Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ – филология фанлари доктори. 1967 йилда туғилган. Тошкент
давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “Фитратнинг тадқиқотчилик
маҳорати”, “Ҳудудсиз жилва”, “Назарий поэтика масалалари” ва “Қодирий ва роман
тафаккури” номли илмий китоблари ҳамда кўплаб мақолалари чоп этилган.
Миллий тилшунослигимиз отаси Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғотит
турк” қомусий асарида қадим туркий тилда “соқинч” шаклида талаффуз қилинган
“соғинч” сўзи туб маъносини ботиний ғам, изтироб тарзида изоҳлаган. Аммо бу
сўз бугунга келиб ёзма ифодасида ҳам ўзининг ўша маъновий вазни ва салмоғини
бир қадар йўқотганга ўхшайди. Чунки замонавий одамлар эндиликда “соғинч”
дейилганда нисбатан енгилроқ, чучмалроқ туйғуни англайди, бу калимани теран
изтиробсиз айтади, назаримда… Бироқ бундай маъно торайиш ҳодисаси кўпроқ
жонли нутққа тегишли. Бадиий ижодда эса бу сўз, шукрки, қадим моҳиятидан кўпда
узоқлашмаганини Ахтамқули шеърларини ўқир чоғим теграмда фақат “соғинч”
сўзи айланганидан-да англадим. Ва бу соғинч айлана-айлана кўнглимдан жой олди.
Алҳол, асл шеър изтироб соғинчи эмасми, чин шоир изтироблар соғинчи ичра
ўртаниб ижод қилади. Ўқувчи ҳам айнан шуни севади, шундан лаззатланади.
Ахтамқулининг ишқ изтироблари тилмочига айланган шеъриятида Яратган
жамоли ва У зот илк бор отамиз Одам алайҳиссалом, онамиз момо Ҳавволарга
туймоқ шарафини ато этган жаннат соғинчидан тортиб, Ватан, Она, суюкли ёр,
иймон, вафо, садоқат, адолат, инсоф, диёнат соғинчига қадар уйғун акс этади. Яна – киндик қони томган тупроқ, бу тупроқда унган майса, бепоён ҳовли, ҳовли ичра
гуллаб ётган райҳону атиргул, атиргул япроқлари узра из қолдирган бола нигоҳи,
тоғ шабадаси ва бу шабада ичра фароғат изтиробин туйдириб ястанган қабристон
соғинчи ҳам бор…
Бугун “янги” анъаналарга асир кўнгиллар саҳнига айланмиш, замонавий жамият
йўқотаёзган, “Қизил китоб”га киритиш эҳтиёжи пайдо бўлган, ўлиш, унутилиш
палласида турган туйғу ҳам, таассуфки, соғинчдн бошқа нарса эмас. Яна таассуфки,
айни дамларда соғинч нишоннинг тескари – кўринмайдиган томонида турибди…
Хўш, унда бу улкан нишон юзини майда ва бегона оҳангларга рақс тушаётган
жамият кишилари томон ким ўнглайди? Нишоннинг сўл томонига чаплаб ташланган
“соғинч” сўзини ким ўқий олади, бу сўз маъносини ким тушунтириб беради, ким
уни тош қотган кўнгилларга олиб киради?
Соғинч рутбасини бой бермас шоир
Албатта, шеърият, албатта, чинакам шоир!
Ахир турмуш ташвишлари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган одамлар соғинчга
оид ҳамма нарса – ҳатто Яратганнинг соғинч дарахти илдизига ҳаёт бахш этгич
тенгсиз неъмати – улуғвор йиғини ҳам унутиб қўядилар. Аммо бу туйғу шоир
кўнглида яшаб қолади, сира ўчмайди. Негаки, шоир барча замонларда унутилган
соғинчлар хазинабони, унутилган соғинчлар ҳаммоли бўлиб келган. Ва чин шоир
пайти келганда юрагида ортмоқлаб юрган ўша хазинасини очади – бани башарга
соғинч улашади…
Ахтамқулининг бир ғазалида шундай сатрлар бор:
Китобимни белаб нурга ҳисоб дунёсига бордим,
Ҳасаддан холи бўлган изтироб дунёсига бордим…
Шоирнинг ғазалнависликка хос ва ижодкор маҳоратидан дарак берувчи,
изтиробли туйғу экилган – “ҳисоб дунёсига бордим… изтироб дунёсига бордим…”
каби қўшқофия сатрлари нима сабабдан унди?
Бизнингча, вазн, рукн, қофия каби илмий истилоҳлар биргина шакл ҳодисасининг
ифодаси эмас. Қофия қофияга шунчаки қўшилмайди. Уларнинг қўшлашувига
изтироб босими сабаб бўлади. Зотан, қофия якка ҳолида бу изтиробни кўтара
олмайди. Шу боис шоир ҳасад ва нафс ғавғосидан қочиб, изтироб дунёсига
борганини алоҳида таъкидламоқда.
Юракдан ишқ ёғилган кун, югурдим тентираб дилхун,
Келиб кўнгил тилар мажнун, хароб дунёсига бордим…
Кейинги байтида шоир қўшқофиялар маржонини бутун байт бўйлаб тизади.
“Кун”, “дилхун” сўзларига “мажнун”ни қофия қилади. Шу тариқа мозийга эврилиб,
изтироблар султони, соғинч диёрининг эркаси – салтанати зоҳиран харобот,
харобот ботинида эса соғинч хазинаси кўмилган – Мажнунни ёдимизга солади.
Байт маъносини эса соғинч ҳиссини унутмаганларгина тушунадилар.
Бошқа бир ғазалида шоир айни туйғуларини реал воқеликка, ўз шахсияти ва
замонасига кўчиради. Кўчирганда ҳам шунчаки эмас, образли усулда кўчиради:
Дард сочиб тургай менинг бошимда тоғу тошларим,
Кетдилар ташлаб ҳама дил боғлаган дилдошларим.
Тун қувончим қамчилайди, қалтирар қошимда шам,
Бар сиқим тупроқни деб қон йиғлагай қондошларим.
Ўйнашар кўнглим билан йўлимга кўз тиккан лаин,
Тентираб кетмоқдадир, дунё тилаб сирдошларим.
Нега улуғвор тоғлар лирик қаҳрамон боши узра “дард сочади”? Нега тун унинг
қувончларини аллалаш ўрнига “қамчилайди”? Нега иблиси лаъин кўнгли билан
ўйнашади? Жавоб яна ўша – соғинч. Зотан, кўнгилга яқин дўстлар, қон-қардошлар,
сир бериб, сир олган сирдошлар уни ташлаб кетишган. Улар кетган дунёга соғинч
отли уловдан бўлак ҳеч нарса билан бориш мумкин эмас. Бу улов суворийси лирик
“мен” эса дудама тиғли айрилиқ жафосини чекишга маҳкум.
Шоир туғишган укасига бағишлов ўлароқ ёзган бошқа бир шеърида соғинч ва
изтироблари сувратини янада аниқроқ чизади:
Тоғларимни соғиниб дил бўлди қон, отамга айт,
Кўзларимдан кетмаган булбулзабон отамга айт.
Мункайиб кўз нурию умрин йўқотганларга боқ,
Айрилиб дунёсидан чопгай чунон, отамга айт.
Кўмилиб кетди Карим мерганни кўҳна милтиғи,
Оҳулар оҳ чекмагай бундан буён, отамга айт.
Онамиз кўз ёшини ичган ниҳоллар яшнагай,
Изладим даргоҳидан бир бурда нон, отамга айт.
Ҳар байт сўнгида радиф ўлароқ келган “отамга айт” ибораси лирик “мен”
соғинчининг мангулигига далолат қилади. Чунки шоирнинг бобоси – Карим мерган
ҳам, мушфиқ онаси ҳам энди бу дунёда йўқ. Улардан ёлғиз соғинч ва соғинч бергич
изтироб қолган, холос.
Шу боис шоир кўҳна дунё сирларини кўравериб юзларига доғ тушган оймомо
билан диллашади. Соғинчларини унга изҳор этади:
Саволингга жавоб топмай бошим қотди сўроқчи ой,
Юрагимнинг ҳаловатин ўғрилаган ўроқчи ой.
Туним қаро, қалбим яро, маст юрибман гулзор аро,
Бошим узра сочиб зиё, адаштирма чироқчи ой.
Сўзим олов, изим олов, ўзимдирман ўзимга ёв,
Ҳолим сўраб келмас биров, дилим куйди булоқчи ой!
Сомон йўли сомонимни, сочди фойда зиёнимни,
Юлдуз тўла осмонимни олиб кетди улоқчи ой.
Ростдан ҳам, дунё гулзори ичра маст одам хато ва адашувлар хавфига яқин
туради. Ўз-ўзига “ёвлик” жиҳатидан ҳам оламдаги бирор махлуқ одам билан
беллаша олмайди. Шоир барчамиз учун хос бўлган ушбу туйғуни туйқус англаб
қолади. Англаш асносида куз хазони ҳидини туяди. Яна уни соғинч изтироби ўртай
бошлайди. Ва у яна ўтмиш кунларидан таскин излашга тушади. Покиза соғинч
ҳисси уни дунё ҳақида аждодларимиз сўзлаган минг йиллик ҳақиқатга, буюк бир
хулосага олиб келади: “бу дунё – ёлғон дунё”…
Отам отин қувлаяпти, соғинч дилим сувлаяпти,
Ҳовлида куз увлаяпти, дунё экан алдоқчи, ой.
Соғинч рутбасини бой бермас шоир
Қуйидаги байтларда эса шоир ушбу хулосаларини гўё далиллайди:
Юраклар орзиқиб кутган замонда,
Севинчим андалиб овози бўлди.
Нечун, кўнглимни шудгор айлагай куз?!
Қўлимда айрилиқ қоғози бўлди…
Ёки:
Юрак ҳижрон тиғидан пора бўлгай,
Қуёш қорачиғимда қора бўлгай.
Ҳилол ханжар қўйибдур гарданимга,
Нечун жаллоди дун овора бўлгай…
Ёки:
Гулимдан гул тилаб гулзора бордим,
Кейин даллоли йўқ бозора бордим.
Дилимни синчи булбуллар синашди,
Юрак торим узилгач, дора бордим.
Ярар бир парча ер қолган кунимга,
Нечун, поёни йўқ шудгора бордим?
Ахтамқулининг арузда ёзилган шеърларида Навоий, Фузулий, Машраб,
Ҳувайдо, Эркин Воҳидов ғазалиётига хос мушк оҳанги таралиб турса, бармоққа оид
шеърларидан Абдулла Ориф анъаналарига ҳавас ва эҳтиром сезилади. Биламизки,
Абдулла Ориф “Қасамдара” шеърида “ов ишқи”га банди бўлиб, Қасамдара
тутқунига айланган овчи ҳақида ёзган эди. Ахтамқулининг “Ниҳондара” шеъри
худди “Қасамдара”нинг давоми, Абдулла Ориф ўз ўқувчиси учун ташлаган лирик
жумбоқнинг янги бир жилвасидек тасаввур беради.
Нимани яширдинг, айт, Ниҳондара?!
Бобомнинг кафтида музлади тупроқ.
Сочини ҳаллослаб ёйган шаршара,
Харсанглар измидан кетолмас йироқ.
Шеърхон кўнглида “нега” саволиини уйғотган шеъргина ҳақиқий шеър бўлади.
Чунки ўқувчи шу “нега” ортидан юриб, бепоён шеърият салтанатига кириб бораркан,
бу салтанат сир-синоатларини англашга, ҳис этишга ҳаракат қилади. Унинг учун
энди ортга йўл қолмайди. Ғайриихтиёрий тарзда шу салтанат фуқаросига айланади.
Ахтамқули шеърияти ҳам бунинг бир мисоли: “Сочини ҳаллослаб ёйган
шаршара, Харсанглар измидан кетолмас йироқ…” Нега?
Ёки шамол чайқатаётган, қурбақалар сайраётган кўҳна ҳовуз ҳолатида ким
фалсафа, лирика нафасини ҳис этади? Ким бу каби содда, қалби сўниқ одамга
жўнгина кўринадиган табиат ҳодисасида фасллар симфониясини кўра олади?
Албатта, шоир!
Қурбақалар куйлар, рақс этар ҳовуз,
Ёзни кузатишга ошиқар шамол.
Пахтазор оралаб келаяпти куз,
Сўроққа айланиб қолади ҳилол…
Бу тўртликнинг бутун кучи, ижтимоий аҳамияти “сўроққа айланган ҳилол”
ташбеҳида ҳадди аълосига етади. Сўроққа айланган ҳилол ортидан эргашган
ўқувчи заҳматкаш ўзбек халқи кўнгил тубида сақлаб келаётган минг йиллик
қувончу изтироблар, қалбида сир-синоатлар, орзу-армонлар оҳангини кашф этади.
Тунлари ой билан диллашган,
Тупроққа куйиниб сирлашган,
Бир умр ўт билан тиллашган,
Онамни соғиндим, онамни…
Умримни қиймалаб карвонлар,
Ташийди заъфарон ҳижронлар,
Боши хам гуноҳкор “полвон”лар,
Онамни соғиндим, онамни…
Мунаққидлар “сентиментал” деб атайдиган бу шеърда ўртаниш, изтироб,
болалик ва ўтмишни қайтара олмаслик каби фожеий ҳолатлар тасвири чизилган.
Гарчи кўплар шафқатсиз кундалик турмуш ғалвалари ичра яшаётган одам
кўп ҳолларда ўз соғинч, изтироб ва йиғисини қалб тубида яширишга мажбур,
таъна-дашномларга қолишдан, “ижтимоий одам”лик рутбасини йўқотишдан
қўрқсада, фақат чин шоиргина бу рутбани бой беришдан чўчимайди. Кўнгилларда
мафдун туйғуларни ўз зарари, ижтимоий мағлубияти эвазига юзага чиқаради.
Юзага чиқарганда ҳам ўзи учун эмас, ўша “ижтимоий одамлар”, ўша ҳайдаб
солувчилар, ўша “музаффару ғолиблар” манфаати учун айтади. Ўз устидан қаҳ-қаҳ
отиб кулувчилар кўнглини деб нафис туйғуларини қурбон қилади. Чунки у ўша
“ижтимоий одамлар”, ўша музаффарлар пана-панага ўтиб, шеърларини ўқишини,
соғинган оналарини эслаб, кўз ёш тўкишини билади. Шоир дарди шу тариқа умум
дарди, миллий- ижтимоий дард ифодасига эврилиб боради…
Гапираман десак гап кўп. Илло, шеър ҳақида айтилган ҳар қандай гап унинг
зидди томон қўйилган ўхшовсиз қадамдир. Шеър ўзи ҳақида ўзи гапиради. Ўзини
ўзи шарҳлайди, таҳлил этади. Шундай экан, муҳтарам ўқувчи, шеър ҳақида ёзилган
сўзларни эмас, шеърнинг ўзини ўқинг.