
Насрулло ЭРГАШ – 1988 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
Ўзбек филологияси факультети ҳамда Олий адабиёт курсини тамомлаган. Шоирнинг
“Иккимиздан қолсин аланга”, “Йўлга чиққан тоғлар” номли китоблари нашр этилган.
Шеърлари ўндан ортиқ тилларга таржима қилинган.
Автопортрет
Менинг зоҳиримда телбалик йўқдир,
Тинч оққан уммонман, дайро ичимда.
Шоирман, мажнунлик этмасман даъво,
Ки Мажнун ичимда, Лайло ичимда.
Ўзимдан ичкари кетган бир йўлман,
Ошкор фарёд солмам, ғавғо ичимда.
Ўз руҳимга чўкиб ётган кажкулман,
Пир деб юкинганим мавло ичимда.
Руҳимда айланур чайир тасбеҳим,
Билмаслар, не улуғ тақво ичимда.
Менинг буюклардан йўқдир танишим,
Шоҳ ҳам ичимдадир, гадо ичимда.
Одамман, бегона эмасдир лойим,
Халқ ҳам ичимдадир, аркон ичимда.
Ичимда Халложга қурилган дорим,
Исёндан ўрилган арқон ичимда.
Ошиқман, руҳимда қизиган савдо,
Ишқман, бир зарраси сиртимда йўқдир.
Бўғзимда бир қашқир айлар тавалло,
Вале қашқир исми исмимда йўқдир.
Зикрим ичимдадир, ичимда тавбам,
Жандам кўринмайдир, ридо ичимда.
Менинг кўнгил деган жойдадир Каъбам,
Кўкдан изламасман, Худо ичимда!
Қурбонжон додхоҳнинг дор остида турган
ўғли Қамчибекка айтганлари
Бир асрки, дор остига додхоҳ келур,
Бир асрки, дор устига арвоҳ келур,
Бир асрки, бир сўз тилга ногоҳ келур: – Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, додхоҳ бургай от бошини,
Бир асрки, булут тўсгай қуёшини,
Олиб келгай Қурбонжоннинг кўзёшини: – Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, уфф тортади фон Кауффман,
Қўллари қон, кўзлари ҳам қон Кауффман. – Боланг шундай беролгайму жон, Кауффман?! – Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, дорнинг ипи узилгайдир,
Бир асрки, томошагоҳ тизилгайдир,
Бир асрки, бўғиздан қон сизилгайдир: – Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, дор остига додхоҳ келур,
Бир асрки, дор устига арвоҳ келур,
Бир асрки, ҳайқириқдай бир оҳ келур: – Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, она Ерга сачрар қоним,
Бир асрки, фалакларга сапчир жоним. – Эна дейман!.. Жоним энам!.. Энажоним!.. – Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир! – Болам, қўрқмоқ бу – Ватанга хиёнатдир!
Ёвдан қочмоқ бу – Ватанга хиёнатдир!
Болам, сизга шаҳид ўлмоқ муборакдир!
Муборакдир!
Муборакдир!!
Муборакдир!!!
Булбул туркуси
Булбул, бу менинг ватаним, деб куйлар экан.
Бу кўҳна жаҳонда гул-чаман кўпдир,
Билинг, туфроқ гарди чамандир менга.
Менинг ватан ичра ватаним йўқдир, Вале ватан дарди ватандир менга!
Наволар гуркирар ўт шукуҳимда,
Куйларман ҳушимда ҳамда уйқумда.
Бир ватан кезгайдир менинг руҳимда,
Ул ватан ҳасрати ватандир менга!
Ватан – жаҳон ичра қутлуғ жаҳоним,
Маним Туркистоним, маним Туроним,
О, маним ўзбаки Ўзбекистоним,
Сенинг гўзал исминг ватандир менга!
Шоирман, музаффар хаёлни севдим,
Гоҳи майни севдим, аёлни севдим,
Ва сени севдиму Худони севдим,
Абад сенинг севгинг ватандир менга!
Боқсам, ул қуёш, ой ватандир менга,
Ул байроқ, ул ҳумой ватандир менга.
Юмшоқ бағрингга ол, бир куни ўлсам…
Онам қорнидек жой ватандир менга!
* * *
Қалдирғоч, дилимга уруғ ташлаб ўт,
Болари, кел, менинг руҳимни чанглат.
Оллоҳим, кўнглимга назар сол бир қур,
Оллоҳим, ўзимни ўзимга англат!
Қалдирғоч, гавҳарга айлансин уруғ,
Болари, руҳимдан таралсин анбар.
Ҳали ўлмай туриб вужудимни юв,
Эй шамол, висолдан бергил хушхабар!
Мендан сочларингни қизғанма, ёмғир,
Камонинг бўйнимга солгин, камалак.
Нигоҳим покиза гулларга қўндир,
Менга муҳаббатдан дарс бер, капалак!
Осмон, нигоҳингда ўзимни кўрсат,
Қуёш, кўзларимни бир зум қамаштир.
Ҳали ўлмай туриб ўлишни ўргат,
Тангрим, ўргат менга ўлмай яшашни!
Қалдирғоч, дилимга уруғ ташлаб ўт,
Болари, кел, руҳга айлайлик сафар.
Руҳимни осмонга кўтар, эй булут,
Эй шамол, висолдан бергил хушхабар!..
* * *
Юрагимни музлатолмади
Бу шаҳарнинг совуқ, муз тоши.
Келган эдим юракка солиб
Сурхонимнинг қайноқ қуёшин!
Қисматимни эрта-кеч ёздим,
Нола қилдим саҳарлар туриб.
Лабларимни куйдириб олдим
Шеър деган қиз лабидан ўпиб.
Жинни қилди унинг бўсаси,
Мубталодан баттар мубтало.
Қўлга олдим Мажнун асосин,
У асомас қалам эди, о!
Шу асога юракни илиб,
Халқим ичра мағрур ўтаркан,
Юрагимни мен байроқ қилиб
Бошим узра кўтардим баланд!
Шундан масрур боқурман кулиб,
Ёв эголмас менинг ўр бошим.
Кўзларимга келдим тўлдириб
Сурхонимнинг қайноқ қуёшин!
* * *
Нима бор сабримдан суюкроқ менинг?
Кўзим нам, бағрим ҳам куюкроқ менинг.
“Эй, ғофил саркаш деб мени камситма,1”
Тавбам исёнимдан буюкроқ менинг!
1 Абдулла Ориф сатри.
Жисмим тупроққа тенг, бир тупроқ менинг,
Вале руҳим кўкдан баландроқ менинг.
Тангрим, нокасларга мени паст этма,
Тавбам исёнимдан буюкроқ менинг!
Ёшим кипригимда майда-майдадир,
Вале дардим улкан, йирикроқ менинг.
Ёзганим шеър эмас, асли тавбадир,
Тавбам исёнимдан буюкроқ менинг!
Гоҳ азим дунёлар тор келди менга,
Кўксим тўла алам, ранжу оҳ менинг.
Рақибим, омонлик тилайман сенга,
Тавбам исёнимдан буюкроқ менинг!
Дўсту душманларим этдилар таъна,
“Номим қаро бўлди, кўнглим оқ менинг.”
Тангрим, ўшаларни аввал афв айла,
Тавбам исёнимдан буюкроқ менинг!..
* * *
Мансур Жумаев хотирасига
Бир ёмон туш кўрдим кузнинг сўнгида,
Умид-ла тушимни ёлғонга йўйдим.
Серёмғир кузакнинг кўзи ўнгида
Мен битта дўстимни йўқотиб қўйдим!
Эй, бир кўзи кулган, бири ҳайрон дўст,
Балки дили вайрон, тили сайрон дўст.
Паришон қолдириб кетдинг-ку бизни,
Паришон дунёда бир паришон дўст!
Дўстим деяпман-у, дилимда армон,
Ҳолингдан тузукроқ олмадик хабар.
Бизким ўз ҳолига дўстипушаймон,
Бизким дўст ҳолидан дўстибехабар!
Шеърдай келганмидинг, дўстим, дунёга,
Шеър каби яшадинг, шеър каби битдинг.
Айт, қандоқ кўнайин бундай видога,
Не учун ҳолингни шарҳ этмай кетдинг?!
Эй, бир кўзи кулган, бири ҳайрон дўст,
Балки дили вайрон, тили сайрон дўст.
Паришон қолдириб кетдинг-ку бизни,
Паришон дунёда бир паришон дўст!..