
Наргиза ОДИНАЕВА – 1988 йилда туғилган. Термиз давлат университетини
тамомлаган. Унинг “Йўлдаги мактублар”, “Тўрт томон”, “Муаллақ лаҳза” номли шеърий
тўпламлари нашр этилган.
***
Бир дийдорга интиқман, Худо,
Ибтидомдан интиҳом қадар.
Ташқаримда алдайман, – дунё
Чап қўлимда ёзилган дафтар.
Кафтларимдан нафас оламан,
Сўз қадалиб қолган кўзимга.
То сенгача сўнгсиз ёғаман
Ўзим ёмғир бўлиб ўзимга.
Кўрганимга дохил қошида
Кулги, йиғи – бори йўқ қарзим.
Ҳар тирикнинг еган ошида
Баҳор билан куздаги базм.
Йиғлаб олсин, тошга қулоқ бер,
Сайраётган қушлар камайди.
Юрагимда айланади ер,
Қуёш эса қимирламайди.
То сенгача соғинч бўламан,
То сенгача вужудим қайиқ.
То сенгача сўнгсиз ўламан,
То сенгача тўсиқ халойиқ.
Ташқарида, бардан мосуво
Ҳар на, одам бўлиб юрибман.
Кутдир, кутдир, кутдир, эй Худо,
Уфқларга қараб турибман…
***
Дарахтлар қоровул қишнинг йўлида,
Aрмонли қўшиқдай эланади қор.
Онамнинг қобарган, озғин қўлида
Менинг юрагимнинг ажинлари бор.
Осмоннинг ортида тупроқ ҳовури
Оқсоқол кунларни тунга чорийди.
Қаршимда туғилган йўқлик шивири
Қаҳратон ҳавога жонни қорийди.
Ўртанган баҳор бор умр бўйнида,
Ўлчовли саноқда айланади ер.
Онам қаримасин қишнинг қўйнида,
Художон, ялдонинг тонгларини бер.
Сўнгсиз соғинчларга кўмилиб қолдим,
Январь, кунларингни зиёрат эта.
Ўзимни тортишга эриниб қолдим,
Нега бунча эрта, бунчалар эрта.
Сим-сим эшигидек “мурод”им чаман,
Пойига тўкилсам, кунлар кибриё.
Жон тўзғат… барига чидаб бераман,
Бир кўнглимга оёқ ботирма, дунё.
***
Тўлқинлаб ўйнайди шамоллар – бебош,
Нафаси энтикиб қўяр дарчанинг.
Бошини куйдириб ўтади қуёш
Ислари эскириб кетган арчанинг.
Туш кўрган тоғларнинг кўйлаги ғижим,
Замин чайқалади – қўлнинг ояси1.
Йўллар этагидан узоқлашар жим
Одамга ўхшаган дарахт сояси.
Бахт таъмини билар тонг ҳавосида
Хамирдон бошоқни сўриган чумчуқ.
Ёшини беркитиб кун орқасида,
Умримнинг лабига тошади учуқ.
Яшашга куч қидир, йиғлашга улгур…
Майда ташвишларим ёпишди қўлга.
Бугун бекатидан кетиб қолмай тур,
Бироз кечикиброқ чиққанман йўлга.
1“Оя” – кафт.
***
Баҳор билан куз топишар,
Aсов отнинг чайнамида.
Жонлар майиз бўлиб пишар,
Ҳансираган кун дамида.
Тўлғонади ер – бозордай,
Даллол ўзи рўзи, шаби.
Шовуллайман тераклардай,
Йўл қарайман сoқов каби.
Юрагимга ботган тошлар,
Чумолининг изи бўлди.
Шом осмонга лангар ташлар,
Сулаймонсиз девлар ўлди.
Босолмайман, йўл ҳар томон,
Сендан ўзга сафарим йўқ.
Бу ёқларда араздаман,
Тегирмончи, хабаринг йўқ.
Қози, қўрқмай айтавергин,
Тўлмагани, тўлганини.
Саҳар кимга изоҳ берган,
Кўкда нима кўрганини.
Гунг қўшиғи
Ўн беш кун тўлган ойнинг дардларини тилайман,
Оққанот турналарни юрагимга белайман.
Чўғ босган раққосига қисмат тутган коинот,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.
Уфққа оққан куйлар остонамда бўй етган,
Жавдирайди юрагим, ҳар тун азоб тўй этган,
Йўл теролмай кўнглимнинг сарҳадига ўт кетган,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.
Шамолдай чопиб кўрдим, бир нуқтада қотиб ҳам,
Тошлардан қутулмайсан, – минг осмонга отиб ҳам.
Кўзларим кулиб тургай оловларга ботиб ҳам,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.
Йил думалаб йилларнинг борар шоми қорайиб,
Ёрилган пешонамни шабнамларга қўй чайиб.
Бобоси гунг атторнинг савдосида не айб,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.
Ёмғир соғинч исими, шоир ғамга эрками,
Дунё оғиб кетарди бўлмаганда бир ками.
Ҳайқираман чўғ босиб: “Aзоб – руҳнинг байрами!”
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман.
***
Шу эски чархпалак: бошда ёмғир, қор,
Яшаб ўтаяпмиз одам тарзида.
Қорачиқда тойган мингта тақдир бор
Осмон ва заминнинг чегарасида.
Мудом тутқун этар тортишиш кучи,
Ким билсин жондаги тугунларингни.
Қуёш айвонида турган эй йўлчи,
Худо обод этсин бугунларингни.
Баҳорлар гуллайди, сўнг кузлар кирар,
Ой – бадр, юракнинг устидан юриб.
Умримни бир таниш соғинч чақирар
Ҳали туғилмаган тонглардан туриб.
Қилган орзуларинг тушларингдай ўнг,
Бунда чангиётган менинг йилларим.
Сенинг эртакларинг тугагандан сўнг
Бошланади менинг узун йўлларим.
***
Барибир, нимадир кам, барибир, надир кам,
Тўкис бўлолмайди аввал, на охир.
Кўзларимни юмиб, уфққа тикилсам,
Бунда ҳеч нарса йўқ ҳаводан оғир.
Шомнинг сукутида кафтларим зада,
Жоним келаяпти кўзимга тўлиб.
Ҳаммаси ўзгарди, энди оловда
Кўнглим ўйнаяпти капалак бўлиб.
Қаерда тўхтайди ёлғоннинг запти,
Оғримай яшашга яна нима шарт?
Ҳозир тўлаётган ойда юрибди
Ернинг юрагидан оёқлаган дард.
Бугун кўчаларга қараб ўйлайман,
Қачон баҳор эди, қачон куз эди.
Дунё айбламасин, эртак билмайман,
Мурод – лабингдаги битта сўз эди.
Борлиқ ўсаверсин бўйи-энига,
Оқ-қора кунларга, мана, кўксим – ринг.
Фақат… бўйларингни соғинсам, нега
Чўкиб борар сенинг ҳар баҳор қабринг?
Укамнинг портрети
Деразадан қарайди қуёш,
Деразага қўнади юлдуз.
Деразада қораяди қош,
Деразада мудрайди кундуз.
Осмонида қушлар учади,
Ер бағирлаб ўсади соя.
Бир кечада тоғлар кўчади,
Сенга тўзим берсин, дунё-я!
Куй авжини кутар товушлар,
Йўллар карвон кўрар тушида.
Янги ижро ва эски ишлар
Ҳамма шундай: ўз равишида.
Ичкарида қотган сукунат,
Ичкарида ҳаёт жим, карахт.
Портретдан боқар бир санъат
Чеҳрасида тўхтаб қолган вақт.
***
Йўли борлар, йўл беринг, бир йўлсиз келаётир,
Ернинг айланишига кўнгилсиз келаётир.
Кўкка тиккан бармоғи – кўрганига баҳодир,
Айтмагани таскини, айтганлари хавотир!
Қани тақдир кўтарса, тоғлардаги тош бўлса,
Нураётган осмоннинг кифтига бардош бўлса.
Оқибати гуллардай, қуюнлардай фош бўлса,
Ҳунарлар алдамаса, дунёга фаррош бўлса.
Унга бир қайнаб беринг, кўксида ўчоғи бор!
Жонини қийлаб беринг, қўлида пичоғи бор!
Хонавайрон бир уми, нега кўзлар музлаган?
Наҳотки бир у бўлса, заминда йўл излаган.