
Маржона ҲАЙИТМУРОДОВА – 2003 йилда туғилган. Самарқанд давлат
университети Каттақўрғон филиалининг 4-босқич талабаси. “Ҳақ карвонида” ва “Асрий
учқун” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
Ўхшаш келаётир
Мени ёқаётир кузнинг ёлқини,
Хиппа бўғилганман бахт ифоридан.
Қанча набототдан топмай ҳузурни,
Топиб суянганман хазонларидан.
Ўхшаш келаётир ҳисларимиз ҳам,
Мен унда яшарман ёки у менда.
Бирдайин боқади кўзларимиз ҳам,
“Олам” деб аталган алвон саҳнада.
Сакийнат домига илиниб қолдим,
Баъзан келаётир барглар суҳбати.
Самодан қуёш ҳам қизиққаннамо,
Қулочин очади – қизғиш қаноти.
Юриб бормоқдаман йўлларим туташ,
Сарғиш ҳисларим ҳам учар одимлаб.
Мени уйғотмасин бу зангори туш,
Ўзимни топяпман битта-битталаб.
Ёмғирга хат
Тамшанар илинж-ла самога,
Ёмғирга ичиккан кўзларим.
Оҳ, яна сукунат тўлғонар,
Мажруҳга айланар сўзларим.
Қарсиллаб урсайди деразам,
Мудраган дилимни тепкилаб.
Майлига томчилар чертса ҳам,
Толиққан жисмимга жон қалаб.
Соғинчинг жафокаш,
Соғинчинг адув.
Интизор нигоҳим тафтингга маҳтал
Келақол, бир зумга ғамларимни қув.
Нима у?..
Азиз Саиднинг “Нима у?” шеърига назира
Нима у
Жисмингда қалтироқ тутган,
Ҳайрат-ла қараган пўртана гумон?
Нима у
Сочларинг тортқилаб ўтган,
Юзингга урилган илиқ елвизак?
Нима у
Қалбингга ғалаён солган,
Тунлар ҳаловатинг ўғирлаган ўй?
Нима у
Кўзингда қадоқдек қотган,
Эсласанг қуюндек ёғган хотирот?
Нима у
Пойингда ястаниб олган,
Дардларинг қучоқлаб ётган баргрезон?
Ким у?..
Мудом қовжиратар лабларинг исми,
Сўроқлар сўзлашар сен билан фақат.
Тортиб кетаётир кўзларинг хира,
Нима у яноғинг ювган муҳаббат.
Нима у?…
Ҳаяллаб ўтади вақтнинг изнидан
Оташ нигоҳига асирдир, тобе.
Ҳислари янчилган ҳар бир изида,
Ўзлигин ўзига қилмоқда моне.
Нима у
Жисмингда қалтироқ тутган?
Сийратинг пичирлаб айтар лабларим
Бир кун…
Сийратинг пичирлаб айтар лабларим,
Ҳисларим мажруҳми ё қалбим басир.
Қайдасан, кимлигинг билмайди зотан,
Ўйларим бегона кимгадир асир.
Пинҳона берганман бўм-бўш кўнглимни,
Ғуборсиз севгимнинг ниҳоли номсиз.
Қанча нигоҳларга келмоқдаман дуч,
Бироқ учратмади тақдир, иккимиз.
Хайрнинг хайрли дарвозасида,
Бир кун учрашамиз, бир кун иккимиз.
Оқ қушим
Сакийнат жовдираб қалбимдан ўпар,
Безори дунёдан ололмайин ўч.
Ёдим унутзорга кетти улоқиб,
Ўтмиш лаҳзаларин йўлатолмас ҳеч.
Нишлаб бораётир сокин маволар,
Иссиқ юрагимнинг ковакларига.
Тўкилиб, ўкириб йиғлаганларин,
Совуриб юборди фалакларига.
Энди “қузғунлари” келолмайди бас,
Энди чайнаёлмас кимса бардошим.
Ютиб қўяётир мени мавҳумлик,
Сиз томон учмайди энди оқ қушим.
Оқ қушим…