Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Чўмилиб яшадим кўзим ёшига


Бибисора ТУРОБОВА – 1951 йилда туғилган. Ижодкорнинг “Келин салом” номли
шеърлар тўплами нашр этилган.


Устоз Зулфияхонимга шеърий мактуб


Кеча туш кўрибман, саҳрода
Сув излаб юрибман сиз учун.
Сув излаб юрибман, ҳар ҳолда,
Бир дийдор аталган биз учун.


Шу дийдор жаннатда бўлсайди,
Кўнгиллар кемтиги тўлсайди.
Очгим келмас кўзимни,
Сиз кирсангиз тушимга.


Уйғотасиз намозга
Эркалаб тушларимни,
Ва эсимга соласиз
Битмаган ишларимни.


Қисқагина суҳбатдан
Кўнглим тоғдай ўсади,
Сиздан ўтган журъатдан
Дафтарим шеър безади…


Бу илоҳий неъматни
Раво кўрди Оллоҳим…
Намозлар, тавбаларим
Қабул бўлгай, илоҳим.
Омин.


Сиздан олган қаламга
Янги бурчлар юкласам.
Чорак аср ухладим,
Энди бурчим оқласам.
Омин.


Қалам ёз деб қўймайди,
Кўзим шеърга тўймайди,
Тушларимда меҳмоним
Бўлмасангиз бўлмайди…


* * *
Ота, ўзингизга ўхшайди дунё:
Қайғуси бир бўлса, шодлиги эгиз.
Ёши бир ерда-ю юмуши тиғиз…
Бугунги ташвишидан эртаси бунёд.
Сизу сиз, дунёдан қарздормиз биз ҳам,
Ота, ўзингизга ўхшайди дунё.


Қуёшни кузатиб қўйиб ётоққа,
Қўлга фонус олиб режа тузасиз.
Бўлиқ пахтазорда ҳорғин кезасиз:
Ғўзалар ҳалитдан кўк маржон таққан.
Орзу денгизида мағрур сузасиз,
Қуёшни кузатиб қўйиб ётоққа…


Кўсаклар вазнини салмоқлар экан,
Бу йил сув камлиги ўйга толдирар:
«Тек турган чавандоз улоқ олдирар,
Шу палла ҳордиқни олармидим тан,
Озгина лоқайдлик доғда қолдирар!..»
Ҳа, сиз курашларда обдан чиниққан!


Фақат тонгда бир зум мизғиб оласиз,
Косада совийди мен элтган ширчой.
Бу тонг ҳам шиддатли, ҳам рангларга бой.
Қўшиқ куйлаб қолар шу палла бир қиз,
Сочлар бошда чамбар, қадамлари тез.
Булар ҳам шеърга ўч қалбимга чирой.


Ота, ўзингизга ўхшайди дунё:
Қўзғатувчанлиги, қаттиққўллиги,
Бағрида шодлигу ташвиш мўллиги,
Қудратини сиздан олгандай гўё.


* * *
Соғиниб-соғиниб кўришган яхши,
Ботинмай ийманиб туриш ҳам яхши.
Талпинган юраклар бунга кўнмаса,
Не ҳам бор, бир суҳбат қуришдан яхши.


Сўнг хайр демоқнинг лаззати бошқа,
Ёқтирган кишингнинг иззати бошқа.
Шарт эмас қўл сиқиб йўлга солмоқлик,
Вақт тиғиз, бу ишлар фурсати бошқа.


Шу дийдор олдида узоқ йўл нима,
Кўк майса чорлайди, тақир чўл нима.
Меҳр қанот бўлса яна дучма-дуч,
Нигоҳлар занжирдир, тилу қўл нима.


Соғиниб-соғиниб кўришган яхши…


Меҳрибонлик уйида


Пальтолари бир хил болалар,
Туфлилари бир хил болалар,
Юракдаги ғамлари бир хил,
Юраклари чил-чил болалар.


Отанг нега келмайди, болам?
Онанг борлигингни билмайми?
Қўшиғингда дард тўла алам,
Қўшиғинг эшитиб улар ўлмайми?


Туфличангни кийдириб қўяй,
Етимхона остонасида,
Ижозат бер, онангни излай,
Ул булғанган кошонасида.


Туфлилари бир хил болалар,
Пальтолари бир хил болалар,
Юракдаги дардлари бир хил,
Юраклари чил-чил болалар…


* * *
Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин,
Куйиб ўтган умрим шарҳини айтсин.
Бардошим ҳақида ашъор тўқисин,
Мендан норозилар фикридан қайтсин.


Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин,
Айтолмай қолганим десин Aллоҳга,
Саловатлар айтсин тўплаб бор кучин,
Билмаган билганим десин Аллоҳга.


Ўлсам, олов таним муз билан ювинг,
Токи кафанларим кетмасин куйиб,
Ювгач, юрагимга парча муз қўйинг,
Борай ҳузурига озгина совиб.

Ўлсам, кафанимни булутдан қилинг,
Ёмғирга айлансин, ёнсам қабрда.
Қабримни қазсангиз сал кенгроқ олинг,
Гуноҳкор бандага тор гўр жабрда…


Ўлсам, чинор экинг қабрим бошига,
Токи, соясида тиловат ўқинг.
Чўмилиб яшадим кўзим ёшига,
Йиғламанг, сиз фақат саловат ўқинг.


Кичкина ясатинг қабртошимни,
Қуръон оятларин ёздиринг ўйиб,
Ёзманг қабртошга умрим, ёшимни,
Мен сафарга кетдим чориғим кийиб.


Ўлсам, оёқ томон, ўнг томонимга,
Тўрт киши сиғарлик курси ясатинг,
Соғиниб келсангиз ихлосни ўқинг,
Қабримни гул эмас, Қуръон безасин.


Ўнг тарафдан келинг, оёқ тарафдан,
Токи, кўрсин сизни очиқ кўзларим,
Ўлим ҳақ эканин оласиз-да тан,
Қувонай, келди, деб ўғил-қизларим.


Ўлсам йўқлаб туринг. Билинг, кутаман,
Чунки, сиз деб ўтдим ўзимдан кечиб,
Йўқламай қўйсангиз, зардоб ютаман,
Ётаман гўрда ҳам кўзёшим ичиб.


Ўлсам, умрим шарҳин набираларга,
Яширмай, ўчирмай борини сўзланг.
Интиқ кутганимни уларни ҳамда,
Ёниб ўтган кўнглим зорини сўзланг.


Ўлсам, шеърларимни авайлаб асранг,
Имконини топиб топширинг элга.
Биламан, эл ўқир соғиниб, севиб,
Ўтар ёзганларим қўллардан қўлга.


Ўлсам, аҳил бўлинг, меҳрибон бўлинг,
Имконин топсангиз тўланг қарзимни,
Дуосини олинг мен севган элни,
Мерос қолдираман сизга сабримни.


Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин…


Бибисора ТУРОБОВА


№ 5 2024

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil