
УЙҒУН – (1905–1990) Ўзбекистон халқ шоири. Самарқанддаги педагогика
академиясини тамомлаган. Ижодкорнинг “Баҳор севинчлари”, “Жонтемир”, “Бригадир
Карим”, “Гуласал”, “Украина еллари”, “Ғазаб таронаси”, “Ғазаб ва муҳаббат”,
“Шеърлар”, “Ҳаёт қўшиғи”, “Олтинкўл”, “Навбаҳор”, “Тинчлик куйлари”, “Ҳаёт
чақиради”, “Ҳуррият”, “Парвоз”, “Парвона”, “Абу Райҳон Беруний”, “Абу Али ибн
Сино”, “Зебунисобегим”, “Ҳуррият”, “Гуландом”, “Ўзбекистон қиличи”, “Алишер
Навоий”, “Авлиёнинг саргузаштлари” номли китоблари нашр этилган.
Тонг
Тонг қизи кулимсаб юзини очди,
Олтин денгизлари кўк узра тошди.
Боғларда чечаклар атирлар сочди,
Кўкдаги юлдузлар уялиб қочди.
Туманга ўралиб йўқолди уйқу
Ҳар ерда бир гўзал умидли туйғу.
Ҳар дилда очилди шодлик чечаги,
Борлиқда қолмади ҳасрат ва қайғу.
Тонг ели ўйнагач қанотин ёзиб,
Тебраниб, чайқалиб очилди гуллар.
Нур сочиб чиққанда янги кун кулиб,
Янгратди борларни сайраб булбуллар.
Коинот гуллари яна яшнади,
Жонлилар уйғонди, қўзғалди, юрди.
Ҳаёт ўлкасининг юмшоқ шамоли
Шодлик гулларини борлиққа бурди.
Нурларга кўмилгай чечаклар, боғлар,
Ҳар ерда севинчлар тонготар чоғлар.
***
Ўзинг келмадингу гул
юборибсан,
Кўп интизор эдим бугун
йўлингга.
Мен учун гулшандан гул
терганингда,
Тикан кирмадими гулдек
қўлингга?
Мен учун азият чекибсан,
эркам,
Балки шудир ишқнинг чечак
отгани!
Аммо қўлларингга тикан
киргунча,
Яхшидур кўксимга ханжар
ботгани!
Барча азиятни менга қўйиб
бер,
Кўтарай уларни ўзим мардона!
Ўзинг келмадингу, гул
юборибсан,
Оташин севгингдан қилиб
нишона!
Ажойиб гулдаста, нақадар
кўркам!
Бу нима гулми ё
яноқларингми?
Кўзимни яшнатган, дилни
қувнатган,
Ғунчами ва ёки
дудоқларингми?
Ўзинг келмадингу гул
юборибсан,
Кўп интизор эдим бугун
йўлингга.
Мен учун гулшандан гул
терганингда,
Тикан кирмадими, гулдек
қўлингга?
Жафо қилма
Тарк этма назокатни, хулқингга жафо қилма,
Иззатни бериб елга, беҳуда сафо қилма.
Умрингни хароб этма ўтгувчи ҳавас бирлан,
Ишқ бошқа, ҳавас бошқа – бу йўлда хато қилма.
Рухсори гўзалларга одобу илм лозим,
Инсоний камолотни ҳуснингга бино қилма.
Сен сози муҳаббатсан гулшанда гули раъно,
Ишқингни кўча-кўйда юргувчи гадо қилма.
Уйғонди чаманларда, чок этди яқо булбул,
Куйдирма у шайдони, бас энди наво қилма.
Ноз этма, содоқатни ошиққа тараҳҳум қил,
Кўнглига ғараз тўлсин, номардга имо қилма.
Одоби гўзалларнинг санъати топар равнақ,
Санъатга хилоф ишни руҳингга ғизо қилма.
Ёд айла, гаҳи Уйғун исмингни баён этди,
Шеърингга қилиб маржон, сен унга жафо қилма.
Табиатнинг митти ҳофизи
Сайраб турган қушга тош отди бола,
Қушча қулаб тушди қора тупроққа.
Ўлиш учун эмас, сайраш учун у,
Учиб келган эди гуллаган боққа.
Кичкина қотилнинг отган тошидан,
Ўлди табиатнинг митти ҳофизи.
Ўчмас бўлиб қолди бола қалбида,
Мудҳиш фожианинг даҳшатли изи…
Бола тўхтамаса шўхлик қилишдан,
Яна қанча қушлар ўлиши мумкин.
Ишон: бора-бора кичкина қотил,
Катта қотил бўлиб қолиши мумкин…
Юрак ҳақида Шарқ афсонаси
Юрак қушча эмиш қафасга тушган,
Инсон кўкси эмиш унинг қафаси.
Қуш типирлар эмиш қутулмоқ учун,
Фарёд қилар эмиш ўчмай нафаси.
Чиқиб кетаман деб уринармиш қуш,
Тун-кун дукуллатиб қафас деворин.
Аммо, инсон сира унамас эмиш,
Назар-писанд қилмай қушчанинг зорин.
Лекин, бора-бора кураш сўнггида,
Инсон енгилармиш, тугармиш ҳориб.
Қуш, ахир, инсонни доғда қолдириб,
Чиқиб кетар эмиш қафасни ёриб…
Юрагимни бериб кетсанг бас
Учрадингу гулзор ичида,
Кулимсираб бошладинг йўлга.
Шу ондаёқ ишқингни бериб,
Юрагимни олибсан қўлга.
Шу ондаёқ айланди бошим,
Шу онадаёқ бўлдим паришон.
Шу ондаёқ ўртанди таним,
Қайдан келдинг, эй, офатижон?
Энди билсам кетар эмишсан,
Мени ташлаб белгисиз ёққа.
Мени нотинч этар эмишсан,
Дучор қилиб аччиқ фироққа.
Ихтиёринг, майли, йўл бердим,
Юрагингга севич солиб кет.
Нимаки хуш келса кўнглингга,
Тортинмагил, майли, олиб кет.
Олиб кетгил боғимни буткул,
Қолдирмагил ҳатто хору хас.
Олиб кетгил боримни, фақат
Юрагимни бериб кетсанг бас.
Ҳар ким ўз ёри билан
Бахтиёр бўлсин вафодорлар вафодори билан,
Айшини сурсин умрбод бирга дилдори билан.
Қанча севгинг, қанча меҳринг бўлса ўз ёрингга бер,
Кўз уриштирма ҳаёсиз ўзгалар ёри билан.
Марҳамат қил ошиғингга етса ҳам кўкка бошинг,
Ташна чўлни қондирур тоғ бошдаги қори билан.
Танласанг ёр танла, ишқингга муносиб, бўлма дўст,
Бевофолик қилгали ҳар дамда тайёри билан.
Бевафолар бевафолар бирла ҳамдамдир мудом,
Тил топишса не ажаб, сайёра сайёри билан?
Панд берур бир кун эмас, бир кун сенга ҳеч шубҳасиз,
Бўлмагил сирдош одамнинг пасту айёри билан.
Кўз олайтирмоқ уят, Уйғун, бўлаклар ёрига,
Бахтиёр бўлсин жаҳонга ҳар ким ўз ёри билан.
Фалончи
Ўзини ғоятда ишчан кўрсатиб,
Баъзи бировларни алдаб ва авраб,
Бошлиқ бўлиб олди бир идорага,
Ўлгудай мақтанди тинимсиз жавраб:
“Мен ҳалол одамман! Мен пок одамман!
Ҳақиқатпешаман!” дея урди лоф.
Аммо, кейин маълум бўлдики, барча
Қилган иши унинг қонунга хилоф.
Лаганбардорларни тўплаб ёнига,
Ножўя ишларга киришиб кетди.
Ошна-оғайнилар, қавму қариндош
Ёрдам берди, ишлар юришиб кетди.
Қўли эгри эди аввалдан унинг,
Ўғрилик ҳам қилди, пора ҳам олди.
Талон-тарож қилиб давлат мулкини
Олтин-кумушларни сандиққа солди.
Ўрганиб қолувди ҳаром-ҳаришга,
Нима тўғри келса ямламай ютди.
Гоҳи қўлга тушиб, яна қутулиб,
Барибир ҳаммавақт эгри йўл тутди.
Давлат идорага берган уйларни
Қариндошларига улашиб берди.
Уй олишга кўпдан ҳақи борларга
“Кутинг, навбат билан оласиз”, дерди.
Ўғил уйлантирди, қиз ҳам чиқарди,
Катта тўйлар қилди ном чиқармоққа.
Бошқалардан ўзиб кетаман дея,
Мармар ҳовуз қурди каттакон боққа.
Данғиллама уйи торлик қилгандек,
Янги “дача”, янги “кошона” солди.
Босар-тусарини билмай бу қаллоб,
Машина устига машина олди.
Атрофини ўраб ҳамтовоқлари
Уни фош бўлишдан ҳимоя этди.
Кимки унга қарши бош кўтарса, тез,
Тагига сув қуйди, бошига етди.
Аммо, қинғир ишнинг қийиғи чиқар –
Деган гап бор, ахир чиқди қийиғи.
Жиноят устида қўлга тушди-ю
Фош бўлди расвонинг барча “қилиғи”.
Жиноятчи қилган жиноятини,
Яшира олмайди кўпнинг кўзидан.
Энди жазосини тортади, шаксиз,
Қинғир иш қилдими, кўрсин ўзидан.
Жинояти оғир, айби кўп эди,
Мўлтони ўзини оқлай олмади.
Мусодара бўлди молу мулки ҳам,
Йиққан бойлигини сақлай олмади.
Ноҳақ енголмайди ҳақни ҳеч қачон,
Адолат ҳукмрон бу замонада.
Энди у “саройда”, “кошонада”мас,
Кўр бўлиб ётибди қамоқхонада…