Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Най



Назар ШУКУР – (1954–1985) Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ)
география факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Кўкдаги умр”, “Қишлоқ
йўлларида”, “Вақт хиёбонида”, “Мени кечир, муҳаббат”, “Видо”, “Сен қайтмасанг…”,
“Осмон ташбеҳлари”, “Баҳор соғинчи” номли китоблари нашр этилган.

Достон
Ўтмиш ансамбллари таркибида най етакчи созлардан ҳисобланган.
Энциклопедиядан


Кириш
Осиғлиқ турибди деворда бир най,
Куйлари мум каби қолгандир қотиб.
Нуроний машшоғин ўн беш йил аввал
Шундоқ кўз ўнгида қўйган йўқотиб.


Сўнг… ҳеч ким чалмади, ҳатто ўғли ҳам,
Ушлаб ҳам кўрмаган набиралари.
Шундоқ кўз ўнгида кўммоқчи бўлиб,
Тинимсиз ёприлар чанглар най сари.

Аммо гард қўндими, сочиқни олиб
Уни артиб турар чолнинг кампири.
Ўн беш йил осилиб най қолди толиб,
Кампир ўлса қандай кечар тақдири?

Деворда осиғлиқ турибди ўтмиш,
Ўғил, набиралар, эҳтимол, ҳақдир.
Бироқ ўтса ҳамки йиллар мисли туш
Кампир билан шу най бир-бирин танир.

Най танир: кампир ва чолнинг ёшлигин,
Биринчи учрашган кунига гувоҳ.
Доим ҳамроҳ бўлди уларга кейин
Ва таний бошлади уни ҳар нигоҳ.

Севгисин таърифин келтирмоқ учун
Йигит най кучига берганда тартиб,
Кампирнинг ёшлиги йиғлаганида
Авайлаб кўзёшин қўярди артиб.

Най тилга кирганда, найнинг кўзидан
Оҳанглар оқарди нафасдан тўзиб.
Оҳанглар оқарди ўтмишга томон
Навоий, Бобурнинг уйқусин бузиб.

Куй эмас, Навоий ғамин тизими
Қайтарди Ҳиротга Астрободдан.
Барибир, ахтариб юртнинг исини
Унинг соғинчлари тушмасди отдан.

Най тилга кирганда йиғларди Бобур
Тонгданоқ юзланиб Андижон сари.
Лопиллаб қоларди Ватансиз қабр…
Найнинг кўзларидан оқарди бари.

Найнинг кўзларидан оқарди Машриқ,
Оқарди карвонлар узун қатори.
Машшоқнинг нафаси олмасди ҳордиқ,
Ва қалқиб чиқарди энг бахтли ёри.


Чолнинг нафаси
Кампир найни артар.
Барибир, йиллар
Аёвсиз кемирар ёғоч бастини.
Эсган шабадалар ва эсган еллар
Эслатар мусиқий чол нафасини.
Бир фурсат ютунар мовий теварак,
Атрофга ўрмалар япроқлар саси.
Юпанчкор найимдан олай, деб, дарак
Эсади шамоллар – чолнинг нафаси.
Майсалар ўйинга тушар бетиним,
Япроқлар шовуллар – таралар куйи.
Гиёҳлар ҳидини, гуллар ҳидини
Чол нафаси ёяр ҳар ён кун бўйи.
Пуфлайди дарахту яшил боғларни,
Пуфлайди оҳиста кампирнинг сочин.
Ғуборин артади қадим тоғларнинг,
Чанглардан артиниб соф бўлар очун.
Кўл сатҳи жимирлар, чайқалар дарё,
Нам тортар исиган чолнинг нафаси.
Тўзонлар ғуссадай кўтарар фарёд,
Бу мовий нафасни танир ҳаммаси.
Кампирнинг кўзёшин танир жимгина,
Артади тизилган кўз ашкин тағин.
Бахтиёр ўғлига қилмасдан гина
Очади хаёлдай ҳарир қучоғин.
Қучоғин очади набираларга,
Билмаса ҳам улар найнинг тилини.
Ўйчан қамишларни бориб чалар-да,
Қувониб кезади бахтли элини.
Сўнг найнинг чангларин пуфламоқ бўлиб
Йўл олар чол жисми тарк этган уйга.
Илгакдан олмоқчи бўлди у юлиб,
Жон ато этмоқчи мум қотган куйга…
Най – ўтмиш. Соғинар чолнинг нафасин,
Наҳотки, ўтмишнинг келажаги йўқ?
Эшикни очади арвоҳий насим,
Ўтмишнинг гардларин артади сўниқ.
Қабрга қайтмайди чолнинг нафаси,
Офтобий дийдордан у борар эриб.
Соғинчдан йиғлар-да, чиқармай сасин
Найнинг кўзларига кетади кириб!


Илгак
Михни қийиб борар найнинг боғичи,
Най-чи, тош ғўладай бормоқда босиб.
Тинмай тўрт томондан сиқар уй ичи,
Дорга нақ Машрабни қўйибди осиб?!
Илгак – дор. Ё дорда осиғлиқ ўтмиш,
Тупроққа сириқиб томчилайди ғам.
Дераза кўзлари шундай тиниқ ғишт,
Ундан боқмоқ учун мўралар олам.
Сиртмоқдек аёвсиз бўғади боғич,
Бўғзида қолади найнинг нафаси.
Куй – олис ҳижрондан таралган соғинч,
Ҳавога сачрамас оҳанглар саси.
Оҳанглар ўрламас най кўзларидан,
Бармоқлар рақс тушмас кўкрагида нақ.
Шам бўлиб қотгандир кўксида чидам,
Жон ипин суғуриб олмоқда илгак.
Боғичи бормоқда тобора бўғиб,
“Чоргоҳ”, “Савти Наво” бўғилиб ётар.
Чуқур кўзларининг сўнмоқда чўғи,
Ахир, жон бермоқда!
Ахир, жон-н! …Хатар!
Боғич ҳам илондай бўғади найни,
“Чўли Ироқ” унинг бўғзига келар.
Машшоқнинг нафаси зарурдир айни,
Йўқса бу чангалда зум ўтмай ўлар!
Чиқолмай офтобга найнинг ичида
Тоғдай оғир куйлар ётибди чўкиб.
Илиниб турибди илгак учидан
Ҳасратдан тош қотган юраклар юки.
Илиниб турибди залворли “Чоргоҳ”,
Гар тушса заминга бўлади чил-чил.
Машшоқнинг нафаси – бевужуд арвоҳ,
Найни тошдай босар,
Илгакка бу зил!
…Илгак – дор. Оҳанглар осиғлиқ ётар,
Бостириб келади уйнинг тўрт ёғи.
Гиламлар беркитган тупроқни баттар,
Соғиниб яшайди найнинг оёғи!


Соғинч
Яйловлар соғинар най садосини,
Қирларда ўрмалар сурувлар, мунгли.
Кечирмас йилларнинг айб-хатосини!
Зил сукут остида инграйди дўнглик.
Яйловлар сукунат остида инграр,
Гиёҳлар букилиб кетар тобора.
Най эмас, ҳаммаси жимликни тинглар,
Қуюқ тун атрофга суртади қора.
Қамишлар – бош эгган гавжум оломон,
Най – машшоқ. Эҳ, уни қўйган йўқотиб.
Балчиқлар кўксига ботмоқда товон,
Қамишлар балчиққа қолгандир ботиб.
Қамишлар тилидир найнинг садоси,
Ҳаммаси тилини йўқотиб қўйган.
Тақдирнинг бешафқат айбу, хатоси
Уларни мангуга ботқоққа қувган.
Мабодо: янграса наволар, куйлар,
Барчаси ўз тилин оларди уқиб.
Чилпарчин бўларди ғилоф – гўнг ўйлар,
Қамишлар қирғоққа келарди чиқиб.
Ботқоқлик ҳувуллаб қоларди буткул,
Сўзлаша бошларди қувониб кейин.
Улар сайҳонликка оларди-да йўл
Турфа хил куйларга тушарди ўйин…
Қандайдир заводлар трубалари
Кўзига най бўлиб кўринар энди.
Тутунлар йўл олса мовий кўк сари,
Шу найнинг армони бўлиб кўринди.
Тупроққа санчилган барча симёғоч
“Найнинг руҳимиз”, деб илмайди ёлғон.
Қамишлар ўз тилин садосига оч,
Қамишлар бош чайқар, ахир, безабон!
Чўпонлар ўтишса таёғин ушлаб,
Таёғин ўхшатди йўқолган найга.
Сўрашди: “Кетинглар сиз найни ташлаб,
Олиб кетмоқдасиз, айтинглар, қайга?..”
Эҳ, шунда янгради найнинг садоси,
Тош қотди қақраган теварак бирдан.
Чўпонлар томондан эмас, овози
Эзилиб оқарди ғиштдек эфир1дан.


Сомон йўли
Хонада осиғлиқ турар най шундоқ,
Куйлари уйғонмас дилларни тилиб.
Биродар, тепангга оқшомлари, боқ,
Най руҳи осмонда турар осилиб.
Юлдузлар тинглайди самода тиғиз,
Кўксида куй ўти ёнмоқдадир хўп.
Осмон – най руҳини жойлаган бўғиз,
Қарагин, най руҳин мухлислари кўп!
Қай юлдуз куйларга бермасдан бардош
Тошдайин бўшлиққа бош уриб парчин.
Най руҳин тинглайди улар пурихлос,
Минг йиллаб тингларки, зерикмас гарчи!
Минг йиллаб тингларки, тарк этмас найин,
Бўлса-да ён-вери қоронғи, тийра.
Ҳар оқшом мухлислар таниб ўз жойин
Осмон яйловида тортмайди сийрак.
1 Эфир – ҳавонинг нурли (нур тушган) қатлами.

Тун – дарддан қорайган нуроний машшоқ,
Нурлар жимирлайди оқиш найида.
Бепарво қолмагин, биродарим, боқ,
Ҳар кеча ўшандоқ: қонун-қоида.
Бу оқшом ўтмишга ўхшайди гоҳо,
Ўтмиш ўч бўлади найнинг куйига.
Барибир, осмонда най руҳи танҳо,
Кирмайди ердаги пастқам уйига.
Куйлар жимирлайди оқиш най ичра,
Эҳ, демак, ул ғойиб наволар тирик?!
Гувоҳ, кўзларингга ишонмай сира
Най руҳин остида қоларсан туриб!..
Тонгданоқ чиқасан топмасдан таскин,
Кўрмоқчи бўласан… Қаерда! Қайда?
Англайсан: сал олдин тонгнинг нафаси
Юлдуз, най руҳини кетганин ҳайдаб!
Хотира
Най инграр. Солдатлар жўнайди жангга,
Қўзғалар най каби узун эшелон.
Куйлар чопиб қолар поезд ортидан
Оналар фарёдин қилганча эълон.
Жангчилар – вагонлар кўзидаги ёш,
Киприкдан узилиб тушгудай улар.
Вагоннинг ашкига йўқ, ахир, бардош,
Темир йўл қирғоғи кўзёшга тўлар.
Вагонлар кўзидан қўл силкиб қолар
Оталар, фарзандлар она юртига.
Чол эса, барибир найини чалар
Тоб бермай айрилиқ, ғамлар ўтига.
Най инграр. Куйлар най кўзидан эмас
Қўл силкиб юртига вагон кўзидан,
Қачон най чалса чол шундан буён, бас,
Оҳанглар югурар поезд ичидан!
Вагонлар бўш қайтар.
Она юрт сари
Қанотдай силкинган ўша қўллар йўқ!
Чарчоқдан киртайган вагон кўзлари,
Ойнасин синдириб кўр қилгандир ўқ.
Қачонки най чалса, найнинг кўзидан
Шу жангчи фарзандлар қалқиб чиқади.
Ва улар куйлардай ҳар ён тўзигай
Кейин қалблар аро нурдай юқади.
Қайтмаган фарзандлар вагондан эмас,
Энди най кўзидан мўралар, жимжит.
Тинглаган оналар “оҳ” тортар бехос,
Хиёнат қилади уларга тинчи.
Най инграр. Машшоқнинг оппоқ соқоли
Нурлар ва куйлардай таралар гўё.
Оналарнинг сочи Ғарбга таралур,
Ёрилиб кетгудай коптокдек дунё.
Юраклар қатнайди кунботар томон,
Қатнайди бетиним кўзларнинг нури.
Умидлар ҳаллослаб қатнайди ҳамон,
Ер сари қатнайди кўзларнинг шўри.
Жангчилар исмини найнинг ичидан,
Чол худди куй билан чиқади айтиб,
Шаҳидлар мағрибдан поездда эмас,
Най билан юртига келади қайтиб!..
Марсия ва кейин…
Машшоқ ўлди! Най тарс тушди.
Тўкилмоқда оҳанглар.
Эй, одамлар, йиғинг ҳушни,
Най ҳолига, қаранглар?!
Тўкилмоқда кўзларидан
Қадим ғурур – кўҳна Шарқ.
Йўқса Шарқнинг кўзёшлари
Ер юзини қилар ғарқ.
Тўкилмоқда “Савти Наво”,
“Чоргоҳ” чангда беланар.
Ҳозиргина оққан куйлар
Нажот сўраб эланар.
Тўкилмоқда ғамсиз юртга
Ғамин ортган карвонлар.
Тўкилмоқда, эҳ, барибир,
Қатлам-қатлам армонлар.
Найни олинг тезроқ ердан,
Қандайдир чет – тўшаги.
Бор асрлар асримизга
Йўқса оқиб тушади.
Симёғочлар қалқиб кетди,
Қалқиб кетди қамишлар.
Қалқиб кетди яйловлар ҳам
Ва нотаниш, танишлар.


Най
Най – ўтмиш-ку! Ахир, унда
Яшар Бобур, Навоий…
Яшар унда бор аждодлар
Ва мазлумлар савдойи.
Най ичида яшар тағин
Жангчи – шаҳид ўғлонлар.
Нафрат номли қасослару,
Ғазаб номли туғёнлар.
Найни олинг, қилманг парво,
Ўлимнинг бу қасдига.
Тўкилмоқда улар, ахир,
Оёқларнинг остига!
Ана қаранг, оқиб чиқди
Ватани йўқ бир қабр.
Бориб тутинг секин, ҳушёр,
Ухлар унда шоҳ Бобур.
Найни олинг, оқиб чиқар
Ҳозир ғамлар олами.
Қуритади гулларни гар
Канизаклар алами!
Бўшаб қолар най ҳадемай
Куйлар қолмас ичида.
Мадад бўлмас сўнг у сира,
Одамларнинг ишида.
Керак бўлмай қолгач шунда,
Айтмоқ шартми алвидо?
Аждодларнинг ҳамдардидан
Бўламизми сўнг жудо?!
Най – Шарқ. Наҳот, юпун қолар
Муқаддас Ер тўкилиб?
Най каби тик қад-қомати
Қоладими букилиб?
Най – Оқсарой, Калта Минор,
Най – халқ, най – юрт, най – миллат.
Ердан олинг найни дарҳол
Емабмикан сира лат?
Эҳ, тўкилди анча куйлар
Баъзиси соғ, гоҳ майиб.
Бир зумгина лоқайдликдан
Куйлар қолди озайиб…
Найни олиб илди шундоқ
Тийра қилиб таъбини.
Бошқа ҳеч ким қўймади сўнг
Лабларига лабини.
Кўзи тушиб сўраб қолса
Ногоҳ кимдир кампирдан.
“Чалаётган ҳеч ким йўқ”, деб
Жавоб берар у бирдан.
Кампир артар найни қайта,
Хаёлларга чўмади.
Кўҳна экран – кўз ўнгини
Хотиралар кўмади.
Кечмиш эса қутб каби
Ўзи томон тортади.
Ташқарида чол нафаси
Ғуборларни артади.


Хотима
Шомдан йўқлаб келар бугунни ўтмиш
Бағрига жимгина най руҳин босиб.
Тун – ўтмиш. Қўйнида ҳамма кўрар туш,
Кампирга ҳар кеча бедорлик насиб.
Қадимий ғамларни итқитиб ҳадсиз,
Ўтмишнинг арвоҳи кезар ер юзин.
Шу найнинг овозин этолмасдан ҳис
Шу пастқам кулбага уради ўзин.
Най руҳи сўзлайди сўзсиз афсона,
Атрофин ўраган мухлислари жим.
Осиғлик бу найга қилади таъна,
Чунки ён-сиртида қолмаган ҳеч ким.
Тун – ўтмиш унутмас, барибир, найни,
Кун бўйи қалб каби соғиниб юрар.
Ер узра мўралаб кун ботган пайти
Дераза, эшикдан отилиб кирар.
Ухлайди иккиси бир-бирин қучиб.
Най ва тун дил сирин ошкор этади.
Тонгданоқ қил тиғли офтобдан чўчиб
Тун уйдан шарпасиз чиқиб кетади.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil