Даврон РАЖАБ – 1967 йилда туғилган. П.Беньков номидаги Республика рассомлик
билим юртини ва Ўзбекистон Миллий университетида Олий Адабиёт курсини
тамомлаган. Ижодкорнинг “Бир томчи юлдуз”, “Бахт шамоллари”, “Ёмғирли тонглар”,
номли китоблари нашр этилган.
* * *
Уйқуга кетсам фасл бошланар,
Ниммовий тусдаги булутдек
Буғоқ сузиб юрар бу боғда.
Уйқуга кетсам сурат бошланар:
Унутаман ухлаганимни,
Яна ўсаётган гиёҳлар ҳиди
Бўёқлардек қўлимга юқар.
Наҳот кетаяпман
Боғлардан эмас
Якунига етмаган сурат ичидан…
Метро
Ўтиб кетгандексан
ўз бекатингдан
Бирдан қайтмоқчи бўласан
бироқ сен-ла
кетаётганларнинг
сочлари оқариб кетган
Ўз вақтига
қайта олмаганидан
шувв этиб кетар
юрагинг
вақтга
Ой оҳиста борар ёришиб
бебардош
сочларинг
каби.
* * *
Яхшиликни ўйлагил фақат,
Тонг ёғдуси уйғотсин ҳавас.
Сайраётган қушларни тингла,
Етказилган озорни эмас.
Кузат, янги само тоқида
Мағрур порлаб турган қуёшни.
Жилвасига табассум жойла
унут ғамни, унут кўзёшни…
Кумуш жилва очган гулларни
Афв эт, бўлса юракда кўнгил.
Қўйиб юбор, бахтингни кечир,
Оқ йўл тила, тақдирга кўнгил!
Ой жилоси
Ой оҳиста борар ёришиб,
Нигоҳимдан силқиб рутубат
Борлиқ билан борар қоришиб.
Ой ёришиб борар оҳиста,
Ёпар кўнгил жароҳатини
Мен кутмаган мунаввар ҳисда…
Ой оҳиста ёришиб борар…
Тингланмаган най саси янграб
Таровати юрак сипқорар…
Ёришиб борар оҳиста ой…
Руҳимдаги тингланмаган куй
Очиб борар мукаммал чирой.
* * *
Сурат излаб хаёлларингга
Тун бағрида кезинаман жим,
Нима ҳақда бўлар ўйларинг,
Фол очаман, гўё мунажжим.
Ҳар бир баргни ушлаб кўраман,
Синовингга чидармикан, деб.
Рангларига ташлайман нигоҳ,
Туғилажак фикринг ғамин еб.
Сўнг оҳиста келаман қайтиб,
Қайтган каби узоқ сафардан.
Хаёлимда хаёлларинг ҳам
Сақлаб турар мени хатардан…
Тоғларга
Тоғни соғинган дўстга
Туҳфа қилдим сенга тоғларни,
Бир таассурот, мактуб орқали.
Ҳайбатини сиғдирдим хатга,
Сатрларда сойлар оқади.
Элтдим сенга эзгу манзара,
Водийларни юбордим сенга…
Чўққиларга чиққин ўзингдан
Чўққиларга чиққин ўзингда!
Мана сенга тоғлар сурати,
Соғиндингми баландликка боқ,
Юрагингни юкдан озод эт,
Қояларда булоқ каби оқ…
Хат орқали тоғни юбордим,
Чўққиларга ҳайбат солмиш қор.
Тинглаб уни, ахир кўтарил…
Тоғларга бор, тоғларда виқор!
Қорлола
Қўлларини очиб турибди,
Нурдан инган соғинчга интиқ:
“Ҳали яна ёғса керак қор,
Тегса керак қалбимга қаттиқ…
Алвон эдим илгари мен ҳам,
Қор ёғдию англадим бирдан.
Сирлар қалбда қолгани афзал
Сақлаб турар кўнгилни кирдан…”
Шивирлади, сўнгра қолди жим,
Сукунатга чўмди қорлола…
Юзи қордек оқариб кетди,
Юрагида музлади жола!
Гулқуш
У тонг чоғи учиб келган
Қушга ўхшайди
Аммо қанотлари патни эмас
Гулбаргларни эслатар
Мени уйғотганида
Қанотларнимас гулбарглар
Пирпираши ва ҳароратин англадим
Бу Қуш деразамнимас
Қалб ойнасин чертганди
Энди мен унга
Исм қўяман
Гулқуш деб
Токи ҳадиксираб
Учиб кетмасин.
Энди у келмайди
Сутчи қиз хотирасига
Кўнгли оқ сутдек
Одамлар қалбини кўрарди
ҳар куни бомдод кечгач
келтирарди беғубор ризқ
акс этарди тонг қуёши велосипедида
У энди келмайди бошқа
бизнинг масканга
бор-йўғи
эзгулик элтиш-чун
чорраҳадан кечиб ўтаётганида
…
Тезликда билгисиз нафси учқир
Ғам ортган қора машина
шовқини уйғотди шаҳарни
тонг каби оқ сут
айланди андуҳ зулматга
Энди келмас бўлди у
ва сутга мудом
пули етмайдиганларга
боқолмас жилмайиб
Доим ҳорғин уйдан чиқмас
бахтсиз – танбал эрларнинг
аёллари йиғлар