Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Биз нечун кўкламни кутдик, азизим

Носиржон ЖЎРАЕВ – 1984 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Улғайиш кунлари”,
“Муҳаббатдан сўнг…”, “Энг қудратли зарра”, “Шарҳ”, “Мангулик кемаси”, “Ноябрь
куйи”, “Аксинча”, турк тилидаги “Ҳасратнинг шакли” (“Hasretin şekli”) шеърий
китоблари нашр этилган.


* * *
Дунё бунча ғирром берди қийматинг
Ва ҳеч инсоф билан боқмади ҳаёт
Тунда ойдек ёлғиз ва шоир эдинг,
Тонг чой қўйдинг, ерга боғлади ҳаёт.
Демак, ой шуъласи кетди заминдан,


Олов мисраларни лабингдан юлдинг.
Бу ҳиссиз оламга боқдинг-у зимдан,
Сўнг ўзингга беишқ қисмат буюрдинг!
Мен ўтлиғ руҳингни севардим фақат


Кўзёшинг шеър бўлиб томгани учун,
Ва энди ҳеч қачон қилмасман шафқат
Қалбинг осмонлардан тонгани учун!
Ахир ойдек ёлғиз ва шоир эдинг…


* * *
Курагимда қаттиқ оғриқ бор:
Бу ғанимнинг ортдан пичоғи
Зарби, ёки тўсатдан бирор
Қанот ўса бошлаган чоғи!


Юрагимда қаттиқ оғриқ бор:
Балки қонни қуюлтирди ғам,
Ёки менга билдирмай такрор
Дардни ёлғиз чекяпти онам!

Мен ҳалиям дунёга бандман,
Гарчи елкам аро кўп тиғ бор.
Онам каби элим ҳам дардманд
Юрагимда қаттиқ оғриқ бор!


* * *
Машҳур иборалар ёдимдан чиқди,
Унутдим энг кўҳна нақлларни ҳам.
Мудом азоб билан руҳим чиниқди,
Рад этдим руҳимга яқинларни ҳам.


Ҳар қайси одобдан кечдим, агар у
Хоиннинг қошида бўйнимни эгса.
Гар тавозеъ қилса ҳақ сўздан айру
Тилсиз бўлишимга имзолар чекса.


Қутлуғ ерларимга тупурар иблис,
Бу содда улусга ёлғон тўқир ким!
Сўлак тегмаган жой излаётирмиз,
Худойим ҳукмини қачон ўқиркин.


Шу дарёлар берган исёнга хосман,
Шу тоғлар ўргатган чорлаб ёнига:
Мен юрт зарарига сукут этмасман,
Андиша қилмасман халқ зиёнига!


* * *
Биз нечун кўкламни кутдик, азизим,
На гуллаш имкони, на ишқ завқи бор.
Хазонлар кўмганча қолгандир кўзим,
Сенинг юрагингни босиб бўлган қор!


На гуллаш имкони, на ишқ завқи бор,
Қуриган шох каби истиқбол йўқдир.
Бу баҳор бизларга қилмас энди кор,
Бизниям баҳорга меъдамиз тўқдир.


Хазонлар кўмганча қолгандир кўзим,
Энди у кўрмагай зангор рангларни…
Сен ва бу кўкламдан яширдим юзим,
Ёпдим юзимдаги абгор рангларни!


Сенинг юрагингни кўмиб бўлган қор
Хотирлар музлаган, ҳислар тирилмас.
Биз нега кўкламни кутдик бунча зор,
Ахир баҳорларга бундоқ кирилмас!

* * *
Қай бир юлдузни кўзлаб мунча кўп ёнди кўнглим,
Ҳар куз – хазон, ҳар баҳор қайта уйғонди кўнглим,
Менинг афанди кўнглим, менинг афанди кўнглим,
Бундай эшшаклар билан Ғиротга етиб бўлмас!


Алпомишга ғул солган юрт – Чамбилдан келдингми,
Кўклардан тушдингми, ё Сусамбилдан келдингми,
Наҳот осмондан чалпак кутган элдан келдингми,
Бундай эртаклар билан муродга етиб бўлмас!


Сен кўк майсалар узра ибодат қилдинг холос,
Сен ўзингни ёлғондан иборат қилдинг холос
Гарчи шоирсан, сўзни тижорат қилдинг холос!
Бундай эрмаклар билан бир Зотга етиб бўлмас!


* * *
Сен шам каби заъфарон тусда
Менинг умрим ёритгин мудом,
Мени эса пойингга куздай
Атай сочиб юборган Худо…


Сен деворда илуғлик қолган
Чолғу каби куйдинг беовоз,
Мен заррача илиғлик қолган
Ҳар нарсадан кутганда эъзоз…


Жоним, ҳаёт – кўҳна дард ҳамда
Дунё – ҳижрон деган иморат,
Сен умрбод ёнгайсан шамдай
Ва мен мангу куздан иборат…


* * *
Кўнглинг ёришсин деб қуёш ёқилган
Ва гуллар очилган, кулгин деб яъни…
Аммо сени гулдан гўзалроқ қилган,
Ўзи хазон гарчи, Носиржон қани?!


Нечун йиғлаяпсан кўклам қошида,
Ёп-ёлғиз қолдингми бахтли бўлгани?
Оғир соғинч кўрдим кўзинг ёшида
Яхши, жуда яхши! Носиржон қани?!


Кўзларинг ҳаётга ўксиб тикилар…
Манглайга сургани, тавоф қилгани
Тақвимга мувофиқ баҳор-ку келар,
Аммо бахтга қарши, Носиржон қани?!

* * *
Бунча маҳзун кириб келмоқда баҳор,
Ё менинг кўзимда хомуш ғуборми…
Мен кузлар қўйнидан чиққанимда хор,
Ҳолимга бир зеҳн солганлар борми?


Руҳни янгиламоқ кўклам удуми,
Дилда қолган-қутган хазон ҳидини
Шамоллар учирса бўлди эдими,
Ё яна бахтимни олганлар борми?


Воз кечдим кўнглимни ўйин қилди ким,
(Ахир арзон эмас юрагим – мулким)
Йиғлаб қолганлар кўп бўлиши мумкин,
Аммо жим ўйланиб қолганлар борми?


Чўлпон. XXI аср


Тулпорлар унутди тулпорлигини,
Қиличлар мудрайди мозийгоҳларда
Ҳаётда бир қутлуғ йўл борлигини
Ботирлар ўйламай қўйган чоғларда.


Қарсакдан кафтлари қаварар элнинг
Саҳнага чиққанда сур билан суллоҳ,
Нима фарқи қолар бўй билан эннинг,
Бош билан оёқнинг, астағфируллоҳ!


Фақат икки ҳолда кўзлари билан
Сўзлаша бошлайди юртда одамлар,
Бири – илм ортса, уйғонса миллат,
Бири – зулм ортса, улғайса ғамлар.


Шамол чайир қилар ниҳол боғларни,
Сувларнинг зарбида қайралар тошлар.
Томоғим куйдириб ўтган оҳларнинг
Ўтидан шеърларим гуриллай бошлар.


Мен ҳам келажакка бормоқ истардим,
Эй, Ватан олдида ҳозиржавоблар,
Сизларга улканлик қилади дардим,
Мени маъзур тутинг, жаноблар!


* * *
Мана, мисол учун тувакдаги гул
Оёғини лойдан чиқармоқ бўлиб
Ўзини тепага тортгани-тортган.


Аммо билмайдики, қутулмоқ тугул
Ҳар кун такрор-такрор сазаси ўлиб
Белигача сувга ботгани-ботган.


Нақшинкор дераза – қалин ойнадан
Ям-яшил боғларга боққан чоғида
Банди-бандигача кетар ўртаниб.


Бироқ ҳеч жилгиси келмас ўрнидан
(Гарчи орзу қилар буни гоҳида!)
У шу зах идишга қолган ўрганиб.


* * *
Кузнинг алангасида куйиб кетган дафтардек
Номлар хаёлдан бир-бир ўчганини кўрдингми?
Ўтганларнинг ҳаққига дуо қилган кафтлардек
Хазонлар титраб-титраб учганини кўрдингми?
Яна нима кутгандинг
Ишқми, вафоми, бахтми?!


Шаҳарларга қамалиб қолган шамолдир руҳим,
Бу руҳ билан на ҳажр, на висолни ҳис қилдим.
О, менинг ўзим билан тенг улғайган андуҳим,
Қўлимдан келгани шу: ҳаётингни куз қилдим!
Яна нима кутгандинг ؘ–
Ғамми, аламми, дардми?!


Бугун сочларим узра кумуш сувлар югурган,
Юзларимга улуғлик берди сенинг ҳижронинг.
Азалдан сенга ғафлат, менга ҳасрат буюрган,
Худо хайрингни берсин, аяябман виждонинг!
Яна нима кутгандинг
Хайр демоғим шартми?!


* * *
Ахилл, сенга келади раҳмим:
Найза зарбин, қилич ярасин
Оғриғини қилганча тахмин
Мавҳум ўлим томон борасан.


Учларига заҳар суртилган
Ўқлар тегса кўксингга, ҳечдир.
Ахир, ахир ўтмас сиртингга
Найзадир ё, камон, қиличдир…


Совут шартмас жангчисан гарчи,
Дубулғалар киймайсан бошга,
Ўқдан, тиғдан қирилса барча,
Яна сенинг тақдиринг бошқа.

Ахилл, сенга раҳмим келади:
Ўлгунча минг ўлиб-тирилган
Мендай одам яхши билади
Ўлим асли бахтдек берилган.


Гоҳ жон бердим хиёнат сабаб,
Яъни, ўқлар юракка теккан…
Бошим дарду ғамларни санаб
Минг бор дорда азоблар чеккан.


Эслолмайман дўст-ёр қўлидан
Неча марта оғу тотганман,
Ўтарканман ишқнинг йўлидан
Такрор-такрор ўлим топганман.


Ахилл, раҳмим келади сенга:
Сен ажалдан қўрқдинг бир умр,
Ўқ етгунча то товонингга
Яъни, Тангри қилгунча амр


На руҳингни, на-да вужудни
Улгурмадинг тоблаб ўлимга,
Товонингга боғлиқ умидни
Кўрсатдилар пойлаб ўлимга.


Мана, менинг кўксим яланг ва
Бошим мағрур, ҳар нега шайман.
Ахир менинг ҳар куним жанг ва
Ҳар куни минг ўлиб яшайман.


* * *
Алп Эр Тўнга бир ҳайқирди, уйғондим,
Кўзим очди аждодларнинг наъраси.
Кўҳна тош битикдек оғир ҳар бандим
Ҳар томирим қўзғалдилар норози!


Мен – бир халқман, майдаламанг руҳимни,
Мен – миллатман, юраги бор, лоши бор.
Билинг, вазмин туриб кечирсам кимни,
Жуфт елкамда Эр Тўнганинг тоши бор.


* * *
Эзилсам, кўнгилнинг ҳолидан бўлди,
Майда ва бачкана додлардан эмас.
Ҳар шеърим дилимнинг қонидан бўлди,
Манфаат қошида онтлардан эмас.

Ҳар баҳор баҳорга қўшилиб ундим,
Ҳар куз хазонликка теппа-тенг кўндим,
Чекинсам, Аллоҳдан қўрқиб чекиндим,
Мени хазон қилган дардлардан эмас.


Тилим қайроқ еган, муштим ҳавасманд,
Шу туришим билан боламга дарсман,
Қарз бўлсам, элимнинг олдида қарзман
Бир тўда олифта зотлардан эмас.


Оҳимни салмоқлаб, кўз ёшим санаб,
Тошлар дарз туширган юрагим садаф,
Шу юрак тебранар тулпорлар сабаб,
Қайдаги қирчанғи отлардан эмас.


Кўнглим ва манглайнинг хати тушмади,
Умримга гўзал бир хат етишмади,
Кутганим қандай бахт эди, тушмади,
Бу ҳаёт мен кутган хатлардан эмас.


* * *
Ҳаёт – сипо, дунё – пўрим. Ва шундоқ
Мен руҳимдан кечиб яшай бошладим.
Бунча маҳзун термуласиз, Бобуршоҳ,
Сиз нимадан безовтасиз, Машрабим!


Мени ожиз қилган ишқми? Ва шундоқ
Кўнглим оғриғи деб кўзим ёшладим?!
Нега бунча жим турибсиз, Бобуршоҳ,
Сиз не учун хўрсинасиз, Машрабим?!


Ўйланаман: нима топдим? Ва шундоқ
Аллоҳ тўлган қалбни қайга ташладим!
Сиз қай сори кетардингиз, Бобуршоҳ,
Қайси дорга юрардингиз, Машрабим?


* * *
Саҳро кенгайдими, тоғлар ўсдими,
Қудрат касб этдими дунё бу қадар,
Ҳаёт менга қарши тартиб туздими
Нега руҳим бунча кичрайиб борар!


Кўксимда қоришди исён-нидо ҳам,
Томирларим аро ҳорғинлик кезди.
Ахир осмондан тош ёққанида ҳам
Чўкмаган елкамни майда ғам эзди.


Ёлғиз ўзинг қолдинг ахир ишонган,
Мени тик юришдан толдирма, Худо.
Қачондир фақат ўт чақнатиб ёнган
Кўзимга кўзёшлар тўлдирма, Худо!


Нега руҳим бунча кичрайиб борар…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil