
Ҳабибулло ФАЙЗУЛЛО – (1945–1980). Тожикистон Республикасида туғилган.
Душанбе давлат педагогика институти ҳамда Горький номидаги адабиёт институтини
тамомлаган. Ижодкорнинг “Ёмғир томчиси”, “Ёшлик олами”, “Дарё эртаги”, “Йўл
достони”, “Орзулар дийдори” номли китоблари нашр этилган.
Туш
Зимистоннинг узун кечаси,
Туш кўраман қизиқ, ажойиб:
Гоҳ кўринар қорлар парчаси
Гоҳ назардан бўлади ғойиб.
Шўх болалар учади чана,
Ошиқ йигит эслар ёрини.
Кураяпти қишлоқда, ана,
Хотин-халаж томлар қорини.
Қор устида йиқилдим турдим,
Муз устида юрак ларзада.
Хуллас ғариб тушимда кўрдим
Алғов-далғов турфа манзара.
Дилим дейди, тушимда: кулма,
Орзу гули сўлган бўлади.
Тутун бурқсиб чиқмаган кулба,
Ғам-ғуссага тўлган бўлади.
Менинг хаёлим
Учқур отга ўхшар хаёлим,
Йўқотибди қиши, ёзини.
Дашт-даманда силкитиб ёлин,
Излайди ўз чавандозини.
Еллар билан иттифоқ тузиб,
Йўл-пайраҳа очиб борадир.
Эгарқошдан юганин узиб,
Ёлғизликдан қочиб борадир.
Елдиримга дўнади хаёл,
Гоҳ ердаю, кўк, ойда гоҳи.
Чархни топган олмахон мисол,
Чарх уради бир жойда гоҳи.
Сапчийди у кишнаган кўйи,
Соғинади кўклам, ёзини.
Учқур отга ўхшар хаёлим,
Излаб юрар чавандозини.
Ғуруб
Ғуруб оташига кўмилди хуршид,
Қора қанотини ёзди яна тун.
Қайси бир парранда куйлайди жўшиб,
Қай бир кўнгилларни айлайди мафтун.
Шодликни қабул эт кекса мунажжим,
Тун келди осмонга юлдузлар илиб.
Тунги юлдузларнинг паноҳида жим,
Менинг ғуссаларим турмоқда кулиб.
Хаёлим этаги учиб саросар
Осмон этагига туташиб кетди.
Кўксимдан отилган шеърларим бесар,
Нуронур каҳкашон буржига етди.
Орзулар чирпирак хазондек кечар,
Ширин орзуларим бодларга қолди.
Мендек тани танҳо ушбу қув кеча,
Дунёнинг дардларин кўнгилга солди.
Ғуруб оташига кўмилди хуршид,
Қора қанотини ёзди яна тун.
Қайси бир парранда куйлайди жўшиб,
Қай бир кўнгилларни айлайди мафтун.
Дарахт ўлими
Дарахтлар тик туриб ўларлар,
Ўларлар дарахтлар дафъатан.
Ғуссаю ғамлара тўларлар,
Ҳеч дилсиз эмасдир жон ва тан.
Яшин уриб кетдимикин, оҳ
Тегдимикин чақин камони.
Кечаги шукуҳдан мосуво
Осмонга ўрлайди фиғони.
Урён шохларида шамоллар тиниб.
Яшашга қолмаган зарра матлаби
Учиб кетган қушларнинг ини,
Тўзғиб ётар вайрона каби.
Тешилди-ку дарахт кураги,
Япроқларин тўкди у дилхун
Муҳаббатга илғар юраги,
Тўхтаб қолди гул пайти нечун.
Ғуссаю ғамларга тўларлар,
Ҳеч дилсиз эмасдир жон ва тан
Дарахтлар тик туриб ўларлар,
Ўларлар дарахтлар дафъатан.
Намчиллик
Намчилликнинг ҳиди келади,
Осмондаги баҳор абридан.
Тоғу тошни чақмоқ тешади,
Айрилади ёмғир сабридан.
Учаяпти ўткинчи бодлар,
Намчилликни ўтади элаб.
Уйғонади хотира ёдлар,
Дарё оқар тошларни силаб.
Қаҳр-ғазаб рангу размида,
Узиб ташлар булут лажомни1.
Лола кулар ёмғир базмида,
Қўлга олиб арғувон жомни.
1 Тушов, ип, боғланган маъносида.
Қатра-қатра томганча охир
Ришталарда ситора ёқди.
Жилғаларга бўлиниб, соҳир,
Сой сувига қўшилиб оқди.
Осмонларга чорлар ушбу ҳол,
Учгим келар ёмғирга ўхшаб.
Боғлаб олди дилим пару бол,
Энди бўлмас заминда яшаб.
Баҳор тонги
Қанотлари пароканда қуш
Паға-паға учиб тушар қор.
Музи эриб кетаяпти қиш
Қадам отиб келмоқда баҳор.
Тунги моҳтоб ғамгин, дилпора,
Гоҳ тўлиқдир гоҳида ярим.
Осмонларга тақар ситора,
Осмон каби тийран кўзларим.
Қуёш кўчар заминга яқин,
Кейин яна кўкка кўчади.
Қилич солиб дилпора чақин,
Кўкда бир-бир ёниб, ўчади.
Келтиради баҳордан дарак,
Қорнинг салқин совуқ бодлари.
Сомон йўли бўйлаб жонсарак,
Сирғалади қишнинг ёдлари.
Майдакокил қиз каби ўйнар,
Қип-яланғоч терак ҳам, тол ҳам.
Деразамнинг ромига қўнар.
Оқ кўйлакда тонг номли санам.
Тожик тилидан
Сайфулло ҚУЛАЕВ таржимаси
Сайфулло ҚУЛАЕВ – 1960 йилда туғилган.
Душанба шаҳридаги Мирзораҳмат Олимов
номидаги
Республика
юртини
тамомлаган.
Рассомлик
билим
Тожикистондаги
ўзбек мактаблари учун “Она тили” дарслик
китоблари муаллифи. Шоирнинг замонавий
тожик адабиёти номояндаларининг бир
нечасини ўзбек тилига таржима қилинган.
“Дилдан дилга” деб номланган китоби чоп
этилган.