
Шойим БЎТАЕВ – “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. 1959 йилда туғилган.
Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) давлат педагогика институтини битирган. “Шоҳона
совға”, “Эски арава”, “Шўродан қолган одамлар”, “Бир кунлик меҳмон”, “Юлдузларга
элтар йўл” сингари қиссалар, “Қўрғонланган ой”, “Шох” романлари чоп этилган.
Бу китоб шундай – аксарият замонавий битиклар каби уйқуга тортмайди,
бедорликка чорлайди. Виждонни тинчитадиган эмас, уни эслатадиган сатрларгина
зулмоний зулматдаги зулмат бағрига оқ нилуфарларга чўлғанган жаннатда кезган
Акутагава Буддаси оёғи остидан дўзахга узанган нур каби қилич санча олишидан
тинимсиз далолат этиб туради. Дор остидан қайтарадиган ёлғонга тазаррудаги
эмас, дор остига олиб борадиган адолатга саждадаги Сўз ҳақиқий дея, Насимийу
Машраблар қисматидан афсоналар сўйлайди.
Бу китоб шундай. Ўзини англамай дунёни забт этмоқчи бўлаётган қора куч
аюҳаннослари ўзини англаганнинг пинҳоний исёни қаршисида ночор ингроқлар
каби йўқликка юз тутишидан башоратлар айлайди. Кўҳна тарих давомида қайтақайта исботланган, Сўзга эмас, Руҳга мурожаат этган ижодкор ижоди завол
нелигини билмай замонлар оша яшаши исботини қайта исботлайди.
Бу китоб шундай. Шеърдан тасалли топиб ўрганганлар энди ундаги
надоматлардан ўз қайғулари уммони тубидан дур олиб чиқиш мумкинлигини
бовар этолмай ҳайрат бармоғини бол илашгандек ялаб турадилар. Бу китоб
саҳифаларига бебаҳо дурлар каби сочилган Аллоҳ берган Ҳаёт қадри сариқ
чақачалик эмаслиги маломатидан битиклари таҳририга шоша-пиша киришган
ашаддий қасидачилар ҳам яроқсизлик яроқларини беҳуда юмушларга ҳаддан зиёд
бериб қўйганлари афсусидан бош эгадилар. Яна-чи? Бемаврид мақтовлари билан
бўғиб ўлдираётганлари ўзларининг жувонмарг мақтуллари эканидан қотиллар
изтироб чекишади.
Бу китоб шундай. Ундаги ҳайратлар ҳаётга йўл очади. Ортда қолган хаёллар
истиқбол манзараларини чизади. Кўнгилларда муҳаббат пайдо қилади. Шу
куюкликни кўтариб юрган муаллиф қабул қилмаган ҳамдардликлар ҳавасга
айланади.
Бу китобдан ўзини қидирганлар мўъжиза топади. Унинг саховати чексиз. Аксинча
эса, муқова сиртига боқиб фол кўриш беҳудалигидан ўзгасига эга бўлолмай қуруқ
қайтиб кетиш эҳтимоли ўзини жаҳолат сингари йўқотмай тура олади. Бундай
бахтсизликдан Худо асрасин.
Турли унсурлари жойида, аммо ҳарорати сезилмас “шеър”ни руҳсиз деб аташ
қанчалик тўғри бўлса, юракка тиғ санчиб қалбни пора-пора қилиб юборгувчи
сатрлар сир-синоатини тушунтириш ҳам шунчалик мушкул. Або ананжад қонида
туғён урган изтироблар дарак гаплар ҳудудини ёриб чиқиб кўкка парвоз этади.
Бу – шеърият парвози. Бунда шоир фақат воситачи ролини ўйнайди. У Яратган
томонидан сон-саноқсизлар орасидан танлаб олингани боисидан илоҳий саодатга
эришади.
Хосият Рустамова сўзни оддий битикчидан фарқли равишда қўллайди. У Сўзга
муқаддас хотира каби сиғинади. Бу сиғиниш хотира маданиятини шакллантиради.
Юксак эътиқоднинг нимжон новдалардан бўртаётган куртаклари шунда амал
нималигини фаҳмлаб амал олишга тутинади. Томирларда ёнган қон тафтидан
сўзлар остига олов ёқиб, башариятни чорлаб, ўз теварагида Одам Ато ва Момо
Ҳаво замонларидан афсоналар сўйлатади. Лат еган оёғини силаб ўтирган бегона
нигоҳни ҳасрат ўтида куйдиради.
Бу китоб шундай. Овлоқ гўшаларнинг овлоқларидаги қадам етмас чайлада ярим
тунда бедор бўлган кимсасиз бир кимса ҳам бу гулхан тафтини сезиб, кўзларини
бинафша каби уқалай-уқалай кимсасизлик кимсасини топганидан шодланиб
кўтараётган бошини осмоннинг метин равоқига уриб олиб лат едирмайди. У шу
тафтга яқинлашиб, шу тафтдан ҳаёт топади ва ўзининг Яратганнинг унутилмаган
бандаси эканига шукроналар айлайди. Лермонтов қаҳридан ҳар бир шодлик
лаззатини меъдага теккизмай мангуликка сўриш фалокатига йўлиққанлар унинг
алангасидан қочгани жой тополмай ўзгалар нафратига ҳам қалқон тутадилар. Бу
гулхан қанчалик сирли бўлса, шунчалик оддий ҳамдир. Унинг мафтункорлиги
шунда. Бу мангу тошдан кўра мангуроқ, бу кўҳна дунёнинг ўзидан ҳам кўҳнароқ,
бу эндигина таваллудга чоғланаётган тўлғоқдан ҳам янгироқдир. У инсоният
томирларида қондан-қонга ўтиб яшовчан ярамас эски иллатларга минг яшар
орифона кийимда гугурт ўйнаётган чақалоқ сингари янги олов қўяди ҳамда қалбни
гўзал ва саодатли кўришни орзулайди. Нурдан нур кутади. Уни истаб келганлар
ўз чодирида қур тўккан турк ҳукмдори сингари чуқур ўйга толганча янги дунё
яратаётган илоҳ ҳузурига Руҳ гулхани оша ошиқадилар.
Бу уларга нима беради? Аввало, озодалик. Руҳ ва Қалб озодалиги. Озодалик ва
Озодлик бир ўзакдан экани эса уларнинг ошиғи олчилиги ифодасидир. Аслингизга
қайтинг, ўткинчи шамоллар илакиштирган разолатларингизни ёқиб юборинг,
деяётгандек бўлади ўзининг сўз гулханини ором билмас уйғоқ руҳи ва тафти
босилмас оташ қалби билан ёқиб ўтирган шоира Хосият Рустамова!
Бировнинг оромини ўғирлаб, тинчини бузиб бу ўтиришдан мақсад нима? Нега
бу дунёга келдингу нима учун яшаяпсан, қандай маъни топиб нимадан бошинг
кўкда-ю қалбинг сурурда каби жавоби топилмайдиган, чамаси топилиши шарт ҳам
бўлмаган саволларнинг кўндаланг ифодасига унинг нигоҳи шунчалик муҳтожми?
Шоирлар ўзи мансуб халқнинг виждон қўнғироқларидир. Бу эски гап. Шоирлар
шеърни қисмат деб биладилар. Бу ҳам янги эмас. Эски ва янги бўлмаган бу дунёда
ҳар куни ҳар хил қавм яшайди. “Бўлди. Дунё кўрсатди борин. Ҳаёт, сен ҳам
бўлмасанг агар – Менинг нима кечарди ҳолим?”. Биринчи сатр эски, ўзгармас. Тош
қотган. У ҳеч нарсани эшитмайди, эшитишни хоҳламайди ҳам. Унинг ўз ўзани бор.
У эскириб кетганидан шайини бузилган тарозисида ҳақ ва ҳақсизликнинг адашган
тошларини янаям адаштириб ўтиради. Унинг адолати адолатсизликни, озодлиги
маҳкумликни, нури зулматни, эзгулиги қабоҳатни яратишдан толиқмайди. Иккинчи
сатр бошқа гап. Унда ҳаёт қайнайди. Ҳар куни янгиланиб, ҳодис бўлиб турувчи
ҳаёт. Қўнғироқчилари қисмати ўз қавми қисмати билан эврилиб кетади. Ўз тақдири
билан курашга чоғланган Эдип каби қавм қўнғироқчилари иккинчи сатрнинг
ҳам биринчи сатр каби тош қотмаслиги ҳаракатини қилиб юрадилар. Уларнинг
қўлларидан кундуз куни ҳам тушмайдиган чироқ ёғи илоҳий пайғомлар орқали
расаммади билан тарқатилади.
Бу китоб шундай. Ҳар бир қавмнинг ўз рамзи борлигини, бу рамз номи Адабиёт
эканини, минг бора исботланиб минг бир марта рад этилган жайдари нисбатни
тўғрилаб қўйишга чоғланади. Шу боис, у ўлмайди дейиш ноўрин. Чунки ўлим
сўзини, гарчи у ҳам сўз бўлса-да, Сўзга нисбатан қўллаб бўлмайди. У завол
билмасдир. Навоийнинг орзулари, Толстойнинг тазаррулари, Сервантеснинг
заҳархандаси асрлар асрларга ошиб ўтишининг сабаби шундадир. Борди-ю,
инсоният орзу-умидини йўқотиб қўйса уни кошоналар зиналаридан эмас, адабиёт
бағридан топа олиши сабаби шундадир. Разолатга ботганлар борди-ю тазарру
нелигини унутиб қўйсалар, Аллоҳдан хижолат чеккани учун шоира ўзи тимсолида
яна улар гуноҳини сўраб товба қилаверади. Адабиёт шунақа, чунки унда биринчи
навбатда ижодкорнинг ўзи камолот касб этади. “Тилингдан олдин қалбингни тарбия
қил, асрлар қаъридан овози эшитилади шоиранинг буюк салафи Жалолиддин
Румийнинг, чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади”. Бу камолот ҳар куни даста
даста гуллар ундиради ва ўз халқи пойига уларни пояндоз каби тўшайди. Хосият
Рустамова ана шундай саодатга мушарраф уйғоқ руҳли, оташ юракли шоира. Халқ
агар туйқусдан ўзининг ҳақиқий фарзандларини дурустроқ таниб олса, бошқалар
обрў-эътиборсиз қолиб кетадигандек туюлади. Бу қўрқинчдан қўрқмаслик керак.
Негаки, аслида ундай эмас, халқ агар туйқусдан ўзининг ҳақиқий фарзандларини
таниб уларга муҳаббатини изҳор этиш қудратини намойиш эта олса, ўзининг
обрў-эътиборини осмон қадар юксалтира олиш қурбини қўлга киритади. Ёки
ҳуқуқиними? Ҳеч қачон йўқолишни истамас сохталикка бу ҳуқуқ қонун қаршисида
зарба бергандек зарба бера оладими? Ўтмиш қаъридан нур сочган тамасиз юлдузлар
сингари келажакнинг порлоқ юлдузи ҳам қоронғи осмонни ёритиш мақсадида
учади. “Менинг номим қайси қаторда, Кимлар билан турар ёнма-ён?! Ўзбекча
ном бошқа шаҳарда Нималарни этмоқда баён?! Ёт қўшиққа берарми чидам – Ёт
гулларга бўларми исм? Бу бегона бошлар ичидан, Маъюс учиб ўтади руҳим”. “Бир
ҳамла қилсам, бас – Оламан кўкни. Ҳали қувватимни Худо олмаган. Ернинг остида
ҳам бирор жой йўқки, Менинг илдизларим кириб бормаган”.
Бу чинакам руҳоният алангаларидир. Сўз бу чоғда ўз-ўзидан маҳв бўлиб,
унинг воситачилик аҳамияти билинмай кетади. Сўзлар руҳ қобиғидан мосуво
бўлгандагина сатрларнинг дағал курсисида яланғоч ҳолда ўзларини қаёққа уришни
билмай хижолатланиб туришади. Қолаверса, уларни эгалари ҳам унутган, ўзлари
эса эгаларини ташлаб кетишга мажбурланганларидан қонталашган яраларига
малҳам топишолмайди. Хосият Рустамованинг, кўзларингни очсаларингиз-чи ахир
қабилидаги куюнчаклиги эса ўзи нур сочаётган дунёлардан олган таассуроти янглиғ
янграйди. Гўёки физик қонун поэтик дардга айланаётгандек, у ўз коинотининг
орбитасида ёрқин юлдуз бўлиб чарақлайди. Ўз кўкидагига бепарво қарамаган ва
унга миннатдор боққан жамиятгина гуллаб-яшнаб, ўсиб-ривожланишини бугун
ушалган ёинки ушалаётган орзу-умидлари оғушидаги миллатлар башариятга
намоён қилиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Орзу-умидлари, хаёл-ўйлари, ҳистуйғулари бадиий тафаккурнинг сўлим чечаклари-ла зийнатланган қалблардангина
Эзгулик ва Ёруғлик унади. Шунда ортидан турли-туман инсоний қабоҳатларни
илакиштириб чиқа олишдек даҳшатли кучга эга бўлган ёлғоннинг куни яна
туғавермайди, у кўнгилларни хароб айламайди, меҳробу минбарлар ортида уя
қурмайди, Ҳофиз Шерозийнинг, “Воизон чун жилва дар меҳробу минбар мекунанд,
Чун ба хилват мераванд, он кори хилват мекунанд”, деган заҳарханда сатрларининг
мангулиги чил-чил синиб тушиб, разолату қабоҳатни асрлардан-асрларга опичлаб
ўта олмайди. “Кўп ўйладим гул қошида, Тегмади деб ёрдамим. Осиб қўйдим
ёнбошига – Қуш расми бор пардани. Сал нарсага буради лаб, Билмам, кимга кўз
тикар. Эртаю кеч йўлга қараб, Энтиккани-энтиккан. Қушга тўлди. Баҳор келиб,
Дарахтлару дала-боғ. Менинг гулим она бўлиб, Тугади янги япроқ”. “Ҳаёт ташлаб
қўймас ҳеч кимни, Ва ҳеч нарса чиқмас эсидан. Фақат кўнгли чўккан заминни,
Сийлаб турар одамлар билан”.
Истеъдодсизликлари ва бозорга солиб бир нималик бўлиш илинжидаги косиблар
туфайли хору зорликка маҳкум этилган ёхуд очиқ майдонларда дор остига олиб
борилаётган маҳбус каби бўғизланаётган Сўз муқаддаслигини фақат бир нарса –
ҳеч қачон ёлғон бўлмаган ва иддао домига тушмаган ҳис-туйғуларгина таъминлай
олади. Шу ишонч эрта тонгда дераза очаётган чилласи чиқмаган келин қўлига китоб
тутқазади – бу Хосият Рустамованинг қўлингиздаги ушбу китобидир, шу ишонч
Қуёшдан аввал унинг хонадонига Сўз ёруғлигини олиб кириб қалбини чарағон
этади – бу Хосият Рустамованинг ушбу сўзидир. Бу китобда қуриганидан ташлаб
юбориладиган гул мангу ифор таратиш даъвосини қўзғайди. Бу ифор Кўнгилларни
ўзининг абадий маъвоси сари етаклаб, уларнинг юксак маснадлардаги бўшаб қолган
жойларига ишора қилади. Осмон. Ер. Тун. Юлдуз. Ой. Қуёш. Сўзлар коинотида
янги кашфиётлар табиатда бўлгани каби бир-бири билан ўрин алмашиниб туради.
“Ҳилол кўп йўқотар қон, Юлдуз ярар жонига. Узилиб тушар Осмон – Ернинг
шундоқ ёнига. Шамол тикар жонини, Тун базўр қолар қочиб. Деҳқон йиққан донини
– Кўкка юборар сочиб”. Дарахтлар сир билиш учун ер остига чуқурроқ кирадилар,
эшиклар садоқатли қул каби кўча пойлайди, тун бандачилик қилади, булутнинг
ранги учади, ерга ерда яшаш малол келади, шамол қайдандир учиб келади, темир
қафасини синдириб осмону фалакка учгиси келади, Худога ўзини олиб боради,
чўпон қирма-қир ошиб шамолни ҳайдаб юради, шамол тоғларга чиқиб қорларни
дўппослайди, туйғулар ловуллаб ёнади, Инсоннинг асл моҳияти намоён бўлади.
