
Шозод НОРМУРОДОВ – 1990 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
тарих факультетини тамомлаган. Республика матбуотида мақолалари чоп этилган.
Ўзбек адиблари ХХ аср бошларида роман жанрига қўл уришган. Ҳамзанинг
“Ким айбдор?”, “Янги саодат”, “Учрашув” ва Мирмуҳсин Шермуҳамедовнинг
“Бефарзанд Очилдибой” асарлари “роман” деб аталган. Аммо бу асарлар том
маънодаги реалистик роман тушунчасига тўғри келмайди. Улар роман яратиш
йўлидаги илк изланишлардир. Ўзбек адабиётида чинакам реалистик роман жанри
1920-йилларда пайдо бўлди. Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” (1922–1926) ва
“Меҳробдан чаён” романлари билан ўзбек романчилигининг асосчисига айланди.
Қодирий ўзининг “Ўтган кунлар” романи билан бир вақтнинг ўзида ўзбек адабиёти
тарихида тарихий роман жанрига ҳам асос солди. Қодирий анъаналарини Ойбек,
Миркарим Осим, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Мирмуҳсин, Мақсуд Қориевлар
устамонлик билан давом эттириб, адабиётимизни бир-биридан гўзал тарихий
романлар билан бойитди. Ҳозирги адабий жараёнда Муҳаммад Али, Исажон
Султон, Нурали Қобил, Луқмон Бўрихон, Бахтиёр Абдуғафуров каби ижодкорлар
ўз ижод намуналарини омма эътиборига тақдим этишди.
Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” асари ўзбек адабиётидаги илк
фалсафий-ақидавий романдир. Абу Мансур Мотуридийнинг фиқҳ илмига қўшган
ҳиссаси ҳақида кўп ва хўб гапирилади. Аммо бу буюк сиймонинг қарашларидаги
ўзига хосликлар ҳақида ўқувчида катта қониқиш уйғотадиган бирор бир тугал
асар яратилмаган эди. Ана шундай катта масъулиятни ўз зиммасига олган ёзувчи
ўта чигал, мураккаб ва қалтис мавзуни ўзига хос бетакрор маҳорат билан ёрита
олди. Романда сомонийлар замонасига хос тарихий воқеалар, жараёнлар қатида
ҳазрати Имом сиймоси яққол намоён бўлади. Ўзбекистон Қаҳрамони, йирик
адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров китоб сўзбошисида таъкидлаганидек, ёзувчи
Луқмон Бўрихон тарих саҳифаларида етиб келган маълумотларни мисқоллаб
йиғиб, ўрганиб, таҳлил ва талқин қилиб, буюк илоҳиётшунос олимнинг ҳаётий,
инсоний қиёфасини бадиий тарзда ёритишга эришган. Бу ҳақида адабиётшунос
олим Қозоқбой Йўлдош шундай дейди: “Ғоят чигал ва мураккаб фиқҳий
муаммолар билан шуғулланадиган уламолар орасидаги тушуниш ўта қийин бўлган
муносабатлар тасвирига бағишланган асар жуда қалтис ҳаётий тўқинишлар устига
қурилгани туфайли характерлар драматизми ўқувчи юрагини ҳаприқтирадиган
йўсинда тасвирланади”.
Бадиий тасвир ва бадиий тўқимасиз ёритилган тарихий воқелик асарни
тарих солномасига айлантириб қўяди. Ҳар бир ижодкор у ёки бу шаклда бадиий
тўқимадан фойдаланиши ёзилажак ижод маҳсулининг қийматини ошириш билан
бирга уни бадиий асар мақомига кўтаради. Ёзувчи Луқмон Бўрихон ҳам ана шу
жиҳатларни эътиборга олган ҳолда иш тутади. Ва ўқувчининг асарга киришиб
кетишини мақсад қилган адиб романнинг муқаддима қисмини қаламга олинган
даврнинг сиёсий аҳволини баён қилиш билан бошлайди.
“Ҳижрий 299-йилда сомонийлар (давлати) амирлиги бир қалқиб тушди: амир
Аҳмад ибн Исмоил ўз саройида хоин фитначилар томонидан ўлдирилди. Марҳум
амир шаҳид мақомини олди. Унинг саккиз яшар ўғли Наср ибн Аҳмад тахтга
ўтирди. Норасида ҳукмдорга вазири аъзам Абу Абдуллоҳ Жайҳоний волий бўлди,
яъни ёш Сомоний номидан давлатни бошқариб турди. Абу Абдуллоҳ Жайҳоний
илмли, парҳезкор, тадбиркор зот эди. Имкон қадар раъиятнинг тинчлигини,
фаровонлигини таъминлашга уринди. Балхда яшириниб юрган, қай бир риштаси
сомонийларга туташ Исъҳоқ ибн Нуҳ Бухородаги беқарор вазиятдан, Наср ибн
Аҳмаднинг ёш ва ғўрлигидан фойдаланиб кичик бир қўшин билан Самарқандга
бостириб кирди. Мустақил салтанат барпо этиш пайига тушди. Бироқ унинг
Самарқанддаги ҳукмронлиги кўпга чўзилмади”.
Сомонийлар даврида илм-фан, маданият, санъат, адабиёт, меъморчилик ва
бошқа турли соҳалар гуллаб яшнаганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу билан бирга,
Ислом динининг турли мазҳаб ва оқимларга бўлиниши натижасида мусулмонлар
ўртасидаги келишмовчиликлар, турли низолар келиб чиққан. Ҳар бир оқим ва
мазҳабнинг аъзолари бу ихтилофга ўша вақтдаги ҳукмдорлар ёки ҳокимларни орқа
қилиб киришган. Ва бу масалалар асарда ўз аксини топган.
“Идрис Шомий бир нуқтага тикилган кўйи курсисида бироз тебраниб
ўтирган ҳокимнинг юзида мамнуният шарпалари балққанини сезди. Бундан
“Муқаддас фитна” аъзосининг кўнгли ғашланди. У илгари Самарқанд ҳокимининг
муътазилийларга мойил эканлигини эшитган, боя Низом ибн Парвез майдонга
кириб келган маҳал Восиқ Лаълий тарафга алоҳида табассум йўллаганини
кўрган ва бундан қувонган эди. Аммо айни пайтда устоз Мотуридийнинг саломи,
эътирофи ҳокимга хуш келгани унга ёқмади. Назарида қандайдир кўнгилсизлик юз
берадигандек туюлди”.
Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” тарихий романида тарихий шахслар
билан бир қаторда тўқима образлар ҳам тасвирланган. Адиб асар қаҳрамонларининг
портретини яратишда бадиий адабиётда мавжуд бўлган анъанани бироз четлаб ўтган
дейишимиз ўринлидир. Яъни бадиий асарларда ижобий қаҳрамонлар аксарият
ҳолларда ҳар томонлама юксак этиб тасвирланади. Биз таҳлилга тортаётган романда
эса ёзувчи ҳеч бир қаҳрамонни ҳам ички томондан, ҳам ташқи томондан мукаммал
қилиб гавдалантирмайди. Улардаги қусур ва камчиликлар борича қаламга олинади.
“Имом Мотуридий” романи узоқ тарихимиз ҳақида сўз юритганлиги боис
ундаги қаҳрамонлар ўша давр тилида сўзлашади. Ёзувчи ўзининг услубидан
келиб чиққан ҳолда бу сўзлашув тилини бирмунча ҳозирги замон тилига мослайди.
Сабаби, асар тили ҳаддан зиёд мураккаб бўлса, уни тушуниш қийинлашади ва
ўқувчини жуда тез зериктиради. Бу ҳақида академик Ғулом Каримов шундай
дейди: “Бу ўринда тарихий роман муаллифи икки турли хавфдан сақланиши керак.
Биринчиси, тарихий колоритни бераман, деб тилдаги эскиликка берилиб кетиш,
ҳозирги замон адабий тилидан тамоман узилиб қолиш, архаизм қули бўлиб қолиш,
иккинчиси, архаизмдан қочаман деб, тамоман ҳозирги замон тилига ўтиб кетиш,
тарихий колорит масаласини ёддан чиқариб қўйиш. Демак, тарихий романлар
муаллифи тил масаласида архаизм билан тарихий колорит масаласини ижодий
туйғу билан сезишлари ва улар ўртасидаги меъёрни ҳис қила олишлари керак”.
Юқорида айтиб ўтганимиздек ёзувчи Луқмон Бўрихон бу масалага жиддий
қараган ва икки ўртадаги мувозанатни яхши сақлай билган.
Романдаги тарихий колоритни фақат персонажлар тилидан эмас, балки муаллиф
тили орқали ҳам юзага келтириш мумкин. Мисол учун, асарнинг бошида тилга
олинган карвонсарой тасвирига бир назар ташлайлик.
“Қоронғилик қуюқлашди. Карвонсарой хизматчилари баланд деворларга
қадалган қатор қўрқўмларга алангалари лопиллаб турган машъалалар ўрнатиб
чиқишди. Йўл-йўлаклар, карвонсарой ҳовлиси сарғиш-қизғиш тусга кирди.
Мусофирлар супаларда давра қуриб ўтиришар, кичик-кичик гулхан ёқишар, қоп
хуржунларидан егулик олиб ўртада дастурхон тузашар эди”.
Юқоридаги тасвирда қўлланилган “қўрқўм (машъал ўрнатиладиган жез
мослама)”, “карвонсарой”, “гулхан”, “қоп-хуржун” каби воситалар қадимги
даврларда кенг қўлланилганлиги учун муаллиф ушбу воситалар ёрдамида бизни
ўша даврга олиб киради. Муаллиф Идрис Шомий яшайдиган уйни тасвирлашда
ҳам тарихий колоритдан моҳирона фойдаланади.
“Чўғдек қип-қизил Шероз гиламлари, ранго-ранг кўрпа-тўшаклар, деворларга
қоқилган кумуш шамдонлар, ойнабанд тахмонлар, Бухоронинг моҳир усталари
томонидан тайёрланган нақшинкор эшик-деразалар, бежирим вассажуфтлар кўрган
кўзни ўйнатиб, ақлларни лол қилиб қўярди”.
Асарда тарихий колоритни белгиловчи воситалар қаторида географик атамалар
ҳам бор: “Дорул ҳарб” (“Дорул ҳарб” – Уруш диёри, яъни мусулмонлар билан
уруш ҳолатида бўлган диёрлар. Шу билан бирга “Дорул ислом”, яъни Ислом
диёри ва “Дорул аҳд”, яъни Аҳдномали диёр ҳам бор. Одатда, Дорул Ислом ва
Дорул ҳарб тўғрисида кўп гапирилади. Боиси, асосий масала улар орасида бўлган.
Чунки, давлатлар, чегаралар аниқланиб бўлингач, сўнг ўзаро дипломатик алоқалар
ўрнатилган), «Қалъайи Қаср» (Самарқандда қурилган маҳобатли сарой. Сомонийлар
пойтахтни Самарқанддан Бухорога кўчиришгач, бу ерда Самарқанд ҳокими, унинг
девони фаолият юритган. Бухородаги амир саройи билан тенглашиб қолмаслиги
учун уни Қалъа, Қаср ёхуд Қалъайи Қаср деб аташган), «Мадрасайи Сурх»
(Самарқанддаги энг нуфузли олий ўқув даргоҳларидан бири. Деворлари, томлари
алвон рангда бўлгани учун маҳаллий аҳоли уни шундай атаган), «Жузжония»
(Самарқанддаги энг нуфузли олий илм даргоҳларидан бири), «Мадрасайи Пешвоз»
(Самарқанддаги энг нуфузли илм даргоҳларидан бири. Қай томондан қараса ҳам
ойдек кўриниб тургани учун шундай ном билан аташган), «Кўҳак» (Зарафшон
дарёсининг қадимий номи), «Жайҳун» (Амударёнинг қадимги номи).
Ҳамма тарихий романларда бадиий тўқима билан бирга тарихий экскурслар,
манбалардан олингани аниқ, конкрет маълумотлар, тарихий шахслар ҳаётига оид
деталлар келтирилади. Бундай тарих билан бадиий тўқиманинг ёнма-ён келиши,
шубҳасиз муаллиф услубида маълум из қолдиради, бадиий тўқима таркибида
тарих кўланкаси акс этиб туради. “Имом Мотуридий” романи ҳам конкрет тарихий
шахснинг фаолиятига бағишланган бўлса-да, унда тарихий ҳақиқатлар баробарида,
бадиий тўқимадан ҳам фойдаланилади. Асарда Аҳмад ибн Исмоил, Холид Халаж,
Аллома Ашъарий, Исъҳоқ ибн Нуҳ, Низом ибн Парвез каби тарихий шахслар
қаторида ўнлаб тўқима образлар ҳам ўрин эгаллайди. Ҳатто улар тасвири учун
алоҳида боблар бағишланган. “Муаллифнинг тарих билан боғланганлиги, унинг
услубида аниқлик, фантазияга жуда эрк бермаслик, романтик парвоздан сақланиш
хусусиятларини келтириб чиқаради”.
Тарихий роман дегани тарих илми дегани эмас, албатта. Лекин тарихий роман
бадиий асар сифатида ўтмишни конкрет шахслар орқали жонли лавҳаларда,
кишилар фаолиятида кўрсатиб беради. Тарихий романларда тарихда баён
қилинадиган алоҳида воқеалар, эпизодлардан ташқари, кишиларнинг ҳаёти,
уларнинг кечинмалари, кайфиятлари, психологик ҳолатлари гавдаланиб туради.
Тарих илми кечмиш ҳаёт қонуниятларини бергани ҳолда, тарихий романлар шу
қонуниятларни яққол кўрсатиб турувчи жонли шахсларни, улар фаолиятини
гавдалантириб беради. Луқмон Бўрихоннинг мазкур романи айни шу вазифаларни
адо этган, Ислом дини, соф ақидаси ҳақида маълумот, билим берувчи тарихий
ақидавий асардир.