Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Яна чорлар юлдузлар рақси

Ирода РАҲМОНАЛИЕВА – 2001 йилда туғилган. Тошкент давлат Шарқшунослик
университетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Чилзарра” номли шеърий тўплами нашр
этилган.

Агар нурман, агар офтоб,
Ва ё ёғду ва ё маҳтоб,
На бўлсам ҳам маним якто
Мадорим бўл…


Агар гулгун, агар дуркун,
Ва ё сўлғин ва ё сургун,
На бўлсам ҳам, сен эй кўрким,
Ҳарорим бўл…


Агар қушман, агар ҳушман,
Ва ё ўнгман ва ё тушман,
На бўлсам ҳам дилим хушлар
Қарорим бўл…


Агар тергар, агар сергап,
Ва ё кўксинг тилар мерган
На бўлсам ҳам фақат сенга
Борорим бўл…


***

Ранглимиди дунё ўшанда?
Муҳаббатли… Яна ким билсин…
Биздек бахтли туюлмас эди
Иккимиздан бошқа ҳеч кимса…

Оқ-қорадир энди бор тараф,
Сен менга кам… Мен сенга камман…
Нега бахтли туюлар энди,
Иккимиздан ташқари ҳамма?

***
Жонни қийнов, сочим қиров, дилим бировда қилгайсан…
Икки чашмим чашмасини нечун зиёда қилгайсан…

Қаноат бер, бергил сабот, Ё Раббано, Ё Рабанно,
Ўзгаларга бердинг қанот, мени пиёда қилгайсан…

Гоҳ ҳузуринг минг бир қадам, гоҳ бир қадам, гоҳ бир қадам,
Билганим шу Маҳшар қадар жоним синовда қилгайсан…

Мен бандаман, бош эгаман, не берсанг ҳам бер, енгаман!
Бир назар қил, бир назар-ла руҳим Минода қилгайсан…

Дарё-дарё ёшим билан, шу ғавғоли бошим билан,
Қошингдаман лошим билан қачон ирода қилгайсан…

Қачон Ирода қилгайсан…

* * *
Тушдек ўтган лаҳзалар энг хуш дамим бўлдинг сен,
Шу бири кам дунёда менинг камим бўлдинг сен…

Раддим бору ҳаддим йўқ, сендек севган мардим йўқ…
Бундан аччиқ дардим йўқ, ширин ғамим бўлдинг сен…

Ай кўзлари ҳийлагар, ай ишқ талхин туймаган,
Мен деб бир бор куймаган хотиржамим бўлдинг сен…

Келмас бўлиб кетганим, билмас сўлиб битганим…
Ҳаммадан беркитганим – кўзда намим бўлдинг сен…

Лаби хандон маҳзуним, ёдинг боқий махзаним…
Ёниб сўнган лаҳзалик ишқим шами бўлдинг сен…

* * *

Ўзга бўлди ёр-у меҳри менда боқийдур ҳануз…
Алишер НАВОИЙ


Қалбу ақлим бир-бирига ажаб ёғийдур ҳануз,
Қароғим – жом, кўзим унга абад соқийдур ҳануз.

Хаёлимнинг зикри бўлди субҳи шом исминг, аё,
Келгаймисан, келмасмисан? Тилим сўроғидур ҳануз…

Кипригимдан парда тортдим нигоҳингдин қочай деб,
Лек шу икки қаро чўғ умрим чироғидур ҳануз…

Доғлади ҳажрида, оҳ, йироқламоқни хоҳлади,
Тилда исми, дилда расми, қалбда доғидур ҳануз…

Йўлларимдан кўз узиб, кўнгил узиб қолгай вале,
“Ўзга бўлди ёру меҳри менда боқийдур ҳануз…”

* * *
Мен улғайдим…
Энди юлдузлар
Афсоналар айтмайди оқшом…
Шўх-шаън қўшиқ куйлаган еллар
Шивирлайди маъюс, паришон…

Мен улғайдим…
Энди бувимнинг
Эртаклари – ёлғон уйдирма!
Ақл равшан тортгани сари
Хиралашиб борадир дийдам…

Рангин тушлар эди поёнсиз,
Меникийди қушлар қаноти.
Энди рангсиз кунларим аро
Шарпа янглиғ кезади хотир…

Мен улғайдим…
Афсус, одамлар
Бола дея алдамас энди…
Инжа ҳислар ўрнида чигал
Хаёлларим чувалар тентиб.

Яна чорлар юлдузлар рақси
Айтмаса-да қадим фасона.
Болаликнинг хушбўй исидан
Ёғду сочар зулумот хонам…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil