Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Шоирлар шамолнинг авлодларидир

Шодмонқул САЛОМ – “Дўстлик” ордени соҳиби. 1980 йилда туғилган. Термиз
давлат университетининг кимё факультетини ва Ўзбекистон Миллий университети
қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. Ижодкорнинг “Юрак иқлими”, “Кўнгил
китоби”, “Борлигини билганлар”, “Кўнгил обидасига йўл”, “Шеър сайёраси”, “Тонгнинг
иқболини тилармен” каби китоблари нашр этилган. Шеърлари турк, рус, тожик, қозоқ,
қирғиз тилларига таржима қилиниб, турли адабий-бадиий журнал ва альманахларда чоп
этилган.

* * *
Эрталаб бир майдон пиёда юрдим,
Ёлғиз, жим ўлтирган аёлни кўрдим.


Ўзига яшриниб турар эди у,
Кўнгилдан олисда юрар эди у.


Ҳолин бир сўрмоққа етмас кучларим,
Тонгдан тошиб турар эди сочлари.


Паришон зулфига ҳасрат осилган,
Нигоҳига соғинч муҳри босилган.


Кеча юрагида бир тўфон турган,
Ва бизнинг соҳилга отиб юборган.


Эҳтимол, ҳеч нима бўлмаган содир,
Аммо нигоҳлар ҳам сўйлашга қодир.


Кўрдим – кўзларига исён қамалган,
Кўрдим этикчаси силлиқ ямалган.


Ёнидан сўз демай, жим юриб ўтдим,
Чап елкам, чап юзим ловуллаб кетди.

Уйга чиқиб келдим, дилгир, бесабр,
Ҳали уйғонмабди Сурайё, Собир.


Аёл ошхонада ғимирлаётир,
Кичкинамиз энди қимирлаётир.


Телефонни топиб рақамлар тердим,
Тонгнинг рўйхатида бормикан девдим.


Аммо жавоб йўқдир, ухлаётгандир,
Балки нонуштасин қилаётгандир.


Кўнглида кимлардир бордир эҳтимол,
Эй, дунё, шундай гул пойингда увол…


…Сўнг аёл юзига солдим-ку разм,
Қоши аросинда шубҳакор базм.


Кўзимни деворга, суратга олдим,
Бир тонгда шунча кўп уқубат қолди.


Эрта уйғонишда шундай сир бордир,
Ухлаб ётганларга не фарқи бордир.


Борнинг йўққа саховати кўрилади


Одамзоддан ўтар бўлса зироатга,
Зироат ҳам шукр этмаса ҳайвонзотга,
Ҳайвон тилов қилолмаса ҳашоратга,
Бу тилсизлар ҳад билмаса қадим Додга,
Ва ё энди туғилажак зурриётга,
Ризқ-насиба ҳикмат учун берилади,
Одамзодни иззат қилиб турилади.


Ўсаётган, донлаётган, шоналаган,
Пар чиқарган, тухум ёрган, болалаган,
Она ерни ўз тарҳида хоналаган,
Қурсоғини довуллардан паналаган,
Худо амр қилган тилда аллалаган,
Яралмишга қанча имдод берилади.
Борнинг йўққа саховати кўрилади.


Мен кўргандим: қишда қорли қирдан ошиб,
Отам гоҳо кетар эди буғдой ташиб,
Парранданинг, чумолининг донга шошиб,
Келганини кўриб, кўздан меҳр тошиб,
Қайтар эди, мамнун-мамнун эгиб бошин,
Саховатки, сўрмаганга берилади,
Бандасига фалаклардан буйрилади.

Она ерга уруғ эмас, ният қарор,
Хайр билан бани одам олмиш барор.
Бухорийнинг айтмишлари этар бедор:
Саховатда бермоқ бору йўқмиш сўрор,
Ёмғирни ҳам санайдиган фаришта бор!
Бул ҳисобдан аршда мезон юрилади,
Саховатлар саховатга берилади.


Бойсундаги Чоштепада шундай бўлган,
Бир хасиснинг хирмонига Хизр келган.
“Бободеҳқон, хайр қил!” деб имо қилган,
Ул шўрликнинг тор хуржуни тошга тўлган –
Шул оқшомда хирмон тупроқ бўлиб қолган,
Банда боши ўз тошидан ёрилади,
Минорамиз қўлимиз-ла терилади.


Ҳисоб шундай: мисқол берган, олар ботмон,
Она халқим, муаллимим, умри достон.
Бағри кенгим, тўқ назарим, тоза имон,
Элга берсин, эл қатори менга ҳам шон,
Дея ният қилиб турган беминнат жон,
Олиб-сотар бу оламда танти деҳқон,
Нон-туз берган, илм берган – берилади,
Шараф деган қўрғон қийин қурилади.
Саховатлар саховатга берилади.


* * *
Шоирлар – шамолнинг авлодларидир,
Изтироб туфайли ерга боғланган.
Мангу соғинчларнинг қанотларидир,
Ҳеч ким куймас ўтда алар доғланган.


Ғусса қўшиғининг давоми улар,
Кўп хиргойи бўлган, лек айтилмаган.
Ҳайрат дарчасидан боққан кўзларга
Улар муҳр босган, қайд этилмаган.


Шоирлар Исонинг ҳасрат хочини
Елкалари билан олиб юрарлар.
Осмон бор, замин бор киприкларида
Шул сабаб дунёни аччиқ севарлар.


Шоирлар шамолнинг авлодларидир,
Қўл ушлашиб турган юлдузлар айтсин.
Биргина шу ғамнинг ниҳояси йўқ,
Бегонаси ҳам йўқ – шу шамол қайтсин.

Шоирлар дунёга ўзлари эмас,
Ошиқлиги бошлаб келаётирлар.
Улар яшамаган дунёда асли,
Ўнг келмас тушларни кўраётирлар.


Шоирлар – оламнинг дилгир юраги,
Дунё – қадим напрач, тураверади.
Шамол ва шоирлар руҳи тирикдир,
Дунёнинг юраги ураверади.


* * *
Кошки, тушунмасам, кошки сезмасам,
Кўзларин тубида маккор бир севинч.
Истиғноларида, ёлғонларида
Соғинч, алам, ҳамда туганмас ўкинч.


Кошки, нигоҳида кулги шаклида
Қўрқув ва задалик бўлмаса эди.
Кошки, “Чин ошиқлар бор”, деб ёлворган,
Менинг юрагимни тингласа эди.


Кошки, кўзларининг туб-тубларида,
Музлаб ётмасайди бахтсиз ошиқлар.
Кошки, лабларидан учган оҳларга,
Қўшилиб чиқолса дилдан оғриқлар.


Кошки, чин бўлсайди унинг кўзёши,
Кошки, кўзёш таъмин билмасам эдим.
Йўлимиз кесишган маст оқшомларда,
Мени мошин уриб – кўрмасам эдим.


Кошки, тушунмасам эди, унинг ҳам,
Қалбининг бир чети қоронғи, яра.
Ахир, менинг додим етиб боргунча,
Қанча майхона бор йўлимда, қара.


Майли, кетаверсин… ҳа, кетаверсин,
Тўзонлар чулғаган ҳаёт бағрида.
Мен эса қалбимни куйлаб ўтаман,
У йиғлаб туради дилнинг қаърида.


Шу ўзи етади… кошки шу етса.
Унинг-ку овунчи бордир шубҳасиз.
Лекин юпанчи йўқ, буни биламан,
Қолганини билиб нима қиласиз?!


Йўлчи


Бу оламда ёй тортдим – у оламда кутяпман,
Бағри минг ямоқ ҳаво! Мен ҳам бағринг йиртяпман,
Юлдузни ялаб ўтдим, ойни тилиб ўтяпман,
Ҳувуллаб қолаяпман, шувуллаб кетаяпман,
Отилган томонимдан қаранг – қандай ботяпман,
Бошланган замонимдан боқинг, қандай битяпман,
Елкамга тор келяпти – шеърдан чиқиб кетяпман,
Бу оламда ёй тортдим – у оламга тушгайман,
Узоқ сўйлашмай юрдим, боргунча ярашгайман.


Қанотим толмасин деб, фақат юракни олдим,
Юрак чанқамасин деб, тоза тилакни олдим,
Туҳфа кутманг, аё дўст, фақат “керак”ни олдим,
Қоронғи томонимни тошга уриб ёқолдим,
Қўрқув ғорида эдим, чақирган ким – чиқолдим,
Қарсиллади бандларим – билмам, қайга йўқолдим,
Жўнаганда кўп эдим, энди бир ўзим қолдим,
Йўлга олдириб қўйдим, боргунимча қўшгайман,
Ўрнин тўлдиргунимча ҳисобдан адашгайман.


Юрак! Бир дам қўнайлик, қара, ой тўлган экан,
Авваллар ҳам кимнингдир излари қолган экан. Воҳ!
Биз етиб келгунча ой ҳам соб бўлган экан,
Қўнгудай жой қолмабди – юрагим билган экан,
Йўлчининг муроди – йўл, тин олмоқ бекор экан,
Борлигини билганлар бор умри бедор экан,
Топмасам ҳам майлига, у барибир бор экан,
Изламайман – топгайман! Унгача адашгайман,
Шувуллаб кетаяпман, ул томонга тушгайман…


Ой
1
Денгизларни чақиради ой,
Ёлғизларни чақиради ой.
Ердан зада, қанотсизларга
Таскин тилаб ҳайқиради ой.
2
Эшитгандим уста мергандан,
Тақдир одил ўйин тузаркан:
Етим қолса кийик боласи,
Тунда уни ой эмизаркан.


* * *
Илк қадаҳ қуйқа бўлур, илк қадам расо эрмас,
Кўнгил бир оғриб олмай, ёноқларга сел келмас,
Худодан хабар олмай, Худо ҳам хабар олмас,
Не истаса етгайдир – етгиси келгандан сўнг.


Қорлар кураб беҳуда, сустхотинни ҳам алдаб,
Бу дастурхондан туз еб, ўзгани дуо айлаб,
Бул хомталаш очуннинг бекорга бахтин бойлаб,
Денгиз ҳам кетар экан, кетгиси келгандан сўнг.


Ҳулкари пешин бўлган, шамоли қайтиб келган,
Қайтмайдиган авлоднинг санамлари йиқилган,
Билиб, кулиб турарлар, кўксини симоб тилган,
Ёлин ҳам тутолмайсан, кетгиси келгандан сўнг.


Сув босиши шарт эмас, шарт эмасдир довуллар,
Шум кўргилик энг аввал юракларда увуллар,
Ўз-ўзидан бўшалиб кетавераркан қуллар,
Саҳро ҳам юта олар, ютгиси келгандан сўнг.


Бу қонга асрларнинг кири кетди қоришиб,
Ўзи суяб қолмаса тўхтамайди нурашим,
Хоҳ Қуръонни куйдир, хоҳ масжид қур пойгалашиб,
Ортига қайтмас қуёш – ботгиси келгандан сўнг.


Не асрки мушк-атир сепиб алдаб турибди,
Асл бўйини сезиб – кўнглим ўйнаб турибди,
Бир қултум тоза ҳаво сўраб, йиғлаб турибди,
Олмасанг ҳам сотарлар – сотгиси келгандан сўнг.


Илк жомни кўрган эдим, ютган эдим бир ҳовуч,
Илк қадамларин кўриб, кўзимдан сизган севинч,
Қўй, кўнглимга беҳуда ташлама ёлғон овунч,
Тил ҳам тойиб кетади – айтгиси келгандан сўнг.
Не истаса етгайдир – етгиси келгандан сўнг.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil