Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

УЧ ТАРЖИМА ТАЛҚИНИ

Алишер САБРИЙ – 1995 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг
ўзбек филология факультети талабаси. Республика матбуотларида мақолалари эълон
қилинган.

I
Модомики, Зебуннисонинг “Инжост” радифли машҳур ғазали ва унинг ўзбек
тилига ўгирилган бир неча варианти (Мунирхон Муинзода, Маҳмуд Йўлдошев,
Зуҳриддин Исомиддинов томонидан амалга оширилган), уларнинг ўзаро ўхшаш
лик ва тафовутлари, аслиятга қайси бири нисбатан яқин эканлиги масаласини
ойдинлаштириш учун дастлаб ғазалнинг ўзини (аслиятни) муфассалроқ тушуниб
олиш айни муддаодир. Шунда байтларнинг насрий баёни, мазмуни ва таржималарда
унинг қанчалик сақланиб қолганлиги, қолаверса, вазну оҳанг масаласи қандай
ҳолатда эканлиги аниқроқ англашилади.
Айрим адабиётшунос ва устоз таржимонларимиз томонидан “айбғина” деб
тилга олинган ғазалнинг 3 байтида (5-7-байтлар) кетма-кет қофия сифатида
қўлланган “жо” сўзининг тақдири қандай? Чиндан, Зебуннисо бунда ўринсиз
такрорларга йўл қўйганми? Биринчи шу масалага қисқагина тўхталсак. “Фарҳанги
забони тожики”да “жо” (ҷо / اج) сўзининг бир қатор маънолари келтирилган бўлиб,
жумладан, унинг; 1) бирор ҳаракат амалга ошадиган ер, макон, мавзеъ, маҳал; 2)
истиқомат манзили, тураржой, манзил; 3) мавқеъ, маврид; 4) қаер (сўроқ олмоши);
5) дам, вақт; 6) маҷ. мансаб, вазифа, иш, мартаба; 7) қисм, парча, ҳисса; 8) тўшак,
уйқу жойи; 9) сабаб, асос; 10) тараф, ҷиҳат; 11) маҷ. идора, маълум бир ташкилот
каби маънолари шу сирага киради [Қаранг: Фарҳанги забони тоҷикӣ, II том, 1969.
783–784-бетлар]. Энди ғазал байтларининг бир-бир насрий баёнини чиқаришда
3 байтнинг қофия қисмида муттасил қўлланган “жо” сўзининг қайси маънолари
қўлланилганини кўришимиз мумкин бўлади.
Ғазалда қўлланган “инҷост” радифи аслида “ин ҷо аст” сўзларининг тарихан
бирикиб қисқарувидан ҳосил бўлган ва айнан “шу/бу ер(да)дир” (истеъмолдаги
ихчам варианти: шунда/бунда) маъносини англатади.
Ғазалнинг матлаъи шундай:
Биё, ки зулфи каҷу чашми сурмасо инҷост,
Нигоҳи гарму адоҳои дилрабо инҷост.
[Эй дўст,] қайрилма зулф ва сурмали кўзларнинг, тафтли қарашлару дилкаш
ноз-ишваларнинг [соҳибалари] бари шу ердадир, келгин.
Биринчи байтда лирик қаҳрамон Дўстни (балки, ўқувчини ҳам) зулфи қайрилма,
кўзлари сурмали, қарашлари ўтли, ноз-ишвалари кўнгилни ўзига тортувчи
гўзаллар йиғилган манзилга – ишқ гулшанига чорлайди. Бу чамандаги гулларнинг
бари ошиқларини ўз малоҳатлари – жозибали, шу билан бирга, қаттол қуроллари
воситасида қурбон қилишни касб этган:
Карашма – теғу мижа – ханҷару нигаҳ – алмос,
Шаҳодат ар талабӣ, дашти Карбало инҷост.
[Бунда гўзаллардаги] карашма тиғдай ўткир, киприк ханжардай, нигоҳ
эса олмосдай кескир. Агар шаҳид бўлишни истасанг, [Ҳазрати Али (р.а.)
фарзандлари имом Ҳусайн шаҳид бўлган] Карбало дашти [ҳам] шу ердадир.
Бу гўзалларнинг карашмалари – қош-кўзларини ҳаракатга келтириб, имо
қилишлари ушшоқ қалбига нақд тиғдай бориб санчилади, киприклари ханжардай
ботади, нигоҳлари олмосдай ўткир, тушган жойини кесмай қўймайди. Ошиқ учун
шаҳидлик мақомига эришишнинг зўр имконияти бу. Куффор (карашма, киприк,
нигоҳ) билан олишиб, жон таслим қилишса, шу улуғ мақомга етишадилар.
Қолаверса, ишқ кўйи ҳам имом Ҳусайннинг муборак қонлари тўкилган Карбало
даштидан қолишмайди.
Агар биҳишт диҳандат, фиреби кас нахурӣ,
Қадам зи майкада берун манеҳ, ки ҷо инҷост.
Агар сенга жаннатни берсалар (ё ваъда қилсалар) ҳам, бировларга алданиб
юрма. Майхона (орифлар йиғини)дан бир қадам ҳам ташқарига чиқа кўрма,
чунки асл манзил-макон шу ердир.
Атрофдаги кишилар сени бир мўмин одобига риоя қилиб, таомилга кўра
ибодатларни адо этиб, жаннатга киришга тарғиб қиладилар. Ошиқлик,
қаллошликдан қайтармоқчи бўладилар. Насиҳатлари шу қадар чиройли, шу қадар
сеҳрлики, жаннат калитини қўлингга нақд топшириб қўйгандек бўладилар. Гарчи
жаннат – улуғ неъмат, лекин сен бунга алданма, насиҳатгўйлар фирибига учма.
Майхонадан, орифлар мажлисидан, ишқу маърифат анжуманидан бир қадам ҳам
ташқарига чиқмагинки, ўша жаннат ҳам, балки жаннатийликдан аъло мақому
мартабалар ҳам шу ердадир. Бу ерда ҳурнинг эмас, Жононанинг ишқи билан сероб
бўласан, файз топасан, дейилмоқчидай байтда.
Ба тавфи Каъба куҷо меравӣ, диле дарёб,
Ки халқ беҳуда ҷон мекананд, ҷо инҷост.
Каъба атрофида айланаман деб, тавоф қиламан деб қаёққа йўл оляпсан?
Ундан кўра бир кўнгилни олгин. Зеро, халойиқ [узоқ йўл босарак] беҳуда жон
чекиб, азоблар тортиб юрибди. Аслида шу (дил овлаш, кўнгилни тавоф
қилиш)нинг мавридидир.
Бу байт билан шоира мухотаб (хитоб йўналган киши)ни Ҳажга бориш, Каъбани
тавоф қилишдан қайтаряптими? Йўқ, албатта! Фақат амалнинг шаклигагина эмас,
моҳиятига ҳам эътибор қаратиш кераклигини уқтирмоқчидай. Ҳазрат Навоий ҳам
“Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон
ўлса, обод айлагай” деганлар. Демак, кишиларнинг кўнглини олиш, уларнинг ғам
қайғусини кетказиш, турмушини обод қилиш ёхуд шунга имкон қадар ҳисса қўшиш
ҳам ҳеч қандай оворагарчиликсиз, қийинчиликсиз улкан савобни қўлга киритиш
имкони экан.
Зи пой то сари ӯ ҳар куҷо, ки менигарам,
Карашма домани дил мекашад, ки: ҷо инҷост.
У (ёрим)нинг бошдан-оёқ ҳар нуқтасига [ошиқлигим моясини қидириб] назар
ташлайдиган бўлсам, карашма дил этагидан тортиб (ўзига қаратиб) дейдики:
[ошиқлигингга] сабаб, асос шу ердадир.
(Ёхуд: …карашма юрак томонга диққатни тортиб, ишора қилиб дейдики:
[ошиқлигингга] сабаб, асос шу ердадир.)
Лирик қаҳрамон Ёрининг ҳар бир қиррасига назар солиб (ёки мушоҳада
қилиб), бир-биридан авло сифатларга қойил қолиб, ўзининг ошиқлиги манбасини,
гирифторлиги асосини зимдан излар экан (эҳтимол, шу тариқа ўзидаги ишқни,
бинобарин, асл ўзлигини яққолроқ англамоқчидир), Севгилининг карашмаси турли
жаззоб имо-ишоралар билан ошиқ кўнгли этагидан маҳкам тутиб, диққатини ўзига
тортаверади. Шу билан бирга, ҳабибни кўнгил томонга етаклайди-да: Сен қидирган
ишқ асоси мана шу ердадир, дегандай бўлади.
Китобхонаи олам варақварақ ҷустам,
Хати ту дидаму гуфтам, ки: “Муддао инҷост!”
Олам кутубхонасидаги жамийки китобларни бир-бир варақлаб, [моҳиятни]
қидирдим. [Охири] сенинг хатинг (юзингдаги майин тукларни, юзинг
саҳифасидаги малоҳат битигини) кўрдиму, [беихтиёр] “Муддаойим шунда
экан!” деб юбордим.
“Мақсад на эди, жаҳона келдинг, Кайфиятини баён этиб кет”, дейди Нодирабегим.
Бу ғазал лирик қаҳрамони ҳам ўзини, яратилиш мақсади-ю моҳиятини тинимсиз
қидиради. Дунёдаги бутун китобларни бир-бир варақлаб чиқади. Аммо касб этган
илмлари саволларига мукаммал жавоб беришга камлик (ожизлик) қилаверади.
Яратилишдан мақсад нима эканини қониқарли даражада англатолмайди бу
ботмон-ботмон китоблар. Ва ногаҳон кўзи (тахайюли) Ёрнинг юзидаги майин,
нафис тукларга тушади. Кўнглидаги ишқ қаттиқроқ ғалаёнга келади. Шунда у неча
машаққат чекиб қидирган саволига аниқ жавобни топади. Яратилишдан ғараз ишқу
ошиқлик эканини, мақсад ўз ватанига – асл манбасига қайтиш эканини англаб
етади гўё. Шунинг учун ҳайрат билан “Муддаойим шу ерда экан-ку!” деб юборади.
Ҳазрат Навоий “Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасун” деганларида ҳам дунё-ю
тирикликнинг асосида, махражида айни шу беқиёс ганж турганини назарда тутган
бўлсалар, не ажаб.
Закоти ҳусн агар медиҳӣ барои Худо,
Биё, ки Зебунисо ҳамчу ман гадо инҷост.
Худо йўлида ҳуснинг закотини берар (лутфу карам қилар) бўлсанг, бунда
Зебуннисо ҳам худди мендай гадога айланади, келгин.
(Ёхуд: Ҳуснинг закотини берар (лутфу карам қилар) бўлсанг, Худо йўлида
Зебуннисо ҳам худди мендай гадога айланади бунда, келгин.)
Араб ёзувида вергул йўқ, аммо жорий графикада “медиҳӣ” сўзидан кейин
вергул қўйилмаса, ғазалда тилга олинган маъшуқ ё дўст дунёвийлик касб этади
(байт насрий баёни биринчи вариантидагидек), вергул қўйилса, адресат ўз-ўзидан
Маъшуқи азал экани аёнлашади. Дунёвий маънода талқин қилганда ҳам, бир комил
инсон тимсоли чизилгани маълум бўладики, ғазал ё Расули акрам (с.а.в.), ё бир
пири комилга қарата айтилгандек таассурот уйғотади. Аммо бу қарашларнинг ҳеч
бири билан чегаралаб бўлмайди мурожаат қилинган зотни. Ўқувчи ўзига маъқул,
руҳияти ва кайфиятига мувофиқ кимнидир тасаввур этаверадики, бизнингча,
маъқули ҳам шу.
Мақтаъда лирик қаҳрамон Севиклидан ҳусн закоти сўрайди. Чунки Маъшуқ
бунча камолот, бунча ҳусн бойлигига эга бўлиб, ундан закот бермаса, “золим”лардан
бўлиб қолиши мумкин. Ошиқ эса буни истамайди. Устига, ким истамайди бу бебаҳо
ганждан насибадор бўлишни?! Ва агар ташриф буюриб (шунинг ўзиёқ ўша закот
эмасми?) лутфу карам қилса (ёки лутфу карам қилиб ташриф буюрса), Зебуннисо
ҳам худди лирик қаҳрамондай бу ердаги бир гадога айланиши маълум қилинади.
Ғазал ўзининг жозибали оҳанги, самимияти, мазмуний теранлиги билан
ўқувчисини, куйга солиб айтилганда тингловчисини сеҳрлаб қўяди. Шоира
Зебуннисонинг руҳи шод бўлсин!


II
Зебуннисо ғазалининг мазмуни билан танишиб олдик. Мумтоз адабиётда,
жумладан, ғазалчиликда маъно билан бир қаторда шакл ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳеч қачон қайсидир бирини олий, бошқасини кейинги даражада турадиган омил
сифатида олиб қараб бўлмайди. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам санъат асари деганда
нукта (нозик ва чуқур маъноли сўз, ҳикмат)ни мукаммал шакл (оҳанг, кўриниш)
да берилишини тушунганлар ва “Ғаройиб ус-сиғар”нинг дебочасида бу борада
алоҳида таъкидлари бор. Бинобарин, Зебуннисонинг “Инжост” радифли ғазали
мавжуд таржималарида вазн компоненти қандай кўзга ташланмоқда, деган ҳақли
саволни ўртага ташлай оламиз. Аслий оҳанг сақланганми ёхуд арузнинг бошқа
баҳрига, бошқа вазнига ўтказилган? Равон ўгирилганми ё сакталиклар мавжуд?
Демак, мазкур ғазалнинг Мунирхон Муинзода, Маҳмуд Йўлдошев, Зуҳриддин
Исомиддинов томонларидан амалга оширилган таржима вариантларини аввал
шакл, кейин мазмун жиҳатидан аслият билан, қолаверса, ўзаро ҳам чоғиштириб
ўтишга ҳаракат қиламиз.
Зебуннисонинг “Инжост” радифли ғазали мужтасс баҳрининг мужтасси
мусаммани махбуни мақтуъи1 мусаббағ ва унинг вариациялари (ўрнини боса
оладиган аналоглари)да битилган.
1 Бу рукн А.Жомий, А.Навоий томонидан “мақтуъ” деб аталган, З.М.Бобур эса айни рукнни “аб
тар” деб атайди. Гарчанд Бобурнинг далили дақиқроқ бўлса ҳам, бугунги кун арузшунослари орасида
“мақтуъ” кенгроқ истеъмолда бўлганлиги учун биз ҳам шу атамани қўлламоқдамиз – А.С.
Ғазал 14 мисрадан иборат бўлса, шундан 10 мисраси (1-, 2-, 3-, 4-, 6-, 7-, 8-, 10-,
12-, 14-мисралари) мужтасси мусаммани махбуни мақтуъи мусаббағ (афоъийли:
мафоъилун фаъилотун мафоъилун фаълон; парадигмаси: v – v – / v v – – / v – v – / – ~ 2) вазнида ёзилган. Масалан:– v
– / v
Би-ё, ки зул- / фи ка-ҷу чаш- / ми сур-ма-со / ин-ҷост,
v
v –
– / v
– v
– / – ~
Мафоъилун фаъилотун мафоъилун фаълон
Шунингдек, 3 мисра (5-, 9-, 13-мисралар) мужтасси мусаммани махбуни
маҳзуф (афоъийли: мафоъилун фаъилотун мафоъилун фаъилун; парадигмаси: v – v – / v v – – / v – v – / v v –) вазнида:– v
А-гар би-ҳиш- / т ди-ҳан-дат, / фи-ре-би кас / на-ху-рӣ
v
– / v v –
– / v
– v
– / v
v
Мафоъилун фаъилотун мафоъилун фаъилун
Ва фақат 1 мисра (11-мисра) мужтасси мусаммани махбуни мақтуъ (афоъийли:
мафоъилун фаъилотун мафоъилун фаълун; парадигма: v – v – / v v – – / v – v – / – –)
вазнида ёзилган:
Ки-то-б-хо- / на-и о-лам / ва-рақ-ва-рақ / ҷус-там
v
– v – / v v – – / v
– v
– / –
Мафоъилун фаъилотун мафоъилун фаълун
Маълумки, айрим мумтоз жанрларни аниқлашда вазн бирламчи ва ҳал қилувчи
аҳамиятга эга. Масалан, рубоий, туюқ, мустазодларда шундай. Демак, бу шеър
турларини таржима қилганда, таржимон жанрни сақлаб қолмоқчи бўлса, уларни
тегишлича махсус вазнларида ўгиришга мажбур. Лекин қитъа, фард, маснавий
каби кўпгина жанрлар, жумладан, ғазал ҳам арузнинг барча баҳрларидаги бир
қатор вазнларда, ранг-баранг оҳангларда ёзиладики, бунда баҳр ва вазннинг аслият
билан айнан бир хил бўлиш масаласи темир қоида тусини олмайди. (Баҳр ва вазн
сақланса, нур устига нур, албатта!) Биз ўзаро солиштиришни мақсад қилганимиз
уч таржима ғазалнинг Мунира Муинзода, Маҳмуд Йўлдошев тақдим қилган
вариантида бошқа баҳр кўзга ташланса, Зуҳриддин Исомиддиновда аслий оҳангни
сақлашга интилиш бор. Энди таржималарнинг шакл ва мазмун хусусиятларига
алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Мунирхон Муинзода ғазални мужтасс баҳрининг юқорида номи келтирилган
вазнидан рамалнинг мусаммани маҳзуф (бир мисра мақсур)ига ўтказиб таржима
қилган:

Зул-фи ҳал-қа- / ҳал-қа-у кў- / зи қа-ро бу / ер-да-дир,
– v
– / – v – – / – v –
– / – v
Фоъилотун фоъилотун фоъилотун фоъилун

Бо-қи-ши шаф- / қат-ли-ю, но- /зик а-до бу / ер-да-дир.
– v
– / – v –
– / – v – – / – v
Фоъилотун фоъилотун фоъилотун фоъилун
2 Эслатма: “v” – қисқа ҳижо, “ –” – чўзиқ ҳижо, “~” – ўта чўзиқ ҳижо.
Бир ўринда истиҳлоф3 ҳодисаси мавжудлиги (“Бир қадам майхонадан жилмаки,
жо бу ердадир”) айтилмаса, таржима жуда равон чиққан.
Мазмун нуқтаи назаридан олиб қараганда, Муинзода деярли аслиятни сақлай
олган. Радифнинг “бу ердадир” тарзида берилиши ҳам аслиятга кўп жиҳатлама
мувофиқ. “Нигоҳи гарм”нинг “боқиши шафқатли” тарзида берилиши маъно
сферасини бир қадар торайтирган бўлса-да, аслиятдаги мазмун қатламларининг
бир қисми сифатида қабул қилинади (бу ҳолат кам учрагани учун ҳам узрли!).
“…халқ беҳуда жон мекананд” бирикмаси “Беҳуда йўллар кезар бу халқ” тарзида
берилганда “қийналиш” тагмазмуни бироз чекинган бўлса ҳам, Зебуннисо мисрада
йўл азоби ва унинг беҳуда чекилаётганини назарда тутгани боис мутаржим варианти
ўқувчида қаршилик уйғотмайди. Бироқ мақтаъда ўзгариш бироз жиддий тус олган:
Истасанг ҳуснинг закотини берарга мустаҳиқ,
Келки, бу Зебуннисо янглиғ гадо бу ердадир.
Аслият мақтаъсидаги биринчи мисрада шарт мазмуни етакчироқ ва “барои Худо”
(Худо ҳақи, Худо йўлига) бирлиги бор. Бунда эса “истасанг” сўзи шарт мазмунини
юмшатган бўлса, “мустаҳиқ” (лойиқ, сазовор) сўзи “Худо ҳақи” бирлигидаги
шукуҳни, лирик қаҳрамоннинг ўтинч оҳангини тўла бера олмаган. Шу билан бирга,
байтнинг иккинчи мисрасида “Зебуннисога ўхшаш гадо (лирик қаҳрамон ўзини
Зебуннисога ўхшатмоқда – А.С.) бу ердадир” дейилмоқда. Аслиятда эса, аксинча,
“Зебуннисо ҳам менга ўхшаган (Зебуннисо гадолик борасида лирик қаҳрамонга
ўхшатилмоқда! – А.С.) гадо бу ерда” дейилган. “Зебуннисо” сўз шаклининг
луғавий маъноси билан боғлиқ ийҳом ҳам ўз-ўзидан йўққа чиқмоқда. Устига, бир
мисранинг ўзида “бу”нинг икки марта қўлланиши ва ушбу такрорийлик маълум
мақсад (юк) ташимагани тавтологик кайфиятни юзага келтирмоқда.
Шунга қарамай, Муинзода томонидан амалга оширилган таржимани ҳеч қандай
иккиланишсиз муваффақиятли чиққан деб айта оламиз.
Иккинчи таржима Маҳмуд Йўлдошев томонидан амалга оширилган ва радиф
сифатида Муинзоданинг варианти – “бу ердадир” олинган. Ўгирма оҳанги бузилган,
арузнинг бирор вазнига тушмайди. Буни таржиманинг матлаъи мисолидаёқ
кўришимиз мумкин:

Кел-ги-л+ул жин- / га-лак соч, сур- / ма-ли кўз бу / ер-да-дир,
– v
– / v – –
– / v – –
– / – v
Фоъилотун мафоъийлун мафоъийлун фоъилун

Куй-ди-рар ни- / го-ҳу а-до / қи-лар сўз бу / ер-да-дир.
– v
v / – v v – / v – –
– / – v
Фоъилоту муфтаъилун мафоъийлун фоъилун
Кўриб турганимиздек, маълум бир рукнларнинг аруз тизимида мавжуд бўлмаган
комбинацияси юзага келган. Бу эса ғазални ўқишда жиддий тўсиқларни вужудга
3Истиҳлоф – аруз атамаларидан бўлиб, жонли тилда қисқа талаффуз қилинувчи баъзи унлиларни
шеърни ўқиш чоғида чўзиқ унли сифатида талаффуз қилишни ифодалайди. (Қаранг: А.Ҳожиаҳмедов.
Ўзбек арузи луғати. – Т.: “Шарқ”, 1998. – 57-б.)
келтиради, тишга тегадиган бетартиб товушлар тизмаси сифатида ўқувчи табъини
хира қилади. Вазн ва оҳанг масаласида қолган байтларнинг аҳволи ҳам шу: аруз
десангиз, аруз эмас, бармоқ десангиз, бармоққа ҳам тортмайди.
Қофияланиш масаласи ҳам жуда оғир: биринчи байт ўзаро қофияланган (кўз
сўз), қолган байтларнинг жуфт мисралари аслиятга мос “алиф” (“о”) равийга эга
қофия тизими (Карбало-жойо… ва ҳоказо) билан давом этган. Бундай бўлиши
мумкин эмас.
Мазмун нуқтаи назаридан боқсак, аслият матлаъидаги “зулфи каҷ” (эгма,
ҳалқа зулф) “жингалак” деб берилган. Бундай олиб қараганда, мазмунан нотўғри
эмас. Лекин “жингалак” сўзидаги чапаниликка мойил маъно оттенкаси байт
мазмунидаги жиддиятга салбий таъсир кўрсатиб, юмор кайфиятини ҳосил
қилмоқда. Бунга қарама-қарши, иккинчи мисрадаги кескинлик аслиятдаги нейтрал
жиддиятдан анча ўтиб кетган ва образли қилиб айтсак, биринчи мисрада баҳорий
кўтаринкилик, иккинчи мисрадаёқ қаҳратон қаҳри ҳукм суряпти. Биринчи мисрада
“жингалак”нинг залворлироқ вариантлари (эгма, ҳалқа, занжир, дол ва ҳоказо)дан
бири қўллангани мақсадга мувофиқ эди. Иккинчи мисрадаги “куйдирар нигоҳ”
аслиятдаги “нигоҳи гарм”даги юмшоқлик, ёқимлилик, жозибани йўққа чиқарган.
Байтнинг ёхуд ғазалнинг умумий кайфиятидан келиб чиқсак, “нигоҳи гарм”дан
мурод иссиқ ёки илиқ нигоҳ эканлиги англашилади. Йўқса, шоира “нигоҳи сўзон”
иборасини бир шаклда байтга киритган бўлар эди. Бундан ташқари, “адоҳои
дилрабо”ни таржимон “адо қилар сўз” тарзида берган. Биринчидан, аслиятнинг бу
ўрнида “сўз” ҳақида бирор сўз йўқ. “Дилрабо” – кўнгилтортар, дилкаш; “адо” эса
ноз, ишва, карашма маъносидаги лексема. Байт ўгирмаси жуда омадсиз чиққан,
ғазалдаги нафосат қўпол тарзда бузилган.
Мазкур таржиманинг кейинги байтларида ҳам “Шаҳид ўлмоқ ўлсанг…” сингари
тўмтоқ ифода, “Майхонадек бир қадам жилмас жойо бу ердадир”, “Дийдамга
хатинг даво деб ул дово бу ердадир” каби “ихтиро сўз”лар билан “бойитилган” ва
айни пайтда, тузук маъно ҳам чиқмайдиган бир қатор мисраларга ҳам дуч келиш
мумкинки, булар ҳақида батафсил тўхталишга ҳожат йўқ. Таржима шаклан ҳам
мазмунан қониқарсиз даражада.
Учинчи таржима муаллифи – Зуҳриддин Исомиддинов. Ушбу таржимада,
юқорида айтиб ўтганимиздек, аслият оҳангини беришга интилиш бор ва бу,
айниқса, ғазалнинг биринчи мисрасида кўзга ташланади:– v
Бу ён ке(л), со / чи су-ман, қо- /ши сур-ма-со / муш-тоқ
v
– / v
v –
– / v
– v
– / – ~
Мафоъилун фаъилотун мафоъилун фаълон
Кўриб турганимиздек, “кел” сўзининг чўзиқ ҳижо эканлигини айтмаса,
аслиятдаги вазнга тушган мисра. “Кел”ни сўзлашув нутқига хос “ке” деб айтса,
оҳанг равон кетади. Лекин бу чора эмас. Таржимон адабий тилдаги қонуният (ё
Зебуннисо замонидаги туркий тил меъёри) асосида вазнга тўла амал қилсагина,
хизмат тўғри ўталган ҳисобланади.
Зуҳриддин Исомиддинов вазнга мувофиқроқ бўлсин учун радифни “муштоқ”
деб беради. Чиндан, бу сўз “инжост” билан бир хил вазнда: биринчи ҳижо чўзиқ,
иккинчиси ўта чўзиқ. Ғазалнинг мазмунида ҳам у ёки бу даражада муштоқлик
шабадаси бор. Лекин шу “шабада”ни биринчи планга олиб чиқиш қанчалик ўзини
оқлайди? Тагмазмунда ётган муштоқлик семаси таржимада ҳам ўша мақомда
сезилиб турса, ғазалдаги ҳарир парда остидан ғира-шира илғанаётган нафосат
ўқувчини кўпроқ ўзига тортади, мафтун қилади. “Муштоқ” сўзининг бу ғазалда
радиф даражасига олиб чиқилиши Зебуннисонинг шарқ аёлларига хос назокати,
зарофати, коса тагида нимкоса тарзида билдирмоқчи бўлган соғинчли чорловини
йўққа чиқарган, деб айтишга асос бор. Бундан ташқари, 6-байтда “муддао
муштоқ” ифодаси берилиши нафақат аслиятга номувофиқ, мантиқан ҳам ғалатдир.
Аслиятда “муддаойим шу ерда экан, муддаойимни топдим” қабилидаги севинч бор.
Таржимадаги ушбу байтда шоиранинг муддаоси йўққа чиққан.
Вазн тақозоси билан радиф шундай олингани билан, биринчи мисрадан ташқари,
ғазалнинг умумий вазни аслиятга яқинлашмаган ҳам. Масалан, матлаънинг
иккинчи мисраси:
Ни-го-ҳи о- / та-шу ўт, а- / до-си дил-ра- / бо муш-тоқ.
v – v – / v v – v / – v – v / – – ~
Мафоъилун фаъилоту фоъилоту мафъувлон
Умуман, таржима ғазал вазнининг жорий ҳолати шундай:– 1-мисра деярли вазнга тушган (“кел”сўзи билан боғлиқ сакталик бор);– 3-, 5-, 7-, 10-, 11-, 12-, 13-мисраларнинг биринчи рукни вазнга мувофиқ, яъни
“мафоъилун”га тўғри келади, қолган рукнлари бу баҳрга бегона;– 9-мисра ҳазажи мусаммани солим вазнида: “Назар солсам ани боштин-аёқ ҳар
узвига, ё Раб” (мафоъийлун мафоъийлун мафоъийлун мафоъийлун);– 13-мисра ҳазажи мусаммани мусаббағ вазнида: “Бу ён келгил, гадо янглиғ
сенга Зебуннисо муштоқ” (мафоъийлун мафоъийлун мафоъийлун мафоъийлон);– 5-, 10-, 13-мисраларни ҳам истиҳлоф ҳодисаси асосида ҳазажнинг мусаммани
солимига солиб ўқиш мумкин;– қолган рукн ва мисралар бирор вазнга тўғри келмайди.
Энди мазмун жиҳатидан аслият ва таржимани солиштириб кўрсак. Ўгирманинг
биринчи мисраси ўзининг аллитерацион ўзгачалиги билан диққатни тортса ҳам,
мазмунан аслиятга бироз номувофиқлик бор. Чунончи, “зулфи каҷ” “сочи суман”
тарзида берилган. “Суман” сўзи “Навоий асарлари луғати”да ҳам, бошқа луғатларда
ҳам тақрибан шундай изоҳланади: “САМАН
ф. Ёсмин сўзининг қисқаргани;
оқ, сариғ рангли хуш ис гул (ҳозирги қўлланиши: Суман)4. Шундан келиб чиқсак,
мутаржим аслиятдаги зулфнинг шаклий сифати – ҳалқалиги ва ошиқ қалбини
боғлаб олувчи хусусиятини жозибанинг бошқа турига: сочнинг хушбўйлиги ва бу
орқали кўнгилни ром этишига ўтказган. Ифода чиройли, жаззоб. Фақат аслиятдан
бир қадар узоқ. Иккинчи мисрада эса “гарм”ни “оташу ўт” тарзида ўгирганки, бу
қаватланиб келган ҳароратли сўзлар Маҳмуд Йўлдошевнинг “куйдирар нигоҳ”
ифодаларига яқинлашиб қолгандай. Бизнингча, ё ўтнинг ўзи, ёки оташ қўлланса,
етарли эди. Лекин жуда эътироз билдиргулик эмас.
Ғазалнинг 3-, 4-, 5-байтларида қофия сифатида қўлланган “жо” сўзини
таржимон 3-байтда “саҳбо”, 4-байтда “дилоро”, 5-байтда эса “марҳабо” тарзида
оригиналлаштиради. Албатта, бу амал ёмон эмас, лекин аслиятдаги “жо” кўп маъноли
сўз эканлигини, ҳар байтда бошқа маъно товланиши билан қўлланилганини айтиб
4 Навоий асарлари луғати. Тузувчилар: П.Шамсиев ва С.Иброҳимов. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти, 1973. – 543-б.
ўтгандик, шу билан бирга, байтлардаги “жо” ифодалаган мазмун З.Исомиддинов
томонидан конкретлаштирилар экан, ўз-ўзидан маъно торайиши ҳодисаси содир
бўлган. Масалан, 4-байтнинг иккинчи мисрасидаги халқнинг Ҳаж сафарини қасд
қилиб, беҳуда азоб-уқубатларга гирифтор бўлаётгани (дил овлашнинг мавриду
маҳали эканлигига, шоиранинг чорловига асос! – А.С.) таржимада тушиб қолиб,
шоира хитоби “Халойиқдай сафар кетма” тарзида берилган. Натижада даъватга
асос бўлувчи – адресатнинг азоб-уқубат чекмаслигига нисбатан истак элементи
йўққа чиққан.
Таржимадаги кейинги байтда лирик қаҳрамон ёрининг ҳар узвига (!) назар
ташлар экан, ёри карашма билан жодулаб “Марҳабо, муштоқ” дейди ва лирик
қаҳрамоннинг “Ё Раб!” деб ҳайратланишига боис бўлади. “Узв”, “марҳабо”,
“муштоқ” сўзлари бирлашиб, жуда интим кайфиятни юзага келтиради:
Назар солсам ани боштинаёқ ҳар узвига, ё Раб,
Карашма бирла жоду айлабон дер: “Марҳабо, муштоқ”.
Аслиятда эса тамоман бошқа руҳият, бўлак картина чизилган: “Унга бошдан-оёқ
назар ташлайдиган бўлсам, карашма дил этагидан тортиб: асос шу ердадир, – дейди”.
Байтдаги ташхис санъати ҳам таржима маҳали орадан кўтарилган. Бу ўзгаришларга
ўша такрордай туюлган “жо”ларнинг ўрнига бошқа сўз ишлатишга интилиш сабаб
бўлган эса, ажаб эмас.
Мақтаъда лирик қаҳрамон ҳазф бўлганлигини айтмаса, учта таржимадан аслиятга
нисбатан яқинроқ тугалланма айнан Зуҳриддин Исомиддинов тақдимларида кўзга
ташланади:
Худони(нг) йўлида, ҳуснунг закотин гар берар бўлсанг,
Бу ён келгил, гадо янглиғ сенга Зебуннисо муштоқ.
Аслиятда Севикли агар келиб, Худо йўлида ҳусни закотини берар бўлса, худди
лирик қаҳрамонга ўхшаб Зебуннисо ҳам бу ерда (шоира чорлаётган жойда) бир
гадо эканлиги айтилган бўлса, таржимада фақат Зебуннисонинг ёрига гадодай
муштоқлиги айтиляпти.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги учта таржимадан шаклан, мазмунан
аслиятга энг яқини Мунирахон Муинзода таржимасидир. Сўнгра Зуҳриддин
Исомиддинов томонидан амалга оширилган таржима ҳам мазмунан аслиятга
нисбатан яқин (радифни инобатга олмаганда!). Маҳмуд Йўлдошев таржима
сифатида тақдим қилган ғазал на мазмун жиҳатидан, на вазн нуқтаи назаридан
талабга жавоб бера олади.
Эркин Воҳидов таъбирлари билан айтганда, аслият қуёш бўлса, таржима ойдир.
Ойдан қуёшчалик мунавварлик, ҳарорат кутиш тўғри бўлмаганидек, таржимадан
ҳам аслиятдаги бор балоғату фасоҳатни талаб қилиб бўлмайди. Шундай бўлса
ҳам, таржималар, ҳеч қурса, тўлин ой даражасида нур таратишига барча таржимон
интилиши мақсадга мувофиқдир.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil