатиб тураркан. Олим бувадан
эшитганимиз ҳақоратгина эмас, унинг янаям аянчли, ҳазар қиладиган маъноси
ҳам бор экан. Буни қаранг, новча чолнинг айтишича, бизни кимсан Худонинг ўзи
келгинди қилиб қўйган эмиш… “Ўтмишдан эртаклар”да ёзганим тўғри: чолнинг
бу гапи бошимдан кириб, товонимдан чиқиб кетди… Оёғимнинг бармоқлари игна
суқилгандек ачишаётгани, товонларим лўқиллаб азоб бераётгани олисларда қолган
ўша аламларнинг шода-шода меваси-асоратимикан?..
Асорат… Мусофирлигим чиндан-да Худонинг ишидирки, болалик чоғларидан
бошланган мусофирлик ҳали-ҳануз давом этмоқда. Яйпандан Нурсуққа, ундан
Қудаш, сўнг Бувайди, Толлиқ, Олқор, Юлғунзор, Оққўрғон қишлоқларига кўчдик.
Қайси қишлоққа бормайлик, “Келгинди, мусофир” деган тамғадан қутулмадик.
Тақдирни қарангки, сиҳат тилаб, Масков шифохонасида ётган жойимда Худо лўли
хотинга рўпара қилди, баайни унинг тилидан манглайимдаги тамғани баралла
ўқитиб, асли наслимни бетимга солди. Мен эса… Падарига қусур, ўша лўли тиланиб
сўраган червонни нега берақолмадим?! Башарангга!.. Яна рўпара келармикан?..”
7
Кибриё опа илдам юриб, палатага кирди-да, тўғри бориб, Абдулла аканинг
оёқларига ёпилган чойшабнинг этагини кўтарди.
– Пожалуйста, посмотрите, профессор тоже в курсе! Если…8
Унинг изидан етиб келган оқ халатли, сап-сариқ шифокор аёл опани
тинчлантирди:
– Апа, вы не торопитесь, успокойтесь, возле больного так себя вести не хорошо9
.
– Я поговорила с профессором, он сказал мне лично, что!..10
– Мы в курсе, о чем вы говорили с профессором. Но будем действовать только по
назначению, понимаете? Прошу вас, вы не переживайте, присядьте, договорились?11
Кибриё опа шифокор аёлнинг гапларини хотиржам тинглайдиган ҳолатда
эмасди. Кейинги кунларда у ичига йиғиб келаётган сабр-тоқати тоша бошлаганди.
Адибнинг ярим юмуқ кўзларига хавотир-ла қараб, бутун таъна-маломатлари-ю
гина-кудуратларини тўка кетди:
– Каттасига ҳаммасини айтдим, тушунтирдим. Керакли жойгача борамиз,
бу инсон шу аҳволда қаровсиз қоладиган одам эмас, дедим! Масковнинг энг
зўр дўхтирларини чақиртиринг, энг кучли дориларни келтиринг! Барое холе
вазминашон ба жойи зарур хабар расондан даркор гуфтам, ҳа гуфтам!12
Опа хавотир аралаш алам-аччиғини яширмай, гўё ўзбекчани ён-веридагилар
тушуниб қолади деган ўйда ёхуд бор-йўқ изтиробини тўкисроқ, батафсилроқ,
зардалироқ изҳор қилишни кўзлади шекилли, тожикчага кўчди. Табиатан
мутойибага мойил одам учун тарки одат амримаҳол бўлса керак, Қаҳҳор шу
аҳволида ҳам аёлининг жони бўғзига тиқилиб айтган гаплари орасидан бир
жумласини “узиб” олди.
8
Қаранг, илтимос, профессорнинг ҳам хабари бор! Мабодо… (Рус.)
9
Опа, шошманг, тинчланинг, беморнинг ёнида ўзингизни бундай тутишингиз яхши эмас. (Рус.)
10 Профессор билан ўзим гаплашдим, у шахсан менга!.. (Рус.)
11 Профессор билан гаплашганингиздан хабаримиз бор. Аммо биз қатъий йўриққа риоя қиламиз,
тушуняпсизми? Илтимос, ортиқ ташвишланманг, ўтира туринг, келишдикми? (Рус.)
12 Аҳволи оғирлашгани ҳақида керакли жойга хабар қилинг, дедим! Битта қўймай айтдим! Ҳа,
айтдим! (Тожик.)
28 Шарқ юлдузи
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
– “Керакли жойга” дедиларми? – сўради шивирлаб.
– Нима, керакли жой? Қайси керакли жой?!
– Ўзлари айтибдилару, кампирак. Дўхтирларнинг каттаси билармикан, сиз
айтган керакли жойни? Сиз-чи, ўзлари биладиларми, қаерда эканлигини ўша
керакли жойнинг?
Кибриё опа хўрлиги келганини ҳам унутиб, Абдулла аканинг тагдор саволини
англаб олиш мақсадида диққатини жамлади.
– Керакли жой… Нега билмай?.. – деди-ю, нафаси ичига тушди.
Қаҳҳор жиддийлашди:
– Керакли жой керакли одамларни ҳимоя қилади!
– Сиз керакли эмасми?! Дунёга таниқли адибсиз ахир!
Адиб аёлининг гапларидан энсаси қотди, оёғидаги оғриқ азобига дош бериш
ниятидами, лабларини қимтиди, кўзларини чирт юмди, қошлари чимирилди,
пешонаси тиришди.
– Керакли одам бўлиш бошқа, таниқли адиблик бошқа! Ҳар ерда ҳар гапни
айтавермаслик эса – сиз билан бизнинг қисматимиз, пешонамиз…
Сап-сариқ шифокор аёл, изидан аҳволи оғир беморларни ташийдиган хос
аравачани ғилдиратиб икки йигит кириб келишди.
– Қаёққа?! – сўради Кибриё опа, араванинг йўлини тўсгудек, оёққа қалқиб. –
Аввал менга айтинглар, қаёққа олиб борасизлар?
– Рентген, – деди арава етаклаган кўк қалпоқли йигит, пинагини бузмай.
– И анализ, – деди мулойим товушда шифокор аёл ва адиб томон ўгирилди. –
Придется чуть-чуть побеспокоить вас, уважаемый писатель13.
Адиб ўрнидан туриш мақсадида қўзғалди. Опа адиб оёғига илиши учун
шиппагини ростлади. Қаҳҳор ялангоёқ, “керакмас” деган маънода қўл силтади.
Кибриё опа қалқиб тушди. Адибни уйдан кузатаётганида, Масковга шиппакда
борасизми, мана, туфли кийинг, деганди. Қаҳҳор худди ҳозиргидек қўл силтаган,
“Энди туфлига на ҳожат?” деб хайрлашган, бундан опанинг иримчилиги жўшиб,
ичидан зил кетган, чуғур-чуғурлаб чолига танбеҳ берганди. Мана, яна айнан ўша
ҳолат…
– Нет-не-ет, в рентген придётся поехать, уважаемый, а не пешком идти. Давайте,
ребята, неторопясь и осторожно!14
Қаҳҳор кўзларини катта-катта очиб, Кибриё опага ёлбораётгандай умидвор
қаради. Унинг нигоҳида ҳам қўрқув, ҳам шубҳа, ҳам хотиржамлик, ҳаммасидан
ҳам мавҳумлик мужассам, аравага ётиб, палатадан чиқиб кетса, у ёғи қай аҳволга
тушиши номаълум, ундан-да оғири – ўша аҳволда якка ўзи, ёлғиз қолишини
тасаввур қилолмаётганди.
– Шундай кун ҳам бор экан-да?..
Чамаси у опани, опага айтган сўзи орқали бир йўла ўзини ҳам тинчлантирмоқни
кўзлаган, ночор аҳволда қолган одам сингари юпанч изламоқда эди. Кибриё опа
ўзини қаерга қўйишни билолмай, нигоҳини олиб қочди, кўзёшини яширди. Унинг
рўмолчани ғижимлаб чангаллаган қўли қалтираётганини Қаҳҳор аниқ кўрди.
– Бардам бўлсинлар, Худо ҳар кимни ўз феълига яраша кўйга солади.
– Нима деганингиз бу? Кимни айтяпсиз? Ким айтди сизга бу гапни?!
Адиб дарҳол жавоб қайтармади, инқиллаб-синқиллаб кўк шапкали икки йигит
кўмагида аравага ўтиб ётди, шу ҳаракатнинг ўзи уни толиқтирди чоғи, ранги гезариб
кетди, кўзини юмиб, бир зум тин олди-да, муҳим гапни айтмаса бўлмайдигандек
оҳангда, овозига зўр берди:
13 Муҳтарам адиб, сизни пича безовта қилишга тўғри келади. (Рус.)
14 Йўқ, йў-йўқ, рентгенга яёв борилмайди, олиб борамиз. Қани, йигитлар, шошилмасдан ва
эҳтиётлик билан! (Рус.)
№ 1 2025 29
Қаҳр
– Муродхўжа айтди, – деди у қаёққа ва не мақсадда отланаётганини ҳам
унутиб, – домла Муродхўжа.
8
Наҳотки, шу азобларнинг бари феълимга яраша бошимга тушаётган бўлса?! Бу
қандай феъл? Қачон, қаердан топганман, бу феъл-атворни? Ўзим топганманми ёки
менга тортиқ этилганми, бу дахмаза феъл-атвор? Наҳот, сарҳисоб дамлари етмоқда?
Сарҳисобу нажот истаги аралашиб кетди, ҳар иккала истак уни тинимсиз олис
болалик манзаралари томон олиб қочаётган эди. Ғалат. “Ҳаммаси болаликдан мерос
бўлса-чи? – деди у ўзига ўзи. – Болалик чўпчакка ўхшайди, лекин ўша чўпчаклар
йиғила-йиғила руҳимда-руҳиятимда ўчмайдиган из қолдирган, яъни менинг умр
йўлим тимсолида воқеликка айланган бўлиши ҳам ҳеч гап эмас… Дадам, аям бошдан
кечирган турмуш ташвишларини қандай унутай? “Кунлар ғурбат билан бошланиб,
ғурбат билан тугар эди…” Шундай деб ёзганман. Ўша умргузаронликнинг барчабарча зарбалари хотирамга, тасаввуримга муҳрланиб қолган, мени қаҳри қаттиқ
Қаҳҳорга айлантирган, мендан Абдулла Қаҳҳор исмли ёзувчи одамнинг зуваласини
пишитган ҳам ўша ҳаёт зарбалари, кечмишлари… Чўпчаклари… Мени одамбашара
қилиб тарбия қилган… Тарбия эмиш!.. Эрмакка айлантирган тақдир…”
Адиб ғарқ терга ботди, сув сўраганини билади, лекин сув беришдими, у ичдими,
лабини намлаш билан кифояландими – эслолмади.
Уни олиб киришган хона зимзиё қоронғилик қаърига чўмди. Орадан қанча
вақт ўтганини билмади, ҳатто шунча вақт қоронғи хонада қолдими ёхуд…
Ҳушидан кетмадими?! – хос аравачанинг икки ёнида гирдикапалак бўлаётганлар
кўпайганини пайқади. “Нима бўляпти?” деб сўрашга оғиз жуфтлади, товуши ўзига
ҳам аранг эшитилди. Аранг эшитилгани ҳам майли, жуда-жуда ялинчоқ оҳангда
сўраётгандек туюлди. Нега, нега ёлборишим керак?!
Кимлар булар? Мен учун ким? Мен булар учун ким?.. Бир мусофир бўлсам…
Мусофирлик ҳам отамерос?! Қисмат?! Дадамнинг бошига тушган кунлар!..
Мусофирдан олиб мусофирга, итдан олиб итга солишди, келгинди деб қувғинга
олишди. Лекин бирон марта ҳеч бир бандасининг олдида юкинмади, бўйин эгмади.
Жони темирдан эди дадамнинг! Зўр одам эди дадам!..
Ўша замонда темир одам бўлиб яшаш осон эмасди. Дадам оддий ҳунарманд
бўлса ҳам, фикрли одам эди. Эҳтимол, ўз фикрига эга бўлгани сабабли ҳам, қаерга
бормайлик, уни чиқиштиришмади, у, унга қўшилиб оиламиз на қишлоққа, на
одамлар орасига сиғди. Рўзғорни тебратиш кўйида бошини урмаган жойи қолмади.
Бу тарз яшашдан тўйди, шу қадар тўйдики, одамлар ҳаётини ўзгартиришга
қаратилган ҳар қандай янгиликни жон-жон деб қабул қилди, уни қўллади. Бўғзигача
эскилик ботқоғига ботган оми халқ эса ҳаётда юз бераётган янгиликларни қабул
қилиши ниҳоятда оғир кечди. Дадам янгилик тарафдори эди. Қўлига милтиқ
тутган бўлса, одамларни отмади, у чувринди яшаш тарзини, омиликни ўққа тутди,
қашшоқликка қарши ўт очди…”
– Руки опустите, руки15.
Қаҳҳор тепасида турган ҳамширага қаради, қўлини унинг ихтиёрига бературиб,
ҳамширанинг оғиз-бурни чирмалганига эътибор берди. Қаерга олиб киришди уни?
Нима қилишмоқчи? Профессор кўринмади. Чиндан ҳам рентгенга солишмоқчими?
– Анестезиолог!
Адиб бу сўзни эшитган, билади, лекин шу тобда унинг қандай вазифадорлигини
эслолмади. Аланглади, тўрт нафар шифокорнинг биттаси оқ халатда, қолгани
эса кўкиш рангли халатга чирмалган, тўртови ҳам афтига ниқоб тортганига
ҳайрон бўлди. Уларнинг бўй-бастини қиёслаб, профессорни топишга уринди.
15 Қўлингизни туширинг, қўлингизни. (Рус.)
Профессорнинг кўз қарашларида нимадир бор, ўзининг хаста танасида оқаётган
қондаги иллатнинг бир учи мана шу катта дўхтирнинг тийран нигоҳлари тубига
чатишгандек умидвор изланди… Беҳол аланглади. Лаҳаддек шу қоронғиликда, шу
алфоз ётишида унинг учун энг яқин ва ишончли нажоткор – жуҳуд профессор эди.
“Шаботхўжани чақиртирсам бўларкан, зудлик билан етиб келса, ёнимда турар,
манави еттиёт бегоналар қўлига қараб қолмасдим! Кибриё!..”
Адиб аёлининг исмини айтиб чақириш одати йўқ эди, қолаверса, Кибриёни
бу ерга киритишмаган. Касалхонани бошига кўтараётгандир. Бундан чиқди… Ҳа,
“анестезиолог” деган сўзнинг маъноси ёдига тушди. “Рентгенми-операцияхонами?
Нима қилмоқчисизлар, ўзи?” деб биронтасидан сўраш истагида оғиз жуфтлади,
лекин хона одам одамни танимайдиган даражада қоронғилашди.
– Йўғ-е?! – деб юборган эди, овози ғўлдираб чиқди. – Наҳоки, интиҳо онлари?..
9
– Уйни қулфлаб келганмилар?
Қаҳҳор узоқ ва оғир уйқудан уйғониб оғзидан чиққан биринчи айтган сўзи шу
бўлди. Хомушлик ва уйқусизликдан эзилиб, бошини кўксига осилтириб ўтирган
Кибриё опа сапчиб тушди.
– Лабай! Уйни?! Қулф урилган, ҳа-ҳа! Нимайди?
– Кутубхона-чи?
Опа ҳушини йиғди, у адибнинг кўз очар-очмас ёғдираётган саволларига
ҳайронлигини яширмади.
– Омонликда кўришганимиздан қувонайлик, шу тобда кутубхона… китобларга
ким ҳам тегарди?
Қаҳҳор палатани, қўшни беморларни… одам зотини кўргиси келмаётгандек
ҳамон кўзини очмай, сас чиқармай, қўлини тебратиб, опани ёнига чорлади. Опа
унга томон энгашиб, қулоғини динг қилди.
– Шаботхўжани айттирсалар, қанча тез етиб келса, шунча яхши…
– Хўп, – деди опа бошини “маъқул” оҳангида тебратиб. – Ўзим ҳам шуни ўйлаб
ўтиргандим.
Адибнинг сочидек оқарган манглайида, юзида йирик-йирик тер томчилари
ўрмалашга тушди.
– Яна… – деди у чираниб. Сўзини бошлади-ю, жим бўлди. Айтар истагини ўйлаб
олдими ёки уни айтишга етарли куч жамладими, ҳар қалай, нафас ростлагачгина
тағин опани имлади.
– Айтаверинг, – деди опа кафтини қулоғининг ортига “девор” қилиб. –
Эшитяпман.
– Элчига айтинг, ёрдам берсин.
– Сизгами? Даволашларигами?
Адибнинг афти буришди, ичидан норозилик отилиб чиқишига йўл қўймай,
ғудранди:
– Шуҳратни чақиртирсин… Ёзувчи Шуҳратни…
Кибриё опа чолининг муддаосини тушунмади, тушунмаса-да, маъқул деган
ишорада бош ирғади. Қошиқчада чой тутди. Унинг хавотири аримаган, бунинг
устига, адибнинг кутилмаганда ёзувчи Шуҳратни тилга олгани уни янаям
довдиратиб қўйганди.
– Шаботхўжа доктор, уни чақиртираман, фойдаси тегади. Шуҳрат – як нависанда,
бошад, чи кор канда медиҳад?16
16 Шуҳрат – ёзувчи бўлса, нима қилиб беради у? (Тожикча.)
№ 1 2025 31
Қаҳр
Қаҳҳор аёлининг гапига қулоқ солмади. Шундагина бирдан шикаста оёғи ёдига
тушди. Қўлини чўзиб, ўзи чойшабни кўтаришга уринди.
– Нима қилишди? Қарасинлар! Тез, кўрдиларми?! Мени ухлатиб қўйиб, нима
қилишди?! Нега ўзимга айтишмайди?! Розилигимни олишмайди?!
Кибриё опа кулиб юборди. Бу изтироб, ташвиш тўла аламли кулги эди.
– Ҳаммаси жойида. Дўхтирларнинг ваҳимаси қурибгина кетсин, очишибди,
кўришибди, маслаҳатлаша-маслаҳатлаша, дори-дармон сурсак кифоя, деган
қарорга келишибди, вассалом! Хавотирлар тасдиғини топмабди.
Қаҳҳор бирдан қушдай енгил тортди. Ҳаётида камдан-кам содир бўладиган
ҳолат – ўпкаси тўлиб, мижжалари қизарди, тишини тишига босди.
У иродали, дийдаси қаттиқ одам эди.
– Темирчининг ўғлиман! – деди, ўзининг бўш келмаганини намойиш қилиб
қўймоқчидек. – Мен учун дадамдан зўр одам бўлмаган, мен болаликдан дадамга
ҳавас қилганман, дадамга!.. Лекин Шуҳратни зудлик билан чақирсинлар, “Олтин
зангламас”ни ёзган Шуҳратни…
Кибриё опа эрига билдирмай, норозиланиб, бош чайқади.
– Китобларни… кутубхонани ўқишмасин…
– Хўп.
– Кейин ҳам ўқимасинлар.
– Қачон, кейин? Ким ўқийман деяпти, шу палла?
– Билмайсиз, ш-шундай ўқийдиларки, тит-пит қилиб ўқийдилар.
Ботир гапчилардан уйда ҳеч нарса қолмаган… “Зрелый”ни унутсинлар!..
– Ҳей, бобой, ҳей! Оғзингизга қаранг! Сизга нима бўлди?! Шу ҳолингизда
аллазамонларни титкилаяпсиз?!
– Билмаяпдиларми? Сезмадиларми?.. Титкиласин деб мени шу аҳволга солди-ку.
– Ким солди? Кимни айтяпсиз?
– Худо… Худони…
Кибриё опа ҳанг-манг бўлиб қолди: Абдулла ака бирон марта Худони тилга олган
эмас, ҳеч бир нарсани Худодан кўрган эмас. Ва тўсатдан, кутилмаганда, қандай
қилиб?! Опа ён-атрофга аланглади, дераза томондаги каравот бўш, қолган касаллар
ўрнида ётибди, муҳими, уларнинг ҳеч бири ўзбекнинг машҳур адиби ва унинг
аёли ўртасида бўлаётган суҳбатга, табиий, қулоқ солмас, дам ўзбекча, дам тожикча
лисонда давом этаётган савол-жавобларни ўзларидан бўлак тушунадиган бошқа
банда йўқ эди хастахонанинг торгина, лекин гавжумгина бу “ҳасратхона”сида. Опа
бунга амин бўлса-да, палатадошларни бир сидра назардан ўтказди. Шундагина
бирдан тубсиз қудуққа тушиб кетгандек туюлди, адибнинг бу тахлит “тил”га
кириши қанчалар хавотирли эканини бирдан англаб қолди. Юраги орқасига тортиб
кетди. Шарт ўрнидан туриб, ташқарига отилди.
– Менинг гуноҳим йўқ… Нима ёзган бўлсам…
Опа палатадан чиқаётган жойида таққа тўхтади, изига қайтди, “Нима дедингиз?!”
деган маънода адибнинг тепасига келиб, унинг чеҳрасига тикилиб туриб қолди.
Унинг бу тарз туришидан гўё, “Гуноҳим йўқ, дедингми, Зрелый? Сен-а?!” деган
маънони уқиш мумкин эди.
– Сизда гуноҳ нима қилади?! Ёзувчи бўлсангиз…
Опа бояги шиддатда палатадан чиққандан сўнг ҳам Қаҳҳор бир талай гапни
достон қилиб ташлади.
– Шўро менинг, менга ўхшаш қашшоқларнинг бошимизни силади, мактабда
ўқитди, боқди, кийинтирди. Шўрога ишонмаган одамларга мен ишонмадим, шўрога
қарши бўлганларга мен қарши бўлдим. Тиш-тирноғим билан!.. Пичир-пичир…
шивир-шивир билан шўрони ағдармоқни кўзлаган гўл, калтафаҳм бабарларни
кўргани кўзим йўқ эди, шуми, гуноҳим? Ўша гуноҳларни ювмоқчи эдикми, биргабирга?.. Нима ёзган бўлсам, ўз қўлим билан ёздим, билганимча ёздим…
32 Шарқ юлдузи
Ташқарига ошиқаётган опа пичинг ва тавба аралаш бу тагдор луқмани эшитмади.
Ёш эди, ахир у. Ғўр эди. Ким уни йўлдан урди, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб,
алдади, шу чоққа қадар билмайди.
“Янги Фарғона” газетаси таҳририятига янгигина ишга қабул қилинган бир
пайтда, қандай бўлмасин, таҳририят аъзолари орасида советларга қарши бўлган
“ёт унсур”ларни аниқлаш вазифасини юклашди унинг зиммасига. Бунинг энг осон
йўлини ўргатишди ҳам: “Дуч келган жойда шўрони, комфирқани баралла танқид
остига олаверасан, қўрқма, сенинг айтганларингга жўр бўлиб сайрайдиганлар –
ўшандайларнинг бари унсур, элемент! – ўшаларни аниқлаштириб берсанг бас!”
У лаққа тушди. Топшириқни адо этмоқликка астойдил киришди. Жамиятда
ҳамманинг кўзига ташланиб турган, аммо гапириш, тилга олиш хавфли бўлган
нуқсону иллатларни қўрқмай фош эта бошлади. Газета аҳли, зиёли аҳли тилини
тиёлмайдиган тоифа эмасми, муштдек болакайнинг найрангларига учадиган,
лаққа тушадиганлар топила қолди. Айниқса, “жумҳуриятимизнинг мустақил, озод
ватан сифатида ажралиб чиқишига эришмоғимиз лозим” деган гаплари кап-катта
кишиларнинг эсини оғдирди, гангитди-қўйди. Унга қўшилиб “жасорат”га жўр
бўладиган ҳамнафаслар кўпайди.
Ўзбекчиликда гап олишнинг синалган усули улфатчилик эмасми, неки вазифа
юкланса, барчасини бахяма-бахя муфассал амалга ошираётган бўлажак адиб
қўярда-қўймай газетачиларни улфатчилик – гап-гаштак ташкил этишга кўндирди.
Даврага бир қатор мактаб муаллимлари қўшилди. “Шўро ҳукумати халқни ҳалокат
ёқасига олиб бормоқда” деганлар борми, бошқа оғзи ботир улфатларининг дегандемаганлари борми, у қўқонлик зиёлилардан ташкил топган янги гаштакнинг
бамисоли мирзасига айланди, яъни, улфатчилик чоғида дўстларининг оғзидан
чиққан олди-қочди гап-сўзларни “оқизмай-томизмай” қоғозга тушириб борди.
Улфатга “Ботир гапчилар” номи берилди.
Оқибат нима бўлди, оқибат?
1930 йил 30 январь куни эди, ўн саккиз нафар “Ботир гап”чи улфатчилик қилиб
ўтирган хонадонни ГПУ босди! Ашурали Зоҳирий, Лутфулла Олимий, Ёқуб Омон,
Эркин Носир, Умархўжа Ҳамидов… гаштак қамоқхонада давом этди. Бир ҳамлада
шу-унча “унсур”ни фош қилиш мана ман деган ГПУчига насиб этмаганди, ҳали
гўдак ёшидаги Абдулла эса, туғма қобилияти бор шекилли, алоҳида ғайрат-шижоат
кўрсатди – шўро ҳокимиятининг ўн етти нафар душмани нақ тумшуғидан илинди.
Дастлабки ҳуфиячилик хизмати эвазига Абдуллажон “Зрелый”, яъни “Етук” деган
лақаб-кличка билан сийланди.
Ёш эди, ғўр эди, шайтон комига илинган эди…
Кибриё опа орқасидан эргашиб кириб келган катта ёшдаги оқ халатли шифокорга
шикоят қила кетди:
– Посмотрите, он стал много говорить, очень много! Посмотрите!17
Шифокор аёл чеҳраси очилиб кулди.
– Очень хорошо, что много стал говорить. Значит он выздоравливает18.
– Выздоравливает? Вы правду говорите?19
– Апа, – деди кулиб шифокор, – когда больной приходить в сознание, он может
много говорить, смеятся, плакать без причины, но это всё естественный процесс.
Не беспокойтесь! 20
17 Қаранг! Жуда кўп гапирадиган бўлиб қолди, қаранг! (Рус.)
18 Жуда яхши-да, кўп гапираётгани тузалаётганидан далолат. (Рус.)
19 Чиндан-а? Чиндан ҳам шундайми? (Рус.)
20 Опа, бемор ҳушига қайтиш чоғида эзма бўлиб қолиши, кулиши, йиғлаши табиий. Яхшиликка
йўйинг. Хавотирланманг. (Рус.)
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
№ 1 2025 33
Қаҳр
– Боши йўқ бабарлар!..
– Ким улар? – нима дейишини билмай, сўз қотди опа.
– Ботир гапчилар… Шўрога зимдан тиш қайраганлар… Фаҳмига қурт тушган
ҳаммасининг…
– Бўлди, бас! Яна пича ухланг, ҳушингиз тиниқлашади. Гапа бас канда эмас
карда21. Мен шу ерда, ёнингиздаман!..
10
Адиб кўзини очди-ю, деразанинг ўнг биқинидаги каравотга чойшабсиз қуруқ
тўшак ташлаб қўйилганига эътибор берди.
– Кетдими? – шивирлаб сўради у бошини маъноли ирғаб.
– У кетса, бошқаси келади, – деди опа адибни чалғитмоққа уриниб.
Қаҳҳор унча-мунчага чалғийдиган одам эмасди, айниқса, шу ҳолатида унинг
ҳушёрлиги, диққат-эътибори ҳар қачонгидан тиниқлашганди.
Ҳазин чеҳрасида кулги шарпаси кўринди.
– Ўзи кетдими, олиб кетишдими?..
Чоли нимага ишора қилаётганини сезган Кибриё опа, тўлиб тургани табиий,
аччиғини босолмади.
– Кетдими, олиб кетишдими – бизга дахли йўқ! Ўзимизни ўйлайлик! Бардам
бўлайлик! Яхши нарсаларни ўйланг.
– Яхши нарсалар… Яхши нарсалар…
Яхшиям адабиёт бор экан. Адабиётдан паноҳ топди у. Шўронинг мафкуралари,
замонасозликларига қўшиб ҳаётнинг борди-келдилари, нағма-ю истиғфорлари,
ноз-карашмалари – бари унинг назарида лаш-лушга, дахмазага, майнавозчиликка
айланди. Кўз ўнгидаги ҳаётни хаёл қатларига кўчириб ўтказишга одатланди.
Ҳақиқатни адабиётда топди. Адабиёт, асарлар, қаламкашлар дунёсида нимани
қандай тушунса, нимани ўйласа, ўшани гапирди. Яхшини яхши, ёмонни ёмон дея
олди. Дангалига кўчди. Шунинг ортидан уни қўрқмас, жасоратли устоз адибга
чиқаришди.
Ёзувчилар уюшмасининг раиси эди. Жумҳуриятнинг казо-казолари иштирок
этаётган йиғилишда сўзлай туриб, туйқусдан, “Ўзбек адабиётининг жаллоди
Милчаков!” деб юборди. Кимсан Владимир Милчаковдек зотни, ўзининг ёзувчилар
уюшмасидаги муовини, турқи совуқ жаноби олийларини-я?! Жамиятнинг сара
гуллари иштирокидаги пленумда-я?!
Ушбу бир оғиз “лутф” қаерда денг?! – Марказқўм йиғилишида муҳокамага
тортилди. Узун столнинг тўрида республика саркотиби, икки ёнида ноиблар,
вазирлар, ҳоказолар. Ҳиппа бақалоқ хавфсизлик хизмати қўмондони ҳам доимги
жойи-оромкурсига сиғмай, ҳозиру нозир ўтирибди.
Масала кескин ва кўндаланг қўйилди, асаблар таранг эди.
– Нолойиқ иборани ишлатганингиз учун бюро аъзолари ва Ёзувчилар уюшмаси
раҳбарлари ҳузурида Владимир Андреевичдан узр сўранг, – деди саркотиб, оғир
хасталикдан чиққан бемордек хаста товушда, босиқлик билан.
Саркотиб – биринчи котибнинг гапи гап, сўзи сўз, ҳозир Қаҳҳор ўхшатиб узрини
айтади-ю, бир луқманинг ортидан туғилган ва бепоён қизиллар салтанатига яшин
тезлигида ёйилган нохушлик шамоли дока рўмолдай қуритиб, йиғиб олинади.
Бироқ… Бироқ… Ҳайҳот!..
Қаҳҳор бамайлихотир ўрнидан турди. Қозонажак ғалабасига олдиндан хомтама
бўлган турқи совуқ Милчаков тиржайиб, узрни қабул қилиш тантанасига шайланди.
Қаҳҳор эса…
21 Гапни бас қилиб, ухланг (Тожик.)
– Мени кечир, – деди у муовинининг кўзларига тик қараб, – рус тилини дуруст
билмаганим учун баъзан керакли иборани тополмай, фикримга мос келмайдиган
бошқасини ишлатиб юбораман.
Милчаков зафар қучган ғолибдек, “Бу бошқа гап” деди, ўтирган жойидан, оғзини
йиғиштиролмай. Қаҳҳор эса гап оҳангини ўзгартирмади, балки саркотибнинг
босиқлигига тақлид қилгандек янаям вазминлик билан, киприк қоқмай, тиккасига
дона-дона қилиб, муддаосини охирига етказди:
– Ҳали гапимни тугатганим йўқ. Мен сени жаллод демоқчимасдим, одамхўр
демоқчийдим, холос!..
Ў-ў-ў! Ҳў-ў-ў! Бў-ў-ў!..
Адабиёт ҳақиқатининг ҳаёт ҳақиқатидан устун келгани, адабиётни ҳаёти маъномазмунига айлантира билган адибнинг тилларда достон бўлган қўрқмаслиги,
мардлиги, жасорати эди бу. Ўзининг назарида эса… Қаҳҳорнинг маслаги, ақидаси,
ҳаётий сўқмоқлари ўзгарган… Бу дунёда унинг қўрқадиган жойи, ҳайиқадиган
одами қолмаганди. Бу ботиний-руҳий ўзгариш, эврилишлар олдида наинки
биринчи раҳбар – саркотиб шахсияти, балки унга қўшиб хавфсизлик хизмати
қўмондонининг салобати, ҳайбати бир пул, икки пул, икки чақа эди.
Қаҳҳорнинг қайсарона сўраган “узр”ини эшитган қўмондон тўппончада отиб
ташланган одамдек ўтирган курсисидан ағдарилиб тушаёзди, икки қўллаб оғзини
пана қилганча, “Вайсама, ҳу, онангни!..” деб сўкинишдан тилини тиёлмади.
Қаҳҳор уни эшитмасликка олди, ичида эса, “Онадан ишлади-ю, занғар!” деди
алам билан. “Мен Нурлига қўғирчоқ бўлсам, Нурли алкаш бу босқинчи ифлоснинг
қўғирчоғи-ку!” деган гап хаёлини чизиб ўтдими, ўтирганларга сездирмай заҳарли
кулди-қўйди.
Адиб эски қадрдонларини кўраётгандек, палатадошларига бирма-бир разм
солди. Уларнинг аҳволига қизиқдими ёки улардан қандайдир эътибор-мадад
кутдими, жавдираб аланглади.
– Ну как, седой-молодой? Все будет в порядке. Скоро у нас будет новый
однополчанин, хи-хи-хи!22
Қартавоз ҳазилвон бемор шундай деб бўш қолган тўшакка ишора қилди.
Қаҳҳор бетини девор томонга бурди. Ҳамон рентген хонагами ёки операция
хонасигами бориб келганини фарқлолмай, ўйларини тиниқлаштиришга уринди.
Диққатини жамлади. Кибриё хоним айтгандай яхши нарсалар ҳақида ўйлагиси
келди. Хотира олиб қочди.
Таваллудининг олтмиш йиллиги, унга бағишланган дабдаба, баландпарвоз
олқишлару карнай-сурнайлар қолиб, адиб айтган бир оғиз луқма жамоатчиликнинг
оёғини осмондан қилди гўё.
– Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман!..
Шу гапни айтгани рост, шошилмай, оғир-вазмин айтгани бор гап. Лекин уни
ўз қулоғи ёки ўзгаларнинг оғзидан эшитган киши борки, муносабат билдирмай
қолмади.
– Бу – мен партиянинг солдати эмасман, дегани!..
– Бу – ўзимнинг ақл-ҳушимга, эътиқодим-ақидамга содиқман, дегани!..
– Бу – тарихий жасорат!..
– Бу – фақат ёзувчи одам айтиши мумкин бўлган иқрор!..
– Бу – адабиётнинг, адабиёт одамининг овози!..
– Ана энди Масков жим қараб турмайди!..
– Ёзувчиларнинг уйи куйди!..
– Бу аслида – мен партиянинг кўрсатмаларини оддий аскарлардек онгсиз
равишда эмас, тўла англаган ҳолда, киройи пишиқ-пухта адо этаман, дегани!..
22 Қалай, оқсоч оғайни? Ҳаммаси жойида. Янги ҳамхона учун жой бўшади, ҳи-ҳи-ҳи! (Рус.)
№ 1 2025 35
Қаҳр
Эл оғзига элак тутиб бўлса-чи!..
Яхши хотираларга аллақайси ғуссалар аралашиб кетди. Адиб бамисоли ичида
ғужғон ўйнаётган, тинчини ўғирлаётган хотираларини ўқишга тутинди:
– Саидий ким?.. Сўтак, қўрқоқ. Суйган қизи қолиб, бошқалар истаган мегажинмахлуққа уйланди. Ўшанинг қош-қовоғига қараб яшади. Бошида ботир гапчиларни
қовуштирган ҳам унинг ўзи! Асарда “ботир гапчи” деган сўз йўқ, бирорта
йўқ. Писмиқ! Сотқин! Ош-қатиқ бўлиб юрган улфатларини аждаҳонинг оғзига
рўпара қилди-да, ўзи қочди. Қочиб, мана, ўлимнинг чангалига тушди. Сотқин
одам кимнинг кимлиги билан иши йўқ – топса, тумшуғидан илинадиган қилиб,
ҳўракка айлантирса, тамом! Қайнотаси Муродхўжа домладан тортиб, поччаси,
опаси, ҳамкасблари – бари унинг учун ҳўрак!.. “Сароб”ни қайта ёзаман. Саидий
образини қаердан олгансиз, деб сўраб-суриштириб қўйишмайди. Абдулладек шоир,
Саидий – Усмон Носир эмасми, деб сўради-я! Бетингда кўзинг борми, демай-нетмай
сўради-я! Ўзи талант, лекин, ҳали бола, ёш, қизиққон!.. “Сароб”ни титкилашди,
“Қўшчинор”ни титкилашди, “Тобутдан товуш” қолмади… Неча қайталаб ёздим
уларни! Тириклигимда шундай қилишдими, кейинчалик бу титкилашлар ҳолва
бўлиб қолади. Қон топширинг, қон!.. Нурли, алкаш, ифлос!.. Келгинди, мусофир!..
Ким, ким келгинди, мусофир? Ҳамманг, ҳамманг, ҳамманг! Сенларга кўрсатаман,
ким келгинди, мусофир эканлигини! Топганларим?! Нима деди, лўли хотин?
Буюрмайди, дедими? Ўзимгами?.. Ботир гапчиларгами?.. Битта-яримтаси ҳаётмийўқми, Худо билади. Бирортаси рўпара келса, ҳар биттасининг гуноҳини бетига
айтарди. Ҳа-да, ўзинг бир қишлоқ муаллими бўлсанг, чумчуқнинг патидек газетада
мухбир бўлсанг, советга, шўрога қарши бош кўтаришни ким қўйибди сенларга?!
Ким ёмон – шўро ёмон, нима номаъқул – шўро мафкураси номаъқул! Ўшандай
чаламулла шўртумшуқларни фош қилганимми, гуноҳим?! Эҳ, замон нағмасини
уқмаган лодонлар!.. Аҳ, гумроҳлар!..
Кўз ўнгида гир-гир айланаётган чирпирак дам дадаси, дам Саидий, дам унинг
қайнотаси Муродхўжа, дам Усмон Носир, дам “Қўшчинор чироқлари”, дам
қўқонлик “Ботир гап”чи ҳамшаҳарлар, дам… алланима ва аллакимлардан вужудга
келган гирдоб Қаҳҳорни гоҳ тубсиз қоронғилик қаърига тортиб кетар, дам ўтмай,
айни ўша гирдоб чирпираги уни ёруғликка олиб чиқар, бу гирдибод ўпқонида эсҳушни омон сақлаш, ҳайҳот, душвор эди, душвор!..
Қаҳҳорни йўтал тутди. Йўтал уни уйғотди ҳам, ҳушёр торттирди ҳам. Кўзини
катта-катта очганча палатани назардан ўтказди. Қаерда, қай аҳволда ётибди? Аёли
қани? Профессорнинг бошини қотираётган бўлса-я?! Ёки ўзи билган “керакли
жой”ни излаб кетдими?! Бориб “керакли жой”ни остин-устун қилмасайди!..
Димоғига ёқимсиз ис урилди. Қайси бир касалнинг яраси очилиб кетдими ёки
уйдан келтирилган овқатни сузишдими… чўчқа хуриллагандай бўлди. Адиб афтини
бужмайтирди, у бошини кўтариб ўтириб олгиси, чойшаб-кўрпани кўтариб ташлаб,
чап оёғининг бармоқларини ўз кўзи билан кўришни мўлжаллади.
Масковнинг катта дўхтирлари уни қоронғи хонага олиб кириб, ухлатиб қўйиб,
нима қилишди? Дори-дармон суришибди, деди-ку, кампири, ўша дори-дармоннинг
ҳидимикан?.. Қимирлатиб кўрди – оёғида жон бор, фақат, нега оғримаяпти?
Ёқимсиз ҳидга чидаса бўлар, лекин ҳадемай кўз очиши муқаррар бўлган оғриққа
дош бериш маҳол, оғриққа.
– Оламни латта ҳиди тутса… Оламни латта иси тутса, аввало ўзингдан бохабар
бўл, биродар!..
– Латта ҳиди, латта иси… Касаллик сизнинг хотирангизни титиб юборди
шекилли?
– Хотирани?..
Тепасида пайдо бўлган Кибриё опа хушхабар топгандек, жилмайди.
– Тилингизнинг заҳари – сизга бувингиздан мерос. Топдимми?
36 Шарқ юлдузи
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
Аччиқ-нордон ўхшатишларингиз ҳам…
– Мен бувимга меҳр қўймаганман, ёмон кўрганман.
Кибриё опа бўш келмади.
– Ҳаёт шундай – кимса ё яхши кўрган, ё ёмон кўрган одамига ўхшаб қолаётганини
ўзи сезмайди. Сиз ҳам…
Қаҳҳор ёнбошлаб, кўпдан буён аёлини энди кўраётгандек унга термилиб қолди.
– Мен ўзимни дадамнинг давоми десам… Гапларида жон бор, бувимнинг ҳар
битта гапи жонни ўйиб оларди…
– Раҳматли… Аянгиз-чи, аянгиз? Муштипар…
11
Ўша чирпиракдек айланаётган гирдоб адибни яна неча қайта қоронғилик
қаърига ғарқ қилди, яна неча қайта ёруғликка олиб чиқди. У дам ўзидан кетди, дам
ўзига келди. Хаёллар гирдоби азоб-уқубат гирдобига сола бошлади уни.
Аям мендан олдин ва мендан кейин саккиз боласини қора ерга топширди.
Тақдир унинг бошига солган заққумни унда-мунда дадамга айтолса айтган, лекин
бувимнинг заҳар чакиллаган сўзларига бош кўтариб қарамади. Бувим вағиллаганивағиллаган, қарғагани-қарғаган, аямни одам ўрнида кўрмасди. Йўқ ердаги гаплар
билан дадамга чақиб, урдирарди. “Сендан бўлган бола нима бўларди, итдан бўлган
қурбонликка ярамайди” деган-а, аямга! Келгинди эдим, кўчманчи эдим, ит мусофир
эдим, унга бувимнинг оғиздан чиққан бу тавқи лаънати қўшилди. Ёзганман,
аламимдан бувимни букри деганман, кўршапалакка ўхшатганман. Ўхшатганману…
Наҳотки, заҳар-заққум ўхшатишларим менга ўша кўршапалак… Бувимдан ўтган
бўлса?! Кибриё топиб айтди-я, шуни!..
Аямдан-чи? Аямдан аламни ичга ютиш мерос қолган шекилли? Ичингга
ютилган алам вақти келиб заҳар-заққумга айланиб, ташқарига дуд-бўрон бўлиб
чиқар экан. Ана ўша заҳар-заққумлар, дуд-бўронлардан пайдо бўлмаганмикан
Абдулла Қаҳҳор?! Қаҳҳорнинг қаттол қаҳри?!
Нима сабабдан шу чоққача ўйлаб кўрмади шуларни, у?! Одам мана шундай
хаёлларга бормоқлиги учун ҳам боши ёстиққа етиши, бедаво хасталикни бошдан
кечириши керак экан-да! Чехов домла ёзганди-я, хасталик – дунёни, инсонни
бўлакча англамоқ учун берилади. Домла ўзи шифокор бўла туриб, ўз дардига даво
тополмади, бир тутам умр кўрди…
Кутилмаганда палата эшиги остонасида Кибриё опа пайдо бўлди, унинг димоғи
нимадандир чоғ эканлиги дарҳол сезилди. Қаҳҳор аёлининг кайфиятидан бирор
хушхабар умидидами, хаёли бўлинганига ранжимади ва шу заҳоти тахмини тасдиқ
топганини кўрди: эшикда елкасига оқ халат ташлаган, сочи ҳурпайган, жуда-жуда
таниш, меҳрибон чеҳра ундан кўз узмай турарди!
– Ассалому алайкум, Абдулла ака!
Адиб назарида аллақанча вақтлардан буён бу тахлит ёқимли саломни
эшитмаганди, бир оғиз қадрдон калом унинг ҳузурига Ўзбекистон бўлиб, ўзбек
бўлиб кириб келгандек туюлди! Вужудига қалтироқ югурди, ич-ичида пайдо
бўлган ўксик нидо бўғзига қадалди. Кўзлари тўрт бўлиб интиқ кутаётган таниш,
қадрдон чеҳра!
– Шаботхўжа! Ўзингизми?! Келдингизми?..
Қаҳҳор шундай деди-ю, кўзларини чирт юмди. Профессор адибнинг ёноғидан
думалаб тушган кўзёшини кўрмаслик ниятида атрофга аланглаб, палатанинг
аҳволига, рафторига обдон назар ташлади-да, индамай келиб, тик турганича
беморнинг билагига бармоғининг учини қўйиб, юрак уришига диққат қилди.
Қўлини адибнинг билагидан узди, каравотнинг ёнгинасида шай қилиб қўйилган
№ 1 2025 37
Қаҳр
сунъий нафас олдиргич анжомларга кўз қирини ташлади, зум ўтмай, бу сафар
беморнинг бошқа билагига “қулоқ” тутди.
– Мен келгиндиманми? Мусофирманми?!
Қаҳҳорнинг алам ва дарғазаб товуши момақалдироқдек қалдираб эшитилди.
– Мутлақо, Абдулла ака, мутлақо ундай эмас.
– Нега мени бу ерга жўнатиб қўйдинглар? Ёлғизлатиб?! Ҳеч ким йўқ, ҳеч ким! –
Унинг товушида ўпкаланиш оҳанги зўрайиб бораётганди. – Булар менга қандай
дори-дармон қиляпти, ҳеч ким билмайди! Нафидан кўра, зиёни кўпга ўхшайди!..
– Шифокорлари малакали, Абдулла ака…
– Малакасини мени ўлдиришга сарфлаяпти. Сенлардан эса дарак йўқ.
– Мен хабар топдиму, етиб келдим, Абдулла ака.
– Шуҳрат келдими? Биргамисизлар?
– Мен Ригада эдим, анжуманда. Ўша ердан келдим. Шуҳрат ака…
– Тошкентга опкетинглар…
– Хўп, Абдулла ака, опкетамиз…
Адиб ҳамон кўзини очгиси келмадими ёки очолмадими, ўпкаси тўлиб такрорлади:
– Нима бўлса, Тошкентда бўлсин, Хўжа… Тезлатайлик.
Шаботхўжа қўйнидан каттагина оқ рўмолчасини олиб, бетини, кўзларини
шошилмай артди. Эҳтимол, ўзидан бирор лаҳза нигоҳини узмай тик турган Кибриё
опага қарашдан қочаётган эди.
– Уқдингизми, Хўжа? Гаплашинг…
– Гаплашдим, – баралла ва дадил товушда гапга тушди Шабот Хўжаев, – энг
каттасига учрашдим. Вишневский жуда машҳур, билағон шифокор, академик,
Абдулла ака. Пича сабр қилайлик, адибимиз соғайиб кетадилар, деди.
Қаҳҳор ялт этиб кўзини очди. У Шабот Хўжаевга тиккасига қараб турарди.
Унинг нигоҳида “Гапинг ростми ёки алдаяпсанми?!” деган маънони уқиш қийин
эмасди. Шабот Хўжаев бир беморга, бир умид тўла нигоҳини узмай турган унинг
аёлига қараб олди-да, кўпни кўрган шифокорларга хос ишонч ва қатъият билан
жавоб берди:
– “Бир ҳафта ёта турсинлар, оёққа турадилар, кейин жавоб берамиз!” деди.
Адибнинг афти ғижимланган қоғоздек бужмайди. У бир ҳафта кутиш азобини
тасаввур қилдими ёхуд оғриқнинг зўрига дош бериш кўйида тишини тишига босди,
пастки лабини тишлади, кўзларини чирт юмиб, ётган кўйи ҳолдан кетди.
– Доктор! Доктор! – ўрнидан дик этиб турган Шабот Хўжаев эшик томонга
ўгирилиб, чақиришга тушди.
Кибриё опанинг овози уникидан ўткирроқ, хавотирли эшитилди:
– Сестра! Кислород! Сестра!
12
Адиб ҳеч нарса юз бермагандек ўзига келди. Касалга ҳам ўхшамасди. Икки
дафъа ҳушидан кетганини, икки дафъа сунъий нафас олдиришганини ҳам
билмади. Икки ёнида жимгина ўтирган Кибриё опа ва унинг синглиси Марҳабога
“Ўтирибсизларми?” дегандек бир-бир кўз югуртирди.
– Қониб ухлабман, – деди, дадил ва ўктам овозда. – Ҳатто оғриқ ҳам толиқди
шекилли?..
Кибриё опа адибнинг тўхтамай гапиришга майли борлигини пайқади, уни
чалғитиш эпини топишга, эҳтимол, беморнинг яна пича ором олишига ундашга
уринди.
– Қониб ухлаш ҳам дорининг нафини беради, – деди у.
– Кўп эзмалик қилманг, демоқчилар шекилли? Шаботхўжа қаерда қолди? Кетиб
қолмадими?
38 Шарқ юлдузи
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
– Кетмади, ҳализамон кеп қолади.
– Яхши дўхтир, тажрибаси катта. Шуҳратдан дарак борми?
– Шуҳрат Масковда, самолётдан тушган заҳоти қўнғироқ қилди.
Ҳадемай кириб келади, хотиржам бўлинг.
Қаҳҳор узоқ кутган орзуси ушалаётгандек қувониб кетди. Ҳорғин кўзлари
чарақлаб, чеҳрасига табассум югурди.
– Келса, дарҳол кирсин, зудлик билан кирсин. Ухлаб қолсам, уйғотсинлар,
дурустми? Марҳабо, эшитдингиз-а?
Марҳабо бош ирғади, адибнинг раъйига қулоқ тутиб, “Хўп” деди, шивирлаб.
Қаҳҳорнинг нафас олиши тезлашди, бироз оғирлашди ҳам. Опа синглиси билан
адибни икки томондан елпишга тушишди.
– Ёқяпти, – деди Қаҳҳор кўзларини юмиб. – Элитяпти. Лекин Шуҳрат келгани
замон…
Кибриё опа бошини синглиси томон энгаштириб, ғудранди:
– Шуҳрат! Шуҳрат! Чи гапи зарурашон бошад, надонам? 23
13
Шуҳрат Қаҳҳорга нигоҳи тушган заҳоти бирам енгил тортди. Устознинг рангрўйи олинмагандек, ўзи бардам кўринди. Беҳуда хавотирланибман-да, деб қўйди у
ичида. Фақат адибнинг кўришиш учун узатилган қўлида беҳад ҳолсизлик сезилди.
– Хайрият, – деди Қаҳҳор мамнун табассумини яширмай. – Хайрият. Энди
бундоқ энгашинг, Тошкент нафасини олиб келгандирсиз.
Шуҳрат устоз адибнинг бетига бетини босди, ҳарорат қайда, му-уздай! Кўз
ёшини тутолмади. Зинҳор сездирмаслиги керак!.. Шуҳрат шу ўйда бош кўтараркўтармас, Қаҳҳорнинг чаккаларидан ёш думалаётганини кўрди.
– Бутун Ўзбекистоннинг қулоғи Масковда, халқ сизга шифо тиламоқда.
Шуҳрат шундай деб жим бўлиб қолди. Қаҳҳор “Чиндан шундайми?” деган
маънода, ишониб-ишонқирамай унга термилди.
– Мухлисларингиз… Шогирд шоиру ёзувчилар… Эркин, Абдулла…
Учқун, Ўткир, Шукур… Ҳамма-ҳаммаси… Саид Аҳмад, устозни кўрган заҳотинг
бизга қўнғироқ қилгин, деб тайинлади. Озодни айтмайсизми!.. Кўринишингиз жуда
яхши, Абдулла ака.
– Яхшими? – очиқчасига истеҳзо аралаш луқма ташлади Қаҳҳор, ишонмай.
Шуҳрат “яхши” дея олмади, “дуруст” дея олди, холос.
– Дуруст бўлса, эшитинг, – деди Қаҳҳор вазмин ва паст товушда. – Зудлик билан
Тошкентга олиб кетишга киришинг, Тошкентга… Шаботхўжа бир ҳафтадан кейин,
деди. Касалхонанинг каттасига учрашибди, ўша айтибди.
– Мен ҳам учрашдим. Академик экан. “Ваш Гафур Гулям великий поэт”, деди.
“Мен – яҳудийман”ни назарда тутди шекилли…
Қаҳҳор тинглаб ётишни эмас, гапиришни истаётган эди. Ичидан тўлиб-тошиб
чиқаётган гапларни битта қўймай, тугал айтгиси келаётганди.
– Бўлар гапдан гаплашайлик. Шуҳрат, иним, мен ошимни ошаб ёшимни
яшадим, ёзадиганимни ёздим. Кўргансиз, Ғафур ака билан Шайхнинг ёнида бўш
жой бориди, тўғрими?.. Мусо… Ойбек тузукми, кўрдингизми?
– Яхшилар…
Ҳаётда кўп қаттиқ кунларни бошдан кечирган Шуҳрат ҳарчанд уринмасин,
кўнгли бўшашиб кетди. Нимадир демоқчи эди, бўғзига ёш тиқилди. Қаҳҳор давом
этди:
– Қўқонлик Абдураҳмон Ҳолиқий деган домла бор, муаллим.
23 Шуҳрат, Шуҳрат!.. Нима муҳим гаплари боракан у кишида, ҳайронман?.. (Тожикча.)
№ 1 2025 39
Қаҳр
– Ҳм.
– Жанозани ўша инсон ўқисин, сиз айтинг, бажо келтиришади.
– Ҳм. Нималар деяпсиз, Абдулла ака… Абдулла ака!..
Кутилмаганда палатага кирган шифокор аёл югуриб каравот тепасига келди,
кислород ёстиқчасининг сим-ичакларини тўғирлаб, адибнинг оғиз-бурнига
ўрнатди.
– Выходите! Посетители, немедленно выходите!24
У шундай деганча, адибнинг тепасида гирдикапалак бўла кетди. Шуҳрат палатани
тарк этаётиб Кибриё опа гарангсиб нима қиларини, ўзини қаерга қўйишини билмай
жавдираб қолганини, Марҳабо эса чўнқайиб, деворга суянганича бетини кафтлари
билан тўсиб олганини кўрди.
14
Бир кун аввал кутилмаган воқеа бўлди.
Иттифоқо палатага машҳур адиб Константин Симонов кириб келди. Кибриё опа
уни илгаритдан, Тошкентдаги учрашувлардан яхши билар, Қаҳҳорнинг асарларини
таржима қилган, ҳар икки адиб ўзаро яқин алоқалар ўрнатган эди. Бу сафар…
Аксига олиб, Симонов келганида Қаҳҳорнинг аҳволи анчагина танг, ҳатто
рўпарасида турган одамни таниш-билишга, у билан муомала қилишга мадори
қолмаганди.
Симонов курсида ўтирганича чамаси икки-уч дақиқалар хаста адибга термилиб,
чуқур ўйга толди.
– Ўттиз йилдан буён биламан, Қаҳҳорни, – деди у ҳамон бемордан нигоҳини
узмай. – “Сароб”га ўхшаш асар йўқ бизда, мутлақо бошқача роман, мутлақо…
Адашганлар образи тасвирланган… Роман ортидан орттирилган маломатлар… Улар
бошқа мавзу, осон кўчмаган уни ёзиш…
– Константин Михайлович!
Симонов бош кўтариб, товуш чиқармай йиғлаётган Кибриё опа томон ўгирилди.
– Опа, сиз бардам бўлинг… Мен хабардор бўлиб тураман…
Шундай деб, Ёзувчилар уюшмаси дарғаси ўрнидан қўзғалди, икки одим
ташламай, тўхтади, нимадир ёдига тушган одамдек изига қайтди. Ҳамон кўзлари
ярим юмуқ, ҳарс-ҳарс нафас олаётган Қаҳҳорга термилди.
– Ҳамиша айтолмайдиган гаплари бордай юрарди, ранж-аламми, ҳасратми…
Ўша нарса, кўзлари юмуқ ҳолида ҳам сезилмоқда…
Кибриё опа “Яхши эшитмай қолдим?” дея савол бериб улгурмай, рус адибининг
эшик ёнида турган ёрдамчиси шекилли, ўспирин йигит “Слушаю вас” деганча
Симоновга томон пешвоз қадам ташлади. Симонов опага ҳам, ёрдамчисига ҳам
қайтиб изоҳ бермади, бир-бир одим ташлаб, палатадан узоқлашди.
15
Йўлакка чиққан Шуҳрат ўзини қаерга қўйишни билмас, у ёқдан-бу ёққа юрар,
юрагини ёриб гаплашай деса, кимса таниш йўқ эди. Шундагина у ёнида бир одам
худди ўзига ўхшаб нари-бери бориб келаётганини пайқади. Унга қаради, нотаниш
одам танишдек туюлди. Шуҳрат хаёлини йиғиб олгунича, нотаниш одамнинг ўзи
унинг рўпарасига яқин келиб тўхтади-да, соф ўзбек тилида савол қотди:
– Кислород улашдими?
Нотаниш одам шундай деб бош чайқади, сўнг саволига жавоб кутмай, ғудранди:
24 Чиқинг! Келганлар, ҳозироқ чиқинглар! (Рус.)
40 Шарқ юлдузи
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
– Қийин, қийин…
– Сиз? – Шуҳрат савол қотиб улгурмай у одамнинг Ўзбекистонда машҳур
профессор Шабот Хўжаев эканлигини таниди. – Оғирми?
– Кутамиз, бошқа иложимиз йўқ, – деди профессор асабий титраб.
– Шаботжон! Катта дўхтирларини чақирмайликми?
Орага совуқ жимлик чўкди. Шуҳрат саволини такрорламади, лекин ватандош
шифокордан нигоҳини узмади.
– Катта дўхтирлар қиладиган иш қолмади… Аслида Масковга олиб келиш
мутлақо шарт эмасди, шулар қилаётган амални ўзимиз ҳам эплардик!..
Шуҳратнинг эти жимирлаб кетди. Манглайида муздай тер томчилари пайдо
бўлди. Профессор яна нималарнидир айтадигандек эди, бироқ у қўйнидан
каттагина, қордай оппоқ рўмолчасини чиқариб, нари кетди. Юз-кўзини артар
экан, баҳор кунлари Қаҳҳорни шифокорлар консилиуми кўргани, консилиум
беморни Масковга жўнатишга қарор қилганини эслади. Таниқли шифокорларнинг
хулосаси уни танг қолдирди. Нима учун Масков? Қандли диабетни Масковда
қандай даволашса, Тошкентда ҳам ундан кам эмас. Нима кераги бор адибни бу
ёққа жўнатиб, сарсон қилиб, ёлғизлатиб?.. Эртаси куни Қаҳҳор сўради ундан, “Сиз
нима дейсиз? Боринг, десангиз, бораман, йўқ десангиз, бормайман”, деди Абдулла
ака. Афсуски, казо-казолар иштирокидаги консилиум хулосасига қарши таклиф
билдириш, шифокорлик одобига зид эканлиги Шабот Хўжаевнинг тилини ушлади.
У Қаҳҳорнинг саволини жавобсиз қолдирди…
Мана, энди…
Шу пайт палатадан чиқиб келган шифокор аёлнинг чеҳрасида бояги ташвишдан
асар ҳам қолмаган, димоғи чоғ, тошкентлик икки меҳмон ёнига яқин келди.
– Яхши бўлиб қолди. Уйқудан уйғонгандек, фикри бирам тиниқ.
Кулиб, сув ичиб ўтирибди. Фақат беморни толиқтирманглар, асло мумкин эмас.
Тингласа – рухсат, лекин кўп гапиришга қўйманглар.
У шундай деб нари кетди.
Палата эшигида толиққан, лекин хурсанд Кибриё опа кўринди.
– Яхшилар, – деди у мамнун кайфиятда. – Бағоят яхшилар!
16
Тун бўйи ҳеч ким мижжа қоқмади. Қаҳҳор эса неча уйғониб, неча марта уйқуга
кетди. Лекин уйқуси беҳаловат кечди. Нафас олиши қийинлашар, оғиз-бурнидан
эмас, худди кўкрагидан нафас олаётгандек, тинмай ҳансирар, дам қаттиқ уйқуга
кетар, кўп ўтмай кўзларини катта-катта очганча, гўё ухламагандай ён-веридагиларга
бирма-бир қараб чиқар, кўзига кўринган одамга нимадир деб гап қотгиси келар,
гўё ҳозир туш кўргану ўша туши таъсирида, эҳтимол чала уйқу аралаш берилган
хаёллари таъсирида нималарнидир қайта-қайта сўрар-суриштирар, баъзан эса бирбирига боғланмаган, дахлсиз-алоқасиз мавзуларни тушунтиришга киришиб кетар,
бир сўз билан айтганда…
– Муҳокамада бормидиларинг? Мен бордим, қатнашдим.
“Эртаклар”ни роса мақташди. Саидий ҳам кепти. Саида кўринмади… Чехов
домла кўринмади. Олисда жон берди, “Питерга опкетинглар” деб ёлборганди.
Мени Тошкентга опкетасизлар-а?..
Гирдоб чуқурлашди. Қоронғи эди. Нафас қайтди. Кўз ўнгида манзаралар шу
қадар кўп-ҳисобсиз эдики!.. Гирдоб чирпираги юқорилади. Чирпирак уни хасдек
юқорига улоқтирди. Узуқ-юлуқ бўлса-да, нафаси пича равонлашди.
– Қўқонда Каптархона… кўрдим, сув шарқираб оқяпти. Пиёлада симириб ичдим,
оҳ!.. Дадам… Пешонасида юлдуз қадалган дўппи, қўлида милтиқ… Аям уввос
№ 1 2025 41
Қаҳр
солиб дадамни қўлидаги милтиққа тармашди, қон йиғлади… Дадам… Чақиринглар,
қон олсин, истаганича олсин! Бир томчи қолдирмай олсин!..
Гирдоб. Қоронғилик, ёруғлик. Гир-гир, гир-гир. Кўз тинди, кўнгил айниди. Тил
айланмаяпти. Яккаш ғўлдир-ғўлдир. Такрор. Яна…
– Муҳокамага Мирза келди, “Фарғона тонг отгунча”ни ёзган, менга танбеҳ
берди. “Жон Абдулла ака, дадангизнинг гуноҳлари менинг бўйнимга, уларни ёзманг,
ўчириб ташланг”, деди! Ўтиниб, юкуниб айтди… Бир ҳафта, Тошкентга борай,
Мирзага айтай, дадамнинг гуноҳлари сенга оғирлик қилади, улар ўзимга буюрсин,
дейман, кейин “Эртаклар”ни қайта ёзаман… Ана, митти қушчалар қафасдан
учиб чиқиб кетяпти, ана!.. Саидий ҳам ўхшамади, ўзим истагандай ёзолмадим.
Мунисхон, Сорахонни масхара қилдим… Қон топширишга чақиришяпти!.. Қанча
қоним қолди, ўзи? Олаверсин, дедим-ку!.. Қон топширдингларми?.. Саидий ким?
Гирдобга ғарқ бўлган одам у. Романни қайта ёзаман, у “Сароб” эмас, “Гирдоб”!
Тошкентга етиб олай… Ишлар кўп… Ичимда бир савол бор, ўшанинг жавобини
топишим керак, шарт… Шуҳрат, уқдингиз-а?.. Шаботхўжа, ёнимдамисизлар?.. Уйда,
кутубхонада китоб кўп, хат-ҳужжат… Ўқиманглар уларни, ҳеч ким қўл урмасин.
Мен қўл урганман, етар, бас, бошқалар урмасин. Кибриё, уларнинг ҳаммасига ўт
қўямиз, ёқамиз…
Тонгга қадар ҳеч ким мижжа қоқмади. Шабот Хўжаев билан Шуҳрат Масковдаги
элчи билан икки қайта қўнғироқлашишди. Тошкентга сим қоқиб, нималарнидир
маслаҳатлашишди. Шуҳрат каловланиб нима қиларини билмас, Шабот Хўжаев эса
тажрибали шифокор сифатида аксинча тақдирга тан берган одамдек анча хотиржам
тортиб қолган, ҳеч кимга бирор оғиз сўз айтмас, лабларини қимтиганича, қошлари
ўртасида пайдо бўлган тугунча тарқамас, гўё ҳадемай юз берадиган муқаррар
ниҳояни аниқ тасаввур қилаётгандай…
Нонуштадан сўнг нафақат “манави” палатада, бутун учинчи қават йўлакларида
бесарамжонлик қўбди. Кимлардир шитоб билан югургилаб келар, палатага
кириб кетар, кўп ўтмай у ердан кимлардир қайтиб чиқар, икки-уч ҳамшира бири
олиб бири қўйиб беморнинг қўли-оёғига игна суқар, бошқаси дам-бадам унинг
тумшуғига кислород симларини ўрнаштирар, уни юлиб ташлашар, шунча талваса
орасида бирдан адибнинг кўзлари чарақлаб очилар, у нималарнидир айтиб қолиш
илинжида лабларини иланг-биланг қимирлатар, лекин у айтаётган сўзларни
тушуниб бўлмас, бир чеккада чўк тушганча Кибриё опа билан Марҳабо адибдан
кўз узмай жавдиришар, аҳён-аҳёнда Шуҳратнинг илтижо тўла товушда “Абдулла
ака! Абдулла ака!” дегани эшитилиб қолар, беморнинг бош томонида бўйчан
бош шифокор билан Шабот Хўжаев оғир тин олганча, сўзсиз-несиз ожизона ерга
термилиб қолишганди.
Ниҳоя кутилмаганда юз берди: оғиз-бурнига сунъий нафас олдиргич боғланган,
икки қўли ёнида чўзилган, саноқсиз игна суқишлардан билаклари қорайибмоматалоқ бўлиб кетган Қаҳҳор бор бўйи билан қаттиқ силтаниб тушди. “Бас,
тўхтатинглар!” дегани эдими бу, ёхуд жон узилиши силтови эдими, ҳамма бирдан
жим бўлиб қолди, бирон оғиз сўз сиғмас эди бу сукунатга. Беморнинг жонини
тутиб, сақлаб қолиш илинжида унга тармашган шифокорлар, ҳамширалар бошқа
бир топшириқ кутгандек, илтижо билан профессор томонга ўгирилишди.
– Бўлди!..
У бошқа сўз айтмади. Биринчи бўлиб юз берган воқеани Кибриё опа англади. У
ҳўнграб, ўзини марҳумнинг устига ташлади.
Шуҳрат ёш тўла кўзлари билан қўл соатига қаради, соат 10дан 23 дақиқа
ўтганди…


2021–2022 йил

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil