Расул РАҲМОН – 1983 йилда туғилган. Наманган шаҳридаги Маданият коллежини
тугатган. “Эркаласам” номли китоби нашр этилган.
* * *
Армон бўлиб қолди етмаганларим,
Орзу кўчасидан ўтмаганларим,
Нетай, жабр кўрдим кутганларимдан,
Менга ҳамроҳ бўлди кутмаганларим.
Дўстларим дўстидан қилганида ор,
Дунё кўзларимга келганида тор,
Оғир кунларимда кетганида ёр,
Менга ҳамроҳ бўлди кутмаганларим.
Ҳатто жигарларим силтади қўлин,
Битта ширин сўзга зор бўлди кўнглим,
Ўзим ҳам ўзимни қийнаган куним,
Менга ҳамроҳ бўлди кутмаганларим.
Юрагим йиғлайди соғинчли куйдан,
Хабарим йўқ менинг на аза, тўйдан,
Хаёл суравериб, толиқдим ўйдан,
Менга ҳамроҳ бўлди кутмаганларим.
Ҳаёт
Чўғни боссанг балким, кафтим оғрирмиди,
Елкам узра ғамни ортиб олдинг, ҳаёт.
Мингта шеърим бир сўзига арзирмиди,
Сен онамни мендан тортиб олдинг, ҳаёт.
Менда қолган ўч-аламинг битмагандай,
Ёш бошимдан не азоблар ўтмагандай,
Ўзи шундоқ йўқотишлар етмагандай,
Сен отамни мендан тортиб олдинг, ҳаёт.
Бир бандаман қайтаришга имконим йўқ,
Сал кечиксам кутадиган инсоним йўқ,
Деёлмайман, энди дилда армоним йўқ,
Сен онамни мендан тортиб олдинг, ҳаёт.
Айтар эди: Ярим ой ҳам тўлади, – деб,
Расул болам машҳур шоир бўлади деб,
Айтмасмидинг улар эрта ўлади деб,
Сен отамни мендан тортиб олдинг, ҳаёт.