
Суҳроб ҲАМРОЕВ – 1990 йилда туғилган. Бухоро давлат университетини тамомлаган.
Шеърлари республика матбуотида чоп этилган.
* * *
Бир ажойиб дамни эслайман:
Сиз теграмда бўлдингиз зуҳур.
Сабо бўлиб елган дафъатан,
Атрингиздан қалб топди ҳузур.
Орзу-умид қаърида гоҳо,
Ҳукм сурар ишқ ила ташвиш.
Қулоғимни фатҳ этар садо
Юрагимда уйғонар хоҳиш.
Етаклайди ойларни фасл,
Ўтмишга кўп қайрилмоқ – гуноҳ.
Мени этган кўзингиз асир,
Ва самовий хислатингиз, оҳ!
Сиз билмайсиз: бахт илинжида
Кунларимни оқиздим сойга.
Хаёлларга чўмилиб жуда,
Термиламан оқшомлар ойга.
Юрак урар илҳомга қониб,
Сизга ишқим пичирлаб айта.
Ногоҳ янги гўдакка дўниб,
Бу дунёда туғилдим қайта!
Илинж
Татиганим миннатли, тахир,
Умрим ёзи битиб кетгандай.
Дардим оғир – дардсизлик оғир,
Сўнгакларга ўтиб кетгандай.
Ҳол сўргани келганман, Хайём,
На дур – ҳавас, на Дурон – ҳавас.
Руҳим аро қуйилиб илҳом,
Шууримда шеър туғилса, бас.
Дардим оғир – дардсизлик оғир!..