“Овора бўляпман – Ўзим билан кўп, Кўтариб Касалга чалинган танни. Хавотир
оляпман. Юлдузингни кўк, Шамоллатиб қўймаяпсанми?” Бунга кимнинг ҳади
сиғади? Кўк юлдузининг!
Сабий хаёллари оғушида очиқ деразаси рафига ўз гулдастасини қўяётган
навраста қалб кўз ўнгида ногаҳон олис-олисларда сирли бир манзил мароҳил намоён
бўлгандек туюлади, жуда олис-олисларда уфқнинг ҳам нарёғларида қуёшнинг ичига
ботиб бораётган бир навниҳол вужудни у илғаётгандек қўлидаги китобига қарайди.
Уни қай манзил томон қай мақсадда нималарни олиб кетаётганини тасаввур этмоққа
чоғланади. Шунда тасаввурида жонланган янги олам унинг ҳаётига айланади.
“Жисмим ҳаво сўраб интилди кўкка, Кўзларим жовдираб Сўради ҳаёт. Ҳаво керак
экан жами тирикка – Яшаб бўлмас экан беқанот. Ўттиз уч йил кутдим. Айтишга
осон, Мени қучоғида тирилтирди шеър. Энди мен ўзимга ўзимман осмон – Энди
мен ўзимга ўзимдирман ер”.
Хосият Рустамова – яратувчи муаллиф, ўзи яратган, яратаётган бу оламни
ўзгалар тасаввурида қандай намоён бўлганини, бўлаётганини мукаммал жилолаш
иштиёқида ўз Сўзи остидан ўз оловини баландлатади. Илмилиқлик барчадан бурун
қалбни айнитади. Оловнинг сўниб бориши олов аталмайди. Аммо адирлар бағрига
сочиб юборилган кул бағридан чечаклар унади – ҳатто. “Эслайман, руҳимнинг
туғилган куни – Анча юсаклардан қарадим ерга”. У ўша юксаклигида ўз олами
учун ижарага ер эмас, Кўнгил сўрайди. Бу даъво аслида жуда улкан, йўқ нарсани
топиш қийин. Нон сўраган гадой кафтига тош қўйишгани каби алданиб қолмаслик
учун ростини айтишдан ўзга йўл йўқ. Ўз қимматини тўқиган каби ўз оламини
тўқиётганида туйқусдан яратаётган олами дарахтсиз эканлигини пайқаб қолади.
Бу оддий дарахт эмас, шу тоза масканга хос Дарахт бўлиши керак. Унда Анор энди
осмонга эмас, разолатга қарши мушт тугмоғи лозим. Эҳтимол минг йил аввал
дунёнинг ҳамма томонидан бу оламга эшиклар очиқ бўлгандир, эҳтимол минг йил
кейин бу оламга дунёнинг ҳамма томонидан эшиклар очилар – аммо ҳозирча бунинг
иложи йўқ. (“Кузатма ортимдан… Сен яхшиси қол. Яша истаганча дунё бағрида.
Топиб боролмайсан – Мен яшаган жой – Бу ҳаётдан озроқ нарида…” Унинг дунёси
ўз одамларига эга. “О, бунчалар зерикарли тун, Ўчиб қолар токчада шамлар. Ғийбат
бошлар узундан-узун – Бир-бирига ўхшаш одамлар. Толстойни ўқимас ҳеч ким,
Евтушенко, Пруст йўқ, Вагнер. Мени эса йўқолар тинчим – Қани Эдьна, Кафка,
Жойс, Бодлер? Қани менинг китоб жавоним, Қани Беркли, Августин, Ремарк?
Қани Сартр, Элиот, Моэм. Кавабата, Картасар, Бальзак? Лорка, нима қилсам ўтар
тун, Қандай қарши оламан тонгни? Тушларига кирмайман бугун, Анна, Бальмонт,
Мандельштамнинг…”)
Ток. Ёнғоқ. Терак. Ёмғир. Ўз номи билан аталганда қарийдиган, кесилиб
кетадиган, ёғиб ўтадиган бу нарсалар энди абадийлик касб этганидан кўнгли
тўқ. Шамол эса… бу оламда алоҳида ўзига хослик касб этади. “Раҳми келиб
эркалар шамол”, “Жимиб кетар шамол анча пайт”, “Мени шамолларга силкитиб
қўйма”, “Шамолларнинг чиқмас унлари”, “Шамол йиртиб қўяр шиппакларини”,
“Судралади шамол этаги”, “Шамоллар кўчамдан югуриб ўтди”, “Шамол ёмон
ҳаддидан ошиб”, “Шамол кимнинг тутиб ўйнар сочидан”, “Шамоллар қасд қилди
ширин жонига”, “Шамол гулга улашар титроқ” каби ўз номи моҳиятини йўқотган
шамол эгиб букиш, учириб синдириш фаолиятидан бироз тин олганча бу оламнинг
кемтикларини тўлдирмоққа чоғланади. У ўз табиатига кўра ўзгарувчан. Аммо
Сулаймон тахтини олиб юрувчи Рухо шамоли каби афсонавийлик касб этади.
Юнонлар беҳуда айтишмаган, ҳар қандай воқеа ҳодисани афсонага айлантириб айта
оладиганларгина ҳақиқий шоирдир! У соз каби созланади. У куй каби куйланади. У
шеър каби яралади. Туну кун яралади, яратмоқнинг муддаоси яралмоқлик уни оний
лаҳзада ҳам четга қўйвормайди. Юлдуз кўкка ярашади – у ўз шеърига. Яратганга
қиёфадошлиги бурчи томирларида қон билан олов шаъшаа отади.
Сиз учун қай бири қадрдон?
Яшаб турганингиз ўткинчи дунёнинг дайдибадал елвизакларими ёинки мангу
оламнинг турли кўринишларда намоён бўла оладиган шамолларими? Бу – дунё
шамоли, бу – Рухо шамоли, бу – Хосият шамоли! Дунё шамоли дунёга, Рухо
шамоли Сулаймонга, Хосиятнинг шамоллари Сизга аталган. Унинг ловуллаган
гулхани ҳарорати ёндирган қалбларга яна ўзи силаи раҳм қилиб, саррин шабадалар
ҳам йўллайди!
Уйғоқ руҳ, оташ юрак гулхани
Беқиёс теранликлар ва кенгликларгина дош бера оладиган ҳислар ифодаси ўзига
муносиб ҳодисаларни излаб, уларга суянишни истайди. Руҳ само янглиғ эса, Туйғу
уммон каби теранлашади. Хосият Рустамова йўқ ерда денгиз яратиш фикридан
йироқ ўлароқ, унга дардларини тўкиб солади. “Оёқни зўр-базўр босаман судраб,
Ярадор жангчидай эмакланар из. Айни шу лаҳзада қалтираб, титраб – Мен Сенга
талпиниб турибман денгиз. Кўксимга аёвсиз урилар тўлқин, Қирғоққа қочмоқда
баҳайбат кема. Юрагим, мен Сендан ўлгудай қўрқдим, Бу ахир ҳаётми? Яшашми? –
Нима? Бўлди. Сабрим тугар. Туролмайман тик, Чалажон илкимда тўхтаб қолар
қон. Сен эса тишингдан сачратиб кўпик – Менинг вужудимда қиласан исён”. Унинг
“Денгиз” шеърини ўқувчи беихтиёр Пушкин сатрлари билан адоғига етказиш
фикрига тушиб қолса ажабмас. “Яхши қолгил, денгиз! Унутмайман ҳеч Сенинг
тантанали бу жамолингни, Қулоғимда турар, жаранглар ҳар кеч,
Ҳамиша тинглайман ғалаёнингни. Ўрмонлар ва жимжит саҳролар томон – Ёрқин
хотиралар ола кетаман. Қоялар, кўрфазлар, тўлқин ва сурон, Соя, жилоларинг
эсда тутаман”. Ёхуд кўкка шаъшаа ташлаб миллиард туйғулардан қотган шарора
қошида “инсон ўз қалбини англаса зора” дея ёнган Абдулла Орипов жўровозлиги
ҳам унга бегона эмас. “Илҳоминг дилимда, хайр, эй денгиз, Гарчанд висолингдан
асло қонмасман. Лекин ёшлигим ҳам ўтар-ку эсиз, Бир вақт ёнганимдай балки
ёнмасман. Балки сайр этгали мавжларинг бўйлаб, Тағин қайтажакман эй, ошно
уммон. Сен-чи куйлайвергин ҳамиша гувлаб, Инсонлар қалбига солиб ғалаён”.
Исён ва ғалаён! Сўзлар оҳангдошлиги руҳ қаёшлиги ифодаси янглиғ жаранглайди.
Мавлононинг “Агар ўлсам асло қаро тупроқдан ахтарманг, Яшарман аҳли ориф
кўнглин мангу макон айлаб” машҳур сатрига уйқаш янгича поэтик кашфиётлар
юзага келади. “Кимнингдир кўнглига бўлолдимми жо, Худойим, кимгадир тегдими
нафим? Мен ўлсам – тупроғим қилмасин даъво – Мени юракларга этингиз дафн”.
Тупроқ даъвосини хаёл қила олишдек олижаноблик учун осмон қадар баландлик
тақозо этилади.
Шоирларга ўлим ҳақида ёзмасликни маслаҳат берадилар. Сўзда қисмат мужассам
деб бу иримга амал қилишади. Аммо эътиқодда ирим йўқ. Исломда ўлимни ҳар
лаҳза ёдига олиб турган инсоннинг қалби латиф бўлиши, бу дунёнинг ўткинчи
ҳою ҳавасларига берилмаслиги каби кўрсатмалар мавжуд. Бу дунёда бир-бирингиз
билан муҳаббатли бўлсангиз ер усти ҳам сизлар учун жаннатдир сингари ҳадислар
эса масофаларни маълум маънода қисқартириб беради. Ўлим ҳақида ёзмаслик асл
муҳаббатга ёвуқлашишдан ҳайиқиш ёки унинг моҳиятини фаромуш айлаш билан
тенг эмасми? Ҳазрат Алишер Навоий ёрдан айро кўнгилни эгасиз мулкка, жонсиз
жисмга, гулу райҳонсиз тупроққа, ойсиз кечага менгзашида ҳам шу маъно ётади.
Олам юрагининг энг марказига жойлашган улуғ муҳаббатнинг зарраси сифатида
ўзлигига интилиш ҳар қандай бадиий тафаккурга битмас-туганмас илҳом бера
олишга қодир бўлади. Тан ва руҳ манзилга интилган от ва суворий янглиғдир, дейди
Мавлоно Жалолиддин Румий, ҳеч маҳал суворийга от озиғи ғизо бўлолмагани
каби мақсади сари интилган Руҳга ҳам муҳаббатдан ўзгаси озуқа бўлолмайгай.
Хосият Рустамова Ҳаётга муҳаббатни Яратгансиз тасаввур этолмайди. Ахир у
жону дилидан Ватанни севади. “Ватанни севмоқ имондадир” деган ҳадиси шариф
шарофатидан барқ ураётган кавсар чечаклари унинг қалбида барг ёзади. Наҳри
Қулзум каби олис-олислардан оқиб бориш сас-сабарларини таратаётган кавсар
сувларидан бу чечаклар тош устида гуллайди. Ютинган ҳалқумда тўхтаган буғдой
донасини гуноҳ каби юва-юва бошоқлантириб юборади. Бу мутлақо ўзгача, буюк
аждодларимизнинг бир сатридан юз маъно чиқарилиши мумкин бўлган сатрлари
каби ёхуд “ўлмасдан бурун ўл!” даъвати сингари шоиранинг ижодий салобатини
туйқусдан юксакларга кўтариб юборади. Унинг мазкур китобга кирмаган
кундалигидан шундай ёзув эълон қилинган эди. “Нимаики ёзсам ҳаммаси Сен
учун! Юрагимнинг уришидан кипригимнинг силкинишигача Сенга қаратилган!
Сени яхши кўраман… Бошимни буриб қаерга қарасам борсан, тўртта томоним ҳам
сен билан тўлиқ… Худойим, шунақаям бўламанми, шунақаям яратасанми? Ҳеч йўқ,
Сени ўйлаётганимда юрагим озгина тўхтаб турса-чи… озгина нафас олиб олардим…
Ҳамма томоним муҳаббат! Кимдандир жаҳлим чиқаётган бўлса ҳам ичимда бир
Севги чўғдай чарсиллаб ёнаверади… Кимдандир нафратлансам, кимнидир озгина
ёмон кўрсам эди. Баъзан жуда хоҳлаб кетаман, кимнидир ёмон кўргим келади!
Аммо, қўлимдан келмайди, ҳаммасини Сен яратган бўлиб чиқаверасан…”
Ижодкор қалби орзу-умидларга тўлиб-тошади. Ўткинчи ҳою ҳаваслар уларнинг
қаршисида дош беролмай пардай тўзғиб кетади. “Бу кунлар ҳам ўтар бир кун,
Ўтар бир кун бу кунлар ҳам. Кўзларимда ёришмас тун, Совиб қолар жонсиз танам.
Столимда қолар дафтар, Шеърлар кўзёш тўкар – дардманд. Ёлғиз танам жонсиз
қайтар – Хижолатманд. Хижолатманд. Узукларим тегар кимга, Қўлим нафас олар
нурдан. Фақат унинг кўзларига Жуда гўзал кўрин, мурдам”. Абдулла Ориповнинг
“Ўлим бу нишонга бориб теккан ўқ, Туғилиш шиддат-ла тортилган камон” машҳур
сатрлари билан ҳамоҳанг “Ўлим эндигина эсдан чиққанда, О, яна келдингми,
туғилган куним?” ёки “Шунча кутиб-кутиб Сенинг олдингга – Тирик боролмасам,
Худойим…” каби фавқулодда сатрлар мустаҳкам Имон шоирининг қалб нидолари
бўлиб таралади.
Бу китоб ҳар қанча фикр юритилса, ҳар қанча чуқурлашиб борилса арзийдиган
сермазмун шеърлар билан зич тўла. “Қўрқмайман бу фалак чархласа чархин, Дунё
жим ортимдан тушганида ҳам. Фақат шеър ёзаман. Яна бир айбим – Одамларни
яхши кўраман!” Валерий Брюсовнинг “Мен – шаҳзода, сен – малика” сатри унинг
талқинида “Мен – малика, сен – шаҳзода” бўлиб янграйди.
Бундай эзгу ниятли ижодкори бўлган халқнинг кўкси осмон қадар юксалади.
Нурга талпинган каби унга талпиниб, шафқатсиз давронлар қолдирган руҳ
яраларига малҳам топадилар, “менинг ҳам қонимдаги қилич занги”ни Эзгу Сўз
зидди заҳри билан ювиб ташлайдилар. Бу Яхшиликни инъом этган жигарбанд
қизларини қуроқ даструхонлари бошида дуо қилиб, сўнгра ўзларининг насибаси
бўлган бир бурда қора нонга қадоқ қўлларини узатадилар – ахир буғдой донасидан
тикланган вужуд. Уйғоқ Руҳ, оташ юрак садолари энди уларнинг мулки бўлиб
қолади. Бир қизалоқнинг сепидан истеъфода этилгани сайин қиммати ошиб
бораверадиган беқиёс хазина чиқиб қолиши сизу бизнинг толесиз онларимизга
файзу шукуҳ ато этади, асрларнинг залворли юкидан эзилган қадди-бастимизни
тиклаб олиш учун дастимизга асо тутади. Қанчалик талош бўлса, бу хазинанинг
қадри шунчалик ошиб бораверади, чунки ўткинчи дунёнинг сийму зарлари каби
уларни илон эмас, Уйғоқ руҳ ва оташ юрак қўриқлаб туради. Ундаги хаёллару
ҳайратлар ҳаётга йўл очади. Бу – Янги Ҳаёт. Уни тош қотган дунёга алмашмайсиз.
Хосият Рустамованинг хоҳ шиддатли бўлсин, хоҳ маъюс бўлсин, хоҳ заҳарханда
бўлсин, барча сатрлари замирида ётган Инсонни мукаммал кўриш истаги ўз халқи
тақдири билан боғланиб кетгани уни шарафлайди.