Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

АЛЛОҲ БИРЛИГИНИ БИЛИШ ВА БИЛДИРИШ КИТОБИ

Азимжон ҒОФУРОВ – 1975 йилда туғилган. Тошкент ислом университети (ҳозирги
Халқаро ислом академияси) ислом тарихи ва фалсафаси факультетини тамомлаган.
“Барча дардлар шифоси”, “Фароизус Сирожия” номли илмий монографиялар муаллифи.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Китобут Тавҳид” асари Мотуридий
таълимотининг асосий негизи – ҳар бир мусулмон синовли дунё машаққатларида
ҳам, яхши кунларида ҳам иймон орттириши лозимлиги, инсон ўз тақдиридан
ташқарида эмаслиги, Аллоҳнинг бандалари ўзларига берилган ҳаёт неъматидан
оқилона, ақлга таяниб, нақлни раҳнамо қилган ҳолда тўғри фойдаланиши икки
дунё саодатига эришиши кафолати эканлигини англатади.
Самарқандлик шайх ва олимнинг ушбу асарида пайғамбарлик ҳамда унга
бўлган эҳтиёж масаласи ҳам чуқур таҳлил этилган. Китоб номланишидаги
“Тавҳид” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига тўхталадиган бўлсак, бу
ҳақда Мотуридия таълимотининг машҳур уламоларидан бири Сирожиддин Ўший
(раҳимаҳуллоҳ)нинг эътиқод илмига оид “Бадъул амолий” (Имлолар бошланиши)
номли асарида муфассал тушунча берилган. Сирожиддин Ўшийнинг ақида
илмига оид фикрларини тадқиқ қилган олим Абдулқодир Абдур Раҳим “Эътиқод
дурдоналари, “Бадъул амолий” шарҳи”1 номли асарида “Тавҳид” сўзи исми масдар
бўлиб, луғатда “яккалаш”, “якка-ю-ягона деб билдириш” “фақат битта дейиш,
якка-ю ёлғизлик нисбатини бериш” каби маъноларни англатади”2, дея шарҳлаган.
Қолаверса, бу сўзнинг туб ўзагидаги “аҳад” сўзи “Аҳадун” – , яъни “Бошқа йўқ,
битталикдан бошқа нарса эмас, ёлғиз, биргина, бирдан бўлак ҳеч” каби мазмунларни
ифодалашини қайд этган.
Шунингдек, Муҳаммад Анвар Бадахшонийнинг “Талхийсу шарҳи ақидатит
Таҳовий” асарида “Тавҳид – инсонлар Аллоҳ таолога ширк келтиришга олиб
борадиган барча хилдаги нарсалардан воз кечиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг
яккалигига, на зоти, на сифатлари, на феъллари, на исмлари ва на ҳукмларида
унинг ҳеч бирор шериги йўқ, деб эътиқод қилишларидир”3, дейилади.
1 Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. “Бадьул амолий” шарҳи. Тошкент. “ShARQ”
нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси. – 2016. 408-бет. 45-бет.
2 Ўша асар 45-бет.
3 Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхийсу шарҳи ақидатит Таҳовий. Карачи: “Замзам бабилшарз”.
1415 ҳ. 24-бет.
Бу маълумотлар ҳамда “тавҳид” сўзининг диний истилоҳдаги маъносидан келиб
чиққан ҳолда Имом Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид” асарини “Аллоҳ бирлигини
билиш ва билдириш китоби” деб тушунишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Аслида ҳам Мотуридия таълимоти уламолари Аллоҳ борлиги ва бирлигига
иймон келтирувчи икки асосий ақидавий масалага эътибор қаратадилар. Уларнинг
биринчиси – Аллоҳ яратган барча махлуқотларни мушоҳада этиш орқали Аллоҳнинг
борлигига иймон келтириш бўлса, иккинчиси – Аллоҳ таоло инсонлар орасидан
набий ёки расул этиб танлаган пайғамбарларига нозил қилган (юборган) далиллари
асосида Аллоҳнинг борлигига иймон келтиришга асосланади.
Мотуридия уламоларидан Сирожиддин Ўший пайғамбарларга иймон келтириш
баёнида шундай ёзади:
Фарзу лозим эрур тасдиқлаш расулларни,
Ҳам инъомлар-ла шарафланган малакларни”4.
Яъни: “Пайғамбарлар ва фаришталарни тасдиқлаш ҳар бир мўмин кишига
фарзи айн бўлганидан “фарзи лозим эрур” 5.
Инсониятнинг пайғамбарларга эҳтиёжи борлиги шундаки, одамлар ўз ақлига
суяниш, фолбинлар, коҳинлар ёки сеҳргарларнинг ёлғонлари ёки ўз тасаввури
орқали Аллоҳ таолонинг инсон кўнглига келган ва тасаввур этган барча нарсалардан
Олий зот эканлигини била олмайдилар. Шунингдек, инсонлар Аллоҳ таолонинг
исм ва сифатларининг ҳақиқати нимадан иборат эканлиги, уларнинг қандайлигини
билишга ҳар қанча уринмасинлар, бу ҳақда қанча баҳс қилмасинлар, барибир бу
ҳикматлар аслини билмоққа ожиздирлар.
Пайғамбарлар эса ўзлари ҳам инсон наслидан бўлганлари ҳолда ўз қавмларига
ақидага оид қуйидаги масалаларни тушунтирадилар:
1. Инсонлар замон ва макондаги нарсаларни тасаввур этади. Аллоҳ таоло эса
замон ва маконнинг ичида эмас, балки уларни йўқдан бор қилган Зотдир.
2. Аллоҳ таолонинг зоти қандай экани сўралмайди. Балки: “Аллоҳ таолонинг
комил сифатлар билан сифатланганига ва нуқсонлардан холи эканига иймон
келтирдим”, деб иймон келтирилади.
Булардан ташқари пайғамбарлар бошқа инсонларга шаръий ҳукмлар ҳақида
билимларни етказадилар. Шаръий ҳукмлар деганда эътиқодий ва амалий ҳукмлар
назарда тутилиши Қуръони карим оятлари ва расулуллоҳнинг ҳадисларидан
билинади. Пайғамбарлар эътиқодий ва амалий ҳукмларни тарғиб қилар эканлар,
ўзларида гўзал хулқ намуналарини намоён этганлар.
Ислом дини моҳиятини тушунишда пайғамбарларга эҳтиёж катта бўлиб, инсон
мазкур эътиқодий ҳукмларни бажаришда амалий ҳукмлар билан рўбарў келади.
Амалий ҳукмлар эса мўминга хос бўлган гўзал хулқларни тақозо этади. Шу
сабабдан ҳам мўмин кишининг “Эътиқоди ва амалларида содиқлиги унинг гўзал
хулқидан билиниб туради”6.
Ислом шариатининг асосий илмларини “Қуръон илми, Ҳадис илми, Ақоид илми
(Калом илми, Усулуддин илми, Тавҳид ва сифат илми, Назар ва истидлол илми),
4 Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. “Бадьул амолий” шарҳи. Тошкент. “ShARQ”
нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси. – 2016. 408-бет. 174-бет.
5 Ўша асар 175-бет.
6 Ўша асар 5-бет.
Аллоҳ бирлигини билиш ва билдириш китоби
Фиқҳ илми, Усулул фиқҳ илмлари”7 ташкил этиб, уларни билиш учун албатта,
фарз ва вожиб амалларнинг мазмунини англатувчи Қуръон оятларига, амрлар ва
қайтариқлар маъноларини тушунтириб берувчи пайғамбарларнинг суннатларига
таянилади.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг “Китобут Тавҳид” асарида
пайғамбарлик ва инсониятнинг нубувватга эҳтиёжи масаласи алоҳида бир
“Нубувват” бобида баён этилган.
Доктор Фатҳуллоҳ Хулайф “Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Китабут
Тавҳид”и” номли китобининг кириш қисмида: “Англиядаги Кембриж
университетида 1961–1964 йилларда докторлик диссертациясининг ҳимояси
бўйича тадқиқот ишлари олиб бораётган пайтида”8 эътибор қаратганлигини
қайд этаркан, бу мавзуга устози А.Ж. Арберрининг “Мовароуннаҳр давлатларида
Фахриддин ар-Розий ва ал-Мотуридий қарашлари” мавзусидаги дарслари давомида
қизиқиш пайдо бўлганлигини айтади. У Кембриж университети кутубхонасида
Имом ал-Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид” асарининг бир дона қўлёзмасини
топганлиги, мазкур китоб мутолааси ва китобнинг нашр ўйлари билан докторлик
ишига ажратилган вақтларини ҳам аямаганлигини эслайди. Мазкур асардан
матнларини чоп қилишни 1964 йилнинг биринчи ярмидан бошлайди. Кембриж
докторлик иши ҳимоясидан сўнг Байрут араб университетида ишлай бошлаган
олим талабаларига дарс беришдан бўш вақтларини китобни таҳқиқ қилишга
қаратади. Ва ниҳоят бу тадқиқот Искандарияда ниҳоясига етказилади.
“Китабут Тавҳид” асари Туркия илоҳиёт профессорлари доктор Бекир
Тўпол ўғли ва доктор Муҳаммад Аручилар томонидан турк тилига таржима
қилиниб, Туркиянинг “Мактабатул Иршод” матбаа-нашриётида “Абу Мансур алМотуридийнинг “Китабут Тавҳид”и” дея аталиб нашрдан чиқарилди.
Туркиялик профессорлар томонидан амалга оширилган таржимада Фатҳуллоҳ
Хулайф ёзган ва Байрутдаги “Дору Содир” нашриётда чоп этилган асари асос
вазифасини ўтаганлиги кўзга ташланади.
Ушбу китоблардаги “Нубувват” бўлимларини солиштириб-қиёслаш натижаси
ҳамда Доктор Бекир Тўпол ўғли тайёрлаган “Китабут Тавҳид” асари сўзбошисида
Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан амалга оширилган биринчи нашрнинг аҳамияти
хусусида билдирган фикрлари ҳам шуни кўрсатади. Доктор Бекир Тўпол ўғли
китобнинг Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан амалга оширилган биринчи нашрида
қатор камчиликлар мавжуд бўлганлиги сабабли ундан камроқ фойдаланилди
деб таъкидлайди. Шунга қарамай, бу икки нашрдаги Нубувват мавзусида катта
ўзгаришлар кўринмайди. Ҳар иккала китобларни ўзаро таққослаб кўриш натижасида
доктор Фатҳуллоҳ Хулайфнинг китобига таянган ҳолда хулосалар чиқаришни
маъқул деб топдик. Бунинг асосий сабаблари: биринчидан, Абу Мансур алМотуридийнинг “Китабут Тавҳид” асарини шарҳлаш борасида Доктор Фатҳуллоҳ
Хулайф нашри аввалроқ амалга оширилган ҳамда асарга ортиқча иқтибослар
киритилмагани, асар матни тузилишида имло қоидалари ва маънонинг ўзаро мос
келишига алоҳида эътибор қаратилганида бўлиб, бу матнни ўқиб-тушуниш ҳам
нисбатан қулайроқ.
Натижаларга кўра, Имом ал-Мотуридий пайғамбарларга рисолат берилишидан
инсонлар чиқариши керак бўлган хулосалар ва мақсадлар хусусида шундай ёзади:
“Шунингдек, бу рисолатни инкор қилувчилар цивилизациясининг ожизлигидан ва
7 Ўша асар 6-бет.
8 Доктор Фатҳуллоҳ Хулайф. “Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид”и”. Байрут.
уларда бу каби такаллуф ва ижтиҳодлар қилиш истаги бўлмаганлигини кўрсатади,
пайғамбарлар шунчаки уларнинг кучларини синаб кўриш учунгина юборилмайди”9.
Пайғамбарлар юбориш орқали Аллоҳ таоло бандаларга охират саодатига
эриштирувчи йўриқлар ва кўрсатмалар марҳамат қилиши ва бунда катта ҳикмат
мавжудлиги Имом Мотуридийнинг ушбу сўзларида ҳам ўз аксини топади: “Сўнгра
кимки бу буйруқ ва қайтариқларни, ваъдалар ҳамда таҳдидларни инкор этса, бу
ишидан бирор ҳикматга эришмайди, зеро, бунда аввал барпо қилиш, сўнг эса
йўқ қилиш ҳикмати бор, яна ўша инкорчиларга шу нарса ҳам маълум бўлсинки,
Аллоҳнинг ишлари беҳикмат эмас, булар оламни яратиш ҳикматига далолатдир, бу
туфайли Аллоҳ ўз ваҳдонияти ва салтанатининг буюклиги ҳақида далиллар беради,
албатта у Ҳаким зотдир. Муваффақият ёлғиз Аллоҳдандир”10.
Ҳазрат Мотуридий Аллоҳнинг лутфу карамига эътибор қаратаркан: “Аллоҳ
субҳанаҳу ўз зотида ғаний ва ўз феълларида ҳакимдир, ўз қудрати ила халққа
маълум муддат умр яратди, яшаш муддати давомида уларнинг ризқлари, яъни
егуликларини ҳам яратди, бандаларга буйруқ ва қайтариқлар бермаганда эди, ҳар
ким бу ҳаётдан кетишни истамаган ва умрини лаззат ва шаҳватлар ичра давом
эттиришга боғланиб қолган бўларди, бошқаларнинг ҳам худди шу каби истаклари
ўзаро тўқнашиши натижасида низолар ва тортишувлар келиб чиққан бўлар, бу
нарсалар уларнинг тарафма-тараф бўлиниб кетишига олиб келган ҳамда ҳаётларига
хавф солган бўларди, ҳалол-ҳаромнинг, амр-наҳйининг, ваъда ва қўрқитишларнинг
мазмуни шундан келиб чиқади. Бундан ҳар ким ўзида турган нарсалар аслида
уники эмаслигини билиши керак; бу ўткинчи нарсалардан кейин руҳигина у билан
бирга қолади. Кимки амр-наҳйини, ҳаёт синовдан иборат эканлигини инкор этса,
бу синовларнинг шоҳидига айланади, у кунда барча сирлар ошкор бўлади ва ҳамма
бекитилган нарсалар очилади, амр ва наҳйилар юборувчининг кўзлаган манфаати
учун эмас, балки турли балолардан асраш учун эканлиги тушунилади. Аллоҳ
таолонинг ўз зотида бой эканлигини, сирлар ва бекитишга уринилган ишлардан
хабардорлигини англаш, синов, буйруқлар ва қайтариқларнинг маъносини тушуниб
етишга олиб боради”11.
Фатҳуллоҳ Хулайф Имом Мотуридийнинг фикрларини шарҳлашда “Қола
ал-Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ” иборасини қўллайди ва шундан сўнг Абу Мансур алМотуридийнинг сўзларини келтиради: “Деймизки, муваффақият Аллоҳдандир,
эслатиб ўтганимиздек – буйруқлар, қайтариқлар, синовлар Аллоҳнинг амридир,
буларни инсонлардан ёмонликларни даф қилиш, маҳбуб нарсаларга эриштириш,
айбу гуноҳларни ювишга қаратилган ва Аллоҳ томонидан берилган бу нарсалар
аслида тақдирдир, буларнинг кераклик жиҳати шундаки, Яратганнинг буйруқларини
бажариб, қайтарган амаллардан қайтиб, синовлардан сабот билан ўтиш орқали
инсоннинг даражаси баландлашиб, иқтидорлари намоён бўлади, аммо буларнинг
тескариси қилинса, бу ишлари ўзларига тезда катта зарар ва ҳақ ёмонлик бўлиб
қайтади, бироқ буларнинг ўз зотида ғаний ва феълларида ҳаким зот – Аллоҳ таолога
на бирор зарари ва на бирор фойдаси тегмайди, буйруқлар ва қайтариқлар ҳам шу
сингаридир.
Шунга қарамай, буйруқ ва қайтариқлар масаласида бойлик ва ҳикмат
тушунчалари борасида ихтилофлар мавжудлигини эслатиб ўтган эдик, аслида
бировнинг тақдири бошқа бировнинг тақдири билан алмашинмайди, Аллоҳнинг
9 Фатҳуллоҳ Хулайф. Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид”и. Байрут. 176-бет.
10 Ўша асар 177-бет.
11 Фатҳуллоҳ Хулайф. Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид”и. Байрут. 177-бет.
Аллоҳ бирлигини билиш ва билдириш китоби
раббонийлигининг ҳикматида ёмонлик қилиш йўқ ва “таклиф” масаласида ҳам
эслатиб ўтилганидек олимлар орасида хато фикрлар учрайди”12.
“Дарҳақиқат у (Аллоҳ) махлуқларини икки қисмга ажратди: зарар
қилувчилар ва наф келтирувчилар; хар иккаласи учун ҳам қийинчиликлар ҳамда
лаззатланишларни тенг имконли қилди, аммо уларнинг айнан шундайлиги ёки
бошқача эканлиги улардан келадиган оқибати билангина билинади”13.
Хулоса қиладиган бўлсак, Аллома Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратлари
юқоридаги фикрларини баён этиш орқали инсониятнинг пайғамбарликка,
яъни рисолатга эҳтиёжини қадам бақадам тушунтириб, асослаб боради. Бу
мисоллардан ташқари олим ижтимоий турмушда учраб турадиган фойда ва зарар
тушунчаларининг ҳам моҳиятини англатиб боради. Аллоҳ таоло инсонни гўзал
сувратда яратганлиги, осмонлар ва ердаги сув-ҳаво каби табиат нозу неъматларини
инсон манфаатига бўйсундириб, ер ва кўк баракотларини кишилар ҳаёт кечириш
воситаси қилиб берганлиги ва инсондан бу неъматлар ҳақига шукроналик ҳисси
билан ибодатда яшаш лозимлиги талаб қилиниши каби илоҳий билимлар тарғиб
қилинишини бу китобнинг улкан ижтимоий аҳамияти ва башарий мазмуни дейиш
ўринли бўлади.
Имом Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид” асарида тўғри ҳидоят йўлидан боришда
пайғамбарларга иймон келтириш ва у муҳтарам зотларнинг башариятга икки дунё
билимларини эгаллашда муаллимлик қилганликлари жиҳатидан чексиз эҳтиром
кўрсатиш фарзлиги англатилади. Зеро, ҳеч бир пайғамбар, яъни Аллоҳнинг ҳақ
китобида номлари келтирилган ёки зикр этилмаган “мунзир” пайғамбарлар ҳам ўз
шахсий манфаати учун пайғамбарлик даъво қилмаган, балки ўз ҳаётларини Оламлар
роббининг амру-қайтариқларини, охират ваъдаси ва қиёмат даҳшатларидан қўрқиш
кераклигини ўз замондошларига етказиш ишига бахшида этишган. Бу машаққатли
ҳаёт йўлини босиб ўтишда набийлар ва расуллар Мотуридий таъбири билан
айтганда “Яратган наздида юқори мартабаларга эришганлар” .
“Ҳаётда ҳеч ким, – деб ёзади Имом Мотуридий, – зарар кўришни истамайди,
ҳар ким қилаётган ишларининг оқибати яхши бўлишини хоҳлайди, аммо бунга
эришишда билимлари етарли бўлмайди”14.
Инсониятнинг пайғамбарликка бўлган эҳтиёжини исботлашда Имом Мотуридий:
“Дин ва дунёвий жиҳатдан ҳам рисолатга эҳтиёж борлигини тушуниш учун ақл
зарурдир”, деган фикрини таъкидлайди.
Ўрта асрларда Мовароуннаҳр ислом цивилизацияси ривожланишида Имом
Мотуридий ва бошқа кўплаб илм аҳлларининг фан ва таълим соҳалари тараққиётига
қўшган ҳиссалари беқиёс бўлди. Ҳазрат Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид” асарида
ҳам нафақат диний илмлар, балки дунёвий фанлар аҳамияти таъкидланиб, уларни
эгаллашда инсон ақлий салоҳиятининг муҳим роли эътироф этилади. Шунингдек
у, оламдаги ҳайвонлар ва қушлар ҳам Аллоҳга ибодат учун яратилганлиги ва киши
улардан фойдаланишда бунинг моҳиятини англаб етиши ва ақлини ишга солиб
ўйлаб кўриши, пайғамбарлар ўргатгандек, Аллоҳни таниш, билимларини эгаллаши
ва Яратганга шукрлар қилиши кераклигини уқтиради.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil