
Гулхумор ДЖАМАЛХОДЖАЕВА – 1987 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат
ва маданият институтининг халқ ижодиёти факультетини тамомлаган. “Ошиқ туркум
достонларнинг ўзига хос хусусияти ва бадиияти” монографияси, “Фольклор тарихи”
ўқув қўлланмалари нашр этилган.
Муҳаммад Юсуф достонларида қўлланилган перифраза – тасвирий ибора,
киноя, истиоралар тасвирни образли, таъсирчан ва китобхонга тушунарли қилиб
беришга хизмат қилади. Жумладан:
Тарих соқов кампир,
Дардин айтмайди,
Айтолмас,
Унутиб ҳам бўлмас аммо.
“Қора қуёш” достонидан
Шоир тарих сўзига соқов кампир образини тасвирлагани унинг ижодий
маҳоратидан дарак беради. Айтиш жоизки, айни мисралардаги асар мазмуни реал
тарихий воқеликка, яъни ўша барчага маълум шўро даврига асосланади.
Шоир бежиз тарихни соқов кампир сиймосига қиёсламаган. Чунки ўша даврдаги
ватан озодлиги учун курашган жадидларнинг оналари жим, ҳеч кимга дардини
айта олмас, арз қила олмас эди. Агар кимдир мустабид сиёсатга қарши бирор сўз
айтиб қўйса қатл қилинган. Шоир ушбу ўхшатиш орқали воқеа-ҳодисага кинояли
ёндашиб унинг бадиий-эстетик салмоғини оширишга эришган.
Муҳаммад Юсуф достонларида касб-кордаги маҳоратни англатадиган,
шахснинг жамиятда тутган ўрнини талқин қилувчи, санъат намояндалари яратган
ўлмас образларни билдирадиган ва муайян жойларни англатадиган тасвирий
қўлланишларнинг кўплаб турлари учрайди. Масалан, қуйидаги мисраларида касб
кордаги маҳоратни англатадиган перифразаларни учратамиз:
Унга обидаларнинг, бетакрор қасрларнинг буюк меъмор – Синоси етишмай
турибди.
“Кўҳна қудуқ” достонидан
Келтирилган мисолидаги “буюк меъмор” жумласи қўлланилиши айни
инсонннинг касб-корига ишора бўлиб, яъни табобат оламининг султони Ибн Сино
ҳақида ўхшатишлар орқали таъриф бериляпти.
Одатда Ибн Синога буюк ҳаким таърифи қўлланилади, лекин шоир Ибн Синога
буюк меъмор деб мурожаат қилади. Бу тасвирланиш эса достоннинг мазмун
моҳиятидан келиб чиқиб ўқувчига бадиий жиҳатдан пишиқ ҳолда етказилган.
Кейинги мисраларда шахснинг жамиятда тутган ўрнини англатувчи
перифразаларнинг ижодкор томонидан оригинал услубда қўлланилганини
кўришимиз мумкин. “Қора қуёш” достонида биргина мустабид даври ҳукмдори
Сталин учун аталган бир неча хил тасвирий ибораларни кузатамиз:
Ким ёлғиз боласин тополмай гўрин,
Қонлар йиғлаб ўтган бўлса доғида,
Ўша муштипардан сўраш лозим бу
Буюк инсон,
Буюк жаллод ҳақида.
У оқил бузғунчи,
У моҳир меъмор
Инсон суягидан солган иморат…
У халқлар қотили,
Халқлар отаси,
Тилим тебранмайди
Ёмон дейишга.
* * *
У бир бағри дарё,
Бир бағритошдир,
У бир қуёш
Аммо
Қора қуёшдир!
Кўринадики, берилган мисраларда бир шахсга таъриф бериш мақсадида шоир
айни бир сўз ёки жумлани такрорламасдан фойдаланган. Биринчи парчада буюк
инсон, буюк жаллод перифразаларини шоир қарама-қарши, яъни, бир-бирига
зидлантириб қўллайди. Иккинчи ҳамда учинчи парчалардаги “оқил бузғунчи”,
“моҳир меъмор”, “халқлар қотили”, “халқлар отаси”, перифразалари ҳам худди
шундай ҳолатда пичинг, кесатиқ маъноларини англатади.
“У бир қуёш аммо – Қора қуёшдир” жумласи эса умумий ва асл равишдаги
таъриф ҳисобланиб, эътиборли жиҳати, айни бу бирикмалар достон номига ҳам
олиб чиқилган. Бу киноялар Сталиннинг қандай ҳукмдор бўлганига ишорадир.
Кейинги келтирмоқчи бўлган мисолимизда достондаги санъат намояндалари
яратган ўлмас образларга ишора билдирадиган перифразалардир. Муҳаммад Юсуф
буюк актёр Шукур Бурҳоновга атаб ўзининг “Кўҳна қудуқ” достонида алоҳида
ёзган бағишловини кузатамиз. У ерда режиссёр Комил Ёрматов томонидан суратга
олинган “Осиё устида тўфон” номли фильмда Шукур Бурҳонов гавдалантирган
Ялангтўш бобо қаҳрамонини тилга олади.
Ялангтўш бобо жим кулиб ётарди,
Шунча дўсти бор экан, у билмаганди.
“Кўҳна қудуқ” достонидан
Кинода ўша давр талабига кўра қаҳрамон қароқчилар бошлиғи сифатида
кўрсатилади. Лекин аслида Юсуф Ялангтўш ўз ватани, халқ эрки учун курашган
ижобий шахс бўлган. Шукур Бурҳонов ижро этган роль режиссёр талабига кўра
салбий қаҳрамон сифатида кўрсатилса-да, лекин шоир Ялангтўш бобони оқ
подшодан қариялар, ёш болалар, оналар учун ўч олаётган қаҳрамон сифатида
кўра олган. Эътиборли жиҳати шундаки, адиб Шукур Бурҳоновнинг энг кўзга
кўринган Отелло, шоҳ Эдип, Ҳамлет каби юқори маҳорат билан ижро этган
роллари орқали таъриф бермасдан Ялангтўш бобони танлаганидадир. Бунга сабаб
Ялангтўш бобонинг қон-қонига сингиб кетган ғурур ва миллий қадриятлар акс
этган характеридир.
“Осмоннинг охири” достонида шоир жониворларни англатадиган ҳеч қайси
ижодкорда учрамайдиган ташбеҳларни қўллайди:
Ахир, буни фақат ўша қаноти ожиз қуш билиши мумкин эди-да…
Адиб бу ўринда асар мазмуни жиҳатидан жониворларни англатадиган
лингвопоэтик салмоққа эга бўлган оҳорли ўхшатишларни қўллаган.
Шоирнинг достонларида муайян жой номини, бирор ғоя ва мавзуни
билдирадиган перифразалар ҳам учрайди. Қуйидаги мисолда имон сўзига оригинал
ташбеҳ қўлланилганини кузатамиз:– Қора нон нима, эй одам?– Қора нон – имон, жўра.
“Қора қуёш” достонидан
Кўринадики, қора нон ташбеҳ орқали адиб ўша аянчли, фожиали даврга
ўз муносабатини диалог усулида қўллайди. Нон учун, пул учун ўз иймонини,
виждонини сотган хоинлар образи мазкур ўхшатиш орқали ихчам тасвирланган
ижодкорнинг моҳир сўз устаси эканидан далолат беради.