Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ҲАР БИР СЎЗНИНГ ЎЗ ТАРИХИ БОР!

Ўлжас СУЛАЙМОНОВ – Қозоғистон Республикаси Меҳнат Қаҳрамони. “Туркий
дунёга қўшган ҳиссаси учун” мукофотига сазовор бўлган. 1936 йилида туғилган. Қозоғистон
давлат университетининг геологияқидирув факультетини ҳамда Москвадаги М.Горький
номидаги Адабиёт институтини тамомлаган. Унинг “Арғумоқлар”, “Қуёшли тунлар”,
“Тун – парижлик қиз”, “Маймун йили”, “Сопол китоб” номли шеърий тўпламлари, “Замин,
инсонга таъзим айла!” достони, “Аз и Я” ва бошқа кўплаб асарлари нашр этилган.


Буюк қозоқ шоири Ўлжас Сулаймонов
билан Муҳаммад Исмоил суҳбати


Муҳаммад Исмоил: – 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” дея эълон
қилинди. Ўйлайманки, бу барчамиз орзиқиб кутган, аммо кутилмаганда рўй
берган ғоят ажойиб хушхабар бўлди…
Ўлжас Сулаймонов: – Бизлар қарийб ўттиз йил кўришмадик. Ёзувчиларни
назарда тутаяпман. Балки бундан ҳам кўпдир. Қайта қуриш ҳатто ўзаро
муносабатларимизни қайта қурди. Авваллари бизлар тез-тез кўришар, бир
биримизникида меҳмон бўлар эдик. Қозоқ ёзувчилари Тошкентга боришар, ўзбек
ёзувчилари Олма-отага келишар эди. Бошқа жумҳурият ижодкорлари билан ҳам
шундай дўстона ва қизғин муносабатлар ўрнатилган эди. Афсуски, ҳозир ундай
эмас. Биз ҳатто энг яқин дўстларимиз бўлган Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов,
Абдулла Орипов, Носир Фозиловларнинг бу дунёни қачон ташлаб кетганлигини
билолмай қолдик. Бу йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши
бу аввалги дўстона муносабатларимиз қайтадан тикланаётганидан мужда берувчи,
қон-қардошлик ришталаримиз аввалгидай кучли маромга келаётганидан дарак
берувчи хушхабардир. Биз уруғ-аймоқ, қавму қариндошлиги бир-бири билан
чатишиб кетган жонажон қўшнилармиз. Бу айрилиқ биз учун осон кечгани йўқ,
ўйлайманки, айрилиқ азобини ўзбеклар ҳам тотиб кўришди. Биз бир-биримизга
суянган халқлармиз. Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши
халқаро аҳамиятга эга бўлган ҳодиса. Бу жуда қувонарли тарихий воқеа.

– Бизнинг қўшничилик алоқаларимизни янада ривожлантириш борасида
нималар дея оласиз?

– Қўшничилик, Худо томонидан сизу бизнинг пешонамизга абадулабад
битилган қисмат. Биз Ер шарида бир-биримиз билан чамбарчас туташиб кетган
халқлармиз. Биз бир-биримизга боғлиқ эканлигимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз
керак. Биз юқоридан иккита дарахтдай кўринсак-да, томирларимиз биттадир.
Мен бу гапни бугун эмас, 1979 йил Тошкентда
бўлиб ўтган, Осиё ва Африка ёзувчилари
Ассоциациясининг конференциясида сўзлаган
нутқимда ҳам баён қилганман. Шундан буён бу
фикримда собитман. Шундан буён бу фикрим
тобора ривожланиб бормоқда. Ўшанда Чингиз
Айтматов ҳам менинг фикримни қўллаб
қувватлаган эди. Ер юзида ҳеч ким билан борди
келди қилмайдиган давлат йўқ. Ҳамма бир-бири
билан боғланиб кетган. Бир-бири билан ҳамкор,
бирининг иши бирисиз битмайди. Ўз қобиғига
ўралиб олиб, биз ҳеч ким билан ишимиз йўқ,
ўзимиз хон, кўланкамиз майдон деганларга
ишонманг, улар бор-йўғи ўз чўнтакларини
қаппайтирмоқчи бўлган, халқ тақдирига бефарқ
қарайдиган, мамлакатнинг барча бойлигини
ўзлари ўзлаштирмоқчи бўлган муттаҳамлардир.
Мустақиллик дунё мамлакатлари билан тенгма-тенг қадам ташлаш, ҳамкор бўлиш,
ҳамнафас яшамоқ деганидир.
Муҳаммад ИСМОИЛ– Қайси ўзбек ижодкорлари билан дўст эдингиз. Кимларни кўп эслайсиз?–
Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар билан қалин дўст эдим. Ўзбек
адабиётининг улкан намояндалари, улуғ адиб Шароф Рашидов, оташқалб инсон
Одил Ёқубов, кўпни кўрган оқсоқол Комил Яшинлар билан бир неча бор суҳбатда
бўлганман, уларнинг донишмандона фикрларидан завқ олганман. Шунингдек,
Ҳалима Худойбердиева, Носир Фозилов, Мирпўлат Мирзоларни яхши танир эдим.
Ажойиб ёзувчи Меҳмонқул Исломқуловни танийман. Яқинда Иссиқкўлда исёнкор
шоир Сирожиддин Саййид билан бирга бўлдим.– Ўзбекистонда сизнинг мухлисларингиз жуда кўп. Шеърларингизни ардоқлаб
ўқишади. Газеталаримизда мақолаларингиз тезтез босилиб туради. Лекин
Ўзбекистонга бормаганингизга ҳам ўттиз тўрт йил бўлибди…– Энди борамиз-да. Тошкентда бўлишни орзу қиламан. Ҳозир Ўзбекистон
адабий муҳитида улкан ўзгаришлар содир бўлаётганидан хабарим бор. Президент
Шавкат Мирзиёев адабиётни севувчи инсон. У Ёзувчилар уюшмасига улкан кошона
қуриб берди, Адиблар хиёбонини яратди, ижодкорларни уй билан таъминлади.
Яқинда Қирғизистонда Чингиз Айтматовнинг тўқсон йиллиги муносабати билан
телевиденияда чиқиш қилганимда, Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт вакилларига
қилаётган бу ғамхўрликларини барчага ибрат қилиб кўрсатдим. Ижодкорларга
бундай ғамхўрлик нақадар зарурлигини жуда яхши тушунаман. Чунки, Қозоғистон
Ёзувчилар уюшмасининг Фахрий раиси ҳисобланаман. Шеърларим Ўзбекистонда
тез-тез чоп этилишидан мамнунман. Ҳар бир инсонга, ўз меҳнатининг самарасини
кўриш завқлидир. Ёзувчининг танилиши, ўқувчилари ўртасида обрў қозониши –
бу унинг меҳнатларига берилган баҳодир. Агар, сенинг китобларингни ўқишса,
ёзганларинг одамларда қизиқиш уйғотса, демак бекор яшамаяпсан. Ёзувчининг
ҳаёти, ўз ўқувчиси билангина қадр топади, ўқувчинг китобингни ўқияптими,
демак яшаяпсан, ўқувчинг сени қадрлаяптими, демак сен, ҳурматлисан. Ёзувчининг
ҳаёти, сўнгги ўқувчиси тарк этган куни, ниҳоясига етади. Бу ҳаммамизга тегишли
гап. Шу маънода ёзганларим қадр топаётганидан мамнунман. Шунингдек, яқинда
қалин дўстим, таниқли ёзувчи Собит Дўсановнинг китоби Ўзбекистонда чоп
этилганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Агар адабиёт ва санъатимиз яқинлашса,
ўйлайманки, иқтисодимиз ва сиёсатимиз ҳам яқинлашади.– Пушкинда шундай мисралар бор: “Шоир бўлиш ёшларга хос”. Бу тушунчага
қандай қарайсиз?– Шарқда юз ёшгача ҳам шоир бўлавериш мумкин. Чунки, шарқда шеърият
донишмандликка, ақл-идрокка, панд-насиҳатга, Оллоҳга муҳаббатга асосланади.
Фирдавсий, Навоий, Абайлар кексайиб қолганларида ҳам ижод қилишган. Аммо,
шундай замонлар келдики, ҳамма фақат ёрга бўлган муҳаббатини ёзадиган бўлиб
қолди. Шу маънода: “Шоир бўлиш ёшларга хос”, деганида Пушкин мутлақо
ҳақ эди. Бир сафар Москвага борганимда, Марказий адабиётчилар уйида, Павел
Антакольскийнинг етмиш йиллик юбилейи устига келиб қолдим. У минбарга
чиқиб олиб севги ҳақида роса шеър ўқиди. Менга жуда эриш туюлди. Етмишга
кирган одам ўз ҳаёт тажрибалари ҳақида гапирмайдими, кўрган-кечирганларини
ўртоқлашмайдими, уларга панд-насиҳат қилмайдими, ёшларга зарур бўлган йўл
йўриқлардан гапирмайдими?! Доно фикрларни шеърга солмайдими? Етмишга
кирган одамнинг “севаман” деб турганини қандай изоҳлаш керак?! Мен ўша
пайтлар айни қирқ ёшда эдим. Ўша кунги воқеадан кейин шеър ёзишни мутлақо
ташлаб юбордим. Кейин фақат насрда ижод қилдим. Ёшлигимда бир ҳафтада
битта достон ёзардим. “Инсонга таъзим қил, Замин!” достоним ҳам бор-йўғи
бир ҳафтада ёзилган. Мен давр буюртмасини бажардим. Кейин Юрий Гагарин
билан учрашдим. Кейин дунёнинг барча мамлакатлари минбарларида, Америкада,
Кубада, Венесуэлада, Лондонда, Парижда ушбу достонимни ёддан ўқий бошладим.
Ёшликнинг шиддати, шижоати, исёнкорлиги умрингизни қолган даврларида ҳеч
қачон такрорланмайди. Худо ҳар бир инсонга кўкка учиши учун қанот берган,
лекин кўпчилик бу қанотни офтобда тоблаб, бошқаларга кўз-кўз қилиб, қанотларига
зеб бериб, умрини зое ўтқазиб юборади, аслида эса сизу бизга учиш буюрилган,
учиш, яъни меҳнат қилиш, кашфиётлар яратиш, жону жаҳд билан маънавий
юксакликларга кўтарилиш, кўтарилиш ва яна кўтарилиш буюрилган.– Ҳозир Гагарин ҳақида гапирдингиз. Ёшлигимизда бу одам афсонавий қаҳрамон
даражасида эди. Уни кўрган одамни кўриш ҳам бахт…–
Ҳамма Гагаринни кўришга, у билан суҳбатлашишга интиларди. У
Ўзбекистонда ҳам бир неча бор бўлган. Менимча, Ботир Зокировни танир эди. Мен
1967 йилгача у билан икки марта кўришганман. 1967 йил машҳур ёзувчи, Нобель
мукофоти совриндори Михаил Шолохов бизларни ва яна бир қанча чет эллик
таниқли ёзувчиларни Вешенскаяга, Дон бўйига таклиф этди. Суҳбат, ўйин кулги
жуда қизиди. Балиқ тутдик. Волейбол ўйнадик. Соҳилнинг саёз жойида чўмилдик.
Ёдимда қолгани, Юра қирғоқда, ялангоёқ югуриб юрганида, шиша кириб товони
кесилиб кетди. Оёғини ювганида қип-қизил қон сувда анча вақт жимирлаб турди.
Саккиз ойдан сўнг эса уни ҳалокатга учраганини эшитдик.– Наҳотки, ҳозир шеър ёзмаётган бўлсангиз?– Ҳа, ёзмаяпман. Лекин ижодим давом этаяпти. Сўз ҳақида, инсониятнинг
тили ҳақида, инсониятга берилган Каломнинг тақдири, тарихи ва босиб ўтган
йўли, битиклар, ёзиқлар ҳақида ёзмоқдаман. Менинг тақдиримга Сўзнинг ортидан
қувиш битилган экан, бу аччиқ қисматдан юз ўгирганим йўқ. Қайтага, бу менга
завқ беради, ҳаётимга маъно олиб келмоқда. Маъно деганда асло даромад олиб
келаяпти деб тушунмаслик керак. Бугун ёзувчиликдан даромад кўриш учун кунига
бешта детектив асар ёзиш керак. Бу эса менинг қўлимдан келмайди, келишини
истамайман ҳам. Биз, ижод ахли бош ҳомий – давлат биздан юз ўгиргач, биз ҳам
давлатдан юз ўгирган эдик. Аммо, афсуски, узоққа бора олмадик. Қозоғистонда бир
пайтлар ҳар йили олти юз ёзувчининг китоби нашр этилар эди, улардан элликтаси
ўқиларди, беш-олтитасининг китоби ҳақиқий дурдона асар эди. Бу дурдона
асарлар беш фоизнигина ташкил этар эди, аммо қолган олти юз ёзувчининг китоби
бўлмаса, бу беш фоиз китоб дунёга келмаган бўлар эди. Мен давлат адабиётни
ўз ҳомийлигига олиши кераклиги тарафдориман. Бошқа йўлни кўрмаяпман.
Адабиёт халқники, халқ хукуматники, хукумат эса осмондан тушиб қолгани йўқ,
шу халқнинг бир бўлагидир. Менинг шеър ёзишимга тўхталадиган бўлсак, менинг
жамоатчиликда қиладиган ишларим, ташаббусларим, ғояларим, нутқларим, бу
менинг шакли, қиёфаси ўзгарган шеърларимдир. ЮНЕСКОдаги ишларим ҳам, бу
менинг шеърларим, ижодим маҳсулларидир. Шоир, ўз туйғуларини, фикрларини
фақат шеър шаклида эмас, лойиҳалар, дастурлар орқали ҳам баён этиши мумкин.
Шахсан мен, амалга оширилган жуда кўп эзгу ютуқларимни гўзал шеърларим деб
ҳисоблайман.– Сизни жуда кўп ёшлар севади, сизга тақлид қилади, сизга интилади. Уларга
қандай насиҳатлар бера оласиз?– Инсон ўз миллатининг кичик кўринишидир. Атрофимиздаги одамлар
бизга баҳо берганда, ҳар биримизга қараб баҳо берганда, улар бизгагина эмас,
миллатимизга ҳам баҳо бераётган бўладилар. Агар сен ҳурмат қозонсанг, сенинг
миллатинг ҳам ҳурмат ва эҳтиром қозонади, сенга қараб сенинг миллатингни ҳам
улуғлайдилар. Ўз миллатингни улуғламоқчи бўлсанг, аввало ўзинг улуғ бўлиш
қоидасига амал қил. Буни миллат раҳбарлари ҳам билиши керак: биз иқтидорларни
етиштирар эканмиз, уларнинг эзгу ишларига йўл очар эканмиз, бурчак-бурчакдаги
жоҳиллик ва аламзадалик ўз-ўзидан камаяверади. Биз буюк инсонларнинг
фарзандларимиз дейишнинг ўзи билангина инсон буюк бўлиб қолмайди. Буюк
миллатнинг фарзанди бўлиш учун инсоннинг ўзи буюк бўлишга интилиши
керак. Ёшларга берадиган насиҳатим, ҳар биримиз, ўз миллатимизнинг кичкина
кўринишимиз, буни унутишга ҳеч қачон ҳақимиз йўқ.– Барча мушкулотларга қарамай пешонасига ёзувчи бўлиш тақдири битилган,
бу заҳматли юмушдан кўз юммай мардонавор қадам ташлаб бораётган
ижодкорларимиз ҳам бирталай. Улар албатта Сиздай буюк шоирнинг тасаллисига
муҳтожлар. Уларнинг шаънига бирикки оғиз илиқ сўз айтсангиз, барчамизнинг
кўнглимиз кўтарилган бўлар эди.– Албатта, уларни қўллаб-қувватлайман. Олим бўлиш, ёзувчи бўлиш, шифокор
бўлиш шарафли касб. Инсоният ҳамиша тараққиётга интилиши керак. Тараққиёт
калити эса зиёлиларнинг қўлида. Афсуски, ҳозир кўпчилик ўртакашлик билан,
даллоллик билан, олди-сотди билан, чайқовчилик билан, алдам-қалдам билан,
банк билан, биржа билан, талон-тарож билан шуғулланаяпти. Бу каби нарсалар
инсониятни буюк келажак сари, юксак истиқбол сари бошлаб бормайди. Инсон
буюк ихтиролар кашф этиши лозим. Инсон инсониятнинг мушкулини енгил қилиш
орзусида яшаши лозим. Шоирлар инсониятнинг мана шундай фарзандларидир.
Муҳаммад ИСМОИЛ– Яқинда Ўзбекистонда буюк оқин Абайнинг юбилейи бўлиб ўтди…– Эски қадрдоним билан кўришиб қолдим. У ҳозир Англия университетида
ўқитувчи. Гап орасида: “Абай ҳақиқатдан ҳам даҳо экан”, деб қолди. Мен: “Нега
бирдан бу фикрга келиб қолдинг, аввал билмасмидинг”, деб сўрадим. “Аввал ҳам
билардим, лекин энди иқрор бўлдим”, дейди у. Мана шундай, авлодлар алмашган
сари Абайнинг буюклиги яққол кўзга ташланаверади. Абай ўз даврида нимани ёзган
бўлса, ўша муаммолар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Аксинча
кескинроқ бўлиб ўртага чиқаяпти. У ўтмишни қаламга олиб, аслида келажак ҳақида
ёзган экан. У ХХ асрда ўз халқини катта ҳалокат кутаётганлигини билганди. 1926
йил аҳоли рўйхатга олинганда, олти миллион икки юз минг қозоқ бор эди. Кейин
очарчилик даври бошланди, ўттизинчи йилларда бу очарчиликдан икки ярим
миллион қозоқ омон қолди. Бу ерда айб қозоқларнинг ўзида. Абай ўша пайтдаёқ
ўзбеклардан боғдорчиликни, деҳқончиликни, сабзавот экишни ўрганинглар деб
огоҳлантирганди. Айнан мана шу касб-ҳунар ўзбекларни очарчиликдан омон
сақлаб қолди. Қозоқлар чорвага, қўй ва йилқиларга ишонган эди. Сталин қўй ва
йилқиларни ҳаммасини тортиб олди, чет элдан завод ва фабрикаларга асбоб-ускуна
олиш учун гўштга айрибошлади. Украинадан донни тортиб олди. Натижада, беш
миллион украиналик, уч миллиондан ортиқ қозоғистонлик оч-наҳор ўлиб кетди.
Ер билан ишлашни билгани, боғ-роғ, экин-тикин ишларини яхши ўзлаштиргани
учун ўзбеклар бу ҳалокатлардан омон қолди.– Адабиётимизда Чингиз Айматов, Ўлжас Сулаймонов, Абдулла Орипов
сингари буюклар яна пайдо бўладими ёки уларни замон кўтарган эдими, нима деб
ўйлайсиз?– Ҳақиқатдан ҳам уларни давр кўтарган эди. Бир пайтлар биз китоб ўқиш бўйича
биринчи ўринда эдик. Ҳозир, Россия ҳам, Қозоғистон ҳам энг охирги ўринда
турибди. Энди машҳур ёзувчиларнинг пайдо бўлиши ўта мушкул. Бир созу, бир
дўмбира билан маданият яратиб бўлмайди. Дўмбира ақлни чархламайди. Адабиёт
эса, ақлни чархлайди, юракларга куч-қувват, маънавий озиқ беради. Ўзбек халқи
ҳам, қозоқ халқи ҳам улкан кенгликда жойлашган, бутун дунё халқлари маданияти
ва маънавияти туташадиган, Ер юзи халқларининг урф-одатларидан, яшаш
тарзидан хабардор, огоҳ халқлардир. Бундан хавотирланмаслик керак. Огоҳлик
фақат яхшиликкадир. Бу ерда битта қонунга амал қилиш керак: ўзлигимизни
йўқотмасдан, ўзгаларни яхши фазилатларини ўрганиш ва ўзлаштиришимиз лозим.– Бир пайтлар шоир, ёзувчи келди деса, юзлаб одамлар оёққа қалқарди. Улар
халқлар, мамлакатлар, миллатлар орасидаги элчи мақомида эди…– Йигирманчи асрда энг баланд янграган овоз, шоирларнинг овози эди.
Унинг овозида нафақат ҳайқириқ, балки замонасининг орзу-умидлари, ҳасрати,
халқларнинг минг йиллардан буён тўплаб келган тафаккури, донишмандлиги,
ҳақиқат ва адолат учун курашга чорловчи нидоси бор эди. Бу овоз, бу жаранг оддий
халқнинг ҳам, ҳукумат тепасидагиларнинг ҳам қулоғига, қалбига кириб борган эди.
Бу ҳайқириқ оломонни халққа айлантирган эди. Шоирларни нафақат эшитардилар,
унинг айтганларига амал қилар эдилар, бажарардилар, уларни миллат дарғалари
сифатида қабул қилишган эди. Афсуски, ҳозирги кунда ундай овозлар ҳириллаб
қолди. Ҳайқиргани учун эмас, эшитишмагани учун. Ҳозир ҳам баъзида яккам
дуккам ҳайқирган овозларни эшитиб қоламиз, аммо улар жанговар ҳайқириқлар
эмас, афсус ва ўкинч, ҳақирлик ва хўрлик нолаларига тўла надомат овозларидир.
Яна бир бор таъкидлайман, биз дунёдаги энг кўп китоб ўқийдиган мамлакатлар
эдик. Китобларимиз юз минг, икки юз минг, уч юз минг нусхада чоп этилар эди.
Ҳозирчи, ҳозир бор-йўғи минг ё беш юз дона чоп этилади. Бу жуда ачинарли ва
кулгили. Тўқсонинчи йилларда беш юз бетлик “Сайланма” асарларим тўплами
икки юз минг нусхада чоп этилди. Китоб тезда ўқувчилар қўлига етиб борди.
Китоб етказиб бериш тизими шиддат билан ишлар эди. Ҳозир эса бундай тизим
қаёққа йўқолганини минг изласанг ҳам топа олмайсан. Давлат ёзувчини ўша пайтда
шундай қўллаб-қувватлар эди. Китоб албатта давлат ҳимоясида бўлмоғи лозим.
Инсон маънавияти ҳеч қачон бозорга ташланмаслиги керак.– Сизнинг китобларингизни Россияда ҳозир ҳам чоп этишаяптими?– Тўқсонинчи йилларда қайсидир китобимни чоп этишди ва шу билан ҳаммаси
тугади. Лекин бундан афсусланмайман. Қозоғистондаги шон-шуҳратим менга етиб
ортади. Бир пайтлар Москвада етмиш беш тийин турадиган “Аз и Я” китобим минг
сўмдан сотилган эди. У пайтда минг сўмга Олма-отада икки хонали уй берар эди.
Китоб ўқишга иштиёқ шу даражада баланд эди. Мен ўша пайтлар ўзимни ҳақиқий
ёзувчи ҳисоблар эдим. Ўз касбим орқали рўзғоримни тебрата олар эдим. Кейинги
йигирма беш йил ичида бирор марта, бирор нашриётдан, бирор газета ё журналдан
қалам ҳақи олганим йўқ. Нафақат мен, балки бошқа шоир ё ёзувчилар ҳам олишгани
йўқ. Бу нима, бу шоир, ёзувчилар устидан ўқилган ўлим ҳукми эмасми? Бу шоир
ва ёзувчиларнинг жамиятдан ташқарига бадарға қилиниши эмасми? Мен ўз касбим
орқали рўзғоримни тебратаолмасам, демак, мен кимман, хотини, болалари олдида
бош кўтариб юраолмайдиган, субути йўқ ношудман, холос.– Наҳотки, шунчалик машҳур бўлсангиз ҳам сизга қалам ҳақи тўлашмаса?– Мен ўзимни назарда тутганим йўқ. Лекин йигирма беш йилдан буён
адабиётимизга янги номлар кириб келди. Янги шоир ва ёзувчилар қалам
тебратишаяпти. Бечоралар ёзишади, ёзишади, китоб ҳолида чиқаришга уринишади,
қаердандир ҳомий топиб мингта ё беш юз дона чоп этишади, кейин дўконма
дўкон юриб харидор излашади, мактаб ё коллежларда кимдир сотиб олармикин
деб сарғайиб туришади… Бу ҳолат нафақат бизда, бу ҳолат Россияда ҳам бор, бу
ҳолат Арманистонда ҳам бор, Ўзбекистонда ҳам шундай. Тезкорлик билан китоб
нашр этишни, китоб тарқатишни йўлга қўйиш керак. Китоб ҳалокат ёқасида эмас,
жамият ҳалокат ёқасидадир, жамиятни қутқариш учун аввало китобни қутқариш
керак.– Бугунги кунларни шиддат билан ўзгаришлар замони дейиш мумкин. Бугунги
кун кечагига ўхшамайди. Қандайдир кутилмаган воқеалар бир кунда содир бўлиб
қолаяпти. Сиз мана шундай пайтда нималарга кўпроқ эътибор қаратаяпсиз?– Мени кўпроқ ҳарбий талвасалар ташвишга солаяпти. Матбуот бу талвасаларни
янада кўпиртириб одамларда ваҳима уйғотаяпти. Ҳозир кўпгина давлат
раҳбарларини қўлида атом бомбаси бор. Худди биргина гугурт қутиси бутун бир
ўрмонни ёқиб юбориши мумкин бўлганидек, битта одам ўз йўлимни ёруғ қиламан
деб, бутун Ер шарига ўт қўйиб юбориши мумкин. Ер шари ҳаммамизники, бир
оила бўлиб яшашимиз лозимлигини унутмаслик керак.– Малайзия, Сингапур, Хитой сингари давлатлар ўттиз йил ичида қашшоқ
давлатлар сафидан чиқиб, дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторига
қўшилди. Марказий Осиё давлатларида нега бундай инқилоб юз бермади?– Биз бу борада Европадан чалакам-чатти ўрганишга киришиб кетдик. Иқтисодга
эмас, сиёсатга тармашдик. Минг-минглаб одам ишлайдиган заводларимизни
тўхтатдик. Ўн минг одам ишлайдиган қудратли завод-фабрикаларимизни арзон
гаровга пулладик. Кимдир уни сув текинга сотиб олиб икки юз киши ишлайдиган
цехга айлантирди. Заводни майдалаб сотди. Миллиард-миллиард турадиган
заводларга эга чиққан баднафслар, уларни ишлатмади, одамларга манфаат
келтиришни ўйламади, фақат ўз чўнтагини ўйлади, чўнтагини қаппайтириб, уларни
Европа банкларига ташиди. Натижада, биз тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи
давлатдан, фақат хом-ашё ишлаб чиқарувчи ибтидоий давлатга айланиб қолдик.
Мамлакатдаги бу талон-тарожларни назорат қилувчи давлат тизими бизда ўз
кучини кўрсатмади. Аксинча, бу ишларга амалдорларнинг ўзи бош-қош бўлиб
турди. Малайзия, Сингапур, Хитойда ҳам шахсларнинг бойиши учун изн берилди,
шу билан биргаликда давлат бошқаруви вазиятни ҳамиша назорат қилиб турди.
Бизнинг энг катта фожиамиз, бизда коррупция, порахўрлик, таниш-билишчилик,
уруғ-аймоқ, талон-тарож қилиш, ўғрилик ниҳоятда ривожланган. Хитой ҳар йили
ўн минг порахўрни, коррупционерни отиб ўлдиради. Давлат мулкига хиёнат қилган
одамга миллат хоини сифатида қаралади.
Ҳар йили Қозоғистонда тиббиёт асбоб-ускуналари ва дори-дармонлар сотиб
олиш учун миллиардлаб доллар пул сарфланади. Ўттиз йил ичи шунча пулга
қудратли фармацевтика саноатини йўлга қўйишимиз мумкин эди. Ўзимизда
сифатли дори-дармонларни ишлаб чиқаришимиз мумкин эди. Нега шундай
қилмадик? Бунинг сабаби битта! Агар шундай қилганимизда дори-дармон сотиб
олувчи амалдорларимиз ўзларининг чўнтакларига тушадиган пуллардан қуруқ
қолишар эди. Сингапур бундай газандалардан икки-уч йилда қутулган бўлса, биз
ўттиз йилдан буён уларнинг уруғини кўпайтириб ётибмиз. – Мен учун Ўлжас Сулаймонов буюк шоир ва Сўз салтанатининг ҳам буюк
дарғасидир!– Инсоният тарихи, кечган юз минг йиллик тарих динозаврларни топиш билан
ўлчанмайди, ғорлардаги битикларни ўқиш билан, археологик қазилмаларни
ихтиро қилиш билан белгиланмайди, инсоният тарихининг сир-асрорлари
уларга беркитилган эмас. Инсоният тарихи Сўзларга муҳрлангандир. Сўзларда
инсониятнинг бутун билими, тафаккури, ҳаёти мужассам. Сўз инсоният босиб
ўтган барча йўлларни худди маёқ сингари ёритиб туради. Бир томчи сув бутун
денгиз ҳақида маълумот бераолгани сингари, битта сўз бутун бир халқ ҳақида
маълумот бериш қудратига эга. Сўз, у қозоқчами, ўзбекчами, шумерлардан,
санскрит тилларидан қолган Сўзми, палеолит, неолит давридан қолган Сўзми,
ибтидоий жамоа тузумидан қолган минг асрлик Сўзми, улар барчаси бугунги
кунгача яшаб келмоқда ва ҳар битта Сўзнинг замирида бутун-бутун халқларнинг
тарихи, маданияти, маънавияти яшаб келмоқда. Одамлар Сўз ўткинчи, Сўз
алмашиб туради, Сўз қисқа вақт яшаб, бизларни дорулбақога ташлаб кетади деб
ўйлашади, йўқ, Сўз ҳеч қачон ўлмайди, у инсониятнинг бутун босиб ўтган йўли
ҳақида абадул абад сўзлаб турувчи маёқдир.– Бугунги кунда илмий ишлар билан шуғулланаётган экансиз, илмий унвонингиз
ҳам борми? – Ўлжас Сулаймонов деган отим бор, холос. Шунинг ўзи менга етарли. Ўнлаб
шогирдларим фан доктори, профессор. Улар фандан ҳимоя қилишган, мен эса
фанни ҳимоя қиламан. Дунёнинг бир қанча давлатлари Академияси академигиман.
Менга бундан ортиғи керак эмас.– Сиз Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамонисиз. Жуда кўп орден ва медалларингиз
бор. Қайси бирини тақасиз?– Деярли ҳеч бирини тақмайман. Ўзимни уларга муносиб деб билмайман.
Қачон ўша орден-медалларга муносиб иш қилсам, юксак кашфиётлар яратсам, ана
ўшандагина тақаман. – Мазмунли ва ибратли суҳбатингиз учун ташаккур!– Сизга ҳам раҳмат. Барча ўзбекистонлик дўстларга алангали саломлар бўлсин!
2019 йил.

Муҳаммад ИСМОИЛ – 1964 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Тазарру саодати”,
“Тасаввур чизиқлари”, “Кўнгил мулкига сафар”, “Саҳройи гуллар”, “Сиз ҳамон ўшасиз”
сингари қатор китоблар муаллифи. Шеърлари ҳинд, турк, белорусь, рус, инглиз, туркман,
қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ каби тилларга таржима қилинган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil