Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ниначи қаноти довул қўзғотур

Шуҳрат АЗИЗОВ – 1978 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини томомлаган. “Бир томчи осмон” шеърий туўплами чоп этилган.

Изтиробнинг фотосурати


Барглар қон қақшади. Осмон хит бўлиб
Жаннатий ҳислардан келтирди мужда.
Мажнунтол соясин жойнамоз қилиб,
Дуч келган томонга қилмоқда сажда.


Севардим, минг ямоқ ҳисларим у дам
Замҳарир хаёллар тўнига енглик.
Ториқиб яшаган табиатимда
Бу ғайри одатий ички бир кенглик.


Севардим кўксида юраги муштдай,
Куйиб ёниб ётган сендайин тошни.
Тоғ эдим мен мушфиқ тонгларга муштоқ,
Елкамнинг чуқури кўрди қуёшни.


Капалак эффекти


Ниначи қулади қуюқ туманда,
эшик қоқмоқдадир чексиз хавотир,
чаманга айланиб гулхан, Яманда
ниначи қаноти довул қўзғотур.


Қуёшнинг ичини қиздириб, жангу
жадалда от сурар дилдаги оҳим,
қалдирғоч кечикди, бу сафар ҳангу
манг бўлиб, қолди ўт ичра Иброҳим.


Лабини тишлаган гуллар бош эгиб
кулса-ку, дунёнинг иши беш эди,
арвоҳ капалакнинг қаноти тегиб,
очилиб кетмаса дўзах эшиги.


Бу ёғи баҳор


Оёғи осмондан келиб, сўнгги бор
пойимда тишини ғижирлатар қор.
Менда тиши бору қора совуқнинг
игналари синган… Бу ёғи баҳор.


Чўғз мум тишлаган, кўзи – чўғ изи.
Куртакларнинг тўлиб турибди бўғзи.
Сен келасан, ҳали гулларнинг оғзи
очилиб қолади. Бу ёғи баҳор.


* * *
Меҳроб қолиб, бошингни менга
эгасан, деб қўрқаман. Бугун
тоғларга тош отмайман, сенга
тегмаса деб қўрқаман, гулим.


Дўл-ёмғирман. Шамолга ўхшаб
келмайди эркалаш қўлимдан.
Қарға қувган шоқолга ўхшаб
аҳмоқ бўлиб қолгай зулм ҳам.


Қаҳрим билан меҳрим ёнма-ён,
ҳеч ким сендай ўкинолмаган.
Мен ўзига ниш санчган чаён,
ёмғирман ё тўкилолмаган.


Хархаша


Ўзимда эмасман, хаёлларимни
чўлғамиш қор қучган пуштиранг гуллар,
ой деб аталмиш бир кўнгли яримни
кўрмаганимга ҳам бўлди кў-ўп кунлар.


Кетмади, ўзини лалига солиб
эшигим олдига ётиб олган қор.
Не бўлди деб бунда гулимнинг ҳоли,
қуёшни еталаб келдингми, баҳор?


Онамга ўхшайсан, боламга гулдай,
гулдай дашномларинг қилармиди кор,
қуёшга музқаймоқ бергиси келмай
ерга ётиб олиб йиғлаяпти қор.

Қип-қизил алам
Кипригим оғирлик қиларди.
Усмон НОСИР


Яна бир кун ўтди оламдан,
Тун ўзига келолмас ҳамон.
Куймоқда қип-қизил аламдан
Кўнглига қил сиғмаган осмон.


Юлдузлар у тўккан кўзёшдан
Бир томчи, ё эмас урвоқ ҳам.
Ҳасрат билан ўтган қуёшдан
Қолмади лоақал тирноқ ҳам.


Озор


Дунё бозорида юрагим куйди,
Кўнгил савдосидан ғам бўлди қайтим.
Кўзимнинг ўрнига ўзингни қўй-да,
Мен кўрган тушни бир кўргин-да, айтгин.


Қани айт, менга не демоқчи Аллоҳ,
Ахир, сен тушдамас, ўнгдасан ҳозир.
Нимани ўтказиб юбордим, валлоҳ,
Таъбиринг борми шу умримга арзир?


Қиёмат шу қадар яқинми нима?
Бўғзимдан отилиб чиқди: “Ё, Худо!
Айт, нечун пойимдан ойгача зина,
Нур ойдек бошидан бўлдими жудо?»


Тезюрар поезддай фурсат юракни
Уриб кетгану ҳеч тўхтатолмайман.
Оқибат пичоғи ёрган суякни,
Мен сени ўлсамам унутолмайман.


Қалбимга санчиб минг ҳаёт қиррасин,
Ўзимча тубанда мангу буюкман.
Вужуд биносининг ҳар бир зарраси
Қутулмоқ истайди энди бу юкдан…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil