Гулжамол АСҚАРОВА – Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори. 1978
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетини тамомлаган. “Дил фасли”, “Уйғотувчи алла”, “Ошиқлар тумори”,
“Эркалик имтиёзи” сингари китоблари нашр этилган.
Таржимаи ҳол
Мен одамларга мени сарфлашлари учун имкон бераман…
Масалан, сувни ичиб тугатганлари каби мени ичарлар…
Мен одамларга
мени (су) истеъмол қилишлари учун шароит яратаман…
Токи, ҳузурлансинлар,
етмиш икки минг томири қадар етиб борсин лаззатнинг таъми…
Мени еса бўлар бемалол.
Мен атрофимдаги ҳаммага
мени топтап ўтишни ўргатаман,
Худди майсазорни, бедазорни босиб ўтиш мумкинлигидек…
Мен мени севгану севмаганга,
қондошу қондошмасга,
диндору динсизга
изн бераман,
Устимдан кулишга,
Чаплин каби маъюс ва дилгир…
Сўлган гул,
Тугаган эҳтирос,
Эскирган маъшуқадан
воз кечиб кетиш табиийлиги каби
ташлаб кетишни фожиа билмасликни ўқитаман…
Барча боғларнинг яшил баргларини сарғайтириб кетар куз,
Бу дунёда ҳар не ҳилқат ўз вазифасин бажарар…
Мен бу қоидасиз қоидага кўнганман, кўникканман.
Мени тугатинг…
Рақс
Ҳар гал бир бўшлиқ истайман,
ҳеч кимсиз, ҳеч нарсасиз бир бўшлиқ.
Кейин, у бўшлиқни тўлдирмоқ истайман…
Экранларни тўлдириб, бахт ва бахтсизлик, ишқсизлик
оқибатлари ҳақида гапираман…
Қайтаётиб, таксига ўтириб куламан,
Ўзимнинг устимдан, албатта…
Ишга бораман,
Мажлисларда ўтиради сувратим.
Чўкиб бораётганим ҳақида
эслагиси келмас сувратимнинг ҳам…
Тўйга бораман,
Кимнинг тўйи эди?
Кетаётиб эслашга уринаман.
Бораман, кимнинг тўйи эканининг нима фарқи бор аслида…
Ўзим бахтга ишонмасамда,
бахт тилайман,
ҳаммага жўр бўлиб.
Қўлларимни баланд кўтариб ўйнайман,
Учгим, учиб кетгим келаётганини яшираман ўзимча.
Ўзимча,
аллақачонлар севганларим ёдидан ўчганимни,
Энди аввалгидек севилмаслигимни,
Ҳеч қачон ҳеч кимга суяна олмаганимни,
Ва ўз тақдиримни яшамаётганимни,
Аслида тақдирим йўқ эканини,
Ёлғизлик ҳаммасидан яхшилигини,
Ҳамма-ҳаммасини яширмоқчи бўламан.
Бахтли аёллар рақсга тушолмайдилар, ишонинг!
Мени тўйингизга айтинг,
Рақсга тушиб бераман.
Қайғули табассум ёки сўнгги актёр ҳақида
У мени севмайди! Яхши биламан.
Лек, аъло ўйнайди ошиқ ролини.
Менам мийиғида кулиб қўяман:
Кошки эди кўксимнинг зангларини юволсам
Кўнглини севаман, кўнглини!
Ҳаётим саҳнаси жозиб кўринар,
Гарчи сингган унга бир улуғвор ғам.
Фақат билмайдики, бу мумтоз ролни,
Бошқалар ўйнаган ундан олдин ҳам.
Лекин…
Маним саҳнам тобора ғариб,
Уни чорлар жозиб бошқа саҳналар.
Мени эса чорлар чорасиз, мунглиғ,
Даҳмалар!
Билади, кўнглимни азал ишқ, хўрлик,
Тўфонлар емириб еганлигини.
Ва яна билади, бу ролда ўзи,
Энг сўнгги актёрим эканлигини.
У мени севмайди, яхши биламан…
Парвоз соғинчи
Мен умримни қушларга дон каби сочиб бердим,
Урвоғу ушоқ экан, нон каби сочиб бердим,
Ва қушларга дунёнинг эшигин очиб бердим!
Хайр-хўш ҳам айтмайин қушлар учиб кетдилар.
Бир ютум ҳаққим билан бир дунё бахт изладим,
Йиртиқ ковушим билан бир тилло тахт изладим,
Қуёшдек қизиб бордим, қайтаримда музладим!
Кафтимга куҳ-куҳласам музлар кўчиб кетдилар.
Йигитнинг белбоғида кўзимни боғлади ишқ,
Қизиган темир босиб, кўксимни доғлади ишқ,
Ўша доғлари ичра кўнглимни чоғлади ишқ,
Нақшлар қолди фақат, доғлар ўчиб кетдилар.
Дунё ноғорасига ўйнаб-ўйнаб чарчадим,
Бармоғим қарсиллатиб, қийнаб-қийнаб чарчадим,
Кулолдек хом лойимни ийлаб-ийлаб чарчадим,
Қайтиш хабарин берсам… руҳлар чўчиб кетдилар.
Шу қирқ йиллик сайримда сайёраларни кўрдим,
Оқ булутларни ўпган тайёраларни кўрдим.
Овга чиққан овчимни кийикдек кутиб турдим,
Овчим эса қонимни ичиб-ичиб кетдилар.
Барибир бу дунёга келганим яхши бўлди,
Келмаслик яхшилигин билганим яхши бўлди,
Бору борлиғим аро парвоз соғинчи тўлди,
Руҳимнинг занжирини қушлар ечиб кетдилар.
Қушлар учиб кетдилар.
Бу ишққа
Жомман! Кут, тўлгунимча,
Сен йиғла кулгунимча,
Чекайин ўлгунимча,
Гар ишқинг зулм бўлсин.
Ишқим ҳайф, увол мени,
Висолим завол мени,
Ҳой, йўлингга сол мени,
То йўлинг, йўлим бўлсин!
Айт, нега жоним бўлдинг,
Жону жаҳоним бўлдинг,
Сенку султоним бўлдинг,
Ҳисларинг қулим бўлсин!
Ўртамизда тоғ қолди,
Сендан қалбда доғ қолди,
Мендан сўлғин боғ қолди,
Боғларинг сўлим бўлсин.
Балиқ бўлай, тут мени,
Ё балиқ бўб ют мени,
Бор… дўзахда кут мени,
Бу ишққа ўлим бўлсин!
Такбир
Лайлатул қадрларда суралар ўқиб ётсам,
Қалбимда ишқ аталмиш занжирлар тўқиб ётсам,
Бу девона руҳимни қуш каби чўқиб ётсам,
Шунда сен келармисан, айт,
шунда сен келармисан?
Кошки эди руҳимнинг чангларини юволсам,
Кошки эди кўксимнинг зангларини юволсам,
Дунёнинг қора, чиркин рангларини юволсам,
Менга бир кулармисан, эй,
менга бир кулармисан?
Мен киролмаган уйнинг остонаси тиллодан,
“Нафс отлиқ қиз кўрдим, бўшамади яллодан”,
Кўзгуда неки кўрдим, барин кўрдим Оллодан,
Бир шафқат қилармисан, ай,
бир шафқат қилармисан?
Кошки эди кўксимнинг зангларини юволсам
Далаларга таралсам, ҳув бебош ариқлардай,
Минг биттага кўпайсам хирмоний тариқлардай,
Сув ичида сувсасам беқарор балиқлардай,
Ҳолимни билармисан, ҳой,
ҳолимни билармисан?
Бир сандиқ ясаб қўйдим Тоҳир билан Зуҳрога,
Қумларин санаб бердим саводи йўқ саҳрога,
Бирга бирга оқай деб кўп ялиндим дарёга,
Манзилим бўлармисан, ҳееей,
манзилим бўлармисан?
Ўзимнинг хиргойим
Ай руҳидан ишқ таралган ёр,
Эй, диндорнинг тасбеҳи, хочи.
Мени арзон сотган эй бозор,
Кўнглим тилин билмас тилмочим.
Эй, юраги доғсиз зоғгинам,
Овозини йўқотган жарчим.
Юрагимда қолган эй гинам,
Ўзидан бехабар хабарчим.
Ваҳ, оловсиз қолган ўчоғим,
Эй қадрли хорим, абгорим.
Ваҳ, мағзидан айру пучмоғим,
Ҳой, жонимга келган жабборим.
Эҳ, қонимга тушган эҳтирос,
Ва сабримнинг синиқ косаси.
Эй юраги музлаган хассос,
Эриб бўлган музларнинг саси.
Ҳой, бўғзимга қадалган пичоқ,
Бошимда гир айланган қилич.
Томоғимда турган ҳиқичоқ,
Эй ёлғондан авраган илинж.
Эй, кўзидан нур сочган очун,
Кўзимга ин қурган қалдирғоч.
Ҳой, парвози пастлаган лочин,
Эй, соҳибин тополмаган тож.
Оҳ, ўримга кирмаган сочим,
Ҳеч йўлига тушмаган йўлим.
Эй гадога тўланмас божим,
Эй ўлимни билмаган ўлим.
Хайр, хайр сенга қалбим қораси,
Хайр сенга, эй кибрли кўшк.
О, жаноби муҳаббат, салом,
Салом сенга эй ҳазрати Ишқ!
Ичимдаги ибодатим
Опам Гулчиройга
Опа, қўлларингни соғинаяпман
Мушфиқ елкаларимни силовчи
Меҳрибон қўлларингни…
Тинмай менга бахт сўрайсан
Худодан!
То бошинг омон экан,
Йигирма беш ёшимда англадим, опа
Бахтсизлик ёмон экан,
Бахтсизлик ёмон экан.
Опажон!
Сўзнинг орқасидан юрибсан дейсан,
Тузнинг орқасидан юрибсан дейсан.
Кўзларингга термилсам
Пешонамдан ўпасан, гўё
Бахтим қулфларини очадигандек…
* * *
Опа!
Отам қирқ йил кечган тупроқ бўлсайдим,
Онам қирқ йил ўпган тупроқ бўлсайдим.
Бахтлироқ бўлармидим?
Опа!
Отам ичган шаробнинг қуйқасича
Қадрим бўлсайди бу дунёсида.
Онам супурган хазонларча
Қадрим бўлсайди бу дунёсида
Яхши одам бўлардим, балки…
* * *
Опажон!
Саросар ўтмоқда умрим.
Тириклик шамига парвона бўлиб,
Бўғзимгача изтиробим бор,
Бўғзимгача ғамим бор менинг.
Опажон!
“Қандайсан, омонмисан”, дейсан
“Ҳаммаси яхши”, дейман жилмайиб,
Кошки эди кўксимнинг зангларини юволсам
“Ҳеч қачон ҳаммаси яхши бўлмаган”,
дейди кўзларинг…
Кўзларимни олиб қочаман.
Опа!
Изтиробга қорилмиш умрим.
Ким-кимларга улашдим-а меҳримни
Эвазига лаънатлар олдим…
* * *
Опа!
Азоблардан қорилмиш лойим,
Менга сўз дардини бермиш Худойим!
Ҳайрон бўлиб қараб турибман
Худойимга ҳам
Ўзи мен ростдан ҳам шоирманми, деб.
Опажон!
Рози қилолмаяпман отамни,
Онам мендан розимикан, билмадим.
Чумолидек уйимга ризқ ташидим.
Жаннатга айлантирай дегандим
Мен бу дўзахни…
Кўнглимда ҳеч нарсам қолмади, опа!
Опа!
Сен Самарқанддасан
Мен Тошкентдаман.
Ўртамизда масофалар залвори…
Икковимиз икки томонда
Юзланиб турибмиз Худога!
Сен менга бахт сўрайсан,
Синглим ёлғиз юрибди дейсан.
Мусофир юртларда хазоним дейсан.
Сен мени ўйлама, опажон!
Худо менга муножот лаззатин бермиш
Менда шундай нодир имкон бор.
Ҳар куни Худойим билан
Гаплашиб олиш имкони…
* * *
Опа!
Иркит бу ташвиш – тирикчилик бўлмаганда эди
Ўйламаганимда эди, юрагимдан кўра нафсимни,
Пулдан баланд қилсайди қадримни замон
Тахтлардан ҳам баланд бўлсайди руҳим,
Кишанлардан қўрқмаганда эди қўлларим…
Сиртмоқларни кўзга илмасам эди,
Азиз қилса эди бошимни Худо,
Қандоқ шоир бўлардим-а, опажон!?
* * *
Опа!
Қушларга ўхшайди укаларимиз,
Йиғлагинг келади соддалигига.
Бизнинг шу уй, шу оила,
Дўзахлари, азоблари бўлса-да,
Қашшоқликнинг нуқси келса-да, баъзан
Агар қайта дунёга келсам,
Шу уйда туғилмоқни танлардим яна,
Сенинг борлигинг учун!
* * *
Опа!
Сингилдан ҳам яқинроқ сўз излайсан,
Исм тополмайсан менга бўлган туйғуларингга,
“Яқинсан жон томиримдан ҳам”, дейсан,
Айтасан бошимни қучиб:
“Сенга бир гап бўлса, ўламан, Гули”,
Шунча йил яшаб топган меҳрим шу бўлди
менинг.
Шунчалар яшаб,
Нима топганимни билмадим.
Лекин йўқотганларимнинг жароҳати турибди
юрагимда
Илдизи қўпорилган дарахтларнинг ўрнидек…
* * *
Опажон!
Суврати малойиклардан олинган опам,
Сенинг жонбахш овозинг,
Ичингда айтган дуоларинг,
Бошимдаги бойқушларни ҳайдайди!
Бошимда бўл мудом,
Бошимда тур мудом.
Мен Тошкентдаман,
Сен Самарқанддасан!
ЖОЙНАМОЗ ТЎШАДИМ
САМАРҚАНДГАЧА…
* * *
Опажон!
Ибодатларим ҳаққи омон бўл!
Ишон, бир куни уйғонаман,
Мен бу рўёдан.
Ва бир куни бахтли бўламиз,
Акамнинг кўзидек ғамгин дунёда!
Кошки эди кўксимнинг зангларини юволсам
* * *
Опа!
Ичимда ибодат қилдим:
Азиз бошинг омон бўлсин деб!
Юрагингни топиб боргайлар,
Юрагингга ёзган хатларим.
Икки дунё асрайди сени,
Ичимдаги ибодатларим!
Сенга йўлнома
Сени соғинган одам
нима қила олиши мумкинлиги ҳақида ўйлаяпман.
Сени изласа, топа оларми?
Қошингга борса, ҳайдамайсанми?
Оҳ-зор қилиб, йиғлаб юрган маъқулми?
Осмонга, қиблага қараб қилинган дуоларим йўқликка учяпти.
Мени эшит, деб ҳайқириб юбордим, беихтиёр, кечир!
Жимлик ичра англадимки, яхшиси:
Сени кўксимда асрайман,
ичимда яшатаман, руҳимда олиб юраман.
Тоабад манзил-маконинг бўламан.
Ишқ десанг ибодатгоҳинг,
ҳаёт истасанг нону сувинг,
манзил десанг тўшалган йўлинг,
гуноҳ истасанг гуноҳинг бўламан…
Сен омон бўлсанг бас.
* * *
Азизим,
ҳаёт на яшашга, на ташлаб кетишга арзир…
Лекин, Сен яшамоққа, ўлмоққа арзийсан.
Арзирлим, арзимни эшитганинг учун раҳмат.
Ва овозсиз қолган одамдан,
яъни мендан сенга салом бўлсин.
Омон бўлсанг, бас.
* * *
Пойинггача масофа қанча, билмайман.
Кўнглинггача масофани босиб ўтолмаганман-ку…
Мен йўлларда қолган одамман.
Сени топганим буён йўлдаман.
Йўлларим аҳволи не ҳолда, билмайман.
Муҳими, сенинг йўлларинг ёруғ бўлсин.