Ўткир РАҲМАТ – Халқаро Чўлпон мукофоти соҳиби. 1948 йилда туғилган. Самарқанд
давлат университети ва Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Шоирнинг
“Ирмоқ”, “Соғинч”, “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Кўзим қорачўғи”, “Хаёл
ифори”, “Юракдаги қуш”, “Хокисор майса”, “Дилчироқ” (сайланма китобининг биринчи
жилди) каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари нашр этилган.
КЎПРИК
Қасида
Коинот қўйнида айланар, кезар,
Она сайёрамиз асрлар ошиб.
Миллион йилки умр шамолдай эсар,
Ортидан насллар келар эргашиб.
Зарраси тарихга айланган тупроқ,
Сўзлагай ҳар гўдак киндик қонидан.
Ватаним деганда дил яйрар кўпроқ,
Туғилган юртни ким севмас жонидан?!
Мозийдан келганда гўзал садолар
Бетиним овози оламга роҳат.
Гоҳида даъвату гоҳи нидолар
Яшайди кутганча меҳр, оқибат…
Ўтмишнинг ўзи ҳам дарёга қиёс,
Мавжланиб оқади, қайнайди ҳаёт.
У бизнинг боболар, момоларга хос
Кўприкка айланиб куйланган баёт.
Залворли юкига елкасин тутиб,
Тоғу тош, дашту қир кенгликлар оша,
Ич-ичга нолаю оҳларни ютиб,
Бу дунё саҳнасин қилиб томоша –
Ана у келмоқда, кўзлари – олмос,
Мағрур боқаётир, қадди-басти тик.
Ҳеч эзгу ишидан чарчамас, толмас,
Замонни замонга боғлаган кўприк.
Қоронғу кечалар маҳв бўлар зумда,
Кўзларнинг ўнггида ёришади тонг.
Бу дайри фанода, кўҳна очунда,
Эзгу манзилларга ундаб ҳар замон –
Ойдинга чўмилиб борар йўллари,
Ўйига келмайди сира ҳам ҳадик.
Эҳтимол, тақдирнинг тутган қўллари –
Қалбларни қалбларга боғлаган кўприк…
Йиллардан йилларга қоқувчи қанот,
Бу шундай муқаддас, абадий ришта.
Ўзини топгандир унда одамзот
Баҳору, ёзу куз, ҳаттоки қишда.
У борки, ўчгайдир дилдаги ғамлар,
Токи ҳаёт битмас, умр – муҳтарам.
Нурли манзилларга элтар қадамлар
Пойингдаги кўприк бўлса мустаҳкам.
Широқ, Тўмариснинг сўнмасдир шахди,
Матонати – сабоқ, сабри – шаҳодат.
Авлодларнинг бугун бебаҳо бахти,
Умиди сўлмасдир ахир тоабад.
Бу замин муқаддас, кўзга тўтиё,
Биз ҳам юз босамиз англаган сари.
Эртамиз ёруғдир бузилмаса то
Мозийнинг муҳташам бу кўприклари.
Энасой сўзласин, Ўрҳун этсин ёд,
Жайҳуну Сайҳун ҳам барига гувоҳ.
Туркистон ёғийдан кўп чекди фарёд,
Ўзи ўзи учун қанча қазди чоҳ.
Орзуси баридан эди улуғроқ –
Истиқлол, озодлик, эркинлик, ҳурлик.
Шундай бир замонда қолдирмади тоқ,
Ўртада елкалаб ўтказди кўприк.
Ал-жабр илмидан умид топди жон,
Хоразмий яратган ажиб дурдона.
Ҳайрат ичра қолди жумлаи жаҳон,
Ҳисоб оламида бўлди ягона.
Шу ердан бўй чўзиб боқди дунёга,
Исми имдод айлар минг йил наридан.
Муносиб ворис бўл, талпин зиёга,
Олға юр илмнинг кўприкларидан.
Маҳмуд Қошғарийнинг оташ нигоҳи
Ўтмиш деворидан ошиб боққайдир.
Гоҳида армони, нияти гоҳи,
Интиқ юрагингга ўтлар ёққайдир.
Ўзликнинг илдизи бақувват, тагдор,
Сенга ҳам бахш этсин шундай сурурлик.
“Девону луғатит турк” отлиғ бунёдкор,
Тилимизга бўлди мустаҳкам кўприк.
Беруний бобонинг илму амали,
Тафаккур йўлига сочилган бир нур.
Қалбларни ёритган ўчмас машъали,
Ўнинчи асрдан бир кўприк эрур.
Бу миллат шаънини кўтаргувчи тоғ,
Эртага йўлланган хабаридир у.
Муборак қўлларда тутганча чироқ,
Асрлар ошгувчи сафаридир у.
Олисдан фиғонлар, чорловлар елур
Сўздан нақш солиб неча дилларга.
Улуғлик қасридан Навоий келур
Достон бўлиб неча-неча элларга.
Эзгулик – ишқдадир, бахт – муҳаббатда,
Кўзлар бўлмас экан то соғинчдан нам.
Абадият сари элтгай албатта,
Улуғ Сўз устодин кўприклари ҳам.
Кўнгиллар олами нақадар кенгдир,
Унда кашфиётлар чўзган қанча бўй.
Ҳар бири абадга дахлдор, тенгдир,
Унинг меҳробига сажда қил, бош қўй.
Жилмайиб қараган Ибн Синодир,
Бедаво дардларга излаган малҳам.
Мададисинодан пойдор бинодир,
Ҳатто шифо топур қанча дарду ғам.
Коинот қўйнингдан сўйлади ҳамон,
“Зижу Кўрагоний” жадвали фахр.
Улуғбек бобомиз яшаган замон,
Бизларга қолдирди ўчмас бир тарих.
Юлдузлар олами сўзга очди лаб,
Сиру асрорларин этдилар баён.
Еру кўк дарчасин бу кунга улаб –
Бир кўприк қурдирди жаҳонга аён.
Бобур Ҳиндистондан боқади мағрур,
Гоҳо ашъорларга сиғмас ўйлари:
“Ватан йўлига зор кўз тутдик ахир,
Қайдан таралмоқда Анжон куйлари…”
Замонни замонга боғлаган кўприк
Шеърий оҳангига ошиқдир ҳамма,
Латиф сўз бор экан, Бобур ҳам тирик.
Ҳажр саройида қолган аллома,
Ҳинд ва ўзбегимни боғлаган кўприк
Мозий пардасини аста кўтариб
Соҳибқирон чиқиб келар барваста.
Борлиқдан жафолар лаҳзада ариб,
Оламни адолат чулғар бир пасда.
Самарқанд дам сайин очади чирой,
Бинолар тиклади бир-бирдан бийик,
Кечани бугунга боғлар ҳойнаҳой –
Амир Темур солган бу азим кўприк.
Аждоддан авлодга туташган томир,
Эзгулик уйида бахш этар висол.
Элларни элларга боғлашга қодир
Кўприклар ҳеч қачон кўрмагай завол.
Амую Сирнинг ҳам қирғоқлари шод,
Яшнаб бораётир икки томон ҳам.
Кўприкдан белбоғлар этару бунёд,
Уни эъзозлайди озод замон ҳам.
Бугун давр шошқин, фурсат ҳам тезкор,
Қараб улгурмайсан ўнгу сўлингга.
Елиб-югурмасанг ҳаммаси бекор,
Мағлублик байроғин тутар қўлингга.
Истиқлол туфайли ёруғ юзимиз,
Шу Ватан бор экан, бахтлимиз, магар.
Олам эшитгайдир бизнинг сўзимиз,
Саодат кўприги бузилмаса гар.
Бугун ҳам бинолар кўкларга бўйлар,
Нурли истиқболли сари кетган йўл.
Бахтиёр ўғил-қиз неларни ўйлар,
Шиддати – таптортмас, орзулари – мўл.
Дарё қирғоқлари топишар, албат,
Эллар ҳам элларга қардошдир – аниқ.
Мангуга бор бўлгин, бор бўлгин абад,
Тарихга битилгай биз қурган кўприк!
Менинг муҳаббатим шу шеъргадир жо,
Оппоқ қоғоз узра сураман қалам.
Олис-олисларга узангайдир то
Қалбимдаги илҳом кўприклари ҳам.
Юракларда ишонч, юзларда кулгу,
Минг шукр, ташвишдан олис, наримиз.
Менинг бу дунёда бир тилагим шу:
Бузилмасин ҳеч бир кўприкларимиз!
* * *
О ҳаёт,
Қўллагин, кўтаргин кўнглим,
Ҳозир яшаяпман, бахтлиман, бироқ,
Йўргакка ўрадинг сен оёқ-қўлим,
Ёруғлик оламин кўрган кунданоқ.
Нима ҳам дер эдим,
Кечаю кундуз,
Бошимда онамдай турдинг доим тик.
Оқшомлар аллалар айтарди юлдуз,
Ой эса чарчамас тебратиб бешик…
Илк қадамимда ҳам тутдинг қўлимдан,
Кенгликлар қўйнида келди ҳур учгум.
Кимлардир тортдилар ўнгу сўлимдан,
Юракка маҳрамим бўлмадинг бир зум…
Жавоб бер, наҳотки бунча сирлисан,
Йўл кўрсат ўтайин қайси эшикдан?
Жумбоғинг беҳисоб, ажиб турлисан,
Чиқолмай юрибман ўша бешикдан…
Қўлларим гоҳ очиқ, гоҳида боғлиқ,
Қадамим ўлчайди ўтаётган вақт.
Руҳимни қийнайди қандайдир оғриқ,
Қайда мен излаган эрк исмли бахт?!
Сен ахир белаган бу қадим ошён
Ипларин бирма-бир ечиб қўйсанг бас.
Барига розиман, бироқ-ки ишон,
Бир умр йўргакда яшагим келмас!
* * *
Лабингни бурмагин,
Мен кечиб бўлдим,
Тинди-ку безовта у лойқа сувлар.
Заминнинг ҳовучи хазонга тўлди,
Ипин эшолмайди ёлғон тўқувлар.
Чўпдай озиб қолди дарахтлар қотиб,
Офтобдан оқади ҳамон илиқ нур.
Чанг кўчада тошлар тупроққа ботиб,
Ғуборга беланар этганча ҳузур.
Топганим шумиди,
Бу ҳам кўргилик,
Оғриқни шаробдек кўтариб ичдим.
Тўхтамас гардуннинг оти югурик,
Уни бошқаролмай, у билан учдим.
Лабингни бурмагин,
Мен кечиб бўлдим…
Мен
кечиб
бўлдим…
Лаҳза
Бунча ҳам шошқалоқ,
Бунча беором,
Йўлма-йўл ненидир териб кетар у.
Ногаҳон кимгадир бахт этиб инъом,
Кимгадир қайғуни бериб кетар у.
Бандидан узилган япроқ индамас,
Олманинг юзлари ногаҳонда ол.
Сарғайиб қолганин майса ҳам сезмас,
Яна қуш қанотин қоқди бемалол.
“Оҳ” деган овоздан титради бир уй,
Қай кимса ҳаётдан безиб нолиди.
Гирдоби қаърига тортиб оғир ўй,
Хабар ҳам олмади дардманд ҳолидан.
Меҳрни ким топди, кимдир саломни,
Бир ҳовуч кимдир чўғ, биров эса қўр.
Унутиб қай кимга она каломни,
Бегона тиллардан айлади ҳузур.
Бунча ҳам шошқалоқ,
Бунча бесабр,
Шиддати бераҳм, қиличдай кескир.
Борини кўтариб кетаётир ер,
Лаҳзада қай дил шод, қай бир дил ўксир…