Тошпўлат ТУГАЛОВ – 1964 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг(ҳозирги СамДУ) ўзбек ва тожик филологияси факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг“Мужда”, “Кечиккан жавзо” номли шеърлар тўплами, “Бир куни мухбирлар…”, “Қаламниқадрлаб…” ҳангома, эссе, “Таниш чеҳралар” очерк ва интервьюлар, “Умр зийнати”,“Қаҳрамонлар мангу яшайди” бадиий публицистик китоблари чоп этилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени
соҳиби, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов «Самарқанд адабий муҳити
муттасил ривожланиб, такомиллашмоқда» номли мақоласида “Самарқанд адабий
муҳити тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Бу адабий муҳит, айниқса,
темурийлар даврида гуллаб яшнади, жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлди. Тасаввур
қилиб кўринг: қайси адабий муҳитдан Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий,
Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек мутафаккир шоирлар етишиб чиққан? Фақат
ва фақат Самарқанд адабий муҳитининг мазкур даъвога маънавий ҳақи бор, деб
ўйлайман.
Ўтган асрнинг йигирманчи-қирқинчи йилларига келиб, Самарқанд адабий
муҳитида Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Садриддин
Айний, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов каби ижодкорлар номи
кўрина бошлади. Номлари зикр этилган олиму адибларсиз эса йигирманчи аср
ўзбек адабиётини ҳам, адабиётшунослигини ҳам тасаввур этиб бўлмайди.
Бу жараён ҳеч қачон сўнмаган, тўхтаб қолмаган, балки тараққий этган, муттасил
ривожланган. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, Воҳид Абдулло, Орифжон
Икромов, Нуриддин Шукуров, Ботирхон Валихўжаев, Ғайбулла ас-Салом, Барот
Бойқобилов, Душан Файзий, Омон Матжон каби Самарқанд адабий муҳитининг
дарғалари майдонга чиқди”1.
Нуриддин Шукуров ёшлигиданоқ адабий муҳит ичида улғаяди, чунончи,
мумтоз адабиёт ва замонавий ўзбек шеъриятини билиш баробарида дунё адабиёти
вакиллари ижоди билан ҳам чуқур танишиб борган. Айниқса, қардош халқлар
адабиёти вакилларини ижоди, асарларини ўқиб, адабий жараённи мунтазам кузатиб
камол топади.
1 “Янги Ўзбекистон” газетаси. 2022 йил, 8 январь. 8-бет.
Мунаққид олим мамлакатимиздаги адабий жараённи кузатиш, талабаларга
адабиётшунослик сирларини ўргатиш, илмий-ижодий мақолалар ёзишдан ортиб
ўзи ҳам шеъриятда қалам тебратиши Нуриддин Шукуровнинг ниҳоятда нозиктаъб
ва катта иқтидор эгаси бўлганидан далолатдир. Олим ўзининг “Поэтик мазмун ва
бадиийлик проблемаси” мақоласида: “Ғоявий-бадиий жиҳатдан мукаммал бўлган
шеър ёзиш учун шоир, энг аввало, кучли поэтик фикрлар, таъсирчан лирик гаплар
ёки характерли типик лавҳалар, ўткир фалсафий мулоҳазалар, хуллас, ҳаяжонбахш
ва теран мазмун топиши лозим”2 деган фикрни айтар экан, назмий асарларида ўзига
ҳам шу талабни қўйиб шеърлар битади.
Нуриддин Шукуров табиатан мутойибага мойилроқ, хушнуд бўлганлари ва
бошқаларнинг ҳам хуррам бўлишини истаганлари боис бўлса керак, шеърларига
“Хушнуд” тахаллусини танлаганлар. Шавкат Воҳидов, Мавлон Жўрақулов,
Раҳматилло Қўнғуров, Ботурхон Валихўжаев каби қатор тенгдош ва сафдошларига
атаб ёзган мувашшаҳ шеърларида дўстлар қувончини ўз шодлигидек қабул қилган
лирик шахснинг хушнудлик кайфияти бўртиб кўринади. Мазкур шеърлардаги
оригинал ташбеҳлар, ифори тоза тасвирий ифодалар, ҳаётий факт-деталларнинг
изчил тарзда поэтик ғояни очишга йўналтирилганлиги, бадиий ҳақиқати ва поэтик
таъсирдорлиги билан китобхон қалбида ойдин ҳислар уйғотади.
Нуриддин Шукуров олим сифатида Ғафур Ғулом шеъриятини, поэтик услубини
ҳар томонлама тадқиқ қилган эдилар. Шу сабаб бўлса керак, Нуриддин Шукуров
шеърларида масаланинг моҳиятига фалсафий ёндашиш, бугун ва кечани параллель
ҳолда бадиий идрок этиш, арзимасдек туюлган хусусий ҳодисалардан кучли
умумлашмалар чиқариш каби Ғафур Ғулом услубига хос ҳаётбахш анъаналар
таъсирини илғаш мумкин.
Масалан, “Тўлқин” номли шеърда тўлқиннинг қирғоққа урилиши тасвирланар
экан, ўзгараётган ва ўзгариши кутилаётган табиат манзараларининг ҳаётий
деталлари лирик қаҳрамон кечинмалари вобасталигида изчил кузатилади:
Борлиқ сокин, денгиз ҳам сокин,
Фаранг янглиғ товланар майин.
Эркаланар қуёш тафтида,
Жилваланар нур эмган сайин…
Ана шу табиат манзараси лирик ифодага тортилиб, катта ҳаётий ҳақиқатни
поэтик идрок этишга йўл очади. Шеър давомида бебош шамоллар бош кўтариб,
беаёв тўлқинларни шиддат ила қирғоққа уриши, бир лаҳзада сокин денгиз қўйнида
ғалаён кўтарилгани ишонарли деталларда тасвир этилади. Шеърни ана шу
ўринда тугатиш ҳам мумкин эди, чунки табиат ўзгаришларини якунловчи, шеърга
хулоса бўларлик банд мавжуд. Бироқ, шеър давом этади, пейзаж тасвири инсон
тақдиридаги ғалаёнларга, ҳар бир тирик жон ҳаётида учраб турадиган қисмат
гирдобларига қиёсланади:
Шундай ўзгаришда бу моддий дунё,
Баъзан уйқудаги гўзалдай дилдор,
Ғафлатда қолмагин аммо, дўстгинам,
Баъзида беаёв тўлқинлари бор.
2 Н. Шукуров. “Бу олам саҳнида” китоби. 32-бет.
Шукуров ижодий меросида марсия шеърлар ҳам анчагина. Кўнгилга яқин
дўстлар, устозлар, шогирдлар фироқи бу дунёнинг паст-баландини англаган,
кўнглини маърифат нури билан тўлдирган адиб ижодида беиз кетмади:
Дунёнинг гултожи асли инсондур,
Лекин шу гултож ҳам омонат жондур,
Қанча улуғ зотлар ерга ниҳондур,
Кўзим гирён, юрагим қондир…
Улуғ Турсун, Воҳид Абдулло, Мухтор Вали, Ҳусайн Ризо, Худойберди Дониёров,
Ҳамдам Бердиёровлар фироқи лирик “мен” қалбидан ана шундай аламнок
мисралар ила силқиб чиқади. Лирик қаҳрамон ўйларини поёнсиз фарёд, интиҳосиз
ҳасрат чулғайди. Ҳар бир сўз, ҳар бир ибора, ҳар бир мисра жудолик жавридан
бўзлаётгандек, айрилиқ аламларидан сўзлаётгандек.
Ота учун фарзанд, устоз учун шогирд доғидан ортиқроқ мусибат бўлмаса керак.
Нуриддин Шукуровнинг илмий раҳбарлигида фан номзодлари даражасига эришган
шогирдлари Тошпўлат Ҳамид, Асқарали Шаропов, Илҳом Ҳасановлар бу фоний
дунёни бирин-кетин бевақт тарк этдилар. Бу йўқотишлар устозга оғир зарба бўлди.
Нуриддин Шукуровнинг айниқса, жуда боғланиб, меҳр қўйган шогирди Илҳом
Ҳасанов хотирасига бағишланган “Илҳом хотирасига” марсияси дард ва ҳасратга,
қайғу ва ситамга тўла:
Таянчим эрди Илҳомим, таянчимдан жудо бўлдим,
Қувончим эрди Илҳомим, қувончимдан жудо бўлдим.
Жаҳондин ўтса устозлар, қолур шогирду мумтозлар,
Юпанчим эрди шу сўзлар, юпанчимдан жудо бўлдим…
Ҳаётда устоз учун энг оғири таянчи ва қувончи бўлган баркамол шогирдидан
айрилиш бўлса керак. Бу жудолик Нуриддин Шукуровни қаддини ва руҳини букиб
қўйди. Шоир илм ва ижод оламида ном қозонаётган талант эгаси, “ганжи”дан жудо
бўлганини хотирлаб, ҳам устоз, ҳам ота ўрнида қаттиқ “оҳ” чекади:
Жаҳонда бунча офат кўп, тасодиф кўп, фалокат кўп,
Ёвуз, маъшум ҳалокат кўп, ишончимдан жудо бўлдим…
Шеър оний кайфият маҳсули. Бироқ ана шу оний кайфият лирик қаҳрамоннинг
маънавий-интеллектуал қиёфасида, ички руҳий оламидан дарак бериб туради.
Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, шеър шоир қалбининг таржимаи ҳолидир.
Инсоннинг биографияси саналар, рақамлар, фактлар билан чамаланса, қалбининг
биографияси кечинма-туйғулари билан, шодлигу қайғулари билан намоён бўлади.
Нуриддин Шукуровнинг академик, устози Воҳид Абдуллаевга бағишлаб
ёзган “Воҳид Абдулло қани?” шеъри ҳам марсиянинг етук намунаси бўлиб,
шеърда Самарқанд адабий муҳитининг ёрқин намоёндаси бўлган меҳрибон
устоздан айрилиш қайғуси, олим ва нуктадон, хушкалом инсоннинг улуғ қиёфаси
гавдалантирилади:
Тариху меросга ул шайдо қани?
Сўзга моҳир, нуктадон усто қани?
Хушкалом, хушхулқу, хуш имло қани?
Ўртанур дил, Воҳид Абдулло қани?
Во дариғо, во дариғо, во дариғ.
Мунаққид шоир сифатида шеърий жанрларнинг деярли барчасида қалам
тебратиб, ўз салоҳиятини кўрсатади. Мумтоз адабиёт намуналаридан саналган
ғазал (“Кавказни кездим”, “Илҳом хотирасига”) ва муҳаммас (Машраб ғазалига
мухаммас) шулар жумласидан.
Туркий шеърият қадимдан драматик, трагик ҳолатлар тасвирига мутойиба
оҳангларини уйғунлаштириб келади. Николай подшо ҳақидаги, дашноқлар қирғини
ҳақидаги халқ қўшиқлари бунга мисолдир. Нуриддин Шукуровнинг баъзи бир
қайғули, элегиянамо шеърларида биз ана шундай оҳангларни учратамиз. Ижодкор
оғир бетоб ётганида турли хил тушкун ўй-хаёлларга боради, дарднинг зўрайишидан
зўрға нафас олади. Шундай пайтларда ҳар бир оилада бўлганидек оила аъзолари
ўртасида “бир гaп бўлса…” нима қиламиз қабилидаги саросималик бўлади. “Бир гaп
бўлса…” нималигини тушунмаса-да, болалар ҳам бундан хабардор бўлишади. Шеър
бобо ва неваранинг суҳбатидан ташкил топган. Етти яшар Юлдузхон мактабдан
келиб, бобосининг ҳолидан хабар олади-ю, “Бир гап бўлса, мени чақиринг” деб ўз
ўйинига андармон бўлади:
– Қизалоғим, ҳозир сенсан шифокорим,
Бирор гапим бўлса, сенга айтаман.
Ҳар соатда ўлим комига тортар,
Худо сақлаб қолар, зўрға қайтаман…
“Мен уйда ёлғизман” шеъри
Лирик “мен” энг оғир вазиятда ҳам чимдим мутойибаси билан кўнгилларга ёруғ
нур олиб киради, ундаги ҳаётбахшлик, эртанги кунга умидвор қараш шеърхонга
юқади.
Нуриддин Шукуров мумтоз адабиёт билимдони ва аруз вазни қоидаларини
яхши билган, анъанавий услубдаги шеърий жанрлардан замон эврилишлари, рўй
бераётган воқеа-ҳодисалардан поэтик хулосалар чиқаришда ўзи ёзган шеърларида
унумли фойдаланган. Унинг Машраб ғазалига муҳаммаси шу жиҳатдан ўз қадрқимматини йўқотган эмас:
Зайли замон деб тондик илоҳдин,
Иллат қидирдик, дўппи, кулоҳдин,
Шавқат тилармиз энди Худодин,
Осий қулингман, ботиб гуноҳдин,
Астағфирулло айтголи келдик.
Мунаққид шоирнинг юқорида таъкидланганидек, лирик асарлари билан бир
қаторда юмористик шеърлари ҳам мавжуд. Бу шеърлардан бири яна Кавказ саёҳати
таассуротлари ва шу халқ оғзаки ижоди мотивлари асосида яратилган. “Ёшлик
булоғи” шеърида ёши ўтиб қолган чол ва кампирнинг ёшариш истагида бошидан
кечирган воқеалар қувноқ ва ибратли ривоят тарзида қаламга олинади. Шоир
қадимий ва анъанавий мавзуга янги мазмун ва ифода бағишлайди. Кампирининг
ёшариш истаги учун гиёҳ териб келишга чиққан чол булоққа дуч келиб чўмилиб
чиқадида, анча тетиклашади, ёшаради. Гиёҳлардан мақсадига эришмаган кампири
туни билан ухлолмай, чоли айтган сирли булоққа жўнаб қолади. Чол ҳам ноилож
унинг ортидан боради.
Борса булоқ қирғоғида,
Кенг куйлакда қиз бола.
Эркаланиб ётар эди,
Юзи қизил, қош қара.
Чол пайқади. Кампир қурғур
Топдим деб шифо булоқ.
Ичавериб, ичавериб
Бўлиб қопти қизалоқ.
Чол кўп кутган кампирининг
Ажинлари кетишин.
Энди эса кутар бўлди,
Балоғатга етишин.
Шоир гўзал ва ҳаётий мантиққа асосланган шеърини шу ерда яхлит фалсафий
кинояли юмористик хулоса билан тугатиши мукин эди. Бироқ, ушбу ривоят
якунидан ўзига хос яна бир оқилона поэтик мазмун чиқарадики, бу ҳам жуда
ҳаётий хулоса бўлиб, беихтиёр “Ёшлик булоғи” мукаммал мазмунга эга шеър
экани, халқнинг доно ўгитлари-меъёр ва вақт қадри шеър замирига усталик билан
киритиб юборилганига амин бўламиз. Катта маънавий озуқа оламиз.
Адабий жараёндан маълумки, бадиий таржима билан шуғулланмаган ёзувчи ёки
шоир йўқ. Адабий танқид вакилларининг таржима билан машғул бўлишлари янада
қизиқарлироқ жараёндир. Озод Шарафиддинов дунё адабиёти вакилларининг
биографик қиссалари, адабиётга оид мақолалларини маҳорат билан таржима
қилди. Иброҳим Ғафуров ҳам жаҳон адабиёти дурдона асарларидан таржима қилиб
китобхоналар ҳурматига сазовор бўлди. Шу сингари Нуриддин Шукуров учун
ҳам таржима мактаби янги ғоялар ва илҳом манбаи, ижодга рағбат вазифасини
ўтагани шубҳасиз. Расул Ҳамзатовдан қилинган таржималар ўқувчига ватан ва
ватанпарвалик, мардлик, юрт соғинчи, урф-одатлар, қадриятлар улуғлиги ҳақида
муайян тушунчалар бериш билан бирга китобхонда янгича нуқтаи назарлар,
миллий ўзига хослик, ғурур пайдо бўлишига хизмат қилди.
Нуриддин Шукуров Расул Ҳамзатовни асарлари – саккизликлар, битиклар,
сонетлар орқали ўрганар экан таржимонлик салоҳиятини ҳам кўрсата олди.
Кавказ халқларининг ёрқин миллий анъаналари, урф-одатлари, шеъриятини яхши
биланлиги учун машҳур шоир шеърларини рус тилидан таржима қилиб ўқувчилар
эътиборига ҳавола этади. 1982 йилда Расул Ҳамзатовнинг ўзбекчага ўгирилган
шеърлари “Бир хонадон фарзандлари” номи билан чоп этилган. Унда Нуриддин
Шукуров томонидан ёзилган “Доғистон лочинининг парвози” номли сўзбошиси
ва у таржима қилган 29 та сонет ва саккизликлар, еттита битик ўрин олган. Расул
Ҳамзатов ижодининг миллий ўзига хослигини таъминловчи, тоғликлар кайфияти
ва характерини ифода этувчи “Эшиклар ва дарвозалардаги битиклар” туркумидан
баъзи шеърларни Нуриддин Шукуров таржимасида мутолаа қилиш танқидчининг
таржимонлик маҳорати юксак эканини кўрсатади.
Нуриддин Шукуров илмий-ижодий фаолиятига баҳо берилишида олимнинг
ёш авлод вакиллари, иқтидорли қаламкаш ёшлар, ўзбек адабий муҳитига қўшган
ҳиссаси ҳақида гапирмай илож йўқ.
“Шалола”нинг дастлабки машғулотларида Қамбар Ўтаев, Мукаррама
Ғаффорова, Аҳмад Аъзам, Ўткир Раҳмат, Жонибек Субҳон, Ҳабиб Темир, Асад
Дилмурод, Хосият Бобомуродова, Кубарро Баҳромова, Суръат Орипов, Нормурод
Нарзуллаев иштирок этган бўлса, бу адабий тугаракдан кейинги даврларда
Уллибиби Отаева, Исмат Санаев, Бибисора Туробова, Эркатош Шукурова, Фармон
Тошев, Илҳом Ҳасанов каби истеъдодли ижодкорларни етишиб чиқди. 1980–1990
йииллардаги университет талабалари, бугун эса элга таниқли шоирлар – Омоной
Раббимова, Карим Баҳриев, Фахриёр, Муртоза Қаршибоев, Жумагул Сувонова,
Тошпўлат Ўрхун, Дилором Исмоилова, Ориф Ҳожи, Абдували Эшқобил ёзувчилар
Каримберди Тўрамурод, Баҳодир Қобулов кейинги авлод вакиллари – ёзувчи ва
шоирлар, журналистлар Уйғун Рўзиев, Зуҳрабегим Эшонқулова, Феруза Тоғаева,
Азамат Қоржовов, Муҳаббат Тўхташева, Нодир Жонузоқ, Ориф Тўхташ, Воҳид
Луқмон, Умид Али, Холиёр Сафаров, Абдулла Чимирзаев каби оловқалб ижодкор
ёшлар етишиб чиқди.
Адабиётимиз тарихида “Чиғатой гурунги” адабий тўгарагидан сўнг бирор
тўгарак “Шалола” сингари довруғ таратмаган. “Шалола” ҳозир ҳам адабий жараён
марказида, кўплаб истеъдодларни юзага чиқариш, ижодга рағбатлантиришга
хизмат қилмоқда. Бу ҳам Нуриддин Шукуровнинг ҳаётий мақсадлари, хайрли иши
адабиётга ҳануз хизмат қилаётгани, ижодининг бардавомлигини билдиради.
Шу боисдан иттифоқ давридаги таниқли, асарлари довруқ ёйган адиб ва
шоирларни албатта, Самарқандга келишларини уюштирар, ижод аҳли билан
қизғин мулоқотлар, талабалар иштирокида адабий кечалар ташкил этарди. “Расул
Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Давид Қўғилтин, Собит Муқонов, Ойбек, Ғафур Ғулом,
Абдулла Қаҳҳор, Иброҳим Мўминов, Евгений Евтушенко… Мана Шукуровлар
хонадони меҳмонларининг энг камтарин йўқламаси!”3
Нуриддин Шукуров бутун ҳаёти давомида адабиёт ичида яшади. Адабиётнинг
бош вазифаси – сўз воситасида гўзаллик яратиш, комил инсон тарбияси,
қалбни тозалаш эканини уқтириш, адабиётга хизмат қилиш билан ўтди. Элнинг
маънавияти – ижодкор масъулияти эканини ўз тадқиқотларида қайта-қайта
исботлади.