Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

АРМОНЛАРИ КЎП ОДАМ

Тоштемир ТУРДИЕВ – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 1942
йилда туғилган. Унинг “Фозил Йўлдош ўғли”, “Субҳидам қалдирғочи”, “Мингбоғ шамоли”,
“Талпин, юрак”, “Муддао: янгича яшаш, кураш”, “Чағониён тараннуми” каби китоблари
нашр қилинган.


Мамлакатимизда тадбиркорликка бўлган эътибор йилдан йилга ортмоқда.
Мактабгача тарбия муассасаларида ҳам бу илмнинг асослари ўргатиляпти. Бундан
чиқди, тадбиркорларнинг расмий танловларида ғолибликни қўлга киритиш тобора
қийинлашиб бораётган айни пайтда Деновдаги “Афросиёб” савдо ишлаб чиқариш
корхонасининг раҳбари Амри Нарзуллаевнинг “Ташаббус-2004” республика
танловида бир варакайига икки номинация бўйича ғолибликни қўлга киритиши –
жўн иш эмас. Ахир кўпкарида от қанча кўп бўлса, улоқни айириш шунча қийин
бўлиши тайин-да. Ғолиб шаънига иккита таниқли хонанданинг иккита гўзал қўшиқ
басталаши-ку, алоҳида мавзу…
Одатда, давлатманд одамлар ҳақида гап кетса, уни ҳаддан ташқари қўли очиқ,
пулнинг юзига қарамайдиганлардан эди, деб мақталади. Ростини айтай. Амри
акани яқиндан биладиган танишларидан у ҳақида “пулга қаттиқ одам” деб бир неча
марта эшитганим бор. Аканинг “дарёнинг бўйида турсанг ҳам сувни тежаб ишлат”
деган нақлга амал қилишига ҳатто ўзим ҳам бир гал гувоҳ бўлганман. Келинг, сизга
ўша воқеани гапириб берай.
Бир куни Амри ака билан Денов шаҳрининг марказида жойлашган “Амри
Холдинг” ошхонасида тушлик қилаётган эдик. Пўримгина кийинган бир йигит
ёнимиздан салом бериб ўтди ва биздан озгина наридаги кабоб қўрасининг ёнига
бориб, кабоб танлай бошлади. У эндигина кабоб танлаб бўлувди ҳамки, Амри
ака имлаб ёнига ўтиришга ундади. Йигит келиб ўтириб, иккаласи сўрашгач, улар
аллақандай дастгоҳ ҳақида савдолаша бошлади. Аниқроғи, Амри ака йигитдаги
нархи 20 миллионми, 30 миллионми турадиган музқаймоқ тайёрловчи ускунага
харидор бўлди. Эътиборимни тортгани шу бўлдики, столимизга ўтирган тадбиркор
йигитча икки сих кабоб ва яримта нон учун пулни ўзи тўлади. Чунки Амри ака
“Ошхона ўзимники бўлса, туриб кетавер” демади. Ажабланиб, “Анча яқинга
ўхшайсизлар, пулининг ҳисобини билмайдиган одам, нимага ўзингиз ҳақ бериб
қўяқолмадингиз?”, дея сўраган эдим, “Аввало, бу дунёда ҳисобсиз ҳеч нарса йўқ.
Кейин… тўқни тўйдиргандан нима наф?” деди, у киши маънодор қилиб.
Амри ака Деновдаги деҳқон бозорининг кунчиқар томонини эгаллаб турган
қўш қаватли бу улкан иморатни қурганида “ошкоралик” авж палласида бўлиб,
“Холдинг” каби иборалар ҳалича урф бўлмаган эди. Бинони олд томондан туриб
кузатар эканман, унинг жойлашган ўрни ва қурилиш услубига зимдан эътибор
қилиб, лойиҳа эгасининг узоқни кўра билиш қобилиятига қойил қоламан. Ошхона
гавжум, таомлари ўта мазали бўлиши билан бир қаторда, овқатларининг арзонлиги
таҳсинга лойиқ – айниқса, мана шуниси менга ўхшаган ўртаҳол одамлар учун айни
муддао! Зеро, озгина мижоз йиғиб, танилиб олгач, ё овқатлари бемаза тортган, ё
нархини қиммат қилиб қўяётган ошхоналар камми? Бу ерда бир сири бордирки,
Деновда пайтлари Амри аканинг ўзи ҳам уйида эмас, фақат ўзининг мана шу
ошхонасига келиб овқатланади.
Қизиқиш уйғониб, бир гал бу хусусида Амри аканинг ўзидан сўраганман.– Ака, нима учун уйда эмас, шу ерда овқатланасиз?– Биринчидан, бу ерга келиб овқатланишим одамларни чорлайди, ошпаз ва
хизматчиларнинг ишига масъулиятли бўлишини таъминлайди. Иккинчидан, етти
ёшимдан кўчага чиқиб кетганман, обрў эътибор орттиргунча ҳаётим кўчада ўтди,
кўчага ўрганиб қолганман, ука…
Етти ёшидан Деновдай шаҳарнинг кўчасини бошпана қилган йигитчанинг
бугунги даражага етгунча нима ишлар қилишга мажбур бўлганини тасаввур
қилаётган бўлсангиз керак. Амри ака ёшлигида бўйни қайрилиб боши қанотининг
остига тиқилган ўн беш-йигирматача товуқни халтага жойлаганча дарёдан сузиб
ўтиб, Душанбе, ҳатто ундан ҳам узоқроқларга обориб сотганлиги ҳақида гапириб
берган.– Товуқлар ўлиб қолмасмиди? – сўраганман, ўшанда.– Биттаси ҳам ўлмасди, – жавоб берган Амри ака.– Қандай қилиб?– Бор жамғармангга йигирмата товуқ олгач, шунга мажбур бўларкансан!
Ўз ўрнида Амри ака портретининг битта нозик жиҳатини ҳам айтиб қўяй. Ака
мактабда, деярли, ўқимаган. Болаликдан катталардай турмуш аравасини тортишга
мажбур бўлгани учун дарсларга қатнай олмаган. Унда Амри аканинг саводи
қаердан чиқди? Ундаги зако, манаман деган академикка дарс бериб қўйишга қодир
иқтисодий билим қаердан келди? Улуғлик ёшида бўлишига қарамай, онги нима
сабабдан бунчалар тиниқ, хотираси унча-мунча ёш-ялангникидан кучлироқ?
Бунинг сабаби шундаки, ака болалигидан китобларни яхши кўради. Мактабдан
ўрганолмаган нарсаларини бадиий китоб, яъни таниқли адибларнинг адабий
асарларидан ўрганган. Амри ака билан исталган киши фақат иқтисод эмас, ўзбек
ва жаҳон адабиёти борасида ҳам қизиқарли суҳбат қура олиши мумкин эди. Биз
икковимизни боғлаган, яқин инсонларга айлантириб қўйган ҳам мана шу адабиёт
эди, аслида.
Бугунгача Амри аканинг “Афросиёб” таркибидаги мол бозори, қурилиш
материаллар бозори, иккита ёнилғи шохобчаси, учта ошхона, сут ва сут
маҳсулотлари корхонаси, консерва заводи, аллақанча колбаса, музқаймоқ цехлари,
қушхона, мевани қуритиш заводи, қорамол боқиладиган фермер хўжалиги, чой
ва мева қадоқлаш фермалари бор. Улардан биргина қорамол боқиладиган фермер
хўжалигининг ўзида 200 нафардан ошиқ ишчи ишлайди. Биргина “Афросиёб”нинг
ўзи давлат бюджетига 100 миллиондан кўп солиқ тўлайди. Шунча иқтисодий
тармоқларнинг кирим-чиқим, олди-сотди сарф- харажатларининг ҳаммаси Амри
аканинг шахсан ўзи тасарруфида. Яна денг, бу инсонда на битта ён дафтар, на
махсус ҳисоблаш аппарати бор. Барча олди-сотди харажатларини Амри ака миясида
бажарарди. “Мия – мия эмас, компьютер!” деган ибора мана шундай одамларга
айтилса керак-да!
Баъзида ука бўлиб, ўзимча Амри акага “Ака, етар шунча елиб-югурганингиз,
яхшиси, ҳамма ишни ўғилларингизга топширингда, ўзингиз ҳордиқ чиқариш учун
Канар оролларига учиб кетинг!”, деб насиҳат қилиб қолардим. Шунда Амри ака
кулимсираб, “Бекорчилик кони зарар, чарчоқ, касаллик деганлари ишнинг эмас,
бекорчиликнинг орқасидан келади”, деб жавоб берарди.
Амри акадан ёш тадбиркорлар бир нарсани ўрганса арзийди. Бу одам учун
даромаднинг катта-кичиги йўқ. Мен катта тадбиркорман, фақат катта-катта
бизнесларга пул тикишим керак, деб фаолиятини чеклаб ўтирмайди, кичик
лойиҳалар ортидан ҳам катта пул топишни билади. Масалан, у кишининг битта қора
“Лимузин”и бор. Амри ака бу машинани минмайди, балки, у тадбиркорнинг ўзи
шаҳар марказидан бино қилган “Бахт уйи” учун хизмат қилади. Хуллас, эртакларда
сеҳрланган бир кишининг ушлаган ҳамма нарсаси олтинга айланиб қолавергандай,
бу инсоннинг ҳам бисотида нима бўлса, барчаси даромад олиб келади. Энди шу
одам қачондир ҳаммомга мудирлик қилган десак, биров ишонадими?
Мен танийдиган одамлар орасида Амри акани унча хушламайдиган, ҳув
бир замонлар оддий ишчи эди, энди бир думалаб миллионерга айланиб қолди,
деб орқасидан гапириб юрадиганлар ҳам талайгина. Шундайлардан биттаси
бир воқеани гапириб берди. Айтишича, Амри ака бир куни унинг олдига пахта
хирмонларининг устига ёпилавериб яроқсиз бўлиб қолган эски брезентларни
сўраб борибди. Буларни нима қиласиз, деса, қўлқоп тиктириб Россияга сотаман,
дермиш. Тайин гапки, ҳалиги одам Амри акага чириган брезентларни беришдан
бош тортган. Воқеани айтиб бераётган киши бу гапларни Амри акани ерга уриш
учун гапиряпти-ю, мен аканинг ишнинг кўзини билиши, бизнес борасидаги
топқирлигига беш кетиб ўтирибман…
Биргина бу одам эмас, асли Амри аканинг ўй-ташвишлари, унга қасд қиладиган
одамлар ва йўлига қўйилган тўсиқлар ҳаддан ташқари кўп эди. Масалан, шарбат
қадоқлайдиган Исроил технологиясини Деновга олиб келиш учун 3 йилдан бери
югурарди, бир йилга етадиган шарбат ҳам тайёр, аммо масъуллар “Афросиёб”га
кредит ажратишга унашмасди.– Йўталиб қўйсангиз қандай бўларкан, – дердим, баъзида.– Бундай ишлар бизга тўғри келмайди, – жавоб берарди, Амри ака.
Амри аканинг ўз меҳнат фаолияти билан ҳам халқ, ҳам давлатга фойда
келтираётганига 60 йилдан ошибди. Олгани, биргина “Меҳнат фахрийси” кўкрак
нишони. Турли туман мукофотларга тавсия этадиган идораларнинг амалдорлари
нимагадир бу одамни унча кўп эслайверишмайди. Ҳатто, мен танийдиган айрим
журналистлар ҳам бу масалада ўша амалдорлар билан якдил. Шунинг учун ҳам
улар Амри ака ҳақида очерк ёзишдан кўра танқидий фельетон ёзишни фойдали деб
билади ва тўғри қиладилар. Нега дейсизми?
Қабринг нурга тўлгур Отажон Худойшукуровнинг “Катта сувора”сида
“Маломатга нишондирман” деган хитоб бор. Суворани тинглар эканман, мен
маломат тошлари остида қолган одамнинг гуноҳлари кузги япроқлардай дувуллаб
тўкилишига, бу одамга Аллоҳ катта ажру-мукофотлар ҳозирлашига ишонаман. Ким
билсин, эҳтимол Амри аканинг ишларига ривож, мол-дунёсига барокот, умрига
барқарорлик берган ҳам айнан ўша ўринсиз ғийбат, маломат тошларидир?..
Икки бора Ҳаж зиёратини адо қилган Амри ҳожининг вафоти хабарини менга
бугун тонгда етказишди. Буни етказган одам марҳумнинг амалга оширган кўплаб
хайрли ишлари билан бир қаторда, Баҳовуддин Нақшбанд Ҳазратларининг ардоқли
шогирди шайх Алоуддин Аттор жанобларининг Денов шаҳрида жойлашган қабри
устига қурилган мақбара учун ҳам катта эҳсон қилганини эслаб ўтди. Демак, Амри
ҳожи шунчаки яшамади. Умрини фақат пул топишдан иборат майда ташвишларга
совурмади ва бунинг ажрини Яратганнинг ўзи бергувчидир.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil