Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЧОЛ ВА САРТАРОШ АЁЛ

Нарзулла БОТИРОВ – 1947 йилда туғилган. Тошкент Политехника институтини
(ҳозирги ТДТУ) ва Тошкент Милиция олий мактабини тугатган. “Бир тола соч”, “Ўпқон”,
“Шарофат”, “Хуш қол, азизим” каби китоблари нашр этилган.


Ҳикоя
Дераза пардаси орасидан мўралаётган баҳор қуёшининг илиқ нурлари ширин
туш кўриб ётган чолнинг юзларини силади. Хаёлида гўёки хотини уни уйғотмоқчи
бўлиб, қўлларини унинг юзига қўйгандек, эркалагандек туюлди. Чол соғинч ва
дийдор иштиёқи билан кўзларини очди. Лекин нурлар жилоси кўзини қамаштирди.
Кўзини юмиб, бошини бошқа томонга ўгирди. Туш кўраётганини сезди. У
кўраётган тушининг давомини кўрарман деган умидда яна кўзларини юмди. Аммо
бир пашша пешонасига қўнди. Чол нимжон, қоқсуяк қўллари билан пашшани
ҳайдади. Пашша ғингиллаб учиб, яна айланиб келиб чолнинг юзига қўнди. Чол
қанча ҳайдамасин, пашша атайлаб қилгандек, унинг тепасидан кетмас, бошида
айланаверарди. Бўлмади. Чолнинг уйқуси қочди. “Бадбахт пашша, – ўйлади чол, –
уйқумни қочирди, тушимниям хаёлдан чиқартирди”.
Қаршисидаги деворда осилган соатга қаради. Тўққизга яқинлашиб қолган эди. Бу
пайтда уйда ҳеч ким бўлмайди. Ўғли билан келини ишга кетишган, набиралари эса
мактабда. У кучсиз қўллари билан устидаги кўрпани суриб, эҳтиёт бўлиб ўрнидан
турди. Секин-аста юриб дераза олдига келди. Дераза пардасини икки томонга суриб
ташқарига нигоҳ ташлади. Дераза тагидаги кичик томорқадаги ўтган йили экилган
бинафшалар кўм-кўк бўлиб ердан бош кўтариб қолган, икки дона бодом дарахти
ҳам ғунча чиқариб, гуллашга шайлангандек кўринди. Баҳорнинг нишонаси, ўйлади
чол. Унинг кўзи ҳовлидаги болалар майдончасида қийқиришиб, бир-бирлари билан
қувлашиб ўйнашаётган болаларга тушди. Уларга ҳавас билан анча қараб турди.
Беғубор болалик йилларини эслади. Улар билан чопқиллаб ўйнагиси келди ва
чуқур оҳ тортди. – Эсиз, умр шунчалик тез, билдирмасдан ўтиб кетибди-я.
Чол ҳовлида яна ниманидир қидирди. Кимнидир қидирди. Кимнидир, ниманидир
қумсади. Истади. Нима излаётганини ўзи ҳам билмасди. Толиқиб кетди. Дераза
олдида ҳассасиз кўпроқ туриб қолганиданми, оёқлари қалтираб, боши айлангандек
бўлди. Секин эҳтиётлик билан келиб ўрнига ўтирди. Чуқур-чуқур нафас олди. Кейин
эса каравотга суялган ҳассасини олиб, таянганча ювиниш хонасига кирди. Ойнага
қаради. Қаради-ю сесканиб кетди. Унинг қаршисида соч-соқоли ўсиб кетган бир
нотаниш киши турарди. Ўғлининг айтганича бор. Бир аҳволга тушиб қолибди. Гўшт
қочган ёноқлари устидаги ўсиб кетган соқоли уни тамом ўзгартирган. Қаршисида
турқи совуқ, қари чол унга тикилиб қараб турарди. “Алҳазар”, деб ёқасини ушлади,
ичига туфлаб ҳам қўйди. Наҳотки, у “шу аҳволга” тушиб қолган бўлса. Ойнага
қарамаганига ҳам анча бўлиб қолган. Совуқлар бошланганда чол шамоллади.
Ётиб қолди. Анча ётди. Кетиб қолсам керак, деб ўйлаган эди. Йўқ кетмади. Ҳали
ризқи узилмаган экан. Қиши билан ётиб оз бўлса-да жонланди. Кам-кам овқат ея
бошлади. Мана оёққа турди. Аммо ҳали танасида мадор йўқ. У хаёлга берилганича
бир муддат ойнага қараб турди. Шу паллада очиққанини ҳис қилди. Бир амаллаб
юз-қўлини ювди-ю, ошхона томон юрди. Столдаги устига ликопча ёпиб қўйилган
косада ўзига қолдирилган овқатдан озроқ татинди. Термосдаги чойдан қирмизи
пиёлага қуйиб ичди. Чойни тинмай ҳўплар экан, чол яна хаёлга шўнғиди. “Бу
пиёла, чол қўлидаги пиёлани айлантириб тикилди. – Эҳе, бу пиёла қачонги пиёла?!
Энди уйланган пайтлари сотиб олган эди. У вақтларда чинни идишлар жуда кам,
ноёб нарса ҳисобланар, дўконларда топилмасди. У пайтларда олиб-сотарларни
чайқовчи дейишар эди, ҳозир тадбиркор дейишади. Шу чайқовчилар бошқа катта
шаҳарлардан чинни идишларни олиб келишиб, устига пул қўйиб, бозорларда
яширинча сотишар эди. Очиқ-ойдин олиб-сотарлик қилишга у даврдаги қонунлар
рухсат бермасди. Ўша кезларда, у Тошкентга борганида, Чуқурсойдаги чайқов
бозоридан анча-мунча чинни идиш, бир қирмизи чойнак, икки дона қирмизи
пиёлаларни хотини иккаласи учун сотиб олган эди. Олиб борса хотини қанчалик
хурсанд бўлишини кўз олдига келтирди. Савдогар жуда қиммат нарх сўради. У
савдогардан нархини туширишини сўради. Лекин савдогар айтган нархида туриб
олди ва бир тийин ҳам тушмади. – Бу чинни чойнак-пиёла Никалай подшо даврида чиққан, орқасида ёзуви бор,
ўқиб кўр, – деб чойнакни унинг кўзларига яқин олиб борди. – Дулёва заводиники.
Чиққанига ҳам нақд юз йилча бўлиб қолган. Бунақа чиннини тушунадиган одамлар
қидириб юрибди. Сен эса қиммат дейсан. Қўй, сенга сотмайман. Харидори келса,
икки бараварига индамасдан олиб кетади. Савдогар аччиқланиб, унинг қўлидан
чойнакни тортиб олди. Шунда у савдогарга ялиниб, айтган пулини бериб, чойнак
ва пиёлаларни сотиб олган эди.
Чол у пайтлар кучга тўлган, тоғни урса толқон қиладиган, қирчиллама йигит эди.
Қани энди ўша пайтдаги савлату, кўриниш? Чол хўрсиниб қўйди. Хотини раҳматли
уни бир кўришда севиб қолганди. Отаси бошқа йигитга бераман деганида, Шарофат
“тегмайман” деб туриб олганди. Отаси раҳматли ҳам зиёли, яхши хулқли киши эди.
Қизининг раъйига қараб, севган кишисига – Азаматга узатди.
У чинни идишларни уйга олиб борганида хотинининг хурсанд бўлганини
кўрсангиз. Ҳаммадан ҳам унга қирмизи чойнак билан пиёлалар ёққан эди.
Раҳматли пиёлаларга завқланиб тикилганича, қанчалик суюнган эди. У пайтлар
чинни идишлар жуда кам, одамлар синган чинни ва сапол идишларини яматиб,
тузаттириб тутишарди. Синган идишларни тузатувчилар, уста чиннисозлар
бўларди. Хотини чойнак ва пиёлаларни жуда эҳтиётлаб ишлатди. Уларни ҳеч кимга
бермас, фақат қиёлмайдиган меҳмонлар келсагина ишлатар, бошқа пайтлар эр
хотин иккиси қолганларида тутар эди. Пиёланинг биттасини ўғиллари: ака-укалар
талашиб синдириб қўйишганди. Шунда хотини анча хафа бўлди. Ўғилларини роса
койиди. Пиёла синиқларини териб олиб эрига: “Хўжайинжон, буларни устага олиб
бориб чегалатиб келасиз”, деди. Шунда у хотинни юпатди. “Қўй хотин, хафа бўлма.
Келган бало шунга урсин. Битта пиёла экан-да. Болаларингни бошидан садақа, –
деди. Хотини бу гапдан тинчланди ва пиёла синиқларини болаларнинг бошидан
айлантириб, “Келган бало шунга урсин”, деб ташлаб юборди. Мана, хотини ҳам
ўтиб кетди. Бунга ҳам анча йиллар бўлди. Чойнакни катта набираси токчадан оламан
деб тушириб юбориб, синдириб қўйган эди. Бу бир дона қирмизи пиёла хотинидан,
у билан яшаган бахтли йилларидан ёдгор сифатида қолди. Чол доим шунда чой
ичар, уни ҳеч кимга бермасди. Ҳар гал яхшилаб ювиб, сочиқчасига ўраб, токчага
олиб қўярди. Аҳён-аҳёнда пиёласи билан гаплашиб ҳам оларди. Бу пиёла бахтли
йилларнинг хотироти бўлгани учун қадрли эди. Чол чуқур “уф” тортди, хотинини
эслаб кетди, уни жуда кўргиси, у билан гаплашгиси келди. Кўзларига ёш келди.
У ҳар замон-ҳар замонда хотинини эслаб, ҳеч кимга кўрсатмасдан йиғлаб олар,
токчадаги расм альбомдан унинг суратини олиб, у билан гаплашарди, кейин эса
биров кўриб қолмадими деб атрофга хавотирланиб қараб-қараб қўярди.
Чол чойни ичиб бўлгач, соч-соқол олдиргани ҳафсала қилди. Ҳассасига
таянганча ташқарига чиқди. Баҳорнинг илк шабадаси юзига урилди. Кўкрагини
тўлдириб нафас олди. Устига кийиб олган ўғлининг калта камзули занжирини
озроқ туширди. Бошидаги нафақага чиққан йили сотиб олган ондатра телпагининг
қулоқчинини кўтариб қўйди. Телпак ҳам кийилавериб анча эскириб, бошига катта
бўлиб қолганди. Майли, қаричиликда шуниси ҳам бўлаверади. Ким унга қарайди,
нима кийганига ким ҳам эътибор берарди.
Сартарошхона уйларидан унчалик узоқда эмас. Шу атрофдаги кўп қаватли
уйлардан бирининг пастидаги катта озиқ-овқат дўконининг ёнидаги ойнаванд ёруғ
хонада жойлашганди. Ора яқин бўлса-да, чол сартарошхонага келгунча чарчаб
қолди. Оёқлари яна қалтираб кетди. Ҳаво илиқ бўлса-да, тоғ томондан эсаётган
шамолдан унинг қўллари увушиб, юзи совқотди. У сартарошхона эшигини аранг
очди. Ичкаридан иссиқ, атир ҳиди билан тўйинган ҳаво гуп этиб димоғига урилди.
Чол ичкарига кирар экан, сартарошхонага кўз югуртирди. Ҳамма жойлар банд,
усталар берилиб ишлашарди. Улар чолнинг кириб келганини сезишмади ҳам. Шу
орада ўртадаги креслода ишлаётган ёш жувон мижозининг сочини олиб бўлди.
Креслоси бўшади. Жувон мижозини кузатар экан, чолга кўзи тушди. – Ассалом, додажон. Соч олдирасизми? – жувон жилмайиб чолга қаради. –
Келинг ўтиринг, – у илтифот билан чолни креслога таклиф қилди. Чол авваллари
хотин сартарошда ҳеч қачон соч-соқол олдирмаган эди, шунинг учун ўтиришга
ийманди ва тўхталиб қолди. Шунда жувон табассум билан: – Соч-соқол олдирмоқчимисиз? – Ҳа, – дегандек чол бошини қимирлатиб. – Ундай бўлса келинг, ўтиринг, – деди жувон яна креслога ишора қилиб. Чол
секин-аста бориб ўтирди.– Ҳассангизни беринг, мана бу ерга суяб қўяман. Кетишингизда ўзим олиб
бераман. – Жувон чолнинг қўлидан ҳассани секин олиб, кийимлар илинган илгич
ёнига қўйди ва чолнинг устидаги камзулини ечишга ёрдамлашиб, уни илгичга илиб
қўйди. – Дода, сочларингиз анчагина ўсибди. Қандай қилиб олай? – сўради жувон.– Ҳа, кўп бўлди сартарошга чиқмаганимга. Тобим бўлмай, ётиб қолган эдим, –
деди чол. – Ёшимга муносиб қилиб олаверинг.– Бўлди, айтганингиздек қилиб олиб қўяман, – деди жувон. Чол бу меҳрга тўла
овозни аввал ҳам қаердадир эшитгандек бўлди. У эслади. Хотинини эслаб кетди.
Раҳматли хотини ҳам ёшлик пайтларида шу жувонга ўхшармиди-я? Товуши ҳам
жуда ўхшаб кетар экан. У ойнадан аёлнинг юзига тикилди.
Аёл чолнинг сочини олар экан, унинг қўллари чолнинг бўйнига, юзларига тегар,
бу эса чолга шу қадар хуш ёқар эдики, гўёки шу қўллардан ўтаётган қандайдир
ёқимли ҳарорат, бир илиқлик, ёқимтой, аллақандай сеҳрли дилхушлик унинг
фикрини чулғар, чол ўз-ўзидан завқланар, руҳида баҳорий бир завқ уйғонгандек
бўларди. Чол кўзларини юмди. У қўллар тафтини бутун вужуди билан ҳис этишни
истади. Уйқуга кетди. У тушида яна хотинини кўрди. Ҳовлилари ёнидан ўтадиган
катта ариқ бўйида эмиш. Хотини кулганича ариқдан кафтини тўлдириб сув олиб
унга сепмоқчи бўлармиш. У эса хотинининг икки қўлидан ушлаб олганича,
сеполмайсан-сеполмайсан, дермиш. Шунда хотини унинг қўлларидан чиқиб, “Сиз
мени ушлолмайсиз”, деб кулганича ҳовлилари томонга югуриб кетибди. Чол унинг
орқасидан югурмоқчи бўлди. Лекин оёқлари унга итоат этмас, югурмоқчи бўлса
да, турган жойидан қўзғалмас эмиш. Хотини ҳовлиларига кириб кўздан йўқолди. У
бор овозда хотинини чақирармиш. “Шарофат! Шарофат!” Чол ўз товушидан чўчиб
тушди ва кўзларини катта очганича беихтиёр рўпарасидаги ойнага қаради. Ойна
унинг ўзини ва тепасида ҳайратланиб қараб турган сартарош аёлни кўрсатарди.
Соч олдириш учун сартарошхонага келганини эслади. – Дода, туш кўрдингиз, шекилли. – Жувон мулойимлик билан гапирди. –
Янгамни кўрдингизми, дейман. “Шарофат, Шарофат”, деб икки марта чақирдин
гиз. Исмлари Шарофатми?
Чол нима деб жавоб беришни билмади. Бу ҳолатидан хижолат тортди. Жувон
чолнинг ҳолатини тушунди чоғи, бошқа бу ҳақда гапирмади, у соч олишда давом
этди. Бироздан кейин: – Дода, сочларингизни олиб бўлдим, энди соқолга ўтамиз, – деди. Жувоннинг
майин овози уни эркалагандек бўлди. Унга бу гапни хотини айтгандек туюлди.
Ўзининг қаерда эканлигини унутди. Яна бу майин, тароватли товушни эшитгиси
келди. У кўзларини юмганча, жувоннинг гапларини кутар, унинг товушини
эшитишни истарди. – Соқолингизни қандай олай. Жуда ҳам ўсиб кетибди. Калта
қилиб қўясизми ёки ўртача бўлаверсинми?
Майин, оҳангдор овоз уни ўзига келтирди. Чол ойнадаги жувоннинг юзига
тикилар экан, унинг гапларини қайта-қайта эшитгиси келар, сўзларини эшитиш
учун агар имкон бўлса, шу ерда қолишни истарди. – Соқолингиз қандай бўлсин? – жувон қайтариб сўради. Чол нима деб жавоб
беришни билмасдан ўйланиб қолди. Соқолини қандай олдиришини ўйламаган
экан.
Шунинг учун минғирлаганича: – Билмасам, ўйламабман ҳам, – деди. – Ўртача бўлаверсинми? – Майли.
У жувоннинг фикрига қарши боргиси келмади. Кейин ўйлаб қараса жувон унга
тўғри маслаҳат берган экан. Ориқлаб кетган юзига катта соқол ярашмас эди ҳам.
“Ақлли жувон экан, – кўнглидан ўтказди чол. – Жуда латофатли ва ақлли. Қанчалик
яхши. Раҳматли Шарофат ҳам шундай эди!”– Ойнага бир қаранг-чи. Яхши олибманми? – чол кўзларини очди. Жувоннинг
гапларига тушунмай унинг ойнадаги аксига тикилди.– Дода, соч ва соқолингизни олиб бўлдим. Қаранг-чи, – қайтарди жувон.
Чол кўзларини катта очиб ойнадаги ўз аксига тикилди. Ўзини танимай қолди.
Бояги соч-соқоли ўсиб кетган чол қаерда қолди? Ҳозир қаршисида тамоман
бошқа киши ўтирар эди. Кўриниши ўзига жуда ёқди. Сартарош соқолини ҳам
рисоладагидек, қачонлардир у хоҳлайдигандек қилиб олган эди. Чолга ўзининг
кўриниши жуда ёқди. Жуда ҳам ёшаргандек кўринди. Хурсандлигини яширолмасдан
юзидаги кулги билан, миннатдорлик маъносида аёлга бош эгди. Жувон ҳам чолнинг
ҳолатидан, унинг ишидан хурсанд эканлигини тушунди ва кулиб қўйди. “Қандай
ёқимли чеҳра, гўзал табассум”, дилидан ўтказди чол.– Уйга борсангиз, опоғойимлар танимай қоладилар. Ким экан деб, яна уйга
киритмай қўймасинлар, – ҳазил қилди аёл.
Чолга бу ҳазил жуда ёқди. Кўнглидан: “Қани эди уйга киритмай қўядиган
“опоғойи” тирик бўлсалар эди”, деган ўкинч ўтди. У ўрнидан турди. Қўшни
креслода ишлаётган сартарошлар чолга қараб ҳазил қилишарди:
– Э отахон, жуда ёшариб кетдингиз-ку. Уйга борганингизда янгам танимай
қолишлари турган гап. Агар қўймасалар, қайтиб келаверинг. Ўзим ёшидан топиб
бераман.– Нега уйга қўймас эканлар? Қучоқ очиб кутиб оладилар, – учинчи сартарош
гапга аралашди. – Ёки тўйга тайёргарликми? – деб ҳазил қилди яна иккинчи сартарош. Қўшни
столда ишлаётган сартарош йигитлар ҳам ҳазилга қўшилди: – Ота тинч юрмаганлар, опоғойилардан икки-учта бўлса керак.
Сартарошхонада кулги авж олди. Чолнинг кайфияти яна кўтарилди. Келган
пайтидаги чарчоқдан асар ҳам қолмаган эди. Унинг кўнглида айтиб бўлмас бир
қувонч, бир ўзгача руҳий ҳолат, илоҳий бир туйғу пайдо бўлгандек эди. Аёл билан
қандай хайрлашганини, нима деб миннатдорлик билдирганини, сартарошларга
нима деб жавоб берганини эслолмайди ҳам. Уйига қайтар экан, қаердандир ғайрат
келгандек, кўнглида эса айтиб бўлмас бир қувонч, бир ўзгача руҳият, илоҳий бир
туйғу пайдо бўлгандек эди. Унинг қалбида ўзи тушунмайдиган бир ҳиссиёт, янги
севинч, ширин орзу туғилгандек эди. Бу туйғу уни айтиб бўлмас, эҳтиросга тўла
хаёллар билан эркаларди. Атроф ҳам гўзалликка чулғангандай. Катта йўл чеккасига
экилган арчалар орасида ўсиб чиққан майсалар ям-яшил бўлиб ер сатҳини
қоплаган. Эман ва каштанлар ҳали барг ёзиб улгуришмаган бўлса-да, салобат
билан қад ростлаб туришлари кўзга завқ бағишларди. Мовий осмон узра сузаётган
оппоқ булутлар қайсидир бир сирли ўлкаларга йўл олгандек, улар остида парвоз
қилаётган қушлар галаси олис юртлар сари ошиқаётгандек эди. У йўлда борар экан,
хаёлида аёлнинг сиймоси, қулоқлари остида унинг майин-мафтункор овози қайта
қайта жарангларди. Қалбида қандайдир тушуниб бўлмас иштиёқ, сирли бир туйғу
пайдо бўлган, бу туйғу унга кўтаринки кайфият, куч-ғайрат бағишлаган эди.
Уйга қоматини тик тутган ҳолда, ёруғ чеҳра билан кириб келди. Ўғли билан
келини ишдан қайтган экан. Ўғил отасининг кайфиятини кўриб: – Дада, кўз тегмасин бугун жуда ёшариб кетибсиз. Кайфиятингиз ҳам яхши.
Соқолингизни жуда ярашиғли қилиб олибди, – деди. – Болам, ҳар нарсанинг ҳам вақти-соати бор-да, – деди отаси кўтаринки
овозда. – Ҳеч бир иш вақти келмаса поёнига етмайди. Шу орада набиралар
мактабдан қайтишди. Катта набираси: – Бобо, соч олдирганингиз ярашибди, – деди ва эркаланиб келиб унинг юзидан
ўпиб олди. Чолнинг кўнгли кўтарилиб кетди. Йиғлагиси келди. Кўзларини ишқаб,
келаётган кўз ёшларини кўрсатмасликка уринди.
Кунлар исий бошлади. Баҳор далаю даштларда, томорқаларда, кўча-кўйларда
ростакамига бўй кўрсатди. Чолга ҳам кундан-кунга куч-ғайрат келарди. У
хонадонидан чиқиб уй атрофида айланиб юрар, кўнгли негадир уни катта дўкон
томонга тортар ва таёғини тақиллатганича ўша томонга қараб отланар, дўкон
олдидаги сартарошхона рўпарасига қўйилган ўриндиқда ўтириб, тезроқ соч
соқолининг ўсишиними, сартарош аёлними, кимнидир кутар, нега кутаяпти, ўзи
ҳам тушунмас, агар аёл сартарошхонадан чиқиб қолса юраги гупурлаб, бирдан
яшнаб кетар, лекин у билан гаплашиш учун сўз тополмасди. Аёл ҳам чолга кўзи
тушганда салом бериб, майин табассум билан бош эгиб ўтиб кетар, баъзида эса,
“Дода, яхши юрибсизми”, деб сўрашиб ҳам қўярди. Чолга аёлнинг шу сўзлари
кифоя эди. У сархуш бўлар, хурсандчилигининг чеки бўлмасди. Қандайдир бир
истак уни кўринмас арқон билан шу ўриндиққа боғлаб қўйгандек эди. У бу орада уч
тўрт марта келиб жувонда соч-соқол олдирди. Ҳар гал соч олдиришида, жувоннинг
қўллари унинг юзига, бўйнига тегганида бошқача бўлиб кетар, сўзларини
эшитганда ўзини бошқа оламга тушиб қолгандек сезарди. Қолган сартарошлар ҳам
чол билан суҳбатлашар, у билан ҳазил-ҳузул қилишар, бундан чолнинг кўнгли янада
кўтариларди. Ҳар гал соч-соқол олдиргандан сўнг унинг ҳаётга бўлган муҳаббати
ортарди.
Ёз ҳам ўтиб қолди. Чол бугун ҳам ҳар галгидек ўзи тўқиган шеърини хиргойи
қилганича йўлга тушди. У нималарнидир эслаб мийиғида кулар, ўзи билан ўзи
гаплашарди. Тушга яқин сартарошхона рўпарасидаги ўриндиққа келиб ўтирди.
Жувоннинг чиқишини пойлади. Сартарошхонада ишловчилар бир гуруҳ бўлиб
чиқишиб, чол билан сўрашиб кафе томон ўтиб кетишди. Лекин жувон улар билан
чиқмади. Кутди, лекин жувондан дарак бўлмади. Овқатланиб бўлган ходимлар
кафедан чиқиб, ишхоналарига кириб кетдилар. Чол яна анча кутди. Лекин бугун
аёл кўринмади. Нима бўлди экан? Ҳар куни ишга келар эди-ку. Балки уйида иши
чиққандир. Эртаси куни ҳам аёл кўринмади. Индинисига ҳам у йўқ. Чол ҳар
кун келар, сартарошхона рўпарасида ўтирганча аёлни кутарди. Ундан эса дарак
йўқ. Мана, бугун ҳам у аёлнинг чиқишини кутди. Сартарошхонадагилар овқатга
чиқишди. Қайтишди. Аёлдан дарак йўқ эди. Шу орада овқатланиб чиқишган икки
сартарош эркак чўнтакларидан сигарета олиб тутатишди ва гаплашиб қолишди. – Жамиланинг аҳволи оғир эмиш. Кеча Муҳиддин билан фаррош хотин
иккаласи бориб, кўриб келишибди. “Жуда оғир аҳволда”, дейишди. Улар билан
зўрға гаплашибди. Иссиғи шунча кундан бери тушмаётган экан. Бечора тузалиб
кетсин-да. – Шунчалик оғирмикан? Соппа-соғ юрган одам қандай ҳам бу касалга чалинди, –
хавотирланиб гапирди иккинчи суҳбатдош.– Одамзод эртага нима бўлишини билмайди-да.– Тўғри. Илоҳим тузалиб кетсин. – Биз ҳам бориб кўриб келайлик. Савоб бўлади.– Яхши бўларди. Эртага якшанба куни ўтайлик. Касални сўраш, Худони кўриш
билан баробар, деган гап бор, – деди иккинчиси. Шу орада сартарошхонадан яна
бир сартарош йигит сигарета чеккани чиқди ва гапга қўшилди. – Жамила опами?
Бечорага шу етмай турган эди. Ўтган йили эри ўлиб, иккита ёш боласи билан қолган
эди. Бечора тузалиб кетсин.
Чол бу гапни эшитар экан, аъзойи бадани бўшашиб, кўз олди қоронғилашди.
Кимдир бошига гурзи билан ургандек бўлди. Ўтирган жойида қўл-оёқлари титрай
бошлади. Ўрнидан тураман деган эди, боши айланиб, гарангсиб, маст кишидек
ўтириб қолди. Анча ўтирди. Хаёлида осмонни қора булут қоплади. Совуқ шамол эса
бошлади. Чол яна ўрнидан турмоқчи бўлди. Лекин елкасидан кимдир бор оғирлиги
билан босиб турарди. Оёқ-қўлларининг қалтираши тўхтамас эди. Осмондаги
баҳайбат қора булутлар эса унинг устига бостириб келаётган туюлди. Тоғ томондан
эсаётган совуқ шамол кучайди. Чол амаллаб ўрнидан турди ва ҳассасига суянганича
уйи томон юрди. Унинг руҳияти ўзгарган эди. Йўлда борар экан, кўз олдида оғир
аҳволда тўшакда ётган аёл пайдо бўлди. У дам сартарош аёлга ўхшар, дам хотини
Шарофатга ўхшаб кетарди. Ким у. Э раҳматли хотини-ку… Бу Шарофат! Шарофат
ку бу! У тўшакдаги хотин бошида Оллоҳга ёлборар, унга шифо беришини илтижо
қилар, ўзи билган дуоларни қайтарар эди. Мана, Шарофат кўзларини очди. Унга
қараб жилмайди. Шарофат тирилди! Шарофат тирилди! Ўз қичқириғидан чол
сесканиб кетди. Олдидан ўтаётган бир йигит унинг тирсагидан ушлаганича: – Дода, яхшимисиз? Тобингиз бўлмадими? Қаерга кетаяпсиз, ёрдамлашиб
юборайми? – деди. Чол калласи билан йўқ ишорасини қилди ва товуши
қалтираганча: – Раҳмат болам, – деди. Чолнинг товуши зўрға чиқди. Йигит чол
нинг юзига бир қаради-да: “Яхши етиб олинг”, деб ўтиб кетди. Шу орада ёмғир
бош ланди. Чолга худди осмон йиғлаётгандек туюлди. Тўхтамасдан йиғлар, кўзёш
ларини совуқ шамол чолнинг юзига келтириб урар, бу томчилар кўзёшга қўшилишиб
юзини юварди. Атроф файзсиз, қоронғи, қўрқинчли туюлди. Йўл четидаги арчалар
ҳам бужмайиб олгандек, шамолданми, совуқданми қалтираётгандек. Чол ҳассага
бор оғирлигини ташлаганича аранг оёқ босар, тезроқ уйга етиб олай деб қанчалик
ҳаракат қилмасин, унинг қадами унмасди. Рўпарадан эсаётган шамол уни орқага
итарарди. Қанчалик олға юришга ҳаракат қилса, шамол ҳам шунчалик тезлашар,
уни ортга қайтармоқчи бўлгандек кўкрагидан итарар эди. Чол уйга қандай етиб
олганини билмади. Хаёли касалхонада ётган сартарош аёлда эди. У касал жувонни
ўзи билан уйга олиб келган эди. Уйга кириб борганида иккала набираси уйда экан.
Катта набира шошилганича сўради: –
Бобо, ёмғирда қаерларда юрибсиз? Хавотирланиб, энди қидирмоқчи
бўлаётгандик, – чол набираси саволларига жавоб беришга ҳам ҳолсиз, пойгакда
турган стулга ўзини ташлади. Чол қалтирарди. Буни кўрган набира қўрқиб кетди.– Совқотдингизми? Вой-бўй! Кийимларингиз ҳўл бўлиб кетибди-ку, – деди.
Келини ичкари уйдан чиқиб келди. Чолнинг ҳўл кийимларини кўриб, унга
тахмондан бошқа кийим-бош олиб берди. Набиралар чолнинг юзларидаги ёмғир
томчиларини артиб, ҳўл кийимларини алмаштиришди. Келин иссиқ чой дамлаб
чиқди. Набиралар унга иссиқ чой ичиришди. Чол озроқ исигандек, ички титроғи
тўхтагандек бўлди.
Хаёлида фақат сартарош аёл. Қайси касалхонада ётган экан. Нега бояги
сартарошлардан сўраб билмади. Касалхонага бориб аҳволини билиб келарди.
Эртага, албатта, сартарошхонага бориб, сўраб билади, кўриб келади. Уни оғир
дейишди-я. Агар… Чол бу ўйидан чўчиб кетди. Йўқ! Бундай бўлмаслиги керак.
Унга бирор нарса бўлса болалари нима бўлади? Йўқ! Йўқ! Оллоҳ хоҳласа албатта
тузалиб кетади. Тушида ҳам Шарофатни тузалган кўрди-ку. Жамила ҳам тузалиб
кетади. Агар тузалмаса-чи? Аҳволини оғир дейишди-ку. Танасига яна қалтироқ
кирди. У кечани уйқусиз ўтказди. Тонгга яқин кўзи сал уйқуга кетди.
Ўғлининг сўзларидан кўзини очди. – Иссиғи баландга ўхшаяпти. Доктор чақирамизми? Ҳозир ҳамма жойда
касаллик, грипп. Унга хотини жавоб қилди: – Йўғ-е. Ёмон ният қилманг. Кеча ёмғирда кийимлари ҳўл бўлиб, озроқ
шамоллаган бўлсалар керак. Малинали чой дамладим, ичиринг. Мен қайноқ шўрва
соламан. Бир терласалар ўтиб кетади.
Ўғил малинали, асалли чой ичирди. Келин қайноқ шўрва пиширди. Лекин чолнинг
аҳволи ҳа деганда ўзгармади. У кун сайин оғирлашар, тўшакда қимирламасдан
ётарди. Доктор чақирдилар. “Ўпкаси тоза”, дейишди. “Озроқ шамоллаган, ўтиб
кетади”, дейишди. Лекин чол ўзига келмасди. Кўп докторларга кўрсатишди. Бири:
“Қарилик”, деди. Иккинчиси “Организми чарчаган, кучли овқат ейиши керак”,
деди. Чол эса овқат емасди. Охири кўзини ҳам очмай қўйди.
Кейинги келган шифокор чолга “Кучли стресс – руҳий зарба таъсир этган
бўлиши керак. Унинг тузалиши учун яна кучли руҳий таъсир керак”, деди. Хуллас,
чол тўшакка михланиб қолгандек ётарди. Ўғли опа-укаларига ва яқинларига
отасининг оғир ётганини айтди.
Шу алфозда қиш ҳам охирлаб қолди. Чол ҳали ҳам тўшакда. Озиб-тўзиб кетган,
аҳволи кундан-кунга баттар. Қиш ўтиб, баҳор яқинлашди.
Бир куни набираси мактабдан келиб, китоб-дафтар солинган рюкзагини
шошилиб ечар экан: – Бобо, бобо, – деди секин. Чол жавоб қилмади. Кўзини ҳам очмади. У қаттиқроқ
чақирди. Чол зўрға кўзларини очиб набирасига қаради. – Сизга сартарош опамлар
салом айтиб юбордилар, – деди. Чол тушунмади. Набираси нима деди?! Чол жим
эди. Бир пас ўтди. Чолга жон киргандек бўлди. – Нима дединг? – деди, у минғирлаганича. – Сизга сартарош опамлар салом айтдилар. Бобонг яхшими? Нега соч олдиргани
чиқмай қўйдилар, деб сўрадилар.
Бу гал чол кўзларини катта-катта очди. – Қайси сартарош опанг? – товуши қалтираб сўради чол.– Сиз билан бирга бориб соч олдирар эдик-ку. Дўкон олдидаги сартарошхонада.
Ўша сартарош опа-да.
Чол қулоқларига ишонмади. Набираси нима деяпти? У яна қайтариб сўради. – Қайси сартарош? Қачон? – Жамила опа-чи. Дўконни олдидаги сартарошхонада ишлайдиган Жамила
опа. Касал бўлмасингиздан аввал ҳам бориб соч олдирган эдик-ку. Эсладингизми?
Бугун мактабдан қайтаётиб, дўкон олдида кўриб қолдим. Мени кўриб: “Нега
кўринмай қолдинг. Соч олдиришга ҳам келмай қўйдинг. Бобонг яхшиларми?”
деди. Мен, озроқ касал бўлдилар, дедим. “Салом айтиб қўй. Тузалиб кетсинлар”,
деди.
Хайрият, тирик экан. Тирик экан! Тузалибди! Унинг борлиғини қувонч чулғаб
олди. Жамила ўлмай эсон-омон тузалган бўлса шуниси етарли. Чолга бундан ортиқ
нарса керак эмас. Фақатгина сартарош аёлнинг соғ-саломат шу дунёда яшаши,
қаерда бўлса ҳам, ким билан бўлса-да, бахтли бўлиши ва шу ҳаводан нафас олиб
юриши керак.
Чол бу кеча тинч ухлади. Қимирламай ухлади. Бу кеча тушида яна хотинини
кўрди. У билан катта боғда қўл ушлашиб сайр қилиб юрганини кўрди. Кейин эса
хотини унга хайр деганича осмонга учиб кетди. Уни ташлаб кетди. Нега?! Нега ўзи
билан олиб кетмади?!
У тонгда бошқача бир руҳият, ўзгача бир ҳиссиёт билан уйғонди. Унга қаердандир
куч келгандек эди. Энди унинг яшагиси келарди. Ўтирган жойида намозини ўқиди.
Келини сузиб келган овқатдан татинди. Ўғли узатган қирмизи пиёлага қуйилган
асалли чойни мириқиб ичди ва пиёлага меҳр билан тикилганича туриб қолди.
Пиёлада у хотинининг ёшлик чеҳрасини кўрди.
Ўғли бугун отасининг кайфияти яхши эканини кўрди ва кўнгли тинчиб ишга
кетди. Орадан тўрт-беш ҳафта вақт ўтди. Чол ўрнидан туриб дераза олдига келди.
Ташқарига қаради. Бу унинг узоқ ётишдан кейин биринчи бор дераза олдига келиши
эди. Унинг кўзига атроф гўзал ва жозибали кўринарди. Осмон ҳам бугун ўзгача.
Мовий бўшлиқ остида онда-сонда кўринган оқ булутлар коинот юзига ўзгача ҳусн
бериб юзиб юришарди. Ана осмоннинг бир четида турналар галаси. Улар икки
қатор бўлиб учишиб чол томонга келишмақда. Ёзнинг нишонаси. У завқланганча
турналар қаторини кузатди. Чолнинг ҳовлига чиқиб қичқиргиси, югуриб-югуриб
ўйнагиси келди. Йўқотган қимматбаҳо нарсасини топиб олган кишидек хурсанд
эди. Шодлиги юрагига сиғмас, хандон отиб кулгиси, ёш болалардек қийқириб
шовқин солгиси, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагиси келар, лекин уйдагилардан истиҳола
қиларди. Барибир, билдирмасдан икки-уч марта йиғлаб ҳам олди. Ўпкаси тўлиб
тўлиб йиғлади.
Орадан яна озроқ фурсат ўтди. Чол оёққа турди. Ўзгача кайфият, ғайрат ва
иштиёқ билан қад ростлади. Ўзини жуда бардам сезди. Қўл-оёқларига куч кирган,
қалбида нозик ҳиссиётлар тўлқини жўш урарди.
Бу ҳиссиёт уни сартарошхона томонга чорларди. У бугун яна соч-соқолини
олдиришга отланди. Токчадан тахлаб қўйилган янги кийимларини олиб кийди.
Ойнага қараб ўзига оро бергандек бўлди. Ўғлининг чет элдан келтирилган хушбўй
атридан сепди. Шод ва хушнуд, ўзгача бир руҳ билан сартарошхона томон йўл
олди. У йўлда кетар экан, уйда ҳассасини қолдириб чиққанини сезди. Лекин орқага
қайтмади. У ҳассасиз олдинга – сартарошхона томонга қатъият билан юрди.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil