Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Қир уларни, қир!

Шотландиялик ашаддий бир пиёниста эди у. Сув қўшилмаган ўткир вискини
шарбатдай симирар, соат олтидан бошлаб, ухлайдиган вақти – тунги ўн иккигача
ичгани ичган эди. Уйқуга, кўпи билан беш соат вақт ажратар, сутканинг қолган ўн
тўққиз соатида жимгина, бамайлихотир ўтириб, арақхўрлик қиларди. Мен Оолонг
оролида бўлиб турган икки ой ичида уни бирор марта ҳам ҳушёр ҳолда учратмадим.
Шунчалар оз ухлардики, ҳушини йиғиб олишга улгурмасди. Бу қадар батартиб ва
интизомли пиёнистани сира кўрмаганман.
Унинг оти Мак-Аллистер эди. Қарасанг, шарти кетиб парти қолган бир чол,
тиззалари қалтирайди, қўллари эса шол бўлган одамникидай титрайди. Айниқса,
стаканга виски қуяётганида шишалар шақирлаб кетади. Аммо бирон марта ҳам
вискидан бир қатрасини тўкканини кўрмадим. Йигирма саккиз йилдан бери у
Меланезияда – Олмонияга қарашли Янги Гвинея ҳамда яна Олмонияга тобе
Сулаймон оролларида яшайди. Бу ўлкаларга шунчалик мослашиб кетганки, “дич
ди мир” деб аталувчи лаҳжаларни қориштириб ишлатади. Мен билан гаплашганда
“тонгда” дейиш ўрнига “қуёш, у чиқди” дер, “тушлик тортилди” ўрнига, “каи-каи,
у келди”, “қорним оғрияпти” эмас, “қорним ўйнаяпти”, деб гапирадиган бўлиб
қолганди.
Ушоққина, ташқаридан қуёш иссиғи, ичкаридан эса ичкилик буғлари билан
қоврилиб чўпдай бўлиб кетган, бутун борлиғи куйиндини, куйинди бўлганида
ҳам совуб улгурмаган куйиндини эслатадиган бу одамнинг юриши ҳам ғалати,
силкиниб-силкиниб, худди мурвати бураб тоб берилган қўғирчоқ каби ҳаракат
қиларди. Тарозига чиқса, қирқ кило тош босиши ҳам гумон эди.
Бироқ шунга қарамай, у барча ваколатларга эга бир подшоҳча эди. Оолонг
оролининг тевараги икки юз чақирим келар, кўрфазини эса фақат компас билангина
топа олардингиз. Оолонг аҳолиси беш мингга яқин эркак-аёл полинезиялик;
ҳаммаси келишган, кўпининг бўйи икки метрга яқин, барваста, саксон-тўқсон кило
тош босадиган одамлар эди. Оолонг энг яқин ердан уч юз қирқ чақирим наридаги
орол бўлиб, бир кичкина шхуна ҳар йили кокос мағзи олиб кетиш учун бу ерда икки
марта лангар ташларди.
Жек ЛОНДОН – (1876–1916). Асарлари бошқа тилларга энг кўп таржима қилинган
америкалик адиблардан бири ҳисобланади. “Мартин Иден”, “Оқ сўйлоқ”, “Ҳаётга
муҳаббат” каби оламга машҳур асарлари ўзбек тилига ўгирилган.
Майда савдогар, ўларча ароқхўр, оқтанлиларнинг Оолонг еридаги ягона вакили
Мак-Аллистер ана шу беш минг аҳолини темир қўли билан бошқариб турарди.
Айтгани-айтган, дегани-деган. Ҳар қандай истаги – қонун. Нима деса, ғиқ этмай
бажарилади. Шотландия қариялари орасида шунақа ипирисқи одамлар кўп учрайди
ўзи. Чол бу ёввойи қабиланинг ишларига тумшуғини тиққани-тиққан. Мана,
қиролнинг қизи Нугу оролнинг нариги четида яшайдиган азамат Гаунауга кўнгил
бериб, унга турмушга чиқишни ихтиёр этган, отаси ҳам бунга розилик билдирган
эди ҳамки, Мак-Аллистер бир оғиз “Йўқ!” деб айтди – тўй тўхтади. Ёки қирол
олий коҳинга қарашли бир оролчани сотиб олмоқчи бўлганди, Мак-Аллистер яна
“Йўқ!” деб кесди. Қирол Компаниядан бир юз саксон минг кокос ёнғоғи қарз бўлиб
қолганида эса қарз узилмагунча бирон дона кокос четга чиқмайдиган бўлди.
Албатта, Мак-Аллистернинг бунақа аҳмоқликлари қирол ва халқнинг
муҳаббатини оширишга хизмат қилмасди. Тўғрироғи, уни ҳамма ўлгудек ёмон
кўрарди. Кейин билишимча, орол элининг барча коҳинлари бош қўшиб, роса
уч ой қарғаб, дуоибад қилишган, ўлим тилашган экан. Унга энг қўрқинчли инс
жинсларни рўпара қилишди, бироқ Мак-Аллистер ҳеч нарсага ишонмас, шунинг
учун ҳеч қанақа алвасти унга хавф сололмасди. Бу ароқхўр шотландияликка ҳеч
нарса кор қилмади. Ёввойилар ундан қолган овқат сарқитлари, лаби теккан виски
шишаси, у шарбатини ичган кокос ёнғоғи, ҳатто тупукларини ҳам тўплаб жоду
қилиб кўришди, аммо Мак-Аллистерга жин ҳам урмади.
Соғлиғи балодек, унга безгак, йўтал ва шамоллаш деганлари бегона, бу
кенгликларда одатий ҳол бўлган, оқтанлилар ҳам, қоратанлилар ҳам муттасил
чалинадиган қўрқинчли яралару тери касалликлари ҳам уни четлаб ўтарди. Чунки
аъзойи бадани шу қадар ичкиликка бўккан эдики, қанақа микроб ёпишса ҳам бир
зумда қирғинга учраши тайин, мен ўзимча, мабодо адашиб, қай бир микроб Мак
Аллистернинг теварагидаги спиртли атмосферага кириб қоладиган бўлса, ўша
оннинг ўзида куйиб кул бўлиб унинг оёғи тагига тўкилса керак, деб хаёл қилардим.
Барча тирик жон, ҳатто микроблар ҳам Мак-Аллистердан қочади, унга эса виски
бўлса бас. У шунақа ҳаёт кечирар эди!
Ўзимча ўйладим: нимага бу қари қирчанғининг ўзбошимчалигига бу беш
минг маҳаллий аҳоли чурқ этмай чидаб келади? Қанча йиллар бурун, аллақачон
ўлиб кетиши керак бўлган бу мижғов қандай мўъжиза билан яшаб юрибди ўзи?
Қолаверса, маҳаллий аҳоли – қўрқоқ меланезияликларнинг нақ акси – жасур ва
руҳан жанговар эл-ку? Уларнинг катта қабристонида, марҳумларнинг бош ва оёқ
томонларида хилма-хил қурол-аслаҳалар – гарпунлар, милтиқ асбоблари, занг
босиб кетган найза ва қиличлар, мис болтлар, рулнинг темир чамбараги, кит
овловчи кемалардаги печларнинг қолдиқлари бўлган бомбард ва ғиштлар, ўн
олтинчи асрда тайёрланган кўҳна жез замбараклар – булар бари бир замонларда
дастлабки испан денгизчилари шу ёққа ҳам назар ташлаганининг далиллари
эди. Бу сувларда озмунча кемалар ажалидан беш кун бурун сувга чўкиб кетган
дейсизми! “Бленнердейл” деган кит овловчи кема шу кўрфазда бирмунча таъмир
ишларини ўтказиш учун лангар ташлаган чоғда бутун экипажи билан маҳаллий
халқ вакиллари қўлига тушиб қолганига ҳали ўттиз йил ҳам бўлгани йўқ. Шу
қисмат сандал дарахти ташиётган “Гаскетт” командаси бошига ҳам тушган. Улкан
елканли “Тулон” кемаси орол қирғоқлари яқинида тўсилган ва қаттиқ олишувдан
сўнг шатакка олиниб, Липауга кираверишда денгизга чўктирилган. Фақат кема
капитани бир ҳовуч матрослар билан кичкина бир баркасда қочиб қолган. Ва ана,
испан замбараги – у қайси дастлабки жасур денгизчиларнинг қатлидан гувоҳлик
бераркин? Буларнинг бари ҳозир тарих мулкига айланган – ишонмасангиз,
“Жанубий Тинч океани маълумотномаси”ни бир ўқиб кўринг. Аммо барибир,
ёзилмаган даҳшатли бир қисмат билан танишиш менга насиб қилди. Унгача эса,
шу беш минг кишилик ёввойилар нимага бу шотландиялик рамақижонни нариги
дунёга жўнатиб қўяқолишмайди, деган савол устида уззукун бош қотирардим.
Жазирама иссиқ забтига олган кунларнинг бирида Мак-Аллистер билан
айвонда ўтириб, яқинимиздаги кўрфаз сувида лаълу инжунинг барча ранглари
акс этиб товланаётганини томоша қилар эдик. Ортимизда эса қумли қирғоққа
экилган, эни юзлаб метр чўзилган пальмазор, улардан нарида эса, уммоннинг
соҳил қоятошларига урилиб, шовуллаётгани эшитилиб турарди. Атроф тандирдай
қизиган. Биз жанубий кенгликнинг тўртинчи даражасида турибмиз, шунинг учун
бир неча кун аввал экваторни кесиб ўтган қуёш қоқ тиккада. На ҳавода бир ғувур,
на сувларда бир шувур. Бу йил жануби-шарқий пассат шамоли ҳам одатдагидан
эртароқ тиниб қолган, шимоли-ғарбий муссон шамоли эса ҳали етиб келмаган эди.– Этикдўз булар, ҳечам раққослар эмас, – деди ўжарлик билан Мак-Аллистер.
Мен эса полинезияликларнинг рақсини мақтадим, папуасларнинг рақси бунинг
олдида жўнгина ирғишлаш, холос, дедим; итфеъл Мак-Аллистер эса буни ҳам
инкор қилди. Иссиқ забтига олган эди, шунинг учун баҳслашишга рағбатим қолмай,
индамай қўя қолдим. Аслида ҳам, Оолонг аҳолисининг рақс тушишларини илгари
ҳеч кўрмаган эдим.– Ҳозир кўрасиз, – деди ўжарлик билан ҳамсуҳбатим. Кейин эса қўл силтаб, Янги
ҳанноверлик, ошпаз ва малай йигитчани чорлади: – Ҳой, дейман, бор, қиролни шу
ерга чақириб кел.
Малай таъзим қилди, бир зум ҳам ўтмасдан Мак-Аллистернинг олдида ранг
қути ўчган Бош вазир етиб келди. У бечора минғирлаб, узр сўраган бўлди: қирол
ухлаётган экан, уни уйғотиш мумкин эмасмиш.– Қирол жуда қаттиқ уйқуда, – деди у охирида.
Бу гапни эшитган Мак-Аллистер нақадар дарғазаб бўлганини кўриб, вазир
чурқ этмай қочиб қолди ва тез орада қиролнинг ўзини бошлаб келди. Мен бу икки
азаматнинг қадди-қоматини кўриб, анграйиб қолдим. Айниқса, қирол бир бошқача,
бўйи икки метр келадиган баҳодир эди, юз-кўзларида бургутни эслатадиган
аломатлар бор – шимолий америка ҳиндулари орасида бундай қиёфалилари учраб
туради. У нафақат ҳукмдорлик қилишга қодир, балки шунинг учун туғилгандай
эди. Кўзлари яшин отиб чақнарди, аммо у бутун қишлоқдан эркагу аёл бўлиб икки
юз кишини рақс тушиш учун олиб келиш ҳақидаги буйруқни бош эгиб тинглаб
турди. Кейин эса, ишонасизми, икки юз эркагу аёл икки соат қуёшнинг куйдирувчи
нурлари остида рақс тушишди. Улар Мак-Аллистерни янаям ёмон кўриб қолсалар
нима, малъун чол пировардида ҳаммаларини сўкиб, масхаралаб жўнатди.
Бу хушқомат ёввойиларнинг қулларча мутелиги мени тобора кўпроқ ҳайрон
қолдирар эди. Ўзимга ўзим, қандай қилиб, қандай қилиб, дея савол берардим. Бунинг
сири нимада? Ҳар хил тахминларга борар, бу орада завол билмас бу ҳукмфармолик
яна янги қирралари билан қаршимда намоён бўлар, бироқ саволимга сира жавоб
топа олмасдим.
Бир куни Мак-Аллистерга бир масалада ишим юришмаганини айтдим: шу
ороллик бир чол иккита “каури” деб аталадиган тилларанг маржон чиғаноғини
менга уларни тамакига алмашгиси келмади. Сиднейда бўлганида мен уни камида
бир кило тамакига алмашлаб олишга ҳам тайёр эдим. Мен унга икки юз ўрам тамаки
таклиф қилдим, у эса, уч юз ўрамидан камига кўнмади. Мен нимаям бўлиб, Мак
Аллистер шу гапни айтиб қўйибман, у бояги оролликни чақириб, иккала чиғаноқни
ундан олиб қўлимга берди. Бунинг нархи нари борса эллик ўрам, кўп бериб, буларни
талтайтирманг, деди у. Ороллик чол тамакини хурсанд бўлиб олди. Турган гап, мен
бунақа бўлишини кутмагандим. Ичимда, энди тилимга эҳтиёт бўламан, деб сўз
бердим. Яна бир бор Мак-Аллистернинг бунчалар қудратли эканига тан бердим,
журъат қилиб, бунинг боисини сўрадим. Аммо Мак-Аллистер қувлик билан кўзини
қисиб қўйди-да, чуқур маъноли қилиб стакандагини яна ҳўплади.
Қайсиям тунда биз ҳалиги чол – Отти билан тунда соҳилга балиқ овлагани
чиқдик. Мен индамайгина қарияга боя берилмай қолган юз эллик ўрам тамакини
тутқазган эдим, шўрликнинг юзлари ёришиб, худди бола каби (аслида, отам тенги
одам) қувониб кетди, менга чуқур эҳтиром билан қарай бошлади.– Нимага сиз, қанақ эли худди ёш болага ўхшайсизлар? – деб сўрадим ундан. –
Бу чайқовчи – бир киши, сиз қанақлар эса кўпсизлар. Аммо қўрқоқ кучук сингари
унинг товонини ялашга ҳам ҳозирсизлар. Нима, сизларни еб қўярмиди? Ейман,
деса, оғзида тиши ҳам йўқ. Нега бунча қўрқаверасизлар?– Агар кўп қанақ савдогарни ўлдирса нима бўлади? – деб сўради у.– Нима бўларди, ўлади-кетади, – дедим. – Ахир сиз қанақлар оқларни биринчи
марта ўлдиришингиз эмас-ку. Бу оқтанли кишидан нега мунча қўрқасиз?– Ҳа, қанақлар оқ киши кўп ўлдирди, – деб тасдиқлади у. – Мен рост айтади.
Аммо илгари, илгари. Бир шхуна – унда мен ёш бола бўлган – у ерда, кичкина
орол ортида турган, шамол, у эсмаган. Кейин биз бу шхунани тутиб олган. Мен
тўғри айтяпти, аммо катта уруш қилиб тутган. Икки-уч оқ одам, роса отди. Қанақ,
у қўрқиш билмайди. Ҳамма жойда, пастда, тепада – ҳамма жойда қанақ бор.
Ким билади, қанақ ўн марта элликдан ҳам кўп. Яна, оқ Мери турган шхунага
ҳам ташландик. Меники олдин оқ Мерини кўрмаган. Қанақлар кўп-кўп оқларни
ўлдирди. Бирта капитан ўлмади. Капитан, у тирик эди, яна беш-олтита оқ одам
ўлмаган. Капитан, у буйруқ қилди. Битта оқ, у отяпти. Бошқа оқ қайиқ туширяпти.
Кейин ҳаммаси тез-тез орқага ўтяпти. Капитан, у оқ Мерини ҳам бортдан туширди.
Бари шайтондай тез эшкак эшиб қочяпти. Менинг отам, у вақтда кучли эди, найза
отди. Найза Мерининг биқинидан тешиб кирди, нариги ёғидан тешиб чиқди. Оқ
Мери ўлди. Биз қанақлар ҳечам қўрқмайди.
Афтидан, Оттининг ғурури қўзғади шекилли, болдирини очиб кўрсатди, ўқдан
қолган чандиқ яққол кўриниб турарди. Бироқ нимадир дегунимча бўлмай, ташлаган
қармоғининг пўкаги лопиллаб кетди. Отти қўл чўзди, қармоқ ипини тутиб олгунича,
балиқ маржонлар орасига кириб кетди.
Чол, гапга солиб, алаҳситиб қўйганим учун менга таънаомуз боқди-да, бортдан
сирғалиб сувга тушди. Сўнг ўгирилиб, қармоқ ипини олиб чиқиш учун шўнғиб
сувга кириб кетди. Бу ерларда сув туби йигирма метрдан кам эмасди.
Қайиқ четидан энгашиб, ортидан тикилиб қолдим. Чуқурликка тобора кириб
бораркан, ортидан майда пуфакчалар кўтарилар эди. Қимматбаҳо ов анжомини
қўлдан чиқармаслик учун чол йигирма метрча шўнғиб борса-я!
Орадан бирон дақиқа – менинг назаримда эса хийла замон ўтиб, чол ранги
оқаринқираб, сувдан чиқиб келди. Қайиққа ёндашиб, бояги йигирма қулочча
қармоқ ипини оғзидан олиб, бортга ташлади – анжом эгасига қайтди.– Ким билади, балки тўғридир, – деб яна бояги гапни қўзғадим мен. –
Қачонлардир сизлар қўрққансизлар. Ана ўша туфайли бу савдогар хавотирда ушлаб
туради сизларни.– Ҳа, қўрқиш кўп, – деди у хушламайгина.
Ярим соатча жим ўтириб, қармоқ билан андармон бўлдик. Бир маҳал қармоқлар
остида майда наҳанглар келиб, хўрак билан бирга илмоқларни ҳам юлиб кетишди,
биз эса бу қароқчилар даф бўлганидан кейин ов қиламиз, деб сабр қилиб кутадиган
бўлдик.– Ҳа сеники тўғри айтади, – дея кутилмаганда жимликни бузди Отти. – Қанақлар
қўрқув нима, билди кейин.
Мен трубкамни тутатиб, ҳангомани эшитишга ҳозирландим. Чол бояги “beche de
mer” дейиладиган мужмал тилда гапирган бўлса ҳам, мен уни сизга тушунарлироқ
қилиб тақдим этаман. Аммо ҳикоя руҳи ва тарзини сақлашга ҳаракат қилиб, албатта.– Шунақа қилиб, биз ҳовлиқиб ҳам кетдик. Бизга денгиз оша етиб келадиган оқ
одамлар билан қанча рўпара келиб уруш очган бўлсак, барида ғалаба қозонавердик
да. Биздан ҳам аллақанча одам қурбон бўлди, аммо бу кемаларда олиб келинган
ва қўлимизга кирган бойликлар олдида ҳеч нарса эмасди! Хў-ўш, йигирма…
йўқ, йигирма беш йилча илгари бир кема денгиздан келиб кўрфаз ичидаги сувга
бурилди-да, тўппа-тўғри биз томонга сузиб келаверди. Қарасак, уч мачтали улкан
шхуна. Бортида беш оқ одам ва қирқдан ортиқ экипаж аъзолари – янгигвинеялик ва
янгибританиялик қора танлилар. Улар бу ёққа трепанг – умуртқаси йўқ балиқ бор
ку, ўшанақа балиқ овлашга келишган экан. Шхуна Пауло яқинида нариги қирғоқ
томонда лангар ташлади, ёнидан туширилган қайиқлар бутун кўрфаз бўйлаб суза
бошлади. Улар ҳар жойга вақтинча бошпана қуриб, овланган трепангларни тузлаб
қурита бошлади. Оқ кишилар бўлиниб кетгач, ҳечам қўрқмай қўйдик: овчилар
кемадан эллик миль, ҳатто ундан ҳам узоқроққа кетиб қолишган эди.
Қиролимиз қариялар билан кенгашди, менга эса яна бир неча ўртоғим билан
куннинг қолган қисмида ва оқшомдан тонгга қадар ўйма қайиқда сузиб Паулоо
оролига етиб бордик ва катталарнинг биз қирғоқдагиларга биз тўсатдан ҳужум
қиламиз, сизлар эса шхунани қўлга киритинглар, деган гапини етказдик. Биз
чопарлар ҳам, ҳолдан тойганимизга қарамай, можарога қўшилиб кетдик. Шхунада
икки оқ киши – капитан билан ёрдамчиси, яна олтита қоравой қолган экан. Капитан
билан учта матросни тутиб ўлдирдилар, аммо капитан унгача тўппонча билан
бизлардан олти кишини отиб ўлдирди. Кўряпсанми, душман билан ана шунақа,
юзма-юз туриб олишдик.
Капитан ёрдамчиси эса отишма товушини эшитиб, шошганича ичимлик
суви, озиқ-овқат ва бир елканни уч қулочли кичкина қайиққа юклашга тушди.
Биз мингта одам, ҳаммамиз ўймақайиқларга тушиб олиб, кемага қараб елиб
кетдик. Жангчиларимиз бурғу чалишар, бўкириб жанг қўшиқларини куйлашар ва
эшкакларни қайиқ биқинига даранглатиб уришар эди. Бир оқ, уч қоратанли одам
бизга қандай қилиб бас кела олар эди? Ҳеч нарса. Капитан ёрдамчиси буни яхши
тушунар эди.
Аммо оқ одамга шайтон бас келмаса қийин. Менинг ёшим ўтди, умримда кўп оқ
одамларни кўрдим, аммо мана энди ниҳоят оқ одамлар уммондаги барча оролларни
қандай қилиб эгаллаб олишгани сабабини тушундим. Нимагаки, улар шайтоннинг
ўзгинаси. Мана ўзинг қара, мен билан бир қайиқда ўтирибсан. Ёшинг мендан
анча кичик. Сен нимани ҳам биласан? Мен ҳар куни сенга ҳали уни, ҳали буни
ўргатишим мумкин. Мен гўдак чоғимданоқ балиқ нима, қилиқлари қанақа эканини
сен ҳозир билганингдан кўпроқ билардим. Мана, қари одам бўлсам ҳам, кўрфаз
тубигача шўнғий оламан, сен эсанг… бу ишда ҳам менга ета олмайсан. Хўш, ўзинг
айт, сен ўзи нимага ҳам ярайсан? Муштлаша оласан, холос. Мен сени сира ҳам
жанг чоғида кўрмаганман, аммо шуни аниқ биламанки, бу ишларда ўз қавмингга
савқи табиий равишда таассуб қиласан ва иблис каби жанг қила оласан. Яна, сен
ҳам ўз қавмларинг сингари нодонсан, нимагаки, ўлсанг ҳам ўзингни енгилган
санамайсан. Ўларингга қарамай жанг қиласан, ҳатто жонинг чиқиб кетганини ҳам
билмай, охиригача урушасан.
Анов капитан ёрдамчиси нима қилди, деган? Биз бурғуларни чала-чала, кемани
қуршаб олдик, оппоқ сув бизнинг шарпаларимиз билан қорайиб кўринарди. Ўша
пайт у қайиқчани матрослар билан бирга сувга туширди-да, очиқ денгиз томонга
қараб қочиб қолишни хаёл қилди. Эси бутун одам шундай қайиқчада денгизга йўл
солмайди. Қайиқ бортлари сувдан атиги ярим қаричча чиқиб турарди, холос. Биз
йигирмата ўймақайиқ билан уларни қувлашга тушдик, икки юз ёш азамат шамолдай
еляпмиз. Бояги қора танли матрослар қайиқчада бир қулоч олдинга юрса, биз беш
қулоч яқинлашамиз. Каптан ёрдамчисининг ишлари чаппасидан кетди, мен сенга
у нодон одам экан, дедим-ку. У ўша қайиқчада турволиб, нуқул милтиқ отади. Ўқ
отишга ҳам нўноқ экан. Аммо қувиб боравердик, бизлардан ҳам ўлганлар, ярадорлар
кўпая берди. Аммо барибир капитан ёрдамчисининг ҳоли хароб бўлаверди.
Ҳали-ҳали эсимда, унинг оғзидан сигара тушмай, бурқиб турарди. Биз бор
кучимизни эшкакларга бериб, қирқ қадамларча яқинлаб қолганимизда у милтиқни
ташлаб, сигараси билан динамит шашкани туташтириб, шашкани биз томонга
улоқтирди. Тўхтамай, янги-янги шашкаларни ёндириб, бирин-кетин биз ёққа
улоқтира берди. Энди билсам, у порох сими орасини очиб, тезроқ ёниб портлаши
учун гугурт бошчаларини қўйиб чиқаркан, бунинг устига, порох сими калтагина.
Гоҳо шашка ҳавода турибоқ ёрилар, аммо кўпинча ўймақайиқлар ичига тушиб
портларди, ана шунда бу қайиқдаги одамлардан асар ҳам қолмасди. Йигирма
дона ўймақайиғимиздан ўнови кунпаякун бўлди. Мен ўтирган қайиқ ҳам осмонга
сакради, яқинимда ўтирган икки ўртоғим – динамит уларнинг ўртасида ёрилган
эди, ҳалок бўлишди. Қолганлар ортга қараб бурилишди. Буни кўрган капитан
ёрдамчиси “Қир уларни, қир!” деб бақириб, милтиғини яна қўлга олиб орқамиздан
ота бошлади. Бу пайтда унинг қоравой матрослари бор кучлари билан эшкак
эшишарди. Кўряпсанми, мен рост айтяпман, бу одам иблиснинг ўзи эди.
Бироқ бу билан фалокат аримади. Катта кемани тарк этиб, ёрдамчи унга ўт
қўйди, ҳам шундай қилдики, кемада қолган барча динамит ва порох бир маҳалда
портлаб кетди. Бизникилар эса кема осмонга сакраган пайтда олов ўчириш билан
овора бўлишди. Биз ортидан югуриб ета олмаган ўлжанинг ҳоли шу бўлди,
эвазига қанча одамларимиз қирилиб кетди. Ҳали-ҳозир ҳам, кексайган шу ёшимда
капитан ёрдамчисининг “Қир уларни, қир!” деб бақиргани тушларимга киради. У
момақалдироқдай овози билан “Қир уларни, қир!” деб ҳайқиради. Аммо лекин,
қирғоққа тушган оқ одамлардан бирови ҳам тирик қолмади.
Капитан ёрдамчиси эса ўша кичкина қайиқчасида, тўртта эшкакчи билан
океанга – нақд ажалга рўпара бўлиб чиқиб кетганига ҳайрон бўлдик. Аммо биз
янглишибмиз, бир ой ҳам ўтмасидан, икки жала ёғини орасидаги осойишта
кунларнинг бирида кўрфазга катта бир кема кириб келиб, бизнинг қишлоқ
рўпарасида лангар ташлади. Ҳукмдоримиз оқсоқоллар билан кенгашиб, икки
уч кундан кейин кемага ҳужум қилишга қарор берди. Унгача эса биз, эзгу одат
йўриғида, ўймақайиқларга тушиб, меҳмонларга хуш келибсиз қилиш, кокос, уй
паррандалари ва чўчқаларни алмаштириш учун кема ёнига сузиб бордик. Бироқ
дастлабки қайиқлар кемага яқинлашиши биланоқ, бортда турганлар бизга милтиқ
ота бошлашди. Қочганимизча қочдик. Бор кучим билан эшкак эшар эканман, ўша,
кичкина қайиқда очиқ океанга чиқиб кетган капитан ёрдамчисини таниб қолдим.
У борт четида сакраб-сакраб рақс тушар, бор овози билан “Қир уларни, қир!” деб
бақирар эди.
Ўша куни тушга яқин қирғоққа яна учта кема яқинлашди; ичида оқ одамлар
ғиж-биж экан. Ҳаммаси ерга тушиб, қишлоғимизга кириб боришди. Улар
қишлоқни бошидан охиригача кесиб ўтиб, йўлида учраган ҳар бир одамни отиб
ўлдиришди. Товуқ ва чўчқаларимиз ҳам қолмади, қириб ташлашди. Эплаб қочиб
қутулганлар ўймақайиққа тушиб, кўрфаз ортига яшириндик. Қирғоқдан хийла
узоқлашгач, кўрдикки, бутун қишлоғимиз оловда ёнар эди. Кечки маҳалда Нихи
бўғози яқинидаги Нихи қишлоғининг кўп ўймақайиқлари бизга йўлиқди. Булар
ҳам қочқинлар экан: Нихи бўғозига шимоли-шарқ томондан кириб келган иккинчи
кема уларнинг қишлоғи кулини кўкка совурибди.
Паулоога етганимизда қоронғи тушди. Тун зулмати ичида қулоғимизга аёлларинг
йиғиси эшитилиб, паулоолик қочқинларнинг бир тўп ўймақайиқларига дуч
келдик. Булар – каттакон бир қишлоқнинг тирик қолган бир ҳовуч одамлари экан;
қишлоқнинг ўзи эса улкан оловда гуриллаб ёнарди. Бу орада Паулоо рўпарасига
яна бир кема етиб келди. Маълум бўлишича, капитан ёрдамчиси уч ҳабаш матроси
билан Сулаймон оролларига етиб борибди, ўз биродарларига Оолонгда бўлиб
ўтган воқеаларни гапириб берибди. Биродарлари эса, бориб, ҳаммасининг адабини
берамиз, деб юпатишибди. Ана ўшалар уч кемада келиб, ҳаммани қийратди, учта
қишлоқ ер юзидан супуриб ташланди.
Энди нима қиламиз? Эртаси эрталаб уч кема шу ёққа эсган шамол кучи билан
кўрфаз ўртасида бизни қисиб келди. Шамол янаям кучлироқ эсди, улар эса
устимизга тикка бостириб келиб, ўнлаб ўймақайиқлар устидан бостириб ўтиб
кетди, қолган-қутганлар худди қиличбалиқдан ҳурккан учарбалиқлар сингари
ҳар ёққа қараб тирқираб қочди. Биз барибир кўп эдик, шунча қирғинга қарамай,
мингдан ортиқ қанақлар чет-четдаги оролчаларда биқиниб жон сақлаб қола олди.
Лекин шундан кейин ҳам бу уч кема бутун кўрфазни айланиб, бизни қийратишдан
тинмади. Тунда биз уларнинг ёнгинасида биқиниб ўтиб кетардик. Иккинчи кун
ҳам, учинчи кун ҳам, тўртинчи кун ҳам кемалар қайтиб келиб, кўрфаз ёқалаб бизни
овлашдан тинмади. Оқибат, кўрфазнинг нариги бошига бориб қолдик. Кунлар
шундай ўтарди. Ўлганларнинг саноғига ҳам ета олмай қолдик, уларни эслашга
ҳол қани? Ҳа, бизлар кўп эдик, оқтанлилар – озчилик. Аммо қўлимиздан нима ҳам
келарди. Мен қолган-қутган йигирмата ўймақайиққа йиғилган жасур йигитлар
қаторида эдим. Ҳаммамиз ўлимни бўйинга олиб, кичикроқ қайиққа ҳужум қилдик.
Оқтанлилар бизни аямай қиришга тушди. Устимизга динамит шашкаларни отдилар,
у тугагач, тепамиздан қайнаб турган сув тўкишга тушишди. Милтиқлари эса
бирон дақиқа ҳам ором билмай тариллар эди. Чўкаётган қайиғидан тушиб, сузиб
қочаётганларни эса отиб ўлдиришарди. Капитан ёрдамчиси эса кема кўприкчаси
устида яна ирғишлаб рақс тушар ва бор товуши билан “Қир уларни, қир!” деб
бақиришдан тинмас эди.
Кичкина оролчадаги ҳар бир уй охиригача ёндирилди. Ёв бизга биронта товуқ ё
биронта чўчқа қолдирмади. Ҳамма қудуқларга ўликларни ташлаб, устига маржон
синиқларини ёпиб ташлашди. Шу учала кема Оолонгга келгунича биз оолонгликлар
йигирма беш минг киши эдик, ҳозир беш минг киши бўлсак, қирғиндан фақат уч
мингга яқин одам чиққанмиз, холос.
Ахийри бу уч кемадагилар бизни бутун кўрфаз атрофи бўйлаб қувиб юриш
зериктирди. Улар шимоли-шарқ томондаги Нихида тўпланиб, бизни ўша ердан
ғарбга қараб қисиб кела бошлашди. Тўққизта енгил кемачага тушиб, ҳар бир
оролчани тит-пит қилиб текшириб чиқишди. Сира эринмай, кунба-кун таъқиб
қилишди. Оқшом тушиши биланоқ уч кема ва тўққизта кичикроқ кемача занжирдай
тизилиб олар ва биронта ўймақайиқ ўтиб кетишига имкон қолдиришмасди.
Албатта, бу иш абадий давом этиши мумкин эмасди. Ахир кўрфаз ҳам
кичкинагина. Тирик қолганларнинг бари ҳарбий қирғоққа суриб олиб келинди.
Ундан нариёғида океан ёйилиб ётарди. Ўн мингга яқин қанақ кўрфаз бошланган
қумдан қирғоқдаги қоялар бошланган ергача тиз чўкиб ўтқизилди. Бирон киши
чўзилиб ёта олмас, оёғининг чигилини ёзолмас, бунинг учун бир қарич ҳам бўш
жой йўқ эди. Тиззаларимиз тиззага, елкаларимиз елкага тегиб турарди. Улар икки
кеча-ю кундуз бизни шу алпозда қимирлатмай ушлаб туришди, капитан ёрдамчиси
эса кема мачтасига осилиб чиқиб, бизни хўрлар, “Қир уларни, қир!” деб бақиришдан
чарчамас эди. Биз бир ой аввал унга ва унинг кемасига қўл кўтарганимизга роса
афсус едик. Икки кечаю-кундуз оч ҳолда, тиз чўкиб турардик. Болалар, кариялар,
бедармон одамлар, ярасидан қон оқаётган жангчилар ўла бошлашди. Энг ёмони,
томоқларимиз қақраб кетган, бир қултум сувга зор эдик. Икки кун тепамиздан
қайноқ қуёш тикка нур сочиб турди, яширинишга тангадек ҳам соя жой йўқ. Кўп
эркак ва аёллар муздек уммон сувларига ўзларини отдилар, шалоплаб турган
қирғоқ сувлари уларнинг ўлигини қоятошларга олиб бориб урарди. Яна бир офат –
пашшалар бўлди, пашшалар устимизда булутдай учиб юрар, чақиб таларди. Тирик
қолганларнинг бари суяксиз балиқ овлашга келган уч мачтали кемага ҳужум қилган
ўша кунига лаънатлар ўқир эди.
Учинчи кун эрта тонгда учала кеманинг капитани бояги ёрдамчи билан бирга
биз томонга бир қайиққа тушиб сузиб келди. Тиш-тирноғигача қуролланган бу
одамлар биз билан музокара қилишди. Капитанлар, биз сизларни ўлдиравериб
чарчадик, шунинг учун отмаяпмиз, деб уқтиришди. Биз эса, қилган ишимизга чин
дилдан пушаймонмиз, бундан кейин оқ одамларга асло қўл кўтармаймиз деб онт
ичдик, итоатимизнинг исботи учун бошимизга тупроқ сочиб, ер ўпдик.
Бу маҳал ичимиздаги аёллару болалар дод солиб, сув сўраб йиғлай бошлашди,
олағовурда ҳеч нарсани англаб бўлмай қолди. Ахийри, устимиздан чиқарилган
ҳукмни эшитдик. Бизга учала кемани копра ва қоқланган суяксиз балиқ билан
тўлатиш буюрилди. Биз жон деб рози бўлдик. Чанқоқдан ўлар ҳолга етгандик,
жасоратимиз сўнди, бизга аён бўлдики, оқтанлилар билан жангда қанақлар иблис
олдидаги бола каби, қўлидан ҳеч иш келмас экан. Ҳукм ўқилгач, капитан ёрдамчиси
ўрнидан сакраб туриб, бизни калака қилиб “Қир уларни, қир!” деб бақирди. Кейин
қайиққа тушиб, сув излаб кетдик. Ҳафталар ўтаверди, биз эса трепанг овлаб,
қоқлашдан, кокос териб, улардан мағиз тайёрлашдан бўшамас эдик. Кунлар ҳам,
тунлар ҳам Оолонгдаги барча ороллар устида қуюқ туман осилиб тургандай бўларди – биз ўз гуноҳимизни шу тариқа ювган бўлдик. Чунки ўша ажал кунларида оқ
одамга қўл кўтариш мумкин эмаслигини қулоқларимизга қўрғошиндай қуйишган
эди.
Шундай қилиб, ахийри учала кеманинг трюмлари қоқланган трепанг ва копра
билан лиқ тўлди, бизнинг пальмазорларимиз шип-шийдам бўлиб қолди. Ана
шундан кейин учала капитан ва бояги ёрдамчи муҳим бир гапни гаплашиб олиш
учун ҳаммамизни яна тўплашди. Улар, қанақлар яхши сабоқ олишибди, буни амалда
ҳам кўрсатишди, деб айтишди. Биз эса такрор-такрор пушаймон эканимизни, бу
иш минбаъд қайтарилмаслигини айтиб, онт ичдик. Яна бошимизга қуму тупроқлар
сочдик. Капитанлар яна хурсанд бўлиб, бу иш уларга маъқул келганини айтишди.
Ва кечирганлари рамзи сифатида бир иблисни, иблисларнинг ҳам энг дажжолини
устимиздан нозир қилиб қўйиб кетишларини, ана шунда биз доим итоатда юра
олишимизни айтишди. Шу палла бояги ёрдамчи яна бизни мазахлаб, “Қир уларни,
қир!” деб ҳайқирди. Биз ўлдига чиқарган олти йигитимиз уларнинг кемасида экан,
ерга туширишди. Ана шундан кейин кемалар елканларини кўтариб Сулаймон
ороллари томонга сузиб кетишди.
Бояги, кемадан туширилган олти қанақ йигит капитанлар бизга қолдириб кетган
ёвуз иблиснинг қаҳрига учраган илк қурбонлар бўлишди.– Ҳа, сизларга оғир касалликлар юқдими? – деб сўрадим унинг сўзини бўлиб,
чунки оқтанлиларнинг макрини пайқаб қолган эдим.
Кемалардан бирида ўлат тарқалган экан, бояги асир йигитларга бу касаллик
атайлаб юқтирилибди.– Ҳа, оғир касаллик. Чунки бу жуда кучли иблис экан. Энг қари чолларимиз ҳам
бундай воқеани эслаша олмади. Аламига, биз тирик қолган коҳинларимизни ҳам
битта қолдирмай ўзимиз ўлдирдик, чунки улар бунга қарши даво топа олишмади.
Бояги касаллик кундан-кунга авж оларди. Мен сенга айтдим-ку, қумли қирғоқда
тиззамиз тиззага, елкамиз елкага тегиб, ўн минг одам тиз чўкиб тургандик деб.
Анов касаллик бадар кетганидан кейин уч мингтача одам қолибмиз, холос. Энди,
буни қара, кокоснинг бари копрага ишлатилиб кетганидан кейин юртимизда очлик
ҳам бошланиб кетди-ку…– Бу савдогар, – деди Отти чол энг охирида, – йўлда ётган бир тўп гўнг, холос.
У – бир сасиган гўшт, қурт чам-чам ейди, холос. У бир ит, бурга босган итдан бошқа
нарса эмас. Бурга талашидан ўлсин у. Қанақ, савдогардан қўрқмайди у. Қанақ оқ
одамдан қўрқади. Оқ одамни ўлдирса нима бўлади – қанақ билади. Савдогар бир
қўтир ит, унинг кўп ўртоқлари бор. Ўртоқлар уни хафа қилишга қўймайди, улар
иблисга ўхшаб жанг қилади. Қанақ бу лаънати савдогардан қўрқмайди. Қанақ уни
жуда-жуда ёмон кўради, савдогарни ўлдиришни хоҳлайди, аммо ёвуз иблисдан
қўрқиб, бу ишни қилмайди. Капитан ёрдамчи: “Қир уларни, қир!” деб бақиради.
Шунга, у ўлдирмайди савдогарни.
Отти типирчилаб ётган макрель балиғининг қорнидан тишлаб, бир парча юмшоқ
этни узиб олди ва қармоққа санчди. Хирагина йилтираб турган қармоқ юк тоши
билан сув тубига чўкиб кетди.– Акула марш-марш, – деди Отти. – Энди биз кўп-кўп балиқ тутган.
Пўкак тўсатдан қалқиб кетди. Чол қармоқ ипини эҳтиёткорлик билан тортди.
Бир катта мойбалиқ оғзини каппа очганича қайиқ тубида ўзини у ёқ-бу ёққа ура
бошлади.– Қуёш, у турган, – деди Отти. – Меники бу лаънати савдогарга катта-катта
балиқ текинга олиб бориш керак.


Рус тилидан
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ таржимаси

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil