
Миродил ЖЎРАЕВ – 1993 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультети талабаси. Зомин семинари иштирокчиси. Ижодкорнинг
“Еттинчи ўлчам” номли тўплами нашр этилган.
Икки ҳикоя
У “Наҳотки ақлдан озаётган бўлсам”, деб ўйланганча, қоғоз ва қаламини олди,
агар шу онда миясига бостириб келаётган фикрларни ёзиб қўймаса, ақлдан озиб
қолиши ҳеч гап эмас эди.
Воқеа мана бундай бўлди: Бир куни анҳор бўйлаб бемақсад сайр қилиб юрарди
(шундай одати бор эди), анҳордан бир жувон челакда сув олаётганини кўрди.
Атрофга аланглаб борлиқнинг олис ерларига кўзини олиб қочишга уринган рассом
барибир буни эплолмади, зум ўтмай анҳор бўйига қарасаки, жувон йўқ. У киприк
қоққунча ғойиб бўлганди.
Ҳайрон бўлди рассом, бу яқин атрофда бирор уй йўқ, агар бўлган тақдирда ҳам
бу қадар тез ғойиб бўлиши ақлга тўғри келмасди. Карахт бўлди рассом, у ерда ҳеч
қандай жувон йўқ эди. Шунчаки, анҳор қирғоғидаги ўт ва бурганларга жувоннинг
анҳордан сув олаётганга ўхшаш шакли кириб қолганди. У хаёлининг осмондаги ҳар
хил (ҳаттоки одам қиёфасини эслатувчи) шакл-шамойилга эврилиб сузиб юрадиган
оқ булутлар сингари сочилиб кетишини истамасди. Шу онда Винсент Вангогнинг
“Картошка экаётган деҳқон аёл” сурати унинг миясига яшиндек урилди. Суратда
картошка экаётган деҳқон аёл шом пайти тасвирлангани учун худди қояга ўхшаб
қолган. Винсент буни англаб чизганми ё англамайми, буни тахмин қилиш мумкин,
холос, ҳақиқий ижод беихтиёр рўй бериши ҳисобга олинса Сурат, ўзи ҳақида ўзи
сўзлайди.
Шунга ўхшаш воқеа ўсмирлик чоғида бўлган. Бир куни кўчадан кеч қайтди: шом
бўлиб қолган, борлиқ аросатда завол пайти эди. Уйга кириб, ҳовли этакроғидаги
ўчоқда онаси қозонга ўтни баланд ёқиб, овқат қилаётганини аниқ кўрди.– Она мен келдим, – деди-да, хонага кириб каравотга чўзилди. Зум ўтмай, онаси
кирди хонага.– Овқат пишдими, она, итдек очман?!
– Ҳа болам, ҳали пешинда овқат қилганман, шу бор, солиб берайми? – Ҳозир қозон бошида ўт ёқиб тургандингиз-ку, овқат қиляпсиз, деб ўйлабман.
– Ҳозир қўшнимизникидан чиқяпман.– Мен сизни ўчоқ бошида кўрдим-ку, қўлингизда капгир ҳам бор эди.
Рассом ишонмади, онаси иккиси ўчоқ бошига боришди. Ўчоқда на қозон, на
чўғ бор эди. Бу ё хаёлот, реаллик ва нореаллик уйғунлашуви, ё галлюцинация.
Кўзларидан парда бир лаҳзага кўтарилди. “Наҳотки, уйга онамнинг руҳи сингиб
қолган бўлса, қайси руҳ онам қиёфасига кириб, мен билан ўйин қилди”, деди ўзига
ўзи.
Уй, уй, уй… (миясида айланаверди бу сўз.)
Дарвоқе! Князь Мишкин дўсти Рогожиннинг уйини биринчи марта адашмай
бехато топиб келганини ва унинг уйи ўзига ўхшашини таъкидлайди. Рогожин
Мишкинни тушунадиган даражада телба эмас эди, бироқ уни қисман тушунарди.
Мишкин уйда сон-саноқсиз Рогожиннинг нигоҳларини кўрди, уй Рогожиннинг
суратидек эди. Мишкин носоғлом, бунинг сабаби, унинг кўзида борлиқ бепарда
жилваланарди. Бу унинг шу ҳолига табиий эди. Соғлом инсон табиатнинг олий
намунаси, реал воқеликни иккиланишларсиз, жўн, оддий қабул қилади. Касал
инсон у дунёга яқинлиги сабабли кўзига ҳар хил шакл ва ёки руҳлар кўриниши ҳам
табиий. “Мен ҳам Князь Мишкин сингари касал бўляпман ёки туғма касалман”,
деб ўйга толди рассом.
Айни ибодат вақтида илҳом руҳига тўзондай бостириб кирарди, ибодат тугагач
эса, сув сепгандек жимжит бўлиб қоларди. Бу, балки, шайтондандир, инсон ундан
ўла-ўлгунча қутула олмайди. Худонинг нигоҳидан эса ўлиб ҳам қутулмайсан,
яхшиям ахир, ундан айро тушган йўлларнинг охири жаҳаннам. Мусаввир шуларни
ўйлаганча, кейинги воқеа туртки бўлган ўй-хаёлларини ёзишга киришди. У
анҳордан сув олаётган жувондан кўзини олис уфқ томон олиб қочганда, осмон
кенгликларида бир гала қушлар гўё қафасга тушган бир бутун жисмдек, денгиз
тубидаги бир тўда балиқлар сингари ўзларини ҳар ёнга уришарди. Кейинроқ у
бошқа нарсани илғаб қолди. Қушлар бир лаҳзагина, улкан қушнинг шаклини ясаб
беришди.
Мусаввирнинг назарида бу улкан миллионлаб қушлардан ташкил топган қуш
шаклини жуда қисқа лаҳзаларда англаб қолганидан, бунга Худонинг ўзи йўл
бериб, ўзи учун янги бир сирдан огоҳ этганидан хурсанд эди. Ҳар хил шакл
шамойил, воқеликни ифода этаётган раққоса қушлар анча йиллар илгари бир
китобда ўқигани – Бетховен эшитиш қобилиятини йўқотганини қандай англаб
қолгани ҳақидаги воқеани эслатиб юборди. Кейинчалик у ўз хаёлларида воқеликни
илоҳийлаштириб ташлади. Балки, ростдан ҳам шундай бўлгандир, акс ҳолда, бу
янгиланган воқеанинг ривожи унинг хаёлларига қандай келиб қолди? Воқеа унинг
хаёлларида шундай тус олди: Чексизлик ҳамма нарсада мавжуд, эканлигини англаб
етган кунингдан бошлаб ҳаммаси ўзгариб кетади, табиатни табиий қонуниятларидан
ташқарида рўй берган жараён илоҳийликка, дахлдор. Бу ҳол Бетховен кўчада
кетаётиб черков қўнғироғи овозидан чўчиб, осмонга сочилиб кетаётган қушлар
қанотини силкитаётган оний лаҳзаларда ва шу оннинг ўзида эшитиш қобилиятини
йўқотганини англагану, лек бунга парвойи фалак, туганмас хазина топиб олгандек,
моҳиятнинг чуқур хилқатларига қулаб тушаётган девона ошиқнинг ҳолига ўхшаш,
ҳар бир ҳаракати коинотнинг олис пучмоқлари – галактикалар, миллионлаб
сайёраларнинг-да ҳаракатига таъсир кўрсатаётганини сезиб қолган, гаранг Бетховен.
Муссавирнинг тасаввурида черков атрофидаги осмонга қўл чўзиб турган ям-яшил
дарахтлар Лорканинг табиат куйланган шеърлари моҳияти сингари ҳар бири сирли
шахс эди. Шакл мавжуд экан, демак, шахс ҳам мавжуд, деган назариянинг нисбий
хулосаси: онг ҳар қандай тушунарсиз шакллардан ҳам ўзи учун таниш мазмун
моҳият касб этган шаклни ясашга беихтиёр уриниши борлиқнинг инсонга тақлид
қилгани сингари акс таъсир ҳол, деб хаёл қилди Мусаввир.
Улкан қушнинг шаклини ясаган қушлар Жексон Поллокнинг суратларини
эслатиб юборди бир қарашда. Бу суратларни сурат ҳам деб бўлмасди. Табиатдаги
ҳар хил рангларнинг бетартиб жойлашувидан иборат эди. Бироқ бу бетартибликда
тартиб борлиги аниқлик ва ноаниқлик, эркинлик ва тутқунлик, қонунятларидан
ташқарига чиқиб кетолмаслигини ҳар қандай илм, Яратган томонидан инсоният
ботинига экилганини англатарди. Табиатнинг ҳар қандай ҳаракатида (гарчи у
бетартиб кўринса-да) аниқ шакллар ва математика мавжуд.
Жексон Поллок буни мусиқа тинглай туриб, унинг таъсирида бўёқлар қўлидаги
чўткадан отилиб қоғозга аниқ тартибда жой олганини илғаб қолди. Бунга мусиқа
таъсир ўтказаётгандир, ахир мусиқада ҳам аниқ математик тартиб мавжуд-ку. Бу
суратда катта шакллар кичик шакллар ҳақида, кичиклари эса катталари ҳақида
сўзларди. Сурат қанча яқиндан, йирик ўлчамдан кўрилмасин, биринчи кўрилган
манзарага қайта ва қайта дуч келинаверади, сурат ичига кириб борилгани
сари биринчи кўрилган манзара кичикроқ ўлчамга кўчади. Бу кўча айланиб
турган жойига қайтиб келиб қолганга ўхшайди. Жараённинг фалсафий таҳлили
Арастунинг руҳнинг доирасимон ҳаракатланиш назариясини эслатиб юборди. Руҳ
ҳаракатланар экан, бир доира бўйлаб кўп тармоқларда ҳаракатланади, вақт ўтиши
билан худди шу доирани қайта-қайта босиб ўтиб, зинама-зина кўтарилиб боради.
Айни пайтда Мусаввирнинг ўзи ҳам шу доира бўйлаб ҳаракатланаётганини
англаб улгурмасидан чуқур уйқуга кетди. Унинг тушларида жонланган манзаранинг
жуда ҳам таниш ва бу ерларда қачонлардир яшаб ўтгандек туюлишининг боиси
болалиги ўтган кўчаларнинг гўёки кўзгудаги акси эканлигини билмасдан тушлар
ичра ҳайрон кезиб юрарди.
КЕЛГИНДИ
Бетартиб столнинг устидаги китобга кўзим тушгач, “Бу ерда ҳамма нарса
бўлиши мумкин”, дедим. Дўстим: “Ҳа Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин”, дея
такрорлаганида икки хил маъно бор эди.
Биринчиси, икки йилдан бери қўлдан қўймай ўқиётган китобнинг номи.
Иккинчиси, бу жой унинг ижодхонаси бўлиб, ҳар куни (ўзининг айтишича
одамлар ухлаб, руҳлар – арвоҳлар уйғонганида) кенг оммага тушунарсиз, даҳшатга
мойил қораламалар ёзарди. Сўз тирик мавжудот! Шундай экан, бу ерда ҳамма нарса
бўлиши мумкин.
Унда кунда шу ҳол, энди кўнгил ёзиб суҳбатлашмоқчи бўлсанг, ёзмоқчиман, дея
ижодхонасига чиқиб кетади. Бу мени тинч қўй дегани бўлади. Шоир фақат қоғозга
кўнгил ёзади!
Унга қараб гоҳ раҳмим келса, гоҳида ҳавасим келади.
Балки у ҳам менга бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаваси, ҳам раҳми келар.
Ачинганим – бу дунёда ҳамма нарса абсурд, айниқса, ижод ҳозирги замон ва
макон оқимида.
Ҳавасим келгани – Коинот ҳақиқатини озми-кўпми, англаган деб ишониб
келганман.
Дераза панжарасидан самога қўл чўзиб турган яланғоч дарахтларга маъносиз
термилиб, ўриндиққа суяниб ўтираркан, сигарет тутуни ижара уй деразасининг
панжарасидан сузиб чиқиб, борлиқ ичра йўқ бўлиб кетади.
Бу ижара уйга кўчиб келганидан буён кўника олмаётганди чоғи, дунёга
келганидан бери кўника олмаётган бўлса ҳам, ҳайрон бўлмайман.
Аслида дунё ҳам ижара уйдай гап, фақат унинг ижара ҳақини ҳар ким ўзича адо
қилади, ҳақини тўлай олмаганларни эрта кунда қувиб солади негаки, у чинакамига
яхши одамларни ёқтирмайди, чунки дунё, катта холангни уйи эмас, у барибир
яхшиларни сиғдирмайди.
Шуниси ҳам яхшидир, кўчада ҳаёт қизиқарлироқ, дунёдан ташқарида ўзингни
мутлақ эркин ҳис қиласан.
Шоир дўстим шу алфозда тонг ортиради, сигаретнинг чўғи юрагига туташиб
кетмагунча қуёш мўраламай туради.
Сигарет чекиш билан шеър ёзишнинг унча катта фарқи бўлмаса керак, иккисиям
жонга атайлаб қасд қилишдай жўн ва мураккаб.
Шаҳар кўчаларида манзилини излаб тополмай, адашиб юрган одамлар ундан
манзил сўрашга қўрқиб, мендан йўл сўрашади. Мен беихтиёр шоир дўстимга
қарайман, шаҳарда янгиман, яқинда келганман, ҳали-вери бу ерлик эмасман.
Биламан, унинг ажнабийлардек соч-соқоли одамларни ҳуркитиб юборади.
Уларнинг наздида дўстим бу ерлик эмасдек, балки ростдан ҳам шундайдир.
Моҳиятан олганда ҳеч ким бу ерлик эмас. Ҳамма ўзга сайёрадан шаҳарга ҳали
ўзлари ҳам нима эканлигини англаб улгурмаган бахтни излаб келишган. Топа
олмаганлари бошқа сайёраларга кетишади.
Қолаверса, ҳали ҳаётда ўттизга кириб ҳам йўлимни топганим йўқ, сабабият ва
қонуниятларни ҳисобга олсак, ўз йўлини топмаган иккиланишлар аро саргардон
одамдан манзил сўраш икки ҳисса адашишга олиб келади.
“Шу йўлнинг охирида кўча борми?” дея сўрайди бир “Спарк” минган жувон.
Билганим ҳамма йўлининг охирида кўча бор.
Агар у шайтоннинг йўли бўлмаса, албатта, дейман ичимда.
Дўстим бажону дил манзилини кўрсатиб юборади.
Дарвоқе, биз шайтон ҳақида кўп ва хўп суҳбатлашиб, мушоҳада юритганмиз.
У охирги марта бир китоб ўқиганидан кейин, шайтон бизнинг бир бўлагимиз,
яъни ўзимиз деган хулосага келганди.
Мен, моддий олам инсу жинсдан иборат, борлиқ бор экан шайтон ҳам мавжуд,
дунё шунинг учун лаънатланган, дейман.
Яна шамол тўзон кўтарилган пайтлари ухлаганимда нуқул алоқ-жалоқ тушлар
кўриб чиқаман. Эндигина сайрга чиққан руҳим бемакон арвоҳларга, беҳаловат
жинларга рўбарў бўларди чоғи. Хаваскор руҳшунос сифатида, мустақил
изланишларим натижасида, ўзимча айрим хулосаларга келгандим.
Яратган Сулаймон пайғамбарга шамолларни, оловдан яралган совуқ жинларни
хизматкор қилиб берганини эсладим, шамоллар ва жинлар моҳиятан бир савдойи,
дайди руҳ дейман. Диний мавзуда суҳбат кетганида, дўстим доим Исо Пайғамбар
ҳақида гап бошлайди. Негадир ўзи ҳам беихтиёр Исо Пайғамбар сингари дунёдан
юз ўгирган, мол-дунё йиғишга иштиёқи йўқ, буларнинг бари сув тубига чуқур
шўнғиб боргани сари, денгиз қирғоғидаги шамолларга дўнмоқ учун шай турган
кўпиклар сингари арзимас майда иш деб биларди. Бир куни дўстим тушимга кириб
қолди. Ер ости метро бекатида эмишмиз. У Исо Пайғамбар ҳақида бир нималарни
узоқ ривоят қилди.
Мен ўйлайман, нега ер остидамиз? Наҳотки, самовий ривоятлар фақат ер остида
куйланса.
Эътибор бермаган эканман, метро ичи қабрга ўхшаркан, нохос ўликлар юрти
эканлигини илғаб қолдим.
Бу ерда ҳамма ўликлар бир-бирига маъносиз тикилиб, силкиниб, боришарди.
Ўлик кўзларда, маъносиз нигоҳлар, ҳар бирининг совуқ қўлларида кўзгу,
қулоқларида лағмондек қулоқчинда ёлғон нағмалар, қаерга нима излаб
кетаётганини билмайдиган шарпалар. Фақат онда-сонда тирик нигоҳли болаларни
учратиб қоласан, лекин улар ҳам катталар сингари атрофга бўлган ҳайрати сўниб
боряпти.
Метро коинот сингари кенгайиб, бутун шаҳарни эгаллаб, ўликлар учун баҳоли
қудрат шароит яратиляпти.
Тушимнинг таъбирини дўстимдан сўраб ўтирмадим. Барибир таъбир қилиб
беролмасди. Бу шунчаки Исо Пайғамбар ҳақида куйланган ривоят эмас, аллақандай
моҳияти мавҳум самовий оҳанг. Қачонлардир кўзимдан парда кўтарилса, таъбирини
англаб етарман.
Дўстимни сўнгги йилларда бир нарса изторобга сола бошлаганди, назаримда.
Масалан, жамиятда оммавийликни рад қилиб, ҳар бир инсон дунёдан айро янги
дунё яратиши кераклигини таъкидларди.
Унинг ўзи ҳам бу борада кўп изланди. Изланишлар натижаси шуни кўрсатдики,
оммавийликдан қочиш барибир яна бир ўз тоифангдаги оммага беихтиёр қўшилишга
олиб келади.
Нима қилма қайсидир доиранинг ва ёки шаклнинг бир қисми бўлиб қолаверасан.
Бу худди қуён билан тошбақанинг бир доира бўйлаб югуриш мусобақасини ёдга
солади.
Мусобақа бошлангач, тошбақадан илгарилаб кетган қуён доирани бир айланиб
келиб, не кўз билан кўрсинки, эндигина ҳаракатни бошлаган рақиби олдинда кетиб
бораётганини кўради.
Шаҳардан зерикдим, бу ерда каталакдек уйлари каби одамларнинг феъли ҳам
тор, тоза ҳаво йўқ, заҳарланмаслик учун ҳар куни тонгда сувга дам солиб ичаман,
ётар пайтда ҳам шаҳарнинг инсу жинслари тушимга кириб безовта қилмаслиги
учун такрорлайман.
Дўстим билан хайрлашмай қишлоғимга қайтдим. Унинг бетартиб ҳаёти кўплар
қатори мени ҳам кунлик одатий ҳаётимни издан чиқариб юбора бошлаётганди.