Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Нега биз улардай бўлмадик?

Фозил ФАРҲОД – 1985 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини тамомлаган. “Мактуб”, “Кўклам куйи” номли насрий
китоблари чоп этилган.

Ичикиш


Ҳар тонг йўлга кўзларин тикиб,
Мўйноқда бир бобом яшайди.
Эрта-индин Орол қайтар деб,
Қайта-қайта қайиқ ясайди.


Баъзан қўлин елпана қилиб,
Тинглар сувнинг шовурларини.
Барин сароб эканин билиб,
Қумга босар бовурларини.


Тушларида ўзича яйраб,
Қулочидай балиқ тутади.
Уйғонгач, тош тишларин қайраб,
Кўзёшини ичга ютади.


Ҳар оқшомда ўлик кемалар
Қабристонин кезади ёлғиз.
Шўр кўзёши тузга юмалар,
Топилмайди денгиздан бир из.


Умидини узмай шунда ҳам,
Оролини кутаверади.
Юрагига тунда чўкиб ғам,
Куни шундай ўтаверади.


Қачонлардир Орол тўлгунча,
Паймонаси тўлмасин унинг!
Умидим шул ўла-ўлгунча,
Умидлари сўлмасин унинг!

Худойжоним, кетмасми тинчинг
Жим кузатиб туриб бу ҳолни?!
Бобом ҳаққи сендан ўтинчим:
Кўксин сувга тўлдир Оролнинг!


Абдулла Қодирий


Бир аср наридан келар ўқ саси,
Қотил бармоқларга сачрар қора қон.
Жаноза ўқийди тун кўланкаси,
Худойим қошига кетар мард инсон.


Миллатнинг устуни қулар дафъатан,
Беш грамм қўрғошин – шуми мукофот?
Ғишт хумдон – қўйинди, пок туфроқ – кафан.
Зиёратга қабр – бутун музофот.


Қабристон тепалик айланар ғиштга,
Хокдан бунёд бўлар метин бинолар.
Аламдан қўлларим дўнади муштга,
Эсимга тушади эски гиналар.


Тарихни яшириб бўлмагай ахир,
Ҳеч бири кўкайдан кетмагай ўчиб.
Ўтмишим – оғриғим бунчалар тахир,
Юрагим қинидан кетяпти кўчиб.


Оллоҳ шу таскинни қалбимга солар –
Бобобиноларда улғайган кучлар
Дунёни қуролмас, қалам-ла олар,
Балки шунда арир қасосу ўчлар?


Улар Ҳақ йўлидан сира қайтмагай,
Бир-бирин сотмагай, бир-бирин қўллар.
Ёвга терс қарамас, сирин айтмагай,
Бўлар Қодирийлар, бўлар Фозиллар.


Қизалоқ ноласи


Ватан тупроғини қўрир мард эрлар,
Биламан, бу сизнинг олий бурчингиз.
Ота, қўлингизни ўқ юлмиш дерлар,
Майли, бизни энди қалбан қучингиз!


Ушбу гапларимни қулоққа илинг,
Яхши дада қиз не деса қилади:
Оёқларингизни эҳтиёт қилинг,
Улар уйга қайтиш йўлин билади!


Душманни ўлдирманг, бўлса ҳам ёмон,
Қайтариб юборинг ўз уйи томон!
Адоват тугасин, ота ҳар замон Боласи ёнига қайтсин соғ-омон!


Ҳайқиринг, мен бўлай куйингиз сози,
Ғалаба қўшиғин баланд айтингиз!
Ягона тилагим, қалбим овози:
Урушни тўхтатиб, уйга қайтингиз!


Жадидлар


Шом чўкар, тўлин ой балқийди,
Кўзимда аччиқ ёш қалқийди,
Йиғидан қовоғим салқийди,
Миллат деб жон берди адиблар,
Жадидлар, жадидлар, жадидлар.


Бир аср нарига қарайман,
“Қанисиз, боболар!” наърайман,
Мен наҳот бир шунга ярайман,
Миллат деб жон берди адиблар,
Жадидлар, жадидлар, жадидлар.


Бириси чопилди, сотилди,
Кўплари ҳайвондай отилди,
Янчиблар ташласанг қотилни,
Миллат деб жон берди адиблар,
Жадидлар, жадидлар, жадидлар.


Нега биз улардай бўлмадик?
Кераксиз ишимиз ўлмади,
Бошимиз зиёга тўлмади,
Миллат деб жон берди адиблар,
Жадидлар, жадидлар, жадидлар.


Оналар, минг жадид туғинг, сиз,
Ўшанда дунёда қолгай из,
Минг жадид ҳақи бу – бизнинг сўз,
Миллат деб жон берди адиблар,
Жадидлар, жадидлар, жадидлар.


Ҳадемай, жадидлар туғилар,
Минг жадид очунга туғ илар,
Миллатим бир муштдай туғилар,
Халқим деб жон берар адиблар,
Жадидлар, жадидлар, жадидлар.


Симёғоч доди…


Мен каттакон шаҳарда
Оғоч эдим кўк, барра.
Ғафлат босган саҳарда
Танамни кесди арра.


Қанотларим қайрилган,
Йиқилиб, гурсиллайди.
Хўжасидан айрилган
Томирларим туллайди.


Яраланган дарахтман,
Юрак-бағри қон бўлган.
Аҳволимдан карахтман,
Ичим зардобга тўлган.


Баҳайбат қайрағочман,
Олма, беҳи, ўрикман.
Афсус, ўзимга хочман,
Ўликлардан ўликман.


Қани, барг ёзсам бирров,
Мева солса шохларим.
Дардим тингламас биров,
Учиб юрар оҳларим.


Томирларимни отиб,
Кўп бинолар қуришди.
Ходаларимни сотиб,
Пулин ёнга уришди.


Ям-яшил дара эдим,
Бунда чанглар бўлмасди.
Ўтмишга қаранг дедим:
Бевақт баргим сўлмасди.


Энди керак ҳаво деб,
Кент бағрин тиғлаяпти.
Тоза ҳаво – даво деб,
Гўдаклар йиғлаяпти.


Бугун келса-да кўклам,
Гулламайди оғочлар.
Бизлар на кўк, на ўктам,
Шунчаки симёғочлар.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil