
Лола ЖЎРАЕВА – 1987 йилда туғилган. Қарши педагогика коллежини томомлаган.
“Бир йўл бўлса…”, “Ишқ манзили” номли шеърий китоблари чоп этилган.
Онам алла айтяпди
Туннинг бағрини тилиб
нурли-нурли из келди,
Оппоқ-оппоқ либосда
фаришталар юз келди,
Гўё менга ғойибдан
илоҳий бир сўз келди,
Қирқ йил дудуқ тилимга
қироатим қайтяпти,
Бўлмаганни бўлдириб
Онам алла айтяпти.
Бу тун менга туш бериб,
бешигимга қайтарди,
Ўша эски ҳовлимга –
эшигимга қайтарди,
Онамдан эшитган илк
қўшиғимга қайтарди,
Соғиниблар кетганим –
ҳаловатим қайтяпти,
Соғинчимни тиндириб
Онам алла айтяпти.
Исириқнинг дудлари
урилар димоғимга,
Онамнинг кўзёшлари
қуйилар ёноғимга,
Бир ширин эртакларни
шивирлар қулоғимга,
О, бу қандай тун бўлди,
с аодатим қайтяпди
Армонларим ўлдириб
Онам алла айтяпти.
“Лолам, кўзлари жолам,
ўзимнинг эрка болам,
Ҳушёр бўл, қабоҳатга
тўлиб боряпти олам…”
Бор экан мени ўйлар
ақалли битта одам!..
Уйғотманг мени бу тун,
фароғатим ортяпти,
Чунки тушимга кириб
Онам алла айтяпти.
* * *
Уздилар, боғладим,
Ечдилар, тугдим,
Эгдилар, дол мисол қаддимни эгдим,
Отдилар, нишонга бехато тегдим,
Ҳам дўстдан, ҳам ёрдан айрилиб.
Янглиш танландимми ё янглиш севдим,
Тақдир нима берди, мен не сўровдим?
Чигал қисмат аро кулдек соврилдим,
Ҳам дўстдан, ҳам ёрдан айрилиб.
Ёрманми, ағёрми, жонми, жабрми?!
Зулм қўлин тутайми, ёки сабрни?
Қандай яшаб ўтгум қолган умрни
Ҳам дўстдан, ҳам ёрдан айрилиб?
Кулайми, йиғлайми, қолайми, кетай?!
Бу олчоқ дунёсин дўст-ёрсиз нетай?
Садоқат тўғринда нечук шеър битай,
Ҳам дўстдан, ҳам ёрдан айрилиб?
Руҳим қул, ситамлар хон бўлди бугун,
Танамда қолгани жон бўлди бугун,
Юрагим Лоладек қон бўлди бугун,
Ҳам дўстдан, ҳам ёрдан айрилиб.
Гулим
Ўзимга
Гулим, яшолмадик гулга муносиб,
Бизни кўрмадилар кунга муносиб,
Токай кўрилгаймиз тунга муносиб,
Куз келмай, тўкилиб кетамиз чоғи.
Гулим, кўкин киймай, туллик муборак,
Тўрт ёнинг қибла – оқ йўллик муборак,
Хонлик истагандик, қуллик муборак,
Қад кермай, букилиб ўтамиз чоғи.
Гулим, яшаб ўтдик юрак олдириб,
Бахтталаб кўнглимиз дардга тўлдириб,
Бизга ташналарни доғда қолдириб,
Сўнг ўзни кул қилиб ўтамиз чоғи.
Гулим, вафо кўрмай ўртандик аҳдга,
Қадамлар лойиқми шиддатга, шахдга,
Тангрим бизга атаб қўйган чин бахтга
Қоқилиб-қоқилиб етамиз чоғи.
Гулим, кўкин киймай, туллик муборак,
Эркинликда келган қуллик муборак,
Бизни бизларчалик суймас Муборак,
Ёрга етмай ерга етамиз чоғи…
Айтимлар
Олов эдик, ўт эдик,
ўтин бўлдик, ёрижон,
Ёна-ёна охири
тутун бўлдик ёрижон.
Синаб-синаб сабримни
синдирдингиз, ёрижон,
Умид бериб, пичоқсиз
ўлдирдингиз, ёрижон.
Сабил қолди гул ёшлик,
умр ортга дўнмайди,
Мен-ку, кўндим тақдирга,
кўнгил қурғур кўнмайди.
Бу дунёнинг ҳеч қачон
ками тўлмас, ёрижон,
Севгининг қийноғидан
ўлиб бўлмас, ёрижон.
Юзда ажин, сочда оқ,
ҳислар сўлар, ёрижон,
Энди ишқдан сўзласак,
уят бўлар, ёрижон.
Олов эдик, ўт эдик,
ўтин бўлдик, ёрижон,
Ёна-ёна охири
тутун бўлдик ёрижон.
Кошки сен кетсайдинг кўзимдан йироқ,
Жонимга озорлар берса ҳам фироқ.
Сезмасанг, жон қадар бўлиб яқинроқ
Нигоҳинг бўлсайдим…
Кошки сен кетсайдинг қочиб, ёв қувса,
Тутишса, “мағлуб” деб қамаб қўйишса.
Айбинг дор остига етаклаб борса
Гуноҳинг бўлсайдим…
Кўнглим
Кўнгил, кўнгил дедим, кўнмадинг кўнглим,
Айт нечун каминг ҳеч тўлмайди кўнглим?
Ўлганинг кетидан ўлиб бўлмайди,
Кўн энди, кўнмасанг бўлмайди кўнглим.
Ҳамма ўз ўрнида, сену мен дайди
Май ичсак, телба деб, соғлар ҳайдайди,
Алдайди, алдайди, улар алдайди,
Биз кўрган тушлар ўнг бўлмайди кўнглим.
Йиқилсак ер қаттиқ, учсак кўк йироқ,
Мол-дунё эрк эмас, мол-дунё тузоқ,
Не зотларни ютиб тўймаган тупроқ,
Сен ва мен кирсак ҳам тўймайди кўнглим.
Ёмонлар яшонғич ёлғон дунёда,
Иғвога, ғавғога тўлган дунёда,
Бобомдан, момомдан қолган дунёда
Яхши бўл, яхшилар ўлмайди кўнглим…
Сен кетдинг
Сен кетдинг, бирга юрган
йўллар мен билан қолди,
Пешонаси шўр босган
чўллар мен билан қолди.
Қисматига қул бўлиб,
ёрга етмай тул бўлиб,
Бир этак ғамга доя
диллар мен билан қолди.
Энди умрим йўлларда
сени излаб ўтароов,
Шўрпешона чўлларда
бўзлаб-бўзлаб ўтарооов.
Тўпиғимни қон қилди
тақдир таққан занжирлар,
Қисмат мени қулликдан
қачон озод этарооовв?!
Англолмадим, бахтни мен,
туш кўрдимми хуш кўрдим,
Бир лаҳза чалғигандим,
ўнгу сўлим бўш кўрдим.
Қир ошиб қирққа кириб,
бу доғули замонда
Дўстларни якка-ярим,
ағёрларни қўш кўрдим.
Сен кетдинг, сен-ла юрган
йўллар қолди, азизим,
Вужудини шўр босиб,
чўллар қолди, азизим.
Қай кун иқбол кулар деб,
Ҳаққа таваккал қилиб,
Умидга бой берилган
йиллар қолди, азизим!
* * *
Тўлиб кетдим,
Кўнгиллаша билармисиз,
Ёнингизга етиб борсам
йиқилмасдан?
Тинглайсизми гар тўкилсам таъналарсиз?
Бандамиз-да, чорамиз йўқ қоқилмасдан.
Мен дардларни сева-сева сархуш бўлдим,
Телба бўлдим бедилларни сева-сева.
Мен-ла бирга ичасизми ҳозирладим,
Бир кўза қон – юрагимни сиқа-сиқа?
Тош отдилар, териб сотдим, бойиб кетдим,
Хушомадлар ёғдирдилар, тойиб кетдим.
Ўлаксахўр қавм ҳали ўлмай туриб
Ея-ея тўймадилар, тўйиб кетдим!
Меъдам тўқдир, супра ёзманг эшик қоқсам,
Жигарим қон ва йиғига тўла ўпкам.
Йўлхалтамда егулигим жамлаб келдим,
Фақат бироз меҳр билан оқибат кам…
Керагича топилади “иғво”, “бўҳтон”,
Ва оғу бор – татиб кўрса, ўлар илон.
“Яра” ҳам бор, бўғзигача йиринг тўла,
Топсангиз бас бироз газак, бир жуфт финжон.
Тўлиб кетсам,
Кўнгиллаша билармисиз?
Ёнингизга етиб боргум йиқилмасдан.
Тинглайсизми, таъналарсиз гар тўкилсам,
Бандамиз-да, чорамиз йўқ йиқилмасдан.
Оғажон
Келар кунинг айта қол,
кутиб қолмай, Оғажон.
Келгунингча йўл қараб,
ўтиб қолмай, Оғажон.
Ортингдаги эрларда
шахд қолмади, Оғажон.
Шоқоллар кет босмаган
тахт қолмади, Оғажон.
Насия бўлди-ку, ҳислар,
нақд қолмади, Оғажон.
Сулувларнинг кўзида
бахт қолмади, Оғажон.
Келар кунинг айта қол,
кутиб толмай, Оғажон.
Йўл қараб, сабрим тугаб,
ўтиб қолмай, Оғажон.
Сабил диллар кўрмаган,
дард қолмади, Оғажон.
Юзимизга қўнмаган,
гард қолмади, Оғажон.
Кўнмоққа қўйилмаган,
шарт қолмади, Оғажон.
Барчинларга муносиб,
мард қолмади, Оғажон.
Келар кунинг айта қол,
Кутиб толмай, Оғажон.
Тақдиримга жимгина,
кўниб қолмай, Оғажон!