
Ҳалим КАРИМ – филология фанлари номзоди, доцент. 1960 йилда туғилган. Тошкент
давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. Унинг
“Мана, мен борман”, “Юрак билан сўзлашув”, “Кўнгил ҳаловат истайди”, “Боғбон
бола”, “Меҳрим” номли шеърлар, “Туйғулар талқини”, “Андижондан эсган саболар”
номли адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Янги ўзбек адабиётидан маърузалар”,
“Тарихий шахс ва бадиий образ” номли монографияси, элликдан ортиқ илмий, адабий
танқидий, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги мақолалари нашр этилган.
Ҳикоя
Декабрнинг охири бўлишига қарамай, Мадридда эрталабданоқ ҳаво очиқ эди.
Қуёш тарқатаётган илиқ ёруғлик шаҳарнинг қоқ марказидаги тўққиз қаватли
уйнинг еттинчи қаватидаги дид билан безатилган хонага ҳам сизиб кирди. Юзига
тушган офтоб нуридан безовталанган Антонио уйқудан кўзини очар экан, тура
солиб балкон эшиги томон юрди ва ҳарир пардаларни хиёл суриб, ташқарини
бемаъно кузатди. Дам олиш кунлари янада кечроқ уйғонадиган улкан шаҳарда
ҳаёт аллақачон қизғин тусга кирган, кун чарақлаб тургани учунми, одатда қиши
юмшоқ келадиган Мадрид кўчалари хона ичидан туриб қаралганда ёздагидан фарқ
қилмасди. Антонио эшикни очиб, айвонга чиққач она шаҳрининг озода ва серҳашам,
кенг ва гавжум кўчаларига, маҳобатли биноларига камдан-кам ҳоллардагина
туядиган ифтихор билан боқди. Шаҳарнинг энг баланд биноси бўлган “Torre de
Cristal” деб номланувчи олисроқдаги ойнали минора билан берироқдаги ҳайбатли
“Пикассо минораси” оралиғида худди дарвозадан кираётгандай ҳавода икки қора
нуқта пайдо бўлиб, яқинлашган сайин катталаша бошлади. Антонио полиция
вертолётларининг йилнинг асосий футбол учрашуви кунида эрталабдан кечгача
“тариллаб” айланиб учиб юришини эслади. Нигоҳлари билан стадионни излади.
Узоқдан “Сантьяго Бернабеу”нинг охирги қаватлари ва томи кўзга ташланади.
Стадион зарғалдоқ тусда бўлгани учун қуёш нурларининг сеҳри билан олтиндай
жилоланиб, янада сирли ва маҳобатли кўринарди.
Бугун “Эль-классико!” Бўлажак ўйинни хаёлидан ўтказган йигитнинг юраги бир
қалқиб қўйди. Балконга юпун чиққани учун эти увушди. Хонага қайтиб, эшикни
зич ёпар экан, иссиққина ўрнига қайтиб ётгиси келди. Хотини Элиза ҳали ухлар,
тим қора сочлари оппоқ парқу ёстиқларни истило этган, очилиб қолган яланғоч
чиройли елкаси ва нозик оёқлари йигитнинг меҳр билан боққан кўзларини яшнатар,
қонини жунбушга келтирарди. Антонио севгилисининг елкасини силамоқчи
бўлди-ю, чойшабни секингина тортиб қўя қолди. Ҳушёр ухлайдиган Элиза эрининг
совқотган қўлига иссиқ кафтини босиб қўйди. Бу унинг уйқу аралаш бўлса ҳам ёрига
миннатдорлик белгиси эди. Йигит одатига хилоф равишда шошилиброқ душда
чўмилди. Ёқимли иссиқ сув ва гелнинг муаттар ҳиди аъзойи баданини яшнатиб,
кўнглини равшан қилди. Катта ва юмшоқ сочиғига бурканганча ошхонага ўтиб,
хотини икковига нонушта тайёрламоқчи бўлди. Музлаткич егуликка тўла бўлса-да,
бир муддат тараддудланиб қолди. Кеча оқшом “El Pais”1даги ҳамкасблари билан
бўлган ўтиришда бироз кўпроқ вино ичганлиги учун ичи ачишиб, очиққанлигини
ҳис қилди. Ҳаммасининг ейилмаслигини билса ҳам оловга қўйилиши билан тайёр
бўладиган оқ вино билан юмшатилган қуён гўштли шўрва, барра бузоқ гўшти ва
қўзиқорин қўшиб тайёрланган омлет ҳамда голланд пишлоғининг кичик бўлагини
танлади.
Куёв-қайлиқ бир-бирларининг яноқларидан бўса олишгач, нонушта қилишди.
Иштаҳани қитиқловчи зарҳалли оппоқ чинниларга шўрва қуюлган бўлишига
қарамасдан Элиза “BraUn”2дан ҳозиргина чиқарилган апельсин шарбати билан
чекланди. Нонушта чоғида икковлон Элизанинг акаси Карлеснинг бир неча соатдан
сўнг Барселонадан Мадридга етиб келиши, уни кутиб олиш, бугун тушдан кейин
“Сантьяго Бернабеу”да бўладиган “Эль-классико”га бирга бориш, кечки овқатни
қайси ресторанда қилишлари тўғрисида гаплашишди.
Антонио ва Карлеснинг “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги тўқнашувни бирга
кўришлари уларнинг Комплутенсе3 университетида ўқиб юрган кезларида
бошланган. Ўқишни тугатганларига етти йил бўлибдики, ҳали бу анъана бузилгани
йўқ. Қадди-бастлари келишган, юз-кўзиданоқ ақл ва одоб чақнаб турадиган бу икки
йигит дастлаб кўришганлариданоқ яқин бўлиб, кейинчалик дўстлашиб кетишган.
Пўрим кийимлари баланд бўйларига ярашган, анча-мунча танноз хонимларнинг
ҳам кўзини куйдирадиган йигитларнинг фарқи уларнинг сочларида эди, холос.
Испан зодагонларининг авлодларидан бўлган Антонионинг сочлари олтиндай
товланиб, жамалаги эса уни янада кўркам кўрсатарди. Карлеснинг ҳам сочлари
жингалак, фақат улар қўнғирга мойил. У оддий оиладан бўлса ҳам, ўзининг
каталон эканлигидан фахрланишини, она шаҳри Барселонани дунё шаҳарларининг
энг яхшиси ва гўзали ҳисоблашини айтиб, мақтанишни хуш кўради. Антонио
дўстининг бу қилиғига рўйхушлик бермаса-да, эътибор қилмасликка ҳаракат
қилади. Ҳатто буни фазилатга йўйиб, дўстига Мадрид ва Барселона ҳақида бирор
бошқа фикр билдиришдан ҳам ўзини тияди.
Антонио Барселонага учинчи курсда ўқиб юрган пайтида борди. Уни Карлес
навбатдаги “Эль-классико”ни биргаликда томоша қилиш учун қўярда-қўймай
олиб кетганди. Ўшанда “Барса” ўз майдонида азалий рақибини ютолмаган
бўлса-да, Карлес дўстини ота-онаси ва синглиси билан бирга яшайдиган шаҳар
чеккасидаги коттежларига олиб кетди. Турфа гуллар файз бериб турувчи ўртаҳол
каталонияликларникига хос бўлган бу икки қаватли коттеж хийлагина димоғдор
Антонионинг кўнглига ёқди. У Элизани ҳам илк бор шу ерда кўрган эди! Ўшанда
қиз коллеж битирувчиси бўлиб, имтиҳонларга тайёрланар, акасининг уйга меҳмон
олиб келишини эшитиб, оғринган эди. Катта меҳмонxонада меҳмон йигит беихтиёр
1 “El Pais” – Мадридда чиқадиган машҳур газета.
2 “Bravn” – мевани эзиб шарбат тайёрлайдиган аппарат.
3 Комплутенсе – Мадриддаги йирик олий ўқув юрти.
84
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”
қизнинг чиройли кўзларига термулиб қолганди. Ота-она эса шаддод қизларининг
бир зумда мулойимлашган, ҳаяжондан қизарган юзларига қараб, бир-бирларига
маъноли нигоҳ ташлашди. Овқатланишдан олдинги ибодат чоғида қиз билан бир
бирларининг қўлларини тутгач, кафтида ғалат тафтни сезган Антонионинг юраги
умрида ҳеч қачон туймаган сирли туйғуга дош беролмай гурсиллаб кетгани ҳам
ёдида.
Антонионинг онаси Мерлин хоним собиқ қирол Хуан Карлос I нинг узоқ
қариндошларидан бўлиб, умрида бир мартагина қиролнинг қабул маросимига
таклифнома олган ва бу билан тинимсиз мақтангани мақтанган эди. У ёлғиз
ўғлининг зодагонлардан бўла туриб қандайдир каталон қизига уйланишига
тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Ҳатто обрўли кишилар ташриф буюрадиган
“Los Montes de Calicia” ресторанида уюштирилган таништирув маросимида ҳам
бўлғуси келинни ҳушламаётганини яшириб ўтирмади. Уч марта фойега чиқиб
кетиб, Антониони роса хижолат қилди. Бир гал ювош ва олижаноб эри Артурони
ҳам чақириб олди. Тилла суви югуртирилган муштугига сигарет улаб тутатар
экан, эрини атайин зодагончасига “сиз”лаб гапирди: “Бу қизнинг сочлари қоп
қоралигини кўрдингизми, жаноб Артурос?! Нима бало, лўлимией?.. Сиз ҳам бир
нима десангиз-чи, ахир”.– Ўзингизни босинг, хоним, – деди эри ҳам атайин “сиз” лаб, – Худо ҳаққи, мен
ҳали бундай гўзал қизни учратган эмасман, бунинг устига ақли ҳам, одоби ҳам
чиройли эканлиги кўриниб турибди.– Сизнинг ҳам ўғлингизга ўхшаб дидингиз яхши эмас экан, – деди Мерлин
хоним бурнини жийириб. – Тўғри айтасиз, хоним, – кулимсиради эри, – бундай қусурим борлигини ўзим
ҳам тан олганимга анча бўлган!
Гап қаёққа қараб кетаётганини кечроқ тушунган хоним эрига жаҳл билан, “Бу
билан нима демоқчисан?!” деганида эса ота-онасининг бошланаётган даҳанаки
жангини парда ортидан эшитиб турган Антонио кулгидан ўзини тўхтатиб
туролмади.
Тўй икки ярим йил аввал, ёзнинг иссиқ кунларида Мадриддаги “Сasa de Campo”
паркида барпо қилинган катта сунъий кўлнинг қоқ ўртасидаги атрофи хушманзара
дарахтлар ва турфа гуллар билан ўралган, ёзги “Chiringuitos” (кафе)да қизғин ўйин
кулги билан бўлиб ўтди. Мерлин хонимнинг тўй базми пайтида ҳам чимирилган
қошлари ёйилмади ва “лўли”нинг хийлагина муҳташам ва кўркам ўз вилласида
бирга яшашини истамади. Лекин эри билан бирга Антонио ва Элиза учун шаҳар
марказидан беш хонали уйни ижарага4 олишга кўмаклашиб юбордики, бу ёш
келин-куёвлар учун айни муддао бўлганди.
Шундай қилиб, Мадридда чиқадиган донгдор “El-Pais” газетасининг кичик
муҳаррири Антонио Мария Борхес Каталония мухтор вилоятининг маркази
Барселонада чиқадиган янада донгдор “La Vanguardia” газетасининг кичик
муҳаррири – дўсти ва қайнағаси Карлес Пальмеронни кутиб олиш учун Аточа темир
йўл вокзалига чиққанида, фақатгина Сарагосада тўхтаб ўтадиган тезюрар поезднинг
келишига ўн дақиқа қолган эди. Карлес анъанага кўра олти юз километрдан ортиқ
йўл босиб, “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги футбол ўйинини кўриш учун келяпти.
Даҳшатли “Эль-классико”нинг бошланишига саноқли соатлар қолган эди…
4 Мадрид аҳолисининг аксарияти бошқа Европа шаҳарларидаги каби ижара уйларда яшайдилар.
№ 11 2024 85
Ҳалим КАРИМ
Жонобод Қорадарё бўйларида жойлашгани учунми декабрь ойининг
ўрталаридан бошлаб, деярли ҳар куни қишлоқни қуюқ туман қоплаб олади.
Унинг ичидан ўтадиган кўплаб ариқ ва зовурлар ёзда бу ерларни қанчалик сўлим
ва хушманзара этса, қишда шунчалик файзсиз қилиб юборади. Қишлоқнинг
ёнбошидан ўтадиган асфальтйўлдан машинада атрофни кузатиб кетар экансиз,
ҳалиям ғўзапоялари юлиб улгурилмаган далалар туман ичида кўзга хира ташланар,
ташқаридаги қора совуқни ичингизга олиб киргандай бўларди. Катта йўлдан
гоҳ-гоҳида ўтиб турадиган машиналарнинг узуқ-юлуқ овозини ҳисобга олмаса,
қишлоқда ҳаёт тўхтаб қолгандай.
Соат саккизларга бориб Жонободда ҳам тонг отгандай бўлди. Уйқусираб сандал
ичидаги тоғорага оёғини урган Эгамберди эринибгина кўзини чала очди. Негадир
ўзини нохуш сезиб, ўнг томонига аста ёнбошлади. Уй тўрида бошини кўрпа ичига
тиқиб олган ўғли Шоҳжаҳон ухлайди. Қуйироғига сандал ўрнатилиб, устига катта
қалин кўрпа ёпилган бу хона – даҳлиз. Эшиги ярим ёпилган катта уйда хотини
Дилбархон кичик қизи Шаҳноза билан бирга ётади. Эгамберди олди айвонли бу
икки уйни Россияга бориб келгандан сўнг кўча эшик тарафга ёнбош қилиб, эски
уйларига туташтириб қурган эди. Эскиси ҳам бир уй, бир даҳлиз, олди айвонли.
Уйлар туташтирилган бўлишига қарамасдан алоҳидалиги – эски ва янгилиги
билиниб туради. Чўян печка қурилган эски уйда Эгамбердининг онаси Мунис хола
унинг катта қизи Малика билан бирга тунайди.
Олти сотихли ҳовлининг уйларга қарши томони томорқа, унинг ўнгроқ этагида
эса қачонлардир Эгамбердининг отаси қурган бостирма. Унинг остидаги қўраларда
сигир ва бузоқ, икки совлиқ қўй одамнинг раҳмини келтириб, совуқдан изиллаб,
дилдирабгина туришибди. Қўранинг кейинида бир одам зўрға сиғадиган дарча эшик
ғўзапоялар ва қуюқ туман билан қопланган кенг пахта далаларига олиб чиқади.
Эгамберди оёғини сандалдан чиқармасдан, бошидаги болишни оқланмаган
қумсувоқ деворга тираб, унга суянди. Ўғлига қараб, “Мактабга бормабди-ку”, деб
кўнглидан ўтказди. Майли, шанба ўзи қисқа кун, бунинг устига мактаби ҳам совуқ.
Ҳаммаси ҳам майли, бугун орзиқиб кутилган “Эль-классико!..”
Эгамберди ёшлик пайтларида футболга кўпам қизиқавермасди. Синфдошлари
мактабнинг стадионида терлаб-пишиб тўп тепаётганларида у чеккароқдаги ғўла
устида писта чақиб ўтирарди. Ўнинчи синфда ўқиётганларида ҳозир мактабнинг
директори бўлиб ишлайдиган синфдоши, ҳам ён қўшниси Анвар уни вилоят
марказидаги стадионда бўладиган футболга олиб борди. Ўшанда Эгамберди,
“Шунча жойга бориб, зарил кептими…” дея тараддудланганида, Анвар: “Эй,
ошна, Тошкентдан “Пахтакор” ўртоқлик ўйини ўтказгани келади. “Пахтакор”нинг
тиригини кўрганмисан ўзи? Абдураимовни кўрамиз! Юрсанг-чи”, деб қистаган
эди. Улар шаҳарга етиб борганларида стадион аллақачон “лиқ” тўлган, мелисалар
ҳеч кимни киришга яқинлаштирмасди. Стадионнинг орқа тарафидаги деворига
яқин симёғоч бор экан. Ўзлари тенги йигитчалар унга тирмашиб чиқиб, бир
бирларининг қўлидан тортиб, девордан ошиб, ўйингоҳ ичига тушиб олар эдилар.
Анвар ўртоғининг биринчи бор келишини ҳисобга олибми, уни ўзидан олдинга
ўтказди. Елкаси билан йўлаб симёғочга чиқарди. Олдиндаги нотаниш йигит
Эгамбердининг қўлидан тортиб девор устига ўтишига ёрдамлашди. У ана шу
девор устида ростакам стадионни, чизиқлари ва тўрлари таранг тортилган оппоқ
устунли дарвозалар ўрнатилган ям-яшил майсали майдонни, ўнг мингдан ортиқ
томошабинни илк бор кўриб, оғзи “ланг” очилиб қолди. Ортидан симёғочга
86
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”
тирмашиб чиқаётган Анварнинг: “Эгам! Қўлимдан торт”, деб бақиришига
қарамасдан, пастга бир сакради-ю, томошабинлар ичига қараб югурди. Чиройли
формалар кийган футболчиларнинг ўйин пайтидаги шаштлари, минглаб
ишқибозларнинг ҳайқириқлари юрагини ларзага солди. Кейинчалик Анвар, “Сен
одаммас экансан”, деб, синфдошидан аразлаб юрди. Эгамберди эса шу-шу бу
ўйиннинг ашаддий ишқибозига айланди.
У ўрнидан турди-да, “Ишқилиб, чироқ ёндимикан?” деб ёндиргични босиб
кўрди. Йўқ экан. Қишда электр токининг бир-икки соатгагина берилишига
кўникиб кетган бўлса-да, “Онангни…” деб сўкинганча ўчоқ бошига қараб юрди.
Қозон қопқоғини кўтариб кўрди. Сув тўлдириб қўйилган экан. Тунги совуқда
четларини юпқа муз қоплабди. Ўчоқ ёнидаги ғўзапояни уч-тўртта қилиб, оёғи
билан босиб синдира бошлади. Одатда ярим боғ ғўзапоя билан қозондаги сув
исийди, қайнайди. Уни мустаҳабга, таҳоратга ва чой дамлаш учун ишлатишади,
тушган чўғидан сандал ичидаги тунука тоғорага солишади. Шундан сўнг сандал
ҳақиқий оромижонга айланади. Кеча Дилбархон ёпган иккита қалин нон, чақилган
ёнғоқ ва шакар билан нонушта қилишди. Иссиқ сандал, қайноқ чой ва буғдой нон
тезда ўз кучини кўрсатиб, тунд юзлар ёришгандай бўлди. Нонуштага дуо қилишдан
олдин Эгамберди хотинига қараб гап бошлади: “Бугун шомдан кейин уч-тўртта
ўртоқларим киришади, футбол кўрамиз, сал у ёқ, бу ёққа қараб қўйинглар”, деди.
Хотини билан катта қизи дарҳол тумшайишди. – Свет йўқ-ку… ёнармикан ишқилиб, – деди Дилбархон норози оҳангда.–
Ёнади. Ёнмаса движокни ёқамиз, – деди Эгамберди. – Аввал
Султонмуродникида, кейин Анварникида кўрганмиз. Бу сафар менинг навбатим.
“Йўқ” десам бўлмайди, уят!– Майли, ўзингиз биласиз-да, – ҳар доимгидек тез таслим бўлди Дилбархон.
Ҳали уйқуси тўла очилмаган Шоҳжаҳон: – Движокнинг бензини йўқ, дада, – деб тўнғиллади.– Биламан, – жавоб қилди Эгамберди, – уч-тўрт литр топиб келамиз-да! Униям
нархи ошиб кетибди, аблаҳ…– Қанақа овқат қиламиз? – сўради Малика, ўзига топшириладиган ишларни хаёл
қилиб.– Ош-да!.. Ош қила қолинглар. Совуқнинг кунида ош яхши. Гўштинглар борми,
ишқилиб? – деди Эгамбердининг онаси гарчи бир ҳафтадан бери гўшт йўқлигини
билса ҳам.
Савол атайин берилгани учун Дилбархон қайнонасига ер остидан қараб қўйди. – Опкеламан, ярим кило бўлса ҳам олиб келаман. Беш-олтита тухум ҳам
қайнатинглар, ошнинг бетига босамиз, – деди Эгамберди ва онасига қараб дуога
қўл очди…
Эгамберди чўнтагидан пулини олиб, худди кўпайиб қоладигандай яна бир бор
санади. “Етади, етворса керак”, деб кўнглидан ўтказди. Ярим кило гўшт, иккита
ароқ олишни мўлжаллади. Меҳмонларнинг олдига ош билан бирга қўйиладиган
егуликларни хаёлига келтирди: “Турпдан икки хил салат қилса бўлади, сузма бор,
хотини ва қизи тайёрлаган тузлама ва компотдан ҳам қолгандир… Амалласа бўлар
экан!” Кўнгли бироз тинчиди. Йўқса, яна Анвар директордан қарз олишга тўғри
келарди. Россияда ишлайдиган катта ўғли Жаҳонгирдан келиб турадиган пул мана
уч ойдирки, нимагадир тўхтаб қолди. Тинч бўлсин-да, ишқилиб. Унгаям қийин,
мусофирликда пул топиб юриш осонмас. Ҳамқишлоқларининг кўпчилиги Россияда
ишлашади. Мусофирликнинг нони қаттиқ бўлишини жуда яхши билишади.
Ўзининг ҳам бошидан ўтган.
№ 11 2024 87
Ҳалим КАРИМ
Аслида Жаҳонгирни “Новосибир”га унинг ўзи қўйиб келганди. Эгамберди
мактабни битириб, Анварнинг маслаҳати билан шаҳардаги қурилиш техникумида
ўқиди. У пайтлари техникумни битирганларга ҳам анча-мунча иш топилиб
турарди. Қурилишларда ишчи, бригадир, базада таъминотчи, омборда мудир
бўлиб ишлади. Фарзандлари катта бўла бошлаганида омборда камомад бўлди!
Иккита қишлоқдошига қўшилиб Россияга кетди. Биринчи борганида икки йил,
кейинги сафар уч йил ишлаб келди. Рус қишида доим шамоллаб, йўталиб юрган
Эгамбердини кўриб, бир куни ўрис бошлиқ Валерий ёнига чақирди-да: – Слушай, Игам, ты лучще уезжай отсюда. А то, умреш здесь!5 – деди ва охирида
ҳазиллашиб, – понимаещь, совсем мертвым будеш6, – деди жилмайиб.
Бу унинг қадрдон бўлиб кетган меҳнаткаш ўзбекка нисбатан хайрихоҳлик билан
айтилган кўнглидаги гап эди. У Валерий билан келишиб, коллежни битираётган
ўғлини ўз ўрнига ишга чақириб олди. Бунга ҳам мана икки ярим йил бўлибди.
Бошинг тошдан бўлгур, шундан бери ҳар ой маошидан уйга жўнатиб турарди. Ота
онасининг бундан бошқа тирикчилиги йўқлигини билади…
У аввал ароқ олиб, кейин пулининг ортганига гўшт олишни мўлжаллаб,
бекат ёнидаги дўконга қараб юрди. Ҳар бир маҳаллада уйининг кўча деразасини
очиб дўконча қилиб олганлар бўлса ҳам Эгамберди кириб келган Холмирзанинг
дўкони – энг каттаси ва асосийси. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ! “Футбол
экспресс” газетасини учинчи марта қайта ўқиётган дўкончи йигит кўнглидаги
суҳбатдош кирганидан хурсанд бўлиб кетди: – Э… э… Эгам ака! Бормисиз?! Ўзимам, чиқиб қолсангиз керак, деб турувдим.
Қалай… тайёргарлик бўляпдими? – деб икки қўллаб сўрашди.
Эгамберди унинг “Классико”га ишора қилаётганини дарҳол тушунса ҳам,
Холмирза “Реал”чилиги учун индамай қўя қолди.
Вилоят марказидан жудаям узоқ бўлмаган Жонободда футбол ишқибозлари
кўп ёки кўпга ўхшайди. Чунки асли ишқибоз бўлмаганлар ҳам кўча-кўйда бўлиб
турадиган гап-сўзлару ҳангомаларга аралашиб туриш учун ўзларини ё “Реал”, ё
“Барселона”нинг ишқибози қилиб кўрсатишни яхши кўришади. Бундай ишқибозлик
уларнинг дунёдан хабардорлигининг, замонавийлиги белгиси бўлиб туюлади. Улар
қишлоғидаги ўзлари ёқтирган бирон кимса қайси жамоага ишқибозлик қилса,
ўшанинг томонига ўтиб кетишади. Шунинг учун қишлоқдагилар ким “Реал”
нинг, ким “Барселона”нинг ишқибози эканлигини яхши билишади. Учрашиб
қолганларида футболдан гап кетса, бир-бирларини калака қилиш, пастга уриш
ҳаракатида бўлишади. Масхаралашлар таҳқирга, кейин эса жанжал ва муштлашишга
айланган кунлар ҳам бўлган. Холмирза унинг индамаганидан фойдаланиб, ёши
кичик бўлишига қарамасдан аввалроқ “ҳужум”га ўтди: – Бугун камандези яна пачағини чиқарамиз-да, Эгам ака! Роналду иккита,
Бейл билан Бензема биттадан ургандаям 4:0 бўлади! Шошманг, Модрич ҳам гол
урмасдан кетмаса керак! – Ҳов бола, ғашимга тегма, – деди у, – “Реал”инг тўртта гол уриши учун
“бизникилар” ўйнамасдан тескари қараб туриши керак, билдингми?!
Холмирза, “Ҳее… ака…” дея жавобга шайланган эди, Эгамберди “Тўхта”
дегандек ўнг кафтини дўкончининг юзига қарата кўтариб, қатъий гапирди: – Яхшиликча тўхта, асабимни бузсанг, хафа қилиб қўйишим мумкин. Оладиган
нарсамни ҳам олмасдан кетвораман.
5 Яхшиси бу ердан кет, бўлмаса шу ерларда ўлиб кетасан.
6 Машҳур фильмдаги ибора – “Бутунлай ўлик бўласан”.
88
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”– Хўп, ака, ҳазиллашдим-да, – дарҳол ён босди Холмирза савдогарлиги эсига
тушиб.– Тенг-тўшинг билан ҳазиллаш, ука!– Хўп, хўп, ака, нима керак, нима берай? – деди Холмирза, семиз юзлари
қизариб. Зумда ялтираган пешонасини қўли билан артиб, қуён телпагини ҳозиргина
пештахта ортида ўзи ўтирган курсига зарда билан ирғитди.– Иккита ароқ бер…– Қаерники бўлсин?…– Қаерники бўлсаям, арзонроғини бер!
Эгамберди дўкондан чиққанида туман хийлагина тарқаган эди. Шунга
қарамасдан, ҳаво совуқ, изғирин шамол йўл четидаги яланғоч теракларнинг
шохларини “шиқирлатиб” тебратади. Бир неча кундан бери юз кўрсатмаётган қуёш
кўтарилаётган туман аро базўр кўринса ҳам, атроф ҳар ҳолда кўринарли эди.
У икки қўйнидаги шишалар кўриниб қолмаслиги учун пальтосининг охирги
тугмаларини ҳам қадаб олди-да, қассобхона томон юрди. Унинг ёнида совқотган
қўлларини қора тўнларининг енгига тиқиб олган тўрт киши гурунглашиб
турардилар. Уларнинг бири қорасидан оқи кўп соқоли ўзига ярашган, дўпписига
нақшинкор кўк “поплин” чорсини чамбарак қилиб ўраган Турғунбой бува бўлса,
иккинчи ва учинчилари бугунги футбол томошасига кеча таклиф этиб қўйилган,
бир хил телпакларини қулоқларига бостириб кийган Эгамбердининг ошналари –
дурадгор уста Султонмурод билан тракторчи Абдуносир эди. Тўртинчи одам,
даврадагилардан фарқли ўлароқ жигарранг дублёнка пўстин, қулоқчинини тушириб
олгани учун ҳеч кимга ярашмайдиган ўрис шапка кийган, кўп гапирганлиги учун
кўпчилик унча ёқтирмайдиган Санжар эди. Эгамберди ҳали кўришиб улгурмасдан
Санжар гап отди: – Ҳа, бой, бугунги ошга бизниям айтасизми? Айтсангиз, биз ҳам қуруқ кирмас
эдик…
Эгамберди кутилмаган саволдан бироз довдиради. “Унга нега айтдинглар?”
дегандай ошналарига совуқ қараб қўйди. – Қанақа ош? – деди талмовсираб.
Санжар Эгамбердилардан икки ёш кичик, улардан икки синф пастда ўқиган.
Мактаб пайтида “ака” деб юрарди. Кейинчалик, нима жин урди-ю, ўзидан икки
уч ёш катталарни ҳам, ҳеч тап тортмасдан тўғридан-тўғри отини айтадиган бўлди.
Унинг бу қилиғига аччиқ қилганлар ҳам унинг узоқ йиллар Рассияда ишлаб
келганига, “пули кўпайиб қолганига” йўйишди-да, кўникиб кетишди.
Эгамберди “сир” очилиб қолганини пайқаб, унинг бемулозамат гапига беихтиёр
мулозамат билан:– Майли, қуруқ бўлса ҳам кирсанг киравер. Ҳамма нарсамиз бор, – деди-ю,
унинг “бой” деб калака қилгани юрагига текканлиги учун: – Фақат “Реал”ни мақтаб
жонга тегмасанг бўлди, – деб қўшиб қўйди.– Ие… Нима деяпсан, – деди Санжар ингичка бўйнини чўзиб, – “Реал”ни
мақтамай, ўйнашни билмайдиган “Барсанг”ни мақтайми?.. Биласану, ёшлигимдан
“Реал” га “балет” қиламан…– Сен ёшлигингда “Реал” тугул “Пахтакор”ниям билмасдинг, – деб гапга
аралашди чўрткесар Султонмурод, бу билан у Санжарнинг ёши кичиклигига шама
қилиб қўйди.– Йўқ… билар эди, – деб, Санжарнинг тилида қусури борлигига ишора қилиб,
гапни илиб кетди Абдуносир, – фақат “Пахтакор”нинг “р”сини айтолмасдан
“Пахтакой”ми, “Пахтаой”ми дерди!
№ 11 2024 89
Ҳалим КАРИМ
“Гув” этиб кулги кўтарилди. Ҳатто Турғунбой бува ҳам кулиб юборди. Шу
билан улар ўртасидаги ҳисоб 1:1 бўлган эди-ю, изза бўлган Санжар яна “ҳужум”
бошлади: – Ҳа-а… Учовинг бир бўлиб менга ташланишяпсанми?… Кўрамиз, ҳали, ҳамманг
оёқларингнинг орасидан биттадан гол ўтказиб юборганингдан кейин, эртага
кўчада юришларингни, томоша қиламиз, – деб “хо-хо” лаб юборди. Барсачилардан
бўлган Эгамберди, Султонмурод, Абдуносирнинг кулгилари тинди. Уларга қараб
Турғунбой бува ҳам тўхтади.– Ҳа, ҳаммангни “даминг” чиқиб кетдими? Ҳали бундан баттар бўласанлар, –
деди Санжар.– Эй, йўқ нарсага нега қуруқланасан, – деди Абдуносир тракторчи, – ҳали
ўйинни кўрайлик-чи…– Сенлар кўрсанг ҳам, кўрмасанг ҳам бугун “Реал” ютади. “Реал” зўр! – деди
Санжар ғолибона.
Эгамберди муштини тугиб, ранги бўзариб деди: – Зўрдан зўр чиққанда нима қилишни биласанми, ишқилиб?
У яна гапини давом эттирмоқчи эди, Турғунбой бува тўхтатди:– Бўлди-ей, кап-катта одамлар уялмайсанларми?… Нимани талашишасан ўзи?
Эртага биринг ўғил уйлантирадиган, биринг қиз чиқарадиган бўлдинг, ахир.
Бунинг ўрнига бор тирикчилигингни қил, рўзғорингга қара! Ҳе, ишқибоз бўл,
эвида бўл-да! Бизам кўрганмиз ўша футболни. Абдурайимов, Тўлаган Исақов
бўлсаям, Миржалолми, ўзимизи Бахтигўл7 бўлсаям майли эди!.. Реал – Барсанг
ким? Сенларга нима?
Чолдан бунақа гапни кутишмаганди, довдираб қолишди. Шу пайт узун тим қора
пальтосининг ичидаги оппоқ ёқали кўйлагига ярашимли тўқ қизил галстук таққан,
бошига қандай жонивор терисидан эканлигини биров айтолмайдиган шапка
кийган Анвар – директор тез-тез юриб келиб қолди. У шу қишлоқнинг ҳокими
ҳисоб, айтгани-айтган, дегани-деган. Уч мартадан қайтариб қўйилган мактабига
директорликдан ташқари қишлоқдаги барча ишлар унинг маслаҳати билан ҳал
бўлади. Мабодо, Анварнинг гапига кирмаган тақдирда ҳам ҳеч ким унга “терс”
гапирмайди.– Ҳа, бекорчи хўжалар, нима гап? – деди Анвар, учала синфдоши билан
қадрдонларча, Турғунбой бува билан қўшқўллаб, Санжар билан бир қўллаб
кўришар экан.– Ҳей, буларингга бир насиҳат қилиб қўй, – деди бува, – бўлмаса, бир-бирининг
гўштини ейди.– Унчаликмас бува, – деди тракторчи Абдуносир, – нима қилайлик, иш йўғида
шу билан сал овунамизда. Бу ерларда кино, театр, концерт деган нарсалар бўлмаса…
Телевизор кўрайлик, десак кечаси-ю кундузи “свет” ўчгани ўчган.– Ҳа, яна Реал – Барса бўлишяпсанми? Неча марта айтаман сенларга бекорчи
нарсани талашишма, деб… Бу ерда “Реал”чи яккалик қилиб қолибди-да-а?! – деди
Санжарга қараб кулимсираб.– Ҳа, учаласи битта менга ташланишди, сиз билан тўртта бўлдинглар, – деди
Санжар Анварга ҳам даф қилиб.
Директор вазиятни юмшата бошлади.
7 Бахтигўл – тўпурар футболчи Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг мухлислар эркалаб айтадиган лақаби.
90
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”– Энди биз синфдошлармиз-да, Санжарбек, ҳафа бўлма, сениям “Реал”чи
синфдошларинг бор-ку! Менга-ку аслида барибир. “Ўзбекистон” ўйнаса,
“Пахтакор” ўйнаса майли эди. Бўпти, ўйин бошлангунча мен шаҳарга бориб келай,
яна мажлис бор экан, – дедида туманга қарши чироқларини ҳали ҳам ўчирмасдан
келаётган йўловчи машинага қўлини кўтарди. Кетаётиб қўшиб қўйди: – Испанлар бизга ким бўлибди? Улар дунёда биздақа ўзбекларнинг борлигини
билишмаса ҳам керак…
Даҳшатли “Эль-классико”нинг бошланишига саноқли соатлар қолганди.
“Барселона-Мадрид” тезюрар поезди манзилга шитоб билан яқинлашаётганида
келаётганида ҳар бир ўриндиқнинг орқасига ўрнатилган монитордаги испан
эстрадасининг концертига қараб ўтирган Карлеснинг хаёли она шаҳри кўчаларида
қолган эди.
Ниҳоят референдум ҳам ўтди. Бутун Каталония мустақиллик учун овоз берди.
Кутилганидек, Испания ҳукумати референдумни ҳам, унинг натижаларини ҳам
тан олмади ва уни “ноқонуний” деб эълон қилди. Мухторият бўйлаб норозилик
намойишлари бошланиб кетди. Мадрид намойишларни бостириш, тартибни
сақлаш учун ҳарбийлаштирилган полиция қисмларини жўнатди. “Келгинди
полициячилар” билан намойишчиларнинг тўқнашувлари ва жароҳатланганлар
тўғрисида турли – бир-бирига қарама-қарши хабарлар тарқалди. Мадридпараст
либералларидан бўлган Карлес испан полициясининг Барселонадаги бедодликлари
туфайли ўзини хоинликда айблаб, сепаратчилар томонига ўта бошлаган эди. У
мамлакат яхлитлигини ёқлаб кўплаб мақолалар ёзган, репортажлар тайёрлаган
бўлса ҳам, кейинги кунларда фикри ўзгарган. Энди у ҳам Мадриддаги ҳукуматни
“талончилик”да айблаб, барча испанларга совуқ қарай бошлаган эди. Мустақиллик
ёки мухторият ўртасидаги икки ўт орасида қолган Карлес ниҳоят Антонио иккиси
ўртасидаги анъаналарни бузмасликка аҳд қилди. Ҳамкасбларини ҳам ҳайрон
қолдирганча пойтахтга қараб йўлга чиқди. Унинг бу сафарида бугунги “Эль
классико” атрофидаги “шов-шув”лар ва рекламалар ҳам роль ўйнаган бўлиши
мумкин. Матбуот ва телевидение ўз жамоасини ёлғизлатиб қўймасликка тинимсиз
даъват қилар эди.
Карлес ўзига қадрдон шаҳарга қадам қўяр экан, соғинчга ўхшаш бир ҳисдан
энтикиб қўйган бўлса ҳам уни кулимсираб қарши олган дўсти билан одатдагидан
кўра тундроқ кўришди. Дўстлар Карлеснинг илтимосига кўра, ҳар қадамда
Рождество байрамининг нафасини сездириб, ҳатто кундузлари ҳам порлаб турган
ранг-баранг чироқлар билан безатилган шаҳар кўчалари бўйлаб яёв юриб кетишди.– Кафега кириб овқатланамизда кейин стадионга кетамиз. Биласан-ку, эртароқ
кириб олмасак бўлмайди. Қалбаки чипталар ҳам чиқиб қолган. Элиза бормайди, у
бизни ўйиндан сўнг “Marina Ventura” ресторанида кутади. Биз сени янгича усулда
пишириладиган Мадрид рагуси8 ва Галисий десерти9 билан меҳмон қилмоқчимиз.
Карлес Антонио ва Элиза билан тез-тез “қўнғироқлашиб” турганлиги учун
синглисининг бугунги “Эль-классико”га бормаслигини эшитганди. Элиза
8Мадрид рагуси – мол гўшти қиймаси, товуқ гўшти, қуритилган ва қонли колбаса, қуритилган
чўчқа гўшти, карам ва пиёз қўшиб тайёрланадиган қишки испанча таом.
9Галисий десерти – Атлантика океани қирғоқларидаги Испания мухтор ҳамжамиятида тайёрлана
диган оқ вино билан истеъмол қилинадиган “Сантьяго торти”.
№ 11 2024 91
Ҳалим КАРИМ
коллежда ўқиб юрган кезлари “Барселона”нинг ўз майдонидаги ўйинларига кириб
турар, “Эль-классико”ни-ку қолдирмасди. Ўтган йили Мадриддаги учрашувга
кирганларида ноқулай аҳволга тушиб қолди. Ўйиннинг иккинчи ярми бошларида
“Барса” мезбонлар дарвозасига “гол” урди! “Реал”нинг мухлислари орасида
эрининг елкасига бошини қўйиб ўтирган Элиза одати бўйича беихтиёр ўрнидан
туриб хурсандлигидан қийқира бошлади. Ғазабланиб турган ишқибозлардан бир
нечаси Элизани ҳақоратлай кетди. Антонио минглаб ғазабнок оломон ўртасида
бўлишига қарамасдан, уларнинг бир нечаси билан ёқалашиб улгурди. Ўйин
тугамасидан аввал хотинини стадиондан олиб чиқиб кетди. Антонио ҳеч нарса
демаган бўлса ҳам Элиза эрини ноқулай аҳволга солиб қўйганидан хижолат бўлди
ва шундан сўнг “Эль-классико”га бормасликка аҳд қилди.
Улар “Сантьяго Бернабеу” метросига яқин бўлган Пикассо майдонидаги чоғроқ,
лекин киши кайфиятини кўтарадиган файзли кафега киришди. Денгиз махсулотлари
қўшиб тайёрланадиган “паэль”10 буюришди. – Кайфиятинг яхши эмас-ку? – деди Антонио ҳазиллашиб, – “Барса”нинг мағлуб
бўлишини олдиндан сезяпсанми, дейман.
Ҳали ҳам ўз хаёллари билан бўлиб паришонроқ ўтирган Карлес ниҳоят тилга
кирди:– Улар тинч намойишчиларни, бегуноҳ одамларни калтаклашди. Қариялар ва
аёлларни ҳам аяб ўтиришмади.
Гап нимадалигини Антонио энди пайқади:
– Биламан, ҳаммасидан хабарим бор, – деди хомуш бўлиб. – Биз мақтанадиган демократиянинг аҳволи шуми?! – деди Карлес қизишиб, –
тағин ўзларича бутун дунёга ақл ўргатишади, қандай яшамоқни ўқитмоқчи бўлишади.
Брюссель11 ҳам томошабин бўлиб, жим турибди. Қўшма штатлар ҳам жим. Агар
уларнинг манфаатлари тўқнаш келмайдиган бошқа давлатда шундай бўлса борми,
дарҳол “шов-шув” кўтарилиб, турли санкциялар қўлланган бўлар эди.– Мамлакатнинг бутунлиги, яхлитлиги ҳамма нарсадан устун эканлигини
унутма, дўстим, – деди Антонио, – ахир ўзинг ҳам бу ҳақда ёзгансан-ку.– Ҳа, ёзганман. Лекин бутун бир халқнинг овозини шундай зўравонлик билан
ўчириб бўларканми?!
Антонио атрофга бир аланглаб олиб, овозини пасайтириб деди: – Ўзи уларга нима керак эди? Даромади, тинчлиги, фаровонлиги, ривожланиши
анча-мунча дунё давлатларидан яхши-ку! Мустақил бўлсак бундан ҳам яхши бўлади,
деб ўйлашади, шекилли. Мен яқинда Ўрта Осиё давлатларидаги сайловларни
ёритиш учун сафарга бориб келдим. Улардаги аҳволни кўриб жуда ҳайратландим.
Бизнинг одамлар улардан ўрганиши кераклигини англадим.– Хўш, – деди Карлес, – нима, сен уларни биз билан тенглаштирмоқчимисан?!
Репортажларингни ўқидим. Ёзилмаганларидан гапир, улардан нимани ўрганиш
мумкин?.. – Сабрни… Шукр қилиб яшашни! Аҳолисининг ярмидан кўпи зўрға кун кўради.
Лекин кунининг тинч ўтганига қувониб яшайди. Ўзларини бахтли деб ҳисоблашади.
Ҳеч ким уларга зуғум ўтказмаса ҳам сайловларда яна ўша ҳукуматларини ёқлаб
овоз беришади. Балки шу нарса уларни ривожлантириб юборар. Бир пайтлар бизда
ҳам шундай бўлган-ку!
10 Паэль – гуруч, паранда гўшти, зираворлар, денгиз кўкатлари ва малюскаларидан тайёрланади
ган испанча таом.
11 Европа Иттифоқи назарда тутиляпти.
92
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”– Бее, қандай ривожлансин?! – деди Карлес. – Уларда омма фикри йўқ!
Ҳукуматига рақобатчилар йўқ! Бўлган тақдирда ҳам аввал уларнинг овози
ўчирилади. Оломон эса уларни ҳимоя қилмайди, тўғрироғи буни тушунмайди
ҳам. Сен ўзингнинг гапингга ўзинг ҳам ишонмайсан. Чунки сен ҳам ўшаларнинг
бирисан, “Лаънати Франкочи!”12
Карлес Антонио билан тортишган кезларида дўстини ана шундай “ҳақорат”
қилар эди.– Бўпти, майли овқатингни е! “Эль-классико”га кеч қолмайлик, – деди Антонио
ва беозоргина қўшиб қўйди, – “Ярамас сепаратчи”! Булар сен билан мен ҳал
қиладиган ишлар эмас…
…Монклоа саройининг иккинчи қаватидаги бош министрнинг муҳташам
кабинетида фақат Қирол ва унинг оиласи учун ажратилган, биринчи рақамли
телефон куй “чалганида” ҳукумат раиси қироллик харитасига тикилганича хомуш
турарди. Ўзига хос вазминлик ва сергаклик билан гўшакни олди:
– Саломатлик тилайман, ҳазрати олийлари! – Саломатмисиз, жаноб раис, – қиролнинг янада хотиржам овози эшитилди. –
Отам йигитларимизнинг аҳволи билан қизиқяпти, хабар олдингизми? – Ҳа, албатта, кеча-ю кундуз мулоқотдамиз, – деди бош министр. – Лекин
жароҳат олганлар ҳам бор. Уларга қурол бермаганимиз яхши бўлган экан. Акс
ҳолда қурбонлар бўлиши муқаррар эди. (Бу билан у ҳар жума куни ўтказиладиган
Конгресс йиғилишида Каталониядаги референдум билан боғлиқ баҳсда бекорга
ғолиб чиқмаганлигини билдириб қўяётган эди).– Жаноб раис, – деб бош министрнинг гапини бўлди қирол, – биз
футболчиларимизни, бугунги “Эль-Классико” ни назарда тутяпмиз.
Қиролнинг бу гапидан бош министрнинг шунчалик энсаси қотдики, бурун
катаклари кенгайиб, пешонаси тиришди. Шундай бўлса-да ўзини босиб:– Ҳа… Ҳа… улардан ҳабар олишади… – деб жавоб қайтарди тезда. Хаёлидан,
“Мен нима ғамда-ю, булар нима ғамда! Бошқа ташвиши йўқда буларнинг”, деган
фикр ўтди.– Референдумга келсак, – давом эттирди қирол, – аввал бошдан сиз
кўнгилчанлик қилмаганингизда бундай нохушликлар бўлмас эди. Яхшики, ўз
вақтида тўғриладингиз (қирол “хатоингизни” деган сўзни атайин ишлатмади), акс
ҳолда бу воқеалар бошқа вилоятларимизга ҳам таъсир этиши мумкин эди. Хайр,
жаноб бош министр, – деганча қирол гўшакни қўйди.
Қирол билан суҳбатдан сўнг, бош министр ғазабини босолмай катта хонани
икки марта айланиб чиқди. Кейинги ҳафталардаги воқеаларни, уйқусиз тунларини,
қанча-қанча сиёсатчилар, давлат арбоблари, банкирлар, сармоядорлар ва яна
аллақанча мамлакатда обрў-эътиборга эга бўлган кишилар билан учрашувлари,
баҳс, мунозара-ю музокаралари кўз олдидан ўтди. Мухтор вилоят вакиллари
билан бўлган учрашувлар, айниқса, оғир бўлди. Аввал ўйлаб ҳам кўрилмаган ён
беришларга тўғри келди. Кимларнингдир хатолари туфайли муаммолар тиқилиб
қолган бўлса унда нима гуноҳ?! Билади, муддати тугаяпти, барча хатоларни
унга ағдармоқчи бўлишяпти… Йўқ! У мамлакат парчаланиб кетишининг олдини
ололмаган ҳукумат раҳбари сифатида тарихда қолишни ҳеч қачон истамайди.
12 Франчиско Франко – 1939–1975 йилларда Испанияни бошқарган диктатор.
№ 11 2024 93
Ҳалим КАРИМ
Масъулияти ҳам, ваколати ҳам чекланган Қирол қаттиққўллик ва зўравонликни
талаб қилса қилаверсин. XXI асрда, Европанинг марказида намойишчиларнинг
қирғин қилинишига ҳам йўл қўёлмайди. Худо олдида, тарих олдида жавоб бериш
ҳам бор!
Унинг хаёлларидан нохос жиринглаган телефон қўнғироғи бузди. Қўнғироқ
яна биринчи рақамли аппаратдан эканлиги уни ҳайратлантирган эди. Чунки қирол
одатда бир кунда икки марта қўнғироқ қилмасди. Шубҳаланиб гўшакни кўтарди-ю,
жим қолди. “Хириллаган” таниш овоз келди:
– Яхшимисан Марио!
Бу – ота қирол эди. – Саломатлик тилайман, ҳазрати олийлари! Эшитаман! – дея расмий саломлашди
бош министр.
Кекса қирол тахтни ўғлига топширгандан сўнг улар аҳён-аҳёндагина
гаплашадилар. Ҳолбуки, улар бир-бири билан яқин бўлиб, унинг мансаб
пиллапояларидан кўтарилишида қиролнинг ҳам ҳиссаси бор эди. Ҳозир унинг
қўнғироқ қилиши бош министр учун кутилмаган ҳол бўлди. Собиқ қирол авваллари
ҳам Мансанарес дарёси бўйидаги қирол қароргоҳи бўлган Мадриднинг ғарбий
қисмида жойлашган Шарқий саройга фақат расмий маросимлардагина ташриф
буюрар, ўзи оиласи билан шаҳар ортидаги мўъжазроқ вилласида яшашни маъқул
кўрарди. Қўнғироғига қараганда саройга келган кўринади. – Қирол билан гаплашдингми. – Худди шундай, ҳазрати олийлари!– Сен йигитларнинг ёнига ўзинг бор! Руҳларини кўтар. Бугун, албатта,
ютишлари шарт! Бунинг сиёсий томони ҳам бор. Бизнинг ютуқ омманинг
кайфиятига ҳам таъсир қилиши мумкин. Пересга13 тайинла, каттароқ мукофот
ваъда қилсин.– Тушундим ҳазрати олийлари, – деди бош министр, энсаси қотаётганини
сездирмасликка ҳаракат қилиб. “Нима жин урган буларни? Нима қиласан футболни
сиёсатга аралаштириб. Ютса ютиб, ютқазса ютқазиб кетавермайдими! Ўйин
кунидаги хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар-ку унинг ҳиқилдоғига келган.
Уларга кетаётган шунча маблағ иқтисодга, қишлоқ хўжалигига ташланса борми!!!
Ўҳҳў, қанча ривожланиш бўлар эди-я! Лекин бунинг иложи йўқ. Шунчаки бир ўйин
бутун бошли мамлакатнинг рамзига айланиб турибди-ку!
Бош министр клубга барибир бормади. Ёрдамчисини юборди. Уни мудофаа
ва Ички ишлар министрлари иштирокидаги муҳим мажлис кутиб турарди… “Эл
классико” бошланадиган вақт келган эди…
Қишлоқни яна қуюқ туман ва шом рутубати босди. Кун бўйи келмаган чироқ
кеч кирса ҳам ёнмади. Эгамберди движокнинг ипини узилиб кетишидан эҳтиёт
қилиб, олтинчи марта тортганида “тариллаб” ишлаб кетди. Моторга зўр келмасин
деб, уйдаги иккитагина хона чироғини ёқдилар. Сандалга ёпилган кўрпа устига
дастурхон ёзилди. Ўғли телевизорни қўйиб, қандай ишлашини текшириб қўйди.
Движок ҳаммада ҳам бўлмаганлиги учун Эгамбердининг уйи зулмат қўйнидаги
қишлоқда алоҳида ажралиб кўринди.
13 Флорентино Перес – “Реал” футбол клуби президенти.
94
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”
Дастлаб Султонмурод билан Абдуносир келишди. Келасолиб оёқ-қўлларини
сандал ичига тиқдилар. “Оҳ-оҳ, маза-ку”, деб мезбоннинг кўнглини олгандай
бўлишди.
Эгамберди айвонга чиқиб, қўшни девор оша чақирди:
– Анваржон… Ҳў… Анвар!
Девор ортидан аёл кишининг:
– Келгани йўқ, – деган овози эшитилди.
– Айтиб қўйинг – келиши билан чиқсин…– Анварни кутиб ўтирмаймиз, – деди Эгамберди уйга кириб, – ош дамлаб
қўйилган. Юз граммдан олволайлик, гуручнинг тагида қолиб кетсин…
Косаларда паррак қилиб кесилган ва қирғичдан ўтказилган турп, тузланган
бодринг ва помидор, битта ликопда сузма, Дилбархоннинг қалин нонидан иккита
қўйилган эди, дастурхон тўлди-қолди. Уч литрлик банкадаги компотни тўкилмасин,
деб ёнларига – палос устига жойладилар. Эгамберди пиёлаларга ярим-ярим қилиб
ароқ қуя бошлади. Икки пиёладан ичишганда коптокдек қовунни кўтариб Анвар
кириб келди:– Ҳа, “пиёнисталар” отволдингларми? Бошланмадими? – деди телевизорга
қараб…– Озгина вақт қолди, – деди Эгамберди, – бошлангунча ошни еб олайлик,
бемалол кўрамиз. Бўлмаса ошни егандай, футболни кўргандай бўлмаймиз. – Ихтиёринг, сен мезбонсан, еб олсак яхши бўларди. Мажлисда ўтиравериб,
қорним очди, – деди Анвар. – Тушлик қилганим йўқ. – Аввал анави зормандангдан қуй, тугатиб қўяйлик, – деди Султонмурод.– Анварга “штрафной” бўлсин кеч қолганига, – деди Абдуносир кўзини қисиб. – Эй, “трактор!” Ичишни ташлаганимга “юз йил” бўлди-ку, биласан. Била туриб
яна ғашимга тегасан-да… Ичсанг ичавер, сенларга барибир гап таъсир қилмайди.
Одатда қадрдон синфдошлар бир-бирларининг гапларини ҳам, ҳазил
мазахларини ҳам кўтариб кетишаверарди. Бу сафар Султонмуроднинг бироз ори
келгандай бўлди: – Биз ҳам ҳар куни ичмаймиз-ку, домилла. Бугун бир байрам қилайлик, – дедик
да. – Туманнинг қалинлиги, ҳавонинг совуқлигини қара, ичмаган одамнинг ҳам
ичгиси келиб кетади, – деди Эгамберди. – Сенга-ку барибир, совуқ бўлса ҳам, иссиқ бўлса ҳам ичасан, – деб таъна
қилди Анвар, кейин одатдагидек барибир ўртоқларига ён босди: – майли
кўпайтирмаларинг, Мунис холанинг олдида хижолат бўлиб қолмайлик. Унинг
ўрнига ана, ошдан кейин еймиз, деб қовун олиб чиқдим. – Овора бўлибсан-да, оғайни, – деди Эгамберди.
– Ҳа, ишқилиб, “Барса” ютиб, байрам бўлсин-да, – деди Абдуносир.– Нима ҳали бунга шубҳанг борми?! – дўриллади Эгамберди мастона кўзлари
чақнаб.
Шоҳжаҳон катта сопол лаганга паловни кўтариб кирди. Яна бир пиёладан
ичишиб, кимдир турп, кимдир сузмадан газак қилиб, ошга қўл узатишган ҳам
эдики, остонада Санжар пайдо бўлди:– Движокнинг овозида чақирсам ҳам эшитишмадинг! Шунинг учун кириб
келавердим, – деди хижолат бўлгандай.
“Ошга пашша тушган” бўлса ҳам, ошналар буни сездирмасликка ҳаракат қилиб,
мулозамат кўрсатишди. Пойгакда ўтирган Эгамберди сурилиб, ўнг ёнидан жой
№ 11 2024 95
Ҳалим КАРИМ
берди. Санжар оёғини сандалга тиқар экан, “дублёнка”сининг ички чўнтагидан бир
шиша ароқ олиб, Эгамбердига узатди!– Айтдим-ку, қуруқ кирмайман, деб – ва нимагадир қисқа “хо-хо”лаб кулди.
Кайфи борлигини сезишиб, ошналар бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.– Менинг движогим ишламай қолибди, энағар, – деди Санжар. – Барибир
йиғилиб бирга кўришингларни биламан. Сенлар “Барсачи” бўлсаларинг ҳам
келавердим. Якка ўзим бўлсам ҳам, барибир ютаман, – деб яна “хо-хо” лаб кулди.
Эгамберди унга “ола” қараган эди, Анвар кескинликнинг олдини олди: – Бўлди, кўп гапирма, қани ошно ол, совимасин.– Сен – “қишлоқилар” қўлда ейсанлар. Мен эса қошиқда, – деганча Санжар
сузма устидаги қошиқни олди. Ошни оғзига соларкан: – Қани, қуймайсанми, –
деб Эгамбердига қаради. Эгамберди яримлаб қолган иккинчи шишадаги ароқни
қуяётган эди, Санжар уни тўхтатди: – Уни қўй, мен олиб келганимни оч. Бу бошқача, сенлар бунақасини
ичмагансанлар, – дея яна “хо-хо”лади.
Эгамберди ўзини босиб, ароқ қуйилган пиёлаларни узатди. Санжарга
бошқаларга қараганда кўпроқ қуйиб, узатмасдан олдига қўйди. Санжар мезбоннинг
мулозаматсизлигини сезмагандай бўлиб:– Қани олдик, “Реал”нинг ғалабаси учун! – деб, “қаҳ-қаҳ” отди-ю ароқни
симирди. Тузланган бодрингни бутун олиб “қарс” этиб тишлар экан, ёнида ўтирган
Абдуносирга гап отди: – Ҳўв… мунча заҳар ичгандек афтингни буриштирасан. Бу –
тоза ароқ, билдингми!– Нима қипти, – деди Абдуносир турпдан тишларкан, – ароқни ароққа ўхшатиб
ичиш керак-да, сенга бу компотмиди..
Шу пайт телевизордан таниш оҳанг янгради.
– Ана бошланяпти! – деди Анвар. Ҳамма ойнаи жаҳонга ўгирилди.
“Эль-классико” бошланадиган вақт келган эди…
“Сантьяго Бернабеу” стадионининг фазилатларидан бири – томошабин қайси
қатор, қайси жойда ўтиришидан қатъи назар ўйин майдонининг ҳар бир қаричини
бемалол кузата олади. Қиш салқини совуққа айлана бошлаган бўлса ҳам ҳар бир
ўриндиқ остидан пуркаб турилган иссиқ ҳаво совуқ заҳрини сездирмайди. Саксон
минглик ўйингоҳ аллақачон “лиммо-лим” тўлган. Томошабинларнинг аксарияти
“Реал” мухлислари бўлганлиги учун улар одатда “Реал” ғалабасидан сўнг
айтиладиган суюкли жамоаларининг махсус “қичқириқлари” ва мадҳиясини айта
бошлагандилар:
Бизлар энг ашаддий ишқибоз,
Бизлар энг вафодор ишқибоз.
Сенинг учун яшаймиз ҳар он,
Сенинг учун бўламиз қурбон14.
Стадионнинг ғарбий қисмидаги дарвоза ортидан бошлаб яна икки секторда
меҳмонлар – “Барселона” мухлислари жойлашган. Улар ҳам мезбонлардан
14 Испанча матннинг таржимаси – Ҳ.К.
96
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”
қолишмасликка ҳаракат қилиб, Каталония байроқларини силкитганча ўз
мадҳияларини баралла айтишмоқда. Мезбонлар ва меҳмонларнинг қўшиқлари
ҳавода тўқнашиб, улкан ари уясидан келаётган даҳшатли овоздай бўлиб туюлади.
Айниқса, стадион ташқарисида қолган одам бу ҳайқириқлардан кўпроқ ларзага
тушади. Қизиқки, ичкарида ёнма-ён ўтирган томошабин бир-бирлари билан
бемалол суҳбатлашиши мумкинки, бу Европадаги энг машҳур стадионнинг яна
бир ажойиб фазилатларидан бири эди. Бир муддат атрофидаги оломон билан бирга
қийқиришган Антонио ва Карлес бироз ўтгач, ҳовурларидан тушиб, ўз хаёлларига
берилдилар. Стадиондаги “ғала-ғовур” кучайганда Карлес елкаси билан дўстининг
елкасига туртиб: – Ишқилиб, тўполон бўлиб кетмасинда. Бизникилар билан сизникилар
муштлашиб кетса, нима қиламиз?! Биз ҳам муштлашамизми? – деди келганидан
бери биринчи марта жилмайиб. – Бемаъни ҳазилингни қўй, Худо сақласин, – деди Антонио, – бундай бўлмайди.
Ҳар ҳолда бизнинг одамларимиз ёввойилардан эмас. Биласан-ку, ҳар сафар ўйиндан
сўнг мадридликлар кафеларда каталонияликларни меҳмон қилишади. Меҳмонлар
эса испанларни ўзларининг винолари билан сийлашади. Бу анъналаримизни ҳеч
қачон йўқотмаслигимиз керак.– Йўқотмаслик кераклигини мен ҳам истайман. Лекин ҳозирги вазият бошқача,
Антонио.– Вазиятнинг кескинлашиб кетишига биз ҳам сабабчи бўлдик, дея Антонио
қошини чимирди.– Бу нима деганинг? – сўради Карлес ажабланиб.– Биз деб, журналистларни – прессани назарда тутяпман. Матбуот иқтисодий
муаммоларни миллий низога айлантирди. Биз, журналистларнинг ҳар хил “шов
шув”ларга ўчлигимиз ҳам бунга сабаб бўлди, деб ўйлайман. – Гапингда жон бор, лекин ҳамма гап бизда эмас. Бунга узоқни кўролмайдиган
сиёсатчилар, фойдасининг ғамида юрадиган, пойтахтда ўтириб олган министрлар
сабабчи. Улар ҳамма вақт бизнинг Католониямиз ҳисобига бойиб келишган.– Сен анча ўзгарибсан, Карлес? – деди Антонио. – Гапларингдан
айирмачиликнинг ҳиди келиб турибди. Қўйиб берса, мана бу ўйинни ҳам сиёсатга
буриб юборасан.– Ҳа, мен ўзгардим… Ўзлигимни тополмай қолдим. Бир томонда, болалигимдан
онгимга сингган яхлит, кучли, севимли мамлакат. Ҳамиша мени тушунгувчи,
қўллагувчи, инжиқлигимни ҳам, мақтанчоқлигимни индамай кўтаргувчи,
фазилатимга йўйгувчи, сен – ардоқли дўстим! Сенинг жуфтинг бўлган арзанда
синглим Элиза! Иккинчи томонда, худди айнан мендан мадад кутаётгандай, менга
таъна билан қараб тургандай бўлаётган – жонажон халқим. Қолаверса, уларнинг
бир қисми бўлган ота-онам! Мадрид борган сари уларнинг эркини, озодлигини
бўғиб бораётгандай. Мен эсам, мана шу улкан стадиондаги минглаб оломон орасига
шўнғиб кетиб, ўзлигини тополмаётган ночор одамга ўхшайман.– Ўҳҳў… гапинг йиғилиб қолибди-ку, оғайни, – деди Антонио дўстига меҳр
билан боқаркан, гапининг тусига атайин ҳазил тоифасини беришга уриниб: – Сен
билан ўйиндан кейин анча гаплашамиз, шекилли.– Ҳа, бу ҳаммаси эмас… Биласанми, мен кетмоқчиман! – деди Карлес ўйингоҳга
тикилганча.
Антонио Карлесга уни худди энди кўраётгандек тикилиб қаради. Бу қарашда
ҳайрат ҳам, савол ҳам бор эди. Карлес саволни уқиб, жавоб қилди:– Венесуэлага! Биласанми ҳозир Каракасда шундай ишлар бўляптики… Сезиб
№ 11 2024 97
Ҳалим КАРИМ
турибман, у ердаги тўполонларни ҳам, тахчилликни ҳам сунъий йўл билан атайин
келтириб чиқаришяпти. Уларни ўз кўзим билан кўриб, улар билан бирга яшаб,
ичида туриб ёзмоқчиман. Сен ҳам Ўрта осиёликларнинг меҳмондўстлигини эмас,
муаммоларини ёзсанг ёмон бўлмасди.– Сен менга таъна қилма! Мен кўрганларимни ёздим. Муаммо ҳамиша бор.
Инсоният яралгандан буён ҳеч қачон тўла эркин ва озод бўлган эмас. Эрк ва озодлик
ҳам бошқа тушунчалар каби нисбийдир…
Икки дўстнинг одатий баҳсини атрофдаги оломон, албатта, эшитмас, барчанинг
нигоҳи “Реал” ва “Барселона” кийимлари билан ясанган болакай ва қизалоқларнинг
қўлларидан етаклаганча чиқиб келаётган футболчиларда эди.
…Ўйинчилар кийиниш хонасидан чиқиш йўлаги томон бораётганларида
томошабинлар кўрмайдиган ажойиб ҳолат юз бердики, бу воқеани агар улар ёки
журналистлар кўрганларида борми, бутун дунёда катта шов-шув кўтарилиши
мумкин эди…
Лео кийиниш хонасининг эшигини очиб, йўлакка қадам қўйиши билан, қарама
қарши эшикдан Криштиану чиқиб келди. Кўзлар тўқнашди. Икки азалий рақиб
ўйиндан ташқари ҳолатда бир-бирларига рўбарў келганди. Лео шартта бурилиб
кетмоқчи эди, кутилмаганда Криштиану қўл узатиб қолди. Кўп бор бир-бирларини
инкор қилган қўллар бирлашди.
Лионель ҳайратини яшира олмади. Рўпарасида турган ўзидан новчароқ, олифта
йигитга разм солар экан, “Қаёқдан кун чиқди”, деди ичида.– Қалайсан, Лео? – деди Криштиану. – Сен газеталардаги гапларга кўп ҳам
эътибор берма! Журналистлар бизнинг душманлигимизни “шов-шув” қилиб, пул
топишади. Афсуски, бутун дунёнинг кўз олдида сен “яхши бола” бўлиб, мен “ёмон
бола” имиджида қолганим чатоқ бўлди-да! Ўзинг ҳам гоҳида “ёмон бола” бўлсанг
чи… Лекин сен ҳақиқатдан зўр ўйинчисан, Лео!
Душманининг “одам бўлиб қолганидан” ҳалиям ҳайрати кетмаган Лео:– Бизнинг шундай гаплашиб турганимизни анови менеджерлар кўриб қолса
борми, ё ўзлари ишдан кетишади, ё бизнинг маошимизни кесишади, – деди деярли
шивирлаб. Рақиблар сездирмаслик учун бир-бирларига қарамасдан гаплаша
бошладилар.– Менга барибир, тўғрисини айтсам, бугунги ўйинда биз ютамизми, сизларми,
бу ҳам барибир. Бир гал сизлар ютсанглар, бир гал биз ютамиз. Биз майдонга
тушиб, ўз ишимизни қиламиз, холос, – деди Криштиану хотиржам оҳангда.– Тўғри айтасан, нима осмон узилиб ерга тушармиди? Лекин ишқибозларнинг
бизни деб бир-бирларининг гўштларини ейишлари қизиқ, – деди Лео гедрисини
тортиб тўғриларкан ва рақибига меҳри ийиб қўшиб қўйди: – Сен ҳам зўрсан,
Криштиан…
– Албатта, зўрман! Омадингни берсин, Лео!
Криштианунинг самимий тилагига жавобан Лео унга қараб кўзини қисиб қўйди.
“Эль-классико” бошланадиган вақт келганди…
Ароқни кўп ичганлариданми, ёки футбол томошаси билан андармон бўлибми
ҳар ҳолда катта лагандаги ош охиригача ейилмади. Телевизорда ажойиб футбол
спектакли давом этар, ўйин қизигандан қизиб, гоҳ у томон, гоҳ бу томон шиддатли
ҳужумга ўтар эди. “Реал” ўйинчилари ҳужумга ўтганда ширакайф Санжар ўтирган
98
Шарқ юлдузи
“Эль-классико”
жойида қалқиб қўяр, овозини борича: “Бос! Бос, уларни! Буларнинг энасини
кўрсатиб қўй”, деб бақирар, атрофдагиларга парво ҳам қилмасди. “Барсачи”
синфдошлар эса жиғибийронлари чиқса ҳам, Анвардан ҳайиқибми, мезбон ўрнида
бўлганликлари учунми “тишларини тишларига қўйиб” ўтиришди. Анвар икки бор
Санжарга бефойда танбеҳ ҳам берди. Биринчи тайм тугаётганда Шоҳжаҳон кириб
“Дада, чироқ ёнди”, деб хабар бериб чиқиб кетди. Санжарнинг қилиқларидан
сиқилиб ўтирган Эгамберди ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, дарҳол фикридан қайтди: – Ҳозир, биринчи тайм тугасин, кейин движокни ўчириб, чироқни ёқамиз.
Энағар, йигирма соат деганда ёнди-я, лаънати, – деб ғудраниб қўйди.
Чироқ бир ўчиб ёнди. Шоҳжаҳон движокни ўчириб, “счётчик”ни ёққан эди, уй
ичи хиралашди. Лекин тариллаган овоздан қутулишди.
– Танаффус пайтида қовунни сўяйлик, – деди Султонмурод.– Ўғлингга айт, пичоқ олиб кирсин, – мезбонга қаради Абдуносир. Эгамберди
ўғлини чақирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдики, Санжар қўлини баланд
кўтариб уни тўхтатди: – Пичоқнинг зўри менда бўлади, билиб қўй, – деди-да қўйнидан аскарларнинг
ханжарига ўхшаш қайиш қинлик катта пичоқни дастурхонга ташлади. Абдуносир
пичоқни қўлига олиб, қинидан ярим чиқариб томоша қилаётган эди. Санжар шартта
тортиб олди:–
Ўвв, “трактор!” Ақлинг етмаган нарсага аралашма. Сен бунақасини
кўрмагансан, буниям наригиёқдан олиб келганман, – деб кўкрагини кериб қўйди.
Пичоқни Эгамбердининг қўлига тутқазди: – Ма, қовунингни сўй, ўзиям сариёғни кесгандай кесади! Эгамберди ширакайф
бўлса ҳам ҳар ҳолда мезбонлик қилиб, тилини тийиб ўтирган эди. Шу пайт гап
топилиб қолди:
– Сариёғдай кесса, “Реал”ни кесгандай бўларкан-да, – деди.– Ўвв, бу нима деганинг, нега “Реал”га тил теккизяпсан? – деди Санжар
Эгамбердига ўқрайиб.– Нима билмайсанми, “Реал” футболчиларининг лақаби “сариёғлилар”-ку, –
деди Анвар.
Унинг бу гапига “Барса”чи синфдошлар маза қилиб кулишди. Санжарнинг изза
бўлгани қолди. Бу иззалик ароқнинг “жини”га қўшилиб, унинг тилига чиқди: – Ўвв… эҳтиёт бўлларинг, бу сариёғ иккинчи таймда орқаларингга кириб
кетмасин, яна!– Бўлди, ўзингдан кетма, ҳой бола, – деди боядан бери индамай ўтирган
Султонмурод. – Ўзимдан кетсам нима қилардинг? – хезланди Санжар. – Бўлди, бас қилларинг! – жаҳли чиқди Анварнинг – Қани, қовунни сўй, – деди
кейин Эгамбердига. Ўртага нохуш ва ғалати совуқлик чўкди.
Бу орада иккинчи тайм ҳам бошланди. Анвар, “Уйдан хабар олиб чиқаман”,
деб чиқиб кетди. Асабийлашганиданми, ароқнинг кучиданми қизариб кетган
Эгамберди қовунни Шоҳжаҳон олиб кирган лаганга карч қилиб кесиб тўлдирди.
Бир карчдан ейишган ҳам эдики, “Барселона” ҳисобни очди! Синфдошлар “Гол!”
дея қийқиришиб, бир-бирлари билан “қарс-қарс” этказиб кафт уриштиришди. Шу
пайт Санжар уларга қараб ўшқириб қолди:
– Ҳа, мунча ҳовлиқишасан, энангга тўй келдими, сенларни…
– Эй, мақтанчоқ, тўй энди бўлади, – деди Абдуносир оғзининг таноби қочиб.
№ 11 2024 99
Ҳалим КАРИМ– Қанақа тўй?! Қараб турларинг, ҳозир Роналду ҳалиги сариёғларингни орқангга
чаплайди, – деди Санжар бўш келмай.– Ўвв, сен!.. Яхшиликча қисиб ўтир! – деди Эгамберди қўрқинчли овоз билан, –
ўша “голубой” Роналдонг сариёғини ўзига чапласин!– Ким “голубой”? – деди Санжар ёнида муштини қисиб ўтирган Эгамбердига
қараб, тўрттанг бир бўлиб, бир кишига ташланаётган сенлар “голубой” билдингми?!
Уйингда ўтирганимга қарамайман… Керак бўлса, ҳозир чиқиб, хотин, бола-чақангга
ҳам айтаман… Сен “голубой”!..
Бу ёғи… кўз очиб юмгунча рўй берди…
Эгамберди олдида турган Санжарнинг ханжар-пичоғини шартта олди-ю қараб
ҳам ўтирмасдан зарб билан орқага бир силтади…
Иссиқ қон сандал устига ёзилган дастурхондаги қовунга Эгамбердининг қўли
аралаш сачради…
Эгамберди оппоқ қовун устидаги қип-қизил қонга тикилганча, Султонмурод
ва Абдуносир шундоқ кекирдагига ботирилган пичоқни иккала қўли билан
ушлаганча кўзлари ола-кула бўлиб, орқасига йиқилаётган Санжарга қараганча
қотиб қолишганди…
Телевизорда эса Месси иккинчи голни ҳам уриб, қулочларини ёзганча майдон
марказига чопарди…
Каталония ва бошқа мухтор вилоятларда халқнинг фикрини билдириш учун
ўтказиладиган референдумлар Испания Конгресси томонидан тақиқланди…
“Эль-классико”дан сўнг бош министр ёрдамчисини ўз кабинетига чақирганида,
у ўйин ҳақидаги тафсилотларга тайёрланиб кирган эди, раис бутунлай бошқа
топшириқлар берди. Ҳатто ҳисобни ҳам сўрамади…
Собиқ қирол-ота одатига кўра Шарқий саройда узоқ қолмади. Унинг индамасдан
ўз вилласига кетиб қолганини қирол ҳам сезмай қолди…
Карлес Барселонага қайтиб, уч кундан сўнг Каракасга учиб кетди…
Антонио бир ҳафта ўтиб Ўрта Осиёга навбатдаги сайловларни ёритиш учун
жўнади…
Лионель ҳам, Криштиану ҳам икки кундан кейин ўтган кунги “даҳшатли”
ўйинни буткул унутишди ва навбатдаги турга тайёргарлик қўра бошлашди…
…Ўзбек қишлоғидаги қабристонда яна бир қабр мунғайганча дўмпайди…
Эгамберди, Султонмурод ва Абдуносирни вилоят марказидаги изоляторга олиб
кетишганидан бери қайтишмади. Ҳали суд бўлгани йўқ…
Анвар ҳар куни шаҳарга қатнаяпти…
Эгамбердининг бўйи етиб қолган қизи Маликанинг сочига бир кечада оқ
тушди…
Россияда ишлаётган Жаҳонгирдан ҳалигача дарак бўлмади…
Жонободда ҳануз совуқ, туман ҳам кўтарилгани йўқ.