Рислиғой ҲОТАМОВА – 1974 йилда туғилган. Маннон Уйғур номидаги Тошкент
давлат санъат институтини (ҳозирги ЎзДСМИ) тамомлаган. “Ошиқларга ўлим йўқ”
номли шеърий тўплами чоп этилган.
* * *
Аламларга тутиб берди мени дунё.
Йиғлагандим, сўкиб берди мени дунё.
Армонларга, ҳижронларга, ёлғонларга
Битта-битта бўлиб берди мени дунё.
Йиғлаганим киприкларим билди, холос,
Дўст деганим аҳволимдан кулди, холос.
Ярим кўнглим ярим қолди, тўлмади ҳеч,
Тўлса фақат сабр косам тўлди, холос.
Ортим жарлик, олдим гумон, ўнгим армон,
Ер қаттиқдир, жуда-жуда узоқ осмон.
Санчиб-санчиб, оғриб-оғриб қийнайди жон,
Бахтни топиб ололмаган ўзим ёмон.
Бу дунёда жуда ғамгин бир қўшиқ бор,
Шу қўшиқни айтиб юрар менинг тилим.
Ёмғирларда қолган эзгин бир эшик бор,
Шу эшикнинг ортида зор йиғлар дилим.
* * *
Жон ипим тортилдииииии.
Узилсам дейдииии.
Руҳим иморати бузилсам дейдии.
Қайдасан, кўзимнинг нури қайдасан, Кўринсанг, соянгда сезилсам эди.
Дунёга бақириб айтар гапим бор,
Хизрни чақириб, айтар гапим бор.
Қўл солсам, тафтимдан қайнасин ёнсин,
Дарёга талпиниб, айтар гапим бор.
Сенсиз тилларимга сўз келмаяпти.
Дилим қайнайверар, кўз тинмаяпти.
Сидириб ол руҳим, карахт танадан.
Оташлар ичраман, муз келмаяпти.
Томирим ўралиб, қон ўтмай қолди.
Майин сочларимнинг ранги ўзгарди.
Сенсиз кузатганим кунларим доғи
Мени жаҳаннамнинг тубига солди.
Доооооооод дедим, эшитилмас чумолига ҳам,
Ёёёёёд дедим, куйишни бошлади ҳирқам.
Менинг бу дунёда борлигим оғриқ,
Сенинг кўз олдимда йўқлигинг алам.
Кел, кўзим очилсин тарқасин уйқим.
Мазах қилдирмагин мени ҳижронга.
Ҳузурли дийдордан яйраган руҳим,
Рози бўлиб кетсин кейин осмонга.
Жон ипим узилса, қайдан топасан?
Қорсиз қўшиқлари тинар жилғанинг.
Кейин сен тупроқни қандай босасан,
Кейин ким шеър ёзар, сенга мендайин?!
* * *
Жонсарак боқади, осмонидан ой,
Менга айтадиган гапи бордайин.
Мен-чи, кўз узмайман боғ этагидан,
Тераклар ортида кимдир бордайин.
Жуда ширинлашди эрка ҳисларим,
Юрагим оқланар оппоқ қордайин.
Япроқдай титрадим, кейин йиғладим,
Тераклар ортида “кимдир” бордайин.
Қўй кўнглим, бу сафар севгин, севилгин,
Югур чор-атрофинг лолазордайин.
Ҳовучида юлдуз, кўзларида кун,
Тераклар ортида, кимдир бордайин.
Аллоҳ ташлаб қўймас ҳеч бандасини,
Гуллатар бир куни навбаҳордайин.
Юрагим зарбидан чўчиди қушлар,
Тераклар ортида кимдир бордайин.
Мен кетдим
Мен кетдим,
Кўприклар ёнди ловуллаб.
Энди ўтолмайман, сиз томон сира.
Мен кетдим,
Оғриди, юрак жиқиллаб,
Янаям чуқурроқ ўйилди яра.
Ҳа мен ёмон одам, ёмонки ҳадсиз,
Сизни саждаларда дуолар қилган.
Қисқагина умрин уволга отиб,
Сиздан вафо кўрмай, вафолар қилган.
Музлади охирги япроқ ҳам бугун,
Келманг, кечир мени қилдим хато деб.
Демак, мен керакман оғриқ ғам учун,
Яшайман, ёлғизнинг ёри Худо деб.
Мен кетдим,
Қидирманг, қайтманг, сўраманг.
Исмимни айтмасин, энди тилингиз.
Сизга ҳеч фойдаси тегмас шунчаки,
Яхшилар ичида ўтсин умрингиз.
Мен кетдим…
* * *
Ёмонми, ҳар лаҳза ороминг бузсам.
Битмай чала қолган илоҳий шеърдек.
Муздек қорларингга, тошдек дўлинга
Кўксим очиб берсам, хокисор ердек.
Ёмонми, ҳавога қўшиб симирсам,
Сувга қўшиб ичсам, боладек қучсам.
Ўзимдан узилган жонга қўшилиб,
Сени жонинг яшар манзилга кўчсам.
Неки яхши бўлса биргалик истаб,
Ёнингда эркалик телбалик истаб.
Кўрганда ёмғирдек мулойим тортсам,
Кўрмасам ёрилсам чақмоқдек чақнаб.
Ёмонми, ҳар гапни айтсам ўзинга,
Кўзинг ичларига ичикиб боқсам.
Бир яхши сўзингдан осмонга учиб,
Қушларга қўшилиб қанотим қоқсам.
Бир бор менга қара одамларгамас,
Биз битта юракка керак нафасмиз.
Ёмонми, шунчалар зориқиб севсам?
Яхши бўлса, нега бирга эмасмиз?!