Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ФИКРЛОВЧИ КЕЧИНМА СУРАТЛАРИ

Нўъмонжон РАҲИМЖОНОВ – (1944–2022). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими, филология фанлари доктори, профессор. Тошкент давлат
университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Ижодкорнинг “Шоир ва давр”, “Тарихий
қиссалар ҳақиқат излайди”, “Бадиий асар биографияси”, “Истиқлол ва бугунги адабиёт”
каби монографиялари, “Нур боқийликдир”, “Фалсафий лирика” каби рисолалари чоп
этилган.

Таниқли шоир Икром Искандар шеъриятида ёрқин тажассум топган пейзаж
лирикасининг бадиияти хусусида фикрлашсак. Икром Искандар пейзаж
лирикасидаги тимсолли тафаккур табиатининг ўзига хослиги шундаки ҳис-
туйғулар фикрлайди. Ҳикматли фикр эса кечинмага йўғрилганлиги билан ажралиб
туради. Шоирнинг “Бир даста гул” (1994), “Баҳорни излайман” (1995), “Бугунги
нақллар” (2005), “Ёмғирли фасл” (2006), “Ҳангома ва нақллар” (2008), “Яшил
хиргойи” (2010), “Фасллар оҳанги” (2013), “Шамол қўшиғи” (2015), “Висол
қушлари” (2016) тўпламлари мундарижасини белгилаган шеърлар фикрлашиш
учун катта имкониятлар беради. Биринчи галда кўзга ташланадиган бош хусусият – бу
шоир шеърларининг юракдан шалоладек оқиб тушганлигидир. У хаёлларда эланиб,
ўйлаб бичиб шеър тўқимайди. Шеърлар ўз мусиқаси, оҳанги, ранги, ифори билан
бирга туғилади.
Гарчи ўлдим, кўнглимни
Бўрон билан ўрадим –
Япроқ каби йироққа
Учиб кетди юрагим.
Гарчи ўлдим, шитирлаб
Синганида чириклар,
Бир бахт кўрдим жонимда –
Кўролмаган тириклар.
Гарчи ўлдим, тупроққа
Қоришмоққа шайландим –
Мен ям-яшил ўтларнинг
Ўтмишига айландим.
Эътибор бераяпсизми, Икром Искандарнинг пейзаж лирикасида табиат
хоссалари орқали руҳоният иқлимларини тушунтириш етакчи. Дарахт образига
юкланган маънолар залвори уни тимсолга айлантираётир. Ва деярли барча
шеърларида фалсафий фикр айтишга мойиллик кучли. Хусусан, табиат хоссалари
билан тириклик мазмуни борлиқ ва йўқлик оралиғидаги ранглар талоши талқинида
кузатилади. Бу борада у, аввало, табиат мусаввири. Гул, барг-япроқ, шамол,
дарахт, кузак, оғоч ва ҳоказо. “Дарахт ва мен”, “Кузни кузатаман…” шеърлари
мисолида кузатадиган бўлсак, поэтик образлар бевосита манзара ҳосил қилишга
бўйсундирилган. Сўзлар, аввало, рангларнинг холис, бегидир ҳолатларини
суратлантираётир. Поэтик идрокда ҳиссий сезимни ифодалаш устувор. Шоирона
илғам, туйғу нафислиги биринчи планда бўртиб кўзга ташланади (“Сабоҳ, гарчи
сумбула барглари менгзамас баҳорлик бадроқ гула, Хазонлик бир дард менгамас,
дарахтгамас, карахт, шамолга ваҳшат солар”).
Табиат хоссалари тўғрисида мантиқий муҳокама-мушоҳадаларига берилиш
эмас, ранглар уйғотган туйғуларни суратлантириш муҳим. Шундай аснолар Икром
Искандарнинг сочидан тирноғигача асл шоир эканлигини тасдиқлайди. Мантиқий
муҳокамалар эмас, кечинмалар фикрини кўрсатиш шеър бадииятини белгилаётир
(“…Шамол хазон янглиғ ҳолсиз, соялар қилт этмас, дарахт ва мен ҳали ям-яшил
юртдамиз”).
Кундай ёришади кўнглим,
Уфқни хадаф айлар кўзим камони,
Ер-осмон ёғдуга қоришар,
Ҳали тун нуқсига кирмаган
Булутларнинг кунгай томони
Кўнгилдай ёришар…
Ушбу ҳолат тасвирида шоир услубининг ўзига хос бетакрор белгиси зуҳур
топаётир. Хусусан, уфққа бош қўйган офтоб ёғдуларидан юзага келган кунгай
манзараси чизилаётир. Лирик қаҳрамон нигоҳи уфқни кўзлаган; ёғдуга чулғанган
ер-осмон унга эш, ёндош. Бир тутам булутларни тун оғушига олганича йўқ.
Офтобга қараган кунгай томони кўнглидай ёруғ. Ҳали тун узоқ. Қоронғилик уфқни
буткул маҳв этмаган (“Ям-яшил юртдамиз”). Ранглардан сизиб чиқаётган фикр
ўқувчини ўйга толдиради. Умр-тириклик шомини ёдига солади. Наҳотки ёруғ
дамлар, ёруғликда эланган кунгайли аснолар қоронғиликка ўрнини бўшатиб берса?
“Ҳали тун нуқсига кирмаган” эса-да, қоронғилик шарпаси булутлар елкаси оша
нафас оляпти.
Табиатга мурожаат қилмаган шоирни учратиш қийин. Табиат тасвири орқали
муайян фикрларини айтишга чоғланган ижодкорлар кўп. Икром Искандар
изланишлари ушбу силсилада қайси жиҳатлари билан ажралиб туради? Тўғри,
деярли барча шоирлар, мусаввирлар табиат ҳаётини жонли хилқат сифатида кўради,
кўрсатишга ҳам интилади. Фақат, ҳар бир истеъдод ўзи тасвирлаган манзараларга,
табиат ашёлари ифодасига юкланган маънолари билан ўзаро фарқланади.
Шуниси эътиборлики, Икром Искандарнинг пейзаж лирикасида суратланган
поэтик нигоҳини, қалб зарбларини шундоққина кўриб, ҳис этиб турасан. У
юрак-юракдан туйган, англаган, онг-шуур элагидан ўтказган холис хоссаларнинг
реаллигига сидқидилдан ишонади, бизни ҳам ишонтиради. Уларни хаёлот-
фантазиясининг маҳсули сифатида эмас, ҳақиқатнинг бир бурдаси, ҳақиқатнинг
шингил кўриниши тарзида тақдим қилади.
Фикрловчи кечинма суратлари
Кузни кузатаман –
Шамоллар оғочлар баргларин юлар,
Юракка туташган йўлакка сочар.
Сочиқ япроқларнинг томирларида
Бир хотир юз очар
Ки, унда юз хотир қилмасдан
Менинг телба ҳолимдан кулар.
Эътибор беряпсизми, шоирнинг табиат хоссасига муносабати билан боғлиқ
юзага келган нуқтаи назари тасвирда биринчи планга кўчяпти. Устуворлик
касб этяпти. Яъни, инсон нигоҳи – кўнгил кўзининг мунчалар беадад ҳадларни
қамраб олиш имкониятларини ҳис эттиради. Табиат ранглари, турфа товушлар
шаклидаги оҳанглари кечинмалар тариқасида онг-шууримизга оқиб киради. Ўша,
қайталанмас лаҳзаларни кўриш, англаш, туюшдек завқни бахш этади. Сурур
оғушида элантиради.
Мен эса жим,
Бандидан бирма-бир узилган
Баргларга боққанча, кузни кузатаман.
Шамоллар оғочлар баргларин юлар.
Юлқиниб-юкиниб кечаётган умр лаҳзаларининг ҳиссий идроки, кечинмалар
сурати. Бу – поэтик онгда намоён бўлаётган ўзига хос хусусият. Туйғулар талошида
табиат хоссаларининг оний лаҳзаси ҳаёт ҳақиқати сифатида зуҳур топаётир.
Жонлантирилган табиат ҳолатлари инсоний хислат-хусусиятлар касб этаётир.
Шоир лирикасида табиат хоссаларини (дарахт, шамол, тупроқ, сув…) жонлантириш
поэтик усулгина эмас, яна ботиний – поэтик онгнинг ҳам ифодасидир (“Лаҳзалар
асрдай қолдиргай асар – васлингни юз йиллаб кутганим ҳақи, кўрганда ҳам сенга
бир сўз айтолмай, Ҳатто кўз ташлолмай ўтганим ҳаққи Мен сенга мактублар ёза
бошладим – Фикр сўз ҳажмида шаклга кирар, Соғинч сўз шаклида кўринар кўзга”).
Шоир табиат хоссаларини худди нафасдек, юрак зарбларидек ўта ҳассос ва
ингичка ҳис қилади. Манзаралар туйғулар рангига айланаётир.
Бир сесканиб туйқусдан
Турар тун уйқусидан.
Зада юрак – якка барг
Зориқиш туйғусидан.
Шамол эсар далада,
Том устида елади –
Кўнгимдаги қайғудан
Ҳуштак ясаб чалади.
Тун тасвири худди нафас олаётгандек жонли, кўз ўнгимизда ростланади. У –
азмойиши, хатти-ҳаракатлари билан одамни эслатади (“Турар тун уйқусидан…”,
“Шамол… қайғудан ҳуштак ясаб чалади”). Бандида узилгудек титраб турган
якка барг зориқиш туйғуси билан зада юрак монанд қалтирайди. Шамол боғда
навозишга берилган; негадир сози чийиллайди. Тарона айтишга шайланган
овози ҳазин эшитилади. Шамолнинг бўш келгиси йўқ. Тирқишдан қўлини чўзиб
шамни рақсга чорлайди. Шамол тиним билмайди. Шоир кўнглини олмоқ бўлиб,
тақиллатар дарчани.
Ул севгилим тушимга
Кирмади етти ухлаб,
Ай, шамол, қадрдоним
Келдингми мени йўқлаб.
Икром Искандарнинг пейзаж лирикасидаги осмон, тупроқ, гул образлари
зиммасига юклатилган бадиий фикр гўзаллик, бокиралик тушунчасини буткул
янгича талқин этади. Шеърнинг бадиий-эстетик салоҳиятини осмонлардан тушиб
келган гул образи зиммасидаги оҳорли мазмун белгилаётир.
Сени бир бор кўрдиму,
Мен айрилдим ҳушдан, гул,
Осмонлардан юракни
Поклаш учун тушган гул.
Эй, эгнида либоси
Юракдан ранг олган гул….
Сени ўйлаб дилимни
Бир савол эзар карахт:
Мен сен билан бахтлиман,
Сен топдингми мендан бахт?
Гул – бокиралик тимсолида гавдаланаётир. Барқ урган фаришта мисоли гул
кўкдаги ой монанд лирик қаҳрамонни лолу беҳол этган. Табиатга жон бағишлаган,
тупроққа кўрк-малоҳату лирик қаҳрамонга бахт ато этган гўзаллик ҳақиқатнинг
тажаллисидир. Гул – беқиёс гўзалликни намоён этиш баробарида ҳақиқатга
дахлдорлигини ҳам тасдиқлаётир.
Табиат ранглари-ю гул жамоли лирик қаҳрамон юрагини поклаётир. У ҳаёт
ҳақиқатини англашга, тушунтиришга йўналтирилган. У шунчалар пок, бегидир,
беғуборки, ҳатто тоғу тошлар ҳам нурга йўғрилиб, қўнғир тусини ёриштириб
олади, покланади. Япроқларнинг нафис табассумида гул нигоҳи жилваланади.
Субҳи сабо – тонг шаббодаси қуёш нигоҳининг эпкини. Гул – нурга чайилган. У ҳар
қандай ғуборлар гардини олади. Борлиқ нурдан ҳаприқиб, гупуриб бир ажиб навода
эланади, ороланади. Лирик қаҳрамоннинг ундан ўтинчи бор: гулни нур мақомида
кўнглига экиб, ўзини бахтиёр санаётган эди. Ва лекин, кўнгилга жойланган нур
ўзини бахтли санармикан? Ахир, бахт ҳақиқат билан эгизак-ку!
Дунёнинг чеки-чегараси инсон юрагидан бошланиб, кўнгил авроқларида
тугаркан. Таажжубки, бу ҳол банданинг мулки борлиқ ичра бир зарра мисоли
эканлигини англатади. Шу билан баробар, борлиққа ҳам маҳкум, ҳам масъул
эканлигини тасдиқлаётир. Маҳкумлиги шундаки, у ўн саккиз минг олам ижодкори
Биру Борнинг ер юзидаги халифаси сифатида бетимсол мўъжизаларини билгувчи,
қадрлагувчи ва баҳолагувчи хилқат. Масъуллиги шундаки, борлиқ ҳам, йўқлиқ ҳам
инсон учун. Борлиқнинг борлигини, йўқлиқнинг йўқлигини билгувчи, англатгувчи
бош мезон – бу инсон. Мазкур бадиий-эстетик концепция фалсафий шеъриятимиз
мағзини ташкил қилади. Икром Искандарнинг пейзаж лирикаси унинг ёруғ
саҳифаларидан ҳисобланади.
Фикрловчи кечинма суратлари
Ғира-шира ой ёруғи…
Тун ичра туртиниб-суртиниб
Нима излар
Фонус кўтарган
Бу кекса осмон?
Икром Искандарнинг пейзаж лирикаси рангларга бой. Ана шу туйғу-
кечинмаларга айланган ранглар оғушида фикр тадрижини ҳам кузатиш мумкин.
Шу маънода Икром пейзажлари бағоят манзарали, дедик. Яъни, ҳис-туйғулар
манзараси ўқувчида таҳайюллар уйғотиши билан ҳам нажиб. Хусусан, зимистон
тун оғушида ой ёғдуси ғира-шира. Ёруғлик тун бағрини тилка-пора қилиб ёриб
ташламаяпти. Аксинча, зўр-базўр, нимтатир ёруғлик қўйнида осмон қўлида фонус
билан (ой ёруғи) ниманидир излаяпти. Қидираётгани нима экан? Юлдузларними,
хаёлларними? Беканор кенгликларга тўкилган туйғуларини ахтараяптими? Поэтик
тасвир ўқувчи онги-шуурида турфа ассоциациялар қўзғайди.
Шаббода ғунчалар чокини ситиб,
Гуллар юзин очар ва янграр оҳор –
Чаманга ранго-ранг ноталар битиб,
Хушбўй куйларини басталар баҳор.
“Баҳор бенефиси” шеъридан олинган ушбу сатрларда шоир нурнинг ҳаракатини
суратлантиришга интилади (“…Саҳнага чиқади Қуёш – маэстро ва ўйната бошлар
нурли таёғин”). Қаранг, офтоб нури оламга баҳорий жонланиш, тусланиш, уйғониш
сафосини бахш этади. Шаббода ғунчалар чокини сўкиб, гуллар юзин очар ва янгроқ
оҳор – Чаманга ранго-ранг ноталар битиб, Хушбўй куйларини басталар баҳор.
Шеърнинг ҳар бир сатри тугал ҳолат, кайфият билан йўғрилган; ҳис-туйғу
жўшади, энтикади, ҳаприқади. Бошланади оркестрнинг концерти, наво авжин олар
булбул басма-бас, чумчуқлар жўр бўлар чолғусин чертиб, Гоҳ-гоҳ мусичалар унга
ҳамнафас.
Улкан томошагоҳ нафасин юта,
Шуурга муҳрлаб ҳар сониясин,
Жон ҳалпида тинглар мумтоз сюита –
Қушларнинг саҳарги симфониясин.
Боғ буткул ҳайратга кўмилиб ётар,
Мутаассир мухлис сувратига боқ:
Шинаванда осмон тамом лол қотар,
Дарахтлар тик туриб олқишлар узоқ.
“Баҳор бенефиси” шеъри илк кўклам тонги тасвирига бағишланган. Қуёш –
нур – баҳор – дарахт – чумчуқ – мусиқа – боғ – осмон булар илк баҳорий саҳар
сафосини тасдиқлаётган табиат хоссаларигина эмас. Улар бири-иккинчисига
суянган, бир-бирини қувватлантирган ҳолда деталлаштирилган беғубор саҳар
суратини чизаётир. Субҳи саҳарнинг ниҳоятда бокиралиги тимсолнинг бадиий
умумлашма шакли. Бу – Субҳи саҳар қўшиғига йўғрилган ҳолат ҳақиқатнинг
гўзаллигини тажассум этаётир. Гўзаллик эса ҳамиша поклик рамзи.
Икром Искандарнинг пейзаж лирикасида табиатдаги ҳолатлар эврилиши,
хоссаларнинг турланиши ва тусланиши, оҳанглар жунбуши, ранглар қўшиғи
инсон руҳоний ҳаётидаги покланиш билан уйғунликда кузатилади, бадиий тадқиқ
этилади.
Кўзларимнинг ёмғирларини
Хуш бўйларинг оққан ҳавога чайсам,
Сўнгра кипригингга қоқилиб,
Юрагингга йиқилиб тушсам, эй,
Юзлари ёмғирда ювилган майсам.
Шеърдаги сўзлар (ёмғир, ҳаво, майса) мисралар аро ҳар гал такрорланганда
янги маънони ёритиш, янги фикрни кучайтириш сингари бадиий вазифаларни
адо этаётир. Ҳис этаяпсизми, лирик қаҳрамон ҳолатини ифодалаётган сўзлар
туйғулар ҳаракатини кўрсатиш баробарида яна кечинмалар сурати чизиляпти.
(Юзлари ёмғирда чайилган майса кипригига қоқилиб, юрагига йиқилиб тушган
аснолар). Унда, энг муҳими, шоирона нафосат нафаси бор. Унда бири иккинчисига
суянган оҳангларнинг ботиний тизими, боғлиқлиги бор. Мусиқийлик гоҳ сусайиб
кўтарилар, гоҳ жўшқин нишабда оқаркан, ҳар гал янги-янги маъноларни намоён
этади. Ички ботиний зарурат, эҳтиёж туфайли юзага чиқади. Табиат хоссалари
билан ҳис-туйғулар ҳаракатининг уйғунлигида, узвий боғлиқлигида гўзалликнинг
тўкислигини ҳис этасан. Янаям муҳими, ундан ҳаёт нафаси уфуради. Ҳаётий
ҳақиқатнинг кўрки-чиройини тасдиқлаётган бадиият балқийди. Икром Искандар
шеъридаги табиат хоссаси билан ифодаланаётган ҳис-туйғу бирга нафас олади.
Бир-бирининг оғушида яшайди. Лирик қаҳрамоннинг ёмғирда ювилган майсадан
ўтинчлари бор. Сен мени суйсанг ва суясанг, эгнимга лой каби ёпишган ўтмиш
кунлар хотирасини ёмғирда ювсанг – ғамлардан мосуво этсанг, дея ўтинади.
Ёмғирда ёмғирдай тозариб кетсак,
Ювилса ўтмишнинг доғлари –
Келажак ҳақида куйласак баёт.
Сўнгра …..
Мабодо ёмғирлар тўхтаса,
Бошланса ёмғирдан кейинги ҳаёт.
Ёмғирда ёмғирдай тозарган бўлсак!
Икром Искандар шеърларининг рамзли маънодорлиги ҳаётнинг бир бурда
лаҳзалари қатимига яширинган ҳақиқатларни дарж этади. Гарчанд, аснолар
чекланган эса-да, инсоннинг ақлий-ҳиссий илғамлари, идроки нечоғлик кенглиги,
ададсизлиги шаҳодатидир. Аслида, ҳаётнинг жонли лавҳаларини дақиқаларга
бўлиб тушунтирилса-да, ҳаётнинг чеки-чегараси йўқ. Кўнгилларга кўчиб ўтадиган
фикрий кечинмалар билан ҳиссий тафаккурнинг ҳам адоғи йўқ. (“Лаҳзалар
суронлардан кучлироқ янграр”). Яна, онг-шууримизнинг дунёни билиш, одамни
англаш борасидаги имкониятлари ҳам ҳеч қандай қолипларга сиғмаслигини
кўрсатади.
Шу ўринда поэтик идрок ва ифода маданиятидаги ёлғиз Икром Искандарга
хос икки жиҳатни таъкидлаш жоиз. Хусусан, у табиатни буткул борлиги ва
борлиғи билан қамраб олмайди. Бунга чоғланмайди ҳам. Шоир табиатни кўнгил
кечинмалари, ўй-фикрлари ифодаси тариқасида тасвирлайди: зимистон тун,
сутга чайилгандек оппоқ ойдин кеча, баҳорий тонг – шамоллар, майин эпкинлар,
шаббодалар алмашиниб турган субҳи саҳар, гуллар очилган, қушлар сайраган,
Фикрловчи кечинма суратлари
қурт-қумирсқа буткул ҳашорату жонзотлар ҳаракатга кўчган аснолар тариқасида –
умумий ёндашиш ҳамда деталлаштириб кўрсатиш тамойили кучли. Шу боис Икром
пейзажларида табиат унсурлари турғун эмас. Ҳамиша ҳаракатда. Ҳолатларнинг энг
жўшқин, кўтаринки ва сирли асноларини танлаб олади. Улар ботинидаги кўмма
маъноларни, яширин фикрларни кашф этишга интилади.
“Куз эди…” шеърида намгарчиликнинг юзага келиши куз лавҳаси тасвири билан
бошланади: Яъни, кузнинг намчил ҳавоси жунжиктирувчи сим-сим навоси билан
уйғун.
Куз эди. Куз каби намчил ҳавони
Тўлдириб ёғарди сим-сим жунжикиш.
“Билч-билч” лой кечганча яланг товони
Йўл бошида ғариб,
Мунғайиб турарди кунчиқиш.
Манзарада ҳолат, кайфият кечинма замиридан сизиб чиқаётир. Кунчиқишнинг
ҳам ҳолати ҳавас қилгулик эмас. Захкаш намгарчиликдан ивиб кетган кунчиқиш
йўл бошида ғариб, мунғайиб турибди. Ушбу ҳолат шеърда кўзда тутилган бош
маънони юзага чиқаришга қаратилаган.
Тўлғоқ тутган қатор дарахтлар
Шохларида
Саҳархез чумчуқлар айтган азонда
Минглаб исм билан ғамангиз фараҳда
Шивирлаб, йиғлаб
Таваллуд топарди хазонлар.
Дарахт шохларидан дув-дув узилиб тушаётган хазонлар лирик қаҳрамон
кўнглида фарёд қўзғаётир. Нетонг, япроқлар қайтмайди энди бандларига, чивиқ
новдаларга. Улар дарахтнинг ям-яшил ўйлари, хаёллари, умидлари эди. Серҳосил
яшилликдан умидвор эди. Армонлар мева бўлиб қолди. Фикр тадрижи сўнгги
тўртликда чуқур фалсафий мазмун касб этади.
Кўксимда туғилган хазоним – наво
Шитирлаб куйларди ва сим-сим дардим –
Ёғарди, кўз каби намчилди ҳаво…
Жунжикиб-жунжикиб сени эслардим.
Хазон образи лирик қаҳрамонга айрилиқ азобларини, ўкинчларини, ушалмаган
дийдор ўкинчларини эслатиб юборди. Хазон – лирик қаҳрамон кўксидан ловуллаб
қўзғалган айрилиқ навоси. Шитирлаб тўкилган куйлари сим-сим ёғган дардларига
ўхшайди.
Икром Искандарнинг пейзаж лирикасида осмон бокиралик ва ҳақиқатнинг
тимсоли сифатида зуҳур топади.
Унинг лирик қаҳрамони ўрни келганда момақалдироқни тулпор мисоли
жиловлашга майли баланд. Чақмоқлар чақин чақиб, бепоён осмон канораларида
от сурган маҳали лирик қаҳрамон олов тулпорнинг ёлидан тутиб учишга иштиёқ
билдиради. У ҳамиша юксак-юксакларда парвоз қилишга, топ-тоза чинни ҳаволардан
нафас олишга ошиқ. У зумрад кенгликлар оғушида яшаб қолишга орзуманд.

Гуллар киприк қоқмай
Осмонга боқар.
Осмонни тўлдириб
Учар эди
Қанотлари синиқ қуш
Овози.
Ушбу сатрлар “Баҳорда” шеъридан. Шоир лирик қаҳрамонининг нигоҳи ҳам,
юраги ҳам юксак-юксакларга талпиниб яшайди. Осмонлар оғушидаги тиниқликда
бетакрор бокираликни кўради. Покликда бегидир гўзаллик тантанасини кўраркан,
у ҳақиқатнинг завол билмас тимсолига айланади. Беканор осмон борлиқни оғушига
оларкан, неки покиза нарса-яратиқлар бўлса барини йўргаклаб бағрига босади.
Одамлар кўнгли-руҳонияти ҳам осмондан андоза олишини истайди. Осмон –
эркинлик, покдомонлик тимсоли экан, қаноти синган қуш овози сингари сакталик,
ноқис-етимлик аломатлари бўлмаслигини хоҳлайди. Не ҳайратки, хоҳиш-истак
билан орзулар ушалиб, ҳақиқат қарор топиб қолмайди.
Бир тонг отаётир, бўм-бўш осмон
Кутиб олаётир қуёшни.
Бир тонг отаётир, юрагим
Ёниб бораётир қуёшдай…
Келсанг-чи, дўстим!
Икром Искандар поэтикасида тиниқлик, бокиралик шеър бадииятини
таъминлаётган устувор хусусиятлар сифатида намоён бўлади. Осмон – кўзгу. У
бокираликни зоҳир этиш баробарида гўзалликни тақдим ҳам қилаяпти. Инсонда
ана шу қўшалоқ – эгиз туйғуларни уйғотишга ундов бор. Бокираликка эш бўлиш
билан баробар унга муносиб ҳам бўлиш тақозо этилади. Руҳониятда ана шу
туйғуни камол топтириш лозим. “Учрашув” шеърида ана шу имконият ва тажалли
ҳолатининг уйғунлиги акс эттирилган (“Тун, тегрангда қуюқ оғочзор шовуллар.
Туйқус япроқлардай тўзғир, хазонлардай ўтларни қучар сочларинг… тегрангда тун.
Шамол шовуллар. Сочларинг исидай эсиб юксакда, осмонга қуюлар қуюқ оғочзор
шохлари”).
Икром Искандар пейзажларида сўзларнинг кутилмаган қабариқ маънодорлиги
тасвирдаги кайфият билан уйғун. Хусусан, ёш Қушчанинг ҳолати ҳайрат ва ҳалокат
билан қоришиқ. Қушчанинг жарга ўхшаган тубсиз осмонга йиқилиб тушиши фожиали
эмас. Оқибати ўлим билан ниҳояланаётгани йўқ. Қушча илк парвозга отланди. Қаноти
синмаяпти. Йўқ, аксинча. У оппоқ осмон тўшига сингиб кетаяпти. Парвози покликка
қўшилиб кетяпти. Полапонлар учирма парвозлари билан осмонга хуш ёқди.
Бу қушлар ёш эди,
Ер думалоқ кўз.
Осмон мовий эди, рўмолча каби…
Тинмай ёшларини тўкаберди ер,
Осмонга қуш тўлди –
Жиққа ҳўл бўлди
Мовий рўмолча.
Фикрловчи кечинма суратлари

Халқимиз эътиқодига кўра ёмғир – тозариш, покдомонлик, қут-барака, ёруғлик
рамзи. Осмон қувончидан кўпириб тошяпти. Боиси – бағри қушлар парвози билан
тўлган. Мовий рўмолчасининг ҳўл бўлиши – ёруғликнинг тантанаси. Қушчанинг
осмонга – бокиралик оғушига йиқилиб тушиши, Ернинг кўзёшлари билан Осмон
рўмолчасининг жиққа ҳўл бўлиши – бу шоир кашф этган оксиморон образлар.
Поэтик тасвирдаги қўрқув ваҳми (қушчанинг осмонга йиқилиб тушиши) кўпроқ
ҳайратга уйғун. Ҳалокатдан узоқ. Ҳолат кўтаринки ифодаси билан қаноат ҳиссини
уйғотади.
“Осмон жарлиги”, “Иссиқ қор”, “Қора бахт”, “Ойдин тун”, “Оппоқ кеча”,
“Қоп-қора бокиралик” ва ҳоказо оксиморон образлар шоир поэтикасининг
кейинги йиллардаги қутлуғ самаралари (“Қора” – қадимги туркий сўз. “Катта”
маъносини англатади: Қора денгиз, Қора тоғ, қора ботир, қора кўз, Қора дарё
ва ҳоказо). Кўринадики, Икром Искандарнинг пейзаж лирикасида кўтаринки
кайфият сурати чизилар экан ундан фалсафий фикр сизиб чиқади (“Ҳовлида хуш
ҳавода кун нурига бўй чўзган Озоддил турналар-ла лак-лак фалакка палак отган
гуллар бўйини Тўтиё айлаб кўзга қўшиқларин тинглаган ўйин тушган капалак…”).
Тасвир осмон кенгликларида ўйнаб-ўйнаб учган капалакнинг эркинликдан масрур
кайфиятини суратлантираётир. У шунчалар сурурга, шавққа тўлганки, ҳатто бир
титроқ шамнинг қуёш каби ёнишини ўйламайди ҳам. Пастак деразадан нарида
тувакдаги гулларнинг хонанишин хонишини ҳам тингламайди.
Ахир, эркинликка етишиш қийин-да. Ахир, Капалак умри – тонгдан шомга
қадар бир кунлик эркинлик бўлса…
ХХ аср ўзбек шеъриятида тунги табиатдан бадиий-фалсафий маънолар ўқиш
ҳамда уқишда Асқад Мухтор Икромнинг устози. Зеро, тунги табиатни англаш,
ҳис қилиш ва тушунтиришда, яъни эстетик принципларда ҳамоҳанглик сезилади.
Икром ҳам устози Асқад Мухтор сингари табиатни фикрловчи, ўз сезгиларини
ўйларига қўшиб англатувчи жонли хилқат деб билади. Аввало, тунги табиат сирли
ҳолатларга бой; ақл билан туйиш қийин кечгувчи сеҳрга сероб. Шунга кўра тунги
табиатнинг сирли садолари шоир юрагига ҳамоҳанг.
Дунё сиғар шу кўзларимга –
агар очсам.
Дунё сиғмади-ку, қоп-қоронғулик –
кўзларим юмуқ…
Дунё – менинг кўзларимдек тор,
Кўзларимнинг дунёсидай кенг.
Икром пейзажларидаги тун инсон ботинига, кўнглининг қават-қаватларига
янаям чуқур нигоҳ ташлашга ундайди. Қоронғиликни тушунишда, унинг ажиб,
сирли гармонияси оғушида кечаётган жараёнларни ҳолат, кайфият, кечинма, фикр
тариқасида суратлантиришда Икром Искандар бир ўринда аниқ-тиниқ реалист,
айрим пайтларда романтик кўтаринкиликка мойил.
Лирик қаҳрамон гарчанд кўзини юмган асноларда олам қоронғиликка чўмса-
да, кўнгил кўзи дунёни зоҳир этади. Кўрсатганда ҳам борлиқни сирли, яширин
маънолари билан кўз-кўз этади. Ана шундай лаҳзаларда юрагинг увушиб, орқасига
тортиб кетади. Дунёнинг сир-синоатларини кўриб билиб бораётганидан эмас,
аксинча, кўриб адо бўлмайдиган, юриб охирига ета олмайдиган синоатлар қошида
лирик қаҳрамон лолу беҳол қолгандан, аслида. Шу боисмикан, тунги табиат Икром
тасвирида сирли улуғворлиги, кўнгилларга ғулув солгувчи титроқлари, қўрқувлари,
сафолари билан бўй тортади.
Асир исматидан оқарган қафас –
Шам ичинда беҳуш ётаркан Зиё,
Бир қатра олов-ла уйғотиб, абас
Сўроқ қилар уни қоп-қора дунё.
Зиё уйғонади ва бошлар қўшиқ.
У эшитмас туннинг саволларини.
Қўшиғига тонгнинг ранглари қўшиқ.
Бузилар зулматли кечанинг сири.
Шоирнинг тун тасвирига бағишлаган пейзаж шеърларида қоронғилик ўзича
муаллақ яшамайди; одамдан холи эмас. Лирик қаҳрамон кўнглида кечаётган
кечинмаларга эш. Шу маънода тун англаб, билиб бўлмас яширин мавҳумот эмас. У
фикрловчи, ҳис этувчи психологик жараён. Шу ўринда шоирнинг пейзаж лирикаси
учун хос бўлган яна бир муҳим хусусият аёнлашаётир. Хусусан, одамдаги юксак
инсонийлик, адолатпешалик, ҳақиқатнинг гўзаллигини кўриш, кўрсатиш, акс
эттириш устувор. Лирик қаҳрамон кечинмаларига, ўй-мушоҳадаларига тўкис
мазмундорлик бағишлайди. Айтиш мумкинки, табиат хоссалари кўнгил таржимони.
Лирик қаҳрамоннинг кўнглидаги яширин сирли маъноларни ҳам юзага чиқариб
суратлантиради.
Атрофни кўрмайди
Айрилиқдан ранг олган кеча.
Ҳовли. Дорга ёйилган кўйлак
Тинимсиз силкинар…
Лирик қаҳрамон қоронғи ғафлатга ботмаган. Бедор, иккита дард бўлиб чарақлар
кўзи. Мижжасидан уйқу қочган. Ёлғизи-маҳбубасини кўргиси келади. Ва лекин
зимистон тун чўккан. Соғичлари бардошга банди; улар елдек эсиб маҳбубасининг
ёнига олиб кетолмайди. Умидлари ҳам севгилиси сингари узоқ-узоқларда.
…Севги кўзларимдан
Юрагимга дордек боғланди,
Бу дор узра қўнгувчи
висол қушларининг
имкон каби қисқа ва ёлғиз
оёғи синган.
Табиат хоссалари сўз билан ифодалаб бўлмайдиган инжа лаҳзаларни кўрсатишга
қодир. “Атрофни қуршайди…” шеърида кузатилганидек, тун оғуши лирик қаҳрамон
кўнглига ҳамоҳанг (“Айрилиқдан ранг олган кеча”). Қийноқли оғриқлар соғинч,
айрилиқдан юзага келган (“Ғамга ботиб жиққа ҳўл бўлган Кўнглим – дорга ёйилган
кўйлак”). Биз тун бағрида ҳамда лирик қаҳрамон қалбида кечаётган туйғуларни ҳис
этамиз. Кўнглимизга яқин оламиз. Худди бизнинг ҳам қалбимизни ўртаётгандек
туямиз.
Фикрловчи кечинма суратлари
Қаҳратон қаҳридан қароргоҳ қурган
Ялдо туни кечар,
Дақиқалар қувар бир-бирин.
У менми – бу тунда
Узун сўқмоқ бўйлаб кезиниб юрган?
Изларимда изғир изғирин…
Ушбу сатрлар “Ялдо тунида” шеъридан. Борлиққа сингиб бораётган “мен” ўзини
афтода етим ҳолатда кўрмайди. У изғирин ялдо тунида севгилисининг дийдорини
излайди. Сўлмас гул каби сўлим мусиқа ҳам соғинч туйғуларига эш бўлолмайди.
У кезинган узун сўқмоқ маҳбубасининг остонасига элтадиган йўл. Гўё наздида тун
чок-чокидан сўкилаётгандек туюлади (“О, Худойим, менга берган сабринг бутун-
да, қара, нур каби узун бу тунда узилиб кечмагай ёки синмагай… Ёхуд қуёш эритиб
юборолмагай тарновдаги муз каби менинг сабримни”). Лаҳзалар, дақиқалар,
гарчанд, жудаям тез ўтиб кетса-да, умр табиатнинг хоссалари билан никоҳланган.
Бир-биридан айри тушолмайди, узоқлаб ҳам кетолмайди. Бу кўнгилнинг табиат
билан туташ аснолари. Барибир лирик қаҳрамоннинг кўнгли нотинч, ҳаловатга
берилолмайди. Кўнгли таскин ҳам топмайди. Ахир, қаҳратон ялдо тунида
жунжиккан ҳисларини иситгувчи чўғли бағир йўқ.
Узоқ сўқмоқларда
Нигоҳим никоҳлаб олгай ўзига
Жимитдай умидни ва
Исингай бағрига кириб.
О, бу узун сўқмоқларда
Айрилиқда синалган бардошлар синар,
Тоқатнинг тоқати тоқ бўлар…
Бу хилдаги шеърларида Икром Искандар ҳам руҳият мусаввири, ҳам файласуф
шоир сифатида намоён бўлади. Шоир лирик қаҳрамонининг кечинмалари рангини,
тусини шундоққина кўз ўнгимизда жонлантиради. Яна ана шу ҳис-туйғунинг
фикрини ҳам кўрсатади. Унинг исми ишонч ва умид. Лирик қаҳрамон кўнглидаги
ишонч сўнгган эса-да (“Ишонч-да ўлар, келишингга гарчанд ишонч йўқ, мен
кутавераман кезиниб, қисқа дақиқага айланиб қолар Нурдан ҳам узунроқ ялдо
кечаси”).
Англашиладики, Икром Искандарнинг пейзаж лирикасида инсон ва унинг
руҳоний ҳақиқатлари табиат хоссалари ҳаёти орқали асосланади. Хусусан, ана шу
муқояса усулидан бокиралик ва гўзаллик асл ҳақиқат эканлиги аниқлашади.
Қабристон ёнида ўсган Ток
Дўмпайган қабрларни кўриб,
Ўйлайди:
Бу токларни қачон очишаркин?
Елкамга бахт қуши қўнмоқчи эди.
Бироқ қулаб тушди
Кифтимдаги қоядай армонга урилиб.
Энди мен қушчани кафтимга олиб,
Умр бўйи қайғуриб ўтаман:
Ҳаҳ, сўқир қушчам-а,
Ҳаҳ, бахтсиз қушча…

Икром Искандарнинг пейзаж лирикасида фалсафий фикр манзараларга қавилган
ранглардан сизиб чиқади, дедик. Ушбу шеър фалсафий миниатюранинг гўзал
намунаси. Кейинги йилларда шоир яратган “Мумтоз оҳангларда”, “Беш сўз”, “Кузги
япроқлар” сингари туркумлари фалсафий миниатюралар мазмуннинг рангдор
қирраларини ўзида мужассамлаштирган. Юқоридаги сатрларда кузатилганидек (ва
умуман, шу йўсиндаги аксар шеърларида), ҳикматли маъно серқатлам образларга
ўралмаган ҳолда ифодаланади.
Поэтик образ (бахт қуши) бадиий ғояни нурлантириш асносида дабдурустдан
янги мазмунни ифодалаши, янги ҳақиқатни тасдиқлаши билан ўқувчини ҳайратга
солади. Шоирнинг пейзаж-миниатюралари шу тахлит кутилмаган, ҳаққоний
поэтик фикрларга мўл.
Чилла чалар чанқовуз,
Оппоқ ва совуқ куйдин,
Мен на бир телба бўлиб
Кўкалам исин туйдим.
Қаҳратон қўйнида ҳам
Ҳасратларин қуволган,
Дераза кўзларида
Гуллар кўриб қувонган
Кўнглим, сенга бу гуллар
Қиш сирин бериб кетди.
Шеър қаҳратон қиш чилласидаги оппоқ қор – оқлик ҳамда совуқ ҳаво муқоясаси
асосига қурилган. Лирик қаҳрамон аёзли кунда ҳам умидларини сўндирмайди.
Дераза кўзларида аёзли қор гулларини кўриб қувонади. Ундан кўклам исини туяди.
Икром Искандарнинг пейзаж лирикаси кўнгил ҳақиқати билан ҳаёт ҳақиқатини
вобаста суратлантиради. Фалсафий маъно бадиий таҳлил замиридан балқиб
туради. У инсонга ҳар бир босган изидан сабоқ олишга, тириклик ҳикматини
уқишга ундайди. Лекин ҳақиқатга етишиш, ҳақиқатни англаш охирги муддао эмас.
Кўргиликлар тугамагани сингари кўнгилга етказилажак озору азоблар, зарбалару
заҳалар ҳам асло ниҳоя билмайди. Ҳаёт, эзгулик, ҳақиқат – гўзал. Ва лекин, “Чилла
чалар чанқовуз” шеъри лирик қаҳрамонининг ишончда алданиши “хабар берар
ўлимдан”. Англашиладики, инсоннинг ҳаёт ҳақиқатини англаб, сабоқ чиқариб
яшаши ҳақиқатнинг гўзаллиги демакдир. Адолатнинг қандай рангда эканлигини
билиш, маъносини туйиш – ҳақиқатнинг нечоғлик гўзаллигини англашга йўл
очади. Демак, шоир талқинида ҳақиқатнинг ранги ҳам, туси ҳам ҳаёт-воқелик-
табиат сингари беҳад бой, турфа. Бу – шоир шеърлари бадииятининг яна бир муҳим
хусусиятини инкишоф этади.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil