
Минҳожиддин ҲОЖИМАТОВ (Минҳожиддин МИРЗО) – Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист. 1965 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
журналистика факультетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Унинг “Нилуфар”, “Висол
хабари”, “Гуллаш пайти келди, боғларим” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
Инсон характери ва руҳиятини тадқиқ этиш жараёнида ҳақиқий шоир учун қалб
қувончу ташвишларини, орзу-армонларини таъсирчан рангларда чизиш муҳим
аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, ижодининг ибтидосидан бошлаб, Омон Матжон
давр руҳини, замон қалбини асарларига жо қила олди. Унинг шеърларида тарих
ҳақиқатларини билишга, ҳаётнинг аччиқ сабоқларини барча мураккабликлари
билан ёритишга интилиш кучли эди.
Кимнидир ахтардим, ахтардим узоқ,
Кўзимни паналаб баъзан қуёшдан.
Ғилдирак изидан узун тунларда
Номин ҳай-ҳуладим унинг тоғ-тошдан.
Шеър – шоир учун шунчаки ҳавас ёки ўткинчи туйғу эмас. Илк шеърлариданоқ,
туйғуларнинг оқим каби ҳаракатланишини кузатиш мумкин. Ижод олами ниҳоятда
рангин, сеҳрга бой, гўзаллик ва эзгуликка ошуфта қалбларни ўзига осонгина ром
қилади. Қуёшга тик қараб бўлмаганидек, СЎЗнинг қудрати, мўъжизаси ҳам кўзни
қамаштиради. Бу синовларга бардош бериш осон эмас. Ёш шоир офтобдан кўзини
паналаётган бўлса-да, фикрлари ўктам, сўзлари кескин, улар олмосдек жаранглаб
турибди.
Ва ниҳоят бугун, истиқбол куни
Кўриб қолдим уни оламдек равшан:
– Менинг қалбим эди у, дунё таниб –
Шеърият эшигин қоқарди ўйчан.
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон шеъриятида миллий ўзлик масаласи
тарихий аниқлик ва холислик мезонида ифодаланади. Унинг мардона руҳ
акс этиб турган бетакрор асарларида ватан ва она тилининг курашларга бой
ўтмиши, фазилату рангин хусусиятлари ҳақида оташин фикрлар айтилади.
Шеърларида миллий руҳ ва миллий характер замон ва маконнинг турли
қирралари, ҳайратлари билан вобаста намоён бўлади. Зеро, киндик қони
томган табаррук тупроқ ва она халққа меҳр, садоқат туйғуси ҳар бир ижодкор
қалбига фахру ифтихор бахш этадиган олий қадрият ва ўзига хос масъулиятдир.
Адабиётшунос олим У. Норматовнинг фикрича, “Омон ва унинг тенгқурлари
шеъриятга кириб келган ва қизғин ижод қилган йиллар адабиёт учун хийла
мураккаб, зиддиятли давр эди. Ўша замоннинг руҳи, асл қиёфаси биринчи
галда ўша даврнинг пешқадам адиблари, жумладан, Омон Матжон асарларида
ғоят ёрқин, ҳаққоний акс этган” 1.
Унинг “Юракка” шеъри 1967 йилда ёзилган:
Ўзи яратдию сени табиат,
Лекин тинчимади сен яралгандан.
Бу тор сийна ичра бандисан абад,
Табиатнинг сенга рашки келгандан.
Шеър – олам ва одамнинг, табиат ва жамиятнинг турли-туман ҳодисалари,
гўзал воқеликларидан завқланиш, ҳайратланиш, таъсирланишнинг ёрқин ифодаси
сифатида дунёга келади. Баъзан ўзи яратган дунёга ўзи сиғмай қолади. Ўзини тўрт
томонга уради, тўрт томонни тўрт минг бўлакка бўлгиси келади. Адолатсизлик,
хиёнат торайтирган, кичрайтирган торлик ичра ўзини бандидек ҳис қилади.
Балли! Асирликда кечган умринг ҳам,
Ҳикматлар тиклолди фазодан юксак.
Сиғдиролмас эди кўксига олам,
Озод ўйларингни бир-бир санасак.
Ўзлигини излаш ва англаш жараёнида инсон қалби олам кўксидан кўра ҳам
кенгаяди. Безовта ўйлар исёнга, армоннинг сезилар-сезилмас мавжлари асов
дарёга, дарёнинг кўкка сапчиётган тўлқинлари мўъжизага айланади. Энди унга
қафас қўрқинчли эмас. Энди унинг бедор қалбида қафасларни синдиргулик
қудрат мавжуд.
Қандай мўъжизалар кўрарди башар,
Беқафас яралган бўлсайдинг агар.
Омон Матжоннинг ватанпарварлик мавзусидаги асарларида асосий эътибор
ўтмишнинг нурли ва нурсиз саҳифаларини холисона ёритишга, улуғ аждодларнинг
илмий-маданий-адабий меросларини ХХ аср ёшларига таништириш ва уларнинг
қалбида миллий ғурур туйғуларини уйғотишга қаратилган.
1 Норматов У. “Ёниб , ўзгаларни уйғотмоқ не бахт!” (Омон Матжон шеъриятига бир назар). Тошкент.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994. Б. –369.
100 Шарқ юлдузи
Унинг “Учрашув”, “Нью-Йоркда мендан бир зот”, “Жавоб”, “Туялар”,
“Ёзувлар”, “Амир Олимхоннинг сўнгги илтимоси”, “Бухорода Насриддин
Афандига ҳайкал”, “Илҳом парисига”, “Шоирнинг умри” каби шеърлари,
“Паҳлавон Маҳмуд”, “Беруний”, “Ҳаққуш қичқириғи” сингари достонлари
шу руҳда ёзилган. Уларда миллат “қонининг тарихи”ни ёритишга астойдил
киришган, бу мавзуни ижодининг ўқ илдизи деб билган шоир юрагидаги ғулғула,
дард, эҳтирос, мастона севги яққол кўзга ташланади.
Насриддин Афанди ростгўй ва олижаноб инсон, халқнинг миллий
қаҳрамонларидан бири. Шоир унинг эл орасида машҳур сўз ўйинларида,
латифаларида миллат тафаккури билан боғлиқ оғриқли нуқталарни кўради.
Дунёдаги ноҳақликлар ва мушкулотларга юрак нидоси билан курашишга
чақиради:
Бугунким, оламда мушкуллар бисёр,
Биздан хуш бир ёрдам кутганлар қанча.
Юракдан бир учқун, бир нидо чиқмай,
Турмоқ инсофданми бунда қотганча?
Омон Матжон ижодида рамзлар, тимсолу ташбеҳлар воситасида ҳам
ижтимоий – публицистик, ҳам лирик, ҳам воқеабанд, ҳам юмористик усулда
ёзилган шеърларнинг шунчалар ранг-баранг, мукаммал намуналари учрайдики,
уларнинг қимматини баҳолаш осон эмас. Ундаги образлар инсон хаёлотининг
турли-туман қирраларини намоён қилади:
Шоир асарларини ўқиган китобхон маънавий-тарихий-ижтимоий ўсиш –
ўзгаришларнинг барча зиддиятларини ҳис қилиши зарур. Муаллифнинг
қалб тебранишлари, салмоқли ғоялари, долзарб муаммолари акс этгандагина
ҳақиқий асар яратилади. Унинг “Ёнаётган дарахт” шеъри эрксизликнинг, аччиқ
ҳақиқатнинг жон оғритгулик чақинлари мисол тўрт томонга сачрайди:
Тунда яшин тушди боғнинг четига,
Зулмат бойўғлидек чекинди карахт,
Вулқондек портлади қоронғуликда
Ёнаётган дарахт!
Қачонлардир қийғос гуллаган, сархил мевалар берган боғ – улуғ аждодлардан
мерос юрт собиқ Шўро даврида ўз қадриятларидан маҳрум этилди. Мажбуран
темир парда бостирилган миллат тарихи инқирозга учради – илдизлари қадимиятга
туташ дарахтларни яшиллик тарк этиб, зулмат қоплаб бошлади. Дарахтларнинг
исёни вулқонга айланди.
Салобатли яшил салтанат эди,
Эркин қушчаларга зангор пойитахт.
Учқунлардек тўзитди қушларини
Ёнаётган дарахт!
Минҳожиддин ҲОЖИМАТОВ
№ 7 2024 101
Омон Матжон шеъриятида фалсафий теранлик
Халқнинг орзу-умидлари қалбнинг безавол қушчалари мисол яшил салтанатни
эркнинг зангор пойтахтига айлантирган эди. Тарихий-маданий илдизларнинг
теранлиги, дунё ҳамжамиятини ҳайратга солган маънавий мероснинг қиммати
“яшил салтанат”нинг бебаҳо бойлиги мисол кўзни қамаштирарди:
Нега, нега ёнди?! Кечқурун бехос,
Булутлар гулдираб қилгандилар жаҳд, –
Уйғоқ эди, ўзи илк зарбни олди
Ёнаётган дарахт!
Омон Матжоннинг оташин ҳис-туйғулари, кечинма ва эҳтирослари мавжланиб,
авж нуқтасига чиқади – бемалол оқимга қарши суза оладиган, асов тўлқинга
айланади. Лоқайд, бефарқ, бепарволарнинг мудроқ қалбларини уйғотади. Қалби
уйғоқлиги учун илк зарбани олишини ҳам билади. Аслида ёнаётган барглар
ва ёнаётган умидлар – дарахтнинг илдизи, миллатнинг минг асрлик миллий
қадриятлари учун маънавий инқирознинг бошланишидир.
Ана, ёнар, ёнар тунга ўчма-ўч,
Юракдай потирлар ҳар барг оловсахт.
Огоҳ этаётир ўз боғин хавфдан
Ёнаётган дарахт!
Шоир ёнаётган барг қалбидаги тунга – зулматга исённи, оташин ўчни ҳис
қилади. “Юракдай потирлаётган” баргнинг хавфга қарши курашида, армону
андуҳларида миллий ўзлик, миллий қадриятларнинг қадимият қаъридаги
янги қирраларини кашф этади, оҳори тўкилмаган ташбеҳлар билан уларни
сайқаллайди. Ўтмишнинг барча мураккабликларини ўрганади, уларни бугунги
даврнинг ҳаққоний зиддиятлари билан қиёслайди:
Дарахтлар ёнмоқда бугун дунёда,
Ёниб, ўзгаларни уйғотмоқ не бахт!
Дўстларимдир барча ёнаётганлар,
Юрагимдир – ЁНАЁТГАН ДАРАХТ!
Профессор Нуриддин Шукуров тўғри таъкидлаганидек, “Омон Матжоннинг
фалсафийлик ва тарихийлик билан йўғрилган бадиий фикрлаш тарзи унинг
шеърларига ўз муҳрини босади. …Омон Матжоннинг шеър учун танлайдиган
тарихий фактлари умумбашарийлиги, кенг масштаблилиги билан алоҳида салмоқ
касб этади”2. Шеърият мухлислари чинакам илмий таҳлил орқали юзага чиққан
ҳақиқатни яхши идрок қилишади, муаллиф билан ечимини излашади. Мантиқий
изчиллик билан ўсиб, ривожланиб борадиган воқеаларнинг ҳаққоний тасвири
орқали гавдаланади. “Афросиёб”, “Шоҳизинда”, “Шайх Нажмиддин Кубро
монологи”, “Эски ўчоқ”, “Муножот” тоғи”, “Калта Минор фарёди”, “Вавилон
қалъасининг хароб бўлиши”, “Чарли Чаплинни эслаб” каби шеърларни ўқиганда,
2 Шукуров Н. Бу олам саҳнида. Тошкент.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти,
1982. Б.–128.
102 Шарқ юлдузи
кўз ўнгимизда тарих жонланади. Китобхон таранг тортилаётган тўқнашувлар
гирдобида ҳис этади ўзини. Туйғу ва кечинмалардаги мураккабликлар кучли
драматизмни ҳосил қилиб, тарих, вазият, муҳит зиддиятларига қоришиб кетади.
“Калта Минор фарёди” шеърида Омон Матжон унинг таъсирчанлигини
ошириш учун нозик деталлар, штрихлар, янги топилмалар излайди, уларни
китобхон кўз ўнгида ўз миллий характери, тақдири қиёфасига эга тирик жондай
гавдалантиради:
Биттагина эди орзуси устанинг:
Оддийгина минора қурса!
Юксак бўлса –
Булутлар суйкалиб ўтадиган!
Рангин бўлса –
Кўклам
Шунга қараб
Ўйланиб қоладиган!
Ўзинг туғилган юртга муҳаббат ва садоқат қўймоқ учун осмон қадар улкан
юрак, қалб керак. Шундагина инсон “оддий минора”нинг ҳам “булутларга
суйкалиб ўтадиган юксак” бўлишини орзу қилади. Аслида ўз ватанини севмаган
одам бошқа ҳеч нарсани қадрлай олмаслиги аниқ. Алломаларимизнинг фикрича,
“Табиатига кўра одамлар ҳақиқатни излаб топишга қобилиятлидирлар ва кўп
ҳолларда уни излаб топадилар ҳам”3. Шеърдаги устанинг ягона ҳақиқати ўз
юртида минора қурмоқ эди. У бу ҳақиқатини қалбида сақлаб юрди.
Омон Матжоннинг тарихий мавзудаги шеърларида фақат ўтмиш ва қадимият
изларигина эмас, балки бугун ва келажак ҳам аждодлардан мерос табаррук тупроқ
билан муштаракликда намоён бўлади. Дунё бўйлаб ёйилиб кетган оққув булутлар
фақат Калта минорнинг эмас, балки, шоирнинг ҳам ярим кўнгли эди. “Яна уруш!
Яна ҳарб!” дегувчи хонларга исёни эди. Мазкур дардли оҳанглар макон ва замон,
инсоният ва башарият тақдирига дахлдорлик туйғусининг юксаклиги билан
ажралиб туради:
Табиат тонгдан шомгача қуёшнинг бор нурини
Тўка бошлади Ярим минор устига…
Кун ботгандан тонг отгунга қадар
Сонсиз юлдузларни қадади Ярим минор устига…
Лекин… ҳамон Яримлигича қолаверди минора!
Яримлигича қолаверди кичкина одамнинг катта орзуси.
Калта минор ўзининг аросатли армонлари билан муаллифнинг поэтик
дунёсини остин-устун қилади, китобхоннинг онгу шуурига муҳрланади.
Жафокаш халқ билан, унинг салобатли ўтмиши, тарихий воқеликлари билан
узвий алоқадорлик ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Ота маконнинг ўтмиш билан
боғлиқ дарду-ташвишларини, оғриқли армонларини худди ўзиникидек қабул
қилиш ёки ўз шодлигини дунё қувончининг бир бўлагидек қилиб бера олиш
3 Арасту. Риторика. Тошкент.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987. Б.–12.
Минҳожиддин ҲОЖИМАТОВ
№ 7 2024 103
Омон Матжон шеъриятида фалсафий теранлик
Омон Матжон ижодининг устувор моҳиятидир. “Калта Минор фарёди” шеъри
адабиёт қонунлари белгилаган қолипларга сиғмайдиган, уларга бўйсунмайдиган
қалб озодлигининг рамзи сифатида китобхонни ҳайратга солади.
Калта минор – муаллифни олис тарихга боғлаб турган бир деталь, холос,
аслида шоирнинг юрт ўтмиши билан вобаста фалсафий-эстетик қарашларининг,
аччиқ ҳақиқатларининг, олам ва одамга муносабатининг, ўзлигини тополмаган
инсон фожиасининг ёрқин ифодасидир. Уста руҳиятидаги тушкунлик, кутилган
мўъжизадан бенасиб қолган дамлардаги ҳолат-изтиробларни шоир ниҳоятда
ишончли тасвирлайди. Хон-улуғ аждодларидан мерос эзгуликни, бунёдкорликни
унутган, “Яна уруш! Яна ҳарб!” дея, ўткинчи, ёвуз ниятларнинг сарҳадсиз
маконида ўзини ва ўзлигини йўқотган жаҳолат бандаларининг бадиий
умумлашмасидир.
Шеърнинг якунида шоир хулоса чиқаришга шошилмайди, аксинча,
китобхоннинг қалбига исён чўғини ташлайди. Тарих, воқелик, шоирнинг руҳий
кечинмалари билан уйғунлашади, Ярим минор ўзининг ярим орзулари, битмаган
қалб жароҳатлари билан шеърда яхлит мукаммаллик касб этади:
Бугун Хивага минг-минглаб кишилар келади
Дунёнинг ҳар ёғидан!
ЯРИМ МИНОР! ЯРИМ ОРЗУ!
Тобора кўпроқ,
Кўпроқ келмоқда одамлар!
Уни кўрганларнинг ўз Ярим минори пайдо бўлади энди!
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Омон Матжон каби юксак салоҳиятли
ижодкорнинг ижтимоий, психологик, руҳий-маънавий олами бир бутун ҳолатда
ижодкор шахси ҳамда ижодий жараённи ташкил этади.