
Сотим АВАЗ – “Дўстлик” ордени соҳиби. 1952 йилда туғилган. Урганч давлат
педагогика институтини тамомлаган. “Кечиккан баҳор”, “Тонгги ҳислар”, “Ҳуқуқ”,
“Нозбўйларим”, “Ҳикматистон”, “Дил ва манзил” каби шеърий асарлари, “Мурувват
чоғи” романи, “Мадраҳим Шерозий”, “Темирғози тўра”, “Йиллар ва йўллар” қиссалари
муаллифи.
Нодира ЯНГИБАЕВА – 1986 йилда туғилган. Урганч давлат университети
филология факультетини тамомлаган. Мақолалари халқаро ва республика матбуотида
чоп этилган.
Таниқли ёзувчи Сотим Аваз билан
адабиётшунос Нодира Янгибоева суҳбати
Нодира ЯНГИБОЕВА: – Устоз, аввало, сўзга, ижодга бўлган муҳаббатингиз
қалбингизда ниш урган дамлар ҳақида хотирласангиз. Кўпинча, бўлғуси
ижодкорлар – ёзувчи ёки шоирлар отаси-онасининг, бирор қариндошининг
таъсири, кўмаги билан адабиётга кириб келади. Бу ҳол сизда қандай кечган?
Сотим АВАЗ: – Ота-онам меҳнаткаш инсонлар бўлишган. Улар ҳеч вақт
уруғимиздан шоир ёки ёзувчи чиқади деб ўйлашмаган. Чунки, ҳали уруш
жароҳатлари ўзидан дарак бериб турган даврда, бола боқишнинг ўзи кони муаммо
эди.
Адабиётга ихлосим, сўзга эътиқодим китоблардан бошланган. Уйимиз
яқинидаги мўъжазгина кутубхонада ўтириб, ўқиб чиқмаган китобим қолмаган. Гоҳо
уларнинг ичига кириб ўзимни йўқотиб қўярдим. Гоҳ бошимни баланд кўтарилиб,
ёзувчиларнинг ҳолатини тасаввур қилардим. Кейин-кейин шеърлар, лавҳалар
ёзишга интилдим. Шу сабабли Хоразм давлат педагогика институтнинг тарих,
ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирдим. Курсимиз раҳбари таниқли
фольклоршунос олим Сапарбой Рўзимбоев жуда талабчан ўқитувчи ва мураббий
эди. Гоҳида бу талабчанлик қаттиққўлликка айланиб кетарди.
Домла ярим йилча ўзи ўқитадиган фандан ҳеч бир талабага қониқарли баҳо
кўймади. У бизга қарата ҳали тайёр эмассиз, деган гапни кўп такрорларди.
Шунда ўзим ўзимга, уч эмас, ундан каттароқ баҳо олишга сўз бердим. Бунинг учун
эса халқ оғзаки ижоди ҳақидаги дарсликларга кирмаган китобларни кутубхонадан
топиб, ўқиб чиқдим.
Дарс пайтида, ўртага чиқиб, мумтоз адибларнинг халқ оғзаки ижоди ҳақидаги
фикрлари ҳақида анча тўхталдим ва Алишер Навоийнинг аниқ ва тиниқ ҳикматини
ёд айтдим.
Ки-бу баҳр поён анга йўқ,
Етишмоқ қаърига имкон анга йўқ.
Сотим АВАЗ
Домла юзимга ҳайрон бўлиб боқдида, “Ўтир,
тўрт”, деди. Шу тариқа бошқа талабаларга
ҳам аста-аста йўл очилди. Талабалар орасида
“Рўзимбоевнинг тўрти бошқа ўқитувчиларнинг
бешидан яхши” деган гап тарқалди.
Бутун ижодим давомида Сапарбой домланинг
қатъиятини кўп эслаб келаман. Ахир биздан ҳам
олим, шоир ёки ёзувчи чиқсин дея у шундай катта
талаб қўйган экан. Устоз умидларини бир қадар
оқлаган бўлсак не ажаб…
“Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририяти
ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими
жойлашган муҳташам бино биз яшайдиган Кўна
қалъага яқин эди. Пиёда юрилса, чорак соатда
етиб борса бўларди.
Шу бино ёнидан кунда бўлмаса ҳам кун ора ўтиб турардим. Унга суқланиб
боқиб, шу даргоҳда қандай бахтли, омади келган инсонлар хизмат қилишади
деб ўйлардим ўзимча. Уларни ҳамма танийди. Ёзганлари кетма-кет газета ва
журналларда босилиб туради, китоб бўлиб чиқади.
Назаримда, Кўна қалъадан, бир муддат таниқли болалар шоири Дўстжон
Матжон яшаганини ҳисобга олмаса, катта шоир, ёзувчи чиққан эмас. Аммо чиқиши
керак. Шу мен бўлмасам, ким бўлади?
Таниқли шоирлар ва ёзувчилар Эгам Раҳим, Раҳим Бекниёз, Фозил Зоҳид, Рўзмат
Отаев, Неъматжон Солаев, Матназар Абдулҳаким, Уллибиби Отаевалар айнан шу
ерда хизмат қилишади. Уларнинг ёнига яқинлашиб шеърларингни кўрсатиш осон
иш эмас. Бу осмондаги ойни узиб олишдай гап. Аммо кўнгил шу даргоҳга, ҳеч
бўлмаса унда хизмат қилаётган бахтли инсонларни кўриш учун боришга бетўхтов
даъват этарди. Бу даъватга қулоқ солмасликнинг, шу ишни қилмасликнинг иложи
йўқ эди.
Кунлардан бир куни юрак ютиб таҳририятга бордим. Ҳаяжон босди. Бир даста
қоғоз ушлаб бораётган қиздан, шеърларни кимга кўрсатсам бўлади, деб сўрадим. У
ҳам “бир сен қолувдинг шеър ёзмаган” дегандек анойи боқди-да, “Раҳим Бекниёзга”,
деди. Кейин қўли билан сал нарироқдаги хонани кўрсатди. “Балки, бирдан улли
шоирга учрамай, мундайроғи билан гаплашиб кетсам бўлар”, деб ўйлаб, қиздан
қайси бўлимда ишлашини суриштирдим. У, “Мен мусаҳҳиҳман”, деганча йўлида
давом этди.
Раҳим Бекниёз жуда оддий ва самимий одам бўлиб чиқди. У мен билан астойдил
саломлашди. Қўлимдаги дафтарга боқиб, шеър олиб келганлигимни фаҳмлади ва
биринчи саволи шу бўлди.– Қачондан бери шеър ёзасиз?
“Сўзга муҳаббат, адабиётга садоқат бидан яшаяпман!”– Уч-тўрт йил бўлди.– Демак, қўлингиз анча келишиб қолган. Қани, дафтарни бу ёққа чўзинг-чи.
Раҳим Бекниёз пешонасига кўтариб қўйган кўзойнагини тушириб, сира
шошилмасдан дафтарни варақлай бошлади. Эринмай бешта шеъримнинг
ҳаммасини ўқиб чиқди. Бу чинакам эътибор эди ва шунинг ўзи мен учун етиб
ортарди. Лекин у бу эътиборнинг устига марҳамат ҳам кўрсатди. – Тузук…. Аммо энди шеърга жило бериш муҳим. Яъни ёзавериш, ёзавериш,
ёзавериш керак.
Орадан икки ҳафтача вақт ўтди. 1969 йилнинг май ойи, тўғрироғи, биринчи
майи етиб келди ва у мен учун инсоннинг космосга учганидай беқиёс сана бўлиб
қолди. Яъни шу куни “Хоразм ҳақиқати” газетасида илк шеърим босилиб чиқди.– Машҳур ёзувчилар кундаликларига илк ғояни бир-икки сатр билан қайд қилиб
қўйганлар ва кичик қайдлар улкан полотноларнинг яратилишига сабаб бўлганини
кузатамиз. Ижодий ғоя сизда қай тарзда намоён бўлади? Асарларингизнинг
яратилиш жараёни мисолида айтиб берсангиз. – Ёзувчи қўлига қалам олишдан анча аввал, китобхонларга айтар сўзи, фикру
ғояси қалбида қайнаб пишади. Кейин у ёзишга ўтиради. Асар яратиш жараёнида
руҳият маълум бир қиёфа касб этади. Уни мен, авваламбор, қалб ва руҳдан,
эзгуликлардан, гўзалликлардан мумтоз адибларнинг асарларидан, миллий
мусиқа санъатимиз хусусан, мақом куйларидан оламан. Масалан, яқинда моҳир
қўшнайчининг “Аликамбар” куйидан ғоят таъсирландим. Қолаверса, устозимиз
Омон Матжоннинг қўшнай ҳақидаги бир тўртлиги эсимга тушди. “Унинг нолалари
бир найга сиғмас” деган ҳулоса қушга айланиб, ҳаёлларимни олиб қочди. Ўзи бир
неча йил илгари қўшнай ҳақида ёзган қайдларим эсимга тушди. Уни ўқиб, қўшнай
ҳақида қисса ёзишга киришдим.
Руҳий ҳолат инъикосини шеърларга нисбатан ҳам таъкидлаб ўтиш муҳим.
Кеч кузда боққа чиқсам, барча гуллар юзларини беркитиб олишган. Фақатгина
бир туп намозшомгул юз беркитишни истамай маҳзун очилиб турибди. Шунда
ичкарига кириб, қоғоз-қалам олишдан ҳам вақтни қизғанганман. Янги шеър ёмғир
томчиларидай қалбимга ёғила бошлади.
Салом намозшомгул сиймбар,
Билмассан олдинда хазондир.
Мен эса билурман жон қадар,
Севмак яшамакка имкондир.– Сиз кўпроқ тарихий мавзуда ижод қиласиз. Тарихни чуқур ўрганмасдан туриб,
бу мавзуга қўл уриш дарахт шохида ой турибди дея унга қўл чўзишдай гап. Тарихий
ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлатиришда сиз нималарга эътибор берасиз? – Ёдимда оддий мактаб ўқитувчиси, ҳаваскор қаламкаш эдим. Кутилмаганда,
Мустақиллик шарофати билан, 1992 йилда Хоразм вилояти ҳокими Маркс
Жуманиёзовнинг ёрдамчисига айланиб қолдим. Бир куни Маркс ака менга:– Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳини обод қилишимиз керак. Ишни нимадан
бошлаймиз? – Ҳамма ўзи шуни истаяпти. Шу истакларни қоғозга туширсак бўлгани, – дедим.
№ 11 2024 147
Нодира ЯНГИБОЕВА, Сотим АВАЗ
– Юқорига хат тайёрланг бўлмаса, – деди у менга ишониб.
Эртаси куни кечқурун бир даста хат олиб, ҳокимнинг олдига қўйдим. У кўз
югуртириб чиқиб, бўлади, деди. Кейинги куни эса, эзгу ниятни амалга оширадиган
қарор қабул қилинди. Бир неча кундан кейин зиёратгоҳда ҳашар бошланиб, катта
ишлар амалга оширилди.
Кимдир вилоят ҳокимига, сиз-ку бу зиёратгоҳни обод қилаяпсиз, аммо асосий
зиёратгоҳ Марида (қадимги Марв), деган кўринади. Бу гап уни қандай аҳволга
солганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Лекин у ўзини босиб, хоразмлик бир
гуруҳ қаламкашларни Марвга бориб келишга даъват этди. Шу қаламкашлар сафида
мен ҳам бор эдим.
Марв – қадимги салжуқий султонлар салтанатининг пойтахти. Туркма
нистоннинг Байрамали шаҳридан бир неча чақирим нарида жойлашган. Бугунги
кунда, вайрона бўлсада, улуғ ўтмишдан далолат берувчи шаҳарни зиёрат қилдик.
Султон Санжар мақбараси ўз даврида қанча салобатли бўлганлигини тасаввур
этдик.
Туркманистонлик ҳамроҳларимиз бизга Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари дафн
этилган жойни кўрсатди. Авлиёнинг мақбараси, унинг шону шавкатига кўп муносиб
эмасдай туюлди. Қабр ўрнига мўъжазгина кўшксимон минорача кўтарилган.
Тиловат қилдик. Теварак-атрофда зиёратчилар кўринмади.
1996 йилда Хоразмга Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги
фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсин Покойин жаноблари ташриф буюрди. У
Хивадан катта таассуротлар олди. Айниқса, Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳини кўздан
кечириб, жуда ҳайратланди. Раҳмат сизларга, деди.
Сўнгра у лутф қилди: – Энди хоразмликлар Эронга ташриф буюриб, Юсуф Ҳамадоний дунёга келган
Бўзанжирдни зиёрат қилиб қайтсалар, айни муддао бўларди.
Бу таклифни рад этиб бўлармиди?! Икки ҳафта ўтгач, қўлимизга ташриф
даъватномаси тегди. Чоғроққина делегация тузилиб, жумладан, воҳанинг машҳур
шоири Матназар Абдулҳаким билан, Эронга йўл олдик.
Ҳамадонда элдошимиз, табобат султони – Абу Али Ибн Синонинг шон-шавкати
ва довруғига мос уч қаватли зиёратгоҳ бунёд этилган экан. Уни зиёрат қилиб, фахру
ифтихоримиз янада юксалди.
Матназар Абдулҳакимнинг зиёратимиз якунланиши арафасида айтган бир гапи
қулоғимда қолди.“Қани энди, Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ҳақида бир роман
ёзилса. Ахир, ул зот инсоният, хусусан, бутун Шарқ маънавияти ва маърифати
юксалишига беқиёс ҳисса қўшган”.
Шу воқеа-ҳодисаларга, суҳбату мулоқотларга аждодларга муҳаббат муяссар
қилмаганида, ҳеч нарсага эришолмасдим, деб ўйлайман. Унда “Рутба” романи ҳам
ёзилмаган бўларди.– Катта устоз адабиётшунос Матёқуб Қўшжонов бадиий маҳорат масаласини
ўрганар экан, бадиий матнга, ундаги сўзлар маъносига диққат қаратган. Сиз сўз
қўллаш масъулиятига қандай қарайсиз, бирор асарингиздаги сўзни орадан анча
вақт ўтиб ўзгартиришим керак деб ўйлаганмисиз?– Устоз Матёқуб Қўшжонов билан илк бора 1978 йилда Туркманистоннинг
Чоржўй шаҳрида учрашганман. Иккимиз икки мавқе ва икки даражада Маҳтумқули
148
Шарқ юлдузи
“Сўзга муҳаббат, адабиётга садоқат бидан яшаяпман!”
таваллудининг қутлуғ санаси муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда
иштирок этдик.
Матёқуб Қўшжонов ёзувчининг новаторлиги – адабий кашфиётлари ва
ҳаммадан бурун айтган сўзи ҳақида бошқалардан ҳам кўпроқ тадқиқотлар олиб
борган ва рисолалар битган олимлардан бири. Бу масала ижодкорнинг кимлигини
ойдинлаштиради. Ахир олим эътибор қаратган адиб ёзувчилик даъво қилишга
арзигулик қандай каромат кўрсатган? Яъни ҳеч кимникига ўхшамаган ва ҳамманинг
эътиборини тортадиган қандай асар яратган? Булар ҳақида у сира эринмай, андиша
ва ҳаёни бир лаҳза ҳам унутмай, синчковлик кўрсатарди.
Орадан анча вақт ўтиб, домла Урганчга ташриф буюрди. Учрашдик,
суҳбатлашдик, чой ичдик. Чоржўйдаги воқеаларни эсладик. Назаримда, устоз
ниманидир айтмоқчи бўлиб, андиша қилиб тургандай эди. Шу сабабли хизматга
пешвоз чиқиш кераклигини сездим. – Устоз, бизга хизмат буюринг. – Йўқ, йўқ, мен буюришни яхши кўрмайман. Мен фақат ҳамкорликни қўллайман.
Аваз Ўтар ҳақида бир мақола ёзганман. Агар истасангиз, бирга ўқиб чиқишимиз
мумкин. Ҳозир кўзларим анча хиралашган. – Жоним билан.
Икки босма табоқча ҳажмдаги мақолани жумлама-жумла ўқий бошладим. Ҳар
жумлани ўқиганимдан сўнг, домланинг фикрини билиш учун тўхтаб турардим. У
эса шошилмасди. Бир маҳал қатъий қарорини билдирарди. – Шу жумладаги, иккинчи ва бешинчи сўзларни ўчириб ташланг, – деганди
домла қатъият билан.
Бундай ўчириш юзасидан топшириқ яна уч-тўрт марта такрорланди.
Ўчириб ташлайману, нега шундай қилаётганлигимни тушунмайман. Бу ҳақда
сўраш ҳам ўринсиз. Устоз чалғиб кетиши мумкин. Буни сезган каби у изоҳ берди. – Жумланинг иккинчи ва бешинчи сўзлари – паразит сўзлар. Уларга ҳеч қандай
мазмун-моҳият юки юкланмаган. Қолаверса, гапнинг умумий занжиридаги салга
узилиб кетадиган ҳалқалар улар.
Тушундим. Жуда яхши тушундим. Сўз устида ишлаш қанақа бўлишини бундан
ортиқроқ қилиб яна қандай англатиш мумкин.
Таҳрир қилинган жумлани қайта ўқидим. У шундай мустаҳкамланиб, шундай
қатъийлашиб, кетган эдики, “болта билан чопиб бўлмасди”.
Дарвоқе, паразит сўзларни билиб олдим. Уларнинг нима учун керак эмаслигини
яхшилаб тушундим. Лекин яна қандай сўзлар бор экан? Бир мақола устида ишлаш
жараёнида устоз менга катализатор сўзлар ҳақида сабоқ берди.– Учинчи, тўртинчи сўзлар ўрнида қолсин. Улар “катализатор” сўзлар. Ўзлари
юк ташимасалар ҳам, юк ташийдиган сўзларга кўмаклашиб, турадилар, – деди
устоз бир жумла хусусида тўхталиб.
Во, ажабо, тил ҳақида анча-мунча нарса биламан, деб юргандим. Устоз менинг
билганларимни бир чеккага суриб, билиш етарли эмас, юракдан ҳис қилиш керак,
сўз жисму жонингда рақсга тушиши лозим, дегандек бўлди. Бугун гоҳо ўзимни
шундай ҳолатда сезиб, устозга раҳматлар айтаман. Ахир бунақа сабоқни улардан
олмасам, бошқа кимдан олардим.
№ 11 2024 149
Нодира ЯНГИБОЕВА, Сотим АВАЗ
Хуллас, икки босма табоқлик қўлёзмадан бир босма табоқдан ҳам камроқ тайёр
мақола қолди. Уни бошдан ўқиб чиқиб кўзларимга ишонмадим. Ахир бу мангу
яшаб қоладиган мақола бўлибди-ку, деб юбордим. – Йўқ, деди устоз. – Мен ҳали ўзим яна бир-икки марта ишлашим керак. Қани
мақолани яна ҳам мухтасар ҳолга келтира олсам. Бу ишга ҳожат бўлмаган пайтни
ўзим аниқ биламан. Сўзлар яқин дўстимга айланиб, ёнимга келиб ўтиргандай
бўлади, деганди устоз.–
Устоз, сиз бугун ёзувчи сифатида яхши танилгансиз, ўз китобхон
ўқувчиларингизга эгасиз. Чекка ҳудудларда ижод қилаётган қаламкашларнинг
бутун республикамизда танилиши учун нималар тўсқинлик қилади деб ўйлайсиз.– Назаримда, бугун кўпчилик азон билан экиб, кечқурун ҳосил ўриш ёки бел
оғритмай пул топиш билан андармон. Бу балки, барча яхши ҳусусиятларидан
ташқари интернетнинг кўп вақтни олиши билан боғлиқдир. У ҳатто кечгача ҳам
куттирмайди. Бир қарасангиз дунёнинг бир чеккасидан яна бир қарасангиз иккинчи
чеккасидан хабарлар, ҳар хил бўлар-бўлмас гапларни олдингизда териб ташлайди.
Лекин ҳал этилмаган масалалар ҳам талайгина. Айтайлик, китоб чиқариш
ижодий жиҳатдан осон бўлмаса, чиққанда ҳам юз икки юз нусхада чиқса, уни сотиш
катта муаммо бўлса, ижодкор бўлмасаларда, улардан яхшироқ пул топаётганлар кўп
бўлишса аудиторияни қандай қилиб кенгайтириш мумкин. Бунинг учун ҳаммамиз
масъулмиз. Лекин авваламбор ишбошилар ибрат кўрсатишлари керак. Яна бир
масала: маҳаллий адибларнинг асарлари ўзлари яшаётган вилоятларда шаҳар ва
туманларда кенг тарғиб ташвиқ қиланмас экан, уларга ёрдам кўзда тутилмас экан,
самара кутилгандек бўлмайди. – Сиз умрини адабиётга садоқат билан кечираётган инсон сифатида бадиий
адабиётнинг вазифаларини нималарда кўрасиз? Киносаноати, шоу бизнез олами,
ҳаваскор блогерларнинг қисқа сюжетли “асар”лари содда самимий адабиётимиз
соясида қолиб кетмасмикан?– Назаримда, адабиётнинг вазифаси жуда юксалди. У энди фақат оддий сўз
санъати бўлиб қололмайди. Адиблар жамиятнинг энг фаол аъзолари сифатида эл
юрт дарди билан аввалгидан ҳам кўпроқ маъсулият ва жавобгарлик туйғуси билан
яшашлари мақсадга мувофиқ.
Давр шиддат билан давом этмоқда. Адабиёт албатта ўзининг миллийлик ва
эзгулик, меҳр-муҳаббат ўзанига қайтиши муқаррар.
Кино саноати шоу бизнес олами, ҳаваскор блогерлар ўзларининг қисқа сюжетли
“асар”лари билан бир муддат олдга чиққандай бўлишлари мумкин. Лекин улар
охир-оқибат, сиз айтгандай, адабиёт соясида қолишади.
Адабиёт жаҳоншумул бир асар билан ҳам оламни янгилаши, йўқотилган
гўзаллик ва қадриятларни қайта тиклаши, Ҳазрат Навоий маънавиятини кўҳна
дунёга яна қайтариши мумкин.