Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

“СЎЗУМНИ ЎҚУБ, АНГЛАҒАЙСЕН ЎЗУМНИ…”

Ситора ТОЖИДДИНОВА: – “Бобурийнома” маърифий романи мутолаасидан
сўнг сизнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти ва ижодига бениҳоя катта
эҳтиромингиз борлигини ҳис қилиш мумкин. “Қарийб йигирма йилдирки, шу
мафтункор ишқ билан сармаст яшайман” деб ёзгансиз асар муқаддимасида. Роман
1995–1996 йилларда яратилганини ҳисобга олсак, деярли ярим асрдан буён шоҳ
ва шоирнинг ижод ва ҳаёт йўлига ошуфтасиз. Айтинг-чи, Мирзо Бобур шахсини
қандай тасаввур қиласиз?
Хайриддин СУЛТОН: – Бу саволга жавобни ҳазрати Бобур ижодидан изласак,
ўйлайманки, муродимиз ҳосил бўлғай. Ул зотнинг ўзлари ҳам:
“Ҳар вақтки кўргайсен менинг сўзумни,
Сўзумни ўқуб, англағайсен ўзумни”,
– деб ёзганлари албатта бежиз эмас.
Ёдингизда бўлса, “Бобурнома”нинг сўнгги саҳифаларида китобдан нусха
кўчирган, ўзини “мусаввади авроқ” (вароқларни қоралагувчи) деб атаган номаълум
бир котиб улуғ аждодимиз даҳосига баҳо берар экан, “фазилат бобида камлиғи йўқ
эрди” дейди ва Бобурнинг саккизта энг муҳим ва ибратли хислатини бирма-бир
санаб ўтади.
Бу фикрга қўшимча қилиб, мен Бобур Мирзонинг кўнглимга беҳад марғуб
бўлган икки фазилатини илгари ҳам алоҳида таъкидлаган эдим. Ушбу ноёб
тақдир эгасининг сиймосида ҳам аристократ-зодагонлик, ҳам демократлик
хусусиятларининг бу қадар ёрқин намоён бўлиши дунё тарихида камдан-кам
учрайдиган феномен ҳодисадир.
Улуғ аждодимиз умргузаронлик қилган замондан буён ўтган беш юз йил давомида
ер юзининг қайси қитъа ва минтақасида бўлмасин, кимки Бобур Мирзонинг
ҳайратомуз ҳаёти ва фаолиятини, ижод оламини ўрганган бўлса, уларнинг барчаси
беихтиёр унинг жозибадор шахсиятига ошуфта бўлиб қолганлар. Минглаган бу
одамлар орасида марҳум Жавоҳарлаъл Неру каби буюк сиёсий арбоблардан тортиб
Франко Кардини сингари замондошимиз, атоқли итальян адиби ва файласуфи
ҳисобланадиган шахсларгача бор. Мана, қаранг,
жаноб Кардини “Бобурнома”нинг 2023 йилда
Римда итальян тилида чоп этилган нашрига ёзган
Кириш сўзида қандай фикрларни баён этади:
“Бобурнома”ни ўқишга жазм қилган европалик
китобхон ундан бош кўтаролмай қолиши
шубҳасиз. Шу аснода инсонпарвар Папа II – Энеа
Сильвио Пикколомининг “Изоҳлар”и, император
Пётр Леопольд Габсбургнинг автобиографик
мушоҳадалари беихтиёр ёдга келади. Баъзан
ўқувчи ўзини Монтескьё, баъзан эса Марко Поло
ёки Буюк Фридрих ёхуд Мелвиллни мутолаа
қилаётгандек ҳис этади.
Бобур сўз санъатига меҳр қўйган буюк ҳукмдор
ёхуд салтанатни севган буюк адибдир”.
Менинг тасаввуримда Бобур бобомиз энг
аввало мард ва ботир, ростгўй ва саховатли, буюк
ақл ва маърифатли қалб соҳиби бўлиб шаклланган ва ҳамиша шундай гўзал қиёфада
сақланиб қолади.
– “Сурат сийратга тутилган кўзгудир”, дейишади. Заҳириддин Муҳаммад
Бобур тасвирий санъат синоатларидан ҳам хабардор бўлган, деган хаёлга бораман
баъзан. Болалигингизда мактабингиз деворида портретлар кўп бўлгандир, нега
айнан Мирзо Бобур образи сизни жалб қилган? Қолаверса, шу пайтгача чизилган
суратлар орасида қайси бири ҳақиқатан ҳам ҳазрат Бобур сиймосига яқин, деб
ўйлайсиз?
– Бу ҳақда “Бобурийнома”да қуйидаги сатрлар битилган: “Ўн тўрт ёшларимда
илк бор бу нурли сиймонинг тасвири чекилган сувратни кўрдим. Олис қишлоқ
мактаби, қаҳратон қишнинг дилгир кунлари, адабиёт фани хонасининг деворига
осилган муҳташам портрет ва ундан мулойим табассум ила боқиб турган,
шоҳона салласига укпар жиға қадалган улуғсифат инсоннинг бори-борлиғи мурғак
тасаввуримга шу қадар теран ўрнашдики, дарс пайтида ҳам, танаффус чоғлари
ҳам унинг мардона чеҳрасидан кўз узолмас эдим…”
Бу ўша машҳур тарихий миниатюрадан олинган, ҳазрати Бобурнинг қулоғига
ҳиндлар каби сирға тақиб, бошига эса шиа мазҳабига монанд ўн икки ўрамали
салла ўратилган суврат эди. Албатта, у пайтда тасвирдаги бундай хато-нуқсонларни
мен ҳам, бошқалар ҳам мутлақо пайқамаган. Чунки Бобур Мирзо ҳақидаги барча
китоб ва альбомларда, тасвирий санъат асарларида унинг қиёфаси айнан шу
миниатюра асосида акс эттирилар эди. Ҳатто Ўзбекистон халқ рассоми, каштадўз
уста Фазилат Сайдалиева яратган ипак сўзанада ҳам шу қиёфа ифода топган эди.
Фақат мустақиллик йилларида тарихчи ва санъатшунос олимларимизнинг саъйҳаракатлари билан бу масалага ойдинлик киритилди.
Атоқли мусаввир, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Малик Набиев (Оллоҳ
таоло у кишини раҳмат қилган бўлсин) томонидан улуғ аждодимизнинг тарихий
ҳақиқат ва миллий-диний қадриятларимизга мос бўлган гўзал портрети яратилди.
Мана шу суратда ҳазрати Бобурнинг жисмоний ва маънавий камолоти уйғун ҳолда
мужассам этилган, деб ҳисоблайман.
– “Дарвеш қалбли подшоҳ” деган ташбеҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур
тийнатини оча олувчи жумла бўлса керак. Дарҳақиқат, қалбан валийлар билан
суҳбатда бўла олувчи, кароматли тушлар кўрувчи, ҳатто, хаста бўлганида ҳам
“Волидия” таржимаси туфайли шифо топганига ишонувчи саркарданинг руҳиймаънавий олами нақадар юксак, қалби нақадар шаффоф бўлган! Қалбни ҳаёт
чиркинликларидан асраш ўта мушкул иш. Ҳар қандай нозикниҳол кўнгил ҳам борабора тошга айланиши, ҳар қандай меҳр-муҳаббатли қалб ҳам музлаши мумкин.
Аммо Ҳазрати Бобур мисолида қалбан ниҳоятда покиза инсонни кўрамиз. Сиз узоқ
йиллар айни мавзулар ҳақида ўйлагансиз, албатта. Айтинг-чи, инсон, инчунин,
давлат кишисининг қалбини тоза асрай олишининг сири нимада?
– Ул муборак зотнинг қаттол замон долғаларига, ҳаёт тўфонларига қарамасдан,
қалб оламини пок сақлай олгани ҳар жиҳатдан юксак эътирофга лойиқдир. Подшоҳ,
император Бобур – Шарқдаги ўнлаб, юзлаб тахт соҳибларидан фарқли равишда,
ҳокимият учун курашларда ўзининг инилари ва фарзандларини, яқин қариндошуруғларини жазога ҳукм этмаган (гарчи уларнинг баъзилари унга нисбатан
хиёнат содир этиб, энг оғир жазога лойиқ бўлсалар-да), аксинча, ворисларига ҳам
шундай инсоний муносабатни васият этиб қолдирган камдан-кам ҳукмдорлардан
биридир. У яхшилик ва эзгулик, муросаи мадора тириклик дунёсининг маънавий
устуни эканига чин дилдан ишонган ва шу эътиқодини умр бўйи тарғиб этиб ўтган
олижаноб шахс эди. У ҳамиша, ҳамма жойда барча шаҳзодалар ва аъёнларидан
“давлатқа етиб меҳнат элин унутма” деган ҳаётий ҳикматга оғишмай амал
қилишни талаб этарди. Назаримда, бу сўзларни ҳар бир инсон ўз қалбига нақш
этиб қўйса, асло зиён қилмайди.
Шу маънода, бугун тасодифан тўрт кишига бошлиқ бўлиб қолган баъзи
кимсаларнинг “меҳнат эли”ни – яъни, оддий халқни бутунлай унутиб, “оёғи ердан
узилиб”, шахсий манфаат, айш-ишрат, коррупция ботқоғига ботиб кетгани улар
Бобур Мирзонинг ана шундай ўгитларидан бебаҳра қолгани ва шу туфайли охироқибат заволга юз тутганини кўрсатади.
– Мирзо Бобур оқ қоғоз қаршисида фариштага айланмайди. Атрофидагиларни
ҳам, ўзини ҳам бор гуноҳу савоби билан рўй-рост фош этади, ҳаққоний тасвирлайди.
Шу боисдандир “Бобурнома” нафақат Шарқ, балки Ғарбнинг ҳам севимли асари.
Сизни бу асар нимаси билан мафтун этган?
– Бу саволга, назаримда, қисман жавоб бердим. Мен бир вақтлар бобуршунос
Эдвард Ҳолденнинг “Бобур инсонлар ичида энг ботиридир” деган таърифига
қўшимча қилиб, “Бобур инсонлар ичида энг ростгўйидир” деб ёзган эдим.
Чиндан ҳам, “Бобурнома” саҳифаларида ҳақиқат муаллиф ҳаётининг бош
мезони, асл моҳияти сифатида намоён бўлади. Бобур Мирзонинг ахлоқий нуқтаи
назари, маънавий таҳлили ғоят бешафқат, аёвсиз. У ўзгаларнинг фаолияти, хаттиҳаракатларини қандоқ талаблар асосида баҳоласа, бу талабларни энг аввало ўзига
қўйиб кўради, яъни “пичоқни олдин ўзига уради”.
Менинг назаримда, бундай ноёб фазилатнинг икки сабаби бордек. Ўтмиш
дунёнинг мусулмон орифлари оқ қоғоз бетига ёлғон ёзмоқдан ҳазар қилар эдилар.
Чунки улар каломни ҳамиша Тангри таолонинг номини зикр этишдан бошлардилар.
Қоғозни ҳам, унга битилган сўзларни ҳам нон даражасида муқаддас, мўътабар
тутар эдилар. Бобур Мирзо ана шундай инсонлар сафининг пешқадами эди.
– Шу ўринда анчадан бери ўйлантириб юрган бир саволимни бериб олай.
Биласиз, илмий ишим сизнинг “Бобурийнома” асарингиз билан боғлиқ. Романда
“Бобурнома”дан айнан келтирилган парчалар бор. Қолаверса, бир неча ўринларда
ушбу шоҳ асарни мутолаа қилаётганингиз тилга олинади. Ҳатто, ҳаж сафари
давомида ҳам шу китоб қўлингизда бўлган экан. Билмоқчи бўлганим, сиздаги
“Бобурнома” қайси нашр? Адашмасам, 1974 йилдан буён шу китобни мутолаа
“Сўзумни ўқуб, англағайсен ўзумни…”
қиларкансиз. Умуман, биринчи ўқиган “Бобурнома”нгиз ҳақида маълумот
берсангиз. Қолаверса, “Бобурийнома” учун қайси нашр манба сифатида олинган?
– Дастлаб “Бобурнома”нинг 1960 йили, ЎзССР Фанлар академияси томонидан
тўқ яшил рангдаги, қалин муқовада босиб чиқарилган катта ҳажмли нашрини
ўқиганман.
Асарни заҳматкаш матншунослар – Порсо Шамсиев ва Содиқ Мирзаев нашрга
тайёрлаган, ўша вақтда Фанлар академиясининг мухбир аъзоси бўлган файласуф
олим Воҳид Зоҳидов Сўзбоши ёзган эди. Ҳозиргача бу китоб доимо иш столимда
туради, совет даврида билиб-билмай йўл қўйилган хато-камчиликларидан
қатъи назар, яхши кўраман шу салобатли нашрни. Кейинроқ – университетда
ўқиб юрганимда Бобур Мирзонинг Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат
нашриётида чоп этилган ихчам шаклдаги тўрт томлик асарларини ўқиб,
фойдаланадиган бўлдим. Бу мажмуа Берта Штин деган рассом аёлнинг ажойиб
иллюстрациялари билан безатилган эди.
Ҳозирги вақтда кутубхонамда “Бобурнома”нинг ўзбек тилида, шунингдек,
турли хорижий тилларда босилиб чиққан ўнлаб нашрлари, замонавий табдиллари
мавжуд. Уларнинг ҳар бири матншунослик ва нашр нуқтаи назаридан ўзига хос
хусусиятларга эга ва бу китоблардан ижодий фаолиятим давомида бақадри имкон
истифода этишга ҳаракат қиламан.
– “Бобурийнома” маърифий романи “Бобурнома” типидаги энг гўзал
замонавий наср намуналаримиздандир. Айни шу типдаги ўзбек ва жаҳон
адабиёти намуналаридан хабарингиз борми? Улар айнан қайси жиҳатлари билан
“Бобурнома”ни эслатади?
– “Бобурийнома”нинг жанр хусусияти ҳақида гапириш асар муаллифи сифатида
менга бироз ноқулай. “Маърифий роман” деган ном билан кейинчалик адабиётимизда
бир неча асарлар пайдо бўлгани (Наим Каримов, Ашурали Жўраев ва бошқалар)
ушбу бадиий шаклнинг ўзига хос эътибор топиб бораётганидан далолат беради.
Жаҳон адабиётида “Бобурнома” таъсирида ёзилган китоблар эса жуда кўп. Лоақал
“Ҳумоюннома”, “Акбарнома”, “Жаҳонгирнома” асарларини эслайлик. Нисбатан яқин
даврлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Ҳакимхон тўра, Зокиржон Фурқат, Маҳмудхўжа
Беҳбудий, Абдулла Авлоний сингари олиму адибларнинг сафарномаларини тилга
олиш мумкин. Замонавий ўзбек адабиётида эса таниқли адиб, Бобур номидаги
халқаро илмий экспедиция аъзоси Қамчибек Кенжанинг Бобур ва бобурийлар изидан
чет элларга уюштирилган сафар таассуротлари асосида яратилган туркум асарлари
бу йўлдаги жиддий изланишлар маҳсули бўлганини таъкидлаш лозим.
– Ҳар бир ижодкор умри давомида фақат ўзи ҳақида ёзади, деган гап бор. Ҳазрат
Бобур “Бобурнома”ни ёзиб, умр дафтарини қолдириб кетди. Сизнинг асарларингиз,
албатта, қайсидир маънода ҳаётингиз саҳифалари, аммо китобхонлар севимли
ёзувчисидан кутаётган асар ҳали тақдим этилгани йўқ, фикримча. Ёзиб бўлинган,
аммо ҳали эълон қилинмаган асарларингиз борми? Ёки шу кунларда ёзаётганингиз
ҳақида гапириб бероласизми?
– Ҳар қайси профессионал адибнинг бисотида ёзилган-у, лекин турли сабабларга
кўра эълон қилинмаган асарлар бўлиши табиий. Мен ҳам бундан мустасно эмасман.
Шу кунларда ёзаётган нарсаларим албатта бор. Аммо ҳали битмаган асар ҳақида
гапириш, подадан олдин чанг кўтариш – бу менинг табиатимга мос эмас.
– Айтинг-чи, “Бобурнома” типида яна бирор асар яратиш ниятингиз борми?
Узоқ йиллардан буён Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ва ҳаётини ўрганиб
келасиз. Табиийки, маълумотлар ва бадиий талқинлар ҳам кенгайиб боргандир…
Қолаверса, “Бобурийнома”нинг учинчи нашрини чоп эттириш зарурати мавжуд. Сабаби, иккала нашр ҳам крилл алифбосида. Бугунги ёшлар эса лотин
ёзувига асосланган алифбода хат-савод чиқаришмоқда. Бу борада ҳам янгилик
кутилмоқдами?
– “Бобурнома” типида яна бирон асар яратиш ниятим йўғ-у, лекин кўпдан буён
“Шаҳзода Бобур” деган қисса ёзишни орзу қиламан.
“Бобурийнома”нинг учинчи нашри 2023 йили “Адабиёт” нашриёти томонидан
лотин ёзувида амалга оширилди.
– Шу ўринда яна бир савол. “Бобурийнома”нинг янги нашри дебочасида
асарга “жузъий тузатишлар” киритилганини айтган экансиз. Асосий эътибор
қаратилган жиҳатлар нималардан иборат?
– Китобнинг янги нашрларидаги жузъий тузатишлар асосан баъзи фактлар,
тарихий ва жўғрофий номларни аниқроқ шаклда ифода этиш билан боғлиқ бўлган
эди.
– Матншуносларнинг севимли саволини ҳам бермасам бўлмас. Айтинг-чи,
сиз асарларингизни қўлёзма ҳолида ёзасизми ёки тўғридан-тўғри компьютерда
ишлайсизми? Умуман, асар матни билан ишлаш тажрибангиз билан
ўртоқлашсангиз.
– “Асарларингизни қўлда ёзасизми ёки компьютерда?” деган саволга, машҳур
бир адибнинг фикридан фойдаланиб, бадиий асар қўл ёки компьютер билан эмас,
балки ақл ва юрак билан ёзилади, деб жавоб бериб қутулиш ҳам мумкин.
Лекин жиддий айтадиган бўлсак, бу нарса ҳар бир ёзувчининг феъл-атвори,
табиатига, иш услубига боғлиқ. Мамлакатимизда компьютерлар энди-энди пайдо
бўлаётган ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мен ҳам кўпчилик қатори ижодкор
учун “жоннинг ҳузури” бўлган бу илғор янгиликка қизиқиб, баъзи қораламаларни
компьютерда ёза бошлаган эдим. Хусусан, бугунги суҳбатимиз мавзуси –
“Бобурийнома”нинг дастлабки вариантини 1994 йили анчагина содда русумдаги
компьютерда ёзишга киришдим. Кечагидек эсимда, асарнинг 86 саҳифасини
ёзиб битирганимда, электр тармоғида тўсатдан узилиш содир бўлиб, компьютер
хотирасида сақлаб қўйишга улгурмаганим учун бир неча ойлик меҳнат маҳсули бир
лаҳзада ўчди-кетди!.. Бу соҳада ўргамчик ҳаваскор бўлганим учун ушбу битикларни
қайта тиклашнинг иложини тополмадим. Бир неча мутахассисга мурожаат қилдим,
афсуски, улар ҳам менга ёрдам беришолмади.
Тасаввур қиласизми, бир варақ ҳам қўлёзма йўқ! Не азобда ҳаммасини
бошқатдан бошлашга тўғри келди. Аммо бу нохуш ҳолат мен учун бир умрлик
сабоқ бўлди: компьютерда, эҳтимол, оддий хат-хабар ёки қандайдир расмий
ҳужжатлар матнини ёзса бўлар, бироқ бадиий ижоддек ўта шахсий, нозик бир
юмушни темир-техникага ишониб топширмасдан, қалам ва қоғоз воситасида, қўл
меҳнати билан бажарган, яъни, “ота-бобом қилган ишни қилганим” маъқул экан.
Чунки компьютерда бадиий матн ёзаётган чоғингизда хоҳласангиз-хоҳламасангиз,
барибир хаёлингиз чалғийди – машинага турли буйруқ-фармойишларни бериб
боришга мажбурсиз. Оқ қоғоз бетига оддий қалам ёки ручка билан ёзаётганингизда
эса ҳарф терувчилик касбига эҳтиёж сезмайсиз, истаганча таҳрир қилиб, тузатибсайқаллаб кетаверасиз. Хуллас, шу воқеа туфайли мен компьютерда ёзилган ҳар
бир матнни эҳтиёт чораси сифатида қўшимча файл ёки флешкада сақлаб қўйишни
ўзим учун қоидага айлантирдим.
Компьютерда ёзишдек прогрессив усулдан воз кечиб, “консерваторлик
ботқоғи”га қайтишимга яна бир воқеа сабаб бўлдики, бу хусусда энди сўз юритиш
мумкин.
Бундан йигирма йиллар муқаддам мен бир мажбурият остида иккита публицистқаламкаш билан бирга маърифий мавзудаги катта бир тўпламни яратишда
ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган эдим.
Дастлаб мен ушбу нашрга фақат масъул муҳаррир этиб тайинланган эдим, лекин
иш жараёнида буюртмачиларнинг илтимоси, аниқроғи, топшириғига кўра китобни
наинки бошдан-оёқ жиддий таҳрир қилишга, балки учинчи муаллиф бўлиб, унинг
биринчи ва иккинчи қисмлари учун 100 саҳифадан зиёд янги матн ёзиб беришимга
“Сўзумни ўқуб, англағайсен ўзумни…”
тўғри келди. Иш ниҳоясига етгач, ўз истагимга қарши менга ижодий шерик бўлиб
қолган бояги иккита қаламкаш ҳам (улар “Сиздек адиб билан ҳаммуаллиф бўлиш
биз учун катта шараф” деб қайта-қайта такрорлашар эди), буюртмачи ва нашриёт
ходимлари ҳам қўзёзмани ҳеч бир эътирозсиз қабул қилдилар.
Барча ишлар бинойидек кетаётган эди, кутилмаганда ҳаммуаллифлардан бири
(Худо раҳмат қилган бўлсин, дунёдан ўтиб кетди, исмини айтишнинг ҳожати йўқ)
нашриётга бориб, ҳали босилиб чиқмаган китобнинг гонорари тўғрисида ғалва
қўзғаб қолди – директор номига расмий ариза бериб, асарнинг биринчи ва иккинчи
қисмлари унинг, учинчи қисми эса – иккинчи, яъни, мендан бошқа муаллифнинг
қаламига мансуб эканини билдириб, қалам ҳақини шу асосда тақсимлашни талаб
қилди. Ҳолбуки, китоб муқовасида уч кишининг исм-фамилияси турар эди.
Нашриёт масъул ходимларининг боши қотиб, масалага ойдинлик киритиб
беришимни сўрашди. Мен жуда ноқулай аҳволда қолдим. Чунки буюртмачилар
ва иккита ҳаммуаллиф билан ўртамизда оғзаки – “жентльменча келишув” бўлган,
бу лойиҳада азбаройи мажбурият туфайли қатнашаётганимни ҳамма билар эди.
Шу сабабли менинг бу нашрдан моддий манфаатдорлигим йўқ, ўзимга тегадиган
қалам ҳақини ана шу иккита шеригимга бўлиб беришни ният қилган эдим. Чунки
ижод оламида бундай ҳамкорликнинг кўпинча кўнгилсизлик, ғавғо-жанжал билан
тугашини яхши билар эдим. Энг чатоғи, юз бетдан ортиқ матнни компьютерда
ёзиб, китобнинг умумий мазмунига қўшиб юборган эдим, ихтиёримда менинг бу
ғурбат асарга ҳаммуаллиф эканимни исботлайдиган бир варақ ҳам қоғоз қолмаган
эди!.. Албатта, инсоф-диёнатли одамлар ўртага тушиб, адолат қарор топди, ғирром
ҳаммуаллиф мендан узр сўради, аммо бўлар иш бўлган, айрим кимсалар олдида
обрў-эътиборим тўкилган эди.
Бу нохуш ҳодиса менга ижод жараёнида қўлёзманинг нақадар муҳим аҳамиятга
эга эканини яна бир бор англатган бўлса (бечора Михаил Шолоховнинг “Тинч оқар
Дон” романи қўлёзмаси билан боғлиқ машмашаларни эсланг), иккинчи томондан,
минбаъд ҳеч кимса билан ҳаммуаллиф бўлмаслик хусусида аччиқ сабоқ берди.
Айни вақтда мен айрим ижодкорларнинг барча асарларини, ҳатто шеърларини
ҳам бемалол компьютерда ёзишларини эшитиб, уларга қойил қоламан ва омад
тилайман.
Матн устида ишлаш тажрибамга келсак, ҳамма қатори ёзаман, ўчираман, яна
ёзаман, яна ўчираман. Устоз Эркин Воҳидов айтганидек:
Ҳаёт билан гоҳ тўлқин аро,
Хаёл билан гоҳ қирғоқдаман…
Қай бири чин ҳаёт – билмасман.
Элга очдим қучоқларимни,
Елга сочдим хуш чоқларимни,
Лекин тунги қийноқларимни
Ҳеч кимсага ҳадя қилмасман.
– Охирги савол. Бугунги қаламкашлардан кўнглингиз тўладими? Қайси мавзулар
адабиётнинг жон томирида бўлиши керак, деб ўйлайсиз?
– Бугунги қаламкашлардан кўнглим тўлмасликка менинг ҳеч қандай асосим
йўқ. Агар улар чинакам истеъдод эгалари бўлсалар, албатта.
Ҳозирги нотинч, алғов-далғов замонда, кўп нарса пул билан ўлчанадиган,
аксарият газета-журналлар, нашриётлар бир тийин қалам ҳақи бермаса ҳам
бир амаллаб, баъзан ёнидан маблағ тўлаб бостириб чиқарган беш юз ёки минг
нусха китобларини бирон кимса ўқимаётган бўлса ҳамки, пешонасига битилган
қисматига рози бўлиб, адабиётга бўлган садоқатидан воз кечмай яшаётган фидойи
ижодкорлар, ҳеч шубҳасиз, энг юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир. Худойим
уларнинг барчасини ўз паноҳида асрасин, янги ижодий қувончлар ато этсин.

Ситора ТОЖИДДИНОВА – 1987 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий
университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Кўнгилдан сўз” номли
китоби нашр этилган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil