Шоҳрух ҚОСИМОВ – 1983 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини тамомлаган. Мақолалари республика матбуотида эълон
қилинган.
Ватан ва миллат, миллият масаласи, юртга муҳаббат туйғуси ҳар бир инсоннинг
энг буюк фазилати бўлмоғи даркор. Юртга дахлдорлик ҳисси кишида ор-номус,
жасорат, ифтихор ва масъулият каби тушунчаларни ҳам ўстириши шубҳасиз.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, миллат ва ўсиб келаётган ёш авлодга
аждодларнинг маънавий меросини етказиш борасида катта ишлар амалга
оширилди. ОАВда Ватан ва миллат масаласига бағишланган туркум материаллар
бериб борилди. Бунда, албатта, зиёлиларнинг ўрни ва хизматлари ҳам каттадир.
Шулар сафида заҳматкаш олим Бегали Қосимовнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Масалан, олимнинг “Юрт шаъни-шарафи муқаддасдир” деб номланган таҳлилий,
мулоҳазага бой мақоласи “Халқ сўзи” газетасининг 1993 йил 5 июль сонида нашр
этилди.
“Ўзбекистон қиёфаси. Мозийга назар, муҳокама, мушоҳада” мақоласи 1996
йил 6 мартда “Маърифат” газетасида босилган эди. Мазкур чиқишларида олим
Ватан қадри муқаддас эканлигини баён этади ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий,
сиёсий, маънавий қиёфасини тарихий йўл билан белгилашни муҳим деб билади.
Халқимизда “Оққан дарё оқаверади”, деган ибратли нақл бор. Яъни юртимиз
ҳам маълум вақт миллий узанларидан узоқлаштирилган бўлса ҳам, аслида
миллат металитетига юртга садоқат, Алпомишу Жалолиддин Мангуберди, Амир
Темурларнинг шижоати давом этаверади. Модомики, тарихимиз буюк, Шарқ
уйғониш даврига бешик бўлган экан, келажагимиз ҳам бир куни ана шундай
марраларни забт этишига сидқидилдан ишонади.
Юқоридаги каби фикрлар 1997 йил 10 октябрда “Туркистон” газетасида
нашр қилинган “Мустақиллик айёмидаги ўйлар” номли мақоласида шоён давом
эттирилди. Мустақиллик буюк неъмат эканлиги, унга қанчадан-қанча азиз
умрларнинг фидо бўлгани, топилган озодлик ота-боболаримиз учун катта орзуармонга айланганини фактлар ёрдамида изоҳлайди.
“Фидокор” газетасининг 1999 йил 11 май сонида ҳам айни мавзуга бағишланган
йирик публицистик мақоласи нашр этилади. “Ватан, миллат манфаати муқаддасдир”
деб сарлавҳа қўйилишининг ўзиёқ унда инсоний бурчларнинг энг асосийларидан бири Ватанни севмоқ, унинг манфаатларини устун билмоққа қаратилган. Муқаддас
Ҳадиси Шарифда ҳам “Ҳуббил ватани минал иймон” яъни “Ватанни севмоқ
иймондандир” дейилади. Олим бошларида талотўпларга, инсон қадри топталган
воқеларга гувоҳ бўлган аср сўнггида туриб, миллатимиз ҳаётида маънавий
янгиланиш, маърифий юксалиш жараёнини бошлаб берган жадид зиёлиларни
эслашдан бошлайди. Жадидлар ҳаракатининг ибратли жиҳатларини ўрганишга
даъват этади.
“Турмушни янгилаш жадидларимизнинг фикру аъмоллари, мақсад-ҳаракатлари
эди. Қолаверса, “жадид” дегани шунчаки “янги” дегани эмас. Унинг маъномазмуни анча кенг. Бу сўз улуғликдан жидду жаҳдгача, бахтли бўлмоқдан
тикламоққача бўлган маъноларни қамраб олади. Янгиламоқ, таъмирламоқ шу
маъноларнинг биргинасидир. Шунга кўра “жадид” ва “жадидчилик” истилоҳ
сифатида ишлатилганида юқоридаги барча маъноларни кўзда тутганини ҳисобга
олмоқ керак”1.
Олим мазкур чиқишда жадидчиликни юзага келтирган табиий омиллар
тўғрисида тўхталар экан, XIX аср охири – XX бошларидаги ҳолатни куйиниб тилга
олади. Уч хонликка бўлиниб кетган Мовароуннаҳр, улар ўртасидаги ўзаро низолар,
дунё ўзгаришларидан бехабарлик, олиқ-солиқларнинг ҳаддан ошиб кетиши
натижасида маҳаллий халқнинг ўта қашшоқлаша бориши мустамлакачилар учун
анча қўл келган эди. Табиий бойликларга эгалик қилиш, ер-мулкдан фойдаланиш,
бўлиб ташлаб бошқариш истаги чор қўшинларининг “Иштаҳасини очиб юборган
эди”. Охир-оқибат шундай бўлди ҳам. Тил, дин, маданият, асрий урф-удумлар
четга сурилди. “Миллатнинг тақдири хавф остида қолди. Буни англамаслик
мумкин эмас эди. Чунки бу маҳдуд XVII ёхуд XVIII аср эмас эди. XIX юз йиллик,
ҳатто унинг сўнгги, дунё тараққиёт томон тик кўтарилган, инсоният осмонга
нарвон солган XX асрнинг боши эди. Жадидлар тараққиёт асосини мактабда деб
билдилар. Шунинг учун ҳам мактаб билан бевосита шуғулландилар, ўзлари дарс
бердилар. Кейин маориф ва илм-фан тарғиби, давр, қолоқлик танқиди, тўйлардаги
исроф адабиётнинг бош мавзуи бўлган эди”2. Устоз қисқа муддатда бундай катта
ҳаракатнинг майдонга келишини фидойилик деб баҳолайди. Фидойилик ҳеч
қандай бир тамасиз, шартсиз, бадалсиз моли керак бўлса жонини фидо қила
олиш жасоратини талаб этади. Жадид бобокалонларимизнинг барчасида мана шу
фазилат юксак шаклланган эди. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз ҳисобидан
газета ва журналлар, кутубхона очиб зиё тарқатишда карвонбошилик қилган
бўлса, Сиддиқий-Ажзий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов,
Рустамбек Юсуфбеков, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Ашурали
Зоҳирий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийлар ҳам газета, усули жадид мактаблари,
босмахоналар, кутубхоналарни шахсий мол-мулки эвазига барпо қилган эдилар.
Лекин булар ҳаммаси эмас, энди ўша идора ва мактабларнинг “яшаб кетиши” учун
ҳам фидойилик талаб этилар эди. Чунки янгиликка тиш-тирноғи билан қарши
бўлган қадимчилар, миллатнинг уйғонишидан хавотирга тушган мустамлакачилар
тазйиқига, калтакларига бардош бериш ҳам талаб этилди. Янги усулдаги
мактаблар очиб, миллат боласини текинга хат-саводини чиқаришга интилган
ижобий ҳаракатлар қораланди, жадид муаллимлари “Кофир, диндан қайтган” деб
эълон қилинди. Ҳаттоки жума намозларида уларни мусулмонлар сафидан айириш
бўйича ҳам фатволар чиқарилгани ҳақиқат. Бундай қарама-қаршиликларни кўрган,
1 Қосимов Б. “Ватан, миллат манфаати муқаддасдир”// Фидокор, 1999 йил, 11 май сони.
2 Қосимов Б. “Ватан, миллат манфаати муқаддасдир”// Фидокор, 1999 йил, 11 май сони.
Миллий-маънавий юксалиш
эшитган жадидчилик ҳаракатининг йўлбошловчиси Исмоилбек Гаспринсий
ҳам бир мақоласида куйиниб, “Мулла, эшонларнинг қарғишидан қўрқарларда, авлодининг жоҳил бўлиб қолмасидан қўрқмаслар”, деган эди. Масалан, 1914
йилнинг 3 январида Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси жомеида тўрт-беш
минг киши ҳузурида муаззин Аббос томонидан Сиддиқий-Ажзий ҳақида айтилган,
“Ким унинг мактабига боласини берса ўзи кофир, хотини талоқ”, деб эълон
қилинган хабарни олим надомат билан қаламга олади. Лекин жадид зиёлиларининг
асл маслагидан қийинчиликлар қайтара олмади. Масалан, Абдулла Қодирий, “Агар
Ватан учун бошим кетса, “их” дейдурган йигит эмасман”, деб баралла айтди. Айни
шу эътиқод жадид зиёлиларнинг барчаси учун хос бўлгани маълум.
“Уларнинг ўй-хаёлида биргина Миллат ва Ватан турган. Улар Миллат ва
Ватанни ҳар нарсадан муқаддас тутганлар. Тўғри, уларнинг имконияти бор эди.
Лекин ҳамма имконияти бор ҳам бу ишни қила олган эмас. Бу даврда яшаган
шоир ва ёзувчиларимизнинг аксарияти янги мактаблар очиб, дарс берганлар,
улар учун дарслик ва қўлланмалар ёзиб, ўзлари нашр этганлар, ўзлари болаларга
тарқатганлар. Аср бошидаги миллий уйғониш жараёнида миллат бойлари ҳам фаол
иштирок этдилар. Улар саховатнинг энг юксак намунасини кўрсатдилар. Миллат
равнақи йўлида маблағларини ҳам, жисму жонларини ҳам аямадилар”3. Шу ўринда
олимнинг мустақиллик йилларида ҳам мулкдорлар синфининг шаклланаётгани,
худди жадид зиёлилари каби улар ҳам таълимга, иқтидорли ёшларга ҳомийлик
қилишлари, давлатга камарбаста бўлишига оид қарашлари ҳам диққатга сазовордир.
Ҳақиқатан ҳам инсон капиталининг энг катта бойлик эканини, таълимга тикилган
пуллар эртага етук кадрлар шаклида мамлакатни юз йиллар илгарилаб кетишига
омил бўлишига ишонади. Олимнинг қарийб йигирма уч йил олдин айтиб кетган
сўзлари бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани унинг нақадар закий
инсон бўлганлигини яна бир бор исботлайди. Бегали Қосимов саховат ҳақида
гапира туриб, унинг меъёрлари, мезонлари борлигини айтади. Усти бутга зар тўн
ёпишда, қорни тўққа зиёфат беришда бамисоли қуёш ёруғига янада зиё улашаман
деб кундузи шам ёқиб юришдек мантиқсизликни кўради. “Ҳозир-чи? Ҳозирги
мулкдорларимиз ёппасига масжид қуришга тушиб кетдилар. Бу яхши, лекин ҳар
нарсанинг меъёри бўлмоғи керак-да. Илгари савобталаблар, саховатпешалар
масжид билан бирга мадраса, ариқ, кўприк, ҳовуз ҳам қурганлар-ку. Ё, боёнларимиз
қуришяпти-ю, биз бехабармизми? Чамамда, ҳали ҳам энг катта офатлардан бири
маърифатсизликдек туюлади4.
Бегали Қосимовнинг яна бир публицистик мақоласи “Ватанни нега севадилар?”
деган савол асосига қурилган. Шу саволни ўз-ўзига ва газетхонга берар экан, унинг
она каби ягоналигини кўтаринки мисралар билан эътироф этади. Саволга жавоб
бериш асносида ўзининг ички туйғуларини, Ватанга бўлган меҳрини ифодалайди.
“Чунки у онадек танҳодир, ягонадир. Чунки у биз кўз очиб кўрган дунёмиздир. Биз
вояга етган маъводир. Тоғ-тошидан ер-сувигача, сабза-гиёҳидан дов-дарахтигача
умримизга жон қадар пайванд. Чунки у бизнинг ёшлигимиз, биз орттирган дўстлар,
илк муҳаббатимиз, қувончларимиз, ташвишларимиз, бахтли-бахтсиз онларимиздир.
Бу тупроқда бизни дунёга келтирган, ақлу маърифатимизни бугунги кунга олиб
чиққан, шаъну шукуҳимизни дунёга намойиш этган ота-боболаримизнинг хокипоклари ётибди. Шунинг учун ҳам уни муқаддас биладилар, “қиблагоҳ”, “саждагоҳ”
атайдилар. “Ватан! Менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал”, дейди шоиримиз
Абдулла Орипов. “Ватан, Ватан, дея жоним танимдан ўлса равон, манга на ғам
3 Қосимов Б. “Ватан, миллат манфаати муқаддасдир”// Фидокор, 1999 йил, 11 май сони.
4 Қосимов Б. “Ватан, миллат манфаати муқаддасдир”// Фидокор, 1999 йил, 11 май сони.
Миллий-маънавий юксалиш
қолур?!” деб ёзган эди бундан тўқсон йил муқаддам Абдулла Авлоний. Тавалло эса
“Ватан” билан “жону тан”ни ёнма-ён қўллайди. “Бу Ватандандур бадан” деб ёзади
бир ўринда. Инсон борки, ватан туйғуси бор5. Қадим Турк хоқонлари тарихининг
Метехон исмли вакилининг ватанпарлигига оид ноёб ҳикоялардан бирини
маҳорат билан нутқ мазмунига сингдира олган. Душман ундан бир парчагина
ер талаб қилганида ниҳоятда дарғазаб бўлгани, ўзи истиқомат қилаётган ерлар
мозорларидаги ота-боболарининг, қиёматга қадар туғилаж авлодларининг ҳақи,
мероси эканини айтиб муқаддас жангга отланганини ўқувчига етказади.
“Ватанни севмоқ ундан шунчаки қувонмоқ, ғурурланмоқ эмас. Уни дил-дилдан
англамоқ, у билан нафас олмоқ, у билан яшамоқдир. Уни яшнатмоқ, обод этмоқ, у
учун курашмоқдир. Афсуски, ўтган асрнинг 60-йилларида Ватан билан бирга Ватан
муҳаббати ҳам биздан тортиб олинган эди. Сўнг кейинги етмиш йил давомида
пояма-поя сўндириб келинди. Миллат, Ватан тушунчалари социалистик мафкурага
мослаб чиқилди… Бугун социализм йиқилиб, у билан боғлиқ тушунчалар тумандек
тарқала бошлагач, яна ҳамма нарса асл ҳолида намоён бўла бошлади…6
“Тарихимизнинг миллий уйғониш даври деб аталган 1865–1929 йилларда Ватан
ва Миллатни англаш, мустақиллиги учун курашиш энг муҳим масалалардан бўлиб
турган эди. Хусусан, жадидлар номи билан тарихга кирган фидойи оталаримиз бу
борада катта шижоат кўрсатдилар. Замон айланиб ХХ аср сўнггида мустақилликнинг
долзарб масалалари яна кун тартибига қўйилди7.
“Қадрламоқ учун англамоқ керак” деган мақоласи ҳам публицистик руҳда ва
мазмунда бўлиб, унда ҳам Ватан, миллийлик масалалари қаламга олингани билан
характерлидир. Агар жадид зиёлилар ўз даврида миллият масаласига нечоғлик
“кўб ва хўб” тўхталган бўлса, Бегали Қосимов ҳам жадидлардан кам муносабат
билдирган эмас. Яъни ҳар бир интервью, репортаж, кўрсатув, суҳбат, қайдлар
ва ҳатто мактубларида ҳам Ватан мавзуси бош мезон сифатида олдинги режага
чиқаверади. Даставвал олим ҳуррият сўзининг луғавий маъноси, қўлланилиш
доирасига оид бир-икки мулоҳазаларни баён этади. Бу қайдлар ҳам шунчаки, қоғоз
қоралаш эмас, балки фактларга таянилган, луғатларга асосланилган фикрлардир.
“Қуллик инсон шаънига қанчалик иснод бўлса, миллат шаънига ҳам шунчалик
номусдир. Зотан яшамоқнинг мазмун-моҳияти озодликдир. Ўз мулкига, ўз ақлига,
ўз меҳнатига эга ҳолда ҳаёт кечирмоқдир. Бир сўз билан айтсак, озод яшамоқ
ҳуқуқидир. Бу эса, ҳеч қачон осонликча бўлган эмас.
“Ҳуррият берилмас, олинур, – деган эди асримиз тонгида машҳур Мунавварқори. –
Ҳеч нарса ила олиб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олиб бўлур. Ҳазрат Одам
Атодан шу вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва
қурбонсиз берилгани тарихларда кўринмайдур. Аср бошида талпиниб интилган
ҳурриятимиз аср сўнггида насиб этди. Уни қадрламоқ керак. Қадрламоқ учун
англамоқ керак”8.
Мақоланинг кириш қисмидан кейин олим ўз мулоҳазаларини яна жадидчилик
ғоялари, улар кўтариб чиққан барча масалалар билан боғлашга ҳаракат қилади.
Масалан, жадид зиёлилари томонидан 1918 йилдаёқ ўзбек тилида илмий асарлар
ёзиш, тилнинг софлигини сақлаш, лексикологияга илмий терминларни олиб кириш
қонуниятларини ишлаб чиқишга бўлган ҳаракатларни эслатишни жоиз деб билади.
5 Қосимов Б. Ватанни нега севадилар?
6 Қосимов Б. Ватанни нега севадилар?
7 Қосимов Б. Ватанни нега севадилар?
8 Қосимов Б. Қадрламоқ учун англамоқ керак. // Ҳуррият газетаси 27.12.1996.
120 Шарқ юлдузи
“Асримиз бошларида қўзғалган бу муаммо асримиз охирларида ҳам ғоят долзарб
бўлиб турибди. Илм-фан миллат билмайди, чегара билмайди, у умумбашарийдир,
умуминсонийдир, деган фикрларни ҳали ҳам тез-тез эшитишга тўғри келади. Бу,
бизнингча, фикрлашимиздаги эски коммунистик ҳуруждан бошқа нарса эмас.
Тўғри, мазмун-моҳиятига кўра илм-фан умуминсоний, лекин ҳар бир ҳодиса
сингари у муайян шаклга, қиёфага эга. Ва бунинг биринчи белгиси тилдир. Акс
ҳолда “немис фани”, “фаранг тафаккури” деган тушунчалар бўлмас эди”9.
Бегали Қосимов мақолалари, айниқса, Ватан мавзусига бағишланган
мулоҳазалари орасида Тавалло ижоди ва шахсиятига бўлган муносабат алоҳида
ажралиб туради. Олим Таваллонинг “Равнақ ул-ислом” рисоласини жорий имлога
табдил қилиб нашр эттириш, биографияси ва асарлар кўламини аниқлаш, дарсликлар
мазмунига сингдиришда самарали меҳнат қилган. Айниқса, у ижодининг илк
кезларидаёқ, бошқалардан фарқли равишда Миллат ва Ватан истилоҳига доир аниқ
фикрлар ёзгани ва асарлари табиатига маҳорат билан сингдирганини олим айрича
муҳаббат билан баён этади.
“Шоир Ватан ва Миллат фожиасини дил-дилдан ҳис этди. Бу ҳол унинг
шеърларига сўнгсиз изтироб, туганмас дард-алам олиб кирди. Бу дард Ватан дарди
эди. Бу изтироб Миллат изтироби эди. Анъанавий ғазаллардаги ишқ изтиробига
ўрганган кўнгиллар бирдан ҳушёр тортди. Тўғри, бу шеърларнинг вазни ва оҳанги
анъанавий эди, арузда эди, бироқ мазмуни тамом янги эди. Мана, унинг фикру
зикрини банд қилган муаммолар:
Жумла фикрим кеча-кундуз Сизга оид, миллатим,
Сен саломат – мен фароғат, иллатингдур – иллатим.
Тавалло Ватан мавзуcига алоҳида эътибор беради. Шеърларидан бири ҳатто
“Суюкли Ватан ҳақинда” деб аталган. Унинг шеърларида “Турон”, “Туркистон”
атамалари, табиийки кўп учрайди”10.
Кеч гуноҳини Таваллони, Ватан, эзгу Ватан.
Билди аслинг, қилди васфинг, бу ватандандур бадан.
Бу каби адабий матнларнинг келтирилгани ўқувчида эстетик завқ уйғотиши
билан бир қаторда олимнинг фикрларини далиллашга асос бўлиб хизмат қилган.
Хулоса қилиб айтганда, Бегали Қосимовнинг публицистик асарлари
нафақат тарихий адабий жараён, адабий-эстетик қарашлар, балки таълим,
фан, миллат, юксалиш каби катта мавзуларни қамраб олди. Бегали Қосимов
публицистикасининг хусусиятларини яққол кўрсатадиган муҳим бир жиҳат шуки,
олим публицистикасида илмийлик, фалсафий мушоҳада, психологик талқин
етакчилик қилади; унинг ижтимоий-эстетик идеали ўзига хос тарзда намоён бўлади.
Зеро, ҳар қандай публицистик асар марказида муаллиф туради. Асарларининг
туб моҳияти, публицистик концепцияси, мақсади ва ижтимоий-маънавий кўлами
олим шахсияти, илмий-ижодий концепцияси билан бевосита боғлиқдир. Бегали
Қосимов публицистик асарлари тадқиқ этилганида, у таянадиган энг мустаҳкам
ахлоқий категория ҳалоллик, меҳр-оқибат, илмий мезон эса ҳақиқат экани кўзга
яққол ташланади.
«Шарқ юлдузи» журнали 2024-йил 05-сон