Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

“ШОИР НОЧОР БЎЛСА, ҚОДИР КИМ БЎЛАР?”

Муҳайё ЙЎЛДОШЕВА – филология фанлари номзоди, адабиётшунос. 1978
йилда туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган.
“Янгиланишлар мангулиги”, “Бадиий асар таҳлилининг айрим масалалари”, “Бадиий
таҳлил асослари”, “Кийиксўқмоқдаги йўловчи”, “Ўзбек педагогик атамалар сўзлиги”,
“Адабиёт ўқитиш методикаси”, “Ҳозирги замон ўзбек шеъриятида миллий руҳ
тасвири” каби китоблари чоп этилган.

2023 йилда чоп этилган шеърий китоблар таҳлили ҳақида сўз бораркан, гапни
ҳамма нарса, ҳатто туйғуларда ҳам шафқатсиз ростликка интиладиган ҳассос шоир,
сергак журналист Карим Баҳриевнинг “Тоқат” тўпламидан бошласак. Мазкур
тўпламдаги биргина “Ўзбекларга” шеърини олиб қарасак, унда шоир дейди:


Булутлар ортидан кўринди тулпор,
Уйғонди тупроқнинг тагида илон.
Ваҳимага тушиб оғзин очди ғор,
Бўрилар уйғонди. Кел, сен ҳам уйғон.


Уйғонмоғинг учун не қилай, айтгин
Йиғлайин, кулайин – нима қилайин?
Майли, керак бўлса мен берайин жон
Уйғон. Уйғонганинг кўриб ўлайин.


Китоб бежизга “Тоқат” деб номланмаган. Чунки тоқат қилиш одамни
юксалтиради, маънан безайди, унинг шахс сифатида балоғатга етгани,
бағрикенглиги, узоқни ўйлаши, ўз истакларини енга олишини кўрсатувчи фазилат
саналади. Аммо ҳаётда шундай вазиятлар, ҳодисалар бўладики, уларга тоқат қилиш
кишининг ожиз, майда, бугуни билан яшайдиган, айни дамдаги ҳаловатинигина
ўйлайдиган, бугун қабул қиладиган қарори келажакда албатта акс-садо беришига
парво қилмайдиган беўйлигидан дарак беради. Бундай одамлар ғурури, закоси,
билими, иқтидорини қулай ва осон яшашга хизмат қилдиради, шинам қобиғидан
чиқмасликни ютуқ деб билади. “Ўзбеклар” шеърида ҳам айнан шу маънони англаш
мумкин. Унда шоир инсон ҳур туғилгани ва ҳур яшашни исташи, ҳар қандай
азобга дош берса-да, қарамликка, мутеликка чидай олмаслигини юраги эзилиб
деган “Уйғонмоғинг учун не қилай, айтгин, Йиғлайин, кулайин – нима қилайин”
сатрлари орқали янада кучли англата олган. Миллатни уйғотиш, ғафлатдан олиб
чиқиш, зулматни тарк этиш истаги шу қадар кучлики, шоир “Эли уйғонганини
кўриб ўлишга-да тайёр”.
Аммо орзу доим ҳам ушалавермайди. У армонлигича қолиб кетиши мумкин.
Шоир “Уйқу босган элни яна не босар” деган хавотирда. Бу элни олдинда яна нима
кутмоқда, кўзини очмаса, уйғонмаса, бошига яна не шўришлар тушиши мумкин?
Ахир ўзидан огоҳ бўлмай яшашдан ортиқроқ фожиа ва жазо борми? Эрк мавзуси
етакчи бўлган “Тоқат” тўпламида айнан шу туйғунинг ҳали ҳамон жамиятнинг катта
қисмида қадрият тусини олмагани, шу боис барча чирпинишлар бекор эканидан
куйиниши шоирнинг “Шамоллар уйғонди. Барг – ҳаяжонда. Ишқалаб қобоғин
кўтарар осмон”, аммо лоқайдлар ухлоқки, шу боис “Ачинаман… ёнолмасларга”
сатрларида янада яққол ифодаланган.
Ҳамиша ўзгаришлар, янгиланишлар, эврилишлар оғушида яшовчи адабиётнинг
тинимсиз ўзгаришлардан бўлак ўзгармас жиҳати йўқ. Шу боис бадиий асарлар
кўпчилик кўниккан ифода тарзи, фикр йўсинига зид ўлароқ вужудга келаверади.
Шоир Турсун Алининг “Соҳибжамол дарахт” тўплами бу фикримиз далилидир.
Ўзбек шеъриятига самимий, содда руҳ олиб кирган ва шу соддалиги
бетакрорлик бахш этган шеърлар муаллифи Турсун Али ижодида туйғунинг
жимжималардан холи эканлиги, атай ўйлаб ясалган замзамалар йўқлигини кўриш
мумкин. У сўз устида уста эмас, шоир бўлиб ишлайди. Шаклий эффектлар билан
бадииятни оширишга интилмайди, балки деярли барча учратган, аммо эътибор
қилмаган ҳақиқатларни чангдан тозалаб, атрофдагиларга кўрсатади, фавқулодда
бадиий ҳолат яратишга интилмайди, балки мавжуд руҳий манзараларни ўзига хос
бўёқларда чизади:


Қақшаган дарахт уйғонмоқда,
Шохларда куртаклар ёзилур.
Бошида шаббода тўлғонур,
Дарахтлар кўнглини очмоқда.


Елкада тупроқни кўтариб,
Гиёҳлар уйғонур ишқаб кўз.
Қиқирлаб айтганча янги сўз
Сой, ариқ чопмоқда ўкириб.


О, табиат уйғонмоқда буткул,
Эрта-кеч гуллагай ер юзи.
Осмон гулламоқда қирмизи
Қачон уйғонасан, эй Кўнгил.


Турсун Алининг деярли барча шеърида бирор табиат бўлаги иштирок этади.
Шоир учун инсон табиатнинг ўзи, унда кечаётган руҳий эврилишлар табиатдаги
жараёнлар билан муштарак, бир хил. Шу сабаб шоир ҳатто янги барг чиқараётган
оғочларда ҳам ёниқ, ҳассос, тоза туйғулар-ла тўлиб-тошган ўзини кўради.
Сирожиддин Саййиднинг “Миллат бахтин сўрар миллат отаси” тўплами ҳақида
сўзлаш ҳам қийин, ҳам ёқимли машғулот. Китобдаги “Элинг не бўлса, шулдирсан”,
“Менинг жонимсан, эй сарви дилоро, Менинг жоним бадандан ташқарида”,
“Димоғимда – юлдуз иси, Шабнамлар иси”, “Жайронларинг кўзларида қолар
кўзингман”, “Тонг қуёши кўрпа ёйган Нурли айвоним менинг”, “Қалдироқларга гул
ортиб кетдилар кўкламларим” каби дилбар сатрлар туфайли у тўғрида маза қилиб
сўзлаш мумкин. Чунки шоирнинг ўзи айтгани каби: “Сув йўли ҳам сўз йўлидай
меҳнатлари оғирдир”.
2023 йил чоп этилган яна бир – Мирзо Кенжабекнинг “Номус жанггоҳи”
тўплами номи биланоқ ўқирманни бу китоб ўз бағрига жамлаган шеърларни ўқишга
руҳан тайёрлаб олади. “Асорат ҳаддан ошганда жасорат ҳаддан ошгандир” сатри
тўпламнинг мағзини ташкил этади.
Фақат сара шеърлар жамланганлигидан кам сонли ҳодиса бўлмиш “Номус
жанггоҳи”да инсон табиатидаги иллатлар: мунофиқлик, ҳасад, бефарқлик,
қўрқоқлик, тайинсизлик кабилар нишонга олинган. Хусусан, ер ўлчашда
ишлатиладиган, ундан қаралганда ашёларнинг оёғини осмондан қилиб тескари
кўрсатадиган асбоб – нивелир ҳақидаги шеър алоҳида эътиборга лойиқ:
Гарчи руҳим баланд, бағри гоҳи қон,
Нивелир кўзлардан бурда-бурдадир
Бошим осмондадир менинг ҳар қачон,
Бошим осмонда-ю, осмон… ердадир.
Мен она еримга боғлиқман, аён,
Нивелир кўзлардан жафо жондадир.
Оёғим ердадир менинг ҳар қачон,
Оёғим ерда-ю, ер осмондадир.
Эй, замон рангига қараб турланган
Тилдошим, мен кимга қилайин миннат.
Мана, қаршингизда турар – хўрланган
Нивелир кўзлардан қақшаган миллат.
Инсон ўзига тегишли барча нарсада янгиликка интилади. У аввал атрофни
ўзгартиради, шу ўзгаришларни тақозо этган ёки улар туфайли пайдо бўлган туйғулар
ифодаси орқали адабиётни ўзгартиради. Ва шу ўзгарган адабиёт яна атрофни
янгилайди. Қай бирининг бошқасига ҳал қилувчи таъсир ўтказишини аниқлаш
имконсиз. Мирзо Кенжабекнинг жўғрофияга тегишли бўлган, адабиётга олиб
келиб боғлаш имконсиздай туюлган “нивелир” асбобидан поэтик образ яратгани
фикримиз далилидир. Технология ривожи инсон турмушини енгиллатгани билан
кескин ижтимоий тўнтаришлар яшашни оғирлаштиргани жамиятни зид туйғулар
орасида қолдиради. Бу эса унинг маънавий илдизларини азалий анъаналардан
узоқлаштиради. Шу тарзда кишининг ичидаги бор лойқаси, иллати, кирини ошкор
қилувчи муҳит пайдо бўлди. Зеро, инсоннинг асли қиёфаси ва нимага лойиқлиги
ўтмишдан узилган, бугуни нотинч ва эртаси номаълум бўлган долғали пайтда
яққолроқ кўринади.
Олмон файласуфи Кант таъкидлаганидек: “Шеъриятдаги ташбеҳлар шакл ёки
нарсаларни аниқлаштиришга эмас, балки тасаввур туғдириш ва уни ҳаракатга
келтиришга хизмат қилиши лозим”. Мирзо Кенжабек битиклари бу талабга тўла
жавоб беради.
2023 йилнинг яна бир яхши бадиий ҳодисаси Вафо Файзуллоҳнинг “Из”
сайланмаси бўлди.
Варраклар – осмонга солинган кўприк,
Зардоли панжаси – қонаган уфқ.
Булутлар – югуриб ҳориган хўтик,
Қирларнинг лабидан ичаман қўшиқ.
Шоир оламни гўзалликни соғинган нигоҳлари, кўнгли билан чанқоқ кузатаркан,
тозариш фасли баҳорнинг, ундан-да покиза кўнгилнинг ширин ҳислар уйғотадиган,
энтиктириб юборадиган тасвирини варракларнинг осмонга солинган кўприк, яъни
умидларнинг, эзгу тилакларнинг тепага йўлланишини рангин, қуюқ ва бетакрор
ифодалаган. Вафо Файзуллоҳнинг оламни бундай инжа ҳис қилиши ўқирман
кўнглидаги гўзалликка ташналик туйғусини сувлайди. Шоир қирларда юз очган
чечакларни ҳассослик билан “Қирларга сочилиб ётибди кўнгил” деб таърифласа,
адирларни бир текис қоплаган яшил майсаларни “Адирлар – уйғонган зангор
хиргойи”га менгзайди. Нега хиргойи? Баланд жойда шамол деярли доим эсади –
иссиқ ва совуқ ҳаво оқими тўқнашуви мумкин бўлган энг қулай жой – тепаликлар
ҳисобланади. Шу боис майсаларнинг шамолдаги шовури сезимлари ўткир
шоирга бош чайқаб куйлашни эслатади. Шамол қирларга сочилган яккам-дуккам
гулбарглари нозик қизғалдоқни тебратганини ижодкор “Кўзимда ҳилпирар мунгли
қизғалдоқ” тарзида тасвирлайди. Қизғалдоқ косасининг тубидаги қора доғни
мунгли кўз, дардли кўнгилга менгзайди.
Тонгнинг астаридан тўкилди исмим,
Бокира хаёлни йўргаклади йўл.
Ёки:
Тут шохига осдилар ёзни,
Каллакланган баҳордир мозий.
Қирда қолган мағрур болалик,
Қишлоқ йўлнинг қўлдаги сози.
Яна:
Йиқилади булутчалар,
Йиқилади сўнгра баҳор…
Қасам ичган уфқ дутор,
Қуёш бемор.
Бир қўшиқ бор.
Инсонга хос бўлган, аммо тасвирлаш тугул тушуниш ҳам мушкул кечадиган
руҳий эврилишлар, кўнгил пўртаналари, изоҳлаш душвор туйғуларни математик
аниқликда ифодалай оладиган шоира Фарида Афрўзнинг “Мени кутинг…”
тўпламидаги шеърлари ўқилиши бошлагандан то тугатгунга қадар ўқирманни
қўйиб юбормайди, шоиранинг юлдузлари, қуёши, чечаклари, шарқироқ сойлари
бор гўзал оламига етаклаб кетади.
Шоир кўнглим,
Ҳасратингни қўй,
Шоирликнинг қисматига кўн.
Бир сен эмас,
Жонни улашган,
Бир сен эмас, ғариб-у мискин.
Шоир кўнглим,
Қўшиғингни айт,
Капалаклар рақсига ўйна.
Балиқлар-ла тиллаш,
Гурунг қил,
Дилингни чал, дилингни куйла.
Ер шарин ногоҳ,
Тебратмасанг, шоир эмассан.

Машҳур мутасаввуф Азизиддин Насафий шундай деган: ҳар бир инсон “олами
сағир”, кичик оламдир ва “улуғ олам”даги жамики нарса-хусусиятлар кичик
оламда ҳам мавжуд бўлади, яъни одам оламнинг кичрайтирилган нусхаси. Мана
шу тамойил Фарида Афруз ижодининг ўқ чизиғини ташкил қилади. Фарида Афруз
рассом мўйқаламида сурат солгани каби руҳий ҳолатни сўз билан чизади. Айтмоқчи
бўлган нарсасини ўқувчининг кўз олдига шундай келтириб қўяди:
Дунёларим бир гўзал эди:
Қизил, яшил, пушти, бинафша.
Бахт сўзининг маъносини билмасдим, лек,
Бахтли эдим ҳар дам, ҳамиша.
Болаликдан кетгим келмади,
Улғайишдан безиллар юрак.
Сурхондарёлик Наргиза Одинаеванинг “Муаллақ лаҳза” тўплами эса ҳар қандай
миллатнинг миллатлигини белгиловчи беш бирликдан бири бўлган – тилнинг бой,
чиройли, илдизи чуқурлиги намоён этилгани билан аҳамиятли. Муаллиф ҳар бир
сўзни билиб, туйиб, аяб, кетма-кетлик тартибигача эътибор бериб қўллаш, теран
англаб, уни бор ранглари билан ярқиратиб ишлатишга эриша олган:
Шамол тебратади августни,
Кўйлагини ечар саратон.
Рангпар бўлиб қолди ер усти,
Этагини тўлдир, куз, уйғон.
Тўлғоқ тутган шомни оралаб
Шошилади қушлар инига.
Кимдир шунда шамсни авайлаб
Солиб қўяр кўк хуржунига.
Наргизанинг кўзлари мунтазам такрорланадиган одатий ҳодисалар зимнидаги
ноодатий ҳолатларни илғаб олади. Яъни ёзнинг энг иссиқ пайти августда чилла
киради. Жазирама иссиқда қуёш бир жойда туриб қолгандай, ҳаво қуюқлашиб
кетгандай нафас олиш оғирлашади. Томирлардаги қон сувсизлик ва иссиқ
туфайли қуюлиб, кишини қийнагани каби қуёшнинг аёвсиз тиғлари ҳам ҳавони
оғирлаштириб юборган. Тўсатдан эсган шамол эса уни тебратиб, ҳавони юриштирди.
Шамол эсганда кўтарилган чанг, юзга урган эпкин, дарахтлар қимирлаши шоирага
кўйлакни ечиб, қизиб ётган баданни совутишни эслатади. Қуёшнинг аста ботиб
ўрнини тунга бўшатишини “Кимдир шамсни авайлаб, солиб қўяр кўк хуржунига”
тарзида тасвирлайди. Шамол туфайли безовталаниб учган қушлар яна ўз инига
қайтиши, дарахтларнинг қисирлаши, сув шилдираши – бутун тун симфонияси янги
куннинг, тонгнинг дунёга келишига тайёргарлик кўраётган табиат товушидир.
Шоиранинг нигоҳи жуда ўткир, тасаввури бой. Осмонга бўй чўзган дарахтларнинг
шамолда тўлқинланиши унга дуо сўраб очилган қўлни, у дарахтлардан потраб
учган қушлар эса ўша дарахтлар тилаётган сўзларни эслатади. Наргиза атрофидаги
ҳеч бир нарсани бефарқ ўтказмайди, ҳар бирида ўзига уйғун, кўнглини таржима
қилишга қодир жиҳатни кўради. Шунчаки куз ойида шунчаки ёғаётган ёмғир унинг
учун тўлиб кетган кўнгилнинг кўзлардан ёшга айланиб тошиб чиқишидир:
Тупроқман, денгизман, йўлим тобора,
Ёмғирга қўшилиб ёғади кўнгил.
Дил – куйган мусофир, ортингга қара –
Ноябрь… атрофда яна куз ҳосил!
Ҳаво совуб қиш яқинлашганда иссиқ ўлкаларга учиб кетаётган қушлар чуғури
бутун дунёнинг, одамларнинг, табиатнинг товушидир. Иссиқ кунлар ўрнини совуқ
эгаллаши билан тобора ҳафсаласи пир бўлаётган, одамларга, яхшиликка ишончи,
меҳри, тафти йўқолиб совуб бораётган кўнгил орасида ўхшашлик борлигига диққат
қаратади.
Шамоллар қиблага қандай йўл солар,
Заминнинг устида бошланди қишлар.
Бўғзида борлиқни чайқатиб борар
Боғлардан “Худо” деб учган у қушлар.
Умуман, Наргиза Одинаеванинг ижоди бизнинг адабиёт инжа туйғуларни
тасвирлашга, бетакрор манзара яратишга, одамни тафтиш қилиб, уни бор
яхши-ю ёмонлиги билан кўрсатишга, ўқирманларни ҳайратлантиришга қодир
эканлигининг исботидир. Унинг “Муаллақ лаҳза” тўплами 2023 йилнинг адабиёт
ихлосмандларига улашган энг яхши совғаларидан бири бўлди десак, хато эмасдир.
Ифтихор Хонхўжаевнинг “Йўловчи” тўпламидаги битиклар Қозоқбой
Йўлдошнинг “…шеър инсоннинг ўткинчи лаҳзалик туйғуларини мангуга
муҳрлашдир” гапининг ҳақлигини далиллайди гўё. Ифтихорнинг шеърлари
матндаги кайфиятга мос оҳанг танланиб ўқилади.
Кетма!
Ялинар, ёлворар сенга киприклар,
Кўзларим ўтинчли нигоҳларини
Кўзларингга тикиб сўрайди сендан!
сатрларида “ялинар, ёлворар” сўзлари борлигига қарамай, илтижо эмас, шиддат
етакчилигини туяркансиз, китобни варақлаган сари шоирнинг эрксевар руҳига
мафтун бўлиб бораверасиз. Унинг барча нарсани эрк билан ўлчаши ва баҳолашига
ҳавасингиз келади:
Бу дарахт барг ёзмайди энди,
Қайта мева бермас энди бу дарахт.
Бевафо дунёга жимгина кўнди
Ва бошни тик тутиб синди бу дарахт.
Менинг эса унга ортар ҳавасим,
Бу он шу дарахтча бўлолсам қани.
Қани яшаёлсам шу дарахт каби
Шу дарахт мисоли ўлолсам қани.
Азроил келганда болта елкалаб,
Ажалга жилмайиб ён беради у.
Ҳатто сўнгги дам ҳам ёниб, кимнингдир
Уйини иситиб, жон беради у.
Мева солишга-да қодир бўлмаган қуриган дарахтга шоирнинг нега ҳаваси
келмоқда? Чунки у асосийси – ғурурини йўқотмаган, тик туриб жон беради ва
ўлими ҳам кимнингдир оғирини енгил қилади. Одам боласининг-да қўлидан
ҳамиша келавермайдиган юмуш!
Ифтихорнинг деярли барча шеърларида Алпомишни Қоражон ташлаган арқонни
чирт узиб, зиндонда қолишига ундаган ғурур туйғуси етакчилик қилади:
Кетма!
Пойингга хор-у зор тўкилар ёмғир,
Ёмғирга айланган осмон ғурурим
Пойингда тиз чўкиб сўрайди сендан!
сатрларида ҳам бир қарашда ғурурдан воз кечилгандай, у муҳаббат пойига
ташлангандай. Аммо “Ёмғирга айланган осмон ғурурим” сатри ҳатто ишқда
ҳам ғурур собит экани, айнан шу туйғу ишқни ҳатто кучайтираётганини
ойдинлаштиради.
“Йўловчи” тўпламидаги шеърлар одамни тўлқинлантиради, туйғулар етовига
юравермаслик ҳақида туйғуларга берилиб сўзлайди, киши учун ўзлигига содиқ
қолиш ҳамма нарсадан муҳимлигини таъкидлайди. Ва шу боис ўқирман, “Севдим
дейиш ўлим билан тенг, Севмайман деб ёза олмайман”, деган Ифтихорнинг
самимийлигига сўзсиз ишонади. “Куз гули”, “Эрк”, “Мангуберди монологи”,
“Севсанг”, “Меҳр ҳақида ҳикоя”, “ Гул узиб қонаган ошиқ қўлим ҳақ”, “Иқрор”,
“Бор-йўғи” каби шеърлари шоирни ғурур ва эрк куйчиси бўлиш билан бирга нафис
туйғуларни туйиш ва туйдиришга қодир ижодкор сифатида тақдим этади.
Ватан ҳақида сўз айтиш қийин. Бу мавзуда шиорбозлик билан бадиият орасидаги
чегара ниҳоятда нозик, кўзга ташланмас бўлади. Аммо Рустам Мирвоҳид ўзининг
“Сенингдирман” тўпламидан ўрин олган “Фахрия” шеърида буни самимий ва
ҳассос шаклда уддалай олган:
Кўнглим сарҳадига сарҳадинг туташ,
Осмонинг тажаллий этар кўзимда.
Қуёшинг жонимга пуркаган оташ,
Ҳилолинг ўпичи қолган юзимда.
Чиройли сўз ўйинлари, қочиримлар, нафис манзараларнинг дадил чизилиши
билан дарҳол эътиборни тортадиган Рустам Мирвоҳид шеърларидаги “Юрак
югургилаб ортингдан, Нафас ҳам ростламай кўксимни қоқди. Сен эшик ортида
турган одамдай – “Ким у?” деб кўзимдан ичкари боқдинг”, каби сатрлари
тақдирни ҳал қилувчи, муҳим, нозик ва беқарор руҳий ҳолат – ошиқликни шавқ
билан тасвирлайди. Гўзални кўрган заҳоти юрагини бой берган, ихтиёри қўлидан
кетган ошиқ ҳолатини “Нафас ҳам ростламай кўксимни қоқди”, деб чизади. Бутун
жараён аслида ошиқ қалбида рўй бераяпти, аммо борлиғи қизнинг хаёлидан иборат
бўлгани учун эшик қоқилишига жавобан қиз “Ким у?” дейиши гўё “Анал – Ҳақ”
деган Мансур Ҳаллож ҳолати кабидир.
Туйғунинг кучи, унинг неларга қодирлигини яхши билган Рустам Мирвоҳид:
Мен ошиқ одамман, менда сарҳад йўқ,
Истасам, ичимга сиғади осмон.
Йиғласам… кўзимдан сачраб тушар чўғ,
Мени совутолмай пишқирар уммон…
каби сатрларида ишқ оташи кўнгилни тўлдирганидан кўздан ёш эмас, олов
оқаётгани, бу кўзёшлар ишқ туфайли кўздан сачраб тушиб, ёноқларни
куйдирганини тасвирларкан, тилимизнинг қанчалар бой, жозибадор эканини
иборалардан фойдаланиб яратилган бетакрор руҳий манзаралари, мазмунга
асло путур етказмаган, аксинча бойитиб тўлдирган шаклий сўз ўйинлари билан
кўрсатиб бораверган. Шоир: “Ақлим ёқаси қайда сени кўргач ушласа, Ё ушлаб
турган маҳал бир четидан тишласа”, “Кўзинг қорачуғидан дилда ярам очиғи”,
“Пешонам кичикмиди – пешонамга сиғмадинг”, “Кўкларга сиғмас сўз кўксимга
сиғди” сатрларида, айниқса, кўз қорачиғи марказидан атрофга қараб тўраган
чизиқлар тугаган ҳалқа ва очиқ жароҳат орасидаги визуал ўхшашликка ишоралари
билан ўқирманни ҳайратга солади.
Шафиқа Ёрқиннинг “Қуёш бизни кутмоқда” тўплами мумтоз куй тинглаган
каби ўқилади. Унинг шеърларида чизилган манзара, тасвирланган туйғуларни
янада қабартириш, қуюқлаштиришга хизмат қилган “тунчечак”, “тинғу”, “чечак
туйғу”, “ишин” каби сўзларнинг хизмати катта бўлган. Шоиранинг ҳасрати
булоқдан чиқаётган сув овози каби нозик ва майин. Она Ватани ҳолатидан юраги
қон ижодкор “Тоза ҳаводан нафас олгим келар” номли шеърида “Тунчечак атрига
бўёлгим келар”, дейди тўлиқиб.
Дарё, элдан айрилдим, терак эдим, қайрилдим,
Юртдан мангу жудоман, сен йиғла, мен ҳам йиғлай.
Дарё, дунё вафосиз, ғурбат дарди давосиз,
Шифо излаб юроман, сен йиғла, мен ҳам йиғлай.
Дарё, сенга боқаман, сув бўламан, оқаман,
Энди мен ҳам дарёман, сен йиғла, мен ҳам йиғлай.
Шафиқа Ёрқин ижодида Ватандан йироқда, ғурбатда ҳасрат чекиш, она юртни
қўмсаш, унга яхшилик соғиниш каби мотивлар билан бирга “Очди ёноғим чечак,
Чечак туйғуларим сенсиз тикан қайғуга айлангай, Ишинлар пардаси бирла ярам
кўзи ёпилмайди, Узун сочим узун эртакларини қирқаман бир кун, Тонг чоғиридан
кўнгилни лиммо-лим қил, Тун кўйлагига тикдим инжуларимни сенсиз, Кўзгу
била улашдим, қайғуларимни сенсиз, Денгиз эди юрагим, оқ кемадек хаёлинг,
Тўлқинлатиб йўқотди, тинғуларимни сенсиз” сингари лирик кайфиятли нафис
мисрали шеърлари ҳам талайгина. Аммо шоира шеърларининг барчаси баланд
савияда дея олмайман. Бу гапни мен ўзим таҳлилга тортилган бирорта китобга
нисбатан айта олмаслигим ҳам бор гап.
Саид Абдулҳаким Шаръий Жузжонийнинг “Йўл бўлсин, турналар” китоби
ҳам Ватан ҳасрати уфуриб турган шеърларга бой. Шоир она Ватанининг ҳолатига
ачинади, нимадир қилиб вазиятни ўзгартиришга уринади, ўзининг барча ютуқ ва
муваффақиятлари остида фақат она тупроқ ётганини уқтиради. Шу билан бирга
нафис туйғуларини “Сен қизил олтин, мен тупроқ, Сен гўзаллик, мен иштиёқ”
тасвирлари орқали ифодаларкан, севиклига ўзгача жозиба, бетакрорлик, юқори
қийматни бағишлаган нарса ошиқнинг севгиси экани, худди тупроқ ўз бағрида
олтинни етиштиргани каби ишқ ҳам оддий қизни юксалтирганини айтади.
Шаҳноза Қораеванинг “Ватанимнинг сабоси” тўпламидаги шеърлар кишини
ўзига муаллифнинг сўзларни жонглёр каби маҳорат билан ерга туширмай, савиясини
пастлатмай, аксинча, жозиба бағишлаб ўйнатиб ёзгани билан жалб этади. Бу ҳақда
шоиранинг ўзи ҳам “Мен шоир бўлай деб айтганмидим, айт” шеърида “Бунча оғир
экан сўз ўйнаб ёзиш”, дейди. Шаҳнозанинг нигоҳи ўткир. Совуқ суякни қақшатган,
қор борлиқни оқ чойшаби билан ёпган, ҳаммани уйига михлаб қўйган пайтда у қор
уюмларида исённи, ҳеч ким ҳукм ўтказа олмайдиган журъатни кўради:
Қиш фаслининг совуқ кунлари,
Тилсиз йиғлар оловда ўтин.
Ташқарида қор уюмлари,
Изғиринда турар атайин.
Одатда, ўтиннинг нами у оловга қаланганда аввал томчилаб, кейин зумда
буғланиб кетади. Шаҳноза шу ҳолатни ўтиннинг йиғиси тарзида тасвирлайди.
Ёнаётган оловни мангу кузатиш мумкин, дейишади. Бу кишини ўйга чўмдириб,
ўзини тафтиш қилиш, четдан назар солишга ундайди.
Қимирламай сокин, сукутда,
Шеър завқидан тошгим келади.
Лекин бехос хаёлим бўлар,
Инграб турган қумғон фарёди.
Шоира бир руҳий ҳолатдан иккинчисига осонгина ўтади, айниқса, табиат
кўринишларидан жуда ўринли ва билиб фойдаланади. Кўнгилни энтиктираб
юборадиган борлиқ манзараларидаги жозибани чуқур ҳис қилади, аслидагидан
ҳам гўзалроқ шаклда гавдалантиришга интилади. Аста қизараётган уфқдаги
булутлар “йиртиғи”дан кўринаётган осмон, уни ранглаётган қуёш нурлари, тахбатах очилиши – бор гўзаллигини тўла намоён қилиши учун вақт талаб қиладиган
ғунча унинг қаламидан “Ҳарир шафақларни ёритсин офтоб, Сабр жилосини
безатган ғунча” (“Аёл, сенсиз қалбга кирмас фаришта” шеъридан) тарзида тўкилса,
ботаётган қуёшни “Чаманзорлар аро бошлайди оқшом, Уфқ худди атиргулдай
ҳуснкор”, деб таърифлайди. Олам ва одам бир бутун, яхлит, бирида содир бўлган
ҳодиса иккинчисида, албатта, аксланади деб ҳисоблайдиган шоира ўзини табиатдан,
борлиқдан алоҳида тасаввур қилмайди. Шу боис “Мени эркаламас тонгдаги шабнам,
Кипригимни ўпиб айтмайди қўшиқ” (“Ўйласам” шеъридан), “Кокилимнинг
ўрамида ўйнаса тонг” (“Ватанимнинг сабоси” шеъридан), “Кечир, боролмайман
ёмғир аралаш” дея табиат билан бирлашаркан, “Ёғиб бер кўзларим ёшини яшир”,
дея бу бирлашув табиатнинг ва ўзининг ёш тўкаётганига асосланганини билдиради.
Бир сўз билан айтганда, шоиранинг юпқагина, кафтдек келадиган, аммо бадиий
залвори анчагина, туйғулар қамрови кенг, ўхшатишлари бетакрор “Ватанимнинг
сабоси” тўплами ўқирманлар қалбидан салмоқли ўринни эгаллайдиган китоб.
Бек Назарнинг “Файзли кунлар” деб номланган тўплами битиклар –
бағишловлари билан ярқ этиб эътиборни ўзига тортади. Унинг “Кеча ва кундуз”
қаҳрамони Зебига бағишлаб ёзилган “Зеби (“Кеча ва кундуз”ни ўқиб)” шеъри
содда ва енгил ифодаси, ўйноқи оҳанги, халқона йўлда битилгани, оддий сўзлар
ёрдамида мураккаб руҳий ҳолатларни кўрсатиб бергани билан ўзини ёқтиради:
Зеби, Зеби, Зебона,
Ўлим сенга бегона.
Онажонинг кўйингда
Кўча кезар девона.
Отанг бошинг бойлади,
Остонасин ёғлади,
Мурғак қалбинг доғлади,
Элга бўлдинг афсона.

“Файзли кунлар” китоби шоирнинг “Нурга чанқоқ нигоҳларимни Ҳар саҳнага
экиб кетдим мен” (“Нурхон монологи” шеъридан), “Кўкда ўйчан турар тўлин ой,
Ёноқлари чўғ мисол қизил” (“Ой” шеъридан), “Бу қўллар кафтида олам тинчлиги”
(“Онам қўллари” шеъридан), “Ўшанда ёнганди юрагимда ўт, Гаҳ десам, қўнарди
борлиқ қўлимга” (“Меҳрибонимга” шеъридан) каби образли тасвирлари билан
кўнгилда илиқ таассурот қолдиради.
Абдуқаҳҳор Ҳакимнинг “Кўнгил чироғи” тўплами ҳам хаёлот ва ўзбек тили
имкониятларининг кенглигини кўрсата олган. Шоирнинг “Юлдузлар жимирлаб
ҳолим сўрашар”, “Шамолман, Булутлар ёқтирган, Йўлингда тоғ турган, чоғ турган,
Баҳорим, сен суйган хаёлман”, “Қишлоқдаги тугма кўзли турнагинам”, “Муҳаббат
дегани асли СЕН ва МЕН”, “Булбуллар ғунчани уйғотар” каби сатрларида оламдаги
ўз ўрнини излаётган одам руҳияти жилвалари акс этади.
Муҳиддин Омоннинг “Баҳорлар қайтади” китоби кўклам жумбишга солган
қалбдаги туйғулар талотумини “Қалдирғоч рақсига ўхшатган”, бундан ўзи ҳам
безовталаниб эмранган қалбга “Камалакдан беқасам тўн кийдирган” фавқулодда
тасвирлар билан ўқирманни хурсанд қилади: “Энди қалдирғочдек туйғулар рақси,
Қалблар камалакдан киймиш беқасам” (“Янги кун эпкинлари” шеъридан). Энди
қулоқ чиқарган майсаларни жамалаксоч қизалоқларга, майсаларда дириллаб омонат
турган, қуёш нурида товланиб кўзни олаётган томчиларни эса улар қулоғидаги
сирғага ўхшатади. Кўпроқ кўкламий туйғулар тасвирланган тўпламда ижтимоий
ҳодисалар ва улар шоир қалбида уйғотган ҳиссиётлар ифодаси ҳам учрайди.
Мазкур шеърий тўплам тозаришни, уйғонишни, яшилликни соғинган кўнгиллар
учун яхши совға бўла олган.
Фарид Усмоннинг “Манзара” тўплами, умуман олганда, ёмон эмас. Ундаги
“Қайғули сенсиз туним, сенсиз ғариб юлдузларим” ёки “Шеър хаёл аввал умид сўнг
ўйлари орзусидир”, “Ой янги эмасдир, осмон янгимас. Бизлар дақиқамиз – янги бир
нафас”, “Митти юлдуз қалби тубига Чўкиб қолган мен ёлғиз одам”, “Тунлар… гўзал
қоматинг сенинг” каби сатрлар тўпламни ўқишли қилади. Тўпламда енгил сатира
руҳида ёзилган шеърлар ҳам борки, улар “Арғамчига қил қувват” вазифасини
бажарган.
Томирларида ҳаёт гупириб оқиб турган тароватли, дилбар ва тотли шеърлари
билан майдонга чиққан яна бир ижодкор Зумрад Машарипованинг “Яшил
туйғулар” тўплами дим хонага кирган тоза эпкин каби ўқирманга сурур
бағишлайди. «Киприкларим посбондек бедор”, «Юракда бир қушнинг сайроғи
тинмас”, “Тароватга тўла кечаларида Девор орқасидан мўралайди тонг”,
“Лойсувоқ томларда кулади баҳор”, “Туйғулар юракнинг қаноти экан”, «Ариқ
ёқасида анқир ялпизлар, Кўзимдан юлдузлар тўкилар – сеҳр” каби фавқулодда
ташбеҳлари, чизган бетакрор манзаралари, уйғотган биллур туйғулари билан
ёдда қолади.
Зумраднинг шеърлари ўзида зумрад туйғуларни ташийди. Уларни ўқиганнинг
қалбида чақмоқ ҳавони зарядлагани каби нур, қувват пайдо бўлади, ёпирилиб
кирган тоза ҳаво сингари кўнгилни ғубордан тозалайди, ёмғирдан сўнг ҳаво
софлашиб чертса жаранглайдиган ҳолга келганидай киши бадбин ўйлардан, нохуш
кайфиятдан қутулиб, руҳи кўтарилади.
Ёмғир деразамни чертади тиқ-тиқ,
Очсам қучоғимга отар ўзини.
Олисдан келгандек соғиниб қаттиқ,
Шитирлаб-шитирлаб айтар сўзини.

Шоира бутун олам биргина одамда барча ранглари, тўс-тўполон кунлари, бир
дамлик ёмғирлари, қаҳратон совуқлари, саратон иссиқлари, оппоқ қишлари-ю
яшил баҳорлари билан жам, деган эътиқодда яшайди. Унинг ўз қиши бор, қишки
уйқудан ҳали турмаган карахт туйғуларни ташқаридаги – оламдаги баҳор уйғотади.
Унинг тириклик ранги, яшариш, жонланиш тимсоли бўлган яшил туйғулари бутун
китоб бўйлаб сочилиб кетган. Маҳобатли тоғларнинг тупроқ, харсангтош, гиёҳлару
қизғалдоқлар ва яна бошқа нарсалар билан қопланган юзасини шоира “Тоғнинг
етти қават либослари” тарзида тасаввур қилади. Момақаймоқнинг бир пуфга
тўзғиб учиб, пирпираб айланиб аста пастлашидан гўзал бадиий манзара яратади:
“Қоқилиб кетаман қоқиўтларга, Қолипсиз қалпоқлар қучар пойимни”. Шунингдек
“Яшил туйғулар” тўплами “Юксак чўққиларда сулув шаршара Сочларин чуватиш
билан андармон”, “Ҳавога сочилди камалак ранглар, Яшил рўмолини ёйди
мажнунтол. Сизиб чиқди дарахт қалбидан занглар, Оппоқ орзуларга бўялди ниҳол”,
“Япроқлар – ҳавода силкинган қўллар”, “Кўзларимга ўхшайди дарё, Қўшқирғоғи
қароқларимдир”, “Қиқирлаган қир-далалар”, “Тиззаси тирналган азим тоғларнинг
Қонталаш юзида кулар лолалар” каби тасвирлар ёрдамида ўқирман туйғуларини
янада яшиллантиради.
Ситорабону Ҳошим қизининг “Иқрорман” китоби фарзанднинг ота-онаси,
онанинг фарзандлари, банданинг Яратганга, ижодкорнинг ўқирманлар ва она
тупроғига қилган изҳори, иқрори, армонлари, ўкинчи, қарзлари, ютуқлари,
қувончу қайғусининг самимий тасвири акс этган шеърлардан иборат. Сатрларида
ўкинч билан “Отажон, қайғурманг, етарман бахтга, Толе остонамда кутади навбат,
Кечиринг, мен сизга хавотир бўлдим, Лек бўла олмадим киройи фарзанд”, кейинги
сатрларида эса отасини юпатиш, ундан ҳам кўпроқ ўртанаётган кўнглига малҳам
бўлиши учун: “Отажон, қайғурманг, дунё бири кам, Кимга дард берилса, шу банда
суюк. Недан куйинайин, недан чекай ғам – Худонинг тақдири орзумдан буюк”,
дейди.
Ситоранинг тафаккур тарзи китобий, оғир, ҳазин оҳангда эканлиги унинг
шеърлари ўқилишини сокин, босқичма-босқич англаб бориладиган машғулотга
айлантиради: “Ҳар кеча Чап кўксим томонда “Шиғ, о, шиғ…” Чархланар нимадир.
Ҳақ дея Юракни қайрасанг, Шеърларинг Ҳақланар, Ҳақланар!”
Аммо Ситора туйғуларни бутун шеърга сочиб ташлаш, бир сатрни бир неча
қисмга бўлиб ташлаш билан нафис тасвирга шиддат ҳам бахш эта олади. Унинг
“Оппоқ кўрар эдим дунёни”, “Варрагим-ла бирга учдилар Болалигим, гўзал
ўйинлар”, “Эркалигим ялпиз ҳидида, Шўхликларим яйловда қолди”, “Кулиб турар
болаликнинг шўхчанг кўзи Хотирамнинг мовий-мовий бурчагида” – каби сатрлари
“Иқрорман” тўплами бадиияти юқори, кўнгилни безовта қилиб, беғубор болаликни
эслатадиган битикларга бойлигини кўрсатади.
Исмоил Маҳмуднинг “Бу дам фасли ҳидоятдир” тўплами кишини имон-эътиқод,
тўғри яшаш, Аллоҳни унутмаслик ва унинг буйруқларига риоя қилишга ундайди,
одамнинг тийнатини унинг қилган ишлари белгилашини таъкидлайди.
“Эй Худоё, этма ҳаргиз яхши инсондан жудо, Яхши инсонларга берган яхши
имкондан жудо”, “Бўлмасанг ҳақ йўлида, эй дил, ҳар ишинг, билгил хато, Битмагай
ҳар қанча аҳдинг бўлса ҳамки муддао” каби сатрлари орқали инсон бир марта
яшайди, унда хатоларини тўғрилаш учун қайта яшаш имкони йўқ деган фикрни
илгари суради. Шу боис ҳалол ва рост яшаш – ягона йўл. Исмоил Маҳмуднинг
имон ва ҳидоятга чорловчи битиклари ўз ўқирманини топиши шубҳасиз.
Тоҳир Қаҳҳорнинг “Туркистонга борайлик” тўпламининг ўқ чизиғини номидан
ҳам кўриниб тургани каби миллий ғурурни тиклаш, миллий тарихни тўғри баён
этиш, аслида ким бўлганини ёд этиб, ўшанга яраша яшаш мотивлари ташкил этади.

“Дукчи эшон”, “Ўғри”, “Қуролим”, “Кўнма”, “Шафқатсиз” шеърлари фикримизга
далилдир.
Жим туриб,
Жонимни ютқаздим,
Ўлимдан жасадим қутқаздим…
Индашга ҳолим йўқ.
Тилим йўқ.
Мен ахир кўр банда, кар банда –
Шу учун ўғрилар кўнгли тўқ.
Тўпламда, шунингдек, жиддий эътибор қаратиш керак бўлган, панд ва адабиёт
бир хил тақдим этилган, мазмун шаклга ютқазган ўринлар ҳам мавжуд.
Гулҳаё Ўролованинг “Руҳафзо” тўплами жуда ёқимли, тотимли, суюмли китоб
экан. У борлиқда юз бераётган ҳар бир ҳодисани ўзига хос нигоҳ билан кузатади,
биз кунда кўриб гувоҳи бўлаётган, кўпда эътибор ҳам қилмайдиган ҳолатларни
шеърий сатрларга бутунлай янги қиёфада муҳрлаб қўядики, улар бир вақтнинг
ўзида ҳам таниш, ҳамда нотаниш туюлади.
Куртак очаяиман,
Ўсаётирман.
Қишнинг ибтидоси фараҳни кийиб.
Бахтларга қўлимни чўзаётирман,
Бори қайғуларнинг ризқини қийиб.
Шоира шеърларида фикрни ифодалашдан кўра, руҳ манзаралари тасвири
устуворлик қилади. Уларда, кутилмаган изланишлар ёт бўлмагани ҳолда, миллий
ўзига хослик сезилиб туради. Айни жиҳат Гулҳаё шеъриятининг асосини ташкил
этади.
Шоиранинг “Аслан Занжирбандман, нигоҳим – кишан” деб бошланган шеъри
“Аслан Занжирбандман, Нигоҳларинг – эрк” тарзида тугалланади. Яъни сафарни
ўзидан бошлаб Унда тугатяпти. Гуноҳлари занжирига банди қилиб ташланган
кимса кимнинг кўзларида эркни кўряпти? Ишқдир, покликдир, масъумликдир,
самимиятдир балки қурум босиб оғирлашган руҳни тозалаб-поклаб оқлайдиган ва
озод қиладиган? Шунга жавоб топмагунингизга қадар шеър мантиғи сизга очилмай
тураверади.
Гулҳаё ўзидаги руҳий ҳолатларни аниқроқ етказиб бера олиш учун қўллаётган
тилининг нозикликларини пухта эгаллаган ижодкорлардан ва бу замонавий ўзбек
шеъриятида ўзига хос бадиий ҳодисадир.
2023 йилда чоп этилган шеърий китобларнинг катта кўпчилигида бўш, бадиий
мантиғи пуч, ҳатто шеър аталишга нолойиқ “Жуда меҳнаткаш ўзи, Беморга шифо
сўзи. Ҳамма учун баробар, Аёли гўзал, лобар” қабилидаги тизмалар ҳам борки,
мазмун билан бирга шакл ҳам бой берилган бу нимарсаларга вақт сарфлаш увол ва
сизларга нисбатан ҳурматсизлик бўлишини ҳисобга олиб, тўхталиб ўтирмаймиз.
Чунки асосий мақсад – шоир сатрлар замирига бекитган гавҳарни топиб ярақлатиш
ва тақдим этиш эди.
2023 йилда чоп этилган шеърий тўпламлар таҳлилидан кўринадики,
ижодкорларни кўпроқ миллий ўзликни тиклаш, асл илдизларга қайтиш масаласи
безовта қилгани ўртага чиқди. Миллий ўзликни англаш эса Эрк истаги сари
қўйилган биринчи қадамдир.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil