Ғулом АТАДЖАНОВ – 1989 йилда туғилган. Нукус давлат педагогика институтини
тамомлаган. Республика матбуотларида ўндан ортиқ илмий мақолалари эълон қилинган.
Усмон Носирнинг 110 йиллик юбилейи муносабати билан “Танланган асарлар”,
“Усмон Носир замондошлар хотираси ва мухлислари васфида” китоблари чоп
этилди1. Шоирнинг юбилейи муносабати билан 2022 йилда уч ижодкор тарихий
драма яратди. Булар – Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Усмон Носир”
трагедияси уч парда, ўн етти кўринишдан ташкил топган тарихий фожиавий
асаридир. Шунингдек, Тўра Мирзонинг “Усмон шоир – осмон шоир” икки пардали
тарихий мусиқали драмаси бўлса, Жавлон Жовлиевнинг “Усмон Носир” беш
пардали тарихий мусиқали драмасидир.
Уч муаллиф ҳам қатағон қурбони бўлган ўзбекнинг асл фарзанди Усмон
Носирнинг ҳаёти, ижоди ва сургунда азобланиб бу дунёдан кўз юмушини
таъсирчан, ҳаётий, адабий ва тарихий факт, ҳужжатлар асосида маҳорат билан
бадиий гавдалантирган. Академик Наим Каримов “Иқбол Мирзонинг “Усмон
Носир” пьесаси хусусида” кириш мақоласида шундай дейди: “Усмон Носир
ҳақида, айниқса, саҳна асари ёзиш қийин. Муаллиф бундай асарда иложи борича
тарихий ҳақиқатдан чекинмаслиги керак. Шоир чеккан азобларни кўрсатавериш
ҳам томошабинни толиқтиради. Иқболжон жуда тўғри йўлни топган. Йигирма
беш ёшида ижод оламидан бадарға қилинган шоирни фақат унинг Шеърияти
кўтариб туради. Бу асарнинг иккита бош қаҳрамони бор. Улардан бири – Усмон
Носирнинг ўзи бўлса, иккинчиси эса – Шеърият. Баъзан Шеърият асарда Усмон
Носир қиёфасида чиқиб, пора-пора этилган дил жароҳатларини очади. Баъзан
Усмон Носир Шеъриятнинг шоҳона либосида гавдаланиб, ўзининг ўчмас инсоний
ва ижодий қудратини кўрсатади”2.
1 Носир У. Танланган асарлар. (Нашрга тўплаб тайёрловчилар: Каримов Н., Қўчқорова М., Аб
дусамад М.) – Тошкент: Адабиёт, 2022. – 320 б; Усмон Носир замондошлар хотираси ва мухлислари
васфида –Тошкент: Адабиёт, 2022. – 304 б.
2Каримов Н. Иқбол Мирзонинг “Усмон Носир” пьесаси хусусида // Шарқ юлдузи. № 04.
- – Б. 56.
Иқбол Мирзо Усмон Носирнинг ҳаёти ва фожиали қисматини акс эттиришда
тарихий драмада ўзига хос сюжет қурилмасидан фойдаланади. Яъни, драматург
“Бугун-Ўтмиш” сюжет линияси асосида қамоқхона ва Усмон Носирнинг болалиги,
талабалик даври, ижодкорлиги, таржимонлигига доир ҳаётий ва тарихий фактларни
кетма-кетликда беради. Иккинчи драматург Тўра Мирзо эса Усмон Носир ҳаёти
ва фожиавий тақдирини акс эттиришда хронологик сюжет кўринишидан унумли
фойдаланган. Иқбол Мирзо бироз мураккаб, аммо тушунарли саҳна кўринишларида
буюк истеъдод соҳиби Усмон Носирни қатл этган жамият, бу жамиятдаги ҳасадгўй
кишиларнинг асл башарасини фош этган. Тўра Мирзо ҳам “Усмон шоир – осмон
шоир” тарихий мусиқали драмасида Усмон Носирнинг онаси Холамбибининг
Намангандан Қўқонга узатилиш маросими билан бошлаган. Муаллиф Усмон Носир
ҳаёти ва ижодига оид воқеаларни хронологик тартибда бериш билан сюжетнинг
бир мунча соддароқ кўринишидан фойдаланади. Аммо ҳар уч драматург Усмон
Носир адабий шахсияти ва қатағон йилларининг даҳшатини, шунингдек, ичи қора,
ҳасадгўй кишиларнинг кирдикорларини маҳорат билан бадиий ифодалаган.
Уч драматург тарихий драматик асарлар матнида Усмон Носирнинг исёнкор
ва фусункор шеърияти ҳамда таржималаридан (“Боқчасарой фонтани”, “Демон”)
унумли фойдаланган. Иқбол Мирзо асли фарғоналик бўлгани учун Усмон Носир
туғилиб ўсган Наманган ва Қўқон шевасини драма қаҳрамонлари нутқида кенг
истифода этган. Драматург асарда водий одамларига хос соддалик ва миллийликни
ёрқин акс эттиришда наманган шевасига хос унсурлар, халқ ўйинлари ва
мақолларидан баракали фойдаланган. Драматург шоирнинг таржимаи ҳолига доир
ҳаётий ва тарихий фактларни ифодалашда академик Наим Каримовнинг Усмон
Носирнинг ҳаёти ва ижоди бўйича чоп этилган қатор илмий тадқиқотларидаги
ҳужжатли фактларга асосланади. Шунингдек, Тўра Мирзо ва Жавлон Жовлиевлар
ҳам олимнинг илмий тадқиқотларида акс эттирилган биографик, адабий ва тарихий
фактларга суянган. Биламизки, Усмон Носир ҳаёти афсонавийлашиб кетиб, шоир
ҳақидаги миш-мишлар салкам ҳаётий ҳақиқатга айланиб кетган. Шу маънода ҳар
уч драматург афсоналарга айланган Усмон Носир адабий шахсиятини тўлақонли
очиб бериш мақсадида оғиздан оғизга кўчиб юрган оғзаки маълумотлардан ҳам
фойдаланган.
Иқбол Мирзонинг тарихий фожиасида Усмон Носир, Терговчи, Терговчи
ёрдамчиси, Холамбиби, Ҳамза Ҳакимзода, Пўлат Қаюм, Ашурали Зоҳирий,
Мухтор Муҳаммадий, Қори Ниёзий, Субҳий афанди, Мўйдинжон, Мадамин
(Амин Умарий), Насима, Маяковский, Муса Жалил, Қодирий, Ойбек, Муҳсин
Ҳамидов, Шайхзода, Абдулазиз, Масъул котиб, Котиб, Ўринбосар, Равшаной,
НКВД ходимлари ва бошқа образлар иштирок этади. Трагедиянинг биринчи парда
биринчи кўриниши қамоқхона тасвири билан бошланади. Унда икки қаҳрамон
терговчи ва шоирнинг савол-жавоби акс этган. Терговчи шоирни оғзига келган
сўзлар билан ҳақоратлайди, сўкади. Ушбу асар ҳақида илиқ фикрларини айтган
академик Наим Каримов юқоридаги мақоласида шундай дейди: “Асардаги яна
бир муҳим масала – Терговчи билан Усмон Носир ўртасидаги “жанг” саҳналари.
Қатағон мавзусига бағишланган қарийб барча асарларда терговчилар ўта нодон, ўта
жоҳил, ўта миллатчи, инсоний қиёфасини йўқотган жонивор сифатида тасвирланиб
келади. Ушбу асарнинг дастлабки саҳналарида ҳам шундай аксилинсон образини
кўрамиз”3. Адабиётшунос жуда тўғри эътироф этган. Усмон Носирга бағишланган
тўртта драмада ҳам терговчи образи яратилган бўлиб, улар даврнинг салбий,
зулмкор типлари сифатида бадиий ифодаланган. Масалан, Нодира Рашидова
тарихий драмасида Хайритдинов, Клёпов, Матвеев, Марвин (НКВД ходимлари),
Иқбол Мирзонинг тарихий фожиасида Терговчи, Терговчи ёрдамчиси образлари
иштирок этади. Жавлон Жовлиев асарида Саша (рус зобити), Ваня (рус зобити)
образлари яратилган.
Иқбол Мирзо тарихий фожиада Терговчи ва Усмон Носир ўртасидаги
конфликтни қуюқ бўёқларда беради. Аммо Терговчи ёрдамчиси Усмон Носирнинг
катта истеъдодини англаб етади. Наим Каримов таъкидлаб кўрсатганидек, қатағон
мавзусида ёзилган асарларда Терговчи образи одатда шафқатсиз, жоҳил, золим,
нодон одам сифатида ифодаланади. Иқбол Мирзо яратган Терговчи ёрдамчиси
образида эса катарсис ҳодисаси юз беради. Терговчи ёрдамчиси савол-жавоблар
жараёнида Усмон Носирнинг айбсизлигини тушуниб етади, унинг улкан
истеъдодига қойил қолади. Усмон Носирнинг рус тилини ўз она тилидек мукаммал
билиши, Пушкин ва Есенин билан тенглаша олган ёш шоир бўлиб етишганидан
ҳайратланади. Терговчи Усмон Носирни Сталинни маҳалласидаги бўёқчи жуҳудга
ўхшатиб халқлар отасини ҳақорат қилганликда айблайди. Терговчи билан Усмон
Носир ўртасидаги савол-жавоб жуда шиддатли кечади. Жумладан:
“Терговчи: Вой-бўй, “гений!”, тирноқларинг қани? Яна девор тирмаладингми?
Усмон Носир (юзини ўгиради): Агар эркак бўлиб қўлимдаги кишанни ечсанг,
кўрсатаман нима бўлганини!
Терговчи: Сени тилинггаям кишан солиш керак. Назоратчини нега урдинг?
Усмон Носир: Айтдиму, онамни сўкди.
Терговчи: Нима бўпти? Сўккани билан сўкилиб қоладими? Бизда, масалан,
сўкмай гапирсанг ҳурматсизлик ҳисобланади.
Усмон Носир: Унда нега Сталинни сўкди деб менга айб қўябсан? Нега?!
Терговчи: Сен халқлар отасини сўкмагансан, ҳақорат қилгансан. Иккови бошқа
бошқа масала. Нима деганинг эсингдами?
Усмон Носир: Минг марта айтдим, ёзиб ҳам бердим, Сталинни маҳалламдаги
бўёқчи жуҳудга ўхшатганман. Шу, холос.
Терговчи (ўрнидан сапчиб туради): Нима?! Шу, холос?! Биласанми, сен
айтган бўёқчи-мўёқчиларнинг миллионтаси ўртоқ Сталиннинг ҳаром тукига
арзимайди! Доҳийни кимгадир ўхшатиш сен иприсқига тушиб қолдими? Манави
қовоқкаллангга тўппончани тираб тепкини босиш учун ана шу ўхшатишингни ўзи
етади!
Усмон Носир: Отсанг от! Жонимга тегдинг! Ҳаммангга тупурдим! Туфу!
Терговчи (ёнидан револьверини чиқариб, отмоқчидай ўқталади. Кейин дастаси
билан Усмон Носирнинг бошига уради): Сенга ўқ ҳайф! Сен Пушкин эмассан!”4
Бу савол-жавобда терговчининг Усмон Носирга айб қўйишга ҳаракат қилиши,
доҳийпарастлиги; шоирнинг эса бурро тили, қўрқмаслиги, кескин характери
маҳорат билан очиб берилган. Асарнинг тўртинчи кўринишида Усмон Носир таҳсил
олган “Дорул-шафақа” мактаби, синфхонаси, у ерда дарс берган устозлари Ҳамза,
3 Каримов Н. Иқбол Мирзонинг “Усмон Носир” пьесаси хусусида // Шарқ юлдузи. № 04. - – Б. 34.
4 Мирзо И. Усмон Носир // Шарқ юлдузи. № 04. 2022. – Б. 36-37.
Пўлат Қаюм, Қори Ниёзий, Ашурали Зоҳирий, Субҳий афандининг мулоқотлари
акс эттирилган. Кўриниш якунида Ҳамза Усмон Носирга қараб насиҳат қилади.
Мазкур парчани келтирамиз:
“Ҳамза: Кимга айтай?! Ким мени тушунади?! Биз суяк-суягига қўрқув уриб
кетган, қон-қонига хиёнат шимилган бир элатмиз. Йўқса, бу наф осон алданиб
қолмасдик. Бизга ҳар бир миллий жумҳурият ўз тақдирини ўзи белгилайди, ички
ишига аралашмаймиз деб қасам бердилар. Энди-чи? Дунёнинг энг йирик салтанати
бўлган Туркистонимизни ҳар турли сунъий ном ила парчалаб ташладилар. Мен
бундай адолатсизликка, риёкорликка муроса қилолмайман. (Бироз тин олиб)
Мени сўзларим бу қора кўзларнинг ҳеч йўқ биттасининг кўнглида яшаб қолса
ҳам минг розиман. (Усмон Носирга қараб.) Сен, ўғлим, бу ёққа чиқ-чи! Туронни
эшитганмисан? “Шажараи турк”ни варақлаб кўрдингми? Ўқи ва уқ, хулоса қил.
Бу ҳаёт шафқатсиз курашдан иборат. Номард кўп, ўғлим, сотқин кўп. Ҳаётинг
олдинда, фақат ҳушёр бўл. (“Яша, Турон” қўшиғи янграйди.)”5
Ҳар уч драматург Усмон Носир ва у яшаган давр фожиаларини акс эттириш
учун тарихий ва бадиий тўқима образларни олиб кирган. Жумладан, Иқбол Мирзо
тарихий давр манзарасини батафсил ёритиш мақсадида Ҳамза, Пўлат Қаюм, Мухтор
Муҳаммадий, Ашурали Зоҳирий, Қори Ниёзий, Амин Умарий, Маяковский,
Мўйдинжон каби аниқ реал шахсларни бадиий гавдалантиради. Шу билан бирга
муаллиф Терговчи, Терговчи ёрдамчиси, Насима бадиий тўқима образларини ҳам
маҳорат билан яратган.
Тўра Мирзо ва Жавлон Жовлиев нисбатан камроқ образлар яратган. Масалан,
Тўра Мирзонинг “Усмон шоир – осмон шоир” тарихий мусиқали драмасида иккита
тарихий шахс образи ва бешта тўқима образ яратилган. Жавлон Жовлиевда эса
Усмон Носир образигина тарихий шахс саналса, Қўчқор Самад (адабиёшунос),
Шокир Абди (шоир), Тўхта шоир (ҳавасманд ижодкор), Содиқ Пўлат (расмий), Она
(шоирнинг онаси), Қиз (севгилиси), Луиза, Саша (рус зобити), Ваня (рус зобити),
Доктор, Бармен каби бадиий тўқима образлардир. Жавлон Жовлиев тарихий давр
фожиасини акс эттиришда умумлаштириш йўлидан боради. Муаллиф Усмон
Носирнинг онаси Холамбибининг исми шарифи маълум бўлса-да, драмада Она
умумлашма образини яратади. Бизнингча, яқин ўтмишдаги аниқ тарихий шахслар
образини яратишда умумлашма ва жамлама образ яратиш ўзини оқламаган. Шунга
қарамасдан, ёш драматург “Усмон Носир” тарихий мусиқали драмасида ўзига хос
бадиий ижодий услубини ярата олган. Бу муаллифнинг шахс ва давр фожиаларини
беришда киноявий бадиий услубни шакллантирганлигида намоён бўлган.
Тўра Мирзонинг “Усмон шоир – осмон шоир” драма сюжетида шоир Усмон
Носирнинг болалиги, ўсмирлиги, таниқли шоир бўлиб кўзга кўриниши ва
сўнгги кунларини бадиий талқин қилган. Усмон Носир, Холамбиби, Муаллиф,
Людмила (Кемерово ҳибсхонаси кутубхоначиси), Қамоқхона назоратчиси, раис,
1-йигит, кейинчалик 1-ёзувчи, 2-йигит, кейинчалик 2-ёзувчи, 3-йигит, кейинчалик
3-ёзувчи иштирок этади. Драмада шоирнинг отаси Носир Ҳожи иштирок қилса
ҳам, нимагадир иштирок этувчилар рўйхатига киритилмаган. Драмада шоирнинг
Тошкентдаги ҳовлиси ҳам тилга олинади. Бироқ у яшаган муҳит, бахиллик,
кўролмайдиган дўстлар, Сталинни кимгадир ўхшатиш ва бошқалар барча шоир
ижодига бағишланган драмаларда мавжуд.
5 Мирзо И. Усмон Носир // Шарқ юлдузи. № 04. 2022. – Б. 39.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар учала драмада фарзанди учун куйиб адо
бўлган она изтироби юқори пафос билан ифодаланган. Бинобарин, адабиётшунос
Наим Каримов Иқбол Мирзо тарихий фожиасида тасвирланган “она саҳнаси” билан
боғлиқ жиҳатларга эътибор қаратиб шундай ёзади: “Асарда яна бир муҳим саҳна
бор. Бу саҳнанинг шабадалари олдин ҳам ўқтин-ўқтин эсиб турган. Мен бу саҳнани
“Она саҳнаси” деб атаган бўлардим. Отадан эрта етим қолган шоирни жабрдийда
онаси Холамбиби катта қилган. Усмон Носир ўрта мактабни тугатар-тугатмас
Москвага, Россиянинг тарихий шаҳарларига бориб, дунёни кўра бошлаган. Аксар
умрини эса Тошкентда ўтказган. Ижод, дўстона гурунглар, сафарлар туфайли бу
дунёдаги бирдан-бир меҳрибони Холамбибини тўйиб кўролмаган. Биз яшаган
даврнинг драматик-фожиавий воқеалари шуни кўрсатадики, ҳар бир инсоннинг
мингта дўсти бўлса ҳам, бирортаси Она ўрнини боса олмайди. Драматург ана шу
адабий ҳақиқатни саҳна имкониятларини ҳисобга олган ҳолда спектакль финалида
шундай кўрсатганки, шу саҳнагача сояда юрган Она асарнинг учинчи бош
қаҳрамонига айланади. Энг муҳими, у она-Ватан тимсоли даражасига кўтарилиб,
асар асосий концепциясининг очилишига муҳим ҳисса қўшади”6. Тарихий
фожианинг хотимаси она фарёди билан тугалланади. Драматург Тўра Мирзонинг
“Усмон шоир – осмон шоир” тарихий мусиқали драмаси ҳам худди шу йўсинда
тугалланган. Тарихий драманинг энг сўнгги ўн биринчи кўринишида 1957 йил,
сентябрь ойида Холамбиби ўғлининг оқланганлиги ҳақидаги мактубни олади. Бу
саҳна кўринишида ўғлини соғиниб, айрилиқ азобида қаттиқ дард чеккан онанинг
таъсирчан марсия шеъри китобхонга кучли таъсир қилади.
Муштипар она ўғлининг на тиригини, на ўлигини кўрган. У ёт мозорларда қолиб
кетган ўғли учун дод-фарёд қилади. Онанинг чуқур дарди, ғами драмада акс этган
марсия шеърда маҳорат билан ифодаланган. Бизнингча, Т.Мирзо ҳам шоир, ҳам
драматург сифатида “Усмон шоир – осмон шоир” тарихий мусиқали драмасида
шу пайтгача тўплаган адабий ижодий тажрибаларини катта маҳорат билан намоён
этган. Драмада акс этган Ўланчи аёл, 1-аёл, 2-аёл, 3-аёл, Холамбиби, Кекса шоир,
Людмила тилидан айтилган шеърлар муаллиф Тўра Мирзо томонидан ёзилган,
мазкур тарихий мусиқали драмадаги шеърий парчалар, шунингдек, Усмон Носир
ижодидан олинган шеърлар драманинг мусиқийлик ва лиро-романтик, трагик
пафосини таъминлаб берган.
Иқбол Мирзонинг тарихий фожиасида Терговчи ёрдамчиси образи катарсис
ҳолатини бошидан кечирган образ сифатида яратилган бўлса, Тўра Мирзонинг
тарихий мусиқали драмасида 3-ёзувчи худди шунингдек, катарсис ҳодисасини
бошдан кечиради. Тўра Мирзо драмасида яратилган исми шарифи берилмаган уч
ёзувчи Усмон Носирнинг туғма истеъдодини кўра олмайди.
Нодира Рашидованинг “Усмон Носир” драмаси ундан кейин яратилган драмалар
учун асос бўлди. Истеъдодли ёш шоир ва драматург Жавлон Жовлиевнинг мусиқали
драмаси ҳам бундан мустасно эмас. Мазкур мусиқали драма сюжет жиҳатидан
Нодира Рашидованинг ёзган драмасига анча яқин. Сюжетни шакллантиришда
Тошкентдаги ва сургундаги воқеалар асос қилиб олинади. Бизнингча, драматург
Жавлон Жовлиев Усмон Носир образи ва қатағон даври фожиаларини акс эттиришда
нотўғри ёндашган. Ижодкор миллатимизнинг катта истеъдодли шоири Усмон
6
Каримов Н. Иқбол Мирзонинг “Усмон Носир” пьесаси хусусида // Шарқ
юлдузи. № 04. 2022. – Б. 33-34.
Носирнинг ҳаёти ва фожиавий қисматини бугунги замондошларимизга етказишда
янглиш эстетик мезонда туриб баҳолаган. Яъни драмада Усмон Носирнинг
енгилтабиатлилигига эмас, балки унинг истеъдодига, шундай етук шоирнинг
туҳмат туфайли қатағон қурбони бўлганига диққат қаратиши лозим эди. Бу
жиҳатдан Нодира Рашидова, Иқбол Мирзо, Тўра Мирзонинг Усмон Носир ҳақидаги
тарихий драмалари муваффақиятли чиққан. Қолаверса, бу икки драматург тарихий
фактларга ёндашувда икки хил йўлдан кетган. Нодира Рашидова Усмон Носирнинг
биографияси, оиласи, ижоди, сургундаги йиллари ва вафотини ёритишда аниқ
тарихий ва ҳаётий фактларга асосланган. Жавлон Жовлиев эса шоир биографияси,
отаси, онаси, сингиллари яъни оиласи ҳақидаги барча маълумотлар аниқ бўлса-да,
бадиий тўқимага куч беради. Аммо, назаримизда, яқин ўтмишдаги адабий шахс,
жўшқин шоир Усмон Носир ҳаёти ва фожиасини тўлақонли очиб бера олмаган.
Хулоса шуки, Усмон Носир ҳақида яратилган ҳар уч тарихий драма истиқлол
даври ўзбек драматургиясида алоҳида ўринга эга.