Гулсанам АБДУЛАКИМОВА – 2005 йилда туғилган. Тошкент давлат ўзбек тили ва
адабиёти университети талабаси. “Зомин – 2024” семинари иштрокчиси.
Мени уйғотмайди соат жаранги
Мени уйғотмайди қушларнинг жанги
Қўнғироқлар ҳам уйғотолмайди.
Фақат,
Кўрпа қоқаётган қўшни келиннинг
калтак товушидан кетаман чўчиб.
Унга тикиламан парда остидан
Ногоҳ кўриб қолар ва жилмаяди
Хижолат дастидан.
Кўрпадан чанг эмас, ўрмалар овоз…
Бугун уйғотгани доимги эмас
Ғалати ғичирлаш,
ғалати товуш.
Деразам шарақлаб очилди. Кўрдим.
Беланчак.
Шамолда
тебранар
бўм-бўш.
Қудуқ
Зулумот,
Кўксимга қазилган қудуқ
Қудуқ узра қанот қоққан оққушлар.
Узоқдан қарайман, тилларим дудуқ
Узоқдан эрк ҳақда кўраман тушлар.
Узоқдан узоқда,
Жуда ҳам пастда
Акс-садо беради жимжитликлар жим
Ой тўлар тўлмаган кўнгилга қасддан
Нурлари жимирлар,
оҳ, оғрир кўзим.
Челагинг кўтариб келасан секин,
Тортиб олмоқчисан ғуссаларимни
Мен ҳам қутулишни истайман, лекин,
Арқон кўтаролмас жуссаларини.
Келтирдинг, узундан-узун арқонлар,
Арқонлар…
Арқонлар…
Гар қонар бўйним.
Бўйнимга оламан, бари ёлғонлар
Мен билан бошланган, менинг ўйиним.
Ҳар ўйин бошида эски чиғирнинг
Янгилаб оламан арқонларини,
Чиғирга ўрайман
Ой – шўрлик сағирнинг,
Бепушт юлдузларнинг армонларини.
Орзу
Қушлар қанотини йўқотиб қўймас,
Қизиқ, бу кенг осмон юбормас ютиб.
Менинг орзуларим ямлаб ҳам тўймас,
Торгина бу дунё ҳиқчоғи тутиб.
Орзулар…
Орзулар…
Улар шаънига
Бир ҳовуч дуо бор,
Бир қултум алам.
Ўлик орзуларнинг жонсиз тани-ла,
Жимгина кузатдим болаликни ҳам.
Шуълалар кетидан қувладим узоқ,
Ва сўнгда адашдим қайтар йўлимдан.
Учишни билмайман, истайман бироқ,
Қаноти соғ қушлар тутсин қўлимдан!