
Ушбу роман-эссе реал воқеалар, аниқ ҳужжатларга асосланган, бадиий-
публицистик руҳда ёзилган асар бўлиб, тўқимадан холи, унда келтирилган
шахсларнинг ҳеч бири номлари ўзгартирилмаган, ҳаётда бор инсонлардир.
“Кундалик”ларимдан намуналар ҳам аслида қандай ёзилган бўлса, шундай
берилмоқда.
Шунингдек, “Умрлар гулшани”ни қоғозга туширишда менга ўзларининг
маслаҳатлари, хотиралари, эслатмалари билан катта ёрдам беришган, куйиб-
пишишган азиз укаларим – дилкаш Мадаминжон, сўзамол Абдужалил ва тарихчи
Ҳабибуллага чексиз миннатдорлигимни изҳор этаман.
Муҳтарама энам Хосият отин Қобилбой қизи ва
меҳрибон онам Турдихол Эгамназарбой қизи
хотираларига бағишлайман.
Муаллиф
БИРИНЧИ ҚИСМ
Сунбула ойида
Милодий 1980 йил, сунбула ойи бошлари эди.
Отам каттагина ҳовлимизда, ўзи ёқтирган ишком тагида атлас тўшаклар солинган
сўрида пар ёстиққа ёнбошлаб ўтирар, ҳовлига кўлоблатиб сув сепилган, бу ишни
укам Мадаминжон ихлос билан адо этганди. У тиббиёт ходими, моҳир шифокор,
тозаликни аъло кўради. 1974 йили ТошМИни битирган, стоматолог.
Биз – фарзандлар, тўққиз бола, ота уйимизга икки ҳафтада бир шанба куни
йиғилишиб келамиз. Қизлари – Раҳимахон, Солиҳабону, ўғиллари – камина,
Рустамбек, Мадаминжон, Азамат, Абдужалил, Ҳабибулла ва Иброҳимжонлар
отамиз атрофида парвона бўламиз. Отамизга боқиб тўймасдик.
16 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Отам бирдан сўрининг тепасида қўл етадиган жойда осиғлиқ турган дуторни
(дуторнинг жойи ёзда ҳовлидаги сўри тепасида, қишда уй ичида деворда бўларди)
олди ва бир муддат қулоғини бураб, “тиринг-тиринг” қилиб кўрди. Ул зот дуторни
яхши чалардилар. Чалганда, меҳнатдан қадоқ қўллари қай тарзда нозик торларни
жаранглатиши, дуторнинг қуруқ бўм-бўш ёғоч корсони ичидан қандай қилиб
дилтортар наволар отилиб чиқишини билолмай, ҳайратга тушарди киши.
Кетма-кет “Бозиргон”, “Қари наво”, “Муножот”, “Тановор”лар янграгач, охирида
“Сўлим”ни чалиб, ўзи ҳам сел бўлиб, беихтиёр хиргойини бошлаб юборарди отам.
Биз роҳатланиб эшитардик.
Бу дуторнинг қиссаси узун, отам унинг тарихини кўп марта гапириб берган.
Билиб олганмиз. Бу жаҳонгашта дутор, асли отамнинг қайнатаси Эгамназарбойники
эди. Шаҳрихонлик қўли гул уста ясаб берган экан. Сирасини айтганда, куёв эмас,
ўғил бўлиб қолган отамга дутор чалишни ҳам ўша бобом ўргатган эканлар. Бунга
кўп йиллар бўлган.
ХХ асрнинг 30-йилларида, “қулоқ” қилиш сиёсати бошланиб кетган пайт
Бешкал қишлоғидан ҳам биринчилардан бўлиб Эгамназарбой бобом оиласи билан
Украинага сургун қилинган. Бобом дуторни ҳам олиб кетганлар, мусофирчилик
йиллари унинг ҳамдарду ҳамроҳи ўша эди. Бу ҳақда Хосият отин энам кўп
эслардилар.
Эгамназарбой бобом оламдан ўтаётган пайтда, энам Хосият отинга: “Дутор
қолиб кетмасун, ўғлим Аҳмадқулга элтингизлар. Чалганда, мени эслаб юради…” –
деб васият қилибдурлар. Шунинг учун дуторни авайлаб сақлайдилар.
Отам тарихдан нақл ва қиссаларга моҳир эдилар, аждодлар ҳақида турфа
ҳикоялар сўйлаб берардилар. Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи васаллам, Ҳазрат
Али розияллоҳи анҳу, Имом Аъзам қуддиса сирруҳу, Ҳазрати Ғавс ул-Аъзам,
Ҳасти Баҳоваддин, яъни Баҳоваддин Нақшбанд, Амир Темур, Алишер Навоий,
Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Худоёрхон, Дукчи Эшон ва улардан ҳам қадим
Фиръавн, Намрудлар ҳақида кўп нақллар тинглаганман. У ҳикоя ва қиссаларнинг
айримлари менга кейин асарлар ёзишимда қўл келди. Айтиб ўтганимдай, отамнинг
нақлларидан илҳомланиб кетиб, ўша 1970 йили “Етти пуштим” деган достон ёзиш
ҳаракатига киришгандим, режалар тузгандим, факту маълумотлар тўплагандим…
Аммо ўшанда достон негадир ёзилмай қолиб кетди.
Яхшиямки, отамдан шажарамизни ёзиб олган эканман. Шажарамиз бундай эди:
Отам – Аҳмадқул сўфи Бекназар сўфи ўғли (1910 –1984);
отаси – Бекназар сўфи Нормуҳаммад ҳожи ўғли (ваф. 1927);
отаси – Нормуҳаммад ҳожи Ортиқбой сўфи ўғли;
отаси – Ортиқбой сўфи Бойхўжаназар ўғли;
отаси – Бойхўжаназар Бобомуродбой ўғли;
отаси – Бобомуродбой Боймирза девонбеги ўғли;
отаси – Боймирза девонбеги…
Ота-боболаримизнинг асил яшаган жойлари Ўратепага яқин “Қорасоқол
ота” қишлоғи ҳисобланиб, ўзбекларнинг тўқсон икки уруғидан бири – юзлардан
бўламиз. Юз уруғидан Турди Фароғий (вафоти 1701), Мунис Хоразмий (1778–
1829), Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809–1874) сингари ўзбек адабиётининг машҳур
шоирлари етишиб чиққан. Бу ҳақда тарихларда ёзилган.
Юз уруғидан бўлган санъаткор профессор, Ўзбекистон халқ артисти Султонали
Маннопов ўзининг “Умримнинг олтин лаҳзалари” китобида келтиришича,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ҳам юз уруғига мансуб экан. Ҳар
қалай, улуғ адиб туғилган жануброқда жойлашган Кенгқўл қишлоғи “Қорасоқол
ота”дан унча йироқмас… Қидирса, яна кўп кишилар топилишига шубҳа йўқ.
№ 7 2024 17
Умрлар гулшани
Отамнинг ҳикоя қилишларича, Боймирза девонбеги бобомиз жуда илмли киши
бўлган ва Ўратепа ҳокимининг девонини бошқарган эканлар. У кишининг исмига
ҳамиша “девонбеги” унвонини қўшиб айтганлар. Боймирза девонбеги ҳисобда
каминанинг саккизинчи бобоси бўлади. Мамлакатда таниқли, замонанинг етук
кишиси сифатида эл-юрт орасида катта ҳурматга сазовор бўлиб, тахминан 1730–
1780 йилларда яшаган.
Бобомуродбой билан Бойхўжаназар боболарим мамлакат қўшинида сипоҳсолор,
лашкарбоши бўлиб хизмат этганлар.
Ортиқбой сўфи отасидан фарқли ўлароқ беозор, дунё билан иши йўқ, лашкару
мансаблардан йироқ, сўфиёна тасаввурларга берилиб ўз хаёли билан ўзи банд
бўлиб умр кечирган бир киши бўлган эканлар.
Нормуҳаммад ҳожи, аксинча, юртда номи машҳур, ҳар бир ишга аралашиб
турадиган, иззат-икромли, ҳурматли кадхудолардан ҳисобланган. Бу ҳақда кейинроқ
ҳикоя қилинади.
Ҳозир фарзандларини ўз ёнида жам кўриб, аждодлардан мириқиб сўзлаб
берганиданми, отамнинг кайфияти чоғ эди…
Отам ҳар галгидек ҳикояларини ўзи яхши кўрган насиҳатлари билан якунладилар:
– Болаларим, биз борлигимизда ўқиб қолинглар. Менинг битта уйим Тошкандда…
Ўқинглар!
Аҳмадқул сўфининг отаси
Аҳмадқул сўфи Бекназар сўфи ўғли – Фарғона водийсининг марказида
ястанган чўл ерларда, бир чеккадаги, аниқроғи, ҳазиллашишиб, Худо унутиб
қўйган овлоқдаги Бешкал қишлоғида 1910 йилда дунёга келган. Ҳозир у жойлар
Бўстон тумани, деб аталади, бир пайтлар бу ерлар қақроқ чўл эди, десангиз, биров
ишонмайди. Отам – бобом Бекназар сўфининг “топганимни сен же, болам” деган
кенжа ўғли бўлган экан.
Бобом Бекназар сўфининг ўзи ҳам худди шу ерда 1870 йиллар чамаси таваллуд
топган. Улар сабаб билан водийга Ўратепанинг “Қорасоқол ота” деган қишлоғидан
кўчиб келишган. Бобомнинг отаси Нормуҳаммад ҳожи Ўратепанинг эрка ўғлони,
номи чиққан нуфузли кишиларидан саналарди.
Нормуҳаммад ҳожи ким дейсизми?
Отамнинг бобоси Нормуҳаммад ҳожини баланд бўйли, калласи катта, бағоят
ақлли инсон деб эслашади. У андишали, босиқ, ўз сўзининг эгаси, моҳир улоқчи,
дилкаш улфат, шоиртабиатлиги бор, яхши қўшиқ ҳам айтаркан. Ўратепа беги
жўра оғаси. Тез-тез кўпкари уюштириб, катта-катта совринлар қўяр, уларга узоқ
Хос, Ғончи, Кенгқўл, Куркат, Зомин, Ховос, Исфара қишлоқлари, Хўжанднинг
нарилари – Конибодом томонлардан ҳам улоқчилар келиб тураркан.
Қўқон хони Худоёрхон Ўратепага қадам қўйса, албатта Нормуҳаммад ҳожини
ҳузурига чорлар, бирга суҳбатлашишни яхши кўрарди.
Ўратепа жуда хушманзара маскан, дуо кетганми, бу нозанин диёр мудом Қўқон
хони билан Бухоро амири ўртасида талаш эди, кейинги юз йил ичида ўн олти марта
қўлдан-қўлга ўтган, қирпичоқ даврларни бошдан кўп кечирган жабрдийда бир
юрт…
Нормуҳаммад ҳожининг Дўстназар, Алланазар, Бекназар ва Эгамназар деган
барваста ўғиллари вояга етиб келарди. Замон ўшанда ҳам нотинч, косадаги сувдай
чайқалиб турарди. Оқ подшо (эл-элат Чор Россиясини шундай атарди) ўзининг
босқинчилик юришларини дунё бўйлаб амалга оширарди. Босқинчида шарм-ҳаё,
андиша, ор, деган инсоний тушунчалар бўлмайди. Тарихдан маълумки, Россия
18 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
уч юз йил давомида бирин-бирин Қозон хонлигини босиб олган, Қримни ўзининг
мулкига айлантирган, Қофқоз мамлакатларини зўрлик билан ўз қўл остига киритган.
Император Петр I замонидаёқ Россия жанубга, бой ва обод Марказий Осиёга кўз
олайтира бошлаган. “Биз Марказий Осиёни эгаллаб, Ҳиндистонни забт этиб, Ҳинд
океани соҳилларига чиқамиз ва чанг босган этикларимизни ўша ерда ювамиз!.” –
бу сўзлар русларнинг шиори, мақсадига айланади. Лекин Худога ёқмади шекилли,
хайрият, бу Петр I га буюрмади. Россия айни пайтда Сибирь тарафларга, Узоқ
Шарққа ҳам қўл чўзган, шафқатсиз жанглар олиб борарди.
Шимол ёқдан босқинлар изғиринлари кела бошлагач, элга бесаранжомлик
тушади, халқда тинчлик йўқолади. Нима чора қилиш керак? Душманга тенг келиш
мушкул, бу ерда қолиш ҳам бағоят хатарли… Босқинчи душман Бухоро амиридан
ҳам, Қўқон хонидан ҳам кучлироқ, айёрроқ, даҳшатлироқ бир тил уқмас ёв, чулчут
эди. Нормуҳаммад ҳожи буни идрок этарди.
1865 йилда Тошкентни босиб олган чор қўшини жанубга кўз тикди, 1867 йилда
ёнгинадаги Ховосни эгаллаб, Самарқандга қараб юрди. Мамлакат босқинчи оёғи
остида қолди….
Нормуҳаммад ҳожи қаттиқ ташвишга тушди. Кўзларидан уйқу қочиб, оромини
йўқотди. Бобур Мирзодан улги олиб жанубга, Ҳиндистон томонларга кетсинми?..
Охири ўйлай-ўйлай, балодан ҳазар, дея бутун қавмни (яқин қариндошлар,
хизматкорлар, жаъми икки юз қурабли хонадон ва ҳоказо) эргаштириб, тезликда
кунчиқар ёққа, Фарғона водийси томонга, тинч ерларга йўл олишга қарор беради.
Юриб-юриб, Марказий Фарғонанинг қоқ ўртасига – Улуғнор сойидан унча
узоқ бўлмаган, Худоёрхон ўғли хонзода Насриддинбекнинг чекидан беш чақирим
жануброқда, Худоёрхон йўлининг бўйида хилватда (ҳозирги Бешкал қишлоғида)
қўним топади…
Шу тариқа янги қишлоқ пайдо бўлиб, унга яқин қишлоқлар – Довлоқ, Ишаки,
Дўрманча, Кўприкбоши, Қоратепа, Холдевонбек, Ўрмонбек, Оққўрғон, Гумхона
деб аталарди.
Бир нарсани таъкидлаш жоиз. Оқ подшо одамларида айёрлик усуллари кўп
эди. Турон, Туркистон халқининг жанговар руҳдаги халқ эканини, ундан тарихда
малика Тўмарис, Спитамен, Султон Жалолиддин, Амир Темур, Заҳириддин
Муҳаммад Бобур сингари буюк саркардалар етишиб чиққанини яхши билардилар.
Шу сабабдан, туб халқни тинчлантириш, ҳурматини қозониш маъносида “Ерли
халқдан эллик йил мобайнида ҳеч ким ҳарбий хизматга олинмайди”, деган
кўрсатма берилган. Асл мақсад эса бошқа: Амир Темур авлодларини мумкин
қадар ҳарбий жанглардан, йироқ тутиш, уларнинг қўлига қурол-яроғ бермаслик,
ҳарбий шижоатини сўндириш, жанговарлигини, ватанпарварлик ҳис-туйғуларини
ўтмаслаштириш, курашлардан четлаштириш учун шундай йўл тутилганди. Бу
одат ҳатто Шўролар даврида ҳам давом этди – ҳарбий хизматга чақирилган ўзбек
йигитлари фақат қурилиш батальонларида хизмат қилдилар…
Қишлоққа қайтайлик. Қишлоқ номининг келиб чиқиши ҳам қизиқ. Кўп ўтмай,
Қўқон хонлиги қулагач, оқ подшо танобчилари мамлакат бўйлаб изғиб, империя
харитасига киритиш учун бир қарич ҳам ерни қолдирмай, ўлчаб қоғозга тушира
бошладилар. Муқимийнинг “Танобчилар”и эсингиздами?
Ош есалар, ўртада сарсон илик,
Хўжа – чироқ ёғи, Ҳакимжон – пилик…
Улуғ демократ шоир жуда билиб ана шундай таърифлаганди… Шоир танобчилар
номларини кўчма маънода ўзбекча қилиб олганди.
№ 7 2024 19
Умрлар гулшани
Оқ подшонинг гумашталари бошлиқ танобчилар келишиб, қишлоқ оқсоқолидан
ёрдамга одам сўрашади. Оқсоқол бешта йигит ажратади. Иттифоқо, бири-биридан
норғул беш йигитнинг бари… кал экан! Бешта кал!.. Уларнинг ичида биттаси бобом
Бекназар эди. Шу йўсинда номи йўқ қишлоқ “Бешкал” бўлиб кетади.
Бекназар сўфи билан Эгамназарбой Нормуҳаммад ҳожининг кенжа ўғиллари
бўлиб, улар бошқа акаларига қараганда бир-бирларига яқин туғилганлариданми,
иноқроқ эдилар. Бекназар сўфи дўлвор, девкелбат, манглайи кенг, қош-кўзлари
порлаб, чақнаб турар, кал бўлган. Вояга етганда отаси уни уйлаш ташвишига тушади.
Кунчиқишдаги чинглинг Кўприкбоши қишлоғининг энг олди қизларидан бўлган
Турсуной, қиз кўргани келган Бекназарга кўзи тушиб қолади ва дугоналарига дейди:
– Шу гўрсўхта калга ким ҳам тегар экан? Одамнинг раҳми келади… Вой бечора…
Тоза ярғоқ кал экан-е! Тегса, биронта пешонаси шўр тегади-да!
Шўх қизлар яйраб куладилар. Ҳаммадан кўпроқ кулган Турсуной эди.
– Эҳтиёт бўл! Жа-а… ўзингдан кетиб қома-а! – огоҳлантирди Турсунойни
шартаки қизлардан бири. – Тағин бошгинангга туши-и-ибгина қолмасин!
– Мени-я?.. О-в, тушиб қоптими! Ҳеч қачон бундай калга тегмайман! Икки
дунёда ҳам!.. Мени Турсуной деб қўйибдилар! – чўрт кесди гапни қиз. – Менинг
шаҳзодам бошқа!..
Карнай-сурнай садолари тўхтаб, ёр-ёрлар тингач, чимилдиқ ичида юраги
типирчилаётган келинчак Турсуной елкасига зарбоф тўн ташлаган девкелбат
куёв кириб келганини кўриб, ўзидан кетишига оз қолади! Не кўз билан кўрсинки,
“шаҳзода”… ўзи устидан кулган ўша кал йигит эди! “Ўлдинг, Турсун! Сени Худо
уриб қўйибди!..” дейди ичида…
Лекин тақдир Турсунойнинг пешонаси шўр эмас, балки омади чопган қиз
эканини кўрсатди. Бекназар билан Турсуной бошқалар ҳавас қилгудек оила
қурдилар. Худои таоло олти фарзанд ато этди: Мамир (катта бўлганда сўфи лақаби
қўшиб айтиладиган бўлди), Раҳматқул, Абдураҳмон, Кумушбиби, Рўзибой (полвон
лақаби бор эди) ва кенжаси Аҳмадқул.
Бекназар сўфи ўсиб келаётган болаларининг бўйига қараб хурсанд бўлади. Фақат
бир нарсага ҳайрон қолади. Нима учун бир ерда туғилган, бир уйда яшайдиган,
бир хил кийинган, бир ҳаводан нафас олган, бир хил ўйнаган, бир хил таом еган
болалар турли хил бўлиб ўсади?.. Бу – ота-оналарнинг бошини мудом қотирадиган
савол, менимча.
Катта ўғли Мамирвой бироз лақмароқ, сўзига ёлғонни аралаштирадиган, гапни
олиб қочадиган бўлиб чиқди, аждодларида унга ўхшагани йўқ, биринчиси – шу…
Аммо гапирса одамни ишонтириб қўярди. Раҳматқул билан Аҳмадқуллар ўтли-
шудли, боболари Нормуҳаммад ҳожига тортган, чаққон, ишбилармон, ушлаганини
қўйиб юбормайдиганлар хилидан, баъзан уларни амакилари Эгамназарбойга ҳам
ўхшатишади. Абдураҳмон билан Рўзибойни отасига менгзайдилар, соддаваш
кишилар… Абдураҳмоннинг қулоғи оғирроқ эди, борди-ю унга овоз кўтариб
гапирсалар, чинакамига жаҳли чиқиб: “Нега бақирасан қулоғимнинг тагида? Нима,
мен сенга карманми?” деб ўдағайларди. Рўзибой паҳлавон йигит бўлиб, тўйларда
кураш тушар, доим соврин олиб қайтарди. Бекназар сўфининг ўзи қолипни бобоси,
яъни Нормуҳаммад ҳожининг отаси, дунё билан иши йўқ, дарвешсифат Ортиқбой
сўфидан олган, жуда одми, оми одам эди, шумликни билмас, меҳнаткаш, деҳқон,
чорвадор… Унинг соддалиги тилларда достонга айланиб кетганди.
– Мамиржон… ўзимизга бир уй қурмайсизми, бошқаларга ўхшаб? Бизнинг ҳам
уйимиз бўлсин! Маза қилиб яшайлик… Кичикликдан орзу қиламан-да… – деди бир
куни Турсуной, бойини боласининг номи билан атаб. Бу тавозе – ўзбекларнинг
одати.
20 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Сўфи хотинини яхши кўрарди:
– Бир оғиз сўзингиз-да, хотинжон! – деди ва фурсатни ўтказмай ишга киришди.
Бақувват эмасми, чарчамай, куну тун ухламай, тез кунда уйни қуриб битирди.
Аввал сира уй қуриб кўрмаган… Шошилиб, соддаликдан уйни ўтовга ўхшаш битта
ҳам бурчаги йўқ қилиб қуриб қўйибди! Кўрганлар ҳайратда…
Бир куни ёш келинчак Турсуной пешиндан кейин Толкўчадаги ариқда идиш-
товоқларни ювиб ўтирган эди, кўчадан ўтаётган икки аёлнинг бир-бирига уйни
кўрсатиб, кулишиб айтишган сўзларини эшитди:
– Вой ўлай! Манави гўрда ҳам одам яшайдими? Шуям уй бўлди-ю… Гўр
шекилли, уй эмас бу…
Бу гап сўфи қулоғига етди, тезда уйни бузиб, янгитдан қуришга киришди.
Бир куни Бекназар сўфи улфатлари йиғилишиб халфана палов қилишни кўнгилга
тугишди. Ошнинг ёғдан бошқа масаллиғи тайёр эди. Дарҳол тўрткўчадаги жувозга
боришди. У ерда ҳамиша ёғ бўлади.
Улфатлар бориб қарашса, жувоз тўхтаб ётибди, жувозкаш, иш йўқлигидан, бир
четда пашша қўриб ўтирибди…
– Худо омадингизни берсин, ака… Бир ошлик ёғ керак эди… бир ошликкина.
Халфана қилаятувдик… – деди улфатларнинг жўрабошиси Холиқназар.
– Ёғ йўқ… қани бўлса… – жувозкаш бош чайқади. – Икки кундан бери, нас
босдими, ҳўкиз касалланиб қолди… Ўламан Олло, ўрнидан турмайди. Уззу кун
гурсиллатиб жувозни айлантириб ётарди, кўз тегди шекилли…
– Бу қанақаси? Кечаси-ю кундузи, мудом ғариллаб ишлаб ётадиган жувоз… айни
бугунга келиб, ўзини бундай тарозига солса?.. – торинди йигитлардан бири.
– Жа-а бўлмаса, ўзингизга олиб қўйганингиз бордир, ака. Топиб бериб туринг…
– Э, укалар!.. Ўзимга олиб қолмайман мен. Бўлса аяйманми?.. – деди жувозкаш,
улфатларнинг талаби малол келаётганини сездирмай.
– Энди нима қиламиз? Бугун ошсиз қоламизми?..
– Ёғсиз ош қилинади-да энди… – писиллатди кимдир. – Лекин у ош бўлмайди…
– Ҳазилнинг вақти эмас… – гапни кесди Бекназар.
Улфатлар бир-бирларига қараб, тумшуқлари осилиб ғудранардилар.
Жўрабоши Холиқназар шунда жонга оро кирди:
– Сабр қилинглар, жўралар! Биринчидан, Худо деган одамлармиз, бугун ош
еймиз, деб қаттиқ ният қилганмиз, иккинчидан, ошнинг етти масаллиғидан
олтитаси тайёр-ку! Олтитаси!.. Энди… Бир чора бор…
Улфатлар: “Қанақа чора?.. Тезроқ айт!” дея, унга умид билан қарадилар.
Жўрабоши улфатларга кўзини қисиб қўйди-да, бироз ўйланган бўлиб, деди:
– Энди… Бекназар ҳўкиз ўрнида жувознинг бўйинтуруғини бошига илиб,
жувозни уч-тўрт марта айлантириб берса кифоя, қарабсизки, бир ош ёғи чиқиб
турибди-да! Бизларнинг кучимиз етмайди. Ўзимоқ тушар эдим-куя, кучим бўлса!
Дев полвонга бу чўт эмас! Нима бўпти, бор-йўғи жувозни айлантириш холос!..
Улфатлар бирданига Бекназарга ялинишга тушдилар:
– Тўғри! Тўғри! Дев полвон! Вой, жўражон-е! Ёрдам бервор!.. Ўзинг зўрсан.
Савобнинг ҳаммаси сенга бўлади! Икки марта айлантириб берсанг етади, икки
марта! – деб қичқирарди йигитлар. – Нима десанг қиламиз! Ўзимнинг ошнажоним!
Бўлақол! Қоринлар чукиллаб кетди!.. Тезроқ ош ейлик!..
Бекназар улфатлар кўнглини олай, деб бўйинтуруғни бўйнига илди ва жувозни
ғичирлатиб беш-ўн марта айлантирганди, ғазнага тиниқ ёғ оқа бошлади…
Халфаначиларнинг қувончи чексиз эди!
Ниҳоят ош ҳам пишди, ошмисан ош бўлди. Улфатлар паловни яйраб, мазза қилиб
ейишди, охирги гуручигача паққос туширишди, лаганни ялаб қўйишди, кейин ҳам
№ 7 2024 21
Умрлар гулшани
буни кўп гапириб юришди, бироқ содда Бекназарни ростакамига туширишди: у
ўзига ҳўкиз лақабини тақиб олди! Вақт-бевақт, “Бекназар ҳўкиз” сўзлари гап
орасида айланар эди.
Бошқа бир куни тенгқур улфат-жўралар кайфиятлари аъло, яхшигина ширакайф,
сурон солишиб бўзахўрликдан қайтишарди. Заҳартангликдан Бекназар апил-тапил
рўпарадаги уйнинг орқасига ўтди-да, деворни ҳўл қилишга турди… Уйнинг эгаси
чиқиб қолиб, дашном берди:
– Ҳай-ҳай! Туппа-тузук одамга ярашадиган ишму шу? Э, қўйинг-е! Бировнинг
уйини хароб қиласиз-ку?..
Хиёл тебраниб турган кайфияти баланд Бекназар бўш келмади:
– Мен… таҳорат ушатадиган… жойга-а… нега уй қурасан?..
– Э суф-е, сиздай сўфига! – деб юборди уй эгаси.
Эгамназарбой билан Қобилбой
Бекназар сўфи ва Эгамназарбойларнинг бир-бирлари билан яқинроқ, иноқроқ
эканларини айтиб ўтгандик. Ака укасининг тутумларидан қувонар, фахрланар, ука
кўп ишларини ака билан бамаслаҳат олиб борарди.
Эгамназарбой илмли одам эди, очиқ чеҳрали, баланд бўйли, елкадор, ёшамол, қўй
кўзлари ҳамиша табассум билан ийланган, калта қирқилган чиройли қора соқоли
ҳошиядай ўзига ярашганди. Ундан ёмонлик келмаслиги яққол кўриниб турарди.
Табиатан уддабурро, ишбилармон, тадбирлар соҳиби, бу соҳада бошқалардан
бир зуваласи ортиқлиги равшан, бевосита пахта, чорва билан шуғулланар, ҳатто
етти хазинанинг бири, деб хонадонларда товуқлар боқтирар, Шаҳрихон, Асака
бозорларини тухум билан таъминлаб турарди.
Бир неча чорбоғи бор, мол-ҳоли етарли, ерларидан чиққан пахтани Шаҳрихондаги
машҳур пахта заводига сотар, бу атроф музофотда ўзига тўқ хонадон эгаларидан
эди. Бешкалда Сойнинг устида, Пастда (жойлар номи) ер очиб, сув келтириб, чўлни
экинзорга айлантиришга ҳавасмандлиги бор. Кичкина бўлса ҳам Насриддинбек
қишлоғига йўл туширди, Насриддинбек билан Бешкал қишлоғи ўртасидан оқадиган
Эрназар аминнинг ариғига кўприк солдириб, жумла мўминнинг мушкулини осон
қилди.
Эгамназарбойни, Марказий Фарғона чўлларини илк обод этганлар қалдирғочи,
деса ярашади. Бешкал қишлоғи ҳам кенгайиб, ободонлашди. У ҳар бир ишга
жиддий киришар, нима юмуш бошламасин, охирига етказмай қўймасди.
Бешкал қишлоғи билан Шаҳрихон ораси ўн беш километрга бориб-бормайди.
Эгамназарбойнинг Шаҳрихон шаҳрида эътибори баланд эди, ҳамма уни танирди,
московчи бойлар даврасида турли йиғинларда иштирок этар, шартномалар ҳам
тузар, алоқалар боғларди. Одамлар уни: “Ҳа, у мўътабар отаси Нормуҳаммад
ҳожининг дуосини олган! Асло кам бўлмайди!” деб мақташарди. Қишлоқнинг
Сатторқул, Йўлчибой, Мусабой, Маҳмудбой исмли манаман деган бойлари
Эгамназарбойдан улги олишар, унга маслаҳат солишарди.
Эгамназарбой ёз ойларида юз, икки юз қўйни ажратиб боқтиради, қишнинг
зерикарли кунларида меҳмонхона очиб, ҳар куни битта қўй сўйдиради ва қишлоқ
халқига дастурхон ёзади, узун қиш кечаларини базму шеърхонлик билан ўтказади.
Шу тарзда одамларнинг кўнглини овлайди, натижада шукроналик юзага келади.
Лекин бой кўнглида жиндаккина армон билан яшарди… Икки марта уйланди,
катта хотинидан ўғил кўрди, қайси бир даврада туркийларнинг ота-боболари
бўриларга бориб тақалади, деб эшитганди, ўшандан ўғлига “Бўрибой” деб от
қўйди, қолгани қизлар бўлди, уларни Қундуз биби, Норинисо ва кейингисини яхши
умидда Умид биби деб атади…
22 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Бўрибой шоиртабиат, отаси ўйлагандай диловар, келишган, тилла йигит бўлиб
ўсмоқда эди, Бухоро мадрасасида таҳсил оларди. Аммо қўққис оғир дардга чалиниб
(қандай дардлигини ҳеч ким билмади) бандаликни бажо келтирди.
Кутилмаган мусибатдан эси оғар даражага келган Эгамназарбой, ўғлимга кўз
тегди, деб юрди, эркаклигига бориб билдирмади, лекин ўғлининг ўлими онаси
Пайзилат бибини нўйитиб ташлади, бечора узоқ ётиб қолди, аста-секин оёққа
турди.
Қушқўноқ қишлоғи Найнаво билан Назармаҳрам қишлоқларига қўшни,
Бешкалга олти тошлик йўл. У ерларнинг бойлари жуда эпчил, уддабурро, тўппадан-
тўғри Масков, Қарқарали, Ўринбурглар билан гаплашишади, савдо-сотиқ ишларини
амалга оширишади.
Шу қишлоқда Эгамназарбойнинг чорпахилдан келган, япалоқ юзли, қирқ-қирқ
бешларга бориб-бормаган Қобилбой деган қадрдон дўсти бор эди. У Қушқўноқнинг
энг катта бойи бўлиб, Масков томонларга йўли кўп тушар, ўқимишли, ўзига яраша
обрўга эга, замонанинг илғор кишиларидан ҳисобланарди, ҳар гал бешкаллик
дўсти келганда бирга ҳузур қилишиб чилим тортишни унутишмасди. Эгамназарбой
кўпдан Масков билан алоқа боғлаш йўллари ҳақида дўстининг маслаҳатини
олмоқчи, ўзи ҳам Масков ёқларга бормоқчи бўлиб юрарди.
Бир куни Қобилбойнинг яқинда Россия томон сафар қилиб, уч ой айланиб
келганини эшитди. Уни зиёрат этиш зарур эди.
Қобилбой дўсти ташрифидан хурсанд бўлди. У Эгамназарбойга ҳурмати баланд
эди. Анчадан буён кўришишмаганди, ўзи ҳам уч ой сафарда бўлди. Бешкаллик
бойнинг Қушқўноққа бу гал келиши уларни келажакда қалин қариндошларга
айлантириб қўйишини ҳали Қобилбой ҳам, Эгамназарбой ҳам билмасдилар.
Улар кенггина ҳовли ўртасида қуюқ соя ташлаган катта садақайрағоч тагидаги
панжарагулчин сўрига ўтиришди. Ҳол-аҳвол сўрашилди. Дастурхон ёзилди,
таомлар келтирилди. Ора-орада Қобилбой завқланиб сафар таассуротларидан сўз
юритар, Эгамназарбой гапни бўлмай тинглар, гоҳ-гоҳ саволлар берарди.
Қобилбой Масковда, катта ўрис бойи билан пахта етиштириб бериш ҳақида
гаплашибди, Қозонда, Қримда, Ўринбургларда бўлибди, орада Аштархонга ҳам
бирров ўтибди, Тошкентда ҳам тўхтабди, хийлагина тижорат ишларини йўлга
қўйиб қайтибди… У жуда мамнун эди.
Ичида дўстига ҳавас қилиб ўтирган бешкаллик бой гапни узоқдан олиб келиб, –
унинг анча режалари бор, – асил мақсадга – Масков билан алоқага буришни чўтлаб,
оғиз очмоқчи бўлиб турган эди, хаёли бўлинди – кўчада мактабдан қайтаётган бир
тўда қизалоқларнинг шовқини эшитилди. Бироздан кейин, нақшинкор дарвозада
ўрилган қўнғироқ сочлари белига тушган, ҳаммадан олдин диққатни ўзига
қаратмоқчи бўлган тим қора шаҳло кўзлари, ойдай юзлари, камондай қайрилма
қошлари, чап юзида ўзини қаерга яширишни билмаган иболигина холи чиройига-
чирой қўшган дуркунгина суюмли қизча пайдо бўлди. Гулдор кўйлагининг ёқасига
кўз тегмасин дегандай қора кўзмунчоқ шодаси қадаб қўйилганди. Кўрди-ю…
Эгамназарбой ўзини алланечук сезди, ғалати ҳолга тушди, тижорат ишлари
ҳам ёддан чиқиб, юраги тез-тез, бошқача ура бошлади… Бу Қобилбойнинг қизи
Хосиятхон эди.
1900 йили, Қобилбойнинг хонадонида катта қизи Умринисадан сўнг, иккинчи
қиз фарзанд дунёга келди. Уни Қобилбойнинг ўзи хосиятли қиз бўлсин, маъносида
яхши ният билан “Хосият” деб атади.
Ҳа, исм тортар экан, Хосиятхон ажойиб қиз бўлиб ўсди. Онаизори Бувиниса
бу қизини айрича кўрарди, етти ёшга кирганда қишлоқнинг аёллар мактабига
ўқишга беришди. Дуркунгина қиз жуда тиришқоқ, ҳар ишга эпчил, билим олишга
№ 7 2024 23
Умрлар гулшани
қизиқувчан эди. Осонгина савод чиқарди, “Ҳафтияк”ни ортда қолдирди, барча
ўқувчилардан олдин Қуръони каримни ёдлашга киришди. Қироати жуда ёқимли
эди. Мактабда Қул хожа Аҳмад (Яссавий) ҳикматлари, Саъдий “Гулистон”и, Навоий
ва Машраб ғазаллари ўқитиларди. Қизнинг ҳаракатлари, билими, тутумига қараб,
мактабда ҳам, уйда ҳам уни ўз-ўзидан “Отин, отинча” деб атаб юбордилар. “Хосият
отин” деб чақирганларида қиз ғурурланиб кетарди.
Тақдирнинг тақозоси билан, ўн тўрт ёшни қоралаган ғунча қиз Хосиятхон
Эгамназарбойнинг данғиллама ҳовлисига, унинг ўттиз беш-қирқ ёшли икки
хотинига кундош бўлиб тушди… Уларнинг каттасини Пайзилат биби, кичигини
Хонимой дердилар. У кундошлар билан мунгдош, хундош бўлиб яшай бошлади.
Хосиятхон ҳали балоғатга етмагани учун, нозик вужуд ҳомилаларни тута
олмасди. Уч марта бўйида бўлса ҳам, ушлаб қолишга ҳоли келмади… Кундошлари
уни, ҳали ёшсиз, деб юпатишарди.
Ўғил иштиёқида кун кечираётган Эгамназарбой, фақат ўғил бўлсин, деган
фикрни тутиб олиш шаккоклик, ношукрлик эканини тушунди. “Нима, Худога ҳам
зўрлик қилмоқчимисан?” деди ўзига ўзи ва хижолат тортди. “Тавба қилдим! Худо
фарзанд берса бўлди, ўғилми-қизми, бари Аллоҳнинг илтифоти…” деб ўзини ўзи
овутди.
Нимжон бўлиб қолган Хосиятхон бироз ўзига кела бошлади, дармонга кирди.
Орадан уч-тўрт йил ўтди. Яна фарзанд ҳаракатига тушдилар. Ва… туғилган
қизалоққа, фарзандлар ўлмасин, турсин, деган маънода “Турдихол” деб от
қўйдилар. Кейинги қизларининг исми “Ўғилой” бўлди. Чунки, ич-ичларида ўғил
кутган эдилар-да.
Мамлакатда колхозлаштириш бошланиб кетди. Ўғли Бўрибойнинг ҳажрида
қуриб, қоқ суяк бўлган Пайзилат биби оламдан ўтди. Вафотидан олдин, Хосият
отинни чақириб илтижо қилди;
– Синглимдан ҳам ортиқроқ кўраман сизни, Хосиятхон… Сиз ажойиб олижаноб
жувонсиз… Умрингизни, илоҳи, узун қилсин. Мен… Бўрибойимнинг ёнига
кетяпман. Уч қизимни сизга топшираман. Она бўлинг, тенгини топиб узатинг,
ўксиб қолишмасин… Ўз болаларингиздай кўринг…
Пайзилат биби Хосият отин қўлида жон берди.
Оқ подшо тахтдан қулаб, большевиклар Россия бошига келгандан кейин, халққа
жуда катта ваъдалар бериб юбордилар. Афсус, халқнинг турмуши яхшиланиш
ўрнига, тобора бало устига бало ёғилар эди. Саноатлаштириш, мажбуран
колхозлаштириш сиёсати кўп оилаларни хонавайрон қилди, одамларнинг ёстиғини
қуритди. Бу етмагандай мамлакатда очарчилик бошланди, кўп халқ ажриқ еб
қирилиб кетган бўлса, кунжара еб шишиб кетганлар ҳам қанча эди… Одамлар
ҳолиқудрат нафас олиб зўрға кун кечирардилар. Бирдан “ўлганнинг устига
тепгандай” қулоқлар сиёсати келиб чиқди! Гўёки эл бошига бир бало ёприлиб
турганда, йўқ, бу сенга ҳали кам, дегандай, бошқа офатларга дучор қилардилар.
Осмон узоқ, ер қаттиқ эди…
Қатағон, ноҳақликлар, адолатсизликлар олдида ақли бутун одамларнинг ҳам
қўлидан ҳеч иш келмай қолар экан.
Бешкаллик Эгамназарбой энди илгариги боймас, Шўро ҳукумати унга
ўхшаш ўзига тўқ бойларнинг барча дон-дунини йиғиштириб олган, ҳар хил важ-
корсонларни рўкач қилиб, ҳам энидан, ҳам бўйидан урган, аввалги бойликларидан
асар ҳам қолмаган бир ўртаҳол деҳқон… Қобилбой эса оламдан ўтган, унинг ўғли,
тегирмонга тушса тирик чиқадиган Собирбойнинг (Хосият отининг укаси) ҳам ҳеч
вақоси йўқ, отасининг бойликлари, омборидаги ғалла, дон-дуни, ери – бари тортиб
олинган, у бор-будидан айрилган…
Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқирарди.
24 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Украинага сургун
Милодий 1932 йилда катта бобом Эгамназарбой, “қулоқ”қа чиқарилиб,
аллақайгадир, – кейин маълум бўлдики, – Украинанинг Херсон вилоятидаги
Каховка деган жойига сургун қилинади.
Хосият отин фарёд кўтарди, унга қизи Турдихол қўшилди.
Эгамназарбой уларни юпатиб, бундай насиҳат қилди:
– Қўрқманглар! Худо бор, нима ғамим бор?.. – дейди кат-энамга (“катта эна”ни
қисқартириб шундай айтардик). У мулоҳазали, узоқни ўйлайдиган одам эди. –
Турдихол, сен болалар билан қоласан, эҳтиёт бўл, уларга қара… Мусофир элларда
қийналиб юрманглар. Менинг қийналганим етар, ўзим кетаман, муддатни ўтказиб
келаман…
Хосият отин кўркам, шижоатли, саводли аёл эди, катта бобомга учинчи, кенжа
хотин бўлиб тушган бўлса ҳам, эрига сўзи ўтадиган, эрка дейиш ҳам мумкин,
биринчи хотин даражасида обрўйи бор эди. Уни ўқиган аёл, ҳурмати баланд, деб
мақташарди, доим сандиғида бир талай китоблари бўларди.
– Сиз ёлғиз қандай юрасиз у ёқларда, Турдихол? Сизга ким қарайди? Шугур,
ёнингизда бизлар бормиз…– “шукр” сўзини юмшатиб “шугур” дерди Хосият отин
кўзларида ёш.
Бобомнинг ўртанча хотини Хонимой лом-мим демай ерга қараб турарди. У
бефарзанд эди, кўнгли ҳам шунга яраша синиқ…
– Бошга тушганни кўз кўрар… Бир менми… – Бобом узоқларга термилди. –
Сизлар, аниқ, у ерларда қийналасизлар…
– Бизларни олиб кетинг, отажон!.. Олиб кетинг!.. – йиғламсиради Турдихол шу
палла… Унинг заиф овози юракларни тешиб кетди!
Хосият отин қандайдир безовталикни сезиб, типирчилаб хархаша қила бошлаган
икки яшар Ўғилойни қўлига оларкан, қатъий деди:
– Вой, Турдихол! Сизни қандай ёлғиз юборамиз? Йўқ, биз ҳам сиз билан бирга
кетамиз! Қийинчилик бўлса, бўлсин, барига чидаймиз! Эр қаерда бўлса, хотин ўша
ерда, деганлар раҳматли муҳтарама волидам!..
Орага жимлик чўкди. Жуфти ҳалолининг шартта айтган гапидан лол,
Эгамназарбой мўлтираб гоҳ суюкли Хосият отинга, гоҳ ширин қизларига қаради:
– Шундайми… Ҳм-м… Раҳмат сенга, Турдихол!.. – деди кўнгли бўшашиб. –
Балли… Оқибатли экансан, вафодор… Илминг бор-да… Инсофинг бор… Топганинг
олтин бўлсин, ўзингга буюрсин, илоҳи! Кам бўлма-а!.. Сендан розиман!.. Доим дуо
қиламан…
– Бирга борайлик десам, ёш ҳам ўтиб қолди, энди… – деб қўйди кундоши
Хонимой. Ҳеч ким ҳеч нарса демади.
– Эгачижон, сиз шу ерда бўлинг, уйимизни обод этиб ўтиринг! – деди Хосият
отин. – Биз албатта қайтиб келамиз. Худо ўз паноҳида асрасин…
Кундошлар бир-бирининг қучоғига отилдилар.
Шу ерда қизиқ ҳодиса рўй берди. Қариндош-уруғлар йиғилишганда Раҳматқул
бундай деди:
– Эгамназарбой амаким узоқ ерларга кетаяпти, ўғли йўқ, унга кўмакчи керак.
Жойи жаннатда бўлгур отам бир куни, кенжа ўғлимни сенга ўғил қилиб бераман,
деганларини ўз қулоғим билан эшитганман. Шундай қилсак, нима дейсизлар? Ҳам
отамнинг айтганини бажарамиз, ҳам амакимга шерик бўлади, дастёрлик қилади,
қарашади…
Ҳамма маъқуллади. Йигирма икки ёшли Аҳмадқул, унга шундай катта вазифа
ишонч билан топширилаётганидан бўйи ўсгандай, хотиржам қараб турарди.
№ 7 2024 25
Умрлар гулшани
Аҳмадқулнинг онаси Турсун момо бу гапда йўқ эди. У қайгадир қўшни қишлоққа
меҳмонга кетган экан. Кимдир унга етказибди. Кенжаси, суюкли ўғли, эркатойини
ундан сўрамай узоқларга юбораётганларини эшитган она еру жаҳонга сиғмай дод
солди. Уни ҳеч юпатиб бўлмасди.
Буни кўрган Раҳматқул, сал шошилиб қадам босганларини, гапнинг очиғи,
укасига ижозат бериш ҳақида оғзидан гуллаб қўйиб, ортиқча мардлик қилиб
юборганини пайқади. Ўзи ҳам кенжа укасининг кетаётганидан юраги увалиб
турганди, уни жуда яхши кўради-да!.. У Рўзибойга буюрди:
– Югур, полвоншер!.. Хато қиббиз! Бор, укангни қайтариб олиб кел! Бўлмаса,
онам дунёни қовуриб юборади…
Эгамназарбойнинг кўч ортилган аробаси эндигина қўшни Довлоқ қишлоғига
етиб борган экан. Рўзибой полвон вазиятни тушунтириб, укасини қайтариб олиб
кетди. Эгамназарбой ич-ичидан эзилиб йиғлади, Худога нолалар қилди, аммо
бировга билдирмади, ўзи билан ўзи бўлди. Ҳа, унинг ўғли йўқ…
Хосият отин овсини Турсун момонинг тутумидан сира хафа бўлмади, ўкинмади,
у – она, борди-ю ўзи ҳам унинг ўрнида бўлганда, шубҳасиз, шундай йўл тутарди…
Эгамназарбой оиласи узоқ қийинчилик ва оворагарчиликлардан сўнг ниҳоят
Украинанинг Каховка қишлоғига бориб ўрнашди…
Эгамназарбой тўнининг аврасига усталик билан ипга ўтказиб яхшилаб тикилган
олтин тангалардан (ҳали Бешкалда тикилганча, очиб кўрилмаган) бир қисмини
ишлатиб, сигир, қўй, товуқ сотиб олишди, деҳқончиликни ҳам бошлаб юборишди.
Хосият отинни бу ерда ҳам мусофир юртдош аёллар ўз мажлисларига
чақиришадиган бўлиб қолдилар. Гапга чечан отин энам мажлисларда Ватандан
олисда яшашга маҳкум мунгсираган муштипар аёлларга таскин берувчи сўзлар
айтар, умидлантирувчи ибратли нақллар келтирар, Биби Ойиша, Биби Фотима,
Робия Адавия ва Бибихоним сингари машҳур аёллар қиссаларидан сўйларди. Унинг
сўзларининг ҳар бири Ватандан йироқ тушган мушфиқ аёллар кўнглига малҳамдай
ёқарди. Уларнинг дилида, тилида Она юрт, азиз Ватан васфи акс-садо берарди.
Турдихол сургун қилинган ўқитувчилар ишлайдиган мактабга ўқишга кирди.
Унинг зеҳни тез эди, аълога ўқирди. Мунавварахон деган тошкентлик дугонаси
билан қалин эди. Ёш қизларнинг орзулари шунақа мўл эдики, санаса, осмондаги
юлдузлар ҳам етмасди.
Турдихол еттинчи синфни тугатгач, ўқишни давом эттириш учун ўқувчиларга,
жумладан, Мунавварахонга ҳам юртга қайтишга рухсат беришди. Эгамназарбой
“Сизларни ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман!..” деб тихирлик қилиб туриб олган
Турдихолни бошларини силаб, юзларидан ўпиб, юпатиб, шундай деди:
– Доно қизим, она қизим, сен ўғлим ўрнида ўғлимсан… Жуда ақллисан. Йўлинг
очилиб турибди. Сен юртга бориб тургин… Ўқишингни давом эттиргин… Уйимиздан
хабар олгин. Сен қарамасанг, ким қарайди? Сен каттасан… Биз ҳам ортингдан етиб
борамиз. Она юртимга, ака-укаларимга менинг саломимни еткиз! Мен тирикман,
ўлганим йўқ!..
“Биз бормасак ҳам, лоақал қизим Ватанга қайтиб турсин, бу ҳам Аллоҳнинг
илтифоти!” шукр қилди чорасиз Эгамназарбой.
Хосият отин эрига мамнун қаради…
Турдихол ва бир гуруҳ тенгқур қизлар она юртга қайтишаётиб, йўл-йўлакай
Днепро ГЭСни кўрдилар, янги қурилаётган Москва метросини ҳам томоша
қилдилар.
Ўзбекистон ўз она қизларини бағир очиб кутиб олди… Мунавварахон Тошкентда
қолди. Турдихол бошқа синфдошлари билан Асака шаҳридаги педагогика билим
юртига ўқишга қабул қилиндилар, уларга ётоқхонадан жой берилди.
26 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Турдихолнинг орзулари улкан: ҳали у катта олима бўлади! Дугоналари билан
бирга шундай йўл тутишга келишишган. Ўқишда барининг баҳолари беш!
Бундан хабар топган – “Озод” колхози раиси Раҳматқул – у Эгамназарбойни
бағоят ҳурмат қиларди, – нединки, азиз амакимнинг жигарбанди, худди ўз юртида
ҳеч кими, уй-жойи йўқдай Асакада қизлар ётоқхонасида турар экан? Ота-оналари
йироқда бўлса ҳам, қишлоғи, уйи бор, қариндош-уруғлари бор. Асло кўчада
қолмайди. Эшитган қулоққа яхши эмас… – дея, хижолат бўлиб, ташвишлана
бошлади. Ва тездагина “жаҳонгашта” қиз Турдихолни она қишлоғи Бешкалга олиб
келдилар.
Айни шу кунларда Бекназар сўфининг Рўзибой деган ўғлига Эгамназарбойнинг
биринчи рўзғоридан кичик қизи Умид бибини узатиш ҳаракатида эдилар. Қариндош-
уруғлар келишиб, тўйга айтиш баҳонасида Турдихолни Бешкалга олиб кетдилар.
Шу кунлардаёқ Раҳматқул бировга ошкор қилмай Украинага Хосият отиннинг
укаси Собирбойни юбориб (у асли опаси ва поччасини зиёрат қилиб келмоқчи бўлиб
турувди), ака-укалар – Бекназар сўфи билан Эгамназарбойларнинг ёшликдаги
аҳд-паймонларини, яъни Турдихол туғилганда уни Аҳмадқулга узатишни ният
қилганларини, Бекназар сўфининг оламдан ўтаётганда шуни қаттиқ тайинлаб
кетганини эсга олиб, оталарнинг сўзи ҳамиша амри вожиблигини таъкидлаб, ушбу
қутлуғ ишга ижозат сўраганди.
Қартайиб қолган Эгамназарбой розилик берди, “Қайда бўлсанг ҳам, бахтинг
очилсин!” деди ва ичида яхши йигит Раҳматқулнинг оқибат кўрсатганидан мамнун
бўлди.
Укаси Собирбойнинг ҳол сўраб келганидан боши осмонга етган Хосият отин
кўзларига ёш олиб, ширин қизига ғойибдан бахт тилади, не бўлсанг ҳам юртингда
бўл, ўз юртингдан улуғ жой йўқ оламда, дея дуо қилди, манглайини ёруғ этишини
Тангри таолодан ўтинди…
Узоқ Ўзбекистонда Бешкал қишлоғида Аҳмадқул билан Турдихолнинг тўйлари
бошланиб кетди. Одатда, тўйнинг қачон бошланганини айтиш қийин. Кимдир тўй
ҳақида гап чиққан кундан, деб ҳисоблайди, бошқаси келинникига совчи борганда,
нон синдирилганда, дейди. Ҳар хил фаразлар бор.
Менимча, тўй эрталаб куёв уйининг олдида янграган карнай-сурнайдан
бошланади. Шундай бўлди. Келин ўзларининг уйи – Эгамназарбой ҳовлисидан
чиқарилди. Ўгай она Хонимой катта хизмат қилди. Ҳовлининг ўртасида катта тўп
гуриллаб ёниб турарди. Келин-куёвни уч марта олов атрофида айлантирдилар.
Уларнинг олдида болакайлар пилдирашиб ўйнашарди. Маҳалланинг яллачиси
Зебибибининг куни туғди, чилдирмани данғиллатиб, ёр-ёрни бошлаб юборди:
Токчадаги қайчини-ё
Занг босибди, ёр-ёр-ей, занг босибди.
Келинпошша кўнглини-ё
Ғам босибди, ёр-ёр-ей, ғам босибди….
Бор умиди Оллодан-о,
Тўй сеники, ёр-ёр, тўй сеники.
Остонаси тиллодан-а
Уй сеники, ёр-ёр, ёр-ей уй сеники…
Рақслар бошланиб кетди. Бу ерда беш йил олдин Бекназар сўфининг
Рўзибой деган ўғлига узатилган Эгамназарбойнинг қизи – ёш келинчак
Умид биби илғорликни қўлдан бермади. Ахир ўзининг синглиси унга овсин
№ 7 2024 27
Умрлар гулшани
бўлмоқда! У ўйнамай ким ўйнасин! Абдураҳмон сўфининг хотини Холтожи
момо намойишкорона узукни қўлининг учига тақиб, чилдирмани даранглатиб
“Тановар”ни бошлаб юборди…
Умид биби хушчақчақ, сўзга чечан, шартаки, ҳазил-мутойибани яхши
кўрадиган, эркакшодароқ аёл эди. Йигитчасига кийинишни ёқтирар, йигитларнинг
нос чекишларига ҳавас билан қарар, кузатарди. Бир куни эшик олдидаги ойнага
қараб, кафтига бир чеким нос олди ва йигитчасига керилиб бошини орқага қилди-
да, носни тилининг тагига ташлади… Бир дақиқа ҳам ўтмай, нос элитиб келинчак
ҳушидан кетди ва остонага гурс этиб йиқилди. Турсун момо келинини кўриб юраги
ёрилгудай дод солди!
Аста-секин Умид биби росмана носга ўрганиб қолди, бу бало бир илашгандан
кейин, қутулиш қийин-да, аввалига эрига билдирмасликка ҳаракат қилди, аммо
иложини тополмади. Эри полвон, кенг феъл йигит эди, кейинчалик эр-хотин бирга
нос чекишадиган сирдош улфатларга айланишди. Полвон вақти-бевақт хотинига:
“Носдан борми? Носдан ол!” деб гапириб турарди. Улфатчилик авжда… Ўшандан
катта қизларининг отини ҳам Улфатхон қўйишди…
Уруш йиллари шумтака келинчакнинг бир дугонаси билан ҳарбийча кийинишиб,
қўлларида милтиқ тутишиб, жангдан ўзини олиб қочиб юрган амакиси Абдураҳмон
сўфи уйига кечаси бостириб киришганини, военкомат сизни чақирмоқда, деб нақ
ўтакасини ёрганини ҳали-ҳали кулиб гапириб юришади.
Тўйга қайтайлик. Холтожи момо “Тановар”ни хиргойи қила бошлади. У яхши
ашула айтарди. Умид биби шундай рақсга тушдики, ҳамма маҳлиё бўлиб қолди.
У бамисоли оққушдек хиромон қилар, оқ кўйлаги этаклари шамолда ҳилпирар,
сочлари учига осилган кумуш тангалар, турли хил рангда товланувчи мунчоқлар
ярқ-ярқ қилиб кишида ажойиб кайфият, бошқача тароват туйғусини уйғотар эди…
Шундай қилиб, Бекназар сўфининг кенжа ўғли Аҳмадқул ва Эгамназарбойнинг
катта қизи Турдихол иккиси ёлғиз Аллоҳнинг гувоҳлигида катта орзу-ҳаваслар
билан бир ёстиққа бош қўйдилар…
Қишлоқ кечаси сўлим, осмонда юлдузлар чарақлаб ёнарди…
Фидойи аёллар
Эгамназарбой доим юртини тушларида кўрди, Ватанга қайтишни орзу қилди,
аммо бу ёруғ қисмат унга насиб этмади. У ҳайрон қоларди: у бу ҳаётда нима
қилдийкин ўзи, кимнинг арпасини хом ўриб қўйдикин? Нима учун бировга оғири
тушмайдиган, аксинча, кўмак берадиган Эгамназарбой ўз юртида эмин-эркин яшаб
юравермайди, мажбур сургунларга юборилади, сарсон-саргардон бўлади, ўзигина
эмас, ҳатто ёстиқдоши, болалари ҳам мустарликда уқубатларда яшайдилар? Қайси
гуноҳлари учун?.. Қайси?!.. Атрофда унга ўхшаган азоблар тортиб, дардини кимга
айтишни билмай юрган, ўнлаб, юзлаб инсонлар-чи?..
Бу саволларга ким жавоб беради?
Йўқ, жавоб топилмади…
Бетобликдан ўзини анча олдирган Эгамназарбой бир куни эрталаб, болалар
мактабга кетишганди, Хосият отинга деди:
– Мен сендан розиман… Мени деб барчангиз мусофир ерларда сарсон-саргардон
юрибсизлар… Бошингизга не қаро кунлар тушди…
– Ундоғ деманг, Турдихол…
– Албатта, бари Худонинг иши… – давом этди Эгамназарбой. – Бандасининг
қандайдир гуноҳи бўлади-да… Бизда ҳам йўқ эмас… Қизим Турдихолни акамнинг
ўғли Аҳмадқулга узатганимиз ажойиб иш бўлди… Аллоҳга шукр! Шукрким, битта
дилбандимни бахтли қилолдим!.. Жон қизим, ўз юртимизда… Энди мен шу ерларда
қоламан…
28 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
– Вой, бу нима деганингиз? Ундоғ демангиз! Яқин қолди, шугур, тезда юртга
қайтамиз, яна қариндош-уруғлар олдида бўламиз… Бизларни кутиб туришибди!
Мана, кечаги хатларида ёзишибди… Соғинишган эмиш… – ишонч билан деди
Хосият отин.
Эгамназарбой индамай нурсиз кўзларини ғамгузор ёстиқдошига тикди…
Чорасизликлар, ноҳақликлар, кўч-кўчлар, мусофирчилик, дунёнинг паст-
баландини чуқур англайдиган Эгамназарбойга ўнгланмас қатма-қат зарба бўлиб
тушди!.. Ҳеч қачон юртидан четга чиқмаган кўнгли нозик бобом адолатсизликлар
юкини кўтара олмади…
Бобом 1941 йил 13 май куни олис Украина тупроғида, тонгда оламдан кўз
юмди, уни Хосият отин энам ва унинг жабрдийда қизлари Ўғилой ва Унсунойлар,
бошқа ватандошлар кўмагида йиғлай-йиғлай Каховкадаги мусулмонлар мозорига,
бораверишдаги тепаликда кўриниб турадиган жойга дафн этдилар.
Қирқ кундан кейин даҳшатли Иккинчи жаҳон уруши бошланди…
Эгамназарбой вафоти ҳақидаги машъум хабар Бешкалга етиб келганда,
Турдихол янги кўз ёрган, қизлари Раҳимахон туғилган, ўзи нимжон, соғлиғи ҳам
бир нав эди. Аҳмадқул хотинини аяб, унга билдирмади, бошқаларга ҳам нохуш
гапни айтмасликни тайинлаб қўйди…
Лекин бир куни ота-онамни соғиндим, кўргим келди, деб мунғайиб йиғлаган
Турдихолни (балки отаси Эгамназарбойнинг оламдан ўтганини сезганми…)
Аҳмадқул, яқинда Украинага борамиз, уларни кўриб, олиб келамиз, деб ваъдалар
бериб юриб, баъзўр юпатди.
Хосият отин, мусулмон, демакки, инсонда инсоф-диёнат бўлмоғи шарт, деб
ҳисобларди. Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васаллам, Расули акрам, қуддиса
сирриҳу ва азиз-авлиёлар, жойлари жаннатда бўлсинлар, шундай сабоқ берадилар.
Фидойи аёл инсоф-диёнатни баланд қўйди: ҳеч иккиланмай турмуш ўртоғининг
ёнида бўлишни ҳар нарсадан афзал билди, умрнинг аччиқ-чучугини бирга тотди,
пешонада бор экан, уч қизини етаклаб (учинчи қизи Унсиной Украинада туғилди)
ўн олти йил олис юртларда азобу уқубатлар тортиб, мустарликларда яшади…
Хосият отин энам умр йўлдоши Эгамназарбой оламдан ўтганда ўттиз тўққиз
ёшда эди. Уч қиз билан бева қолган жафокаш аёл ёстиқдошига вафо кўргизиб
бошқа турмуш қурмади, Эгамназарбой ҳижронида қирқ олти йил ёлғиз яшади…
Ўйлаб қоламан: Хосият отинни шундай жасоратга ундаган нарса нима экан?
Муҳаббатмикин, эр-хотинлик бурчимикин, меҳрмикин, аҳд-паймонмикин? Ҳа,
рост, бари, яна – инсоф, садоқат, адолат, инсонийлик, аёлликнинг юксак назокати
шундай жасоратга ундагани рост!
Беихтиёр оқ подшо Николай I га қарши қўзғолон кўтарган қаҳрамонлардан бири,
Сибирга сургун қилинган декабрист Сергей Волконский ва унинг вафодор хотини
княгиня Мария Николаевна Волконская тақдири ёдимга тушди. Ажабо, қанчалик
ўхшаш тақдирлар! Бу йигирма икки ёшли келинчак, 1826 йилда, ҳеч иккиланмай,
ота-оналарининг қаттиқ қаршилигига ҳам қарамай, “Эр қаерда бўлса, хотин ҳам
ўша ерда!” деб, гўё Хосият отин сўзларини такрорлагандай (балки, аксинча),
бир яшар ўғилчасини қолдириб, пешонада бор экан, турмуш ўртоғи ортидан
қўрқмай, номининг ўзиёқ этни жунжиктирадиган Сибирга жўнади ва Иркутскда
мусофирчиликда ўттиз йил умр кечирди, мусибатли кунларда ёстиқдошига ҳамдард
бўлди…
Ўйлаб қоламан: Мария Николаевнани шундай жасоратга ундаган нарса нима
экан? Муҳаббатмикин, эр-хотинлик бурчимикин, меҳрмикин, аҳд-паймонмикин?
Ҳа, рост, бари, яна – инсоф, садоқат, адолат, инсонийлик, аёлликнинг юксак
назокати шундай жасоратга ундагани рост!
№ 7 2024 29
Умрлар гулшани
Подшолар ҳар хил бўлса ҳам, замон ўша, тутум ўша-ўша, бир хил эди…
Улуғ рус шоири Николай Некрасов фидокор аёлларни шарафлаб, юраги
қон бўлиб, “Рус аёллари” номли гўзал достонини қоғозга туширган. Унинг
қаҳрамонларидан бири, айнан ўша жасур аёл Мария Николаевна Волконская
эди. Тақдирнинг ғаройиблигини кўрингки, ўша достонни ўзбек тилига айрилиқ
дардларини бошидан кечирган, адоқсиз ҳижрон азобини тортган, вафо маликаси,
машҳур шоираи даврон Зулфияхоним меҳр билан авайлаб ажойиб таржима қилган
ва 1978 йилда нашр этилган ўз “Асарлар”ининг иккинчи томига киритганди.
Иттифоқо, ушбу икки томлик “Асарлар”нинг муҳаррири бўлиш каминага
насиб этган эди… Зулфияхонимнинг менга дастхат ёзиб берган ушбу икки томлик
“Асарлар”и ҳозир китоб жавонимда кўркам жойда туради.
Сўзим қуруқ бўлмасин учун, улуғ ва шарафли шоиранинг ўз “Асарлар”и
1-томига каминага ёзиб берган эсдалик дастхатини келтираман: “Суюкли шоир
укам Муҳаммад Али! Сизнинг шеъриятдаги чуқур ва кенг истеъдодингиз менга
ҳамиша қувонч бағишлайди. Ҳаёт сизга саховатли бўлсин. Зулфия. 1978”.
2-томга эса бундай дастхат битилганди: “Муҳаммад Али! Бу икки жилд
мажмуада сизнинг бир дилу икки кўзингизнинг нури бор. Ҳаётингизни шеърият
нури, шеърингизни янги чўққилар чорлови етаклаб юрсин. Зулфия. 1978”.
Томларга кирган шеърлар, достонлар, таржималарни нашрга тайёрлаш
асносида муҳтарама опа билан кўп суҳбат қургандик. Таржима устида қандай
ишлаганларидан хабарим бор. Жабрдийда княгина Трубецкая ва княгина
Волконскаяларнинг мудҳиш қисматлари, изтироблари теран тасвирланган
достоннинг ҳар сатрини ўзбекчалаштирар экан, шоиранинг юраклари увалиб,
кўзларидан аччиқ кўзёшлари оқарди… Бу ҳақда муҳтарама опанинг ўзлари сўйлаб
бергандилар.
Ажабо, қанчалик ўхшаш тақдирлар! Зулфияхоним суюкли ёри оташнафас шоир
Ҳамид Олимжондан айрилганда йигирма тўққиз ёшда эди. Пешонада бор экан,
бир қиз, бир ўғил билан бева қолган шоира ёстиқдошига вафо ва садоқат кўргизиб
бошқа турмуш отини атамади, эллик икки йил ёр ҳижронида ёлғиз яшади…
Ўйлаб қоламан: Зулфияхонимни шундай жасоратга ундаган нарса нима экан?
Муҳаббатмикин, эр-хотинлик бурчимикин, меҳрмикин, аҳд-паймонмикин? Ҳа,
рост, бари, яна – инсоф, садоқат, адолат, инсонийлик, аёлликнинг юксак назокати
шундай жасоратга ундагани рост!
Ҳар учала муштипар аёл ҳам қаҳрамондурлар! Уларга тасаддуқлар, офаринлар,
олқишлар бўлсин!
Қатағон шамоли
Отам қалбан пок ва мусулмон одам эди, серғайрат, уддабурро, фақат ноҳақликни
кўрса, пов этиб ёниб кетадиган феъли бор, тез жаҳли чиқарди. Элда уни тоза
одам дейишарди. Ўрта бўйли, келбатли, бақувват, сўзни кесиб гапирарди. Уни
бобоси Нормуҳаммад ҳожига қиёс қилишарди, одамларни уюштириш, бошқариш
салоҳияти кучли бўлганидан, ёшлигиданоқ раҳбарлик вазифаларда ишлашига
тўғри келди. Лекин, афсуски, юқори лавозимлар отамга насиб этмади ёки, бошқача
айтсак, унинг мансаби район доирасидан ташқарига чиқа олмади. Бунинг сабаблари
бор эди. Гоҳи районда солиқ идораси аробасини ғилдиратди, гоҳи қишлоқ советида
бошлиқ бўлди, гоҳ колхозда раислик қилди, холос.
Қизил подшо замонида тенгҳуқуқлик, инсонийлик, дўстлик тушунчалари
ҳақида доим юксак пардаларда гапириларди, лекин аслида босиб олинган
ерларнинг одамлари одам ўрнида кўрилмас, бошқа томондан, саводсиз қолиб
кетишлари лозимлиги очиқдан-очиқчасига белгилаб қўйилган, бутун сиёсат шунга
қаратилганди, лекин ошкор айтилмасди. Оқ подшо замонидан тартиб шундай
30 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
бўлган. Туб ерли халқлар ўз ота-боболари тарихини билмасликлари керак, ҳатто
унутишлари зарур, уларнинг асосий иши фақат қулдай хизмат қилмоқдан иборат,
пахта етказиб берса бўлди, уларда ўз ҳаққини талаб қилиш ҳуқуқи мутлақо йўқ…
эди.
Ўн тўққиз ёшида отам араб алифбосини чуқур ўрганишга улгурмай (бундай
интилиш рағбатлантирилмас эди ҳам), мамлакатда шошилинч лотин алифбосига
ўтилди (араб алифбоси минг йиллик тарих, ундан ажратилгани мустамлакачилар
учун айни муддао эди), иккинчи томондан, Туркистон халқи алифбоси бир бўлган
Туркия халқидан йироқлашарди.
Гўё ерли халқлар билимини ошириш ташвишида рабфаклар очилди… Бу ҳам
ҳалво экан. Лотин алифбосини яхши ўрганиб улгурмаган халқ олдида янги муаммо
туғилди: ўн икки йил ўтиб, таълим лотин алифбосидан рус кирилл алифбосига
ўзгартирилди, нозик жиҳати, бу пайтда Туркия ҳам лотин алифбосига ўтганди,
дарҳол қондош халқларнинг яна орасини узиб ташлаш керак эди… Узиб ташладилар.
Аммо фақат туркий халқлар алифбоси кириллга ўтказилганига ҳам эътибор беринг.
Грузин, арман ва бошқа халқлар ўзларининг қадимий алифболарида қолдилар.
Шу йилларда бир нохуш ҳодиса юз берди: сиёсатдонлар турли важ-корсонлар
кўрсатиб, Туркистонни парчалаб, республикаларга бўлиб юбордилар. Бу – бир
бутун танани бешафқат тириклай бўлаклаб ташлаш дегани эди.
Сиёсатга ғараз аниқ аралашгани ошкор бўлиб қолди, лекин улар бу йўлда тап
тортмас, ҳеч нарсадан қайтмас, уялмасдилар. Бу, миллат фожиасига айланган,
бориб турган қабоҳат эди, фақат отамдагина эмас, балки бутун бир авлодда савод
масаласи оқсаб қолди… Унинг устига, ёзув-чизув руслашиб кетди, беомон замон
бир ўзанга қараб оқиб борарди.
Отам бундай ҳолга чидай олмасди, лекин чидамай ҳам иложи йўқ эди, буни
яхши биларди. “Ҳа… бизнинг ошна ўз билганидан қолмайди… Бизнинг ошна
аравада юриб қуён овлайдиганлар хилидан!..” деб қўярди ўзига ўзи заҳархандалик
билан жилмайиб. “Ошна” дерди-ю ҳеч номини айтмасди. Қайси ошнаси экан, ким
у, ҳеч кўрмадим, деб узоқ вақтлар ўйланиб юрганим эсимда. “Аравада қуён овлаш”
қанақа бўлишига ҳам ақлим етмасди. Бунинг маъноси, бутун қилган иши ошириб-
тоширилган лоф (ёлғон)лардан иборат, дегани бўлса керак. Отамнинг бирон-бир
кас билан жанжаллашиб сиёсий мавзуларда баҳс қурганини ҳам кўрмаганман.
Кейин билсам, “ошна” – бу, одамдан катта нарса, одам эмас… қизил шўроларнинг
умумлашган номи экан!
Яна бир бало-офат халқ бошига ёприлди! Мисли кўрилмаган даҳшатли қатағон
шамоли эса бошлади, беомон истибдоднинг аёвсиз олови миллат гулларини совуриб
кетди. Элни, юртни олға ундайдиган тилла бошлар, ўзбекнинг жадид ўғлонлари –
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат,
Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир…ларни судсиз-сўроқсиз
қатағон этдилар! Улар кўп. Эй войким, қатағон тегирмони ёвузларча айланишдан
тўхтамади, айланаверди, айланаверди, халқнинг маънавият бўстонини бемаҳал
хазонларга кўмди… Элнинг донишманд ўғиллари, чақмоқдай ўткир ва ёрқин ақл
соҳиблари умри ана шундай жувонмарг бўлди…
Халқнинг кўнгли чўкиб қолди, руҳи синди… Ҳайҳот, бу ҳасратнинг сочбоғи
узундан узунки, уни ҳикоя қилишга на кунлар етсин, на ойлар…
Катта Фарғона канали
1939 йил…
Аллоҳнинг марҳамати, чеварлигига тан бермай илож йўқ! Шундай мусибатли
№ 7 2024 31
Умрлар гулшани
паллалар Фарғона водийсида кўнгилларни кўтаргувчи, ғайрат қилган халқнинг
қўлидан нималар келишини кўрсата олгувчи улуғ шижоат ҳақида хабар тарқалди:
водийда умумхалқ ҳашари ўтказилади ва Катта Фарғона канали қазилади!
Отамнинг акаси Раҳматқул, Раҳмат каттам (биз “катта ота”ни қисқартириб,
шундай атардик) “Озод” колхози раиси, ҳамиша ўйчан, қовоғи солиқ ҳолда, жаҳли
чиққан одамдай юрарди, гапирса ҳам жеркигандай гапирарди. Уни тез-тез районга,
Шаҳрихонга чақириб туришарди.
Бир куни саҳар отга миниб куйиб-пишиб Шаҳрихонга кетган Раҳмат раис тушга
ҳам қолмай, кайфи чоғ, чеҳраси очиқ, хурсанд ҳолда қайтиб келди, бирпасда ҳамма
колхоз аъзоларини, қариндош-уруғларни йиғди.
– Эҳ-ҳе… Бугун катта мажлис бўлди, – деди раис. – Ҳаммаёқдан одам кепти-
да. Катта Фарғона канали қуриларкан. Усмон Юсуповнинг ўзи фармон қипти.
Куйганёрдан бошланаркан, йўқ, ундан ҳам нарироқдан, дейишди, Норин
дарёсиданмикин, ишқилиб, канал водийни кесиб ўтиб Конибодомгача борармиш…
Қушқўноқ қишлоғининг ёнидан ўтармиш. Бизнинг колхозга Қушқўноқ билан
Гумхона қишлоқлари ўртасидан жой тегибди. Қазир эканмиз. Эртага бориб ўша
ерни кўриб келаман… Кейин хотину эркак, бутун колхоз кўчиб борамиз. Вазифа
қаттиқ… Ў-ў… қаттиқ!
Кейин отамга ўгрилиб, тайинлади:
– Аҳмадқул, сен барчага тушунтир. Ҳамма шай бўлсин. Бутун Бешкал қишлоғи
кўчиб боради! Сувсиз доим қийналардик, Эгамназарбой амаким сувсизлик
азоблари машаққатларини кўп гапирганлар… Ўзи сув йўқ, йўқ сувга қанча талаш-
тортишишлар, жанжаллар юз берарди-ю… Одам ҳам ўларди. Энди сувимиз бўлади!
Водийда, ростдан ҳам, сув тақчил эди, одамлар экинларини пақирда сув ташиб
суғориб, деҳқончилик қилардилар. Бутун халқ кўчиб чиқди. Ҳамма ёппасига
ишга ёпишди! Гўё кечагина қатағонга учраган азиз фарзандларидан жудо бўлиб,
фожиалардан кўнгли қаттиқ озор еган халқ энди бош кўтариб, бор аламини
меҳнатдан олишга бел боғлади, машаққатлар қаърига отилди! Ўзини овутди чоғи…
Эркакларгина эмас, ҳатто қирқ мингта фидойи аёлдан канал қурилишида
иштирок этишни сўраб ариза тушди! Мусулмонлар ҳажга қанчалар уюшиб, ихлос
билан борсалар, бутун эл-юрт, қабила, қавм канал қурилишига ана шундай покиза
ихлос, қоим эътиқод билан талпинди! Чунки элга сув керак эди, ерларни обод қилиш
учун, экинзорларга, боғ-роғларга айлантириш учун! Қирқ беш кун – халққа оғир
синов вазифасини ўтади, осон кечмади, ҳар қалай ишнинг ёруғ-ёзда юз бериши
Худонинг сийлови эди албатта.
Сафар бехатар бўлмас, деганларидай, қанчадан-қанча одамлар уқубатларда
дунёдан кўз юмдилар, машаққатларга қолдилар, касалликка чалиндилар…
Қурбонлар берилди. Лекин халқ ортга чекинмади! Бунча заҳматларни бир нарса
оқлаши мумкин эди: Халқ ўзи учун, ўз ерини гулга кўмиш учун меҳнат қилди,
азият чекди, жон олиб, жон берди! Бошқача айтсак, қурбон ҳам берди! Ўзи қилмаса,
биров келиб қилиб бермайди, шу нарса кўнгилларни кўтарар, таскин берарди.
Бироқ, тоғларни қўпорадиган техника йўқ, тошлоқ ерни ундай қилиб ҳайдаб
берадиган трактор йўқ, канал ва ариқлар қазиб ташлайдиган экскаватор йўқ…
Тўғри, улар йўқ… Лекин қиличдай букилмас, бақувват қўл бор, толмас билак
бор, сўнмас идрок бор, ғайрат бор, сабр-бардош, чидам, ишонч бор! Томирларда
қаҳрамон аждодларнинг қони гупуриб турибди!
Ҳа, халқ қаддини кўтарди!
Водий қайнаган қозонга айланган эди!
Бир юз олтмиш минг одам, кўплар ўз оилалари билан, қариндош-уруғлари,
32 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
шериклари бигаликда бу катта маъракада қатнашдилар. Кимдир кетмон, кимдир
белкурак ушлаган, кимдир чўкич, замбар кўтарган, кимдир замбилғалтак
ғилдиратган, кимдир ўроқ тутган, ё теша…
Икки юз етмиш километр масофада (канал узунлиги шунча) тупроқ ортилган
аравалар карвони тинмайди, замбарлар қўлдан тушмайди, замбилғалтаклар
ҳаракатда, чанг-тўзонлардан осмон юзига парда тутгандай хира… Эртадан кечгача
шундай манзара… Меҳнат шунчалар қайнайдики, ҳатто кўкда қуёш ҳам ҳориб-
чарчаб, охири уфққа қандай бош қўйганини билмай қолади…
Қош қорайиши билан, гулханлар ёқилиб, машъалалар порлайди, карнай-
сурнайлар чалиниб, гумбурлаган садолар янграйди, бари қизғин меҳнат ва
шижоатнинг галдаги куни тугаганидан, энди дилга ёқар ҳордиқ дамлари келганидан
хабар беради.
Давралар кенг олинади, манглайларга танғилган дурралар ечилади, кўкракларга
шамол тегади, шижоатли инсонларнинг жиддий чеҳраларига табассумлар қўнади,
ўйин-кулги, рақс-ўйинлар бошланиб кетади!
Улуғ халқ ҳордиқ чиқармоққа чоғланади…
Буюк қурилишни таъриф этмоқ учун Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон,
Яшин, Собир Абдулла, Уйғунлар ва бошқа қалам соҳиблари қадам ранжида
қилганлар. Гоҳ-гоҳда: “Усмон Юсупов келармиш!”, “Усмон Юсупов нарги участкага
кепти!” каби овозалар тарқалади.
Мамлакатнинг энг машҳур санъаткорлари, аскиячилари шу ерда жобажо
хизматга киришганлар… Ана, бир тарафда – Юсуф қизиқ, Охун қизиқлар, ўнг ёқда
Тўйчи ҳофиз, Муҳиддин Қориёқубов, Жўрахон Султонов, Бобораҳим Мирзаев,
Маъмуржон Узоқов, Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, ярқ
этиб отилиб чиққан кўпдан-кўп ёш санъаткорлар…
Бир даврада Тўйчи ҳофиз “Ушшоқ”дан олиб, “Ўландан сўр”га ўтиб турибди,
барча ҳайратда. Иккинчи даврада Юсуф қизиқ муқаллидликни қойиллатиб овозини
худди ўзи қилиб қўйяпти, кишилар лол… Охун қизиқ эса кулги ҳикоялар айтиб,
одамларнинг ичагини узяпти. Ўтирганлар ихтиёрсиз қоринларини ушлаганча,
юмалаб кулишарди.
Бошқа даврада Тамарахоним шўх лапарлари билан бори одамларни батамом
ўзига қаратиб олган. Нарида Ҳалима Носирова, ундан нарида Мукаррама
Турғунбоевалар ноёб санъатларини намойиш этиб, олқишлар олмоқда эдилар.
Барчаси эл севган санъат юлдузлари!
Уч-тўрт участка йироқда бўлса ҳам, Муҳиддин Қориёқубов ижросида
жаранглаётган “Эшвой” таронаси оҳанглари келиб туради. Чап томонда эса
Бобораҳим Мирзаевнинг “Тановар”и қулоққа чалинади.
Ора-орада, балки гўзал раққоса нозик тиззасини қўйиб, бир муқом қилиб сийлаб
ўтар, деган умидда, олдиларига кўк қарға атласдан тикилган белбоғларини ёзиб
олишган гушна йигитлар, ашаддий мухлислар эса завққа берилиб, чапаничасига
кўкракларига уриб: “Дў-ўст!”, “До-од!”, “Ўзим ўргилай!..” дейишдан чарчашмайди.
Канал қурилишида ҳар бир кун шундай алпозда ўтарди. Қирқ беш кун – ҳар
куни… Бу катта тўй, эл маъракаси эди.
Йигирма тўққиз ёшли отам билан онамнинг (ўн етти ёшда эдилар) тўйлари
худди шу йили май ойида бўлиб ўтган экан…
Гулдор дуррача
Ёш келинчак Турдихол мамнун бўлди, ёшлик завқи жўш урди, лекин астойдил
қувонгани – канал қазишга аёлларнинг ҳам боришини эшитгани бўлди! Катта
№ 7 2024 33
Умрлар гулшани
савоб ишда аёллар, ўзига ўхшаган келинчаклар, ёш жувонлар ҳам қатнашардилар.
Бешкалликлар Қушқўноқ билан Гумхона қишлоқлари ўртасидан таомилга
кўра йигирма метрлар чамаси ер ажратиб берилганини эшитишди. Бу қишлоқлар
орасида хийлагина масофа бор эди. Бешкалнинг одамлари дарҳол чодир, капа
тикишга киришдилар. Раҳмат раис бориб билса, “Озод”ликларга Гумхонадан кўра
Қушқўноққа яқинроқ майдон тушибди. Уларнинг бош томонида найнаволиклар,
охир томонида назармаҳрамликлар аллақачон иш бошлаб юборишган экан.
Аҳмадқул қайлиғи Турдихол билан илғорликни қўлдан бермасликка тиришарди.
Ахир, у – раиснинг укаси, шунга яраша ҳаракат қилиши, бошқаларга намуна бўлиши
керак. Турдихол ҳам ортда қолаётгани йўқ, у – раиснинг келини! У овсини Умид
биби, энди уни Умид хола дейишарди, иккиси замбарда тупроқ ташишади. Этакка
тупроқ солиб қирғоққа элтишади. Рўзибой полвон ҳам ёнма-ён кетмонда тупроқ
отади. Қоп ортмоқлаган кишилар ҳам бор. Ҳамма ҳаракатда. Юқоридан қаралса,
гўё бутун дунёнинг одами водийга тўплангандай, канал қазишга чиққандай… Ҳа,
бугун Аллоҳнинг назари ёлғиз водийга тушган эди…
Иш тонг отар-отмас бошланади, кун ботар-ботмас товсилади, кечқурун – базм,
концерт. Санъаткорлар навбат билан ҳар участкада томоша кўрсатишади. Ҳар бир
санъаткор қирқ беш кунда қирқ беш марта концерт беради.
Меҳнат жангномасининг йигирманчи куни машҳур севимли артист Тамарахоним
ўз гуруҳи ва раққосалари билан бешкалликлар ҳузурига келди. Асли бу уч кун аввал
маълум бўлганди. Тамарахонимнинг номи эл ичида жуда машҳур, унинг санъатига
бутун халқ мафтун, мухлислари кўп, ашулаларига иштиёқмандлик баланд, одамлар
қўшиқларини айтиб юришарди. Концерт овозасини эшитиб, кечқурун бошқа
участкадагилар ҳам оқиб кела бошладилар.
Йигирма тўққиз ёшли Аҳмадқул билан ўн етти ёшли Турдихол ёнма-ён чўк
тушишиб ўтиришар, атрофида қишлоқдош эркаклар ва аёллар давра қуришган,
қийқириқ авжда! Ҳамма томоша завқидан яйрарди. Аҳмадқул чапани йигитларга
ўхшаб олдига белбоғини ёзиб қўйди.
– Нима қилмоқчисиз? – секин шивирлаб сўради Турдихол…
– Раққосани тиз чўктирмоқчиман! – деди отам жиддий.
– Қўйсангиз-чи! Коп-катта одам… Тек ўтиринг!.. – келинчак бошқа гапирмади.
Чунки билади, эри тек ўтирмайди.
Даврада Аҳмадқулдай талабгорлар ҳар қадамда кўзга ташланарди. Қани,
кимнинг омади чопар экан?
Ҳамма Тамарахонимнинг чиқишини интизорлик билан кутарди. Ниҳоят, ялтир-
юлтур тақинчоқлар билан безанган санъат маликаси майдон тўридаги парда ортидан
назокат билан чиқиб келди ва издиҳомга эҳтиром кўргизиб қўлини кўкрагига қўйиб
таъзим қилди. У соҳибжамол паризод мақомида кўрки-ю ҳусни, ноз-карашмаси
билан кўнгилларни забт этди! Одамлар завқ-шавқнинг зўридан сурон кўтаришди.
Мусиқа янгради. Раққоса нурга чулғанган, ял-ял товланган сариқ ипак либосда,
бошида ярқираган тожи, зебигардони, ўзига ярашган турли хил тақинчоқларини
шалдиратиб давра айланаркан, хоразмча лапар бошлаб юборди.
Раққосанинг яқинлашганини кўрган йигитлар кўкракларига уришар, аммо
бевафо ёр қарамай ўтиб кетар, бориб бошқаларни куйдиришда давом этарди. Бу
ҳол бир неча бор такрорланди, раққоса ҳеч кимнинг белбоғига ҳиммат кўргизмади,
қараб ҳам қўймади.
Тамарахоним парвоздаги товусдай чаппар уриб хиромон айлар экан, кўз
қирини ташлаб, аста-аста Аҳмадқул томонга яқинлаша бошлади. Лапар авжга
чиқиб борарди:
34 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Ганжи Қорабоғдан галдим қошина-я,
Санга жоним қурбон атмасам бўлмас,
Қўшармисан бошинг менинг бошима-я?
Йўлингда жон фидо атмасам бўлмас…
Ошиқ санга ойтиб тонгни оттирдим-а,
Ок сийнамни аёзларда қотирдим-а,
Ой юзингни кўриб ақлим шоширдим-а,
Тилагим – бир бўса бармасанг бўлмас…
Ва Тамарахоним… рўпарага келди-да, Аҳмадқулнинг ерда ёзилган белбоғига
оҳиста тиззасини қўйди ва қошларини учириб муқом қилди… Бу ҳали ҳаммасимас
эди. Сўнг кўксидан бир нафис гулдор дуррача чиқариб Аҳмадқулга ҳадя қилди…
Йигит кўкси тоғдай кўтарилди, обрўйи бағоят ошиб кетди!
“Ганжи Қорабоғ” қўшиғи жуда машҳур эди, уни Соҳибқирон Амир Темурнинг
ўғли валиаҳд Жаҳонгир Мирзо ва Хоразмнинг гўзал маликаси Хонзодахонимлар
муҳаббатига бағишланган, дейишарди. Ҳамма завқу шавқ билан тинглар, эшитиб
роҳат қиларди.
Майдон гувуллади. “Яшасин! До-од!” ва ҳоказо ҳайқириқлар янгради.
– Аҳмадқул яхши ишлади-да ўзиям! Э, ишлаб қўйди-е!
– Тиним билмади! У – илғор! Барчаникидан ўқи ўзди! Шунинг учун Тамарахоним
унинг олдида тиз чўкди, дуррача берди!.. – деди йигитлардан бири ёнидаги
шеригига.
– Тамарахоним Аҳмадқулнинг яхши ишлаганини кўриб турган экан-да? –
анқайганча сўради шериги. – Қойил қолдим! Тамарахоним-а! Шундай машҳур
артист-а!.. Мен ҳам яхши ишлашим керак экан!
Турдихол раққосанинг ноз-карашмаларига ғаши келди-ю билдирмади, ичида
эри шарафланганидан ғурурланиб қўйди.
Бу ерда бошқалар билмаган бир сир бор эди: Аҳмадқул билан Тамарахонимнинг
болаликдан таниш ва дўст эканларини ҳеч ким, ҳатто келинчак Турдихол ҳам
билмасди.
Тамарахоним Янги Марғилон шаҳрида туғилган, унинг отасини бешкалликлар:
“Артин (Артем) армани” дейишарди. Артин арманининг Бешкал қишлоғида
чорбоғи, экинзорлари бор эди. Унинг ўн-ўн икки яшар Тамара ва Гавҳар деган
қизлари йил бошидаёқ қишлоққа келишар, баҳор-ёзни, баъзан, кузни ҳам шу ерда
ўтказишарди. Шаддод, эркакшодароқ қизлар бу ерлик болалар, қизлар билан тез
дўстлашиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетишарди.
Тамаранинг бир оҳанрабоси бор эди, у рақс тушар, қўшиқлар айтар, барчани
ўзига ром этар, хушчақчақ табиатли бўлганидан дарров ўзига яқин дўстлар,
дугоналар топиб оларди. Опа-сингиллар, айниқса, Тамарадан тўрт ёш кичик бўлган
суюмли бола Аҳмадқулни алоҳида кўришар, укадай авайлашар, бирга ўйнашарди.
Шартаки Тамара Аҳмадқулни суюб: “Менинг укажоним!” деб қўярди.
“Озод”ликларга берилган концертда атоқли санъаткор, олийҳиммат инсон
Тамарахоним болалигини эслаб, “укажониси”ни ана шундай сийлаганди.
Мен орадан йигирма саккиз йил ўтиб, яъни 1967 йилда Амир Темурга бағишлаб
ёзган “Гумбаздаги нур” достонимда Тамарахоним номини келтириб, айни шу
воқеани таъриф этгандим.
№ 7 2024 35
Умрлар гулшани
Юртга ёғилган бало
Юртга балолар ёғишда давом этарди.
Германияда Адольф Гитлер деган бир баттол ўн йилдирки, бутун Европани
титратиб турар, тинчлик бермасди. Гоҳ у юртга ҳужум қилар, гоҳ бунисига чанг
солар… Ниҳоят, Европа унга торлик қилди, қабоҳат у ердан тошиб чиқиб, СССРга
бостириб кирди, асл мақсад эса, Россияни вайрон қилиб, ер юзидан супуриб
ташлашдан иборат эди…
Қиёмат-қойим бошланиб кетди. Ҳамма тирик жон фронт жабҳасига йўналди.
Жўнамаган ҳеч ким қолмади. Янги куёв бўлиб куёвлик роҳат-фароғатини ҳали
тотиб улгурмаган ёш-ёш йигитлар Ватанни азиз билиб, унинг ҳимоясига отланган
паҳлавонлар ота-онасини қон йиғлатиб урушга жўнаб кета бошладилар.
Улар сон-саноқсиз эдилар.
Бешкалда йиғи-сиғи, қий-чув кўтарилди, уларнинг сурони осмон-фалакка етса
ҳам, биров эшитмади… Раҳмат раис йигитларни фронтга жўнатиш ташвишлари
билан қўл-оёғи боғланганди. Военкоматдан сўрашиб, одамнинг ҳол-жонига
қўйишмайди. Чақириқ борса, уйидан қочиб кетганлар ҳам чиқиб қоларди…
Раиснинг ўзи уйма-уй юрарди.
Ўттиз икки ёшли отам урушга жўнаш ҳақида ўйлай бошлади. Аввалига
мункиллаган кекса онамни бўзлатиб, икки яшар жиш чақалоғи Раҳимахонни
йиғлатиб, тўрт ойлик ўғилчасини биғиллатиб, йигирмага кирган турмуш ўртоғи
Турдихолнинг юрак-бағрини увалтириб урушга кетишим инсофданми, уларга ким
қарайди, деб ўз-ўзига савол берарди.
Ўғил туғилганда Аҳмадқул ҳам, Турдихол ҳам қувониб кетишди: ахир боболари
Эгамназарбой ўғилга ташна бўлиб ўтмаганмиди! Уларга ўғил насиб этиб турибди!
Бир йил аввал мезон ойи эди, ўратепалик пирлардан бири Бадалхонтўра ўз
одатига кўра мурид овлаб Бешкалга қадам ранжида қилди. Пир ажойиб гурунглар
берди, кўнгилларни ислом зиёсидан чароғон этди. Гап орасида, сўради:
– Ушоқлар нечта, тағо?
– Бир фарзандимиз бор, Раҳимахон деган, – жавоб қилди отам. – Энди Аллоҳ
буюрса, кутиб турибмиз… Келинингиз юкли, иншоаллоҳ…
Пир қўлларини дуога очди:
– Э, хайрият! Иншоаллоҳ, ўғил бўлур! Исмини “Муҳаммад Али”, деб атасунлар!
– Қуллуқ, қуллуқ! – қўл қовуштиради отам, кўнглидан: “Аллоҳнинг ўзи билади…
Пир тилак айтдилар-да…” – сўзлари кечади.
Шу йил ҳамалга ярим ой қолганда Турдихол соғ-саломат қутулиб олди: ажабо,
ростдан ҳам, пир башорат қилгандай, ўғил туғилди! От қўйишга келганда, пир
айтган исмнинг оғирлиги, боланинг уни кўтаришга қийналиши, енгилроғи
лозимлиги ҳақида баҳс кетди. Отам иккиланарди. Шунда Абдураҳмон тўра пирни
ёқлаб чиқди:
– Бинобарин, шу исм пир тилига келган экан, бу бежиз эмас. Бу ерда сир-синоат
бор… Пирнинг айтганларини адо этмак фарз ҳам суннат! Шукр қилмак керак…
Отам бу сўзларни қабул қилди: болани “Муҳаммад Али” деб атай бошладилар…
…Атроф вазиятни кўздан кечирган Аҳмадқул аста акаси Раҳмат раис олдига
йўналди. Ўрта ёшлардаги бир аёл, колхоз идораси эшиги олдида, “Худо хайрингни
бергур, ёлғиз боламни олиб қолиб бер, менга ким қарайди”, деб зориллаб йиғлаб
турган экан. Аҳмадқулнинг юраги эзилди ва раисга айтиб аёлнинг ўғлини олиб
қолишни ўйлади.
Раҳмат раис кенжа укасига қаради-ю, хотиржам деди:
– Келишингни билардим… Тўғри қилибсан. Кўпга келган тўй. Кумушнинг
36 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
(раиснинг синглиси, Аҳмадқулнинг опаси) ўғли Тўланбойни ҳам олиб кетасан…
Полвон (чақалоқ назарда тутиляпти) катта бўляптими?.. Болаларингга ўзим қараб
тураман, ташвишланма…
– Бўпти, ака… Тўланбой билан биз кетамиз. Бир илтимос бор, ана бу эшик
тагидаги ҳеч кими йўқ муштипар аёлга ёрдам беринг, ҳақиқатда, ҳеч кими йўқ…
Шу бечоранинг боласини олиб қолинг, ака! Унинг ишини ҳам бизларга буюринг!
Савоб бўлади…
– Бўпти, ука, айтганингдай қиламиз…
Раҳмат раис укасининг сўзларини эшитиб, ичида қувониб қўйди. “Ўзинг муҳтож
бўлиб турганда, муҳтожроққа ёрдам бериш, пайғамбар суннатидир, – деди у ўзига
ўзи. – Кенжа укаси инсофли бўлиб ўсди, илоҳи, кам бўлмасин!”
Аҳмадқул бошқа ҳеч нарса демади. Эртаси саҳармардондан Тўланбой иккиси
мардлар қаторида урушга жўнаб кетишди.
Кумуш аммам кейинлари ҳам, жаҳаннамга ширин укам Аҳмадқулни ва ёлғиз
ўғлим Тўланбойни жўнатиб юборди-ю, аммо куёви Абдуҳамидни аяб олиб қолди,
деб катта акаси Раҳмат раисдан ўпка қилиб гапириб юрди.
Раҳмат раис “Озод” колхозида беш-олти йилдан бери раҳбарлик қиларди.
Колхоздаги турмуш даражасини билиш учун, қуйидаги воқеани айтсак кифоя.
Райондан ёки бошқа ердан меҳмон келса, раис уни меҳмонхонага таклиф қилар,
меҳмоннинг нуфузига қараб, қўлини орқасига қилиб хизматкорга бир бармоғини
кўрсатиб: “Чой олиб ке!” деса, бир патнисда битта нон, агар икки бармоғини
кўрсатса, иккита нон билан чой олиб келар экан.
Мерган
Асакадан жўнаган отам билан Тўланбой қўшилган эшелон Тошкент биқинидаги
Товоқсой қишлоғига бориб тушади. Аскарлар ҳарбий машқларни бошлаб
юборадилар.
Шу ерда отам билан Тўланбойнинг йўллари айри тушади: Тўланбойни ёшига
қарабми, бошқа қўшинга қўшиб юборишди. Айтишларича, қўмондонлик уларни
тўппадан-тўғри вазият танг бўлиб турган Сталинград жангига ташлаган эмиш…
Отам бошқа маълумот ололмайди.
Қишлоқдан келган, мутлақо жанг нималигини билмаган, милтиқнинг ёнидан
ўтмаган ялангдаврон, гушна йигитларга машқлар жуда зарур эди. Отамнинг
ёшликдан овга қизиққани, қуролни яхши тутиши, айниқса, мерган экани жуда қўл
келиб қолди… Отам ростакамига мерган эди! Гоҳо қишлоғимиздан узоқ бўлмаган
Пастдаги кичиккина кўл бўйига ўрдак ва бошқа қушларни овлашга тез-тез газага
чиқиб турарди, мен эргашиб борардим. Кўп овларни кузатганман.
Урушдан кейин эди, бир марта отамнинг моҳир мерганлигини кўриб жуда ҳайрон
қолганман. Уйимизнинг тўрида бир томонда ҳамиша “ўн олти”, “ўттиз икки”,
баъзан қўштиғ милтиқ, иккинчи томонда эса нақшинкор дутор осиғлиқ турарди.
Милтиқ борлиги сабабини айтсам, отамнинг ўзи қурган шу уйимиз қишлоқнинг
энг четида жойлашган бўлиб, у ёғи бийдай чўл, чаён ва илонлар юрадиган, кечалари
тулки ва чиябўрилар увлаб чиқадиган қўрқинчли шўр ерлар эди… Лекин қўрқмас
Кўктой деган катта итимиз бизларни қўриқлар, йиртқич ҳайвонларни ҳеч уйимизга
яқинлаштирмасди.
Баъзан уйимизда, ҳовлимизда чаён-илонларни кўриб қолардик. Болалигимда
мени уч марта чаён чаққан. Биттасида чаён кўйлагимнинг чўнтагига кириб
олган экан, мен билмаганман, иккинчисида югуриб кетаётиб кўрмасдан чаённи
ғарчиллатиб босибман… Шунда чимиллатиб оёғимни чаққан…
№ 7 2024 37
Умрлар гулшани
Олти яшар эдим, кечаси ичкарида донг қотиб ухлаб ётардик, бирдан “вара-а-
анг!” этган милтиқ овозидан уйғониб кетдик! Чироқ йўқ, зимистонда мен, опам
Раҳимахон ва синглим Солиҳабону тимирскланиб айвонга югуриб чиқдик. Қўрқиб
кетган синглим биғиллаб йиғларди.
Айвонда бир четда ҳушидан айрилай деган, “Худо ўзинг асра! Ўзинг асра!..” –
деб калима қайтараётган, қўлида тошфонар ушлаган онам, унинг ёнида уйқуси
безовта бўлган кат-энам Хосият отин (улар Украинадан энди қайтишган паллалар),
ўртада эса қўлида милтиқ, хотиржам турган отамларга кўзимиз тушди…
– Қўрқманглар! Қўрқманглар!.. – деди отам бизларни тинчлантириб. Қоронғида
ерда қорни оқ катта илон ўлиб ётарди.
Илон айвон шифтига ўрмалаб чиққан экан, ким билсин не ниятда юрибди. Биз
ётган хонага ҳам унча узоқ эмас… Энди ўйласам, Худо бир сақлаган экан бизни!
– Тўғри қилдингиз, ўғлим! – отамни мақтади Ҳосият отин энам, орадан ваҳимани
кўтариш учун. – Бир ҳадисда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, қуддиса сирруҳу:
“Турар жойларингизни тузатинглар. Уй илонлари сизларни қўрқитишдан олдин
ўзингиз уларни қўрқитинг!” дея маслаҳат берганлар…
Биров бирон нарса дейишдан лол эди.
Мени ҳайрон қолдирган нарса, отамнинг – қоронғида! – баланд айвоннинг
шифтида илоннинг юрганини сеза олгани ва ўзини кўрмасдан, шитир-шитир
овозиданоқ нишонга олиб бадбахтни бехато уриб туширгани эди! Кўнглим ғурурга
тўлиб кетди!
…Товоқсойга қайтайлик. Урушга чақирилган йигитларнинг ҳарбий лаёқатини
синаш мақсадида, уларга милтиқ бериб бир-бир оттириб кўра бошлашди. Отамга
келганда, командирлардан бири унинг чаққонлик билан милтиқни ўқлаганини,
дадил отганини, ҳаракатларини синчиклаб кузатиб турган экан: “Наводкачи!”,
“Наводкачи!” – деб қичқирди. – Аниқ мўлжалга олмоқда, қойил, қоқ нишонга
урмоқда! Зўр наводкачи бу!”
Наводкачи армияда жуда зарур одам, тўп-замбараклар, минометлар билан “иш
юритадиган” жангчи. У артиллерия қисмларида қурол-аслаҳалар бўйича командир
ўринбосари ҳисобланади. Уни артилериячи, дейишади.
Отамни 2-Белоруссия фронтига жўнатдилар. У хизмат қиладиган полк вазиятга
қараб, уч-тўрт марта бир жойдан иккинчи жойга кўчди. Улар тобора душман
қўшинларига яқинлашиб борардилар. Смоленск остоналарида қақшатқич жанглар
давом этарди. Қақшатқич жанглар!
Ҳеч нарсани билиб бўлмасди, ҳозир ёнингда ялиниб, махорка сўраб олиб,
ҳузур қилиб тутун бурқситаётган бахтиёр аскар беш дақиқадан кейин душман
ўқига учраши мумкин, ёки унга махорка узатаётганингда снаряд портлаб, ўзинг
асфаласофилинга кетишинг ҳеч гапмас… Ё борсан, ё йўқ!
Урушда раҳм-шафқат йўқ… Инсоф йўқ, адолат йўқ… Унинг ўлчовлари бошқа.
Дарвоқе, ҳов анови тепалик ортида Гитлер бункери жойлашган эмиш… Шундоқ
деб ваҳима қилишади, миш-мишми бу ё ҳақиқат – билиб бўлмайди.
Окоп қазишлар, ертўла қуришлар, блиндажлар бунёд этиш, дала истеҳкомларини
мустаҳкамлаш – одатий вазифаларга кирарди. Отам иш танламасди, чунки
урушда ҳамма нарса зарур, бошпана ҳам, йўл ҳам, хандақ ҳам, кўприк ҳам. Лекин
артиллериячилар иши сал нозикроқ: улар пиёдалар ва танклар йўлига тўсиқлар
қўйишлари, аввалдан ёпиқ оловли нуқталарни душманга сездирмай эгаллашлари
керак, яширин ДОТларда мустаҳкам ўрнашиб олишлари жоиз. Отам душманнинг
пулемёт уяларини тез илғашга уринар, тўп ва замбаракларни ўшаларга қаратар,
хато қилмасликка тиришарди.
38 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Фронт жабҳаларида вазият оғирлашиб борарди. Гоҳ Ленинград қамалда қолибди,
эрта-индин немислар босиб олармиш, деган хабар тарқалар, кўнгилларни сиқар,
гоҳ душман Кавказга қарши қаттиқ ҳужум бошлабди, Қримни олиб бўпти, Америка
урушга қўшилмай турганмиш, Москва йўналишида аҳвол чатоқлашибди, душман
шаҳарга яқинлашган эмиш, Сталин Москвани ташлаб бошқа шаҳарга кўчармиш,
қабилида нохуш шов-шувлар келиб турарди.
Камдан-кам бўладиган тинч лаҳзалардан бирида, Аҳмадқул окопда тўпга бош
қўйиб, хаёлга берилди. Унинг ниятлари катта, кучли, бақувват йигит, Рўзивой
акаси полвон-да, унга ҳам оз-моз юққан, қасд қилса юз килони елкасига кўтара
олади. Уруш ваҳшатларида яна ҳам чиниққан, тўпни, замбаракни ғилдиратиб бир
ўзи бировларнинг ёрдамисиз бемалол силжитиб ўрнига қўяди, Худо хоҳласа, ҳали
душманни чил-парчин этиб, ғолибона Берлинга боради ва, шубҳасиз, Рейхстагга
байроқ тикканлар сафида бўлади! Ахир генерал мартабасини истамаган аскар –
аскарми? Ана ўшанда, Ўзбекистонга қайтганда уни бало-офатларни бартараф этган
Ватан қаҳрамонлари сифатида кутиб олишади… Бешкалда байрам бўлиб кетади,
қўйлар сўйилади, карнайлар чалинади!..
Яқинда уйдан хат келди. Аллоҳга шукр! Энди қизи бор, ўғли бор! Қизи уч
яшардан ўтибди, ўғилчаси бир ярим яшар бўлибди. Куладиган одат чиқарганмиш.
Ҳар куни бир қилиғи пайдо бўлармиш… Янгиси қачон чиқади, деб кутишадиган
ҳам бўлиб қолишибди. Борганда даставвал Турсун момо, Хосият отинларни тавоф
этади, кейин акалари Мамир сўфи, Раҳмат раис, Абдураҳмон сўфи ва Рўзивой
полвонлар билан қуюқ кўришиб чиқади, сўнг қизининг манглайидан ўпади, ўғлини
қўлига олади, боши узра кўтариб ўйнатади…
Урушга келганига етти ой бўлган кунлар эди, 2-Белоруссия фронти олға силжиб
борарди. Рўпарадаги адирсимон тепаликда чуқур пистирмада жойлашган душман
уяси тез-тез “сайраб”, ўзининг қаердалигини билдириб қўйди, ўқлар бало-қазодай
ёғиларди. Кўп қизил аскарларни қийратиб ташлади, бадбахт… Полк шунга қадалиб
қолди. Олға силжишга имкон йўқ. Танг вазият юзага келди.
Гап шундаки, бу пистирма кўзга кўринмасди, ўқ қоянинг орасидан чиқяптими
ё ортиданми, ёки яширин ДОТ борми, билиб бўлмасди. Мерган пистирмани узоқ
мўлжалга олиб чамалади, кейин тўпдан икки марта кетма-кет ўқ отди! Шу заҳотиёқ
ДОТнинг овози ўчди! “Молодец, Ахмад!! – деб юборди тангликдан жуда хити
чиқиб турган командир. – Заслужил орден! Молодец!”
Мерган мўлжали нишонга текканидан жуда хурсанд эди. Лекин… уни олдинда
даҳшатли фожиа кутиб турганини билмасди. Фалокат оёқ остида деганлари рост.
Қизғин жанг маҳали, тўполон-сурон авжида, қарсиллаган қасирғадан қулоқлар
батанг пайтида у мўлжални аниқлаб, навбатдаги ўқ (снаряд)ни энди замбаракка
жойлайман, деб қўлини узатганини билади, бирдан… кимдир, нимадир уни қаттиқ,
жуда қаттиқ туртиб юборди… йўқ, қаттиқ урди шекилли… гаранг бўлдими… у ҳеч
нарсани билмай қулаб тушди-ю ҳушидан кетди!
Бир пайт қараса, блиндажда ётибди, чап қўли… ёнидаги чап қўли қаёққадир
кетганми, йўқдай туюлди, аммо, чап қўли ўрнида бир нимарса бор, қўлга ўхшаш
нарса… Э, қўли экан.
Кейин билди: унинг замбарагини маккор душман илғаган экан, жонига теккан-да,
уни мўлжалга олган снаряд замбаракка эмас… балки отамга тегибди! Текканда ҳам,
астағфирулло, отамнинг ўнг елкаси ёнидан шувуллаб ўтиб, шу палла замбаракка ўқ
жойлаётган, фавқулодда олдинга чиқиб қолган, чап қўлнинг танага уланган жойини
ўпириб кетибди! (Кейинчалик биз, болалар билмаганмиз, отамнинг елкасидаги
чуқурчага кимнинг мушти сиғади, деб талашиб ўйнар эдик… Отам эса индамай
кулиб қараб турарди.)
№ 7 2024 39
Умрлар гулшани
Бутун кийим, қалин шинель, чап чўнтакдаги орден олингани ҳақидаги ҳужжат,
орденнинг ўзи, хотини Турдихолнинг сўнгги ёзган, соғинч ҳисларига тўла хати…
бари-бари титилиб-титилиб, парчаланиб кетибди! Қўл эса шалвираб қолибди.
Ҳалиям Худо бир сақлабди, бунга кейин отам доим шукрона келтирар эди. Агар
душманнинг снаряди бор-йўғи бир суям ичкарироқдан кетганда борми… тамом,
отамни нақ елкасидан учириб кетар экан!
Ҳар сафар буни эслаганимда юрагим зириллаб кетади.
Жони азобда қолган отамни Москвага катта госпиталга юбордилар ва катта
хонага жойлаштирдилар. Даволанишлар бошлангандан кейин, оғриқлар аста-аста
чекинишга турди.
Отамнинг юрагидаги санчиқ кучаярди: чап қўлим нима бўлади? Тўғри, бир
қараганда – қўл, аммо у росмана қўл эмас, ҳеч қандай ишга ярамайди, зўрға
илиниб турибди, холос. Кўп докторлар келиб, қўлни кўришар экан, у ҳақда узоқ
баҳслашишиб, ҳар хил фикрлар билдиришарди:
– Бу қўлни сақлаб бўлмайди… – дерди бир меҳри қаттиғи. – Уни фақат кесиб
ташлаш керак…
– Қўлни даволашни давом эттирмоқ лозим! Қўл ишлаши зарур! – дерди
иккинчиси, инсофи бор доктор. – Иложи борича даволашимиз лозим!
Учинчиси…
Тўртинчиси…
Кейин бошқа таниқли, тажрибали докторларни таклиф қила бошладилар.
Ҳаммасини эшитиб турган, шифохона шифтига қараб ётган отам эса ўз одатига
кўра ичида Худога илтижолар қиларди: “Э, Худо! Шу қўлимни дуога кўтаришга,
намоз ўқиганда таҳорат қилишга, обдаста тутишга ярайдиган қилиб қолдирсанг
бўлгани!..”
Ойлар ўтди, отам мураккаб муолажаларни бошдан кечиришга тўғри келди.
Қўли тунлари зирқираб оғриб чиқарди. Асаб иплари қаттиқ шикастланган, пайлар
қирқилиб кетган, уланиши мумкин бўлган қон томирларини шифокорлар бирма-
бир боғлаб чиқардилар. Баъзан боғланарди, баъзан эса йўқ…
Беш ой вақт ўтди. Даволаниш секин борар, лекин аҳволнинг кам-кам
яхшиланаётганини отам сезарди.
Навбатдаги докторни чақирдилар. Хушрўй одам экан, синчиклаб кўриб чиқди,
эринмай таҳлил қоғозларини бирма-бир назардан ўтказди. Кейин докторлардан
бирини чақирди, пичирлаб нималарнидир гаплашди. Узоқ ўйланиб қолди.
Индамади. Ўрнидан туриб, у ёқдан-бу ёққа юрди, юрди… Отам унинг оғзини
пойларди: нима деркин, қўл қоладими ё… кесиб ташланадими?
– Қўлни, афсуски, сақлаб бўлмайди… – кескин деди доктор охири. – Чунки зўрға
илиниб турибди, елкага уланган жойи кучсизланган, қўлни тутиб туролмайди…
“Худо бор – нима ғамим бор? Ноумид – шайтон, Худойим ўзи чорасини топади,
иншоаллоҳ!” – такрорларди ичида умидлари сўнмаган отам.
Энди қўли ҳақида ўйламай ҳам қўйди. Жони омон бўлса бас, қолганини Худога
солади.
Ҳисоблаб қараса, олти ой Тошкент яқинида Товоқсойда ҳарбий машқларда
қатнашибди, етти ой савашларда бўлибди, мана, саккизинчи ой – госпиталда…
Асосан, жангга эмас, госпиталда ётишга келган экан, энди билса…
Кеча уйдан олган хатида Турдихол ўғлининг икки ёшга тўлгани, тили чиқиб,
роса чулдирай бошлагани ҳақида ёзибди. Онаси, қайнонаси тинч эканлар.
Отам қўлини сақлаш ё сақламаслик борасида эмас, борди-ю қўл бўлмаса, қандай
ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида кўпроқ қайғура бошлади. Буни ўрганиш керак…
“Чап қўлсиз ҳам яшаш мумкин, ўнг қўл бор-ку, чап қўл ишини ҳам адо эта олади,
аслида ўнг қўл чапидан кучли!..” деб ўз-ўзини овутарди отам.
40 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Кунлардан бир кун госпиталга зўр доктор келар экан, деган гап тарқалди. Шифо
истаб ётган беморлар ҳаяжонга тушиб қолдилар. Отам эса бу хабарга унча эътибор
бермади. Қизиқмай ҳам қўйди. У бепарво эди: “Кўп дўхтирлар кўришди, зўрлари
ҳам бор эди, ҳаммаси бир хил гап айтишди. Бўлмаган нарса бўлмайди. Профессор
кўргандан кейин, унинг қўлини кесиб ташлашади, шуни кутиб туришибди…”
ўйлади отам.
Кўп ўтмай ўша номи чиққан “зўр доктор” машҳур профессор Иван
Петрович Костиков келиб қолди, аниқроғи, анча аввал уни беморларни кўргани
чақиртиришган экану, фурсати энди етибди.
Отам кузатиб турарди: Иван Петрович бошқа докторлар каби қоғозларга ҳам
қараб ўтирмади, аввало боғланган қўлни ечиб синчиклаб кўра бошлади. Елкада
ўпирилган жой – жароҳат битай деб қолган, чуқурчанинг буришган туби кўзга
ташланарди.
– Оғриқ йўқми?.. – сўради профессор хотиржам.
– Йў-ўқ… – деди отам. Одатда зинғиллаб азоб бериб турадиган оғриқ ҳозир
“дўхтирдан қўрқибми” сезилмасди.
– Қўл… кесилмайди! – деди бирдан профессор…
Отам кутилмаган янгиликдан қувониб кетди!
– Ўзингга шукр, Худойим! – деди-да, йиғлаб юборди. – Бир бандангни ноумид
қолдирмадинг!..
Иван Петрович унга жилмайиб қараб турарди.
Ўша-ўша, отам то умрининг охиригача, “ғайридин” бўлса ҳам (отамнинг гапи)
Иван Петровични доим эслаб, ҳаққига дуо қилиб ўтди.
Бир пайтлар юз кило юкни дадил елкага кўтара олган, писанд қилмайдиган
паҳлавон отам, энди рамақижон ҳолда, озиб кетган, ногирон бўлиб Бешкалга
қайтиб келди.
Икки ой олдин, у билан урушга жўнаган Тўланбойнинг Сталинград жангида
ҳалок бўлгани ҳақида қора хат олишибди. Шундан бери, отамнинг эгачиси,
Тўланбойнинг онаси Кумуш амма касал ётган эмиш… Отам дарҳол хабар олгани
эгачининг уйига жўнади.
Дайди ўқ парчаси
Отамни уч-тўрт ёшларимдан таний бошлаганман.
Урушдан қайтганларидан кейин, отамни кўргани Ўратепадан пиримиз Бадалхон
тўра келиб қоладилар. Пир дарвозадан кириши билан, ҳовлида у ёқдан-бу ёққа
шаталоқ отиб, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб, уни тортқилаб,
буни тортқилаб юрган мўндидай қора болакайга кўзи тушади.
– Бу киши ким бўладилар? – сўрайди пир болани кўрсатиб.
– Буми… э… ҳалиги… отини ўзлари қўйиб бергандилар-ку… Ўша ўғлимиз-да… –
дейди отам хижолат тортиб. – Бир илтимос бор… Тақсир… Жуда шўх-да!.. Олов!
Жонга тегиб кетади. Бир дуо қилинг, шўхлиги сал пасайсин!..
– Хўп, хўп!.. – Келинг, бўтам, келинг-чи! – чорлайди пир болани ва бошини бир
силаб қўяди-да, тиловатга тушади. Кейин болага қараб: “Суф!”, “Суф!” дея дуога
қўлларини кўтаради:
– Э, бор Худо-ё, бундан ҳам бадтар шўх бўлгин, омин, Аллоҳу акбар!
– Ие! Ие!.. Тақсир, бошқача келишувдик-ку… Бу ёғи қандай бўлди? –
таажжубланиб сўрайди отам.
– Асло боланинг шўхлигини пасайтирмангиз! – Пирнинг сўзи қатъий
жаранглайди. – Шўх бўлсин! Шўхидан чиқади, тағо, шўхидан!..
№ 7 2024 41
Умрлар гулшани
Бола бу гапларни жим туриб эшитади.
Раҳмат каттам узоқ вақт “Озод” колхозига раислик қилди. Кексайиб қолганидан
сўнг, ўзи урушдан кўнгли ярим бўлиб қайтган укасини мақтаб-мақтаб раисликка
ўтказди. Ака-укаларнинг бир-бирларига ҳурматлари баланд эди. Ҳамма Раҳмат
раиснинг инсофига қойил қолди. Шу тариқа отам “Озод” колхозини бошқара
бошлаган. У ёғи эсимда қолмаган. Отамнинг “Фарҳод”дан менга чиройли
қалпоқчалар, ҳар хил шим-кўйлакчалар, қизиқ-қизиқ ўйинчоқлар олиб келгани
яхши эсимда. Мени янги кийимлар кийдириб, у ёқдан-бу ёққа юргизишни яхши
кўрар, “Қани, бир югуриб қўйсинлар-чи!..” дея, қараб қувонарди. Шу йилларда
“Фарҳод” сўзи элда машҳур бўлиб кетган, тилдан тушмасди.
“Фарҳод” деганлари Бекобод шаҳрига яқин, Сирдарёда, Ширин шаҳарчасининг
ёнида қурилаётган улкан Фарҳод ГЭСи экан. Отам бу ҳақда кўп гапирарди.
1944 йилда дарёни тўсганлари, қурилишда немис ва япон асирлари билан бирга
ишлаганлари, жуда катта бунёдкорликлар бўлаётгани ҳақида ҳикоя қиларди.
Жуда қизиқ эди бари. Айниқса, Фарҳод-Ширинлар қиссасини гапириб берганда,
кўз олдимда ажойиб манзаралар пайдо бўлди. Эртакдай эшитардим, эшитганларим
хаёлимда бора-бора жонланиб, реал ҳақиқатга айланиб борарди.
Одатда, адабиёт ҳаётдан яралади, дейишади. Бу ерда ҳаёт адабиётдан пайдо
бўлгандай… Худди шундоқ! Бари Алишер Навоийнинг, “Фарҳод ва Ширин”
достонининг ҳаётбахш таъсири! Мана, бадиий асарнинг халқ орасида қанчалар
кенг ёйилиши, халқнинг ўз ижодига айланиб кетиши!
Катта кетмонини елкасига ташлаган Фарҳод, дарёдан чўлга сув чиқариб берсанг,
сенга тегаман, деб шарт қўйган гўзал қиз Ширин, тоққа кетмон солиб сув чиқарган,
аммо Ёсуман кампирнинг: “Кеч қолдинг, Фарҳод, ҳў тоққа қара, ялтираб сув
оқаётганини кўряпсанми (аслида, алдаш учун тоққа тўшалган бўйрага тушган ой
шуъласининг акси!), бас, ёрингдан айрилдинг, Ширин сендан юз ўгириб кетди…”
деган ҳийласига алданиб, аламдан кетмонини осмонга отиб, унга бошини тутиб,
ҳалок бўлган йигит… Бари-бари тирикдай хаёлимдан ўтарди.
Гўзал Ширин фожиадан сўнг ҳажр дардига чора тополмай жануб ёқдаги ҳов
анови майин адирлардаги чиройли ғорга кириб, ғойиб бўлган экан, шу сабабдан
унинг номи “Ширинсой ғори” деб аталади… Ўша-ўша, Ширин қиз ғордан чиқмас
эмиш… Фарҳод келишини кутармиш…
Ҳозир ҳам Бекобод атрофларида, Сирдарё бўйларида Фарҳод ва Шириннинг
руҳлари кезиб юргандай туюлаверади… Йўлим шу ёққа тушиб қолса, Мўғол
(Фарҳод) тоғи этагини бамисоли пичоқ кесгандай қилиб оқаётган дарёни кўриб,
ана шу ер-да, Фарҳод кетмонининг изи, айни шу ерга баҳодирона кетмон солган,
тоғни кесган, дейман… Ҳар сафар Ширин ҳозир ана чиқиб қолади, мана чиқиб
қолади, дея умид билан узоқ ғор оғзига тикилиб тураман… Аниқ, гўзал қиз Ширин
Ширинсой ғоридан чиқиб келади, албатта чиқиб келади, дея ҳаммани сўзларимга
ишонтираман…
Ишонишади.
1948 йили Сталин фармони билан қулоқлар озод қилинди. Қувғиндилар ўз
юртларига қайта бошладилар. Баҳорнинг ўрталарида, кўйлакчан юрса бўладиган
ҳавоси мўътадил кунларнинг бирида Бешкалда байрам бўлиб кетди. Хосият
отин энам украинча кийинишиб олган икки кўҳликкина қизлари – Ўғилхон ва
Унсунойлар билан ўн олти йиллик айрилиқдан сўнг қишлоғимизга қайтишмоқда
эди.
Энг аввал Турдихол югуриб бориб онаси Хосият отинни тавоф этди,
эгилиб кўйлаклари пешини кўзларига суртди, кейин бағрига отилди! “Аллоҳга
шукр!” “Аллоҳга шукр!” дерди, холос. Сўнг: “Отам қанилар? Отажоним нега
кўринмайдилар?..” дея зорланиб нолалар қилди. Хосият отин кўзларида ёш
жимгина қизининг бошини силар эди, холос…
42 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
Саккиз яшар Раҳимахон икки холасининг қўлларидан тутганча қўйиб юбормас,
улардан нималарнидир сўрар, хурсандчиликдан тинмай чуғурчиқдай чулдирарди.
Кўча одамга тўла, узоқ-яқин қариндошлар, хотин-халаж, амма-холалар, шаталоқ
отиб юрган болакайлар… Ҳамманинг кўзида ёш: ҳайратдан, аламдан, қувончдан,
афсусдан… Кимдир урушга кетиб қайтмаган жигарини эслайди, бошқаси қулоқ
бўлган боболари¸ момоларини ёдга олади…
Мусофирчилик изтироблари, турмуш ўртоғи Эгамназарбой бобомизнинг хоки-
туроби бегона ерларда қолгани, ёлғизлик машаққатлари Хосият отин энамнинг
сочларини буткул оқартириб юборганди. Лекин энамнинг руҳи тетиклиги кўриниб
турарди.
Энам борган ерлари ҳақида гапириб берди. Чўл ерлар экан. Қримдан узоқмас.
Қадимда қримтатар хонларига қараган эски жойлар. Украинлар насронийларга
киради, хушчақчақ халқ экан, улар бирон ўлим бўлиб қолса ҳам, байрамларда ҳам
шароб ичишаркан… Қўтир-қўтир бўлиб яшашаркан. Ўзимизга ўхшаган одамлар.
Колхоз балоси ўша ерларга ҳам етиб борибди. Очарчилик бўлиб халқ кўп қийналди.
Ейдиган нарса йўқ. Майсаларнинг илдизини, баргини оқ шўрва қилиб ичишади,
қорни шишиб ўлганларнинг сони йўқ… Уруш йиллари тинчроқ деб, ертўлаларда
яшадик…
Эгамназарбойнинг иккинчи хотини Хонимой икки йил олдин бойининг
Украинадан соғ-омон қайтишини кута-кута бетоб бўлиб қолган ва надоматда жон
омонатини эгасига топширган экан…
Отам ва онам холаларимни ўз қизларидай авайлаб, тенгларини топиб узатдилар,
тўйларини қилиб бердилар, юртга ош тортдилар, отаси йўқлигини билдирмадилар.
Кўнгли увалган Хосият отин энамнинг қўллари дуодан бўшамади.
Кунлардан бир кун отамни Андижонда катта шифохонага ётқизишди… Биз
болалар билмай ҳам қолибмиз. Олти яшар вақтим. Отам кейинги ўн кунда кечалари
негадир ухламай чиқарди.
Бир куни кечаси уйғониб кетдим ва отамнинг ҳовли томондан ҳолсизгина: “Во-
о-ой!..” “Во-о-ой!..” деган овозларини эшитдим. Югуриб чиқдим! Дуррани ҳалқа
қилиб, чап қўлини ҳалқага солиб бўйнига осиб олган отам ҳовлининг у четидан,
бу четига бориб келар, инграшини қўймасди. Оғриқлари унутилиб кетган ногирон
қўли бирдан зинғиллаб азоб бера бошлабди…
Икки йил аввал ҳам бу дард қўзғалган, врачлар дори-дармонлар беришгандан
сўнг тинчиб кетганди. Лекин отам ўша дуррани бўйнидан олмасди.
Вилоят шифохонасининг зўр шифокорларидан бири доктор Яснопольский
отамнинг қўлини кўриб, шу пайтгача бошқалар илғамаган “дард”ни топди! У
синчиклаб қараса, ўша ярадор бўлган қўлнинг ичида кичиккина ўқ парчаси кўздан
қочиб қолиб кетган экан! Тўрт-беш йилдан бери жонга азоб бериб келаётган нарса
ўша ўқ парчаси экан!
Докторнинг ўзи муолажани муваффақиятли ўтказди, моҳирлик билан ўқ
парчасини олиб ташлади, отамнинг жонига оро кирди. Миннатдор бўлган отам
профессор Костиковга қўшиб энди доктор Яснопольскийни ҳам “ғайридин эса-да”
(отамнинг гапи) дуо қиладиган бўлди.
Абдураҳмон Тўра, ул зот отамнинг пирлари ва дўстлари, жуда содда ва
кенгфеъл инсон эдилар. Улар бири бирини кўрмаса туролмайдиган дўстлар хилига
кирардилар. Ул зотнинг кимсага ғарази ё ёмонлиги йўқ, кишилар уни билмасдан
ранжитиб қўйишдан ҳайиқишарди. Уни “Тўрахон бува”, “Тўрахон ака”, “Пирим”
деб аташарди.
Бир воқеани айтиб беришганди. Йигирма саккиз ёшли амаким Райимберди
колхозда номи чиққан илғор бригадир. Кунлардан бир кун Тўрахон бува
Райимбердига дейди:
№ 7 2024 43
Умрлар гулшани
– Сойнинг устида беш-ўн боғ пичан ўрдириб қўйгандим… Шуни аравангда
уйимга тушириб бергин!
Райимберди, идорадан гап эшитиб, тажанг бўлиб келаётган эканми, чарчаб-
толганми, – хўп бўлади, тўрам, дейиш ўрнига, ёшлигига бориб, оғриниброқ,
араванинг ғилдираги ишдан чиққан, бузилиб ётибди, деб жавоб беради. Тўрахон
бува ҳеч нарса демайди, аммо кўнгли оғрийди.
Райимберди уйига келар-келмас, уни қаттиқ қалтироқ тутади. Негадир совқота
бошлайди. Ҳеч исимайди. Тепасига кўрпалар ёпадилар… Туни билан азобланиб
чиқади.
Отаси Абдураҳмон сўфи эрталаб сўрайди:
– Нима бўлди сенга, ўғлим? Кечаси ухлолмадинг. Кеча соппа-соғ юрувдинг-ку?
Райимберди бўлган воқеани гапириб беради.
– Чакки қилибсан, болам. Тўрахон буванинг ҳамиша ҳурматини қилиш керак,
у валий одам, азиз одам. Унинг билан ҳазиллашиб бўладими! Дарҳол бориб ул
зотнинг кўнглини ол!
Райимберди қўшни бригадир аравасини олиб, пирнинг пичанини элтиб бергач,
ўзи бориб таъзим қилади:
– Тақсир, мени кечиринг! Сиз билан сўйлашганда хаёлим жойида эмас эди. Бир
қошиқ қонимдан кечасиз!..
– Сен яхши боласан, – деди пир; Райимбердининг хатосини унинг юзига
солмади, танбеҳ ва гина сўзларини ҳам айтмади. – Бир нарсани гапиришдан олдин,
ўйлаб, эҳтиёт бўлиб гапир!
Тўрахон бува дарҳол Райимберди амаким ҳақига тиловат тушира бошлади ва
узоқ дуо қилди. Амаким енгил тортиб, таъзим бажо айлади, эгилиб-букилиб чиқиб
кетди.
Биз отамни олиб келгани Тўрахон бува билан Андижонга бордик. Отам
чиққанларида, бўйнида дурраси йўқ эди, бу соғлиғи жойида эканини билдирарди.
Отам соғайиб кетган эди.
Пир билан иккиси қучоқлашиб кўришдилар, иккиси ҳам бир ёшга борган
одамлар, ёш боладай кўзлари ёшланди… Кейин отам мени қаттиқ бағрига босиб
турди. Унинг ўқтин-ўқтин йиғлаётганини сезардим.
Отам извош буюрди. Биз Андижондан Бешкалга қайтдик.
Бешкалликлар
Бешкалда зиёлилар, ўқитувчилар истиқомат қилишади. Аксари бешкалликлар
қизиқ табиатли, содда, оқкўнгил, ишонувчан, гоҳида деворни олиб ташласа ҳам,
кўчани кўрмайдиган даражада дўлвор, ёмонликни ўйламайдиган ҳазилкаш кишилар
эдилар. Айрим воқеаларни эшитиб ичагингиз узилганча куласиз, бошқаларидан
лол қоласиз.
Бешкаллик Комил ака жуда ҳазилкаш, қизиқчилиги билан ном чиқарганди.
Колхозлаштириш даврида бригадирлик қиларди.
Бир куни идорада катта мажлис бўлиб ўтди, лекин Комил ака шу пайт бозорга
иш билан кетганидан унда қатнашолмади. Одамлардан бири, кеча катта мажлисда
унга бирнима, мукофотми, номи нотаниш бир нарса берилганини айтди…
Комил ака буни эшитиб ҳаяжонга тушди, Худога шукр, бизнинг меҳнатимиз ҳам
сал кўринадиган бўпти, деб қувонди ичида. Уйга келиб, хотинига мақтанди:
– Э, хотин! Тез биронта идиш-пидиш топ, кеча бизга ҳам бир нарса беришибди,
мукофот… Омборга бориб олиб келай!
44 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
– Мукофот? Вой қандай яхши! Одамлар олишганини эшитсам, ҳавасим келарди,
бизам олармиканмиз деб… Ўзиям ишлайвериб эзилиб кетдингиз! Беришсин-да!.. –
хотин ёзғирди. – Қанақа идиш?
– Каттароқ қоп-поп беравер! Тағин сиғмай қолиб қийнаб юрмасин мени!
– Бир ўзингиз опкела оласизмикин?.. – ташвишланди хотин мукофотнинг
қандайлигини тасаввур қилолмай. – Ё тоғамнинг ўғлини чақириб бераймикин, агар
уйида бўлса… Ёрдам берарди.
– Йўқ, керакмас!.. Қизиқмисан? Овора қилма. Ўзим опкелавераман.
Ниҳоят хотини тимирскилана-тимирскилана бир қоп топиб чиқиб берди.
Комил ака қопни қўлтиқлаганча колхоз омборига жўнади. Йўлда сўраган
одамларга мақтаниб, биз ҳам бир буюмлик бўлиб қолдик, сўрамагандик, ўзлари
беришибди-да энди, шуни олиб келгани кетяпман, деб жавоб қиларди.
Омбор олдида одам кўп эди. Миқтидан келган омборчининг қўли-қўлига тегмас,
кимгадир ун, буғдой, кимгадир ёғ тортиб берарди. Комил ака бир чеккада кутиб
турди.
Ниҳоят одамлар сийраклашди.
– Ассалому алайкум, ука! – деди босиқ ва аллақандай ғурурдан кўкраги
кўтарилиб Комил ака…
– Ва алайкум ассалом! – хотиржам алик олди омборчи. – Келинг, ака.
– Бизни табриклаб қўй! Кеча бир мукофот беришибди, мажлисда… Шуни олиб
кетай деб келувдим.
– Табриклаймиз! Зўр бўпти-ку! Қандай мукофот экан?
– Ие!.. Уни сен билмасанг, мен қайдан биламан? – Комил ака омборчининг
хотиржам турганидан астойдил ранжиди. – Доим шундай қиласан-а, ўзингни
билмаганга оласан. Шунақа одатинг бор ўзи. Ҳов анови куни ҳам рўйхатда йўқсиз,
деб ун бермай роса ўтмас пичоқ билан сўйдинг… Менам шу колхоз аъзосиман,
сенга ўхшаган одамман, деб минг марта айтдим, кўнмадинг. Ундай эмас-да… Бер
берадиганингни!
– Ака… одамни хит қилманг, тепамда Худо турибди, сизнинг мукофотингиздан
асло хабарим йўқ!
– Ҳамма гапиряпди-ю! Сен билмайсанми? Биз ҳам бир нарсалик бўлдик, деб
қувониб юрибман.
Омборчи ўйланиб қолди ва деди:
– Бўпти, ака, сиз шу ерда ўтириб туринг, мен тез идорага кириб аниқлаб чиқаман.
Бироздан кейин омборчи мийиғида кулганча қайтиб келди.
– Хўш, берган эканми? – сўради Комил ака.
– Ҳа, тўғри айтибсиз, беришган экан…
– Ана, айтмадимми! – чеҳраси очилди Комил аканинг. – Одамни жонидан
тўйғизвординг-е, гапни кўпайтириб, бермаган деб! Гап деган бундай бўпти!
– Беришган экан… Аммо… – пешонасини қашиди омборчи. – Ғўзангизни ўт
босиб кетибди, суғорилмаган ерларингиз бор экан… Ишингизда камчиликлар
кўплиги учун… Сизга “виговор” беришган экан, яъни огоҳлантириш… Мукофот
эмас, танбеҳ… Ҳозир шунақаси чиққан…
Комил ака оғзини очганча қолди…
Одамлар содда, большевиклар чиқарган “виговор” деган нарсаларни мутлақ
билмас, ҳатто ота-боболари ҳам унақасини кўришмаган, тарихда ҳам бўлмаган эди.
Комил ака бир куни қўшнисининг тараддудга тушганини кўриб, сўради:
– Ҳа, қўшни, йўл бўлсин? Каллаи саҳарлаб қаёққа кетяптилар?
– Э… – деди қўшни. – Бошпут деган нарса чиқипти, ҳужжат эмиш. Шунга сурат
керак бўларкан. Шаҳрихонга кетяпман сурат олдиргани.
№ 7 2024 45
Умрлар гулшани
– Зўр иш қилибсиз-да, қўшни! – ёнини кавлай бошлади Комил ака. – Мана бу
пулни олинг, менинг ҳам суратимни олдириб кела қолинг, боришга ҳеч вақтим
бўлмай турибди…
Қўшни қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди…
Ўтган асрнинг 50-йиллари бошларида Хўжаободдан кўчиб келган Уста Фозил,
Фозилжон ака жуда юмшоқ кўнгил, моҳир шахматчи ва ашаддий футбол мухлиси
сифатида эл аро машҳур бўлган. Қаерга борса, қўлтиғида шахмат қутиси, зўр
шахматчиларни қидирар, мабодо шахматчи топилиб қолса, ўша жойдаёқ ўйинни
бошлаб юборарди. Кўпинча Раҳима опамнинг турмуш ўртоғи, биз ака деймиз,
Убайдулла акам билан ўйнашарди.
Футболда ҳеч кимга гап бермасди, унинг тарихи, номдор ўйинчилардан тортиб,
“Пахтакор”нинг ким билан ва қачон, қаерда ўйнашигача хабардорлигидан ҳамма
ҳайрон қоларди. Кўп латифаларни айтиб юрарди. Агар уни футбол жинниси,
десалар, астойдил қувонадиганлар хилидан эди.
Ўқувчилик пайтимиз, “Пахтакор” футбол командасининг гуриллаган паллалари.
Команда кучли ўйнар, ҳаммани ҳайрон қолдирар, Красницкий, Абдураимовлар
номи одамларнинг тилида, Тошкентдаги эллик минг кишилик стадион ҳамиша
мухлислар билан лиқ тўлар, радиода Москва, Киев, Тбилиси, Олма-Ота ва бошқа
шаҳарларда бўлган ўйинлардан жўшқин репортажлар бериш урфга айланиб кетган,
мухлислар бунга жуда ўрганишган, ҳатто кўча-кўйларда йиғилишиб футбол ҳақида
қизғин баҳслар олиб боришар, ҳар бир ўтган ўйинни муҳокама қилишарди.
Фозилжон ака футболчиларни худди ўзининг қариндошидай, тоға-жиянидай,
балки улардан ҳам ортиқроқ кўрарди. Бунга қўшимча, футбол ҳақида латифаларга
ҳам уста эди. Бу маъноларда уни бамисоли хазина дейиш мумкин. Давраларда Мусо
Ойбек, Комил Яшин сингари машҳур ёзувчилар, арбоблар, артистлар, қизиқчилар
ва бошқа санъаткорларнинг футболга боғлиқ ичакузди латифаларини сўзлаб юрар,
ҳаммани кулдирарди. Билмайман, қаердан йиққан экан уларни. Ёувчилар ҳақидаги
икки латифани унинг ўз оғзидан эшитганман.
Биринчиси. Бир куни “Навоий”, “Қутлуғ қон” сингари улуғ китобларни ёзган
академик ёзувчи Ойбекни қўярда-қўймай футболга олиб тушишибди. Ойбек
бениҳоя содда одам экан, беозор, қўйнинг оғзидан чўп олмайдиган, деган ҳикматли
гап айнан шу зотга нисбатан айтилиб, кейин эл орасида ёйилиб кетган эмиш.
Улуғ адиб майдонга қараб ўйинни кузатаркан, ичида ўйинчиларга жуда ачинибди.
Ахир йигирмадан ортиқ гушна йигитлар битта тўпни тепаман деб, у ёқдан-бу ёққа
чопиб, талашгани талашган, ҳар бирига биттадан тўп олиб берса бўлмайдими,
бемалол яйраб ўйнаб юришарди-ку, дебди ўзича… Атрофни ҳайқириқлар тутган,
одамлар баъзан қичқириб юборади, ўринларидан туриб кетишади, қарсак
чалишадими-ей…
Шу палла бир футболчи фавқулодда тўпни зарб билан шундай қаттиқ тепиб
юборибдики, тўп осмон-фалакка чиқиб кетибди! Адиб дарҳол ўрнидан туриб,
ёнидаги шеригини туртибди: “Жуда зўр тепди! Зўр тепди! Бўлди, ўйин тугади! Ҳеч
ким ундан ортиқ тўпни бундай баланд тепа олмайди! Шу ютди! Ютди! Кетдик!..”
дебди ҳайратда…
Комил Яшиннинг ҳам футболга тушиши қизиқ. Машҳур драматург, “Нурхон”,
“Гулсара”, “Равшан ва Зулхумор” сингари асарлар ёзган, академик Комил Яшин
паст бўйли, жуссаси кичик, содда, жуда кенг феъл, эзгуликни қаттиқ тутган
одам эди. Бир куни ашаддий футбол мухлиси бўлган жияни уни қўярда-қўймай
“Пахтакор” стадионига таклиф қилиб, стадионга олиб келибди.
Адиб майдонда қизғин ўйинни томоша қилибди, ўйинчилар чопоғон, бири
бирини чалган, йиқитган, тўп сурган, тўп урган… Стадион қийқириққа тўлган,
46 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
қувонган ишқивозларнинг ҳайқириғи, жунбушли ўйин, шовқин-сурон охиригача
кучайса кучайибдики, асло пасаймабди. Ўйин тугабди… “Пахтакор” ютибди,
рақиблар дарвозасига нақ учта тўп урибди! Учинчи голни Красницкий майдоннинг
нақ ўртасида туриб жарима тўпини қойилмақом қилиб тепиб рақиб дарвозасига
киритибди! Одамлар ҳайқирган, бир-бирини табриклаган, ҳайратини айтган, ҳамма
хурсанд, бошлар осмонда…
Севимли командаси ғалабасидан дунёда ўзини бахтиёр сезган жиян ҳаяжонини
боса олмай адибга дебди:
– Ана ўйину мана ўйин! Шунча стадионга кириб, бунақасини кўрмаганман!
Тоға, сизга ўйин ёқдими? Э, боплаворишди-е! Бўлар экан-ку!
Красницкий голининг дунёда тенги йўқ, бунақасини сира кўрмаганман! Ана
буни гол, дейдилар!
Машҳур адиб кичик-кичик кўзларини пирпиратиб, жиянига тикиларкан, ўз
ҳайратини бундай баён этибди:
– Э, қойил-е, жиян! Мана бунга қойил! Тан бериш керак!
– Гол зўр бўлди, а?.. Голни айтяпсиз-да! Красницкийнинг урган тўпини…
Яшшаворсин-е!
– Гол дейсанми?.. Гол… Голнинг қандай бўлганини билмадиму, аммо чироқларга
қойил қолдим!
– Чироқларга, дейсизми? Қанақа чироқларга, тоға?.. – сўради ҳайрон жиян…
– Стадионнинг атрофига қўйилган чироқларни айтяпман-да! Уларнинг кўплигига
қойил қолдим! Ҳай-ҳа-а-ай! Ғуж-ғуж чироқлар! Биласанми, сизлар ўйинни
кўрганда, мен вақтни кеткизмай барча чироқларни бирма-бир санаб чиқдим. Эҳ-
ҳе!.. Уч юз тўқсон иккита экан!..
Жиян қаҳ-қаҳ отиб кулиб .юборди!.. Тоғаси шундай гўзал ўйинни маза қилиб
кўрмай, чироқ санаб ўтирибди!.. Қанақа қизиқ одамлар бор-а дунёда!
Фозилжон ака “Пахтакор”нинг Киевда “Динамо” командасига қарши ўйнайдиган
кунни интиқлик билан кутиб юрарди, чунки, бу пайтда “Пахтакор” турнирда
карвонбошилик қилар, “Динамо” иккинчи ўринда борар, жуда зўр ўйин бўлиши
кутиларди.
Аксига олиб, шу куни футбол пайтида Фозилжон ака далага чиқиши, Сойнинг
устидаги ерда ғўзаларга сув қўйиши керак, кечиктирса бўлмайди. Сув экинга яхши
сингиши учун кечаси қўйилади. Чатоқ жойи, далада радио йўқ, севимли команда
ўйини ҳақидаги репортаж эса кечқурун соат 22:00 да берилади…
Фозилжон аканинг боши қотди, ўйлаб-ўйлаб, далага кетишдан олдин хотини
Робия холага шундай тайинлади:
– Яхшилаб эшитиб ол! Мен ғўзаларга сув қўйиб келаман. Улар чанқаб қолди.
Сойнинг устига кетяпман. Ҳў-ув, Савлиёнинг сойи ёнидаги катта пайкалга бораман…
Эсингда турсин: соат кечқурун 10:00да… Ҳа, роппа-роса соат ўнда Киевдан радиода
футбол репортажи берилади… Шуни яхшилаб эшитасан, ҳисобини менга айтасан.
Тушундингми?
– Хўп бўлади! Тушундим… – жавоб берди хотиржам Робия хола, бу репортаж
дегани, бошига ҳали не кўргиликлар солишини хаёлига ҳам келтирмай.
Фозилжон ака саҳар уйга қайтди. Дарвозадан кириб-кирмай, салом-алик йўқ,
хотинидан сўради:
– Ҳисоб нима бўлди, ҳисоб?..
– Қанақа ҳисоб?.. – бепарво сўради Робия хола.
– Футбол қандай тугади, деяпман?.. “Пахтакор”…
Хотин турган жойида қотиб қолди!
– Вой, мен ўлай!.. Болаларингизни ётқизиб, энди эшитаман, деб турувдим, худди
№ 7 2024 47
Умрлар гулшани
шу вақтда анови Тўхтахон элакка чиққан экан, мени гапга солиб, ҳар нарсаларни
гапириб, чалғитди, радио эсимдан чиқиб кетибди!.. – деди хотин.
– Нима-а?.. Нима дединг?.. Ҳали “Пахтакор” билан “Динамо” ўйини эсингдан
чиқиб кетдими? Сени-я?! Ҳисобини ҳам билмайсанми?.. Гапир!! А?!.
Фозилжон ака ғазабдан ўзини тутолмай қолди:
– Бор, сендай хотиним йўқ! Талоқ қўйдим!..
– Вой ўлай! Ҳай, оғзингизга қараб гапиринг! Шуям гап бўптими!.. Худодан
қўрқинг! Болалар нима бўлади?.. Учта боламиз бор-а… – зориллади шўрлик Робия
хола…
Нола-ю дийдиёлар фойда бермади.
Бу гап бутун қишлоққа шов-шув бўлиб кетди.
Қишлоқ оқсоқоллари илтимоси билан масалага Абдураҳмон тўра аралашдилар,
шариатдан йўл топиб, асли иноқ яшаб келаётган эр-хотинни, саҳв юз берибди, деб
қайта никоҳлаб қўйдилар… Буни эшитган Бешкалнинг улуғларидан саксон ёшли
Эркин бува тўра бувани ҳам, эр-хотинларни ҳам: “Савоб иш бўлибди…” – дея дуо
қилди. Ҳамманинг кўнгли тиниқ тортди.
Эркин бува ажойиб инсон эди. Унинг уйи уйимизга девор-дармиён қўшни, у
ҳам қишлоқнинг чеккаси ҳисобланарди. Чўл томони баланд одам ўтмас қалин
дарахтлар билан ўралганди. Катта хушманзара боғи шундоқ кўриниб турар, азим
ёнғоқ, ҳар хил олмалар, баланд ўриклар, анорлар кўзга ташланарди. Эркин бува
кўпинча боғнинг ўртасидаги пешиндан кейин салқин тушадиган чинглинг сўрида
парқу ёстиққа суяниб олганча бамайлихотир чилим тортиб ўтирарди.
Эркин бува томорқасига кўкнори, четларига эса наша экарди. Бурни каттароқ,
соқоли кўксига тушиб турарди. Ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, бардам,
бақувват, тетик юрар, уни қишлоқда ҳамма ҳурмат қиларди. Буванинг бир одати
бор эди: кўришганда, ёш болами, катта ёшдаги одамми – барининг бошмалдоғини
албатта қаттиқ сиқиб кўришарди.
Халқда, агар кимнинг бошмалдоғида суяги бўлмаса, ўша Хизрдир, деган гап
машҳур. Агар Хизр чиқиб қолса, ундан кўп нарса тилаб олиш мумкин… Киши
ниятига етади.
Эркин бува ўша Хизрни қидирарди. Агар бир одам билан бир кунда икки марта
учрашса ҳам, ҳар сафар барибир бошмалдоқни текшириш эсида турарди. Эрталаб
бор эди, балки энди йўқ бўлгандир?.. Мен билан кўришганда ҳам бува неча бор
бошмалдоғимни маҳкам сиқиб кўрган, лекин мендан Хизр чиқмаган…
Буванинг дўстлари кўп эди, Шаҳрихон, Найнаво, Қувалардан унинг ашаддий
улфатлари, қадрдонлари йўқлаб келишар, суҳбат қизиб кетар, ора-орада чилим
тортиб, кўкнори ҳам ичишарди.
Фотманса хола, жуда майин-мулойим юмшоқ муомалали кампир, Арабмозор
қишлоғидан Бешкалга келин бўлиб тушган.
Қишлоқда ҳозир ҳам кўп йиллар муқаддам, колхозлаштириш даврида юз берган
ҳодисаларни кулиб эслаб юришади.
Шулардан бири. Бешкалдан бир гуруҳ аёллар келин туширишга Арабмозор
қишлоғига боришади. Тўйни ўтказишгач, тонгга яқин келинни олиб аравада йўлга
тушишади. Йўллар ёмон, нотекис, ўйдим-чуқур. “Ёр-ёр” авжида, Зеби яллачи у
пайтлар ёш, чилдирмани гумбурлатади. Ҳамма хурсанд, ҳориб-толган… Тонг ғира-
ширасида Бешкалга яқинлашишибди.
Бир пайт қарашса, келин аравада йўқ эмиш! Қуруқ аравани олиб келишаётган
экан. Дарҳол ортга қайтишибди, анча юришибди. Не кўз билан кўрсинларки,
қалин паранжига ўранган келинчак йўлнинг ўртасида ҳеч нарсани билмай ухлаб
ётган эмиш! Арава бир чуқурдан ўтишда қаттиқ силкинган экан, ҳамма ўзи билан
48 Шарқ юлдузи
Муҳаммад АЛИ
ўзи овора, Фотмансанинг сирғалиб тушиб қолганини ҳеч ким сезмабди… Арава
кетаверибди.
Иккинчиси. Рўзғорга керак кўп нарсалар колхоз омборидан олинар, меҳнат
кунларига бериладиган ёғ-мой, дон-дунлар ҳам омбордан тарқатиларди.
Бир куни оқшом чоғи омборга буғдой кепти, бугун берилар эмиш, олганлар олиб
қолади, қолганлар буғдойсиз қолади, деган хабар Эркин бува қулоғига чалинади.
Ҳатто қўшниси Худойқул (кўриниши совуқ одам, унинг кўзи бор, дейишарди,
одамларга кўз тегмасин деб, Худойқул бува тўнининг бир енгини шимариб, бир
пешини белига қистириб юрар экан) аллақачон буғдой олиб келиб бўпти. Бу ёғи,
уйда уннинг таги кўриниб қолган… Дарров буғдойни олиб келади-ю тегирмонга
боради. У хотини Фотманисага деди:
– Тез бир қоп бер! Омборга бориб келаман! Буғдой кепти.
Қоронғи тушиб қолган, чироқни ёқишга ҳам улгурмаган, хурсанд бўлган
Фотманса ғира-ширада тимирскиланиб юриб ниҳоят бир қоп топди ва эрига
чиқариб берди. “Қоп сал чоғроқмасмикин?” – деди ичида Эркин бува ва қопни
қўлтиғига қистирди-да, эшакни миниб омборга жўнади. Омбор ҳам узоқроқ, қўшни
қишлоқда…
– Яхши етиб келибсиз-да… Энди дўконни ёпаман, деб турувдим… – жилмайди
омборчи.
Шу ерда бир муаммо келиб чиқди. Эркин бува қараса… олиб келгани қоп эмас…
хотинининг… лозими экан! Содда Фотманиса қоронғида қоп топдим, деб ўйлаб,
бу ёқда аллақачон эшакка миниб олган эри: “Бўл-бўл, имиллама!” деб ўдағайлаб
турибди, яхшироқ зеҳн солмай адашиб, ювилган кирлар ичидан ўзининг лозимини
бериб юборибди!
Эркин буванинг унча-бунча нарсаларга хит бўлмайдиган феъли бор эди.
Омбордагилар кулиб юборишди, кейин дарҳол тўхтаб, маслаҳат бера бошлашди:
– Дарров бориб қоп олиб келиш керак… Буғдой қомай қолади…
– Вақт кеч бўлди, омбор ҳам ёпилади.
– Ҳа, бу ёғи хуфтондан ҳам ўтди…
Омборчи бирдан жўяли маслаҳат берди:
– Эркин ака! Қоронғида шундай чалкашликлар бўлиб туради. Эътибор берманг,
ишни битирайлик. Шароитдан келиб чиқамиз-да. Вақт кетмасин. Хўш… лозимнинг
икки пойчасини боғлайлик, мана, келинг, каттагина экан, камида қирқ-эллик кило
буғдой бемалол сиғади… Олиб кетиш ҳам қийинмас, қулай, шундай елкага ортиб
оласиз…
Омборчи кулворишдан ўзини зўрға тийди.
Эркин буванинг бошқа чораси йўқ эди, уйга бориб келай деса, узоқ, бориб
келганча ярим кеча бўлади…
Хуллас, буғдой олиб келинди. Эркин бува билан Фотманса ўртасида не ҳол-сўз
кечди, буни фақат Худо билади, илло айтмайди…
Отамдан эшитган ҳикояларим кўп. Дукчи эшон ҳақида, Шаҳрихону Асака,
водийга темир йўл келиши тўғрисида…
Маълумки, темир йўл Каспий орқали Самарқандга, кейин Ховосга келди, ундан
водийга бурилди. Эл-халқ узоғимизни яқин қиладиган улов келди, оқ пошшога
раҳмат, деб қувонди. Аслида, Туркистондан олиб кетиладиган асосий бойлик,
хомашё, пахта, нефть, олтин, дон-дун, мева ва ҳоказолар водийда жобажо бўлиб,
уларни ташиш учун поезд керак эди. Бу 1898 йилда юз берди.
Одамлар поездни умуман кўрмаган, тасаввури ҳам йўқ, у ҳақда фақат эшитишган,
холос. Қарасалар, баҳайбат бир махлуқ, оташ арава, девдан ҳам катта, жуда
катта, кўзларини ёндириб, “пиш-пиш” қилганча тутун чиқариб, юриб келмоқда…
№ 7 2024 49
Умрлар гулшани
“Дажжол, бу Дажжол!” “Охирзамон Дажжоли!” дейишганча қўрқувга тушардилар
одамлар.
Андижон, Жалолобод, Ўш, Асака, Шаҳрихонга поездлар юра бошлади. Отам
ҳеч қачон поездга чиқмаган бир одам (биз уни Афанди амаки дейлик) ҳақида кулиб-
кулиб ҳикоя қилганди.
Ўзимизнинг қишлоқлик Афанди амаки Асакадан Жалолободга бормоқчи
бўлиб Асаканинг стансасига келди. Поездга чиқиш учун карточка олиш керак, деб
эшитганди. Лекин у “карточка” билан “картошка” ҳар хил сўз эканини билмасди.
Шу сабабдан, уч дона картошкани авайлаб артиб чўнтагига солиб қўйди.
Вагон ҳам бир уйдай экан, уйнинг ўзи. Вагоннинг олдида калишини ечди-да:
“Бисмиллаҳи раҳмони раҳийм!” деб вагонга чиқди ва яхшигина жойлашиб олди.
Поезд жойидан жилди.
Бироз вақт ўтгач, вагонга кўк шапка кийган ўрис кондуктор кириб, патталарни
текшира бошлади. У паттаси йўқ йўловчиларга дашном берар, поездан тушириб
юбораман, деб пўписа қиларди. Афанди амакининг ўша одамларга раҳми келар,
бепарволик ҳам эви билан-да, картошка олишни унутишибди, мен эса нақ учтасини
олиб қўйибман, хотиржамман, одамларимиз кўп содда, дер, ачинар, ўзи чўнтагидаги
картошкаларни бир-бир ушлаб қўярди.
Кондуктор унга яқинлашиб келди ва деди:
– Вашу карточку!
Афанди амаки хотиржам чўнтагидан битта картошкани олиб узатди. Кондуктор
ҳеч нарса тушунмади ва такрорлади:
– Я спрашиваю вашу карточку!
Афанди амаки ичида, биттаси етарли эмас, шекилли, деди ва оғринганча иккинчи
картошкани олиб берди.
– Что за чушь такое! Я спрашиваю вашу карточку!
“Оббо, баттарин-ей! Иккитасига ҳам кўнмаяпти. Очкўз экан! Қора кунларга
яраб қолар деб, сақлаб турувдим, энди учинчисини ҳам бераман, шекилли!” деб
ўйлади Афанди амаки ва учинчи картошкани узатди…
Кўнгли хира бўлган Афанди амаки ичида поездигаям, картошкасигаям лаънатлар
айтиб, патта пулини тўлаб, ниҳоят Жалолободга етиб келди.
Бу ерда ҳам уни ғаройиб ҳодиса кутарди. Вагондан тушса… ерда калиши йўқ!
Асакада чиқаётганда ечиб қўйган эди, ахир уйга калиш билан кирилмайди-да!
Калиш ечиб қўйилади.
– Қани менинг калишим? – сўради проводникдан у хотиржам. – Ким олди?
– Қанақа калиш?.. Ўзингизникими?
– Э, қизиқмисиз?.. Қанақа калиш бўларди! Ўзимнинг калишим-да!.. Бировнинг
калишини нима қиламан? – овози кўтарилиб кетди ториниб турган Афанди
амакининг. – Шу ерда ечиб қолдирувдим-ку Асакада пойизга чиқишда! Худди мана
шу ерда…
– Уни Асакада оласиз-да… – жавоб қилди кула-кула проводник вазиятни англагач.
Афанди амакига аҳволни зўрға тушунтирдилар. У эса, шунақаси ҳам бўладими,
деб ҳайрон эди.
Отамнинг қишлоқдош яқин дўсти Кенжабой, кейин Кенжа бува бўлиб кетган,
суҳбатларда урушда бўлганини кўп гапирар, гапиравериб уста бўлиб кетган, баъзан
ёлғонни ҳам шундай қийворадики, ишониб ҳам қоларди киши.
– …Сталинград жангида юрибман, денг, – ҳикоясини бошлади бир куни. – Вой-
баёв!.. Ана урушу мана уруш!.. Амир Темур ҳам бунақасини кўрмаган-ов! Бир куни
жангга кетаётган пайтим, фронтни оралаб юрган генералиссимус Ворошилов мени
кўриб қолди:
“Ҳа, Кенжавой, нима қилиб юрибсан бу ерларда?” деб сўради.
50 Шарқ юлдузи
“Жанг қиляпман…” дедим ғоз туриб.
“Яша! Жанг қилавер! – деб мақтади Ворошилов ва елкамга қоқиб қўйди… –
Ташвишланма! Сени Сталинга ўзим айтиб қўяман! “
Кенжа бува урушда бўлган яна бир ҳодиса ҳақида ҳам гапириб юради.
Урушга борган Эшмат уч ойдан бери бирон ўзбек билан кўришмаган, ўзи русча
билмайди, ҳеч ким билан гаплашмайди, ўзи билан ўзи гаранг, юраги сиқилган,
жони азобда, фақат окоп қазиш билан овунади.
Кунлардан бир кун нариги окопда ивирсиб юрган Тошматга кўзи тушиб қолибди.
Хурсандчиликдан ўрнидан туриб кетибди ва:
– Тошмат!!. – деб қичқириб юборибди.
Тошмат ҳам бирон ватандошини учратмай, кўзига дунё тор бўлиб юрган экан.
– Э… Эшмат, бормисан?.. – дебди у ҳам юраги ҳаприқиб ўрнидан турганча.
– Қачон келдинг? Қишлоқ, ҳовли-ўчоқлар тинчми? Қўшнилар қалай?..
– …Келганимга бир ой бўпқолди. Бирон мусулмон йўғ-а! Хайрият сен бор
экансан…
Шу палла дайди ўқлардан бири Эшматнинг қулоғи тагидан визиллаб ўтиб
кетибди.
Эшмат ўқ келган томонга қараб қичқирибди:
– Ҳой, кўзингга қараб от ўқингни! Бу ерда одам борам демайсан-а! Тегиб кетса
нима бўлади?..
Бу кенгфеълликка кулмай илож йўқ.
Кенжабой армиядан хотини Тиллахонга хат ёзар экан, соғинч хатини ҳар гал:
“Ичи кумуш, сирти тилло Тилла хонимга салом”, деган сўзлар билан бошлар экан.
Буни қишлоқда ҳамма биларди.
Кенжа бува отамга “Сўпим” деб муражаат қиларди. Бир кун болалар ҳақида гап
кетганда Кенжа бува шундай деди:
– Сиз фарзандларга яхши тарбия бергансиз, сўпим… Мана мевасини кўряпсиз.
Биз-чи, эҳ…
– Ҳа, болаларни ўқитиш керак, Кенжабой! – деди отам.
1950 йилда янги туман (район) ташкил бўлди, Марказий Фарғона чўлларида
Бўз тумани барпо этилди. Насриддинбек қишлоғи унинг маркази эди. Туманга
эътибор кучли, диққат марказида, пойтахт Тошкентдан тез-тез ижодкорлар,
санъаткорлар келиб чўлқуварлар билан учрашувлар қилишар, концертлар беришар,
зиёлилар маърузалар ўқишар, шоир ва ёзувчилар пахтакорлар билан учрашувлар
ўтказишарди.
Бир куни Бўзда катта концерт бўларкан, пойтахтдан “Баҳор” ансамбли келибди,
деган хушхабар тарқалди. “Мукаррама Турғунбоева келармиш! Маъмуржон Узоқов
ҳам бор эмиш!” деган шов-шувлар ҳар ёқни тутиб кетди. Халқ санъатни шундай
яхши кўрар эдики, агар концерт деса етти қир бўлса ҳам ошиб борар, одамлар
минди-минди бўлиб томоша қиларди.
Бутун қишлоқ концертга боришга тайёргарлик кўра бошлади. Ниҳоят кутилган
машина келди. Туман марказига беш-олти километр бор. Ҳамма машинага интилди.
Шу пайт қўшнимиз Нурмат ака бамайлихотир отда фермадан қайтарди.
– Тез бўл, Нурмат! Катта консирт бўлади! Кеч қолмайлик. Юр! – чақирди
машина кабинасида ўтирган отам. – Консирт, консирт, дейсизлар. Кўринглар энди
келганда…
– Хўп, ака! Зўр бўпти-ку! Мен ҳозир!.. – уйига от чоптирди санъатни жони-
дилида кўрадиган Нурмат ака. Отини боғлар-боғламай, хотинига қичқирди:
– Тожи! Тез бўл, янги яктагимни олиб чиқ, янги яктагимни!
– Ҳозир! Ҳозир…
Муҳаммад АЛИ
№ 7 2024 51
Тожинисо шундай деди-да, тезликда токчага тахлаб қўйилган кийимлар ичидан
оқ яктакни олиб чиқиб берди. “Яхши бориб келинг!” деди. Йўлда кийиб оламан,
кеч қолмай тағин, деб ўйлаган Нурмат ака яктакни қўлтиқлаганча машинага қараб
чопди ва чиқиб одамларга қўшилиб олди. Машина туман марказига қараб жўнади.
Нурмат ака пайтдан фойдаланиб, яктагини кийиб олмоқчи бўлди-ю тарвузи
қўлтиғидан тушди! Олиб қараса… яктак эмас… хотинининг оқ кўйлаги экан!
“Ҳа, ўл Тожи! Анқаймай ўл, Тожи!..” деди ичида кийимни чалкаштириб юборган
хотинидан ранжиб.
Ҳамма концертга ясаниб борганда, Нурмат ака чанг босган кийимда концертни
томоша қилишга мажбур бўлган экан…
ИККИНЧИ ҚИСМ
Хосият отин
Хосият отин Украинадан қайтганидан сўнг, оиламизда ҳожи онадай ҳурматга
сазовор бўлдилар. Ҳа, у кишининг бориб келган жойлари ҳазилакам “ҳаж” эмасди.
Энди хонадонимиз турмушининг барча юмушлари – болаларнинг ўқишими,
тўйими, меҳмон кутиш ёки меҳмонга боришми, боққа қарашми – бари-бари унинг
назаридан ўтарди. Меҳмон келмаган уй – одам кирмаган бозор, дерди энам. Меҳмон
кутишни жуда ўрнига қўярди.
Хосият отин ўзимизнинг қишлоқда, қўшни қишлоқларга бориб “Биби Сешанба”,
“Мушкулкушод”, “Мавлуди шариф” деган йиғинлар ўтказарди, уни тез-тез
аёллар мажлисларига чақириб туришарди. Йиғинларга (олти-етти ёш вақтларим)
“Юр, болам!” деб мени ҳам олиб кетар, мен эса дуррачага тугилган китобларни
елкамга кўтариб олганча ғизиллаб ёнларида борардим. Балки ўша китобларнинг
руҳий таъсири, менинг онгим, идрокимга ўтгандир, шундан қаламга ошно бўлиб
қолгандирман…
Катта хонада сомса-қатлама, қанд-қурс, мева-чева солинган дастурхон атрофида
аёллар давра қуришарди; энам боқий дунё, ҳаёти дунёдан ҳадису ҳикматлардан баҳс
қилар, болалар тарбиясидан сўз очар, бу ишда бепарво бўлмасликни уқтирарди.
Кейин кўзойнакларини тақиб, дуррачадаги китобларни олиб ўқишга тушарди.
Ҳазрат Али ва Биби Фотима тўйларида айтилган ёр-ёрлар, Қулхожа Аҳмад Яссавий
ҳикматларидан ўқиб берардилар. Мен ёнларида тиз чўкиб олардим.
Бир кун қарасам, энам кўзойнаклари бурунларининг учига келиб қолибди,
тушиб кетмасайдим, дегандай зўрға турарди… Аллақандай ҳаяжонданми кўнгли
бўшашиб, катта-катта кўзлари лиқ ёшга тўлган, ана тўкиламан-мана тўкиламан,
дерди гўё.. Барча аёллар ҳам кўнгиллари ийиб, мунгсираб йиғлашиб ўтиришибди…
Буларнинг бари сўзнинг қудратидан эди. Оддий сўзнинг қудрати!
Эсимда, учинчи синфда эканимда боболарим, опа-холаларим, укаларимга
(уларнинг ўзлари мендан сўрашарди, чунки китобни тез ва равон ўқирдим) Эргаш
Жуманбулбул ўғлининг ўша пайтда янги нашр бўлган “Кунтуғмиш” ва “Ширин
билан Шакар” достонларини ўқиб берардим. Бир куни Кунтуғмишнинг тортган
азоблари, унинг ёстиқдоши Холбеканинг изтироблари, Ширин билан Шакарнинг
жазирама саҳрода туя терисининг ичида туғилганлари тасвирланган саҳифаларни
ўқиётгандим, бошимни кўтариб қарасам, беҳад таъсирланган Мамир сўфи
бобомнинг кўзёшлари оппоқ соқолидан оқиб ерга тушмоқда эди… Ўшанда ҳам
сўзнинг қанчалар қудратли эканини сезгандим.
…Уйга қайтганимизда, дуррачадаги китобларни ерга қўймоқчи бўлсам, энам
дерди:
– Тўхта, болам! Китобни ерга қўйиш гуноҳ! Ҳов анови михга илиб қўйгин!..
Умрлар гулшани
52 Шарқ юлдузи
Китобнинг азиз эканини шунда билдим. Бу эсимда қолди.
Кейин энам, ҳар галгидек ёнидан бир сўм олиб, жилмайиб бошимни силаб,
юзларимдан ўпаркан, менга узатарди:
– Ма!.. Хўрозқанд олиб егин!
Бундан жуда хурсанд бўлиб кетардим.
Ўн яшар вақтимда сумалак пиширганлари эсимда.
– Сумалак пиширайлик, – таклиф қилди энам. – Эл дуосини олайлик.
Ҳамма қувониб кетди. Сумалак пишириш – хонадондагина эмас, қишлоқда
ҳам катта воқеа. У таом эмас, бир мўъжиза. Овқатлар бўлади – қозонга солдингиз,
пишди, вассалом. Йўқ, сумалакнинг тайёргарлиги қозон осишдан бир неча кун
аввал бошланади. Дуолар ўқилиб, ниятлар қилинади, буғдой бир кеча-кундуз
совуқ сувга солиб қўйилади. Кейин кун нури тушмайдиган нимқоронғи уйга катта
хонтахта устидаги оқ матога бир бўғим қалинликда ёйиб чиқилади, вақти-вақти
билан хабар олиб, севалаб сув сепиб турилади. Болалар киритилмайди. Нимага,
билмайман. Менинг ичим ғимиллайди, ичкарида нима бўляпти, деб қизиқаман.
Колхознинг омборидан юз килолик қозонни ҳовлимизга олиб келишиб, янги
қазилган ўчоқ устига қўндиришди. Бешкал, Дўрманча, Яккатол, Қозиқўрғон,
Қушқўноқ, Найнаво қишлоқларидан обрўли казо-казо аёллар ташриф буюришди.
Байрам бўлди, байрам!
Буғдой игна-игна бўлиб униб чиққач, уни бир текисда кесишиб келиларга
солишди, ёш-яланг туя бошлади. Қозонга ўт ёқилди, Хосият отин ният қилиб,
элга тинчлик тилади ва ёғ солди. Келинлар – онам, Умид холам, Холтожи момом
ўчоқ олдига келиб, чаққонлик билан дастурхон ёздилар ва хамир ёйиб чалпак ясай
кетдилар. Хосият отин ҳар бирига катта қозондан жой кўрсатди. Келинлар ўша ерга
чалпак ёпиб чиқишди. Сўнг ёғга ташлаб пишириб олишди. Чалпаклардан ҳаммага
улашилди, сумалакнинг биринчи таомига ҳамманинг оғзи тегди.
Унган буғдой келиларда туйилгач, сузиб олинган шарбат қозонга қуйилди ва
белгиланган ун солинди. Кайвони аёллар дастасига ўқлоғлар боғланганидан узун
бўлиб кетган капкирлар билан навбатма-навбат қозонни кавлаб қўзғаб туришди.
Буни Хосият отин дуолар билан бошлаб берди. Кейин келинлар, узоқ-яқиндан
келган хотин-халажлар қўшилишди.
Дастурхон эса кўк сомса, кўк чучвара, кўкли қатламаларга тўлган, ҳамма тановул
қилган, кайвонилар қизиқ нақллардан сўйлаган, кимдир ёр-ёр айтган…
Ниҳоят, Хосият отин сумалак қиссалари битилган китобини олиб ўқий
бошлади. Ҳамма шуни кутарди. Хуфтон бўлса ҳам ўйин-кулги давом этар, ёшлар
чилдирманинг даранг-дурунгида рақсга тушардилар.
Осмонда юлдузлар уйқу босиб милтирай бошлади. Лекин сумалак пишмагунча
юлдузлар ҳам, бошқалар ҳам ухлашни ўйламасди.
Мен ухлаб қолмай деб, муштим билан кўзларимни эзиб-эзиб уйқуни қочирардим.
Шунга қарамай, кечаси бир четда ётганча тирранг қотиб қолибман. Ўзим ҳам
билмабман. Лекин ҳали ухламай туриб: “Сумалак ейман, сумалак!..” деб энамга
хархаша қилиб боргандим, қозон четида қотиб қолган сумалак қатирмочидан
кўчириб берди: “Буни еб тур, эрталаб пишади, тўйиб еб оласан, болам!” деди
бошимни силаб. Энам мени жуда яхши кўрарди. Маза қилиб еб олдим.
Юзимга офтоб тушганидан уйғониб кетдим. Укаларим қаттиқ ухлаб ётишар,
фақат Раҳимахон опам ҳали-ҳамон онамнинг ёнида куймаланиб юрарди.
Ниҳоят қозонни очдилар. Қарасам, дошқозондаги лимиллаб турган жигарранг
сумалак қуёш нурида бир ажойиб товланиб титраб турардики, таърифига сўз йўқ!
Гўёки, катта қозон оҳиста-оҳиста нафас оларди… Бу бир мўъжиза эди!
Муҳаммад АЛИ
№ 7 2024 53
Энг аввал болаларга деб пиёлаларни сумалакка тўлдиришиб, тол ёғочидан
тайёрланган куракчаларни солишиб бизларга беришди. Ичимга сиғмай хурсанд
бўлиб кетдим, сумалакни ея бошладим. Шунда беихтиёр нега куракчаларни
каттароқ қилиб ясашмаган экан, дея афсусландим…
Яна кўргилик…
Юрт бошига турли мусибатлар, бесаранжомликлар тушиб тургандай, оиламизга
энди янги бир бало ёприлди. Урушларда қатнашиб, ногирон бўлиб қайтган
отамни ҳуқуқ органлари безовта қила бошлади. Гоҳ қайгадир чақиришади, отам
кайфияти бузилиб келади. Чамаси, қўшни Дўрманча қишлоғида ўзини қишлоқ
етакчиларидан деб ҳисоблайдиган кишиларидан бири, отамнинг тенгдоши ва
улфати, Урайим ака деган кишининг ғаразли ҳаракатлари билан шундай ишлар
уюштирилмоқда эди. Отам билан Урайим ака бирга улфатчилик қилишар, бири
Дўрманчада, иккинчиси Бешкалда ўзларини юртнинг каттаси, нуфузли кишиси
деб ҳисоблашар, лекин ўзаро пинҳона мавқе ва обрў талашиб юришарди, шекилли.
Айрим миш-мишларга кўра, Урайим ака нимадир бўлиб бошига иш тушган, ўшанда
отам ёрдам бермаган эмишми… Узуқ-юлуқ гапларга қараганда, туҳмат, ғараз,
ўч олиш, қасд қилишга астойдил киришган экан Урайим ака. Ёнида Абдукарим
Хонкелдиев деган, колхознинг пакана бўйли парткоми ҳам ўралашиб юрган. Бу
ишни кўпинча Урайим акадан эмас, балки тирноқнинг тагидан кир қидирадиган
бешкаллик Абдукарим акадан кўришармиш. Чунки, отам партия бадалларини
кам тўлаган эканми… Аммо бу гаплар қанчалик тўғри, ёлғиз Худо билади… Бу
воқеаларда Урайим акани, Абдукарим акани айблаш қанчалар тўғри бўлади, улар
аралашганми, аралашмаганми, ё бу миш-мишларни душманлар тўқиб чиқарганми,
уларни исботлайдиган аниқ етарли далиллар эса йўқ, лекин бир нарса аниқ: орада
отам қамалиб кетди…
Бу воқеалардан олдин отамнинг дўсти, бундай гаплар шабадасини сезган
Акбарали Мирзаев, Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Ленин номли колхознинг
машҳур раиси: “Бутун бола-чақангиз билан Бекободга кўчиб келинг!” деб одам
юбориб қолди. Отамнинг бундан кўнгли кўтарилди.
Акбарали ака билан отамнинг дўстликлари тарихи 1935-1940 йилларга тўғри
келади. Отам у пайтлар қишлоқ совети раиси бўлиб ишларди. Акбарали ака
Бешкалга яқин обод Солимахсум қишлоғида истиқомат қиларди, қишлоқ совети
идораси ҳам ўша ерда жойлашганди.
Қулоқлаштириш даврининг охирлари. Қулоқларни битта-битта териб, ё қамашга
ё сургунга олиб кетилар, моли-мулки мусодара қилинар, катта бесаранжомликлар
юз берарди. НКВДнинг қора рўйхатида Акбарали Мирзаевнинг ҳам номи бор экан.
Дарҳол қишлоқ советига бу кишиларни тутиш ҳақида НКВДнинг бир кун муҳлатда
адо этилиши лозим буйруғи отам қўлига етиб келди.
Отам дарҳол Акбарали акага бир ишончли одам юбориб, шундай тайинлади:
“Худо бир йўл кўрсатиб турибди. Акбарали, биродар, сиз ҳозироқ қоронғи тушганда
ҳеч кимга билдирмай уйдан чиқиб кетингиз! Иншоаллоҳ, қутулиб кетасиз! Эрталаб
уйингизга давлат одамлари боради… Унгача сиз бу ерлардан узоқлашиб кетган
бўласиз, деган умиддаман”.
Шундай хабар яна бир неча кишига пинҳона юборилди.
Ҳушёр ва зийрак Акбарали шу заҳотиёқ вазиятни теран англади, жарга
қулашга бир қадам қолганини билди ва бола-чақаларини олиб, балодан ҳазар, дея
Бекободнинг Далварзин чўлига, аниқроғи, Жумабозор қишлоғига хилват жойларга
кўчиб кетиб, жон сақлаб қолди.
Умрлар гулшани
54 Шарқ юлдузи
– Сизни яхши биламан, душманларингизнинг даъволари бари туҳмат! Барини
ўзимизнинг одамлар қилади. Сизнинг айбингиз йўқ! – ишонч билан деди Акбарали
ака отамнинг кўнглини кўтариб. – Колхоз идорасида ишлайверинг. Турадиган жой
ҳам топиб қўйдим. Кўчанинг нариги бетидаги уйда яшайсизлар. Узоқмас…
– Раҳмат, дўстим! – деди отам ҳаяжонга тушиб ва ичида қачонлардир қилинган
бир яхшилик ҳеч қачон унутилиб кетмаслигига имон келтирди.
Мен шу паллалар ўн бир ёшда эдим.
Отамнинг душманлари ўз ниятларидан қайтмадилар. Излов-сўров, терговлар
тинмади. Оқибатда отамни айбдор топишиб, олти йилга кесиб юбордилар… Суд
Бекобод шаҳрида бўлди. Донгдор раис Акбарали Мирзаев ҳам уриниб кўрди-ю бир
чора тополмади.
– Мен соғ-саломат қайтиб келаман, Раҳима! Адолат бор, Худо хоҳласа! Биламан,
туҳмат қилдилар… Бегуноҳ эканимни ҳали кўришади… – деди отам ишончу имон
билан онамга. – Сен болаларни эҳтиёт қил, қийналмай ўтириб туринглар… Сизларни
Худога топширдим.
Онамнинг кўзларидан дув-дув ёшлар тўкилди, бу унинг отамга айтган сўзлари
эди…
Отамни даставвал Тошкентга, Шумилов шаҳарчасида жойлашган “Пересильная
тюрма”сига юбордилар. Абдураҳмон тўра билан мен Шумилов шаҳарчасига отамни
кўргани борганимиз эсимда.
Абдураҳмон тўрани отам билан кўришишга қўйишмади. Ё ажаб, хўш,
кўришишса нима бўларди экан? Осмон узилиб ерга тушармиди? Тушуниш қийин.
Менга рухсат беришди. Бир хонага кирдим. Хонанинг ўртасида икки қатор шифтга
етадиган сим тўр парда, ўртада соқчи ўтирибди, парданинг нариги ёғида эса бир
ойда озиб кетган отам кўринди…
Мен ҳўнграб йиғлаб юбордим. Отам ҳам овоз чиқармай йиғларди. Дийдорлашув
беш дақиқача бўлди, ортиғига рухсат йўқ эди. Бола ўн бир ёш бўлгани билан, бола
экан-да, кўп нарсани англаши қийин экан. Нега болани отадан айирдилар, нега
ачомлашиб кўришишга қўймадилар, нега отамнинг бағрига сингиб кетгудай бўлиб
қучоғига отилмадим, нега отам, мен болам билан кетаман, соғиниб қолади, демай,
ўша сим парда орқасида индамай қолаверди – бу саволларга жавоб йўқ эди.
Урушда қатнашиб яримжон бўлиб келган отамнинг пешонасида бор экан,
жўжабирдай оиласидан айрилиб, Сибирь деган Худо қарғаган совуқ жойларда
Кемерево вилоятининг Сталино шаҳрида қамоқ муддатини ўтай бошлади…
Биз, бир этак бола, онамнинг бағридан паноҳ топдик, Раҳима опам, мен,
Солиҳабону, Рустамбек, Мадаминжон, Азаматлар Жумабозорда қолиб кетдик.
Шунда онам ўттиз олти ёшда, Раҳима опам ўн тўрт ёшда эдилар. Қўшнилар бўй
етган қизни кўришиб, онамга: “Синглингизми?” деб сўрашарди.
Кунлар ўтар, отамнинг қаерда экани номаълум, ундан бирон-бир хабар йўқ
эди. Икки ойлардан кейин, отамдан хат келди. Кутилмаган воқеадан чўккан
кўнгилларимиз ёришиб кетди. Ҳар хил бемаврид хатлардан, сўров-изловлардан
юраги безиллаган, кўнгли титраган онам аста хатни очиб ўқий бошлади…
Хатда отам, айби йўқлигини, аниқ туҳматга учраганини айтиб, Москвага
СССР Олий Совети Президуми раиси К.Е.Ворошилов номига “помилование”
(афвнома) сўраб ариза ёзишимизни, унга онам билан биз – олти бола бирга тушган
суратимизни қўшиб юборишимизни тайинлаганди. Фақат бир нарсани: хатни
зинҳор Ўзбекистондан эмас, уни чиқармасликлари мумкин, қўшни Тожикистондан
юборишимизни, Бекободнинг ёни – Нов, Ўратепа, Куркат… Тожикистон эканини
қаттиқ уқтирганди.
Муҳаммад АЛИ
№ 7 2024 55
Кўнглимизда умид учунлари алангаланди. Хатни яхшилаб тайёрладик, суратга
тушдик, 1954 йил эди, мен ўн икки ёшда, энг кичигимиз Азамат – бир ёшда… Бу
сурат ҳозир уйимизда сақланади. Қараб, ўша паллалар, отамиз меҳридан узоқда,
отасиз қанчалар озиб-тўзиб кетганимизни кўраман.
Хатни отам айтганларидай йўлини топиб, Тожикистондан жўнатдик…
Отам баҳорда даладаги томорқамизга қовун ва сабзи экканди. Сабзини кавлаб
олдик, қовун “қирқма қовун” экан, қишга турадиган, ҳосили яхши бўлди. Раҳима
опам билан мен – оиланинг бозорчилари, – ҳар бозор куни битта қовун, уч-тўрт
кило сабзи олиб, Жумабозор катта бозор эди, шундоққина ёнимизда, чиқиб сотиб
келардик. Қишда қовунни тиликлаб сотардик, бозорда бир яхши одам бизга шундай
маслаҳат берди.
Отамнинг деҳқончилиги бир йил рўзғоримизга яради.
Мен “пиражка” деган, кичкина чалпакка ўхшаш юпқа ўрисча сомсани яхши
кўрардим. Катта ўғилман, катта ўғилнинг хархашаси ҳам катта бўлади… Ҳар сафар
бозорга чиқишдан олдин опамга: “Бир сўм бер, пиражка олиб ейман!” деб туриб
оламан.
Ёнимиздаги МТС маҳалласидан мен қурабли, чиройлигина, думга ўхшаган
калта сочини иккита ўриб орқасига ташлаган ширингина бир татар қизча қўлида
онаси пишириб берган беш-олтита юпқа пиражка солинган тарелкани кўтариб
сотиб юрарди. Пиражка баҳонасида қизчани кўргим, гап отгим келарди. У ҳам
менга кулиб қарарди.
“Қовун билан сабзини сотамиз, кейин пул бўлади, бераман”, дерди опам мени
кўндирмоқчи бўлиб. Кўнмайман, қайсарлигим бор эди.
Бундан онам хабар топибди, ё опам безор бўлиб айтиб қўйганми, билмадим.
“Бир сени пиражкага тўйдирайин!” дедилар, шекилли, менга кулиб қарадилар:
– Бугун мен сенга пиражка қилиб бераман, еганингдан сўнг, ўша оқ ёққа
қовурилиб пишган-пишмаган пиражкани иккинчи емайдиган бўласан! – дедилар
қатъий. – Раҳима! Бу ёққа кел, менга ёрдамлашасан!
Онам яхшилаб сариёғ аралаштириб хамир қордилар. Картошкани қайнатиб эзиб
“ун” қилдилар, унга ҳам ёғ қўшилди, шекилли, қовуриб олдилар. Ҳаммасини кўриб
турибман. Кейин қозонга қўй ёғи ташладилар, қизигач, тугилган бўмбоқ-бўмбоқ
картошкали пиражкаларни ёққа солиб, айлантириб пишира бошладилар…
Барчамиз чуғурчиқнинг болаларидай ўчоқ атрофини ўраб олганмиз. Ҳали
пишмай туриб, пиражканинг ёқимли ҳиди нафсимизни чуккилатиб, димоғларимизни
бадтар қитиқлайди! “Қачон?” “Қачон?” деб онамизни тинчитмаймиз.
Ниҳоят, онам обдан қовурилган тўқжигарранг тусга кирган чиройли
пиражкаларни қозондан битта-битта олиб дастурхонга ташлай бошлади. Мен
ҳеч кимга қарамай қўлим куйса ҳам пиражкалардан олиб иштиёқ билан ейишга
тушдим! Оҳ, бирам ширин пиражкалар! Аммо… жуда ёғли, тўйимли чиққан экан,
тезда тўйиб қолдим. Бор-йўғи тўрттагина ебман, холос. Онам рост айтган эканлар,
ўша-ўша, пиражка емай кетдим…
Кўп ўтмай, Раҳмат каттам, Акбарали раиснинг, дўстим қайтиб келганча оиласи
шу ерда тураверсин кўз олдимизда, тинч бўлишади, деганига ҳам қулоқ солмай,
укамнинг болаларини мусофирчиликда қолдирмайман, деб, орият кучидан бизни
кўчириб Бешкалга олиб кетди.
Бешкалда ўз уйимизда яшай бошладик. Қайтиб келганимиздан, айниқса, Хосият
отин энам хурсанд бўлди. Жуда соғиниб қолган эканлар. “Вой, катта бўлиб қолибсан,
болам-ей!” деб, ҳар биримизни қучоқлаб ўпиб, бошимизни силаб тўймасдилар. Бир
ярим яшарлик Азамат унинг ардоғида эди. Уни энамнинг эркалашларини кўриб,
кичкина бўлгинг келиб кетарди киши.
Умрлар гулшани
56 Шарқ юлдузи
Ўша, отам айвонининг шифтида ўрмалаб юрган илонни ярим кечада
уриб туширган ўзимизнинг уй… Биз, асосан, даҳлизда ўчоқ атрофида давра
қуриб ўтирамиз. Овқат шу ерда пишади, чой шу ерда қайнайди. “Ота! Ота!”
деяверганимиздан, бизларни чалғитиш, юпатиш учун: “Агар мўридан отангларни
яхши чақирсанглар, отанг тез келади”, деган сўзларни ўйлаб топишган шекилли.
Лекин биз қаттиқ ишонамиз. Ҳаммамиз бир-биримизга гал бермай, мўрига қараб:
“Ота-ўв! Ота-ўв!..” деб чақиришга тушамиз. Мен зўр чиқаман. Кейин тўхтаб,
эшикка тикилиб турамиз… Лекин отам келмайди.
Хосият отин энам бизларга қараб:
– Ҳар кўргиликнинг охири бор, болаларим… Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса,
ўн беши ёруғ. Шугур қилинглар, сабр қилинглар. Отанглар келиб қоладилар, дея
бизларни юпатади, сўнг қизиқ эртаклар айтиб беради.
Мен Хосият отин энамнинг китобларини кўтариб, ҳамроҳ бўлиб яна
“Мушкулкушод”ларга боришни бошлаб юбордим.
Орадан, чамаси, уч ойлар ўтди. Кузнинг ўрталари. Ҳар галгидек ўчоқ атрофида
ўтирардик. Вақт хуфтонга яқинлашиб қолган. Ўчоқда қумғон қайнади. Онам чой
дамлашга турди.
У бу чойда отамнинг ҳам ризқи борлигини албатта билмасди. Чойни дастурхонга
қўйган ҳам эдики, ҳали қуйилмай эшик тарақ этиб очилди! Не кўз билан
кўрайликки, остонада… шинелнамо кийимда, бошида юмалоқ қоракўл қўзиқалпоқ,
отам кўринди!
Ҳаммамиз “Ота!” “Ота!“ деб қичқириб юбордик! Раҳима опам қувончи
зўридан: “Отажо-о-он!..” деганича ҳаммамиздан олдин отамнинг қучоғига отилди!
Барчамиз отамиз атрофида парвона эдик! Хосият отин куёвининг эсон-омон қайтиб
келганидан боши осмонда, унинг ҳақига дуо ўқиди. Онам бўлса, кўзларидан дув-
дув қувонч ёшлари тўкилар, унинг шукрона сўзлари шу кўзёшларида мужассам
эди.
Отам шу пайт қирқ беш ёшга кирганди.
Отам дастурхонга тиз чўкди. Хосият отин Қуръон туширди. Фотиҳага қўл
кўтардилар. Мен отажоним худди кетиб қоладигаандай унинг пинжига қисиниб
олган эдим, отам бошимни силаб, пешонамдан ўпарди. Онам ҳозиргина дамлаган
чойидан биринчи пиёлани индамай отамга узатди.
– Худога шукр! – деди отам чойдан ҳўпларкан. – Ўз уйимни кўрадиган кун ҳам
бор экан. Ҳа, барибир адолат бор дунёда!..
Бир йил олдин олти йилга қамалган отам қандай қилиб туҳматлардан қутулгани,
адолатнинг тиклангани ва узоқ Сибирдан келаётгани ҳақида гапириб берди.
Воқеа бундай бўлган экан. Бизнинг отамиз ҳақида “помилование” (афвнома)
сўраб ёзган, Тожикистондан жўнатган хатимиз Москвага К.Е.Воршиловга етиб
борибди! Хат билан танишиб кўрганларида, отамизга нисбатан туҳмат аралашгани
маълум бўлибди. Сўнг хатни яхшилаб текшириш, назоратдан ўтказиш, юз берган
хатони тузатиш учун Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси Шароф Рашидов
номига юборишибди. Дарҳол текширишга тушибдилар. Текширишда отамнинг
ноҳақдан қамалгани, ишга туҳмат аралашгани чиндан тасдиқланибди. Ҳа, ҳа,
тасдиқланибди! Лекин хатимиз ўз манзилига етиб, текширишлар ўтказилиб, хулоса
чиқарилгунча бир ярим йил ўтибди. Отам шу кунларни Сибирда кечиришга мажбур
бўлди…
– Раҳима… кетаётганингизда: “Адолат бор, Худо хоҳласа! Бегуноҳ эканимни
ҳали кўришади”, дегандингиз. Рост айтган экансиз. Подшоҳнинг қўлтиғи кенг,
қуйруғи узун, дейдилар. Мана, Ҳақ-Худо ўзи кўрсатди. Норасида гўдакларингиз
бахтига омон-эсон қайтиб келдингиз… Аллоҳга шукр!.. – онамнинг айтган биринчи
сўзлари шу бўлди.
Муҳаммад АЛИ
№ 7 2024 57
– Аллоҳга шугур! Минг шугур!.. – дерди Хосият энам ҳам.
Эрталаб турсак, отам саҳарга қолмай уйдан чиқиб кетган экан. “Мен бу ерларда,
ножинслар олдида турмайман! Бекободга кетамиз! Кўчларни тайёрлаб қўйинглар,
машина келади…” деб тайинлабди онамга отам қатъий қилиб…
КУНДАЛИКДАН
Мен 1956 йил 1 апрелдан, ўн тўрт ёшимдан то 1968 йил 13 январь шанбагача орада
узилишлар билан кундаликлар тутган эканман… Бу кундаликлар саҳифасида ўша
болалик давримдаги кўрганларим, таассурот ва тасаввурларим ўрин олган. Уларда
болаларга хос соддалик аломатлари бисёр. Кундаликларда (айниқса¸талабалик
вақтимда) буюк адиблар, улуғ олимлар, файласуфлар, ижодкорлар асарларидан
олинган парчаларнинг барчасини ўз таржимамда ёзган эканман. Гарчи деярли ҳар
куним ва ҳар кўрганларим мен учун кундаликка муҳрлаб қўйишга арзийдиган
воқеалар бўлиб туюлгани учун уларни деярли ҳар кун ёзиб борган бўлсам-да,
улардан айрим жойларинигина келтириб ўтаман, холос…
1956 йил 1 апрель, якшанба
“…Бугун мен хурсандман. Эрталаб товуқларни тутиб, бозорда сотгани
Шаҳрихонга бордик. Товуқ(лар)ни сотиб бўлиб, бозорни айландик. Кейин мен
опамни йўқотиб қўйдим. Роса бозор ичини қарадим, йўқ. Роса қизиқ-да шу опам
ҳам! Кейин таниш машина учраб қолди. Машинага чиқиб келабердим. Қаранг,
мендан кейин опам (мени тополмай) роса овора бўлибди-да!
Бўзга келиб самовар (чойхона)га кирдим. Шу вақт биров бўйнимга бир чертди.
Қарасам, (қишлоғимиздан) Абдураҳмон ака: “Ҳа, қаёқдан келаётибсан?” деб сўради.
У билан бирга бир жувон ва яна бир эркак бор ва яна бир қиз ўтирибди. Афтидан
сиқилганга ўхшайди. Тузукроқ қарадим: ие, мактабдошим! Бир чойнак чой олиб
келиб ичдим. Бир пайт …* қиз қўзғалиб қолди, кейин билсам уйга кетаётган экан.
Мен ҳам шу билан кетай дедим, секин орқасидан чиқиб юрабердим. Шамол бўлиб
турибди. Чанг, тўзон. Роса қуюқ гаплашдим. Хурсандлигимнинг сабаби шунда эди”.
1956 йил 7 апрель, шанба
“… Май байрамига, тонг отса, йигирма икки кун қолади. Байрам яқинлашмоқда.
Шу билан бирга имтиҳон яқинлашяпти. Ахир бу йил бизда давлат имтиҳони
бўлади. Облонодан одам бўлади. Имтиҳон… Доска олдига бораман, у ерда ўқитувчи
ва областдан ассистент ўтиради. Билетни оламан, секин жавоб бера бошлайман…
Шаҳодатнома оламан… Шаҳодатнома олсам, тўлиқсиз ўрта маълумотга эга
бўламан. уч йилдан кейин тўла ўрта маълумотли бўламан. Институтга бораман…
Эҳ, қани ўша кунлар тезроқ кела қолса… Яйраб-яйраб юрсанг. Келажакда бир одам
бўлиб етишишни орзу қиламан. Оҳ, қани орзумга эришсам!”
1956 йил 24 апрель, сешанба
“…Мактабда дарсларимиз эртароқ тугади. Бугун Тўланбой билан баҳор
жамолини кўриш учун Сойнинг устига боришни келишиб қўйгандик. Бу Тўланбой
таклифи эди, у жойларни жуда яхши кўрарди. Кейинлари, қачондир у ерда “Озод
ариқ” бўйида икки қаватли мўъжазгина ёзги кўшк солдирмоқчи, анорзор боғ
қилмоқчи. Орзуси шу.
Умрлар гулшани
58 Шарқ юлдузи
Биз бирга бўлсак шеър, адабиёт ҳақида сўзлашардик. Гапимиз тугамасди.
Атрофда баҳор… Боғлар гулга бурканди. Ҳовлимиздаги ўрик гулининг оқ
барглари баҳорнинг майин шаббодасида қордек ерга ёғилади. Тўланбой ердан
тангадай-тангадай япроқчаларни териб олиб томоша қиларкан:
– Нозиклигини, нафислигини, ипакдек майинлигини кўринг! – дея ҳайратланади.
Толкўчадан оқиб ўтгувчи ариқ лиммо-лим тўлиб оқади. Шарқироқ сувга қараб
дилимиз яйрайди. Ариқларнинг лаби ям-яшил, бўйларида кўм-кўк майсалар,
момоқаймоқ, ялпизлар чиқиб ётади, қизлар кўк териб юришади.
Нақ Қуванинг этагидан оқиб келадиган ариқ бўйлаб кетавердик. Назаримизда
олам кенгайиб борарди. Юриб-юриб, ариқ бошига чиқиб қолибмиз. Қарасак,
Бешкал қишлоғимиз узоқларда кўринди. Ҳаво жуда ҳам тиниқ, қуёш ботиб
бормоқда… Жанубга қарагандик, Қуванинг адирлари, адирлардаги ям-яшил боғлар
яққол кўзга ташланди. Орқароқда адирларга уланиб кетган тоғлар… Кун ботиш
томонга қарадим. Фарғона шаҳрининг Қиргули шаҳарчасидаги порлай бошлаган
чироқлар ичида катта олов ловуллаб ёнарди! Нималигини билмайман. Биринчи бор
кўришим! Дарҳол Тўланбойга айтдим. У ҳам лол қолди! Ажойиб манзара бизни
ўзига мафтун этди!”
1956 йил 3 май, пайшанба
“…Бугун эрта билан мактабга бордим. Классга киришим билан Низомов:
– Газетани кўрдингизми? – деб сўради.
– Йўқ…
Залга чиқиб қарасам, “Май тонги” деган шеър остида менинг номим ёзилган.
Мактабдан қайтиб далага чиқдим. Далада соат олтитагача ишладим. Сўнг ашула
байрамига тайёргарлик учун яна мактабга боришим керак эди, аммо энам аввал
магазиндан керосин олиб кел, деди. Магазинга етганда почтальон Мелибой акадан
хат олдим. Хат Зокир акамдан эди (Зокир Аҳмадқул сўфи тарбия қилган, ўғил қилиб
фамилиясини берган, опаси Баҳри билан оиламизда катта бўлган етим татар йигит,
шу пайт ўқиб, Фарғонада ишга кирди. Баҳри опани турмушга узатишди).
Дарров магазиндан нарсаларни олиб, йўлда хатни очдим. Хатда уч варақ қоғоз бор
эди. Биттаси Зокир акамдан дуои салом, иккинчиси, мени 1 май билан табриклаган
Зокир акамнинг шеъри эди. Учинчисини уйга келиб ўқидим. А.Рўзиқуловдан эди
(Зокир акамнинг ўртоғи). Бундан олдин хат ёзганимда Рўзиқуловга шеър ёзиб
ташлаб эдим. Ўшанинг жавоби эди. Жавоб “Салом” билан бошланган уч банд шеър
(бўлиб) мана шундай эди:
Муҳаммаджон ука, саломингизни
Олдиму ўқидим, жуда севиндим.
Айтибсиз у хатда хатлар ёзишни,
Хўп, мана сизга хат ёзишга келдим.
Муҳаммаджон, олинг бу олтин хатни,
Айтайин мен сизга бир насиҳатни.
Шоирликка томон йўналиб қопсиз,
Зокирнинг гапича шоирга бопсиз.
Муҳаммад АЛИ
№ 7 2024 59
Ўқинг, ўрганинг, сўнг ёза бошланг,
Ўйланиб хатосини олиб ташланг.
Шеърлардан ёдлаб айтиб юрингиз,
Бизга ҳам хатлардан ёзиб турингиз.
Апрел, 1956 йил.
Манзилимиз: Фарғона. Стройплошадка трест № 8. 25 барак.м 9 квартал, ком
№ 8. Абубакир Рўзиқулов.
Зокир акамнинг “Салом мактуб” деган дуои салом билан “Ҳаваскор ёш шоир
укамга мактуб” шеъри қуйидагидан иборат:
Шеърларингиз ўқиб, укажон,
Зеҳнингизни этдим тасаввур.
Шундай гўзал шеърлар ёзолган
Қўлингизга дилдан ташаккур!
Мактубингу меҳринг қалбимга
Илҳом берди қанчадан-қанча.
Мен улғайиб ўсган ўша жой
Чиқмайди ҳеч кўп йилларгача.
Севиб ўқи, ука, ўз мактабингда,
Завқлансин, шодлансин дилинг ҳамиша.
Мазмун тўла юрак шеърларинг
Бағишлансин азиз Ватанга!
Ҳаёт мактабида ўсгин чиниқиб,
Сизлар келажакнинг суянган тоғи.
Озодлик нурларин жаҳонга сочиб,
Порлар қўлингизда Ленин байроғи!
Аҳмедов Зокиржон
Мен ҳам уларга ҳозир хат ёзишга киришдим”.
1956 йил 27 май, якшанба
“…Бугун бозор бўлгани учун далага эрта-мертандан чиқиб кетдим. Кун бўйи
далада …* ни ўйладим. Уни мен яхши кўраман. Бекободга борсам ҳам отамга айтиб,
шу қизни оламан ёки опамга айтиб… Менинг олдимда у кўп уялиб гапиролмай
қолади. Мен унга гапирмоқчи бўлсам, отини айтишга уяламанми… Шу қизни
оламан дейман, ўзи менинг бешиккертим… Мен уни яхши кўрганимни мактабда
ҳамма болалар яхши билади. Ҳатто ўзи ҳам билади…
Даладан қайтиб келиб овқат қилиб, сўнгра отамларга хат ёзишга киришдим”.
1956 йил 6 август, душанба
“…Бугун (Бешкалга) кино келди. Герман ишчи-деҳқонлар ҳаракатининг
йўлбошчиси Эрнст Тельман тўғрисида. Кинони Тўланбой иккимиз бирга кўрдик.
Фашистларнинг ишидан қаттиқ ғазабландик…”
Умрлар гулшани
60 Шарқ юлдузи
Кундаликка тушмай қолган воқеалар
Хуллас, шу кундаликларимнинг “1956 йил. 7–15 август кунлари ҳақида қисқача”
деган хотирамда шундай дейилган:
“…8 август куни обеддан кейин жўнадик. Бориб холамнинг уйида (Хосият
отиннинг иккинчи қизи Ўғилой) ётдик. Эрта билан туриб (Собир) тоғамникига
бордик, у ердан машинага чиқиб Шаҳрихонга келдик. Шаҳрихонга борсак, пассажир
(автобус маъносида) тайёр экан, унга чиқиб, Асакага жўнадик. У ерда кечаси соат
11:50 да 9 август куни, Андижон–Тошкент поездига чиқдик ва 10 август куни соат
эрта билан 8:50 да Бекободда поезддан тушдим…”
Ана шу кунлар ҳақида кундаликка тушмай қолган воқеалар эса ҳамон ёдимда.
Оиламиз Бекободга жўнаб кетди. Мен Хосият отин энамни ёлғиз қолдирмаслик
учун ёнида қолдим. Чамаси, энамнинг ўзи мени отамдан сўраб олганди. Еттинчи
синфни Дўрманчадаги мактабда дўстим Тўланбой билан бирга битирдим.
Қишлоғимизнинг жанубини Сойнинг усти деб атаймиз. У томонларда зах сувлар
оқадиган турли зовурлар бор. Уларнинг қирғоқларида баланд қамишлар ўсади.
Қамишнинг бозорда пул эканини эшитгандим. Ҳеч кимга индамай қўлимга ўроқ
олиб, бир зовурнинг қамишларини ўра бошладим. Қирқ боғга яқин қамиш чиқди.
Уларни сал селгисин, деб зовур четига ёйиб қўйдим.
Бир куни бу ҳақда Раҳмат каттамга айтдим, Шаҳрихонга олиб бориб сотишда
ёрдам беришларини сўрадим. Ҳамиша қовоғи солиқ каттам менга: “Ҳали сен қамиш
ҳам ўрдингми? Вой шоввоз-ей!” дегандай чеҳраси очилиб қаради ва бошимни
силаб қўйди:
– Баракалла! Бу ишинг зўр бўлибди. Бозор куни Райимберди амакинг Шаҳрихонга
бозорга боряпди. Шунга сени қўшиб юбораман. Сотиб келасан, – деди у.
Шанба куни каттам қамишларни ўзининг эшак аравасига ортиб берди. Қоқ ярим
кечада Шаҳрихонга йўлга чиқдик. Келганимизда ҳали биронта ҳам қамиш йўқ экан
бозорда. Эшакни аравадан чиқариб четга боғладим. Ўртада менинг қамишим ёлғиз
ғўппайиб салобатли кўринарди.
Бироқ, тонггача битта-битта бўлиб қамишлар келаверди, келаверди. Кун чиқар-
чиқмас, ҳаммаёқни қамиш босиб кетди. Биров оламан, демайди. Бозорда қолиб
кетмасмикинман, деб қўрқа бошладим. Хайрият, чошгоҳларга борганда менинг
қамишимга харидор чиқди. Ҳориб-чарчаганимдан зерикиб: “Сотсам бўлди”,
дер эдим ичимда. Савдолашиб ҳам ўтирмадим. Бир арава қамишни етмиш сўмга
сотишга келишдик. Райимберди акам ҳам маъқуллади. Чунки бозорда қамиш жуда
кўп эди.
Амакимнинг савдоси ҳали битмаганди. Мен пайтдан фойдаланиб, бозордан
шундай чиқишда бурчакда жойлашган катта китоб дўконига кирдим. Бу жуда
катта дўкон, унда китоблар кўп. Ҳар доим кираман. Пештахтада китоблар қатор
териб қўйилган эди. Кўзим Ойбекнинг “Қуёш қўшиғи” номли қизғиш муқовали
янги китобига тушди. Дарҳол кўнглимга ўтирди. Яқиндагина ёзувчининг “Навоий”
романини ўқигандим. Улкан адиб Ойбек эллик ёшга тўлгани муносабати билан
нашр қилинган китоб экан. Дарҳол сотиб олдим. Қувончим чексиз эди. Китобнинг
биринчи шеъри қуйидаги сатрлар билан бошланарди:
“Қуёш, нуринг сочавер мўл, мўл,
Баҳор, кетма бизнинг бошлардан!..”
Давоми бор